Ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги азалий қардошлик тили ва дили яқин, дини бир, урф-одат ва анъаналари ўхшаш бўлган бу икки туркий халқнинг ўтмиши ва бугунида яққол акс этиб турибди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга расмий ташрифи икки ўртадаги маданий ва иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтарди. Юртбошимизнинг Турк­манистон Президентига Махтумқулининг ўзбек тилига таржима қилинган “Сайланма”сини совға қилгани эса улуғ туркман шоири ўзбек диёрида ҳам эҳтиром топганидан далолатдир.
Ҳар бир миллатнинг ўзлигини, чуқур тарихий илдизлари, беқиёс имкониятларини кўрсатиб бера оладиган ижодкорлари бўлади. Туркман халқи учун Махтумқули Фироғий ана шундай миллат кўзгуси саналади. Унинг ўзи ҳам бир шеърида буни “Махтумқули – сўзлар тили туркманнинг!” дея ифтихор билан таъкидлайди.
Махтумқули Хивадаги Шерғозихон ва Бухородаги мадрасаларда таҳсил олган, шарқ мумтоз адабиётини чуқур ўрганган, айниқса, тасаввуф таълимотига катта ҳурмат билан қараган аллома ижодкор эди. Ўз битикларида Баҳоуддин Нақшбанд, Занги ота каби пирларни бот-бот тилга олиши ҳам бу фикрни тасдиқлаб турибди. Алишер Навоий мероси эса Махтумқули учун ибрат мактаби бўлганига шубҳа йўқ.
Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Махтумқули Хива хонлигининг тасарруфида бўлган шаҳарлар ва чексиз даштлар аро тарқалиб яшаётган уруғларни, аймоқларни бир туғ остига бирлаштириб, мустақил давлат барпо эта оладиган йўлбошчини орзу қиларди. Унинг Човдурхон каби айрим туркман сардорларига бағишлаб битган шеърлари ҳам бу фикрни тасдиқлаб турибди. Йиллар ўтиб, кажрафтор замонани ўзгартириб бўлмаслигини, адолатли ҳукмдорлар ҳали-бери келмаслигини анг­лаган шоир инсон кўнгли ва руҳини поклаш, Сарҳисоб кунига тайёргарлик кўриш каби масалаларга эътибор қарата бошлади.

Соғлиқ қадрини бил, хаста бўлмасдан бурун
Хасталик шукрини қил, токи ўлмасдан бурун –

дея бошланадиган шеъридаги “Озиғинг тайёр қил карвон кўчмасдан бурун” сатр­лари айнан шу масалани, яъни умр карвони йўқлик сари кўчмасдан туриб охират озиғини ҳозирлаш лозимлигини ифодалайди.
Машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзов куйлаган “Ошиқ бўлмишам” ашуласи бугун ҳам кўп хонандалар ижро дастуридан ўрин олган, халқимиз ҳам уни севиб тинглайди. Махтумқули қаламига мансуб ушбу шеърнинг бир бандига эътибор қаратайлик:

Дўст, ҳавойи васлингни мен мунча чандон истарам
Доми зулфинг қасдина ўзимни зиндон истарам,
Дема: ғамдан бир замон кўнглимни хандон истарам
Бир ғариб ошиқ менам, ёр, сени сендан истарам,
Кечаю кундуз, билинг, “ҳув-ҳой”га ошиқ бўлмишам.

Маълумки, тасаввуф адабиётида дўст ҳам, ёр ҳам, аксарият ҳолларда Оллоҳдир. Шеърдан кўриниб турибдики, ошиқ дўст висолини истамоқда. Гўзал маъшуқа бу ерда бир восита, холос. Шу ўринда бир факт: раҳматли Комилжон устоз ҳам, бугунги хонандалар ҳам “Бир ғариб ошиқ манам, ёр, сени чандон истарам” шаклида куйлашади. Ҳолбуки, шоир шеър бандининг илк сатри якунида “чандон”ни қўллаган, энди у “сендан” деяпти. “Ёр, сени кўрмоқ истайман” демоқчи у. Хожа Али Ромитаний айтган экан: одамлар Худодан ҳамма нарсани сўрайдилар, аммо нега Худодан Худони сўрамайдилар? Мусо алайҳиссалом қиссаси эсга тушади: “Оллоҳим, сени кўришни истайман” деди у. Садо келди: “Мен сенга эмас, ҳув анови тоққа кўринаман, сен ўшанга қара”. Шу лаҳза тоғ чўққиси портлаб, тошлар эриб оқди. Ровийлар айтишадики, ўшанда Оллоҳ жамолини тўсиб турган етмиш минг қават парданинг бир чети сал очилиб, игна тешигичалик жойдан нур чиққан ва тоғни ёндириб юборган экан…
Шоир илоҳий висол бу дунёда содир бўлмаслигини, агар рўй берса ўзи не ҳолга тушишини яхши билади. Бироқ, бу – кўнгил-да, ошиқ дилга эса таъқиқ йўқ. “Ҳув-ҳой”га ошиқ бўлмишам” дейди у. “Ҳув-ҳой” қаландарона зикр, жазба эмасми?
Ўзи санъат аҳли орасида бир “касаллик” бор: ўтган устозлардан бири қайсидир ашула сатрини билиб-билмай бузиб айтса, кейингилар ҳам ё азбаройи устоз ҳурмати ва ё эътиборсизлик сабаб, ўшандай куйлайверадилар. Мисол: бугун ҳам кўпчилик “Шул сабабдан ранги-рўйим каҳрабо, ман найлайин” шаклида айтишади. Аслида “қаҳрабо” бўлади. “Сенинг ҳажрингда рангим қаҳрабодай сарғайди” демоқчи муаллиф. Бундай ҳолни Махтумқули шеъри билан айтиладиган яна бир машҳур ашулада кўриш мумкин. Бу ҳозирда кўпчилик суйиб тинглайдиган “Бўлмас” ашуласидир. Шеърнинг учинчи тўртлиги Махтумқулида мана бу шаклда:

Мағрур бўлиб, кезма умринг гулига
Дуч келарсан бир кун хазон елига,
Юз йил яшаб, тушсанг ажал қўлига
Соғингдан сўлингга боққанча бўлмас.

Ривоят борки, бир куни Пайғамбаримиз саҳобалардан сўрабдилар:
– Ўлимни қандай тасаввур этасизлар?
Биринчи саҳоба айтибди:
– Бугун борман, эртага бўламанми-йўқми, билмайман.
Иккинчиси дебди:
– Эрталаб уйғондим, кечгача яшайманми-йўқми, ишончим комил эмас.
Учинчиси айтибди:
– Бир намоздан иккинчисига етаманми-йўқми, Худо билади.
Набий алайҳиссалом дебдилар:
– Сизлар ўлимни жуда узоқ, бемалол тасаввур этаркансизлар. Мен намоз ўқиётиб, ўнг тарафга бурилиб салом бергач, “Чапга қайрилиб салом беришга улгурармиканман?” деб қўрқиб тураман ҳамиша…
Намозда аввал ўнг тарафга, сўнг чап тарафга қараб “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” дейилади. Махтумқули шеърида юқоридаги ҳадисга, ривоятга ишора қиляпти. Шунинг учун у “Соғингдан сўлингга боққанча бўлмас” деяпти. Соғ тараф бу – ўнг, сўл эса чап томондир. Қайсидир йили аллақайси бир ҳофизнинг қилган эътиборсизлиги боис бугун ҳам ашуланинг шу ери “Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас” шаклида айтилади.
Давлатманд Озодийдек шоирнинг ўғли, ўз даврининг нуфузли илм масканларида таҳсил олган, ўзидан олдинги салафлари меросини чуқур ўрганган Махтумқули, ҳеч шубҳасиз, тақводор ва парҳезкор, диний аҳкомларга қатъий амал қиладиган инсон эди. Бу унинг кўпчилик шеърларида ҳам ўз ифодасини топган. Бироқ, сўзимиз аввалида таъкидлаганимиздек, шўро даврида шоир шеърлари уқувсизларча таҳрир (балки, таҳқир) қилиниб, ўқувчига тақдим этилди. Бу ҳолат унинг кўплаб куйга солинган ашулаларида ҳам учрайди. Машҳур ҳофиз Муроджон Аҳмедов куйлаган “Бўйларингга” ашуласи фикримиз далилидир. Шеърнинг учинчи банди Махтумқулида қуйидагича:

Кўрсам рўйинг, йўқ армоним
Сенсиз хазон урсин жоним,
Иқболим, диним, иймоним
Қилсам ҳурмат бўйларингга.

Ҳофиз замона зайли боис учинчи сатрни “Иқболим, бахтим, мадорим” тарзида айтган, бу ҳол ҳануз давом этяпти.
Махтумқули ўз асарларида инсонни камолот сари интилишга чорлайди, бу дунё­нинг ўткинчилиги, бевафолигидан огоҳ этади. Унинг аксар шеърлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай, шахс тарбиясига хизмат қилаётгани билан қимматлидир. Умр қисқалиги, ёшликда билим олиш лозимлиги, акс ҳолда зое ўтган дамлар учун пайти келиб жон оғриши аниқлиги шоир ижодида бот-бот такрорланадики, беихтиёр Ҳазрат Навоийнинг “Хазон сипоҳиға, эй боғбон…” сатрлари ёдимизга тушади. “Гулнинг мавсумидек даврон топилмас” дейди Махтумқули ёшликнинг ғаниматлигини таъкидлаб.
Махтумқули бир қанча фанларни ўзлаштириш билан бирга, заргарлик ҳунарини ҳам эгаллаган. У Туркистондаги шаҳарлардан ташқари Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистонга ҳам саёҳат қилиб, ажнабий шаҳар ҳаёти, у ерлардаги халқлар турмуши билан ҳам танишади. Марказий Осиё, Озарбайжон, Эрон халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётини чуқур ўрганади, Низомий, Фузулий, Навоий, Фирдавсий ижодидан баҳраманд бўлади. Махтумқули, айниқса, ўзбек маданияти тарихи билан яқиндан танишиб, бир қанча лиро-эпик достонлар, жуда кўп ғазаллар яратиб, ўз даври ҳаётини, ўз халқи урф-одатлари, ўтмиш тарихини куйлайди.
Махтумқули ижодининг туркман адабиёти тарихидаги ўрни, унинг ўзбек-туркман адабий алоқалар соҳасидаги аҳамияти Баҳодир Қориев, Герот Чориев, Михаил Косеев, Усмон Абдуллаев, Айдар Қиличдурдиев каби таниқли туркман олимларининг илмий ишларида қаламга олинган.
Истеъдодли туркман шоирининг жўшқин шеърияти профессор Жамол Шарипов, Қудайберган Тоҳиров ва Қаландар Қурамбоев каби ўзбек олимларининг ишларида ҳам тадқиқ этила боргани мароқли бир ҳолдир. Махтумқули асарларининг мавзулари, жанр хусусиятлари, шаклий ўзига хослиги, асарлари тилининг ниҳоятда халқчиллиги билан кўп асрлик туркман адабиётини янги бир босқичга кўтарди. Шоир асарларининг етакчи ғояси – бу туркман ерлари устига ёпирилиб келган чет эл босқинларига барҳам бериш, тарқоқ яшаётган, ўзаро нифоқ ва зиддиятлардан зада бўлган қабила ҳамда уруғларни бирлаштириш билан осойишталик ва иттифоқликка асосланган қудратли бир давлатни барпо этишдек миллий ватанпарварлик туйғуларидан иборат. Ана шу миллат манфаатлари йўлида қайғуриш, маърифатпарварлик йўли билан бу ғояни самарали кучга айлантириш шоир ижодининг асосига айланди. Бу йўлдаги изланиш, шеърият кучи билан юксак уфқларга талпиниш Махтумқулини ўз даврининг кўзга кўринган тараққийпарвар сиймоси даражасига кўтарди.
Туркман адабиёти тарихи тадқиқотчиларининг таъкидлашларича, Махтумқули ўз даврида эл ва юрт қадр-қимматини оёқости қилиб келаётган иллатларни ҳаммадан кўра кўпроқ англаб етди. Шоир асарларида замондошларини ўз даврида рўй бериб турган воқеаларнинг моҳиятини чуқур идрок қилиб иш тутишга чақирди.
Панд-насиҳат Махтумқули ижодининг муҳим бир йўналиши бўлиб, шоирнинг бизгача етиб келган шеърий мероси ўша давр адабий ҳаётининг ҳамма мавзуларини қамраб олади. Зотан, Махтумқули ижодининг халқчиллик касб этиб, равнақ топиб боришида Шарқ лирикаси анъаналари билан бир қаторда туркий қўшиқлар, фольклор мураббаълари шаклидаги ижод намуналарининг ўрни катта бўлди.
Махтумқули ижодида Аҳмад Яссавий пандномалари услубининг излари яққол кўзга ташланиб турадики, одамнинг ҳаётда ўз мақомини идрок қилиши, ота-боболарнинг ҳамма яхши хислатларини ўзлаштира бориши ва аксинча такаббурлик, манманлик, дилозорлик, мол-давлатга ҳирс қўйиш, нафс кўйига кириб кетиш каби иллатларни енгиш ғоялари пандномаларнинг асосий мазмунини ташкил этади.
Махтумқули ўз шеърларининг бирида ўзбек халқининг мутафаккир шоири Алишер Навоийни устоз сифатида ҳурмат билан тилга олади. Унинг “Чордевон”и ҳақида тўлқинланиб гапиради. Шоирнинг бу талқинларида асос бор, албатта. Алишер Навоий туркман халқи тарихи, маданиятини яхши билган. Унинг бевосита Марв, Сарахс, Аливерд каби туркман манзилларида бўлганлиги ҳақида маълумотлар сақланган. Бугина эмас, Навоий ўз замонида Марвда “Хусравия” номи билан мадраса қурдириб, бу ерда толиби илмларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб турган. Шу ўринда Навоийнинг Оққуюнли туркманларнинг султонларидан Яқуббек билан яқин муносабатини ҳам эслаш керак бўлади. Навоий “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат” каби асарларида туркман мавзеларидан бўлган ёки шу ерлардан Хуросонга келиб ижод қилаётган қатор туркман сўз усталарини қаламга олади, уларга ҳурмат билдиради. Жумладан, улардан Руҳий Ёзирийни “табъи хўб ва сулуки марғуб киши эрди” деб, таъриф этади.
Махтумқули Навоийнинг лирика соҳасидаги анъаналаридан кўп баҳраманд бўлди. Устознинг ғазал ва мухаммаслари услубида манзур асарлар яратди. Ўз асарларида гўзаллик тимсоли бўлган маҳбуба сиймосини чуқур муҳаббат билан чизади. Махтумқули гўзалга “Олтинмисан, кумушмисан, намасан?”, “Ё ёқутми, ё маржонми, дурмисан?” деб савол билан мурожаат этади.
Шоир эл-юрт қисматига бепарво одамларни “нодон”, “номард” сифатлари билан атайди. Номард бирор ишга қўл ургудек бўлса дарҳол ҳориб қолади. Бирор киши билан гаплашганда қатъиятсизлигини дарҳол билдириб қўяди. Уйга келган меҳмонга ҳам заҳрини сочади. Мардлар кирган майдонга киролмайди. Бутун бир қабила ёки уруғнинг иззат-нафсини ерга уришдан қайтмайди. Агар шундай номард салтанат тахтига ўтириб қолса, у тақдирда ҳўлу қуруқ баравар ёнади. Махтумқули “Фаттоҳ” деб аталган ҳажвий асарида шундай шахсларнинг умумлашма образини яратган деб айтиш мумкин:

Сен туркманнинг элин гулин сўлдирдинг,
Қонлар тўкиб гўзал юртим тўлдирдинг,
Шаҳид бўлганларнинг бошин қолдирдинг,
Унутарсан тахти равонни, сен Фаттоҳ.

Махтумқули ўз даврининг жароҳатларига ақл-заковатни, имон ва эътиқодни, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни, аждодлар удумига асосланган ҳамдардлик ва адолатли курашни қарши қўяди ва бу туйғуни поэтик сўз қудрати билан маънавий қурол даражасига кўтаради.
Махтумқули исломий билимларни чуқур ўзлаштирган ориф бир шахс эди. Шунга кўра ҳам унинг панд-насиҳат руҳидаги шеърларида Қуръон оятлари, Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларига кўп мурожаат этилган. Улардаги пурмағиз таълимий-ахлоқий дастурлардан даврдаги воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини очиб беришда моҳирона фойдаланган. Махтумқули асарларининг тил хусусиятларини кузатаётган олимлар ҳақли равишда унинг соддалиги, ширадорлиги, халқ жонли сўзлашувига яқин туришини таъкидлайдилар. Шоир ўз асарлари тилида халқ мақоллари ва образли ибораларини маҳорат билан қўллаш орқали ҳам тилнинг жонлилигига эришган. Шоирнинг шеърларида қўлланган бадиий воситалар ҳам ўз талқинлари билан халқона ва сермаънодир. Унинг айрим мисралари халқ ҳикматларига айланиб кетган. Махтумқули бир ўринда туркман ерларини “Хизр кезган чўллар” деб таърифлайди. Унинг биноларининг мангу қад қўтариб туришига умид боғлайди. Шундай бўлгач, унинг йигитлари ҳам чилладаги мастлик уйқусида, яъни ғафлат уйқусидан уйғониш, аҳил бўлиб бир дастурхон атрофига тўпланиши керак. Шоир бу ўринда ўз ватандошларини бирлаштиришга чақиради.
Махтумқули шеърлари сермазмунлиги ва латиф бадиийлиги билан ўзига мангулик ҳайкалини қўйди. Асарларидан бирида ўзига хитоб қилиб: “Гўзал достонларингни элингга бахшида қил” деб ёзган эди. Шунга кўра шоирнинг мероси даврлар оша туркман халқи ардоғида яшаб келмоқда. Шоир туркманлар орасида донишманд ижодкор сифатида ном қозонган бўлса, ўзбекнинг ҳам энг севимли шоири сифатида маълум.
Туркманистон Фанлар Академиясининг қўлёзма фондида Махтумқули асарларининг юзга яқин нусхаси тўпланган.
Ўзбекистонда шоир ижоди юзасидан қатор тадқиқотлар эълон қилинган. Ҳар субҳидам ҳаво тўлқинларида Лутфий ва Алишер Навоий қўшиқлари сирасида ўзбеклар учун севимли бўлиб қолган Махтумқули қўшиқларини ҳам эшитамиз.
Бир мақолада Махтумқулидай улуғ шоир ижодини қамраб олиш ва таҳлил этиш маҳол. Тахминан 1733 йилларда Туркманистоннинг ғарбий ҳудудларидан бирида, Этрек дарёси бўйидаги Ҳожиговшан қишлоғида таваллуд топган, ер юзининг катта қисмини кезиб, халқ аҳволини ўрганган ва буни ўз шеърларида теран акс эттирган, Саидий, Залилий, Камина каби туркман шоирлари ижодига улкан таъсир кўрсатган Махтумқули Фироғий асарлари ўзбек элида ҳам худди Навоий ижодидек суйиб, ардоқланади. Эҳтимол, шеърларига энг кўп куй басталанган шоирлардан бири бўлса ажаб эмас. Шу сабаб ҳам Махтумқули Навоий, Насимий, Фузулий, Гёте, Пушкин, Байрон каби улуғ шоирлар қаторида туради. Унинг ижоди бугун ҳам умумтуркий шеърият ривожига кучли таъсир ўтказиб келяпти. Унинг содда, самимий, чуқур фалсафага йўғрилган, шоҳ Машраб таъбири билан айтганда, “Минг маънини бир нукта билан мухтасар этган” ижоди ҳали кўп йиллар дунё халқлари маънавиятига беминнат хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Моҳичеҳра
ШОМУРОДОВА

 

Саҳифа 257 марта ўқилган.