Сурхон воҳаси деганда барчанинг кўз ўнгида олтин тупроғига чўпон таёғини қадаса қийғос гуллаб, мева тугадиган, унумдор еридан танти деҳқонлари, миришкор боғбонлари камида уч бора ҳосил оладиган серқуёш, жаннатмонанд бир диёр гавдаланади. Қолаверса, бутун вужудидан ғайрат-шижоат, нигоҳларида, лафзида донишмандлик, мардлик акс этиб тургувчи истараси иссиқ, офтобчеҳра одамлар англашилади. Бу заминга Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: “Жаннатмакон юртимизнинг жанубий дарвозаси” деб таъриф берган эди. Дарҳақиқат, бу лафзнинг исботи сифатида мазкур “Олтин дарвоза”дан биродар элнинг саховат ва мурувват қўлига қиёсланмиш азим Жайҳун узра бунёд қилинган кўприкдан ўтган чорак асрда кўп маротаба улкан ҳажмда инсонпарварлик юклари ўтказилди.
Вилоятимизнинг иқтисодий салоҳияти, табиий имкониятлари мамлакатимиз тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга эканлиги муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам такрор ва такрор таъкидланмоқда. Шу билан бирга давлатимиз раҳбари бу юртнинг, бу заминнинг буюклиги фақат иқтисодий имкониятлари-ю сархил неъматлари орқалигина эмас, балки ўз ақлу заковати билан дунё тамаддунига муносиб улуш қўшган, яратган ихтиролари-ю битган асотирлари билан бани башар йўлини ёритган бобокалонларимиз номлари ила эътироф этилажагини ҳам фахр ила таъкидламоқдалар. Бағрикенг ва эзгуликпарвар халқимиз камоли ихлос билан солиҳ, фозил одамларнинг пойқадамини шарофатли деб билиб, улар билан қалбан ва руҳан уйғун яшашга интилишган. Барча яхшиликлар, файзу баракани уларнинг дуолари хосиятига йўйганлар. Азиз авлиёларнинг дуолари балою офатларни заминимизга яқинлаштирмайди, дейишади. Бу тупроқда ётган юзлаб азиз авлиёларимиз беихтиёр ҳассос шоира Ҳалима Худойбердиеванинг: “Бир четига ой бўлиб момом ботган Ватаним, Бир четини қўриқлаб бобом ётган Ватаним…” деган мисраларини ёдга туширади. Яқин ўтмишда мустабид тузум даҳолари зўр бериб, бобокалонларимизнинг аксариятини жоҳил, саводсиз дея тарихимизга қора бўёқ чаплаб келишган бўлса, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ “Дас­турхон тўкинлигидан-да муҳим”, дея аввало таълимга, маънавий соҳа ривожига эътибор қаратилди. “Нондан-да бирламчи”, дея аллома бобокалонларимиз, азиз авлиёларимизнинг сўнгги манзиллари обод қилинди. Барчанинг ёдида бўлса керак, бундан йигирма етти йил муқаддам ҳали собиқ шўролар даври барҳам топмаган бир паллада Шерободда буюк муҳаддис бобокалонимиз Абу Исо Муҳаммад ат Термизий таваллудининг 1200 йиллиги нишонланган эди. Гарчи ушбу сана ЮНЕСКО дастурига мувофиқ нишонланаётган, тадбирга мамлакат пойтахти ва бир қанча хорижий мамлакатлардан меҳмонлар келган бўлса-да, негадир анжуман анжуманга унчалар ўхшамаганди. Гўё нимадир халал бераётгандек, нимадир етишмаётгандек туюларди. Ҳа, бу кемтиклик Истиқлол неъмати эди. Умумкайфиятга халақит бераётган унсурнинг, кўланканинг номи Истибдод эди!
Истиқлол неъматининг файзидан мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган улкан бунёдкорликлар баробарида Сурхондарёда ҳам юксак иштиёқ билан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди. Йиллар ўтган сайин бу иштиёқ, бу ташаббус янгидан-янги ғоялар билан бойиган ҳолда яна ҳам кучаймоқдаки, асло сусайган эмас. Бундан етти-саккиз йил аввал буюк аллома ал Ҳаким ат Термизий зиёратгоҳи ниҳоятда гўзал ва дилтортар даражада обод қилинган бўлса, шу кеча-кундуз Шеробод туманидаги буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат Термизий зиёратгоҳига бориб қолган инсоннинг бу масканда амалга оширилган улкан қайта қуриш, ободонлаштириш ишларини кўриб, қалби ҳайратдан тўлиб-тошса, ажабмас. Барча шароитларга эга йирик масжид биноси, зиёратчилар учун айвонлар, мармар тўшамали йўлаклару йирик мажмуа ҳудудини ўраб турган ғиштин деворлар, яшил майдонлар – барча-барчаси баҳри дилингизни очади. Хўш, тарихий обидалар ва азиз авлиёларнинг сўнгги манзилларини обод этиш учун Президентимиз ташаббуси билан давлат хазинасидан миллиард сўмлаб маблағлар ажратилишига сабаб нимада эди?
Аввало, моддий ва маънавий бойликлари муттасил талаб келинган замин, одамлари арзон пахта ва сабзавот етиштиришга маҳкум қилинган элнинг иззатини жойи­га қўйиш учун биринчи галда унинг руҳини кўтариш зарур эди. Биринчи Президентимиз ҳам: “Бу заминда юзлари офтобда меҳнат қилиб қорайган, қалблари қордай оппоқ инсонлар яшайди. Энг катта мақсадимиз ана шу инсонларнинг қадрини кўтариш, иззатини жойига қўйиш, ана ўшаларни бахтли кўриш…” дер эдилар. Босиб ўтилган чорак асрлик йўлнинг манзили нақадар нурафшон эканини бир замонлар “Тараққиёт локомотивидан узилиб қолган чекка вилоят” дея таърифланган Сурхонимизнинг бугунги сўлим қиёфасида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, ўтган ярим йил мобайнида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятимизга қайта-қайта қилган ташрифлари, олижаноб ва меҳнаткаш элимизнинг руҳини юксалтириб, янги зафарлар сари куч-ғайрат берди.
Аҳолини, айниқса ёш оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қисқа вақт ичида туман марказлари ва қўрғонларда 1009 та яшаш учун ҳар томонлама қулай ва арзон уй-жойларнинг бунёд этилиши, бир пайтлар турли бюрократик важлар билан пайсалга солиб келинган кредит муаммосининг ечим топганлиги тадбиркорлик тизимини янада ривож топтириш учун янгидан янги имкониятлар эшигини очди.
“Тўпаланг” гидроэлектростанцияси, Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш заводи, “Шарғункўмир”, “Хўжаиконтуз” акциядорлик жамиятлари, “Хонжиза” кон-бойитиш мажмуаси каби йирик корхоналар вилоят саноатида етакчи ўрин тутади. Шеробод туманида бунёд этилаётган цемент заводи ҳамда калава ип йигирадиган “Sherobod textile invest” масъулияти чекланган жамияти қурилишлари ниҳоясига етса, маҳаллий аҳоли учун мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади, шунингдек, “Термиз таъминот” масъулияти чекланган жамияти негизида бунёд этилажак, ҳудуди 4,2 гектардан иборат, асосий хомашёси ғўзапоя бўлган, йилига 30 минг кубометр ДСП ишлаб чиқарадиган, қиймати 2,9 миллион долларлик янги мажмуа ҳам 160 нафар ҳамшаҳарларимизни доимий иш билан таъминлайди. Мазкур бунёдкорликларнинг барчаси халқ фаровонлиги, мамлакат ривожи учун катта имкониятлар йўлидир. Бундан ташқари, воҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси жадал ривож топмоқда. Мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 75,3 фоизни ташкил этади. Ушбу соҳанинг равнақ топганлиги шарофатидан бугунги кунда меҳнат билан банд аҳолининг 80 фоиздан зиёди мазкур соҳада фаолият юритмоқда. Оғир иқтисодий ҳолатдан ўзини ўнглаб, илғор мамлакатлар қаторига қўшилган қайси бир юртнинг ривожланиш омилларини таҳлил қилиб кўрсангиз, ўша давлатда ҳеч шубҳасиз, ўрта ва кичик бизнес соҳаси равнақига кенг йўл очилганини кўрасиз. Давлат миқёсидаги бундай хайрли рағбат нафақат тадбиркорларни бойитади, балки, истеъмол бозорини обод қилиш баробарида мамлакат миқёсида ишсизлик муаммосига ҳам барҳам беради. Вилоятимизда бу борада бир талай ибратли қадамлар қўйилди, тадбиркорликни равнақ топтириш ҳисобига ҳар бир туманда кўплаб янги иш ўринлари яратилади.
Улуғ адибимиз Ойбекнинг “Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди, Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар…” деб бошлангувчи ўлмас сатрлари бор. Жонажон Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида жаннат акси мужассам. Аммо, таърифу тавсиф кўпроқ офтобсевар, қуёш ардоғидаги диёр – Сурхон воҳасини эслатиб юборади. Қуёшсевар воҳанинг олтинга келбат бергувчи хурмолари, анорлари, шафтолию ўриклари мамлакатимиз бозорларини тўлдириб, аллақачон дунё бозорларини забт этган. Неча ўн йилларки, араб хурмолари янглиғ махсус қадоқланган Шерободу Саловат зардолиларининг туршаклари Европа мамлакатларининг шифохоналарида юраги хаста беморларга тавсия этилади. Олтинсойлик миришкорлар ўтган асрнинг ўрталарида шакарқамиш экиб, ундан худди Кубадаги каби мўл ҳосил олишар, бу ноёб экиндан фазогирлару денгизчиларда учрайдиган касаллик – суяк мўртлашувига қарши ром ичимлиги тайёрланар эди. Агрономия илмидан хабардор кишилар яхши билишади, шакарқамиш “нозиктаъб” ўсимлик. У ер танлайди, унга мўътадил об-ҳаво керак. Ингичка толали пахта ҳам худди шундай: ер, тупроқ танласа фақат жаннатмонанд Сурхон далаларини танлайди! Денов шаҳрида ўз бағридан ноёб дарахтлар ва ўсимликларнинг минглаб турларига жой берган Дендрарий субтропик боғи бор. Бу хушманзара масканни кезган инсон “Лола дарахти”дан тортиб бир кеча-кундузда беш метргача ўсадиган бамбукни ҳам учратиши мумкин.
Элга наф бераман деган жўмард инсон ҳеч маҳал “Юқори”дан кўрсатма кутиб ўтирмайди. Ёши саксондан тўқсонга ҳатлаган сариосиёлик Носирхон Тўрақулов азиз умрини авлодларга ўзидан гўзал мевазор боғлар қолдиришга бағишлаган. Ибратли меҳнатлари орқали эл назарига тушган бу табаррук отахон бир неча бор давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Носирхон ота бундан йигирма йилча аввал Боботоғнинг ёввойи писталарини пайвандлаш йўли билан лалми адирликларда кўпайтириб, маданий пистазорлар барпо этганди. Эндиликда юртимизнинг юзлаб, минглаб гектар қир ва адирларида писта ва бодомнинг серҳосил нав­ларидан боғлар барпо этиш Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқларида илгари сурилмоқда. Қувонарли жиҳати, кейинги йилларда элга мададкор бўлиш иштиёқидаги ёшлар сафи кенгайиб бораётир. Воҳа иқлими деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик соҳаларида тадбиркорликни йўлга қўйиш учун ниҳоятда қулай. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, Тошкент давлат аграр университетининг ­Термиз филиали ташкил этиладиган бўлди.
Шунингдек, воҳамизга ташрифи чоғида Президентимизнинг алоҳида диққат марказида бўлган асосий масалалардан бири бу – инсон саломатлиги, бутун мамлакатдаги каби Сурхондарёда ҳам соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш вазифаси бўлди. Айниқса, вилоят перинатал марказини янада кенгайтириш, унинг таркибида маслаҳат поликлиникаси, урология ва офтальмология марказларини ташкил этиш масалаларининг айни даврнинг энг долзарб вазифалари сифатида эътироф этилгани ана шу касалликлар устига йўл азобини чекиб пойтахтга қатнаётган беморларнинг дилларига малҳамдек бўлди.
Сурхондарё азалдан мард ва ботир инсонлар, алп паҳлавонлар юрти бўлиб келган. Машҳур полвонларимиз Самижон Убайдуллаев, Шароф Холмаматов, Шарофуддин Лутфуллаев, Беҳзод Тўрабеков каби спортчиларимизни, уларнинг изидан келаётган ўнлаб, юзлаб ёшларнинг номларини бугун фахр билан тилга оламиз.
Сурхон ёшларининг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари юксак таърифга муносибдир. Охирги беш йилда вилоят спортчилари жаҳон ва Осиё чемпионатларида, халқаро мусобақаларда 62 та олтин, 67 та кумуш, 111 та бронза медалини қўлга киритишга эришдилар. Нуфузли халқаро мусобақаларда ана шундай юксак натижаларга эришиб, Ватанимиз шуҳратини дунёга ёйиб келаётган Суҳроб Турсунов, Рустам Эргашев, Ситора Ҳамидова, Барно Мирзаева, XV Паролимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритган Аҳрор Бозоров ва Фахриддин Ҳамроев каби ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Сўзимиз аввалида эзгуликпарвар одамлар учун кўнгил озиғи бўлган маънавий-маърифий неъматларни аждодлари ўлмас асотирлар яратган элимиз нондан-да азиз санаши хусусида тўхталгандик. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 12 январдаги “Китоб махсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуруламал бўлди. Шунга мувофиқ, Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-ресурс марказини тубдан қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Янгиланажак ахборот-ресурс марказининг лойиҳа қиймати 7 миллиард 600 миллион сўм бўлиб, унда 223 мингдан зиёд китоб фондига эга ўқув заллари, мультимедиа маҳсулотларини қайта ишлаш учун медиа-студиялар, маълумот алмашиш учун видеотармоқ заллари бунёд этилмоқда. Ватаннинг тарифу тавсифини чинакам ижодкорларгина маромига етказа оладилар. Ўзидан ўлмас сатрларни мерос қолдириб кетган ўнлаб термизийлар анъанасини бардавом этиб келаётган таниқли қаламкашларимиз борлиги қалбимизни фахрга тўлдиради. Улардан бир қанчаси пойтахтда яшаб ижод қилишаётган бўлса, кўпчилиги вилоятимизнинг ўзида яшаб қалам суришмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг халқимизни янада зиёли, маърифатли, китобга, адабиётга ошно бўлиши йўлида ташаббус кўрсатаётгани ва ҳатто ибрат бўлаётгани ижод аҳлига тағин ҳам руҳий мадад бўлмоқда. Сурхон замини шу қадар табаррукки, замонлар, даврлар алмашган сайин, бу диёрда янгидан-янги даҳолар туғилаверади. Сўфизода, Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Зулфия сингари улуғлар билан замондош, сафдош бўлган Жарқўрғон туманидаги Оққўрғон қишлоғида туғилиб вояга етган оташнафас шоира Раъно Узоқованинг 100 йиллиги яқиндагина кенг нишонланди. Ўзбекистон халқ ёзувчилари Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди бахши, Хушбоқ бахши, Абдиназар бахши, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов, Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев, шунингдек, шоир ва адибларимиз Теша Сайдалиев, Мингзиё Сафаров, Шафоат Раҳматуллаев, Маҳмуд Абулфайзлар нафақат воҳамиз, мамлакатимиз фахрига айланишди.
Бугунги кунда Мирзо Кенжабек, Тўлқин Ҳайит, Эшқобил Шукур, Салим Ашур, Абдумажид Азим, Болта Ёриев, Қўчқор Норқобил, Абдурасул Жумақул, Шодмонқул Салом, Ахтамқули, Жамила Эргашева, Бахтиёр Олломурод, Ҳабибулла Ғафур, Сирожиддин Иброҳим, Наргиза Одинаева каби ижодкорлар халқ дилидаги гапларни қалам орқали ифода этмоқдалар. Оққан дарё оқаверади деганларидек, бу ижодкорлар ортидан адабиёт боғида янги ниҳоллар бўй кўрсатмоқда. Адабиётга ва ёшларга бўлган эътибор туфайли ўтган йиллар мобайнида вилоятимиздан Шаҳноза Турсунова, Дилрабо Норқулова, Фарида Тошпўлатова, Манзура Сайфутдинова, Комила Шоимова, Шаҳрибону Темирова каби истеъдодли қизлар адабиёт йўналиши бўйича Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари бўлишди. Уларнинг камоли ўзбек адабиёти ривожи учун хайрли бўлишига умид уйғонади кишида.
Яқинда Республика Маънавият тарғибот марказининг вилоят бўлими ҳамда Денов туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Деновда адабиёт кунлари” анжуманига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ҳамроҳлигида ташриф буюрган бир гуруҳ таниқли ижодкорлар ҳам воҳанинг диққатга сазовор масканларини томоша қилиб, бунёдкор, меҳнаткаш элимиз билан мароқли суҳбатлашдилар. Денов туманининг “Озод” маҳалласида бунёд этилган ўзбек халқининг улуғ фарзанди Шароф Рашидов бюсти пойига гулчамбарлар қўйдилар. Ўша куннинг ўзидаёқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Китоб акцияси” ўтказилиб, Раъно Узоқова номидаги Денов педагогика коллежидаги ижодий учрашувда ўқувчиларга уч юз дона турли номдаги китоб маҳсулотлари топширилди. Бундай гўзал дийдорлашувдан меҳмонлару мезбонлар бир дунё таассуротлар, завқ-шавқ олишганига ҳеч шубҳа йўқ. Зеро, она Ватанимиз қатори бутун оламга илк баҳор дарагини бергувчи бундай заминдан, бундай олижаноб элдан баҳра олмаслик мумкин эмас. Шоирона ҳисларга тўлган юрак буюк адибимиз Ойбек домланинг ўлмас сатрларини такрорлайди: “Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди, Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар…”

Эркинжон Турдимов

Саҳифа 218 марта ўқилган.