Агар сен бор бўлсанг ердами, кўкда,
Ёки борса-келмас бирон овлоқда.
Қуёш ётар жойи – алвон уфқда,
Оёқ куяр саҳро ё ёнар тоғда,
Мен сени топаман, ҳақиқат!

Абдумажид АЗИМ

Таниқли шоир Абдумажид Азим навбатдаги “Ошиқ дилим” шеърлар тўпламини китобхонлар ҳукмига тортиқ қилди.
Сўнгги ўн йиллик аввалида истиқлолдек беназир неъматни тортиқ қилган йигирманчи аср халқимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Халқимиз маънавиятининг мезонларидан бири бўлган адабиёт соҳасида ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Бадиий ижоднинг турли жанрларида жаҳон адабиётининг энг сара асарлари билан беллаша оладиган ижод намуналари яратилди. Абдумажид Азим мансуб авлоднинг бахти шундаки, улар адабиётимиздаги ана шундай ижодий юксалиш даврида адабиёт майдонига кириб келди. Бинобарин, устоз шоирларнинг кўтаринки, парвози юлдузлар қадар юксак романтик шеърияти сарчашмасидан баҳраманд бўлган Абдумажид Азимнинг “сийрати Мажнунсифат, суврати мастона” лирик қаҳрамони умидлар оламига талпиниб яшайдиган, ҳатто “Ё ҳаёт, ё мамот!” дея ҳақиқат ханжарини кўксига санчишга шай Гамлет сингари ёвқур орзумандлар сирасига киради.
Таниқли мунаққид Иброҳим Ҳаққул ёзади: “Олимларнинг эътирофлари бўйича ҳинд, юнон, чин тушунча тизимидан фарқли ўлароқ, туркий халқлар фикр ва тушунча тизимида миллат севгиси, Оллоҳ қўрқуви ва тўғрилик доимий равишда устуворлик қилиб келган”.
Ўзбек шоирлари миллат ва Ватан севгисини наинки юксак пардаларда куйлайдилар, балки ватан меҳри, дарду ҳасратларини чинакам ватанпарвар фидойиларга хос ихтиёрий равишда “кўзга мил каби” тортадилар.
Абдумажид Азимнинг шеърий ижоди ҳам, аввало, Ватанга меҳр-муҳаббат, унинг буюк истиқболига комил ишонч билан йўғрилган. Бинобарин, “Шу мушфиқ улусни онам деб суйдим”, деб ёзади. “Шарқу Ғарб эшиги” – дарвозаси бўлмиш жаннатмонанд она юртни ўғлон сифатида “отам дея суйгани”га, “ёрим дея” ардоқлаганига шеърларида қайта-қайта урғу беради.
Абдумажид Азим “бағрикенг, соғинчлар юрти” Сурхондарё фарзанди. Атоқли адибимиз Шукур Холмирзаев пойтахтда умргузаронлик қилганига қарамай, қалбан Бойсун бағрида яшаб ўтди. Абдумажид Азим шеърларида ҳам “ёбонларида ҳамон болалиги тентираб юрган Сурхон боғларининг” соғинчи устувор. Бу самимий соғинч она Ўзбекистонга меҳру муҳаббат пойдеворидир.

Табаррукдир киндик қоним томган макон,
Ҳовлиларни райҳонларнинг ҳиди тутган.
Лойсувоқ уй, ўчоқ, тандир, қора қумғон,
Ватан асли, Ота уйим, мени кутган.

Ўша азиз масканларни соғинаман,
Чопгим келар кўчаларга солиб сурон.
Бу дунёда битта сенга юкинаман,
Онажоним, меҳрибоним, Ўзбекистон.

Энг муҳими, Ўзбекистон аҳлини шоир “отам-онам дея суйиш” билан кифояланмайди. Шоир илҳом оғушида “ҳувайдо орзулар”и билан парвоз қилар экан, буюк истиқбол сари талпинади.
Ҳозир баландпарвоз романтика даври ўтди дея даъво қилувчилар кўпайган. Бироқ орзу-умидсиз ҳаёт йўқ.
Бобомерос адабиётда айтилмаган фикр йўқ ҳисоби. Айниқса, мумтоз Шарқ шеъриятида қаламга олинмаган мавзу топилиши даргумон. Шу боис кўҳна ва навқирон шеърият бўстонида янгилик яратиш амри маҳол. Лекин мазкур бўстон кўркига имкон қадар тароват бахш этиш ҳар бир шоирлар авлодининг муқаддас бурчи. Муҳаббат ва комиллик армони, она-юрт равнақи, қолаверса, комиллик соғинчи билан йўғрилган самимий тизмалар фикримизни исботлайди.
Ҳажми ёстиқдай айрим шеърий тўпламларни заррабин билан ҳижжалаб ўқиганда ҳам қалб сардафтарига зарҳал ҳарфлар билан мангуликка битиш учун арзийдиган теша тегмаган назмий жавоҳир топиш даргумон. Қувонарли жиҳати шундаки, пировард натижада комилликка ундовчи шоирона бокира илҳом билан ёзилган, безовтаю беором қалб қони ила омухта, юракка қўшқанот шеърият ёмбиларини Абдумажид Азим шеърияти сардафтаридан топасиз.

Фақир йўли панада дерлар,
Ётар ери ёнада дерлар,
Фақирмисан, ҳақирми, нодон,
Юраккинам, уйқудан уйғон!

Кўзинг ерда, кўнглинг ойдадир,
Оёқларинг аммо лойдадир.
Қийнал майли, азоблан, тўлғон,
Юраккинам, уйқудан уйғон!

Юрагида муҳаббати бисёр, ғайрат-шижоати чексиз шоир руҳиятида инқилоб рўй беришини истайди. Зиддиятли қисмат билан аёвсиз жангга киришади. Машрабнинг аччиқ армон билан йўғрилган: “Бу ғафлат уйқусидин, эй ёронлар, уйғониб бўлмас” мисраси ёдга келади. Абдумажид Азим ҳам наинки қалбини, қалб кўзгусида акс этаётган замондошларни ғафлатдан уйғонишга, давр билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлишга чорлайди. Мақсад – умрини ўтаган, миллат, она Ватан равнақига монелик қилаётган “сохта таомилларни бузишу Музаффар эл-юртни тузиш”дан иборат!
Абдумажид Азим лирик қаҳрамони тор-маҳдуд, манфаатпараст “мен” доирасидан чиқиб, ижтимоийлашган шоир – шахс даражасига юксалгани “Алиф қадли эл-юртни тузиш”дек муқаддас вазифага астойдил чоғланишию буюк “келажакдан имдод кутиши”да яққол кўзга ташланади.
Шоир ўзи эътироф этгандек, ҳасрат дафтарининг бир саҳифасини муҳаббат чечаклари безаса, бошқа бир саҳифасида нафрат алангаланади:

Тилла қадаҳимда май ўрнига хун,
Руҳим сарватида васваса, жунун.
Елкамдан босади рутубатли тун,
Нохуш тушларимни чаппа йўйдим мен.

Азал-азалдан муҳаббат фарзанди бўлган шоирлар айни пайтда ҳақгўйлиги, ҳақиқатпарастлиги билан ҳам эътибор қозониб келади. Тўғри сўзнинг тўқмоғи бор дегандай, ҳақиқатнинг кўзига тик қарашга ҳамма ҳам журъат этавермайди.

Ноёб бир матодир ҳақ сўз биламиз,
Ёлғонга тобемиз, аммо, барибир.

Шоир – илҳом фарзанди. Шугина эмас. Илҳом бахш этган қўшқанот туфайли шоир, лоақал, ижод лаҳзаларида заминдан узилади – юксакларга беихтиёр парвоз қилади, тенгсиз куч-қудрат соҳибига айланади. Навоий ҳазратлари илҳом шарофати билан наинки дунёнинг салкам ярмини эгаллаган туркий халқларни, шунинг баробарида жамики эзгу ниятли аҳли башарни “якқалам айлайди”, Бобораҳим Машраб айни илҳом бахш этган куч-қувват билан “дўзахни пистанинг пўчоғига жойлайди”.
Замонлар ўзгаргани билан қалбимизни ҳамон азалий кечинма-туйғулар жунбишга солаверади. Шу боис Машрабнинг:

Аҳволи дилими айғоли бир маҳраме топмай,
Зулмингни қариндошу ғамингни падар этдим, –

байтига, Абдумажид Азимнинг армон билан йўғрилган:

Куним ғурбат, туним ғурбат, сафолар қайда қолмишлар,
Хобгоҳим совуқ турбат, садолар қайда қолмишлар, –

сатрлари ҳамоҳанг жаранглайди.
“Оташ шамолларга бағрини кенг очган” шоир шеъриятида, шунингдек, ҳаёт ва ўлим, муҳаббат ва нафрат, ёвузлик ва эзгулик сингари боқий мавзулар шоирона маҳорат билан васф этилади. Бу борада мунаввар тонг тимсоли шеърлардан шеърларга кўчиб, буюк иқбол маёғига айланиши бежиз эмас, илло истиқлол йўлидан мардона одимлаётган бунёдкор халқимизни буюк келажак – истиқбол ва иқбол уфқлари чорлаётир.
Шоир бир шеърида: “Она, туғилайин оппоқ тонг билан” дея ҳайқиради. “Эврилиш” шеърида эса “тамомила бошқа одам бўлиб уйғонишни” орзу қиларкан, эзгу ниятларини овоза қилади:

Уйғонаман, руҳимда титроқ,
Оҳларимни ичимга ютиб.
Зулумотни унутиб, бироқ
Ёруғликни энтикиб кутиб.

Ҳақиқат кўзига тик қараган шоир ҳатто ўлимдан ҳам ҳайиқмайди. Қуйидаги сатрлар гўё жафокаш, бироқ эътиқоди қоядай мустаҳкам қодирийлар ҳайқириғидай янграйди:

Бир жонимдан қўрқсам агар, ўзлигим ёлғон,
Қаро ерга кирайин-о, кўк кийсин осмон.

Бу ўлимим ҳақсизликка қарши исёндир,
Риё, алдов забун бўлган бир гўзал тонгдир.

Тўпламнинг “Ошиқ дилим” тарзида номланишида теран маъно бор. Шоир “Ишқ экан энг буюк нажот дунёда” дея эътироф этаркан, “ишқ” калимасига оламжаҳон моҳият жо эканини юрак-юрагидан ҳис этади. Бу шоир кўнглидаги шунчаки ҳою-ҳавас эмас, балки том маънодаги ишқ дарди, таъбир жоиз бўлса, Оллоҳ муҳаббати экани билан қимматли.
ХХ асрда, даҳрий мафкура ҳукм сурган шароитда ҳатто Оллоҳ номини шеърга солишга изн берилмасди. Ҳолбуки, “шеър – бошқача йўлда изҳор қилиб бўлмайдиган дардчил туйғу. У ижтимоий ҳою-ҳаваслар дахл қилмайдиган ҳаводан нафас олади” (Улуғбек Ҳамдам). Фақат истиқлол шарофати билан бу асрий анъана яна шеъриятимизда бўй кўрсата бошлади. Жумладан, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ҳаж дафтари” туркуми яратилди. Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи эса том маънода муножот туркумидаги шеърлар битди.
Абдумажид Азимнинг ҳам “фано зиндонидан” безор лирик қаҳрамони Парвардигори оламга юзланиб росмана муножот қилади. “Бу кун юрагимни тилмасам бўлмас, Ҳаққа илтижолар қилмасам бўлмас” дея ёзғирар экан, ишққа ташна қалби ғолиб туғдай Яратган томон чорлайди.

Ит нафсим занжирга боғлаб ниҳоят,
Адам саҳросига бадарға қилдим.
Мен кимман? Пойингга етолсам шояд,
Кўк сари азм этдим, кўкка интилдим!

Бошқа бир шеърида эса шундай хитоб қилади:

Нисбийдир макону вақт,
Ҳар заррада ҳукми Ҳақ,
Қудрат йўқ мангу барҳақ,
Парвардигордан бўлак.

Мазкур тўплам шаклий жиҳатдан ранг-баранг. Публицистик кўтаринкилик билан қанотланган манзумалар билан басма-бас ўйноқи халқона оҳанг билан йўғрилган тароналар беллашади. Шоир қатор тўртликлар ва туюқлар ҳам ижод қилгани эътиборни тортади:

Кўнгил, сен ўзингни овутиб яша,
Тақдири азалнинг ишига кўнгил.
Умримнинг паст-баланд йўллари оша,
Сендайин бир маҳрам топмадим, кўнгил.

Мазкур туюқ тугал фикрга эга экани ва шеърий санъатлар билан зийнатлангани диққатга сазовор. Хусусан, “кўнгил” сўзи дастлабки сатр бошида ҳам, қолаверса иккинчи ва тўртинчи сатр сўнггида ҳам келиб, такрир, яъни такрор санъатини вужудга келтирган. Лекин “кўнгил” калимасини бўғинларга ажратсак, яна икки хил маънога эга “кўн” ва “гил” сўзларига эга бўламиз. Зотан, шоир мазкур калиманинг мана шу жиҳатидан ҳам маҳорат билан фойдалана олганда, бу туюқ яна ҳам бетакрор чирой касб этган бўларди.
“Ошиқ дилим” тўпламида оташнафас Усмон Носирга бағишланган шеър бор. Атоқли шоирга Абдумажид Азимнинг ихлоси бежиз эмас. Усмон Носир машҳур шеърларидан бирида қалбига мурожаат қилади:

Юрак, сенсан, менинг созим,
Дилимни найга жўр этдинг.

“Юрак, сенга айтаман дангал, Мени кўп ҳам эркалатма, бас!” дея ўз қалбига самимий юзланган Абдумажид Азим ҳам комил ишонч билан хитоб қилади:

Энди мен коинот фуқаросиман,
Сомон йўлларидек ёруғдир ўйим.
Мен бу кун оламда энг улкан Одам,
Энг ёруғ юлдузга етади бўйим.

Шоир ўзини наинки она табиат, балки чексиз коинот билан бир бутун ҳис этиши учун қайси маъволарга юксалган бўлиши керак? Ниҳоят, энг улкан Одам бахтини теран ҳис этган Абдумажид Азим лирик қаҳрамонининг қадду басти энг ёруғ юлдузни ҳам ортда қолдирганига ишонгимиз келади.

Абдуҳамид ПАРДАЕВ

Саҳифа 184 марта ўқилган.