Ҳикоя

I

Эркак уйига эрта қайтди. Уловдан тушибоқ, нимқоронғи холл бўйлаб иш кабинети томон шошди. Қўлини кўтариб, унга бир нима демоқчи бўлган котибасига эъти­бор бермай стулига ўтирди. Чунки столда ётган мактубнинг биринчи сўзларини ўқишга улгурган эди: “Стаффоршайр, Файф тоунс…” Мактубнинг “Қаердан” сўзига ҳам, “Қаерга” сўзига ҳам бир хил манзил кўрсатилганди. Унинг фикри-хаёли шунда эди. Катта столида ўтирганча, бесабрлик билан хатни ўқишга тутинди. Кейин бирдан ёнида турган олтинранг ақиқ сиёҳдонга тикилиб қолди. Сиёҳдонни Уэлс қироли ва қироличаси эркакнинг бахт тўйига совға қилишганди. Конверт чала-чулпа ёпиштирилганидан эркакнинг асабий титраётган бармоқлари уни тезда очди.
“Қадрли Клоуд, ниҳоят алвидо айтиш фурсати етди…” Эркак ўқишдан тўхтади. Кўксини қўрқув билан чангаллади, шифокорнинг “дарҳол операция қилишимиз лозим”, деган гапини эслади. Ҳаяжон билан тўртинчи варақнинг сўнгидаги имзога назар ташлади: “Чин юракдан, Гертруда”.
Эшикдан котиба мўралади.
– Мен бир-иккита шахсий мактуб ёзишим керак, – деди эркак унга қараб. – Мени ёлғиз қолдир, керак бўлсанг қўнғироқ қиламан.
– Хўп, жаноб. Плашингизни илиб қўяйми?
– Йўқ, шарт эмас.
Ходима эҳтиёткорлик билан эшикни ёпди.
“…фурсати етди. Ортиқ чидай олмайман. Клоуд, мен Италияга кетаяпман. Флоренциядаги виллада яшайман, мени безовта қилмайсан деб умид қиламан. Дўстларимизга ўзинг маълум қиларсан. Аввал Бергревларга айтишдан бошла. Ишонаманки, улар мени тушунишади, энг тўғри йўл – шу…”
Эркакнинг назарида хат ажрашиш ҳақидаги аризага ўхшаб кетди, вужудида оғриқ сезди.
“Бир-икки кунда бундан ҳамма хабар топади, лекин яна бир неча кундан кейин можарони унутиб юборишади. Сенга бор гапни тўлиқ тушунтириб беролмайман. Қисқаси, биз бир-биримизга мос эмасмиз, Клоуд. Ўн йиллик турмушимиз буни исботлади, аслида олти-етти йил олдин тушунгандим буни. Ўтган йиллар ичида сен ҳаётимга нуқта қўймоқчи бўлдинг, мени ўлдирдинг…”
“Уни ўлдирдим?!” Эркак ҳайрат ва айбсизлик ҳисси билан шивирлади.
“Сен ўз ҳаётинг билан яшар эдинг. Мен-чи, мени ким ўйлайди? Охирги беш йил ичида мен жуда кексайдим, яшашга кучим қолмади. Сабрим ҳам тугади. Мен бу жирканч Файф тоунсда ортиқ яшолмайман”.
Эркак уни бир неча марта Адлей кўчасида яшашга ундаган. Лекин уни Стаффоршайрда умрбод қолишга мажбур қилмаганди-ку!
“Сен билан ҳам яшолмайман. Бу – аччиқ ҳақиқат. Сен менинг асабларимни адо қилдинг, ўзингнинг шошма-шошарлигинг, жиддийлигинг билан адо қилдинг. Эсиз асабларим! Сен эса буни тушунмадинг, чунки жуда банд эдинг. Мени ясама севгига қаноат қилиб яшай олади, деб ўйладинг, тўғрими? Сен доимо банд бўладиган сиёсий тушлик ва диний нонушталар аро…”
Эркак сесканиб кетди. “Йўқ” деди кейин лабини тишларкан, ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб.
“Сенга азоб бераяпман. Мен жоҳилман. Мени кечириб бўлмайди! Одамлар ҳозир индашмайди. Ўтмишда аёллар қандай соддадил бўлишган, эҳ… Буни биламан. Лекин сенга айтишга мажбур эдим. Сен ўта жиддий одамсан, Клоуд, мен эса ундай эмасман. Шундай туғилганмиз. Сен мендан яхшироқсан, ёки мен сендан яхшиман, демоқчимасман. Биз шунчаки бири-бирига ўхшамаган икки оламмиз, холос. Бахтсизлигимиз шундаки, сен мени тушунолмайсан, бунга уқувинг йўқ. Ҳар ҳолда, бугун эрталабки воқеадан сўнг…”
Воқеа? Қайси воқеани айтаяпти? Эркак ҳеч нимани эслай олмади. Фақат хотинига: “Хатларни ўқиётганимда халақит берма”, дегани эсида. Лекин мулойим гапирганди-ку. Шунда хотини столдан туриб кетди. Эркак у нонушта қилиб бўлганини учун туриб кетди, деб ўйлаганди.
“…тушундимки… умуман, бугундан бошлаб сени бошқа безовта қилмасликка аҳд қилдим.”
Ҳа, демак, ўша воқеага экан. “Бунчаям ёш болага ўхшайди-я?” – деб ўйлади эркак.
“…Хайр. Сен ҳалол, виждонли, тўғрисўз ва жуда ақлли одамсан, ҳаётда ҳали кўп яхши ишлар қилишингга ишонаман. Бироқ ортиқ даражада масъулиятлисан. Сенга осон бўлиши учун бир иш қилдим – хотинингдан халос этдим. Энди сен менга муҳтож эмассан. Сенга фақат бир қўғирчоқ керак, у билан ҳар куни “хайрли тонг, азизим” ва “хайрли тун, ёлғизим” дейиш учунгина яшайсан. Мен сенсиз яшай оламанми, деб ўзимга савол бердим. Қисқаси, ўйлай-ўйлай ҳаммаси тугади, дейиш учун мактуб ёзишга киришдим. Энди истаганингни қил. Мен озодман. Сенга омад ва яна кўп яхши тилаклар билдираман. Тўғри иш қилаётганимга ишонганим учун шу мактубни қолдираяпман.
Чин юракдан, Гертруда”.
Қоғозлар эркакнинг қўлидан тушиб кетди, лекин у дарҳол варақларни йиғиб олди-да, қайта ўқиб чиқди. Сўнг одатий эҳтиёткорлиги билан мактубни яна конвертга жойлади. Ғайришуурий бир ҳолда уни қайта елимлади ва конвертни сиёҳдонга тираб қўйди. Кейин унинг “Қаерга” деб ёзилган ерига тикилиб ўтираверди: “Ҳурматли жаноб Клоуд Малпасга”. Аёл унинг исмини катта-катта ҳарфлар билан ёзганди. Худди аччиқ қилгандек. Ҳатто хат четига “шахсий” деб ёзишни ҳам лозим топмабди.
Эркакнинг боши айланиб йиқилаёзди…
Охири ўзини қўлга олиб, дераза томон юрди. Уйи юқори қаватда жойлашганидан Файф тоунснинг ҳар бир бурчагигача бемалол томоша қилса бўларди. Уни одамлар катта ер эгаси, тўрт минг ишчининг бошқарувчиси, еттита кўмир ва иккита темир конининг соҳиби, юксак эътиқодли шахс, Кнайпнинг майори, Футбол ассоциацияси президенти, умуман қисқача қилиб, Сир Клоуд деб аташар эди.
Клоуд деразадан ташқарига умид билан тикилди. Бугунги можаро! Эркак бармоқларини қисирлатиб қўйди. Гертруда уни ташлаб кетди! Клоуд унинг ҳаётини барбод қилганмиш. Наҳотки, шундай қилган бўлса? Балки… чиндан ҳам хотинига етарлича вақт ажратмагандир… Аёллар, айниқса, Гертрудага ўхшаганлар таъсирчан, сипо бўлишади, бироқ бирдан “портлашади”.
У нафасини ростлаб, кийиниш хонасига кирди-да, диванга чўкди.
Аёли сабрли эди – эркак буни яхши билади. Турмушларининг илк ойлари қандай масрур, орзуларга тўла дамлар эди-я! Энди-чи?
Эркак ўз кабинетидан келаётган қадам товушларига қулоқ тутди. Иш кабинети ва кийиниш хонаси орасидаги эшик қия очиқ эди. Эркак аста назар ташлади: Гертруда! Қайтиб келибди. Нега?
…Аёл кабинетга киргач, аста столга яқинлашди ва унга беҳол суянди. Стол устини тимирскилаб, ўзининг хатини топди. “Демак, ҳали ўқимабди”, – ўйлади у тин олиб.
Эркак бўғилиб кетди-ю, беихтиёр йўталиб юборди.
– Ким бор бу ерда? – аёл хавотирланиб сўради. – Бу сенми, Клоуд?
– Ҳа, – деди эркак енгил нафас оларкан.
– Қайтишингга ҳали эрта эди-ку!
– Мазам қочди, чарчабман, шунга қайтиб келдим. Бироз дам олмоқчийдим. Бош оғриғимга бирор нима қилолмайсанми? Ё таътил олсаммикин?
Эркак унинг хатни яшириб, ўзининг кийиниш хонасига кириб кетишини кузатиб қолди.
– Оҳ, бечора Клоуд! – дерди аёл унинг пешонасини уқаларкан.
Эркак Гертруданинг сафарга чиққанда киядиган либосига қараб қўйди.
– Биз саёҳатга чиқишимиз керак, – деди Клоуд шикаста товушда.
Аёлининг пешонасини силаб ўтиришидан эркак бугунги можарони унутгандек бўлди. Гўё у оғир ва туганмас касалликдан уйғонгандек, ўзини тетик ҳис этди.

II

– Энди ҳаммаси яхши бўлади, дегин? – сўради Лорд Бергрев ўша куни кечки таомдан сўнг. – Қайтиб келибди-да?
Лорд Бергрев Гертруданинг жияни эди. У дам олиш кунлари хотини билан Шорашайрдан Клоудларнинг уйига меҳмон бўлиб келарди. Эркаклар чекиш хонасида гаплашиб ўтирардилар. Лорднинг сочлари кулранг, юзи тўртбурчак, ўзи анча ёш кўринарди.
– Ҳа, Гарри, шунақа бўлди. Сезганингдек, мен хатни ўз ўрнига қўйгандим, у қайтиб келганда мактубнинг очилганини сезмади.
– Ўзини ҳеч нима бўлмагандек тутгани яхши бўлибди, – деди Лорд вискидан ҳўплар экан. – Овқатланаётганда орангизда бир гап ўтганини сезгандим. Лекин… бу сен сабаблими, деб ўйлабман. Аслида ундан ўтган экан-да…
Клоуд унга гина билан қараб қўйди.
– Мен ҳатто касал бўлиб қолдим. Яхшиямки, у қайтиб келди.
– Энг яхшиси, сизлар бирор ерга бориб дам олиб қайтинглар. Сир бой берма, бир неча кунга кетамиз, де. Кейин дам олишни яна бирозга чўзарсан. Ахир у Италияга кетаман, деган экан-ку. Ана, Италияга жўнанглар. Олти ой менимча, етарли.
– Ишим нима бўлади?
– Ҳеч қанақа иш йўқ бу ерда! – Лорднинг жаҳли чиқди. – Файф тоунс менсиз кунини кўролмайди деб ўйлайсанми? Фақат ишлаш учун туғилмагансан-ку. Аҳмоқона нутқларинг билан оилангдан айрилишинг мумкин эди. Энди ишбилармон, ақлли, уддабурон одамни унут, сен бугундан бошлаб пули ва вақти етарли бўлган, имкониятдан унумли фойдаланиши керак бўлган одамсан.
– Фикрингга қўшилмайман, – деди Клоуд бошини қимирлатиб.
– Биламан. Мен ўз йўлимни ўзим қурмаганман. Сенга эса тан бераман, албатта, Гертруда масаласини айтмаганда. Сен бу борада ноҳақсан – улкан режаларинг сени жарликка олиб келди. Эркак оила даврасида ҳамма нарсани ҳам гапиравермайди, айниқса, ишини. Хуллас, уни олгин-да, узоқларга кет. Аёлинг сени қайтадан севиб қолишига ҳаракат қил.
– Менми? Мен ҳаракат қиламанми? Йўқ, мен унга бор гапни айтишим керак.
– Яна нимани айтмоқчисан?
– Хатни ўқиганимни-да. Ахир бугун уни биринчи марта алдадим. Ўзимни ҳеч нимадан бехабардек тутдим. Мен орамизга ёлғон аралашишини истамайман. Бу тўғри эмас…
Лорд аччиғидан ўрнидан турди:
– Клоуд! Аҳмоқ бўлма. Сен оддий бир масалани катта можаро деб тушунаяпсан. Ахир, энди Гертруда билан тинчгина ҳаёт кечиришинг мумкин. Муҳими, у қайтиб келди. Сен эса тентакона ўйларинг билан ҳамма нарсани янада чигаллаштирмоқчисан. Ҳозир бу ёлғон жуда керак. Ҳар кун тонгда уйғониб, атрофингга яхшилаб қара: ўша ёлғон ўртангизда турибдими? Энди ўша ёлғон сенга кўмак беради. Ўтмишни унут, келажакни ўйла. Тушуняпсанми мени?

III

Худди шу пайтда Бергрев хоним билан Гертруда кийиниш хонасида дардлашиб ўтиришарди.
– Ҳа, – деди Гертруда. – Менимча, Клоуд кетишим билан уйга қайтган. Ўйлаганимдан икки соат аввалроқ қайтибди. Яхшиямки, тўғри кийиниш хонасига кириб кетибди. Ўша пайт асабларим жуда толиққанди, тушуняпсанми, Минни? Қисқаси, мен Колинга ортга қайтамиз, деб буюрдим. Клоуд хатимни ўқимасидан бурун етиб келишим керак эди. Хизматкоримиз ҳайрон бўлди, лекин уйга бурилди. Кира солиб, мактубни олдим, шу пайтда Клоуднинг уйда эканлигини сезиб қолдим. Хатни яшириб қўйдим. Оҳ! Ҳаётимда ҳали ҳеч ўз истагимга қарши бормагандим. Бечорагинамнинг мазаси қочиб турган экан. Жуда чарчабди, юзида қон йўқ, энди мен кетолмайман. Уни ташлаб кетолмайман! Саёҳатга чиқайлик, дегандан кейин ўйлаб қолдим: ҳаммасини бошидан бошлаб кўрсак бўлмасмикин? Ҳа, бошидан…
Орага жимлик чўкди.
– Ўзи хатингда нима дегандинг? – Бергрев хоним сўради.
– Сенга ҳозир ўқиб бераман. – Аёл шундай деб яширган жойидан хатни чиқарди ва ўқий бошлади. “Мен ортиқ бу жирканч Файф тоунсда яшолмайман”, деган жумлага келганда аёл тўхтаб қолди.
– Давом этавер… – хоним қистади.
– Йўқ, – Гертруда хатни оловга ташлади. – Гап шундаки, – аёл хонимнинг стулига яқинлашди. – Аҳмоқона иш бўлди. Ҳеч ўйламагандим… ҳозир эса ҳаммаси ўзгаргандек туюляпти.
– Нега йиғлаяпсан, азизам?
– Нималар қилиб қўйишим мумкин эди, а? Хато қилдим. Агар… агар хатимни ўқиганидами, мени ҳеч қачон кечирмасди! Умид баъзан бахтга етаклайди…
– Гертруда! – ташқаридан Клоуднинг тетик овози эшитилди.
– Энди бизга рухсат, – деди Бергрев хоним ўрнидан туриб. – Соат бир бўлибди. Лордим ҳам ухлаб қолай дегандир…
Гертруда хонимни ўпиб, эшиккача кузатиб қўйди.
Клоуд эшик ёнида аёлига меҳр ила тикилиб турарди…

Арнольд БЕННЕТ

Инглиз тилидан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси

1989 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ҳикоя ва таржималари республика матбуотида чоп этилган. Ҳозирда “Бекажон” газетасида фаолият юритади.

Саҳифа 126 марта ўқилган.