Дарёлардай мавжланиб кечади умрим

Назм

   * * *

Чайқалиб ётибди нурли бир чаман –
Ой билан офтобнинг буюк ватани.
Тонг каби жилмайиб бахти очилган,
Майсага кўмилиб нурли бадани.

Осмон посбонидир бунда бургутлар,
Чумчуқ чуғуридан тешилади том.
Бу ўлка кўксида ёнар булутлар,
Чинор шохларига қўнганида шом.

Не-не дарёлар бор, югуриб-елиб,
Уммонда қоларлар бир умр яхлаб.
Бу чаман бағрига дарёлар келиб
Заминга сингарлар, ниҳолдай шохлаб.

Кўзёшдек тиниқдир бу элда осмон
Шафтоли шохлари қайрилган онда.
Нақш олма юзига югурганда қон
Офтоб ҳам осилиб, толар армонда.

Бу элнинг қадимий ҳар қўшиғида
Бежиз олтин дея аталмас тупроқ.
Симёғочга қўнган қуш тумшуғида
Тилладай нурланиб турибди бошоқ.

Чайқалиб ётибди нурли бир чаман,
Юлдуздай сочилиб оламга шони.
Фидойи ўғилман, ёниб ўпаман
Олам остонаси – Ўзбекистонни.
  Наво

Сой бўйида ўлтирар йигит,
Нигоҳини тортар оқин сув.
Тўлқинларда ўйнайди умид,
Хаёлининг уфқида сулув.

Туйғуларда қувнаб оқади,
Шайдо бўлиб ёр жилвасига.
У қалбини сувга очади,
Илинсин деб ёр кўзасига.

* * *

Хилватгина салқин хиёбон,
Намчилгина туманли кеча.
Сурма рангли, бўялган осмон
Кўзларимга чўкмоқда аста.

Танҳогина танҳомни излаб,
Ўйларимдай сўнгсиз кезаман.
Ёмғир каби ғамгин шивирлаб,
Туманлардай сарсон сузаман.

Кўзларимга кўринмайди ҳеч
Тушда кўрган баҳорим менинг.
Ухлатмасдан қитиқлаб ҳар кеч,
Имлаб қочган ашъорим менинг.

Алдасам-да, дўстларим, шундай,
Туманларга бўлмасман тутқун.
Қуёш билан кезар юрагим,
Қуёш олиб қайтарман бир кун.

           Гўзаллик

                  I

Ранг излайди титраб камалак
Чарақлаган майсалар ичра.
Ирмоқчалар кийиб кўк кўйлак,
Пешонаси тўлқиндан ғурра.

Астагина эгилар шохча,
Йигит қалбин қучар ҳаяжон.
Қирсиллатиб чайнар довучча
Юзларига доғ тушган жувон.
II

Боғлар бағри ёниб чорлайди,
Йўлларингга ипак сочилар.
Намхуш замин рангин порлайди,
Дунёнинг хўп ранги очилар.

Қизча кулиб очади кафтин,
Қандай майин ёғади ёмғир.
Буриштириб кунгайга афтин,
Дарчасини ёпади кампир.

    * * *

Кел, эй кўнгил шаробдай қуйил,
Қақраб қолган қақроқ лабимга.
Маст бўлайин, майлига, буткул,
Малҳам бўлсанг соғинч дардимга.

Туйғулардан кўзим қамашиб,
Узоқ йиллар куйладим ойни.
Илон каби ул ҳам чирмашиб,
Туйғулардай аврайди мени.

Ой ҳам бугун бегона менга,
Бегонадир осмон ҳам, ахир.
Умидимдай суяндим тонгга,
Бу тонгларки, йилт этган шамшир.

Маст айларди шудгорнинг ҳиди,
Замин бугун димиқиб ётар.
Чигирткалар саси ҳам тинди,
Сукут юрагимга наштардай ботар.

Умр ўхшар эгик дарахтга,
Белин букар буюк бир соғинч.
Мен ҳушимда ўхшаб карахтга,
Тушларимда яшайман нотинч.

Шовуллаган сойни куйладим,
Оқиздирмас ҳатто соямни.
Мен ҳамиша бахтни ўйладим,
Чақмоқларга санчиб миямни.

Йўқ! Тугамас кўнгил сафари,
Бўлмаса ҳам армоннинг васли.
Бул ҳаётнинг ғолиб аскари,
Қалбим, сендан топдим тасалли.

Кел, эй кўнгил, шаробдай қуйил,
Қақраб қолган қақроқ лабимга.
Маст бўлайин, майлига, буткул,
Малҳам бўлсанг соғинч дардимга.
Машраб

Кўкка қараб қўлин силтади,
Ерга қараб силкди этагин.
Иккисин ҳам кўзга беркитди,
Дунё деб у билди юрагин…

         * * *

Қўлингни бер менга, эй санам,
Ҳузуримда қолгайсан бирпас.
Юрагимда беҳол бўлсин ғам,
Нафасингни ичиб бўлай маст.

Дунё каби чигал ўйларим
Бир сония йироқда қолсин.
Туғилажак рангин куйларим
Жозибангни кўчириб олсин.

Сурма рангли кўзларинг сузиб,
Ёнгинамда ўлтирсанг, санам.
Мужгонларим юлдузлар тизиб,
Кипригимда айланар олам.

Не истасанг, кўрсатар чирой
Қил сиғмаган кўнглимда у дам.
Деразамдан боқиб тўлин ой,
Суратингни чизади, эркам.

  Сонет

Тилсиз соҳилларга урилиб нолон,
Тўлқинлар бўзлайди ел қанотида.
Тўлқинни ортига қайтариб шу он,
Соҳил ҳам жилмаяр унинг ортидан.

Ойнинг ўроғини минг бор парчалаб,
У уммон бағрига солади сурон.
Сўнг, ҳиссиз қояга қўяр экан лаб,
Орзулар йўлида кўтарар бўрон.

Қоялар ҳам чархлаб қиррали тошин,
Тўлқинни қайтарар яна ортига,
Нурли кўзларидан оқизиб ёшин,
Кенг уммон бағрида тополмай йўлин

Асрларки бўзлайди ел қанотида
Тўлқинлар соҳилга чўзганча қўлин.

  * * *

Бухорода тонг отар маҳал
Сукунатнинг бағрини тилиб,
Шўх қушчалар бошлайди ғазал,
Барглар аро карашма қилиб.

Бухорода тонг отар маҳал
Лайлак билан Минори Калон
Ерга тушар аста чўзилиб.
Гумбазларни қучар ҳаяжон,
Ер билан кўк қолар узилиб.

Бухорода тонг отар маҳал
Ер чарақлар, чарақлар осмон.
Аста қаддин ростлар Минора.
Кўтарганча нурли бир тўфон,
Офтоб чалиб келар ноғора
Бухорода тонг отар маҳал.

      *  * *

Дарёлардай мавжланиб кечади умрим:
Балиғи, қайиғи, тўлқини билан.
Саҳродай ташналаб кечади умрим:
Бўрони, армони, чақини билан.
Мен кечиб ўтардим оқин дунёни,
Дунёдек ранго-ранг ҳисларим билан.

Тилак ЖЎРА