Сен менинг кўнглимни қайдан биласан

Назм

* * *

Шу эски чархпалак, бошда ёмғир, қор,
Яшаб ўтаяпмиз одам тарзида.
Қорачиқда тойган мингта тақдир бор,
Осмон ва заминнинг чегарасида.

Мудом тутқун этар тортишиш кучи,
Ким билсин жондаги тугунларини.
Қуёш айвонида турган, эй йўлчи,
Ўзи обод этсин бугунларингни.

Баҳорлар гуллайди, сўнг кузлар кирар,
Ой бадр – юракнинг устидан юриб.
Умримни бир таниш соғинч чақирар
Ҳали туғилмаган тонглардан туриб.

Қилган орзуларинг тушларингдай ўнг,
Бунда чангиётган менинг йилларим.
Сенинг эртакларинг тугагандан сўнг,
Бошланади менинг узун йўлларим.

* * *

Қўшиғига тўлдиролмай бир фалакни,
Қиём ўтди, кун кўксимга оғаётир.
Юрагимдан бошлаб бердим камалакни,
Дил шаҳрига ёмғирлари ёғаётир.

Сўзга сиғмас ўзи билган тавбаларим,
Исмин айтсам, файзи кетгай, файзи кетгай.
Қош қорайса, имлайверар қиблаларим,
Ишқлар менсиз гуноҳ этгай, гуноҳ этгай.
Юким ортди этагимга юлдуз териб,
Юпун жоннинг савдосига хато қилдим.
От ўйнатган дунёсига салом бериб,
Қиш тўкилдим, ёз тўкилдим, куз тўкилдим…

Шабнам борар тонг юзида булоқ бўлиб,
Харитага айланади карвон йўли.
Дил эланди кўпкарида улоқ бўлиб,
Чап елкамга ботиб кетган кимнинг қўли?

Йўл тополмай оёғимга йўл суринар,
Жим турибман қисматимнинг сирасида.
Қай томонга борай десам ўт кўринар,
Йигирма ва ўттизимнинг орасида.

Мен англаган саховатни билмас олам,
Минг ўхшайман озиб, тўлган ойларига.
Қисматига кўнмай юрган соқов одам,
Тош отиб тур юрагимнинг сойларига.

Наргиза ОДИНАЕВА