Адабиётнинг тараққий этиши, юксалиши маълум даражада адабий танқидчиликка ҳам боғлиқ. Бу борада унинг вазифаси салмоқли. У ҳар бир нашр этилган асарни алоҳида ёки умумлаштирилган ҳолдами, албатта, баҳолаши лозим. Баҳоланмаслик адабиётдаги лоқайдликни келтириб чиқаради. Лоқайдлик эса саёзликнинг доясидир.
2016 йилда адабий танқид ўз вазифасини қай даражада бажарди? Биз бу йўналишда яратилган асарларни адабий жараённинг турли қирраларини ёритувчи кенгроқ қамровда таҳлил этишга ҳаракат қилдик.
Ўтган йилда чоп этилиб, қўлимизга етиб келган адабий танқидга, адабиётшуносликка оид йигирмадан ортиқ китобни назардан ўтказдик. Уларнинг аксарияти адабий жараёндаги муҳим муаммоларга бағишланган, ўзбек адабиётининг чуқурлашуви, жаҳон адабий жараёнига аралашуви учун баҳоли қудрат изланишлар олиб борилган. Китобларни йўналишларидан келиб чиқиб қуйидаги гуруҳларга ажратиб тадқиқ этишга ҳаракат қилдик:
1. Адабий хотиралар.
2. Мумтоз ва замонавий бадиий асарлар талқини.
3. Адабий суҳбатлар.
4. Адабиёт назариясини ёритувчи асарлар.
5. Турли дарслик ва ўқув қўлланма сифатида яратилган китоблар.
Адабий хотиралар йўналишида яратилган асарлардан “То қуёш сочгайки нур…” китоби алоҳида аҳамиятга эга. У Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг таваллудига 80 йил тўлиши муносабати билан чоп этилган бўлиб, шоирнинг ҳаёти, ижодига замондошлари эътирофини намоён этувчи ҳамда асарлари талқинига бағишланган 85 та мақолани ўз ичига олган. Китоб бу турдаги нашрлардан фарқли ўлароқ, Эркин Воҳидовнинг шахс ва ижодкор сифатидаги қиёфасини ёритувчи мўъжаз қомусий характер касб этган.
Китоб устоз адабиётшунос (ношир ва масъул муҳаррир) Иброҳим Ғофуровнинг қисқа сўзбошиси билан бошланади. Мазкур сўзбошида айтилган мулоҳазаларданоқ нашрнинг моҳияти ва аҳамияти борасида тасаввурга эга бўламиз. Олим икки саҳифадаёқ Эркин Воҳидовнинг юрагидан ўтган давр ғалаёнлари, шонли йўллари солган “чақмоқ янглиғ оловли чизиқлар” ва шоир кўнглида унинг берган акс-садолари жаранги ҳамда нафосатини тасвирлаб бера олган.
Иброҳим Ғофуровнинг китобга киритилган “Сўз талқинлари” мақоласи Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” номли бадиа асари талқинига бағишланган. Олим шоир асарининг адабий-маданий ҳаётимизда тутган ўрнини мукаммал ёритган. Унда олим китобдаги фикрларни таҳлиллаб, муносабат билдириш билангина чек­ланмайди. Балки ҳар бир мунозара манбаи борасида ўз фалсафасини яратади. Мақолани ўқир эканмиз, бизда фақат “Сўз латофати” китоби ҳақида тасаввур пайдо бўлмайди. Балки сўз, унинг этимологияси, моҳияти, инсон ва замон муносабатларидаги ўрни каби масалалар борасида ўзига хос, мустақил яратилган янги бир асарнинг гувоҳи бўламиз. Мақола мутолааси тугаганда, биз адабий танқид бу фалсафанинг ўзига хос йўналиши, ҳақиқий танқидий мақола ана шундай даражада чуқур ёзилмоғи лозим, деган хулосага келамиз. Мазкур тадқиқот “Сўз латофати” ҳақида мукаммал тасаввур уйғотиши, адабий фикр тараққийсидаги унинг ўрнини белгилаб бериши билан бир қаторда, ёш мунаққидларга мақола ёзиш қонуниятлари борасида ҳам сабоқ беради.
Тўпламдан Умарали Норматов, Озод Шарафиддинов, Нажмиддин Комилов, Абдуғафур Расулов, Ҳамидулла Болтабоев, Анвар Обиджон, Сирожиддин Саййид, Хуршид Дўстмуҳаммад каби ўзбек адабиётшунос, шоир, ижодкорлари билан бир қаторда Ҳусейн Байдемир, Вели Саваш Элок каби чет эллик олимларнинг ҳам муҳим тадқиққотлари шоир ижоди қирраларини очиб беришга хизмат қилган. Баъзи мақолалар анча олдинги йилларда яратилганига қарамасдан, уларнинг бир китоб ҳолида жамланиши Эркин Воҳидов ижодининг тугал, яхлит, теран талқини йўлидаги муҳим ҳодиса бўлиб хизмат қилади.
Ёзувчи, шоир, олим учун, умуман, ҳар қандай ижодкор учун ҳам яратган асари фарзанди каби азиз ва шириндир. У нуқсонларини сезмаслиги мумкин. Бу фожиа эмас. Аммо адабий жараёнда яратилган асарни адабий танқидчиликнинг сезмаслиги, уни етарли баҳоламаслиги фожиадир.
Беҳбудий “Танқид сараламоқдир” деганда адабий танқиднинг фаоллигини назарда тутган, албатта. Унинг сараламоқ вазифаси тўлиқ бажарилмаган жойда, адабиётдаги ва китобхонликдаги дидсизлик пайдо бўлади.
Адабий танқидчилигимизда фаол ижод этаётган мунаққидларимиздан бири Баҳодир Каримдир. 2016 йилда унинг “Руҳият алифбоси” номли китоби нашрдан чиқди. Китобда олимнинг сўнгги йилларда яратилган насрий ва шеърий асарлар таҳлилига бағишланган, адабий танқидчилик, адабиётшунослик методлари ва устоз адабиётшунос олимлар ҳақида турли йилларда ёзган мақолалари жамланган.
Баҳодир адабий-танқидий мақолалар ёзишда турли янги йўллар қидиради, янгича усул ва тажрибалардан қўрқмайди, бадиий асарларни турли қолипларга, геомет­рик шаклларга бемалол солиб кўради, жаҳон адабиётшунослиги тажрибаларини татбиқ этиб, ўзгача нуқтаи назар билан қараб баҳолайди. Бу кимгадир маъқул бўлар, кимгадир ёқмас, балки бадиий ижод математик қолипларга сиғмас, аммо мунаққид асар моҳиятига теранроқ кириб бориш учун янги йўллар, усуллар излашга ҳаракат қилади, изланади, эски қолипларни янгилашга, улардан чиқишга интилади.
Муаллиф китобда мунаққидларимиз кўпда эътибор беравермайдиган бошловчи, ёш ёзувчиларнинг дебют ҳикояларини ҳам назардан қочирмайди. Уларнинг ютуқ ва нуқсонларини холисона баҳолайди. Баҳодир Карим тадқиқотларининг яна бир муҳим хусусияти, унинг жаҳон адабиётшунослигидаги фикрлар билан яхши танишлиги ҳамда ўз хулосаларини улар билан қиёслаган ҳолда чиқаришидир.
Нўъмон Раҳимжоновнинг “Бадиият – бош мезон” китоби муаллифнинг турли йилларда шоир, адиб ва адабиётшунос олимлар билан олиб борган суҳбатлари мажмуидан иборат. Китобга кирган 10 та суҳбат муаллифнинг Шукрулло, Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Муҳаммад Али, Омон Матжон, Эркин Самандар каби юртимизнинг таниқли алломалари билан бадиий адабиёт ва адабий танқиднинг муҳим хусусиятлари, бадиий-эстетик принциплари, ижодий жараён, бадиий маҳорат масалалари, ҳал этилиши лозим бўлган долзарб муаммолар хусусидаги мулоҳазаларини акс эттирган. Айтиш керакки, адабий танқиднинг жанрий таркиби йилдан-йилга торайиб бормоқда. Адабий суҳбат жанри ҳам ноёблашиб бораётган шундай йўналишлардан бири.
Муаллиф суҳбат асносида адабий жараёндаги ижобий ютуқларни таъкидлаш ва тасдиқлаш билан бир қаторда, кўзга ташланаётган салбий ҳолатлар борасида куюниб, ошкора ва холис сўзлайди. Бу борадаги ошна-оғайнигарчилик, манфаатпарастлик, гуруҳбозлик, тамагирлик каби иллатларни фош этади. “Бугунги танқидчилик ва адабий савия” номли китобхон, ёзувчи, мунаққид суҳбатида адабий жараён учун ниҳоятда долзарб, бозор адабиётидаги савиясиз китоблар, уларнинг ўқувчилар дидининг саёзлашувига сабабчи бўлаётгани масаласини кўтаради. Вазиятнинг бундай қўйилиши ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Уни онгли тафаккурга йўналтиради.
2016 йил адабиётшунослигида яққол кўзга ташланган хусусиятлардан бири мавжуд илмий-назарий хулосаларни янгилашга уриниш, улар билан баҳс-мунозарага киришиш, фикрларни шубҳа остига олиб янада чуқурроқ якуний хулосаларни баён этишга ҳаракатдир. Бу илмнинг тараққиётидан, манбалар ва муаммолар моҳиятига чуқурроқ кириб борилаётганидан далолатдир. Айниқса, Насимхон Раҳмоновнинг “Ўзбек адабиётини даврлаштириш масалалари” ва Зокиржон Мамажоновнинг “Мумтоз шеърий санъатларнинг назарий таснифи” монографияларида шундай ҳолатни кузатамиз.
Маълумки, минг йиллик ўзбек адабиётини адабий тил, географик шароит, ижтимоий ҳаёт, адабий жанрлар, сюжет, мотивлар, ўзига хос хусусиятларини белгилаб, даврларга ажратиш жуда мураккаб. Буни амалга ошириш учун узоқ ва кенг қамровли изланиш олиб бориш тақозо этилади. Шу сабабли ҳам бу масала узоқ йиллик баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган, ўз ечимини кутаётган муаммо сифатида мавжуд эди.
Насимхон Раҳмонов ўз монографиясида мазкур муаммони ечишга, бу борадаги ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳаракат қилади. Муаллиф бу масала билан боғлиқ мавжуд хулосаларни чуқур ўрганади. Дунё адабиётшунослиги мезонлари билан қиёслайди. Фитрат, Миён Бузрук каби жадидчилик намояндаларининг фикрларини таҳлилдан ўтказади. Мумтоз адабиётшунослик, хусусан, Навоийнинг бу борадаги нуқтаи назарини асарлари тадқиқидан келиб чиқиб белгилайди. Ва ниҳоят, муаллиф мазкур манбаларни қиёсий сарҳисоб этиб, ўзининг даврлаштириш босқичлари ҳақидаги қатъий хулосасини илм аҳли эътиборига ҳавола этади. Бу қуйидагилардан иборат:
1. Исломгача бўлган қадимги туркий адабиёт.
2. Ғазнавийлар даври адабиёти.
3. Қорахонийлар даври адабиёти.
4. Олтин Ўрда адабиёти.
5. Темурийлар даври адабиёти.
6. Ўрта аср халқ адабиёти.
Албатта, мазкур даврлаштириш ҳозиргача мавжуд хронологик даврлаштиришга нисбатан мезонларнинг чуқур асосларга эгалиги, турли ўзига хос хусусиятларни инобатга олганлиги билан фарқланади. Муаллиф ўз фикрларини исботлаш учун келтирган далиллар китобхонни ишонтиради.
Аммо назаримизда, муаллифнинг фикрларида айрим баҳсли ўринлар ҳам йўқ эмас. Бу, айниқса, сўнгги 6-босқич ҳақидаги фикрларда сезилади. Ундаги даврлаштириш учун асос бўлган мезонлар етарли эмасга ўхшаб туюлади. Номланиш назарда тутилган даврда яратилган адабий мерос моҳиятини тўлиқ қамраб ололмаганга ўхшайди. Демак, монографияда мазкур муаммо юзасидан бир қадам олға ташланган бўлса-да, масала тугал ечимини топмаган.
Мустақиллик даврига келиб илмий-назарий талқинларда янгича методлардан фойдаланиш, адабий манбаларни теранроқ, бадиият қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда герменевтик таҳлил этиш кўзга ташланмоқда. Юқорида айтиб ўтганимиздек, илмда мавжуд назарияларни қайта кўриб чиқиш, уларни янгилаш, камчиликларни бартараф этишга интилиш ҳоллари кузатилмоқда.
Зокиржон Мамажоновнинг “Мумтоз шеърий санъатларнинг назарий таснифи” номли монографиясида ҳам ана шундай йўлдан борилади. Маълумки, шеърий санъатлар масаласида Шарқ мумтоз адабиётшунослигида араб, форс ва турк тилларида улкан илмий-назарий манбалар яратилган. Атоулло Ҳусайнийнинг “Бадоеъ ус-саноеъ” асари барча мутахассислар учун ноёб фундаментал тадқиқот сифатида маълум. Булар ҳозир ҳам адабиётшунослигимизнинг тараққийси ва чуқурлашувида муҳим аҳамиятга эга. Замонавий ва мустақиллик даври адабиётшунослигида ҳам бадиий тасвир воситаларининг назарий асосларини мукаммаллаштириш борасидаги тадқиқотлар амалга оширилмоқда.
Илм ҳамиша тараққиётда, у олимларимизнинг янгича нуқтаи назарлари, қарашлари билан бойиб бораверади. Буни яхши англаган З.Мамажонов мумтоз шеърий санъатлар талқинини қайта тафтиш этади. Шеърий санъатларни назарий тавсифлаш ва номлашдаги тафовут, таърифлардаги ноаниқлик ва ноизчиллик, фикр­ни далиллаш учун келтирилган мисолларнинг баъзан таърифга мос келмаслик ҳолатлари мазкур китобнинг дунёга келишига туртки беради. Муаллиф мумтоз тарихий поэтикага оид манбалар билан замонавий талқинни қиёслаш ва ундан янги, такомиллашган хулосаларга келишга интилади. Бу борадаги айрим камчиликларни бартараф этади. Шеърий санъатларни назарий тавсифлаш ва номланишидаги тафовут, таърифлардаги ноаниқлик ва ноизчиллик каби муаммоларнинг аниқ ва ишонарли ечимларини топади. Бу борадаги ўзининг янги тезисларини таклиф этади. Монографияда айрим мунозарали фикрлар мавжуд. Аммо, шеърий санъатларнинг тавсифи ва таснифида мавжуд қусурларни аниқлаб, у ҳақда ўйлаб кўриб, ўзининг янгича таклифлари билан майдонга чиқишга журъатининг ўзиёқ, муаллифнинг ютуғидир.
Бизда, кўпинча, муаммолар рисола, монография, мақола тарзида ўртага ташланади. Аммо, майдонга тушаётган фикрларга муносабат йўқ. Илмий таклифларнинг амалиётга татбиқи ҳам қаноатланарли эмас. Унинг ечими билан ҳеч ким шуғулланмайди. Натижада, муаммолар муаммолигича қолиб кетаверади. Аслида, адабиётшуносликдаги ечимини кутаётган масалалар билан биздаги мавжуд махсус ташкилотлар шуғулланиши, конференция, симпозиумлар ўтказиб, хулоса ва ечимларни эълон этиши лозим, деб ўйлаймиз.
Бу йил вилоятлардаги университет профессор-ўқитувчиларининг ҳам адабий жараёнга фаол қатнашганлиги яққол кўзга ташланди. Гулистон давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Янглиш Эгамованинг “Муҳаббат фарзанди” номли мақолалар, адабий суҳбатлар ва таржималар тўплами чоп этилди. “Муҳаббат фарзанди” асари икки фаслдан иборат, биринчи фаслдан олиманинг таржимашуносликка бағишланган мақолалари, Гёте ва немис адабиёти абадиятини талқин этган тадқиқотлари, адабий суҳбатлари, иккинчи фаслдан эса немис адабиётидан қилинган ранг-баранг таржималари ўрин олган.
Фарғоналик филология фанлари доктори Акбарали Сабирдиновнинг “Маънавият ва маърифат чашмалари” номли рисоласида ХХ ва ХХI аср ўзбек адабиётининг ўзига хос қирралари ёритилади, давр ижодкорларининг асарлари синчковлик билан тадқиқ этилади. Улардаги нозик таҳлиллар китобхонни асарларнинг чуқур фалсафий моҳияти сарҳадлари, теран ва инжа тасвирлар олами билан таништиради.
Ўтган йил ўзбек адабиётшунослиги учун адабий алоқалар тизими ҳам муҳим из қолдирди. Жумладан, озарбайжонлик олима, филология фанлари доктори, профессор Олмос Улвийнинг турли даврларда ёзилган илмий мақолалари, адабий суҳбатлари тўплами бир муқова остида ўзбек ва рус тилида чоп этилди. Мазкур “Ўзбек адабиёти ва Озарбайжон” тўпламидаги тадқиқотларда хориждаги олиманинг ўзбек адабиётига холис нуқтаи назарини кўрамиз. Ундаги тадқиқот манбалари кўлами кенг. Ўзбек мумтоз шоирлари, хусусан, Навоий, Бобур ижоди, жадидчилик даври ва унинг Ўзбекистон билан алоқадор кечими, муаммолари, бизга номаълум янги вакиллари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўламиз. Ҳозирги замон адабиётининг ўтмиши, бугуни, яъни мустақиллик даври босқичларини ёритувчи жиддий, илмий мақолалар билан танишамиз.
Навоийшунослик илми борган сари шоир асарлари моҳиятига чуқурроқ кириб бормоқда. Шоир тафаккури фалсафасини, унинг маҳорат қирраларини ифодаловчи энг кичик ҳолатларга ҳам эътибор кучаймоқда. “Алишер Навоий. Икки жилдли қомусий луғат”нинг чоп этилиши навоийшунослик илмида олға ташланган катта қадам бўлди. Унда шоирнинг ҳаёти, ижоди, асарлари, меросида қўлланган тимсоллар, рамзлар, исмлар моҳиятини ёритишга хизмат қилувчи мақолалар машаққатли меҳнат, узоқ муддатли изланишлар натижаси сифатида яратилган. У мумтоз адабий мерос, хусусан, Навоий ижодини янада чуқур ўрганиш йўлида яратилаётган улкан имкониятлар маҳсули сифатида дунёга келди. Мазкур қомус Навоий оламининг бепоён сарҳадларига гаштли сафарнинг сўнгсиз, янгича бошланмасидир.
Алишер Навоийнинг насрий асарлари сирасига кирувчи “Муншаот” мумтоз адабиётда ўзига хос қимматга эга. У Шарқ иншо санъатининг ноёб туркий намунаси бўлиб, асарда шоирнинг 110 та мактуби жамланган. Улар ижодкорнинг ҳаёти, ижодий фаолияти, атрофидаги дўстлари, ижтимоий муҳити борасида маълумот берувчи нодир манба ҳисобланади. Илмда мазкур асарнинг бир қанча қўлёзмалари мавжуд. Юсуф Турсунов шулардан бештасини танлаб, бир-бири билан чоғиштириш, қиёслаш орқали “Муншаот”нинг танқидий матнини яратди. Уни эски ўзбек ёзуви ва кирил алифбосидаги табдилини, қирқ бетга яқин кириш сўз билан биргаликда “Мумтоз сўз” нашриётида чоп эттирди. Мазкур танқидий матн навоийшунослик илмида келажакда янгидан-янги ютуқларга эришиш, теран назарий хулосаларга келиш борасида муҳим назарий манба вазифасини бажаради.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Кенгаши томонидан нашрга тавсия этилган Абдулҳамид Қурбоновнинг монографияси “Хамса” сарлавҳалари бадиияти”ни ўрганишга бағишланган. Жумладан, мазкур монографияда муаллиф “Фарҳод ва Ширин” достонидаги сарлавҳаларнинг услубий ва композицион хусусиятларини, сарлавҳалардаги бадиий тасвир воситалари функцияларини ўрганишни мақсад қилган. Ишда муаллифнинг узоқ ва машаққатли меҳнатни амалга оширгани сезилиб туради. Ҳар бир сарлавҳа синчик­лаб ўрганилгани, қўлланилган сўзларнинг ўрни, маъно товланишлари, бадиий санъатларнинг қўлланилиш мезон ва меъёрлари борасидаги муаллифнинг фикрлари эътиборга сазовор.
Аммо, аввало, монография учун танланган мавзу катта тадқиқот учун манба бўла оладими, материал етарлими, деган савол пайдо бўлади. Иккинчидан, “Хамса” сарлавҳаларини матн бадиияти билан мутаносибликда ўрганилса, адабиётшунослик учун муҳим хулосаларга келиш асослироқ бўлармиди, деган фикр кўнглимиздан ўтади.
Монографияда муаллиф бадиий таҳлил услуби сифатида бироз эскича йўлдан фойдалангани кўринади. Санъатларни қидириб топиш, уларни санаш ва тушунтиришга ҳаракат қилинади. Улар бажарган функциялар етарли ёритилмайди. Баъзан байт мазмуни нотўғри шарҳланган ўринлар учрайди, баъзида атамаларнинг саёз талқинларига дуч келамиз.
Асар илмий монография, аммо бобларга қўйилган сарлавҳалар монографик тадқиқот талабларига жавоб бермайди. Сарлавҳалар монографияда қўйилган масалани ёритишга мўлжалланган бўлиши ва у сезилиб туриши лозим, лекин мазкур китобда бу ҳолат кузатилмайди.
Навоий ижодини ўрганиш борасида амалга оширилган тадқиқотлар ичида Ота­бек Жўрабоевнинг “Навоий ва тарих”, “Мумтоз адабиётда муғаннийнома” каби рисолаларининг ҳам ўзига хос ўрни бор.
2016 йилнинг муҳим нашрларидан яна бири “ХХ аср ўзбек мумтоз адабиётшунослиги” китобидир. У турли ёшдаги 56 муаллиф ҳақидаги қисқача маълумот ва 56 мақоладан иборат тўплам бўлиб, антология деб номланади. Адабиётимизда нас­рий ва назмий антологиялар тузишнинг узоқ тарихи мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларни мужассамлаштирган турли йўналишлар қамровига эга. “Энг эски турк адабиёти намуналари”, “Ўзбек адабиёти намуналари”, “Ўзбек ёш шоирлари”, “Ўзбек модерн шеърияти” каби антологиялар шулар жумласидандир.
Мазкур китоб адабиётшунослик йўналишидаги илк антология бўлиб, ундаги мақолаларнинг мавзулари ва савияси ҳам турлича. Муаллифлар жамоасини Фит­ратдан бошлаб, катта тадқиқотлар бўсағасида турган ёш олимларгача ташкил этган. Мақолалар, асосан, мумтоз адабиёт намуналари тадқиқига бағишланган. У билан танишган китобхон чуқур илм заҳирасига эга бўлади. Мақолаларда манбаларга янгича нуқтаи назар билан ёндашиш, янги илмий-назарий хулосалар баён этиш, теран фикрлаш тамойили кўзга ташланиб туради.
Аммо ҳар қандай антологиянинг ўзига хос тартиб бериш мезонлари бўлади. Мазкур китобда ана шу муҳим мезонни аниқлаш мушкул эканлиги сезилади. Бу ҳолат айрим мақолалар савиясида ҳам кўзга ташланади.
Марҳабо Қўчқорованинг Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”и тадқиқига бағишланган китобида асар атрофлича таҳлил қилинади.
Мазкур йилда бир нечта ўқув қўлланмалари ҳам нашрдан чиқди. Уларнинг китобхонлар аудиторияси кенг оммани, жумладан, мутахассисларни ҳам қамрашидан келиб чиқиб, улар ҳақида ҳам маълумот беришни маъқул кўрдик.
Қозоқбой ва Муҳайё Йўлдошлар ҳаммуаллифлигидаги “Бадиий таҳлил асослари” ана шундай асарлардан. Маълумки, бадиий асарни таҳлил этиш узоқ тарихга эга. Матнга турли йўналишлардан ёндашиш, унинг мазмун-моҳиятини, эстетик жозибасини аниқлаш ва белгилаш тажрибаси мавжуд. Аммо адабиётшунослигимизда, йўл-йўлакай баъзи мулоҳазалар билдирилса-да, бундай талқинларни амалга оширишнинг илмий-назарий асослари махсус ишлаб чиқилмаган эди. Мазкур китоб айни кемтикликни тўлдиришга хизмат қилади. Унда “Бадиий таҳлил асослари”га фан сифатида ёндашилади ва илмий асослаб берилади.
Бадиий таҳлил жараёнида матнни илмий-эстетик баҳолашда таяниладиган назарий билимлардан хабардорлик муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, муаллифлар китобда бу борадаги дунё адабиётшунослигида мавжуд назарий қарашларни чуқур ўрганиб, миллий дунёқараш ва нуқтаи назардан келиб чиқиб бадиий матнни таҳлил этиш назариясини илмий жиҳатдан ҳар томонлама етарли асослаб беришга ҳаракат қилишади.
Асарда бадиий таҳлил моҳияти ва тамойилларига янгича ёндашиш йўлидан борилганлиги сезилиб туради. Муаллифлар ўз изланишларида, янгиликка интилиш қирраларидан бири сифатида, истеъмолга янги сўзларни олиб киришга ҳаракат қилишади. Бу яхши. Аммо мазкур жараёндаги айрим сўзлар китобхонда эътироз пайдо қилади. Жумладан, уфқ сўзи ўрнида кўкжияк сўзи қўлланадики, бу маъно кўлами жиҳатидан уфқ сўзига муқобил келолмайди. “Ўхшаш ва фарқли белгилар” жумласи ўрнида “ўртоқ ва айирмали жиҳатлар” бирикмаси қўлланиладики, бу ҳам моҳиятан муқобил бирикмага нисбатан саёзроқ. “Мундарижа” термини ўрнига “ичидагилар” сўзининг қўлланиши ҳам ўзини оқламайди. Ўқирман (ўқувчи), таниғ (гувоҳ), урпоқ (авлод), чоғдош, қарқин каби кўплаб сўзларни келтириш мумкинки, булар архаизм ёки сўз ясашдаги сунъийлик бўлиб туюлади.
“Ўзбек мумтоз ва миллий уйғониш адабиёти” (Навоий даври) қўлланмаси Дилнавоз Юсупова қаламига мансуб, унда Навоий ҳаёти, ижоди ва унинг ўрганилиши масалалари қамраб олинган. Шоир ижодиётидаги барча асарлар таҳлил доирасига тортилган. Муаллифнинг талқинлари навоийшуносликдаги холис, янги нуқтаи назарни ифодалайди.
Кўринганидек, 2016 йилда адабий танқид ва адабиётшуносликка оид илмий савияси, мазмун-мундарижаси турлича бўлган анча китоблар чоп этилди. Жонкуярлик билан адабиёт илми ривожига ҳисса қўшаётган олимларимиз ҳам талайгина. Аммо, умумбашарий, умумназарий мезонлар билан, дунё адабиёти ва адабиётшунослиги кўламида қарасак, вазият қаноатланарлими? Адиблар ва танқидчилар фаолиятидаги ижодий муносабат қай аҳволда? Улар якдиллик ва бир мақсад билан адабиётни ва китобхон дидини юксалтирмоқ учун ҳаракат қилмоқдаларми?
Ҳозирги адабий жараёнда истеъдодли ёзувчилар бор. Жиддий талқинларга асос бўлгулик асарлар яратилмоқда. Аммо улардаги ноёб бадиий топилмалар, рамз­лар, кенг қамровли, чуқур фалсафий мушоҳадаларни ўз вақтида, тезкорлик билан баҳолаш, рағбатлантириш, ўқувчилар диққатини унга қаратиш, асар моҳиятини теран тушунтириш, таҳлил этиш борасида адабий танқидчиликда фаоллик етишмаётгандек. Бадиий адабиёт ва китобхон йўлини ёритиб олдинда юриши лозим бўлган адабий танқид ортда қолаётгандек.
“Ёзувчи ҳар доим ҳам ўз қалбида кечаётган туйғуларни, инсон ва борлиқ хусусидаги ҳиссий қарашларини қоғозда тўлиқ ифода эта олмайди. Шу сабаб муаллифнинг маънавий дунёси, бадиий олами матнда ифодаланган мазмунга нисбатан анча кенг бўлади”. Адабий танқидчининг асосий вазифаси мавжуд матнга асосланиб, ёзувчи бадиий оламидаги, маънавий дунёсидаги кенгликка ўқувчини олиб кира олишдан иборат. Китобхон тасаввурида бадиий матн моҳиятидаги теранликни, фалсафани, тасвирдаги услуб ва маҳорат қирраларини ўз вақтида кашф этиши лозим. Аммо, назаримизда, бу борада ҳам адабий танқид суст.
Қачон адабий танқид фаоллашса, китобхонлар даражаси ҳам кўтарилади. Биз ўқувчиларимизга теран моҳиятга эга, фалсафий асарларни ўқиш малакасини шакл­лантиришга кўмак беришимиз лозим.
Нашр бўлаётган адабий-танқидий асарлардаги таҳлил ва талқиннинг ҳалоллиги, янгилиги қандай? Уларнинг кўпчилиги оқим бўйлаб енгил сузмаяптими? Халқимизнинг “тирик балиқ оқимга қарши ҳам сузади”, деган ҳикматли сўзи ўз қимматини йўқотиб қўймаяптими? Бу каби саволлар ҳар биримизни қийнаяпти. Матбуотда эълон этилаётган айрим мақолаларда бунинг ифодасини кузатяпмиз. Жумладан, Шодмон Отабекнинг “Ёзувчи китоб ўқимайди…ми?” мақоласида жонкуярлик билан айтилган қуйидаги фикрлар ҳаммамизни жараён ҳақида чуқурроқ, жиддийроқ ўйлашга даъват этади: “Асосий машғулоти саралашдан иборат адабий танқид эса жуда суст. Бояқиш танқидчиларнинг ҳолига ачиниш лозимдек туюлади. Чунки ҳозир ёмон асарнинг ёмон эканини айтиш, деярли, мумкин бўлмай қолди. (Танқидга тоқатсизлик шу даражада). Айтсангиз, муаллиф учун бир зумда “синфий душман”га айланасиз” ва адабий жамоатчилик томонидан қатағонга учрайсиз..
Баъзан мустақиллик даври қаҳрамонлари яратилмаяпти деган иддаоларга дуч келамиз. Адабиётимизда бизга замондош, биз билан ёнма-ён яшаётган инсонлар руҳияти талқин этилмоқда. Биз мустабид даврдаги каби урра-урра қаҳрамонларни изламаслигимиз керак. Адабиётимизнинг табиати ўзгармоқда. Унда бош масала, ҳар қандай табақа, лавозим, мансаб-мартабадан қатъи назар, инсон руҳиятидир. У бугун бизни инсонни, ўзликни англаш йўлига чорламоқда. Буни эса танқидчиларимиз тадқиқ ва талқин этмоғи, китобхонлар фикрини уйғотмоғи лозим. Жумладан, биргина Исажон Султоннинг “Узук” ҳикоясини олиб кўрайлик. Ҳажм жиҳатидан қисқа асар. Аммо уч авлод руҳияти ёритилган. Оммавий маданият хавфи кучаяётган даврда ёзувчи ўқувчи диққатини қадриятларни асраш ва қадрлашга қаратишни мақсад қилади. Бу мавзу, мисол учун, бир тадбиркорнинг тақдирини ёритишдан кўра инсон камолотида муҳимроқ мақомда туради. Унда ота-онани қадрлаш, меҳнатини эъзозлаш, анъаналарни асраш, келажакка чақноқ кўз билан жадал интилиш каби кўп қиррали масалалар қамраб тасвирланади. Бундай қадриятларни ўз табиатида шакллантирган инсон Ватан корига ярайдиган инсон демакдир. Бундай асарларни англаш, тушуниш ва тушунтириш танқидчиликнинг ва таълим муассасаларидаги ўқитувчиларнинг зиммасидаги масъулиятли вазифадир.

Иқболой АДИЗОВА

Саҳифа 178 марта ўқилган.