ЎША БОБУРМЕН МЕН

Публицистика

Менинг болалик йилларим Фарғона водийсининг
Яйпан, Нурсуқ, Қудаш, Бувайда, Толлиқ, Олқор,
Юлғунзор, Оққўрғон деган қишлоқларида ўтган.

Абдулла Қаҳҳор. “Ўтмишдан эртаклар”дан

Яйпаннинг осуда тонги. Осудаликни хўрозларнинг тонг отаётганидан дарак берувчи қичқириқлари бузади, холос. Ой-куни яқинлашиб қолган Бувинисо туни билан мижжа қоқмади. Биринчи фарзандини вақти-соати етмасдан йўқотгани учун Оллоҳга “Бунисини ўз паноҳингда асра, эсон-омон дунёга келсин”, дея туни билан ёлвориб чиқди. Оғироёқлигига қарамай ҳаммадан барвақт туриб ҳовлига чиқди. Нима қилганда ҳам катта келин-да, ҳомиладорлигини баҳона қилиб ётаверишни ўзига эп кўрмайди. Қайнота-қайнонанинг ҳурматини қозониш керак. Ахир Яйпанда қайнотаси Аҳмадалибойни ҳамма ҳурмат қилади. Аҳмадалибой Яйпандаги чорраҳа бурчагида жойлашган энг катта чойхонани бошқаради. У яқин оғайниси Мамасолининг онадан етим қолган қизи Бувинисони ўзининг катта фарзанди Абдуқундузга тўю томоша қилиб олиб берди. Мана икки йилдирки, Аҳмадалибой набира кутмоқда. Ана шуларни хаёлидан бирма-бир ўтказган Бувинисонинг юраги орзиқиб кетди. Буни сезган гўдак ҳам жажжи оёқчалари билан онасининг қорнига секингина тепиб қўйди. Бувинисо кўйлагининг устидан қорнини силаб, гўдакни тинчлантиргандек бўлди. Чорбоғ томонга ўтиб оғилга кирди. Димоғига гўнг ҳиди урилди. Кўнгли айниб ўқчиди. Сигир ва қўйларга ем-хашак ташлади. Ҳовлини супуриб сув сепди. Ўчоққа ўт қалаб қумғонда чой қайнатишга тутинди. Уйдан қайнонаси Тожихон ая чиқиб келди.
– Бувинисо, чойингиз қайнадими?
– Ҳозир, буви, қайнаб қолади, дастурхон тайёр, ўтираверинг, қайнаши билан дамлайман.
Сўрида ўтирган Тожихон ая келинининг хатти-ҳаракатларига разм соларкан, уни анчагина оғир ҳаракат қилаётганини сезди. “Ҳали кўзи ёришига вақт бор эди, шекилли ёки мен ҳисобдан янглишдиммикан?”, деб хаёлдан ўтказди.
Бувинисо қайнонаси билан бир пиёла чой ичди-да, кетмонни олиб одатдагидек далага отланаётган ҳам эдики, қайнонаси уни йўлдан қайтарди.
– Келин, юришингизга қараганда ой-кунингиз жуда яқинга ўхшайди, бугун далага бормай қўя қолинг. Нимагадир кўнглим ғаш. Сиз уйга кириб бироз дам олинг. Мен дарров битта хўрозни сўйдириб ис чиқариб юбораман, – деди.
Қайнонасининг гапига эътироз билдирмай Бувинисо дарҳол уйга кириб ўринга чўзилди.
Аксига олиб турмуш ўртоғи Абдуқундуз икки-уч кундан буён чойхонада дадаси билан тунаб қолаётган эди. Бирор соатлардан сўнг Бувинисони тўлғоқ тута бошлади. Унинг жон ҳолатда чинқирганини эшитган қайнонаси югургилаб олдига келди.
– Ҳа, ҳа, болам, тинчликми, нима бўлди?
– Буви, бувижон, – дея олди Бувинисо мажолсиз.
– Вой ўлмасам, кўзингиз ёрийди, шекилли. Мен ҳозир Чеклик энани чақириб келаман, – деганича қайнонаси тезда чиқиб кетди.
Хонадоннинг рўпарасидаги кичкинагина кулбада Чеклик эна истиқомат қиларди. Энанинг ўтмиши ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмас, у қачонлардир Яйпанга келиб шу ерда яшайдиган жияниникида маълум вақт яшаб турган. Кейинчалик эса жияни ҳовлининг бир бурчагидан унга кичкина кулба солиб берган эди. Ўша-ўша эна шу ерда яшаб қолган. Яйпанликлар унинг исмини ҳам билмасдилар. Эна “Чек” деган қишлоқдан келиб қолгани учун ҳамма уни Чеклик эна деб аташарди. Эна ён қўшниларга, маҳаллага, атрофидагиларга кинна солар, ой куни яқинлашган аёлларга тўлғоқ пайтида доялик қиларди.
Хуллас, Чеклик эна уйга кириб келганида, Бувинисо қоп-қора терга ботиб ётарди. Чеклик доя Бувинисога далда бера бошлади. Тожихон ая бўлса, эшик олдида чўкка тушганича келинининг эсон-омон қутулиб олишини Худодан ёлвориб сўраб дуо ўқий бошлади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, чақалоқнинг ингаси янгради. Тожихон ая остонада туриб “Оллоҳга шукр” дея ўғил-қизлигига қизиқди. Доянинг “Ўғил, Тожихон, ўғил, қўчқордай ўғил” деган сўзларини эшитиб, хурсандлигидан “Уст-бош сарпо мендан” деганича ҳарсиллаб қўшниси Бўривой соқовникига кирди. Бўривой Аҳмадалибой билан девор-дармиён қўшни эди. Аслида унинг Аҳмадалибойга қариндошлик жойи йўқ. Аммо у ўзини бу хонадонга яқин тутишининг ўзига яраша сабаблари бор эди. Уруш пайтлари озиқ-овқат танқислиги боис одамлар қанд лавлагини гоҳ қайнатиб, гоҳ ўтда пишириб, гоҳида хомлигича еб кун кўришарди. Шундай қийинчилик пайтда ҳам Аҳмадалибойнинг хонадонидан нон сира аримаган. Фақат урушдан олдин нон тандирда ёпилган бўлса, энди уруш пайтида қўшнилар гап қилмасликлари учун нон ўчоқда ёпиладиган бўлган эди. Кунларнинг бирида қанд лавлаги еявериб ҳолдан тойган Бўривойнинг онаси Аҳмадалибойдан бир қоп ун сўрайди. Бунинг учун эса кенг ҳовлисининг ярмини беришга тайёр эди. Онахонга раҳми келган Аҳмадалибой унга бир қоп ун беради-ю, ваъда қилинган ҳовлининг ярмини хатлаб олишга шошилмайди. Уруш тугагач, онахон сўзидан тонади. Аммо орадан кўп ўтмай Аҳмадалибойга онанинг яна иши тушади. Унинг ёлғиз ўғли ўғриликда айбланиб, жазога тортилади. Оҳ-фиғон, кўзёш билан чиққан онага Аҳмадалибой яна ёрдам қўлини чўзади. Бўривой соқовлиги боис суд жараёнида унинг тилини тушунадиган тилмоч керак эди. Аҳмадалибой Қўқондан тилмоч олиб келиб, имкони борича унга ёрдам беришини сўради. Суд куни ҳам етиб келди. Тилмоч имо-ишоралар билан Бўривойнинг фикрларини тушунтириб, унинг оқланиши учун курашди. Охир-оқибат Бўривой оқланади. Тилмочни чойхонага чақириб дастурхон ёзилади ва девзира гуручдан ош дамланади. Ҳамма хурсанд, ширакайф бўлиб ўтиришганда чойхона рўпарасига велосипед ортилган юк машинаси келиб тўхтайди. Тилмоч Аҳмадалибойдан хизмат ҳақи учун битта велосипед олиб беришини сўрайди. Машинадан битта велосипед сотиб олиниб тилмочга совға қилинади. Шу воқелар сабаб Бўривой ўзини Аҳмадалибойнинг олдида доим қарздордай ҳис қилар ва бу хонадонга нафи тегишини жуда-жуда истарди. Хуллас, Тожихон ая Бўривойга имо-ишора билан Абдуқундуз ўғилли бўлганини, бу қувончли хабарни тезлик билан Аҳмадалибойга, Абдуқундузга етказишини сўрайди. Бўривой тўппа-тўғри чойхонага чопади ва чойхонада хомуш ўтирган Абдуқундузга ўғилли бўлганини айтади. Шодлиги ичига сиғмаган Абдуқундуз унга бир сиқим қоғоз, танга аралаш суюнчи беради ва дадасининг олдига чопади. Чойхона тўридаги хонада риштонлик меҳмонлар билан чой ичиб ўтирган Аҳмадалибой ўғлининг авзойини кўриб хавотирланиб сўрайди:
– Нима гап, тинчликми, Абдуқундуз?
– Дада, набира қутлуғ бўлсин, ўғил набира!
– Ростданми, эҳ Худога шукр, эсон-омон қутулиб олибди. Ўзингга ўғил муборак бўлсин. Илоҳим умри билан берган бўлсин, – дея ўғлини бағрига босди Аҳмадалибой. – Ҳа, айтганча, қассоблардан бирортасини уйга жўнат, оғилдаги қора қўчқорни сўйсин. Меҳмонхонага жой солинсин. Ҳабибуллога айт, дарров бозордан мева-чева, қанд-қурс олиб уйга борсин. Ўринбой ака дарров ошни ҳаракатини қилсин. Ҳали замон улфатлар “набира муборак” деб келиб қолишади. Тўнғич набира-я, ўғил! Ҳа, Абдуқундуз, набирамнинг исмини аллақачон топиб қўйганман. Худойим тушимда аён қилган эди. Набирамнинг исми Муҳаммадали бўлади, Муҳаммадали! Муҳаммадали Абдуқундуз ўғли!
Бу кун 1952 йилнинг 14 июль куни эди. Айтишларига қараганда, улфатчилик байрами, меҳмоннавозликлар чиллам чиққунга қадар давом этган экан.

Єишлојим µІаєида сўз

Энди ижозатингиз билан киндик қоним тўкилган Яйпан қишлоғи ҳақида икки оғиз сўз юритсам, Яйпан ўзига хос тарихга эга. Яйпан, Нурсух каби қишлоқларимиз буюк саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қадами теккан сарҳадлардир. Бу ҳақда Бобур Мирзонинг “Бобурнома” асарида шундай сатрлар бор: “…Андижонға уйрушмак хаёли билан кўмак тилай, Тошкандга хон қошиға бордим. Шоҳ бегимни ва уруғ-қаёшни ҳам етти-саккиз йил бор эди, кўрмайдур эдим, бу баҳона била аларнинг ҳам кўрулди. Неча кундан сўнг… етти-саккиз юзча черик била кўмак тайин қилдилар. Бу кўмакни олиб келиб, Хўжандта таваққуф қилмай, ўта чиқиб, илғаб, Конибодомни сўл қўлда қўюб келиб, кеча била шоту қўюб Насуҳ (ҳозирда Нурсуҳ – нашр.) қўрғониниким, Хўжандтин ўн йиғоч (70 км – нашр.) йўлдир, Конибодомдин уч йиғоч (12 км – нашр.), ўғурлаб олдук.
Қовун пишиғи эди. Насуҳда бир навъ қовун бўлурким “Осмоил шайхий” дерлар, териси сариқ, кемухтлуқ, осуда қовун бўлур, тухуми алмача, гўшти тўрт илик, ажаб лазиз қовундир. Онча қовун ул навоҳида бўлмас”.

“Бобурнома”, Тошкент, 2002. Б.53.

Машҳур ҳамюртимиз Муҳаммад Аминхўжа ўғли Муқимий ўзининг “Саёҳатнома” асарида Яйпанга шундай таъриф беради:

Яйпан агарчи, хушҳаво,
Одамлари енгилнамо,
Бир-бирлари-ла доимо
Бўлар-бўлмасга жанг экан.
Яйпан каби толзор кам,
Йўқ соясида зарра ғам,
Зебо санам, қоши қалам,
(Жонон)лари бисёр экан.

Балки Мавлоно Муқимий бир жанжални устидан чиқиб қолгану шу сатрларни битган бўлса ажаб эмас. Яйпанликлар бағрикенг, меҳмондўст, одамохун ва меҳнаткаш инсонлар, мен бунга кафилман.
Энди Яйпаннинг географик жойлашувига келсак.
Яйпан ғарби-жанубий томондан оқиб келган Сўх дарёсининг қадимий қорашағал оқизиқлари ва жануби-шарқий тарафдан Помир тоғининг Шўрсув адирликларининг қизилшағал оқизиқлари тақасимон шаклда тўхтаган, қадимий Сариқёзи қўрғонининг қуйи қисмидаги ясси манзилда жойлашган бўлиб, асосан, чорвадорлар, овчилар ва кейинчалик ҳунармандлар, савдогарлар қўними билан шаклланган.
Тарихий манбалар туман ва унинг маркази Яйпан Хитой, Ҳиндистондан келувчи карвон йўлида жойлашгани боис, ўша даврларда ҳам гуллаб-яшнаган жой бўлганидан шоҳидлик беради.
“Яйпан” сўзининг келиб чиқиши, туб маъноси тўғрисида турлича фикрлар мавжуд. Баъзилар эски замонда камон отиш мусобақасида шу манзилдан борган камонбозларни ўқи панд берган, яъни “ёй панд берди” деган маънони билдиради деса, бошқалар “ёй” турк тилида “ёйилган”, “панд” эса ҳинд тилида “сув” маъносида бўлиб, “ёйилган сув” маъносини билдиради дейдилар. Яна баъзилар Яйпаннинг жанубида уч чақирим олисликда ёйсимон ҳолатда жойлашган Шўрсув тақир адирлиги “камон” деб олиниб, унинг ўртасидан ўтган Исфара-Лакон Шўрсув сойи камон ўқи “пон” сифатида кўрилиб, уни камон ипига ўрнашган жойини Яйпан деб таърифлашади.
Тарих фанлари доктори, профессор, хитойшунос олим (Абдулаҳад) Аҳад Хўжаев яйпанликлар хунлар ҳукмдори сулоласига тегишли қабила авлодларидан бўлиб, туркий тилда сўзлашганлигини билдирган.
Тумандошимиз атоқли ёзувчи Худойберди Тўхтабоев “Яйпан” сўзи турк-мўғул сўзидан олинган, ясси, текис ер, текислик маъносида, деб айтадилар.
1953 йилда академик Ғафур Ғулом таҳририда чоп этилган “Ўзбек классик адабиёти учун қисқача луғат”ида ҳам “Яйпан” сўзи маъноси “ёйиқ, япалоқ, ясси, текис ер” деб тарифланган. Демак, “Яйпан” сўзи буюк аллома Аҳмад Яссавий туғилган жой – Ясси билан бир хил маънони англатар экан.
1790 йилда Қўқон хони Норбўтабий топшириғига кўра, Яйпанда минорали масжид ва мадраса барпо этилиб, мулла Султон Аълам, сўнгра мулла Эшмат халфа қишлоқнинг қайта қурилиши, ободончилик ишларига бош-қош бўлишган. Эски Яйпан маҳаллаларида қурилган масжидлар ҳозиргача мавжуд. Яйпан атрофида Сариққўрғон, Хўжаписта бува, Мўйи Муборак, Сартепа, Сариқёзи, Оқёзи ва Қораёзи бува каби ўнлаб тарихий қадамжолар бор, Жонобод, Тагоб, Нуҳ қабиласига оид қабрлар эрамиздан аввалги ва эрамиз бошларига мансублиги аниқланган.
Яйпаннинг жанубида жойлашган Шўрсув тоғликларидаги ерости қазилма бойликлари Бобур давридан маълум. Узоқ йиллар бу ердан олтингугурт, нефть олинган бўлса, ҳозирда катта миқдорда оҳак, алебастр хомашёлари қазиб олинмоқда. Бу замин цемент, охра, кўмир ва бошқа заҳираларга ҳам бой.
1910 йилда Яйпанда биринчи саноат корхонаси – пахта тозалаш заводи қуриб ишга туширилди.
Миллий озодлик ҳаракати йиллари ҳозирги Ўзбекистон тумани ҳудуди қаттиқ ­­­­жанг­­­­­­­­­­­­­­лар маркази бўлган. Босқинчиларнинг қўли баланд келган пайтда юртимиз ватанпарвар­лари Қатрон тоғларидан бошпана топишган ва шайланиб яна ҳужумга ўтишган.
Миллий озодлик ҳаракатининг йигитлари Қўқон, Бешариқ, Бувайда, Данғара, Учкўприк ва водийнинг турли жойларидан бўлгани каби Яйпандан ҳам кўпчиликни ташкил этган, шунинг учун бу ҳудудда кўп шиддатли жанглар бўлган.
Миллий озодлик ҳаракатларининг яйпанлик сардорлари Жўра понсод, Кичик Ислом, Пўлат Охунд, Худоёрхон, Худойқини понсод, Шермат понсод, Эргаш понсод, Қўчқор понсод, Ҳамзахон Махсумлар ўз йигитлари билан қизилларга қарши аёвсиз кураш олиб борганлар. Аммо кучлар тенг бўлмаган…
Миллий озодлик ҳаракатининг йўлбошчилари душман қўлига тушгандан кейин ҳам ўлимни мағрурлик билан қарши олганлар, охиригача таслим бўлмаганлар.
Фарғона вилоятининг ўша пайтда маркази бўлиб турган биргина Қўқон шаҳрининг ўзидаёқ 1923-1924 йиллар мобайнида юзлаб қўрбошиларнинг судлари бўлиб ўтди. Ислом Полвоннинг суд жараёни, айниқса, кўпчиликнинг эсида қолган. Очиқ суд мажлиси дастлаб Амир Умархон жомесида бошланган. Халқ ниҳоятда кўпайиб кетгач, мажлисни Чорсу майдонига кўчиришга мажбур бўладилар. Суд раиси расмиятчилик юзасидан Ислом Полвон ва унинг қўрбошиларига оқловчи тайинлаганда қўрбоши қарши чиқади:
– Менинг Оллоҳ олдида ҳам, эл-юртим олдида ҳам юзим ёруғ. Менга оқловчининг кераги йўқ! – дея хитоб этади. Суд ҳукмини эса ўта вазминлик билан қабул қилади. Маҳкумнинг қонуний ҳуқуқи бўлган охирги сўзни берганларида, сўзини сўзлаб бўлгач:
– Мендан розимисизлар? – дея халққа мурожаат қилади.
Халқ жавоб беришга улгурмасдан кўкда момақалдироқ гумбурлайди.
– Ана, Оллоҳ таоло мендан розилигини билдирди, сизлар ҳам рози бўлинглар!
Бу ерда ҳозир бўлган халқ ҳам қўрқувни писанд қилмай:
– Розимиз, розимиз, сиз ҳам биздан рози бўлинг! – деб ҳайқирадилар.
Ана шундай мард инсонларни берган юрт бу. 1975 йили Яйпан қишлоғига шаҳар мақоми берилди. Яйпандан юртимиз шуҳратини етти иқлимга тарқатган олимлар, ёзувчилар, шоиру санъаткорлар, бастакорлар ва спортчилар етишиб чиқдилар, бу билан ҳақли равишда фахрланамиз.

БУВИМНИНГ ІИКОЯСИ
Эсимни таниганимдан кейин бувимга ҳар хил саволлар беравериб кўп безор қилардим, у киши кайфиятлари яхши бўлган пайтларда менинг гўдаклигим, атак-чечак қилиб юрган пайтларим ҳақида гапириб берарди. Мен уйда туғилганлигим боис, вазним қанчалигини бувим ҳам айтиб беролмаган. Аммо чеклик дояни “Қўчқордай ўғил” деган фикрларига суянадиган бўлсам, вазним 3,5-4 килограммдан кам бўлмаган бўлса ажаб эмас. Мендан олдин туғилган опам бевақт нобуд бўлганлиги сабабли мени гўдаклик вақтимдан жуда асраб-авайлашган. Мени кўчага олиб чиқиш ёки бувим билан бирор жойга меҳмонга ёинки маъракаларга боришим учун опоғдадам – Аҳмадалибойдан рухсат олинар экан. Бу масалага бошқа ҳеч ким аралаша олмаган, дерди бувим. Бир гал нозик бир жойга меҳмонга бориш лозим бўлган пайтда аксига олиб, опоғдадам Исфарада экан. Ундан рухсат сўрашнинг, меҳмонга бормасликнинг ҳам иложи йўқ. Шунда бутун масъулиятни энам (Яйпанда онани – буви, бувини – эна деб аташади) ўз бўйнига олиб бувимга мени олиб кетиш учун ижозат беради. Ўшанда чамаси бир ёшлардан ошган пайтим экан. Қайтиб келганимиздан кейин иссиғим чиқиб қайт қила бошлабман. Ҳаммамиз қўрқиб кетдик, деганди бувим, чунки рухсатсиз кетганмиз, тезда дўхтирларни чақирдик. Улар болани иссиқда кўп олиб юргансиз, ўзингиз ҳам ёқмайдиган нарса егансиз, бу кўкрак сутига таъсир қилган, деб муолажалар қилишди, икки кун деганда аранг ўзингга келгансан. Опоғдаданг икки кун уйдан чиқмай, сенинг соғайишингни кутиб ўтирган. Опоғдаданг сени кўзиккан, деб бизни роса койиган. “Дада, бормасам хафа бўлишади деб ўйладик, – десам, опоғдоданг, – э, хафа бўлиш тугул дунёнинг нариги томонига ўтиб кетмайдими. Шуларни деб Худодан сўраб олган набирамдан айрилишимга сал қолди, – деб энамизни қаттиқ уришган экан. Бечора энам опоғдадамнинг олдиларида қай аҳволга тушган экан-а?!
Хуллас, шу воқеадан кейин мени одамлар орасига олиб боришни қатъий равишда тақиқлаб қўйганликларини бувим мийиғида кулиб, айтиб берарди. Сен икки ёшга яқинлашганингда дадангни армияга оладиган бўлишди, – деб ҳикоясини давом эттирарди бувим. Опоғдаданг дадангга чақирув қоғози келганида туман военкоми (ҳарбий комиссари) билан гаплашиб олиб қоларди. Чунки опоғдаданг тумандаги ҳамма катталар билан яхши муносабатда бўлган, улар ҳам опоғдадангни Аҳмадали ака деб ҳурмат қилишарди. Ўша охирги чақирувда ҳам дадангни қолдиришни келишиб қўйган экан. Аммо армияга чақирилувчиларнинг ҳаммасини сафга тизиб: “Баъзи сабабларга кўра қуйидаги чақирилувчилар кейинги сафарга қолдирилади”, деб рўйхатни ўқишганда ўша рўйхатда дадангнинг ҳам фамилияси бўлган. Шунда бир сурбет: “Ҳар сафар бойларнинг ўғли қолдираверилар экан-да”, деб луқма ташлаган. Шунда вилоятдан келган вакил гап ким ҳақида кетаётганини военкомдан сўраган, военком бўлса, гап Аҳмедов Абдуқундуз ҳақида кетаётганини айтган. Вакил русчалаб “Нечего оставлять, отправляй!” деб буйруқ берган. Одатда армияга кетаётганлар бир қопчага нон, туршак, майиз каби егуликлар солиб, ўзлари билан олиб кетишган. Ҳар эҳтимолга қарши иссиқ кийим ҳам олиб кетишарди. Даданг эса: “Военкоматдан қайтиб келаман”, деб ўзи билан ҳеч нарса олмаган. Шу аҳволда уларни усти очиқ машинага солиб, тўппа-тўғри Қўқонга олиб бориб, хизмат жойига жўнатиб юборишган. Биз ҳеч қайсимиз даданг билан хайрлаша олмай қолганмиз. Военкомга учрашиб, опоғдаданг: “Бу қанақаси, командир” деса, у елка қисиб, “Это военная тайна” деб жавоб қайтарган. “Э, военная тайна бўлмай ўлсин”, деб тўнғиллаб уйга кириб келган. Дадангдан биринчи хат келганида уйимизда байрам бўлиб кетганди, ўшанда почтальонга беш сўм суюнчи берганимизда, у ўйинга тушиб кетган эди. Хуллас, хатдан билдикки, даданг дунёнинг бир чеккасига кетиб қолибди. Хизмат жойлари Сибирда экан, Коми Республикасида, Комининг ҳам одам боролмайдиган ўрмонлари ичида катта қамоқхона бор экан, улар ўша ердаги маҳбусларни қўриқлашаркан. Мактуб ҳам бир ой деганда аранг уйимизга етиб келарди. Дадангнинг хизматлари ҳам осон ўтмаган. Бир хатида жуда хунук воқеа юз берганини ёзган. Ўша хунук воқеа дам олиш куни уларнинг қисми ҳаммомга кирган куни рўй берган экан. Маҳбуслар уларнинг ҳаммомда эканлигидан фойдаланиб, аскарларни қуролсизлантирган. Қамоқхонани эгаллаб, уларни ҳаммомга қамаган, яхшиямки, зиён етказишмаган. Улар қисмдаги барча қуролларни олиб ўрмонга тарқалиб кетишган. Қўриқчилар ҳаммомдан бир амаллаб чиқишгач, қўшни қисмга хабар беришган. Шунда марказдан ёрдамчилар келиб, ўрмонга қочган маҳбусларнинг ярмини қамоқхонага қайтаришган, кўплари ўрмонда адашиб ҳалок бўлган, ҳамма аскарлар армияда уч йил хизмат қилишган бўлса, даданг 3 йилу 7 ой деганда аранг уйга кириб келган. Сен гўдак бўлганинг учун дадангни танимадинг. Менга яқинлашди дегунча бақириб йиғини бошлардинг. Москвадан келтирилган ширинликлар, ўйинчоқлар боис уч кундан сўнг сен даданг билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдинг. Даданг қайтиб келгач, опоғдаданг ўзининг кичик ўғли Каримжон билан бирга суннат тўйингизни ўтказишга тайёргарликни бошлаб юборди. Тўйларинг нақ уч кечаю уч кундуз бўлгани ҳамон эсимда. Ўшанда тандир қурилиб, ўттиз қоп ундан нон ёпилди, бутун маҳаллага олти марта ош, икки марта шўрва тарқатилди. Меҳмонларнинг ҳам кети узилмади. Қўшниларнинг уйида меҳмонлар учун дастурхонлар тузаб қўйилган эди. Меҳмонлар уч кун давомида опоғдадангга тўёна қилиб олтмиш олтита қўй олиб келдилар. Шулардан атиги саккизтаси қарз, эллик саккизтаси эса бизники бўлди. Чунки опоғдаданг ўз пайтида шунча қўйни бошқаларнинг тўйига тўёна қилиб олиб борган. Эсингда бўлса, сизлар тўй кунлари қаердандир етти-саккизта эшак топиб олиб, уззукун эшак миниб кийимларингни лойга белаб келар эдинглар, биз Карим аканг билан сенинг кийимларингни алмаштириб чарчаган эдик.
Одатда болалар суннат қилингандан кейин меҳмонлар улар йиғламасин деб, пул тарқатишади. Пулларингни солишинг учун мен сенга чиройли халтача-ҳамён тикиб берган эдим. Суннат қилинган кунларинг Каримжондан кўра сенга кўпроқ пул тушди. Аммо эрталаб қарасам, Каримжоннинг ҳамёни лиқ тўла, сеники эса яримлаб қолибди. Билсам, Каримжон сенга пулингни санаб бераман дебди, сен бўлсанг халтачани унинг қўлига тутқазибсан. У сендан бир ёш катта бўлгани учун кўзингни шамғалат қилиб, пулингнинг ярмини ўз ҳамёнига уриб қолган экан. Хуллас, иккала ҳамёндаги пулларни йиғиб, икковингизга бир хил велосипед олиб берилган, ўшанда икковларингнинг қувончинг ичларингга сиғмаганди. Мана шунақа гаплар, болажоним, сен опоғдадангни жуда яхши кўрардинг, ҳар куни улар билан ётаман, деб хархаша қилардинг. Баъзан дадангнинг жаҳли чиқиб, сени даст кўтариб ўрнингга ётқизиб қўярди. Сен йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолардинг.

Болалик хотираларим

Опоғдадамнинг уйи катта эди. Кўча эшикдан кирганингизда ўнг томонда меҳмонхона бор, чап томонида эса икки қаватли бино бўлиб, биринчи қавати молхона вазифасини ўтар, иккинчи қавати эса ҳар хил майда-чуйда нарсаларга тўла эди. Меҳмонхонадан сўнг ичкари ҳовли бошланарди, айнан мана шу ерда хотин-халажлар турли юмушлар билан банд бўлишарди. Ичкари ҳовлининг ўнг томонида кичик хона бўларди. Хонада ўчоқ бўлиб, унинг икки томонида токча бўларди, токчаларга худди ғишт терилгандек тезаклар тахлаб қўйиларди. Қиш кунлари айнан шу хонада сандал ўрнатилар, ҳаммамиз шу хонага йиғилар эдик. Ўчоқдаги қора қозонда шўрва қайнар, тутаб ёнаётган тезакнинг тутуни мўридан тепага ўрларди, ярми эса хонани тўлдирарди. Оёғимизни сандалга тиқиб ўтирганча тутундан кўзларимиз ёшланиб, шўрва пишишини кутардик. Ниҳоят, ҳамма тўплангач, ёш болаларнинг оёғи сандалга сиғмай ҳам қоларди, чунки ҳамма жойни катталар эгаллашарди-да. Карим акам иккаламиз, “бизга шўрванинг суви керак эмас, гўшти билан картошкасидан беринг”, деб бувимга хархаша қиламиз. Бувим эса, “гўштини кечқурун ош билан ейсизлар, ҳозир шўрванинг суви, сабзи ва шолғомидан сузиб бераман”, дерди хотиржамгина. Иккаламиз истамайгина бурнимизни торта-торта шолғом ейишга тушардик. Кичик хонанинг ёнида дахлизи билан яна бир уй бор эди. Айвонда катта сўри бўларди. Сўрининг рўпарасида ўчоқ бўлиб, бу ўчоқда ёзда овқат тайёрланар, чой қайнатиларди. Ўчоқ билан боғлиқ бир қизиқ воқеани сўзласам. Бир куни опоғдадамнинг меҳмони ташқари ҳовлидаги меҳмонхонага жойлашди. Меҳмон учун девзира гуручдан ош тайёрланадиган бўлди. Ёзги ўчоқда ошнинг зирваги билқиллаб қайнаб турибди. Энам ва бувим сўрида гаплашиб гуруч тозалашмоқда. Карим акам менга: “Кел, ошнинг зирвагига майда-майда тошлар ташлаб қўямиз, тоза томоша бўлади. Мана бу тошлар сенга, уни қозонга ташлайсан, мен эса уларни алаҳситиб тураман”, – деди. Карим акам ҳар галгидек қалтис вазифани менга юклади. Энам билан бувим алаҳсиб турганидан фойдаланиб, мен секингина қозонга яқинлашиб ёнғоқдай-ёнғоқдай йигирмага яқин тошни зирвак устига ташладим. Бувим зирвакка гуручни солиб ошни дамлади, биз интизорлик билан ош сузилишини кута бошладик. Ниҳоят, бувим лаганни кўтариб қозонга яқинлашди. Энам капгир билан қозон оғзидаги тоғорачани олиб ўчоқнинг ёнига қўйди. Капгир билан ошнинг тагини ағдараман деганида, тошларнинг шақир-шуқур овози эшитилди. Шу пайт энам:
– Вой ўлай, Бувинисо ошнинг ичи тўла тош-ку, ошга тош қаердан тушди? – деди.
Бувим бўлса:
– Буви, тош қаердан тушади, Каримжон билан Мамадали ташлаган бўлса керак, – дея жавоб қайтарди.
Энам:
– Нимага дарров Каримжон дейсиз Бувинисо, балки Мамадали ташлагандир, бир нарса бўлса дарров Карим айбдор! Худойим-ей, қариганда кўрган шу боламни тинч қўймадинглар! – деди хафа бўлгандай.
– Нимага унақа дейсиз буви, менга икковиям баравар, – деди бувим.
Сўнг энам гапни қисқа қилиб:
– Бўпти, бўпти, ошни тоғорачага солиб, тошларни териб оламиз. Бўлақолинг тезроқ, бўлмаса дадангиз теримизга сомон тиқади-я, – деди.
Биз эса бу антиқа томошани кузатиб, ерга юмалаганча мириқиб кулардик.
Энди ҳовли ҳақидаги ҳикояни сўзлашда давом этаман. Айвонга ёпишган кичкина омборхона бор. Омборда иккита катта хум турар эди. Сабзи, пиёз, ёғ, гуручлар мана шу ерда сақланар, чойхона учун ишлатиладиган чойлар ҳам омбордан жой олганди. Омборнинг ёнида менга ёқадиган бир хонали уй бўлиб, опоғдадам уни “амакимнинг уйи” дерди. Уй эски услубдаги нақшлар, кошинлар билан безатилган бўлиб, унинг ичида ҳам ўчоқ бор эди. Кеч кузги умргузаронлик шу хонада бўларди. Кузак пайтлари қоп-қоп кўсаклар шу хонада чувиларди, мен кўсак чувишни яхши кўрардим. Чунки энам ёки бувим бу пайтда албатта эртак айтиб берарди, эртак эшитиб, кўсак чувишга нима етсин?! Бу хонага ёпишган яна бир айвон бор эди, ёзда шу айвонда осмондаги ой ва юлдузларга қараб хаёл суриб ётишни яхши кўрардим. Айвоннинг ёнида бир тандир бўларди. Мен яхши кўрган нонлар, жиззали патирлар, қовоқ сомсалар айнан шу тандирда ёпилар эди. Тандирнинг ёнида бостирма (тўрт томони ёғоч билан кўтарилиб усти хашак билан ёпилган айвон) жойлашган бўлиб, унда ёз пайтида мол, қўйлар сақланарди. Ҳовлининг ўртасида эса қудуқ бор эди, мен ана шу қудуқдан узоқроқда юришга ҳаракат қилардим, чунки мени доим қудуққа ташлаб юбораман деб қўрқитишарди. Қудуқ ўз навбатида музлаткич вазифасини ҳам бажарарди. Унга ипга боғланган гўштларни осиб қўйишарди, бодрингларни қудуқнинг сувига ташлаб қўйишар, керагини пақир билан тортиб олишарди. Бир гал қўшнимиз Бўривойнинг қудуғига синглим Маҳбуба тушиб кетганди, уни қудуқдан Бўривой амаки шоти ёрдамида чиқариб олган эди. Ҳовлимизнинг орқа томонида катта чорбоғ (экин экиладиган жой) бор. Чорбоғда ишком бўлиб, унда ҳусайни, қора узумлар товланиб пишиб ётарди, куздан то қиш киргунга қадар нонуштамиз нон ва узумдан иборат бўларди. Қишда-баҳорда туршак, жийда ва майиз ейиларди. Чорбоғнинг орқасида эса катта боғ бўларди. Боғда олча, олхўри, беҳи, шафтоли ва анорлар ўсарди. Дарахтлари йўқ очиқ жойда ҳар йили деҳқончилик қилинар, маккажўхори, жўхори ва беда экиларди. Бир йили томорқага қовун экилди. Қовун полизнинг бурчагида шийпон бор эди. Пишиқчилик пайтида амаким, Карим акам ва мен шийпонда ётардик, катталар бирпасда ухлаб қолишарди. Мен қўрққанимдан ухлай олмасдим, худди қоронғилик қаъридан баҳайбат махлуқ чиқиб келаётгандай туюлаверар, аксига олиб, шу пайтда пишган қовун қарс этиб ёриларди, менинг ўтакам эса ундан баттар ёриларди. Қўрққанимдан катталарнинг пинжига янада суқилиб кириб кетардим. Эрталаб туриб жўякнинг ўртасидаги ариқчаларга қарасам, банжида бўлган қовунлар бандидан узилиб ариқчанинг ичига думалаб тушган бўларди. Сўйсанг, пичоқ солишинг билан қарс этади, тонгда катта полизда муздай қовунни иссиқ нон билан ейишдан маза нарса бўлмаса керак. Оқ шафтолиларнинг пишганлари тагига тўкиларди, бу шафтолиларни есанг мазаси оғзингда қолади, шираси тилни ёради. Нарироқда қуёш нури тушиб, товланиб ёрилган анорлар “мана мен пишдим, мени татиб кўр, Муҳаммадали, маза қиласан”, деб чорлаётгандай шамолда тебранарди. Анорнинг тагига ётиб олиб, бандидан ҳам узмай доналарини териб оғизга солиб ётишдан маза нарса борми? Хуллас, пишиқчилик даври энг яхши пайтлардан бири эди десам муболаға бўлмас.
Чойхоначининг оиласида бутун оила аъзолари, катталардан тортиб кичикларгача чойхона учун хизмат қилади – бу қонун. Аста-секин болалик даврим тугаб, мени ҳам ишларга жалб эта бошлашди. Олти ёшларимда опоғдадам бозорнинг рўпарасидаги катта чойхонанинг эгаси эди. Чойхона катта ёпиқ зал ва ташқарига қўйилган сўрилардан, ариқ устига жойлаштирилган супалардан иборат эди. Бу чойхонамизда 800-1000 та чойнак бўлиб, оддий кунлари 200-300 чойнак ишласа, якшанба кунлари 800-900 тага етарди.
Якшанба кунлари сўриларда жой қолмаса, чойхўрлар толларнинг тагига ўтириб қийиқни дастурхон қилиб ёзиб, чой ичиб кетаверишар эди. Чойни ичиб бўлгач, чойнаклар ўша ерда қолиб кетар ва уларни пайдарпай олиб келиб чойхоначига бериб туриш учун 5-7 ёшли болалар керак эди. Шундай қилиб, мен беш ёшимдан, Карим акам олти ёшидан чойхонада чойнак ташишдан иш бошладик. Бу болалар учун енгил иш деб бўлмасди. Чунки якшанба куни эрталаб роппа-роса соат 6 да чойхонада бўлиш керак. Шу бўйича соат 15 ларгача чойхонада одам гавжум бўларди. Қўлимиз қўлимизга тегмай, чойнак ташиймиз, чой дамлаётган дадам эса, “чойнак, чойнак олиб келинглар, тез-тез қимирланглар”, деб доим бир гапни қайтарарди, соат 12 ларда ҳар биримизга навбатма-навбат чой ичиб олишга рухсат бериларди. Чой ичиш учун 15-20 дақиқа, 20 тийин пул беришарди, 10 тийинга нон оласан, 10 тийинга холва, чой текин.
Дадам менга чой ичиш учун кўпроқ пул берса керак, деб ўйлардим. Ҳамма қатори менинг жажжи қўлларимга 20 тийин тутқазарди-да, “Сенга 15 дақиқа вақт, тез чой ичиб ол, сендан кейин Карим аканг, Иброҳим ҳам чой ичиб олиши керак”, дерди. Мен хўрсиниб бурнимни тортиб, чой ичгани равона бўлардим. Соат учлардан кейин чойхонада одам сийраклаша бошлар ва биз аста-секин кўрпаларни, шолчаларни йиғиштириб тахлардик, ортиқча чойнаклар ювилиб сандиқларга солинарди. Бу чойхонадаги яна бир воқеа буюк алломаларнинг чойхона деворларига осилган портретлари билан боғлиқ. Чойхона деворларида Алишер Навоий, Беруний, Ибн Сино, Фурқат, Муқимийларнинг расмлари осиғлиқ бўларди. Шуларнинг ичида менга энг ёқадигани Бобурнинг портрети эди.
Сабаби, Бобур Мирзонинг қимматбаҳо мўйнали либоси, бошидаги чиройли салла, укпар, жиғаларининг ҳаммаси киши диққатини ўзига тортарди.
Чойнак кўтариб у ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам расмга қараб анграйиб ўтардим. Бундан дадамнинг жаҳли чиқиб: “Муҳаммадали, тез-тез қимирла, намунча шу суратга анграясан, иш тугасин, кечқурун шу расмнинг тагига жой солиб бераман, эрталабгача термилиб ётаверасан”, – дерди. Ким билсин, ўшанда орадан 32 йил ўтиб, шу инсоннинг сиймосини яратиш менинг зиммамга тушишини ҳис этганмикинман. Балки ўшанда Парвардигор, “Бандам, яхшилаб қара, суратдаги зот менинг назарим тушган инсон Бобур Мирзодир, вақти келиб унга иккинчи умр бахш этиш вазифасини сенинг зиммангга юклаб, пешонангга ёзганман”, дегандир?! Орадан йиллар ўтиб, шу улуғ сиймонинг қиёфасини гавдалантириш ғойибдан келган бир кучнинг мадади ва қўллаб-қувватлаши билан насиб этганини ўйласам, юқоридаги воқеалар хаёлимдан ўтади. Буларнинг ҳаммаси ҳали олдинда. Мен 6 ёшли бола кунларимни бир маромда яшаб ўтказаётган дамлар эди. Якшанба оғир кун бўлгани учун уни унча ёқтирмасдим, аммо шанба кунини яхши кўрардим, сабаби, шанба куни ҳовлимиз ташқарисидаги меҳмонхонага турли жойлардан опоғдадамнинг меҳмонлари келарди. Меҳмонлар кечки овқатни еб бўлгач суҳбатлашиб ўтирганларида одатдагидай опоғдадам мени чақирарди. Сўнгра меҳмонларга таништириб: “Қани Муҳаммадали, меҳмонларга бирор нарса кўрсатасанми?” дерди. Мен “хўп бўлади” дердиму дўппимни ечиб бошимни кўрпачага қўйиб, икки оёғимни кўтариб деворга теккизардим. Қарсаклар янграр ва дўппим қўлдан-қўлга ўтиб унинг ичи пулларга тўлиб кетар, йиғилган “гонорар”ни олиб шу заҳоти хонани тарк этардим. Ташқарида эса мени Карим акам кутиб турар ва биргаликда пулларни “қисм” қилиб, уни сарф қилиш режасини тузардик. Музқаймоқ ейиш, кинога бориш, ўйинчоқлар сотиб олиш ва ширинликлар олиб ейиш режамиз асосини ташкил қиларди. Бир йилдан сўнг биз учун қадрдон бўлган чойхона бузиладиган бўлди, биз бозорнинг кираверишида қад кўтарган икки қаватли чойхонани олдик. Чойхона биринчи қаватда жойлашган эди, ташқарисида айвонлар бор, орқа томонда ошхона ва пиширилган овқатларни тановул қиладиган иккита мўъжаз хона бор эди. Иккинчи қават эса меҳмонхона эди. Туман маркази учун албатта чойхонанинг ўзи меҳмонхона вазифасини ҳам бажарар эди, аммо баъзи-баъзида Тошкентдан келадиган юқори мартабали меҳмонлар учун каравотлар қўйилган меҳмонхона ҳам зарур эди. Чойхонада оддий меҳмонларни биз қабул қилардик. Одатда меҳмонлар шанба куни кўп бўларди. Тожикистоннинг Воруҳидан нок, олма сотгани тожиклар келишар ва юкларини бозорнинг пештахталарига жойлаб бўлиб, чойхонага келиб чой нон, қанд-қурс билан қорин тўйғизишар ва соат 11-12 ларда уларнинг ҳар бирига биттадан кўрпача, биттадан болиш бериб, кўрсатилган хизмат учун ҳар биридан 50 тийиндан ҳақ олардик. Карим акам билан уни дадамга топшириб, чойхона ёнидаги хонага ётгани жўнардик. Аммо дадам пинакка кетиши билан бозорга йўл олардик. Пештахталарда турган қутиларни очиб олма, ноклардан олиб майкамиз ичига солардик ва яна ҳужрага келиб, эрталабгача нок, олма еб чиқардик. Эртасига тожиклардан “қутиларни кимдир очибди, меникидан олма, меникидан нок олибди” деган гап-сўзларини эшитсак ҳам, ўзимизни эшитмаганга олардик. Яна “Қаранг, амаки, қандай ноинсоф одамлар бор-а, Худодан қўрқмаслигини қаранг, ахир, нариги дунёда ҳамма нарсанинг савол-жавоби бор-ку?” – дердим. Шунда олма сотувчилар ҳам “Шуни айтгин, жиян!” деб қўйишарди. Биз ўша вақтда олма ўғирлаш гуноҳ эканини тушуниб етмагандик.
Янги чойхонага ўтганимизда мен етти ёшга тўлдим. Мактабга бориш пайти келди. Одатда бизнинг маҳалламиз борадиган 1-сонли ўрта мактабнинг учта биноси бор эди. Энг катта асосий бинода юқори синф ўқувчилари ўқирди. Ундан кичикроқ бинода ўрта синфлар, ундан-да кичикроғида эса бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олишар эди. Мактаб бир қаватли, поллари эски, қора парталар қўйилган синфлардан иборат эди. Шундай қилиб, 1959 йилнинг 1 сентябрида қўлимизда банди қоғозга ўралган, сал-пал сўлинқираган атиргулни кўтариб мактаб ҳовлисида саф тортдик, тантанали линейкадан сўнг барчамизни синфларга таклиф этишди. Ўзига ярашган кийимлар кийган, бошига чиройли рўмол ўраган ўқитувчимиз ҳаммани ўз жойига ўтқазди.
– Менинг исмим Раънохон, фамилиям Халилова. Мен сизларни ўқитувчиларингиз бўламан. Муҳаммадали, сен Аҳмадалибойнинг набиралари бўласанми? Жуда соз. Менинг дадам билан бобонг дўст, қадрдонлар. Хўш, Муҳаммадали, сен ҳам бобонгга ўхшаб машҳур чойхоначи бўласанми? – деб сўрадилар.
Мен қошларимни чимириб норози аҳволда ўқитувчимга тикилдим.
– Мен катта одам бўламан, – дедим дадиллик билан.
– Яхши, лекин чойхоначилик ҳам ёмон касб эмас, – деди ўқитувчим.
– Мен барибир катта одам бўламан, – дедим қатъий оҳангда.
Ўқитувчимиз билан биринчи мулоқотимиз шу тариқа тугади. Мактаб менга жуда ёқди, қунт билан билим олишга киришдим. Раъно опа билан яқин дўст бўлиб олдим, мен чанқоқлик билан ўқитувчимизнинг топшириқларини, уй-вазифаларини аъло даражада бажаришга ҳаракат қилардим. Синфдошларим Абдумалик, Муқимжон, Ҳайитали (Оллоҳ раҳматига олсин), Иброҳим, Мухторжон, Абдубанно, Нисориддин, Азизахон, Салимахон, Жамилахон, Холисхон, Сорахон, Қамбаржон, Рафиқжон, Мўминахон, Сотволди, Мухторали, Баҳодир, Шуҳрат, Одилжон, Анваржон, Ҳошимжон, Абдусаттор, Мавлонжон, Муҳаммадамин, Ботиржонлар ҳар доим ёдимда, эслайман, қўмсайман. Яйпанга борганда улар билан кўришамиз, мактаб давримизни, устозларни эслаймиз. Бу учрашувлар ҳар биримизга олам-олам қувонч бахш этади. Бежиз айтишмаган:

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

Мактабдан тўғри чойхонага келар, чой ичиб бўлиб, у ердаги юмушларни бажаришга киришардим. Чойхонадаги ишларни бажариб бўлгач, дарс қилишга тутинардим. Бу орада синглим Маҳбубахон туғилди. Вақт топиб унга ҳам қараш вазифаси менга юклатилди. Маҳалламизга илк бор артезиан суви келди, бу сувнинг келиши ҳам маҳаллада катта байрамга айланиб кетди. Маҳалланинг олти жойига ўрнатилган артезиан қудуғининг олди эртаю кеч бола-чақага, хотин-халажга тўла бўларди. Биринчи синфни мақтов ёрлиғи билан муваффақиятли тугатдим. Бу орада кичик амакимиз Самин ака уйланадиган бўлди. Бизнинг оиламизни опоғдадамга қарашли хонадонимиз рўпарасидаги ҳовлига кўчиришди. Бу ҳовлида грек миллатига мансуб Николай деган одам оиласи билан яшарди. Унинг Маруся исмли рафиқаси, Митя, Лена ва Марика деган фарзандлари бор эди. Николай ака ўта меҳнаткаш, одамохун эди. Биз болалар билан ҳам катта одамлардай гаплашарди. Опоғдадам билан гаплашганда соф ўзбек тилида гапиришини кўриб одамнинг ҳаваси келарди, айниқса, Фарғона шеваларини қўшиб гапиришлари одамга завқ бағишларди. Николай ака эрталаб велосипедини миниб Яйпан атрофидаги Оқмачит, Каримдевона, Нурсуҳ, Шўрқишлоқ каби қишлоқларни кезиб кимнинг нимаси таъмирталаб бўлса тузатар, пичоқ, болталарни чархлар, хуллас, нима хизмат бўлса бажариб, ким қанча хизмат ҳақи берса олар, баъзан пул ўрнига қовунми, тарвуз, узум ёки шафтоли кўтариб Яйпанга қайтиб келарди. Уларнинг оиласи жуда иноқ, тотув яшарди. Европача яшашларига жуда ҳавасим келарди. Оиланинг кичиги Марика билан қалин дўст эдим. Мариканинг тилларанг сочлари, юнонларга хос кўм-кўк кўзлари жуда чиройли эди. Биз Николай ака яшайдиган уйнинг олдида жойлашган даҳлизи бор уйга жойлашганимиздан сўнг, мен Марика билан кўп кўришадиган бўлиб қолдим. Шунда баъзан бувим: “Ҳой бола, намунча ўша сариқ сочни олдида ўралашмасанг, нима бало, меҳригиёси бор эканми? Саминжон амакингга ўхшаб иш кўрсатиб юрмагин яна!” – деб жавраб қоларди.
Бувимнинг Саминжон амаким ҳақидаги гапларининг ўз тарихи бор. Яйпанда грек миллатига мансуб кишилар жуда кўпчиликни ташкил этарди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин уларни сургун қилиб юборишган экан. Табиатан жуда киришимли бўлган бу халқ яйпанликлар билан бу ерда тез тил топишиб апоқ-чапоқ бўлиб кетишганди. Ҳатто, яйпанликлар билан аския пайровларида бўш келмаганликларини кўп бора гувоҳи бўлганман. Хуллас, ўша ижарага берилган хонадонга қўшни бўлиб тушган бир уй бор эди. Бу уй Яйпандаги ягона саноат корхонаси – пахта тозалаш заводига тегишли бўлиб, бу уйда олтита оила истиқомат қиларди. Ҳар бир оила даҳлиз ва ичкари хонага эга эди. Бу уйда яшайдиган Кира опа эсимда қолган. Бувимнинг дадалари Кира опанинг озодалигига қойил қолар ва опоғдадамга:
– Ўртоқ, Кира ҳовлидаги ерниям ювади-я, жуда озода-да, қурмағур, – деганини эслаб, бир куни шу ҳовлини кузатмоқчи бўлдим. Очиқ ҳовли ўртасида ариқ бор эди. Ариқнинг нариги чеккасига ўтириб олиб Кира опанинг эрталабки машғулотини кузата бошладим. Ҳақиқатан ҳам, унинг хонаси олдидаги бир парча ер худди асфальт ётқизилгандай ялтираб турарди. Мана Кира опа пақир ва супурги кўтариб хонадан чиқди, аввал ерга пақирдан шакароб қилиб сув сепди. Кейин уни супурги билан супуриб, сўнг латта билан ерни артиб чиқди. Мана шуни Каттам, яъни бувимнинг дадаси Кира ерни ювади деб атаган. Бу уйда Карамали ака деган турк эр-хотин ҳам яшар эди. Иккалаларининг бўйлари ҳам кичкина, жуда хушмуомала одамлар эди. Биз Карамали аканикига писта сотиб олиш учун кирардик. Яйпанда пистани зўр қовурадиган шулар эди. Уйларидан доим хушбўй ҳид анқиб турар, топ-тоза, ҳамма нарса тартибли. Хонаси келганда айтиш керакки, Яйпанда газ сув ва вафлини зўр тайёрлайдиган цехлар бор эди. Улар тайёрлайдиган газ сув ва вафлининг таъми ҳали-ҳануз оғзимда қолган, десам муболаға бўлмайди. Мактабимизда грек миллатига мансуб қоровул бўларди. У дандон қанд тайёрлар, унинг бир донаси 5 тийин турарди, мазаси жуда ширин бўлгани учун танаффус бўлди дегунча биз қоровулхонага чопардик. Греклар ва руслар борлиги учун Яйпаннинг марказий паркида рақс майдони бор эди. У ерда ҳар куни мусиқа чалинар, 17-20 ёшли қиз-йигитлар икки томонда қатор бўлиб ўтиришар, мусиқа бошланиши билан бир-бирларини рақсга таклиф этишарди. У ерга 30 тийин тўлаб кириш мумкин эди. Биз ёш болалар панжара орасидан рақсга тушаётганларни томоша қилардик, баъзида уларни масхара қилиб қочиб қолардик. Хуллас, дадамнинг кичик укаси Саминжон амаким (Оллоҳ раҳмат қилсин) рақс майдонига бориб турарди, айнан шу ерда Венера деган грек қизи билан танишиб, учрашиб юришарди. Кунларнинг бирида икки ёш тил бириктириб, Яйпандан қочиб кетишади. Уйимизда тўполон бошланиб, опоғдадамнинг фиғони фалакка чиқади. “Бу қанақаси, кимсан Аҳмадалибойнинг ўғли грек қизи билан қочиб кетса-я! Ким деган одам бўлдим, бизни шарманда қилди, оқ қиламан, кўк қиламан, бундай ўғлим йўқ”, – дея хуноб бўлади.
Бизнинг хонадондан тинчлик йўқолди, энам йиғлаган, дадам ўйчан, бувим жим, лом-мим демай юради. Охири опоғдадам дадамга қарата: “Укангни излаб топ”, дейди. Қочоқлар Фарғона шаҳрида эмиш, деган миш-мишлар тарқалгани боис дадам Фарғонага жўнаб кетди. Орадан уч кун ўтгач, қочоқ ўғил Саминжон амаким билан кириб келади. Опоғдадам бир ҳафтагача Саминжон акам билан гаплашмади. Саккизинчи куни нонушта пайти бир оғиз сўз билан койиди.
– Бетамиз, мен сендан буни кутмаган эдим! Хотинсираб қолган бўлсанг, айт, уйлантириб қўяман! Гап тамом-вассалом!!
Ўн кун деганда пастки қўриқ қишлоқдан ҳосилотнинг қизи Эргашой опа карнай-сурнайлару, тўю-томошалар билан хонадонимизга келин бўлиб тушди. Оилада навбатдаги фарзанд уйланадиган бўлса акаси албатта уйдан чиқиб кетиши одат тусига кирганди. Чунки келин бўлиб тушаётган қиз қайнонаси Тожихон аядан ҳаёт дарсини олиши лозим эди, бу анъанани ҳеч ким буза олмасди.
Аммо биз Николай акага қўшни бўлиб узоқ турмадик. Бизга атаб чорбоғнинг пастки қисмига уй солина бошланди. Уйнинг пойдевори қурилаётган пайтда қизиқ воқеа юз берди. Ўша пайтлари цемент энди пайдо бўлган, айрим одамларгина цементдан пойдевор қилишарди. Шу боис цемент билан ишлашни ҳали кўпчилик билмасди.
Хуллас, уйимизнинг пойдеворини қуйишга тайёргарлик кўриб турилганда иттифоқо кўчадан кабобпаз Тошмат тоға ўтиб қолади, унинг ўғли Қаҳҳоржон билан биз тенгқур эдик. Ўтган-кетганларнинг усталарга маслаҳат бериши яйпанликларга теккан касаллик. Қум билан цементни аралаштираётган усталарни кўриб Тошмат тоға:
– Эй, нима қиляпсизлар, ҳеч замонда қум билан цемент аралаштириладими, афандилар? – дейдилар.
– Ҳа, амаки, цементга қум қўшилмай нима қўшилади? – деб сўрайди усталар.
– Тупроқ, тупроқ қўшилади!
Усталар ҳам ўзимиздан шекилли, балки амаки ҳақдир деб, қолганига тупроқ қўшишади. Шунда опоғдадам ҳам:
– Э, бормисан, Тошмат, тупроқ деҳқончилик бўлса, бу уста занғарлар мени ҳаражатга тушириб ётибди, мошин-мошин қум олиб беринг, дейишади.
Хуллас, цементга тупроқ қўшилгани бир неча йил ўтиб ўз натижасини берди, бу хатони тўғрилаш ундан-да қимматга тушди. Аммо бу кейинги воқеа. Жадаллик билан уй кўтарилди. Уй ёнида узун айвони билан учта хона қурилди. Бир куни кечки пайт Карим акам билан қурилишни томоша қилгани бордик. Усталар кетган. Лебёдкада томга тупроқ чиқарилаётган экан. Карим акам менга:
– Кел, аввал сен мени пақирга ўтқазиб тепага чиқариб туширасан, кейин мен сени, хуллас, “катайса” қиламиз, – деди.
Мен рози бўлдим. Аввал Карим акам пақирнинг ичига иккала оёғини тиқиб ўтирди. Қўли билан эса арқонни ушлаб олган. Мен аста-секин арқонни торта бошладим. Оғирлигига қарамай, бир амаллаб бурнимни тортиб-тортиб уни том баробар кўтардим, кейин аста пастга туширдим. Карим акам инқиллаб пақирдан тушди. Кейин унинг ўрнига мен жойлашдим. Карим акам аста-секин арқонни тортиб пақирни кўтара бошлади. Уни том баробар кўтарди.
– Мазами? – деди у.
– Маза! – дедим.
– Ҳозир ундан ҳам маза бўлади, – деди.
Шу аснода Карим акам арқонни қўйиб юборса бўладими? Пақир билан ўқдай учиб келиб ерга урилдим. Урилиш зарбидан пақирдан чиқиб икки метр нарига учиб тушдим. Карим акам қўрқиб кетиб югуриб олдимга келди-да:
– Тирикмисан? – деди ранги оқариб.
– Тирикман. Аммо оёғим оғрияпти, юролмасам керак, – дедим.
Дарҳақиқат, оёғимни ерга босдиму оғриқдан кўзимдан ўт чиқиб кетай деди, додлаб юбордим. Карим акам бир амаллаб опичлаб олиб келиб айвондаги сўрига ётқизди-да, ўзи қочиб кетди. Кечқурун оёғим чиққанлиги маълум бўлди. Мени табибга олиб боришди. Табиб гаплашиб ўтириб оёғимни силаб турди-да, бир ҳаракат билан жойига солди. Мен яна додлаб юбордим.
– Бўлди, бўлди полвон, энди тойчоқдай сакраб юраверасан, – деди табиб.
Тойчоқдай югуриш ҳам бир ҳафтага чўзилди. Карим акам роса таъзирини еди. Эшитмаган гапи қолмади. Энам бир йиғлаб ҳам олди.
– Кексайганда кўрган Каримжоним доим гап эшитгани-эшитган. Бувинисо, сизни болангиз ҳам анойилардан эмас, писмиқ, шунинг учун доим Карим айбдор.
Бувим бечора индамай қўя қоларди. Қайнонага нима ҳам дея оларди. Мен сўрида уззукун ётаман. Карим акам узоқдан муштини кўрсатади. Маъноси тушунарли: “Тузалиб чиққин, кунингни кўрсатаман”, демоқчи.
Туманимизда зиёратгоҳ жойлар кўп эди. Одатда болаларни ёшлигидан бошларида кокил ўстиришар, кейинчалик шунга аталган мозорда, яъни зиёратгоҳда қўй сўйилиб, кокил олиб ташланарди. Карим акамда ҳам кокил бор эди. Кунлардан бир куни кокилни кесиш учун бутун қариндош-уруғлар жам бўлиб, кокил аталган Хўжа Пистабобо зиёратгоҳига бордик. Катталар қўйни сўйиб таом тайёрлашга киришиб кетишди. Биз болалар эса шу ерда ҳам ўзимизга машғулот, ўйин топишга киришдик. Зиёратгоҳнинг чеккароғида қатор тепаликлар бўлиб, улардан бирига қовоғарилар ин қўйган экан. Қамбар акам, Акбар акам, Карим акам менинг қўлимга узун таёқ бериб қовоғариларнинг инини тўзитасан, дейишди. Ўзлари эса тепаликларнинг рўпарасига тўнкариб қўйилган эшак араваларнинг орқасида яшириниб туришди. Мен чамаси уч-тўрт марта қовоғариларни инини тўзитиб, эсон-омон араванинг ортига бекинишга улгурдим. Катталар мени елкамга қоқиб: “Яша, баракалла, зўр экансан-ку!” деб туришибди. Мақтовдан руҳланиб қовоғари инига бешинчи марта хужум қилдим ва урра деб орқага қочдим, йўл ярмида тошга қоқилиб йиқилдим, орқамдан қувиб келаётган элликка яқин қовоғари мени чақа бошлади. Додлайман, додлайман қани катталардан бирортаси ёрдамга келса.
Кейинчалик менга бўлиб ўтган воқеани гапириб беришди. Хуллас, шовқинга катталар югуриб келишган, мени бир амаллаб арилардан қутқариб олишган. Аммо арилар мени яхшигина чақишга улгурган эди. Ўша ердагиларнинг маслаҳати билан мени зиёратгоҳдаги ҳовузга солиб, арқон билан боғлаб қўйишган. Кечга томон уйга олиб келишган. Уч кечаю уч кундуз кўзим очилмасдан ётганман. Тўртинчи кун кўзимни ғира-шира очганимда тепамда йиғлаб ўтирган бувимни кўрдим. Очиғи, дорулбақога рихлат этишимга бир бахя қолган эди ўшанда.
Энамиз Тожихон ая асли Оқмачит қишлоғидан эди, қишлоқ Яйпандан 3-4 километр узоқликда бўлиб, баъзи кунлари ўйнаб келамиз деб Карим акам билан Оқмачитга жўнаб қолардик. У ердаги қариндошларни жуда яхши кўрардим. Улар ҳам бизни очиқ юз билан кутиб олишар, мева-чевага роса тўярдик. Узум, шафтоли, анжирлар роса кўп бўларди, меъёрини билмай баъзан бўкиб ҳам қолардик. Энамнинг бир жиянининг уйида ғоз, ўрдаклар бўларди. Уларни ариқда ғағалатиб қувардик. Уларнинг олдимизга тушиб қочиши бизга завқ берарди. Энамнинг жиянининг айтишича, биз кетгандан кейин уч-тўрт кун ғозу ўрдаклар ўзига келолмай юрар, ҳатто тухум ҳам қилмай қўяркан.
Яйпандан тўрт-беш чақирим нарида Туюл қишлоғи бор. У ерда опоғдадамнинг опалари истиқомат қиларди. У кишининг қизлари Каромат опанинг Исмоил деган ўғли биз билан тенгмўйса эди. Опалари эски кулбада яшарди, унинг шифтига беҳи, анорлар осилган бўларди. Биз шу кулбада ётиб, шифтга термилиб сап-сариқ беҳи, анорларни томоша қилиб ётардик. Мўъжазгина ўчоқда олов ёниб турар, қумғонда биқир-биқир қилиб сув қайнарди. Эрталаб сандал атрофига жам бўлиб нонушта қилардик, ўчоқда иситилган нон, туршак, майиз, ёнғоқ билан маза қилиб олма чой ичардик. Ташқарида эса паға-паға қор ёғарди.
Баҳорда кулбадан ёзги далаҳовлига кўчиларди. Далаҳовли катта ёнғоқ, ўрик дарахтлари ва катта майдонни эгаллаган узумзордан иборат эди. Ўрикнинг тагида лойдан супа қурилган бўлиб, бизга ўша ерга қатор қилиб жой солиб беришарди. Эрталаб шундоқ супани ёнида оқаётган ариқдаги сувнинг шилдирашидан уйғониб кетардик. Туриб икки томони ялпиз билан қопланган ариқдаги сувда юзимизни ювиб, узумзорга чопардик. Узумлар паст қилиб кўтарилгани учун бўйимиз етарди, ҳусайни узумдан узиб олиб келиб ариқдаги сувда ювиб ейишга тутинардик. Ҳозир телевизорда баъзан “Қишлоқда яшаш маза!” деган ижтимоий рекламани кўрсам, болаликдаги қишлоқда ўтган хотираларим кўз ўнгимда яна қайтадан жонланади.
Қишлоғимизда мен яхши кўрадиган яна бир хонадон Шафтоли энамнинг хонадонлари эди. Улар эски шоҳбекат ёнидаги мўъжаз ҳовлида истиқомат қилишарди. Энамни Арзинисо исмли қизлари ва Одилжон исмли набиралари бор эди. Уларга “Шафтоли эна” деган исмни мен қўйган эканман. Энамиз жуда меҳрибон, меҳмондўст эдилар. Бутун Яйпанга донғи кетган чевар бўлиб чопон тикиш билан шуғулланар эди.
Июнь ойида уйимиз битди. Тўғрироғи, бир уй, бир даҳлизи битди. Яшаса бўлади, қолганини секин битириб оласизлар дейишди. Шу пайтгача дадам чойхонада ишларди. Топган-тутганларини ҳар куни кечқурун опоғдадамга топширарди. Чунки хонадоннинг рўзғори опоғдадам томонидан бутланади. Дадам пайти келиб катта ўғил сифатида рўзғорини бошқа қилиб қўйишларини биларди. Баъзилар эса дадамга: “Уйингизни бўлак қилганларида дадангиз, мол-ҳол, қўй, товуқ дегандай, ун, гуруч, ёғ хуллас, рўзғорингизни бутлаб берадилар”, дегани учун дадам чойхонанинг бор пулини опоғдадамга бериб, қолганига бемалол улфатчилик қилиб юраверган. Хуллас, Николай билан қўшничилигимиз тугаб, уйга кўчадиган кунимиз етиб келди. Опоғдадам, Сотиболди амаким ва имом келиб тайёрланган паловни тановул қилишди. Сўнгра Қуръон тиловат қилиниб дуога қўл очилди. Шу бўйича дадам, бувим, мен ва Маҳбуба синглим янги уйда қолдик. Бизга ажратилган нарсалар бир қоп ун, ўн килограмм девзира гуруч, ўн литр ёғ ҳамда сабзи, пиёз, тўрт кило гўшт эди. Мол, қўй, товуқлардан эса асар ҳам йўқ. Дадамнинг чўнтагидаги 50 сўм пул бир ҳафтада тугади. Гап шундаки, чойхонада дадамни ўрнига энди Саминжон акам ишлай бошлаган, дадам энди ўзига бошқа иш топиши керак эди. Ўрта мактабни битириб, институтга кираман деганида, опоғдадам: “Институтда нима бор, чумакни бура, ана ҳамма домлалар чойхонага чиқиб ош қилишади, ҳисоб-китобга келганда доим жанжал, сени еганинг олдингда, емаганинг кетингда бўлса, яна нима керак”, деган экан. Энди эса дадам бир ҳафта нима қилишини билмай юрди. Охири бувимнинг қистови билан завод директорининг қабулига борди. Директор қўқонлик Мингбоев деган баланд бўйли, чиройли одам эди. Директор дадамни оддий ишчи қилиб олишга рози бўлибди. Дадам хурсанд бўлиб келди. Яхши хабар учун ош дамланди. Эрталаб дадам ишга чиқиб кетди. Биз ҳам энди нимадир қилишимиз керак эди. Дадам бир ойда оладиган 70 сўм пул нимага ҳам етарди. Бувим менга: “Нон қиламиз, сен сотасан”, деди. Аввалига нонлар жуда беўхшов чиқиб бозорда сотилиши қийин бўлди. Ундан кейин бозорнинг ўзига яраша луччаклари бор эди. Улар унча-мунча одамга нон сотишга йўл бермасди. Ҳозир буни қисқа қилиб “мафия” дейишади. Тоживой бақироқ деган амаки бўларди. Саватда нонни олиб келиб устини очиб ташларди-да, “Келинглар, сутга эмас, қаймоққа қорилган, эрталаб хамирга сув қуяман деб, бир пақир сутни қуйиб юборибди хотиним, олиб қолинг!” – деб бақираверарди. Хуллас, нон сотишнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги борлигига қарамай, тезда унинг ҳавосини олдим. Қиш куни эрталаб соат беш, бошимда сават, саватда саксонта нон. Ҳаммаёқ қалин қор, уйдан юз метрча узоқлашиб, заводнинг чойхонаси рўпарасида Тойир аканинг уйи олдида сават қийшайиб бошимдан тушиб кетиб нонлар сочилиб кетди. Сочилган нонларни териб саватга солдим, дастурхон билан ўрадим. Кўтараман десам кучим етмайди, кўчадан бирортаси ўтиб қолармикан десам, аксига олиб ҳеч ким йўқ, уч-тўрт уриндим эплолмадим, хўрлигим келиб, ўтириб роса йиғладим. Ўрнимдан яна туриб, саватнинг бир томонини деворга тираб, бир амаллаб бошимга қўйиб олдим. Табиийки, уйга одатдагидан кечроқ қайтдим, бувим яна уч тандир нонни ёпиб қўйиб, хавотир бўлиб мени кутиб ўтирган экан.
– Намунча кечикдинг болам, мана уч тандир нон, совиб қолаёзди, – деди бувим.
– Нима қилай, сават бошимдан тушиб кетди, кўтаришга кучим етмади, ёш бўлсам, намунча эзаверасизлар мени, бошқаларга ўхшаб тўйиб ухлай олмасам, соат тўртда турғазасиз, нон сотиб бўлгандан кейин чойхона, кейин укаларингга қара, нимага келганман ўзи бу ёруғ дунёга?! – дедим-да, ҳўнграб йиғлаб юбордим. Менга қўшилиб бувим ҳам йиғлади.
– Нима қилайлик, болам, дадангнинг топган ойлиги бизга нима бўлади? Еб ётганга тоғ ҳам чидамайди, дейишади. Қимирламасак оч қоламиз болам, бир товуққа ҳам дон, ҳам сув деганларидек, устимизга кийим, уйга у бу нарса олиш керак.
Хуллас, бувим мени юпатиб яна бошимга саксонта нонни қўйиб, бозорга жўнатди.
Тез орада оҳимиз Худога етдими, дадамни Қўқонга қисқа курсларга ўқишга жўнатишди. Бир ой ўқиб товаршунос бўлди, яъни пахта тозалаш заводида пахта қабул қилади. Биз эса куз ойлари мактаб ёпилиб пахта теримига чиқамиз, ноябрь ойида далада пахта қолмайди ҳисоб, баъзан заводнинг девори пастлигидан фойдаланиб, ошиб тушиб, пахта пунктидан пахта ўғирлаймиз. Кечалари йўлга чиқиб пахта олиб келаётган прицепларга тирмашиб чиқамиз-да, пахтани қопга тиқиб пастга ирғитамиз, уни пастдаги ўртоғимиз олиб йўл четига қочади. Хуллас, нима қилиб бўлса ҳам, пахта масаласини ҳал қилишга интиламиз. Баъзан дадам кечки пайт уйга келиб овқатланиб ўтирганида гапдан гап чиқиб, гапириб қолади.
– Бугун болалар яна заводга кириб пахтадан ўғирлашибди, охирида ишқилиб камомад чиқмаса гўргайди, – дер эди.
Мен миқ этмай ўтираверардим. Чунки у пахта дадамга тегишли эканини билмасдим.
Бу орада кўпайишдик, яна бир синглим Маъмурахон туғилди. Дадам ишлаяпти, биз баҳоли қудрат бувим билан ёрдам беряпмиз. Маҳбубахон ҳам менга нон сотишга аста-секин ёрдамчи бўлиб қолди. Маъмура катта бўляпти. Ана шундай бахтиёр оилани кўз олдингизга келтиринг.
1965 йилда кутилмаганда оиламизда бахтсизлик рўй берди. Мен олтинчи синф ўқувчиси эдим. Октябрь ойининг бошлари эди. Ўрта синф ўқувчилари таҳсил оладиган чорраҳанинг нариги томонидаги бинода ўқиймиз. Катта танаффусда чорраҳанинг бу томонида жойлашган машиналар турар жойи ёнидаги чойхонага чой ичгани чиқдик. У пайтларда мактабда ошхона у ёқда турсин, ҳатто буфет ҳам йўқ эди. Чойни ичиб бўлиб мактабга чопиб кетаётганимда Абдували деган танишимиз тўхтатиб:
– Муҳаммадали, дадангни мазаси қочдими? – деб сўради.
– Йўқ. Эрталаб мендан олдин ишга кетдилар.
– Шунақа дегин, ҳа майли, бор, дарсингга кечикма.
Мен ҳеч нарсани ўйламай дарсга чопдим. Мактабдан чиқиб ҳар галгидай тўғри уйга жўнадим. Ҳаммаёқ очиқ, бувим йўқ, сингилларим ҳам кўринмайди. Чой қўйдим, қайнагунча китоб варақлаб ўтирдим. Шу пайт ҳовлиқиб тўғридаги қўшнимиз Исроил тоға кириб келди:
– Ҳой бола, нима қилиб ўтирибсан?
– Нима қилишим керак?
– Касалхонага чоп, дадангни ўша ёққа олиб кетишибди. Ишхонада мазаси қочиб қолибди.
Оёғимни қўлимга олиб касалхонага чопиб кетдим. Опоғдадам, энам, хуллас, ҳамма ўша ерда экан. Опоғдадамнинг ҳурматларини қилиб, бош шифокор Жалолиддин Насриддинов алоҳида хона ажратиб берибди. Хонага кирсам, дадам кўзлари юмуқ, каравотда ётибди. Ҳамманинг кўзида ёш, секин опоғдадамнинг пинжига тиқилдим. Опоғдадам мени қучоқлаб олди. Кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди.
– Бўлди, бўлди, болам, ўзингни бос, йиғлама, ҳаммаси яхши, Худойим меҳрибон, дадангни қайтариб берди, ма, мана бу рўмол билан кўзёшларингни арт, болам.
Ўпкам тўлиб ҳеч ўзимни тўхтата олмасдим. Ёнимга бувим келиб қўлимдан ушлаб ташқарига олиб чиқди. Тераклар тагидаги ёғоч ўриндиққа ўтирдик, бувим бўлган воқеани гапириб берди.
Одатда куз завод товароведлари учун энг оғир давр ҳисобланади. Пахта заводига тўрт томондан пахта юкланган тележка тиркалган тракторлар турнақатор бўлиб келади, баъзан уларнинг узунлиги 4-5 километрни ташкил этади. Товароведлар туну кун тинмай пахта қабул қилишади. Уларнинг хонасида райком вакили ҳам ўтиради. Тележкадаги пахтанинг ҳўл ва қуруқлиги текширилгач, пахта ё қабул қилинади ёки йўқ. Лекин кеч кузда аксарият ҳолларда тележкадаги пахтанинг қуруқлиги талабга жавоб бермайди, райком вакили товароведга қабул қиласан, деб туриб олади. Ўша машъум кун дадам бир тележкани қайтармоқчи бўлади, пахта ҳўл экан.
– Нега қайтаряпсиз, Абдуқундуз? – сўради вакил.
– Қуруқлиги нормада эмас, қабул қилолмайман.
– Сиз Ўзбекистон райони фуқаросимисиз?
– Ҳа, шу район фуқаросиман.
– Унда районни эрта-индин режани бажаришига қаршимисиз?
– Йўқ, район режани бажарсин деб йигирма тўрт соатлаб ишлаяпмиз.
– Унда қайтарманг, қабул қилинг!
– Йўқ, жуда ҳўл пахта экан, кейинчалик қизиб ёниб кетади, 50-60 тонна пахта нобуд бўлади. Мен жавобгар бўлиб қоламан.
– Аввал ёнсин, жавобгар бўлинг, кейин кўрамиз.
– Унда кеч бўлади.
– Нима, сен партиянинг сиёсатига қаршимисан?!
– Йўқ, қаршимасман, аммо партия “Товаровед ҳўл пахтани қабул қилсин” демаган!
– Тилинг бурро-ку, бу қилмишинг учун бюрода жавоб берасан, – дея вакил телефонга ёпишади.
Қаттиқ асабийлашиш натижасида дадамнинг қон босими кўтарилиб, ўтирган жойидан полга йиқилади. Унинг ҳамкасбларидан бири вакилнинг қўлидан телефонни юлиб олиб, “Единг-ку одамни” дея “Тез ёрдамга” қўнғироқ қилади. “Тез ёрдам” етиб келиб, дадамни олиб кетади. Бирпасда опоғдадам, бувим, энамга хабар етади. Бор гап шу.
Эртасига “Абдуқундуз оламдан ўтибди”, деган гап тарқалди. Қишлоқлардан қариндошлар чопон ва дўппи кийиб, хонадонимизга кела бошладилар. Кейин кечирим сўраб, шоша-пиша таъзия кийимларини ечишади. Дадам қирқ кун деганда, кўзини очди. Опоғдадам, энам ва бувим қирқ кун давомида дадамнинг ёнида бўлди. Уй ўзимга қолиб кетди. У пайтнинг одамлари ҳам бошқа, меҳр-оқибат ҳам бошқача эди… Каталакдай ҳовлига 15-20 та одам сиғиб кетаверарди. Дарҳақиқат, кўнгил кенг бўлиши керак экан. Энг ёмони – дадамнинг чап томони фалаж бўлиб қолган эди. Оёқ қимир этмасди. Жалолиддин аканинг айтишича, миядаги қон томири ёрилиб бир томчи қон мияга томган, агар уч томчи бўлса фожиа юз бериши мумкин экан, Худойимнинг меҳрибонлигини қаранг.
Абдуваҳоб деган қариндошимизнинг қайнотаси Степан деган машҳур невропатолог экан, Степан ўз вақтида Сталинга қараган шифокорлардан бўлиб, унинг вафотидан сўнг барча шифокорлар турли ҳудудларга сургун қилинган экан, бизнинг бахтимизга унинг чеки Фарғонага тушади. Хуллас, Абдуваҳоб ака Степанни икки марта кичик самолётда Яйпанга олиб келди. У бир келганда дадамнинг қўли ишлаб кетишига ёрдам берди. Иккинчи келганда эса кичкина олтин болғачаси билан оёқларини юргизиб юборди. Ниҳоят, олтмиш кун деганда дадамга жавоб беришди. Ҳамма хурсанд, хонадонда тўй. Аммо бир ҳафта ўтмай, дадам сариқ касал бўлиб, яна касалхонага тушди. Яна бир ой даволаниб, уйга қайтди. Айни навқирон даврида дадам бечора биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Аммо Яратгандан уни бизга қайтариб бергани учун минг бора миннатдор эдик. Бувим мени олдига ўтқазиб шундай насиҳат қилди:
– Болам, ишонганим энди сенсан. Даданг ногирон бўлиб қолди, Худога шукрки, у тирик. Аммо энди ишламайдилар. Ногиронлиги учун 65 сўм пул берилар экан. Оиламиз ҳам беш киши. Энди кўпроқ нон ёпишимиз керак. Сен мени тирговчимсан, жон болам, сингилларинг ёш, оғирликка тайёр бўлиб тур, болам.
– Хўп бўлади бувижон, нима десангиз шуни қиламан, дадажоним омон қолдилар-ку, шунисига шукр, – дедим йиғлаб.
Бувим мени бағрига босиб йиғлади. Бизни кўриб Маҳбуба ва Маъмура ҳам йиғлай бошлашди. Бувим дарров ҳаммамизни тинчлантирди:
– Жим бўлинглар, дадангиз эшитиб қолади.
Ҳаммамиз жим бўлдик. Шу кундан бошлаб, турмуш тарзимиз тамоман ўзгарди. Уйдаги барча эркак бажариши лозим бўлган ишлар менинг, 13 яшар боланинг елкасига тушди. Айниқса, 20-30 қоп ун олиб келиб, хонадонга олиб кириб жойлаштираётган пайтда қийналардим. Унни Абдулҳафиз ака машинадан елкамга юклаб берар, мен уни новвойхонага олиб бориб туширар эдим. Етмиш килолик қопни елкамга қўйганда назаримда белим майишиб кетгандай туюлар, аммо орият кучли, чидардим. Дадам ҳам аста-секин енгилроқ ишларга қараша бошлади. Кейинчалик тандирга ўт қўйиб, уни оқартириш бутунлай дадамнинг зиммасига тушди. Туманда катта тадбир режалаштирилган эди. Бир куни мактабимизга бир киши келди, айтишларича, райком комсомолдан экан, фамилияси Зумратов. Хуллас, у тадбирга театрлашган томоша тайёрлашини айтди. Томошанинг ўзаги “Абдулла Набиев” пьесасидан лавҳа бўлиши керак экан. Абдулла Набиев ролига танлов эълон қилинди. Бу тадбирда, назаримда, 50-60 одам қатнашди. Кутилмаганда ролга мен тасдиқландим. Менимча, бунга бир сабаб бор эди. Кичик амаким Йигитали ака 1966 йили Яйпандаги ягона китоб магазинига мудир қилиб тайинланди. Бизнинг оилада ўқиган одам шу амаким эди. Мактабни битиргач, опоғдадамдан зўрға рухсат олиб Фарғона савдо техникумига кириб ўқиган. Табиийки, мени ўз-ўзидан китоб дўконига тортиб кетаверарди. Чунки китобни жон-дилимдан яхши кўрардим, эртаклар, афсоналар, саёҳат, қароқчилар ҳақидаги китоблар жону дилим эди. Энг севган китобим Даниэль Дефонинг “Робинзон Крузо” асари эди, уни деярли ёддан билардим. Ҳатто унга тақлид қилиб қиш пайтлари саёҳатга ҳам чиққанман. Кичкина халтачага нон, майиз, ёнғоқ ва шишада сув олиб Яйпандан икки-уч километр узоқлашиб кетардим. Қиш пайти туман, туман ичида шудгорлаб қўйилган далалар ва тут дарахтининг танаси қандайдир сирли, қўрқинчли бўлиб туюларди. Мен қулайроқ жойга ўтириб нафас ростлардим, кейин тушлик қилиб бугунча етади, эртага саёҳатни шу ердан давом эттирамиз, балки Жумавойни ҳам топармиз, деб орқага қайтардим. Хуллас, китоб “жинниси” эдим. Бундан Йигитали амаким усталик билан фойдаланиб, менга топшириқ берарди. Мана бу ерда ўн минг дона дафтар бор, шуларни омборхонага тахлайсан, кейин китоб бераман, ўқиб бўлиб эртага олиб келасан, дер эди. Ҳаммасига рози бўлардим. Адабиётдаги янгиликлардан жуда яхши хабардор эдим. Айнан мени танлаб олганларининг сабаби ҳам шудир, эҳтимол.
Репетициялар бошланди. Абдулла Набиевнинг сўроқ саҳнаси эди, уни отиб ўлдиришгач, саҳна қоронғиликка чўмарди-да, саҳнада яна Набиев пайдо бўларди, у елкасига тўн ташлаб, шоир Эркин Воҳидов қаламига мансуб монологни ижро этарди. Ҳозирги кунда профессионал актёр нуқтаи назаридан қараганда ҳам, ўша композиция анча бақувват бўлган экан. Тадбир куни ҳаммаси яхши ўтди. Олқишлар, табриклар, гуллар. Ўшанда юрагимда илк бор актёрликка ҳавас уйғонди. Кайфиятим чоғ, уйга қайтдим. Уйга киришим билан бувим:
– Дадангнинг оқ кўйлагини кўрмадингми? – дея сўроққа тутди.
– Мен олувдим, лекин энди уни кийиб бўлмайди, – дедим мен.
– Нега?
– Мен спектакль учун уни йиртиб, қизил бўёққа бўядим, – дедим.
– Бир оғиз сўрасанг бўлмайдими, энди дадангдан балога қоламиз, – деди бувим.
Дадам гапимизни эшитиб турган экан.
– Қўлингдан иш келиб қачон ойлик оласан-у, менга битта кўйлак олиб бероладиган бўласан, – деди.
Мен индамадим, лекин ичимда биринчи маошимдан дадамга албатта, ўнта кўйлак олиб бераман, деб аҳд қилдим.
Мактаб охирлаб қолди. “Ким бўлсам экан?” деган савол кўндаланг бўлди, уйдагиларнинг фикри бўйича мен албатта, ўқитувчи бўлишим керак, бундан яхши касб йўқ. Хуллас, Тошкентга бориб Хайри холамникида яшаб, ўқитувчиликка ҳужжат топширадиган бўлдим.

Муҳаммадали
АБДУҚУНДУЗОВ