РАМАЗОН ОҚШОМИДА

Наср

Зокир намозшом чоғи қўйларини қамаб уйга кираркан, ичкаридан ўтирган ота-онасининг суҳбати қулоғига чалинди. Тушунди: гап ўзи ҳақида боряпти.
– Йўқ, – дерди отаси. – Эртага қишлоқдагилар фалончи ўғлини боқолмай, кўчага гадойликка чиқарибди, дейишларини истамайман.
– Вой, гадойлик нимаси? Очликдан чиқаётгани йўқ-ку! Бу ҳам бир болалик гашти-да. Ўртоқлари билан қўшиқ айтиб келишади. Хўп денг, боламнинг шашти синмасин.
Зокир эрталаб мактабга борар чоғида онасидан “Рамазон” айтиш учун чиқишга рухсат сўраганди. “Бўпти, – деганди у, – агар яхши бола бўлсанг, дадангдан рухсат олиб бераман”. Шундан сўнг Зокир оёғини олти қилиб чопди. Мактабда шу кунги дарслардан “беш” баҳо олиб, кундалигини онасига кўрсатди. Уйдаги юмушларининг ҳаммасини бажарди, ҳатто қўйларини ўтлоқда бир айлантириб келишга ҳам улгурди. Демак, бугун “яхши бола” бўлибди. Ҳадемай тенгқурлари билан “Рамазон”га чиқади. Чунки у отасининг феълини яхши билади. Онасига ҳеч қачон йўқ демаган. Тўғри, аввалига бироз рўйхушлик бермайди-ю, сўнг кўнади-қолади.
– Ана, тўрт киши бўлдик. Бошқани қўшмаймиз. Улуш кам тегади.
Салим жўрабоши шу сўзларни айтаркан, Зокирга кўзи тушди-ю гапини давом эттирди:
– Ҳей, сен майда, овозингни баландлатиб айтгин. Бизники эшитилмасин. Кейин пулни ҳам менга келтириб берасан. Чунки бизни кўриб, ё таниб қолишса айб қилишади. Сенга фарқи йўқ. Ҳали кичиксан!
Биринчи борганлари Инъом бобонинг ҳовлиси бўлди. Дарвоза олдида қаторлашиб ашулани бошлаб юборишди:

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга.

Пайғамбарнинг ўн бир ўғли бор эди,
Ўн биридан шоҳ Юсуф гул узор эди…

Зокир баланд овозда “Рамазон” айтаркан, шу топда ойисининг пайғамбар ҳақидаги ривояти ёдига тушиб, унинг фарзанд доғида кўр бўлиб қолгани, Юсуф пайғамбарнинг эса зиндондаги азоблари, қул қилиниб сотилиши-ю, сўнгра бахти кулиб шоҳ бўлганини кўз олдига келтирди.
“Ана кўрдингми, болам, яхшилик доимо ғалаба қозонади, – деган эди онаси ўшанда. – Аммо бировга ёмонлик қилган киши бир куни юзи шувут бўлади”.
Инъом бобонинг ўзи дарвозани очди. Патнисдаги нон, ширинликларни дастурхонга тўкаркан, “Рамазон ойи муборак бўлсин”, дея юзига фотиҳа тортди.
– Бу уйнинг орқасида ой кўрдик, бу уйнинг эгасини бой кўрдик, – дея одатий тарзда “Рамазон”нинг давомини айтган Зокир чолнинг бир неча ой ичида тез қариганини сезди.
Инъом бобонинг ўғли бундан бир йилча муқаддам хорижга ишлагани кетган, аммо орадан икки ой ўтар-ўтмас унинг жасадини олиб келишган эди. Шу тобда боланинг кўзига отахон Юсуфни қудуқма-қудуқ ахтариб юрган сўқир Яқуб пайғамбар бўлиб кўринди.
– Ҳе, қурумсоқ чол, – деди жўрабоши дастурхондаги егуликларга ёмон қараб. – Шунча майда-чуйданинг ўрнига юз-икки юз сўм берса ўладими?
– Ундай дема, – эътироз билдирди Зокир. – “Рамазон”ни пул учун эмас, савоб учун айтадилар.
– Ҳе, сани савобингни… – гапга қўшилди болалардан бири. – Ўзи ҳаммаси сен лапашангни деб бўлди. Қайтанга сени қўшмасак бўларкан. Ана Чори тракторчининг уйи. Сен ичкарироқ кир. Ўғил боламисан ўзи, мунча лалаймасанг.
Зокир Чори тракторчи кечга яқин қўшнисининг томорқасини ҳайдаб бериб қайтиб кетаётганини кўрганди. Унинг қовоғини уйиб, доимо нимадандир жаҳли чиққандай юришидан чўчирди. Қолаверса, Зокир баҳорда уйидан нарироқда ўтиб бораётган тиркамага осилган, буни кўрган Чори амаки, тракторни тўхтатиб чаққон ҳаракат билан ерга сакраб тушганди. Ўшанда бола ура қочаётиб тракторчининг “Ғилдиракнинг тагига тушсанг, нима бўларди. Ажалингдан беш кун олдин ўлиб кетардинг. Яна шундай қилсанг, қўлимга тушсанг, ўзим биламан”, дея қичқирганини эшитганди. Шу боис уйга киришга кўнгли йўқ, олдига қувиб солса-чи, деган ҳадиги ҳам бор эди. Аммо шериклари унинг устидан кулишини ўйлаб, оҳиста қўшиқни бошлади:

Рамазон айтиб келдик эшигингизга…

Тракторчи ичкари эшикни очиб, ташқарига чиқди-да, болага яхшилаб разм солгач, деди:
– Ҳа, Зоирнинг ўғли, кел. Яқинроқ кел.
Зокир қўрқа-писа ичкарига кирди.
– Ҳозир “Рамазон” айтдинг-а. Яна бир марта айт.
Бола ноилож қўшиқни яна айтишга тутинди:

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга…

– Тўхта, – деди, тракторчи. – Шу ерини қайта айт.

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга…

– Эшитяпсанми, боланинг нияти ижобат бўлади, – деди у орқасидан эргашиб чиққан хотинига. Кейин Зокирга юзланди.
– Ма, ўғлим, ма, Худо мангаям сандай ўғил берсин.
Шундай деб Чори тракторчи Зокирга иккита минг сўмлик узатди. Бола бир зум тракторчининг саховатидан ҳайратланиб турди-ю, раҳмат айтиб, ташқарига йўналди.
– Вой-бў, Зокир, тракторчининг чўнтагидан борини ўмардингми, нима, – қўлидаги минг сўмликларга қараб ҳали ҳам кўзига ишонмасди Салим. – Агар Чори шу ҳолида икки минг сўм берган бўлса, Сами бой бизга хазина ёғдиради.
Болалар кўпроқ пул илинжида бойнинг нақшинкор дарвозаси олдида тизилиб “Рамазон” айтишди. Биринчи марта жавоб бўлмагач, яна такрорлашди. Аммо бу гал ҳам аҳвол ўзгармади. Фақат чироқ ўчди, холос. Болалар сезишдики, бойнинг уйидагилар қитмирлик қилишяпти. Шунда бу ҳолатларда айтиладиган жумлани қайтаришди:

Бу уйнинг орқасида латта-путта,
Бу уйнинг эгасининг …. катта.

Болалар орқага ўгирилиб, бир-икки қадам юрган ҳам эдиларки, дарвоза очилиб, ичкаридан бир баҳайбат ит отилиб чиқди. Югуришга чоғланаётиб, ўзини ўнглай олмай йиқилиб тушган Зокир ўртоқларининг уни хавфли вазиятда ташлаб кетишаётганини кўриб, алами келди ва “кошки, тишламасайди”, деган илинжда дуо айтаётгандек пичирлади:

Шоҳ Юсуфни овга олиб чиқдилар,
Жарга ташлаб, бўри еди, дедилар…

Важоҳат билан югуриб келаётган ит гўёки боланинг кўнглидан кечаётганини уққандек унинг рўпарасига келиб тўхтади-да, бироз тургач ғингшиганча орқасига қайтди.
Зокир бошини кўтариб қаради. Болалар муюлишдаги уйнинг девори орқасидан мўралаб туришарди…

КАСАЛ

Ҳар галгидек, ишхонада қоғозларга кўмилиб турган эдим, телефон қўнғироғи диққатимни бўлди.
Ойим эканлар: “Тез кела оласанми? Опангникига боришимиз керак…”
Опам бетоблигини эрталаб эшитган, кечқурун ишдан қайтар маҳали кириб ўтишни режалаштиргандим. Фавқулодда қўнғироқдан хавотирим янада ошиб, жавоб сўрашни ҳам насия қилганча, оёғимни қўлимга олиб югурдим.
Ойим жон ҳалакда бекатгача чиққан экан. Қўлида хўроз.
– Нималар кўтариб юрибсиз, – дедим машинага ўтирганларидан сўнг, хўрозга ишора қилиб.
– Қон чиқариш керак экан, – деди онам. – Ўзи кўчиш тараддудида юрибди. Шароити борми-йўқми? Шу ҳам ҳарна-да. Айтганча, йўл-йўлакай мулла отинни ҳам олволамиз.
– Қанақа мулла отин, ғирт азайимхоннинг ўзи-ку, – эътироз билдирдим.
– Унақа дема, болам, қуда эшитса хафа бўлади, шунга қаттиқ ихлос қўйган-да..
…Опам уй тўрида кўрпа-тўшакка ўраниб ётган, хона эса ачимсиқ ёғ ҳиди, исириқ тутунига тўлган эди.
– Шу ёшларга ҳам ҳайронман, – қудахола жаврай кетди. – Урф-одатларимизни назар-писанд қилишмайди-ей… Мана, тунов чоршанба бош ювдилар. Энди касал бўлиб турибдилар.
– Қўйсангиз-чи, она, бошни чоршанбами, бошқа кунми, ювишнинг нима дахли бор. Бунга ҳам уч-тўрт кун ўтди. Туппа-тузук юрувди, – эътироз билдирди поччам. Сўнг бизга қараб айбдор оҳангда давом этди:
– Кеча кўчларни йиғиштираётгандик, гиламнинг бир учидан кўтаришганди. Шунга оғир юкдан бели тортишиб қолди. Дўхтир чақирай, десам унамаяптилар…
– Сен жим тур! Ёш бола нарса одатларимиз кучини қайдан биласан. Бу эскиликдан. Ана, отинжон келдилар. Келиним бирпасда тузалиб кетадилар.
Шу тахлит пиёлада қон келтирилиб, “муолажа”га ҳамма нарса шай қилиб қўйилди.
– Бу хўроз қоними? – деди “отинжон” эътироз оҳангида.
– Иби, миянг борми сани, – эътироздан мулзам бўлган қудахола ўғлини койирди. – Ахир қўлни ёки оёқни эмас, юракни қонлаяпмиз. Нима, келинимнинг юраги хўроздек учиб кетсинми?! Тез қўрадаги бирор қўйни сўйинглар.
– Жонлиқ тўкис бўлсин, тағин қулоғими, бошқа жойида чандиқ бўлмасин, – “отин­жон” қўшимча қилди.
Поччамга ёрдамлашиш учун қўрага кириб, “отинжон”нинг “девор бўлмаса узоқларни кўриши”га амин бўлдим. Таомилга кўра қони суртилган жонлиқнинг гўшти борича мулла отинга берилиши керак. Агар хонадон аъзолари ёки яқинлари шу гўштдан еса, касаллик уни еган одамда қайталаниши мумкин экан… Қўрада эса поччам усталарнинг иш ҳақини бериш учун эртага бозорга чиқарадиган семизгина қўчқори ҳамда янги кўчажак ҳовли томига сўйиш учун мўлжаллаган қўзи бор эди. Энди эътибор беришим, чўпондан харид қилинган қўзи қулоғида чандиқ бор эди (ҳар бир чўпон ўз отаридаги қўйларга белги сифатида қулоғини ўзига маълум шакл­да тешиб, чандиқ қилади). Хонадоннинг оилавий табибига айланиб, кунора келиб кетадиган “отинжон” эса буни кўрмаслиги ва кўз остига олмаслиги мумкин эмасди.
Отин айтган жонлиқ сўйилиб, “муолажа” бошланди ҳамки, опам аҳволида ўзгариш сезилмасди. Қайтага оғриқ тобора зўраярди.
– Хавотир олманг, бу дуоларим таъсири, – тинчлантирмоқчи бўларди отин. – Фаришталарим бемор ичидаги жинлар билан курашмоқда. Оғриқ ана шундан…
Бу орада қудахола шам учун болаларини дўконга югуртирди. Шанба куни бировга пул бериш хосиятсизлиги, шу боис, ҳақини эртага етказишни уқтирди.
Хотинининг ғамида жон ҳалакда юрган, аммо хотин-халаж тўла уйга киришга ийманган ўғлини остонада ўтиргани учун “Бизни қарзга кўммоқчимисан”, деб койиб берди…
Шом тушар маҳали касал кўришга қўни-қўшни, маҳалладошлар ўтиши мумкинлигини айтиб, қизига ҳовлини супуришни буюрди.
– Аслида шомда уйни супуриш хосиятсиз, ҳа, майли супургининг бир бандини синдириб ташласанг, гуноҳ кесилади…
Очиғи, ўттиздан ошиб, иримлар бу қадар кўплигини энди англадим. Илгари ҳар бир ирим моҳиятида маълум бир маъно бўлади, деб ўйлардим. Масалан, оқшомда уй супурмайдилар. Негаки, бу пайтда инсон организми чарчаб, иммунитети пасаяди. Супурганда кўтариладиган чанг, заҳарли моддаларга қарши кураша олмайди. Аммо супургининг синдирилган банди нимани ҳал қилиши мумкин? Ёки шанба куни берилган пулда нима гуноҳ…
Шу ўйлар ичида турганимда, онам машинани тезда ўт олдиришимни буюриб қолдилар. Бечора қудачилик андишасида шу пайтгача жим турган, охири опам ҳушини йўқотгач, бор ичини тилига чиқарган эди:
– Ҳозир яна бир соат индамасам, қизимни бериб қўяман, – сўнг “отинжон”га юзланди. – Бўлди йиғиштиринг, ўргилдим сиздақа табибдан…
Опамни жонлантириш бўлимига олишди. Шифокордан ҳам анча гапга қолдик.
– Бемор то ўсал бўлмагунча қараб тураверасизлар-эй. Оғир юк кўтарганда оёқ нерв толалари шикастланган экан. Вақтида келтирганингизда битта укол билан тузалиб кетарди…

Акбар РУСТАМОВ