Ўзбекистон рангтасвирида мустақил тараққиёт йилларида бошланган янгиланиш жараёни миллатнинг ўзига хос хусусиятларини ва эстетик идеалларини янада чуқурроқ акс эттиришга, миллий қадриятлар, маданият ва маънавиятнинг ахлоқий тамойилларини ифодалашга қаратилди. Бу даврда миллий истиқлол ғояси ҳамда янги миллий тафаккурнинг шаклланиши, дунёвий тамаддун ва жаҳон тасвирий санъати билан яқинроқ танишув ҳамда шу асосда юксак маданий меросни қайта тиклаш имкониятини яратди.
Ўтган даврда санъатда ўрнашиб қолган догматизм ва стереотип салмоғига қарамай, миллий тасвирий санъат юксак профессионализм ва тасвирий маданиятнинг эътиборли тажрибаларини ўзида акс эттирган. Аммо эндиликда анъаналарга янгича эстетик принциплар билан ёндашув, шунингдек, дунё ҳамжамиятига яқинлашиш, жаҳон санъатининг илғор тенденцияларига асосланиши ўзига хос бадиий жараённинг янги даврини ифода этди.
Жаҳон тасвирий санъати тарихидан маълумки, янги стилистик йўналишларни ўзлаштириш кўп ҳолларда муайян илғор тенденцияларга кўр-кўрона тақлидий ёндашув ва умумийлик асосида кечади. Мазкур ҳодиса Ўзбекистон рангтасвирида ҳам ўзига хос тарзда намоён бўлиб, янги тенденцияларда ислом фалсафаси, Шарқ поэ­зияси, асотир ва ривоятлар бадииятини синтез қилиш йўлларини вужудга келтирди. Ўз навбатида Ўзбекистон рангтасвиридаги янги тенденциялар Шарқ-Ғарб ижодий мулоқотини янги илмий методология асосида чуқур тадқиқ этишни талаб этади.
Ўзбекистон тасвирий санъатида янги давр ижтимоий-маданий эврилишлар моҳияти маънавий муаммолар билан боғлиқликда ҳис этилди. Мустақилликка эришган мамлакатлардаги санъат ва маданиятнинг ривожланишини таҳлил этишдаги назарий жиҳатлар ўзининг тарихий ва илмий асосига эга. Мазкур мамлакатлар жараён маданиятшунослик кесимида учта ривожланиш босқичини босиб ўтади. Биринчи босқич – босиб ўтилган даврга танқидий муносабат, иккинчи босқич – миллий маданиятнинг анъанавий асосдаги туб моҳиятларини идеалликда кўриш ва ниҳоят, учинчи босқич – дунё замонавий тамаддунига муносиб бўладиган мустаҳкам тараққиёт тамойилларини шакллантиришдан иборат. Бунингдек ривожланиш босқичлари ўзига хос қонуният тусини олганлиги кўплаб халқлар маданият ва санъати тарихидан маълум.
Мамлакатда кечган туб бурилишлар даврининг ўзига хос ижтимоий, иқтисодий, маънавий муаммолари рассомлар идрок призмасидан ўтиб, улар руҳий оламида ўз ифодасини топди. Ўтган асрнинг 90-йилларида бошланган бурилишлар даври ўйлашга, фикрлашга ундовчи муҳим аҳамиятга молик мавзуларни ўртага ташлади. Ўзгараётган иқтисодий-ижтимоий воқелик нафақат жамият ҳаётида, балки ижодкорлар онги ва шуурида ўзига хос янгиланишлар имкониятини туғдирди. Эски тузумнинг парчаланиши билан узоқ йиллар давомида маънавиятда шаклланган дунёқарашлар тарзи ҳам барбод бўлар экан, унинг ўрнига келадиган янги жамият, янгича турмуш тарзи аввало кишилар онгида ўз аксини топиши муҳим эди. Бу тариқа маънавий эврилишлар жараёни айрим ижодкорларни руҳий тушкунликка солса, бошқаларининг кечинмаларида эса янги уйғонишлар қилишга ундади. Руҳий тушкунлик ўз навбатида ижодий тўхташга, уйғонишлар жараёни эса аксинча, янги имкониятларни очишга олиб келди. Бу руҳий кечинмалар давр акс-садосини ифода этувчи бадиий жараённи етилтирди. 1990-йилларнинг мураккаблиги шундаки, бу давр ўзининг азалий қаҳрамонлари ва мавзулари билан сокин давом этаётган ижодий жараённи кутилмаган ларзаларга солишга, натижада бир қадар бўшлиқ пайдо бўлишига олиб келди. Миллий рангтасвирда эса айни бўшлиқни миллий хусусият, азалий қадриятлар, қадим маданий бойликлар, улуғ аждодлар меросидан излаш билан тўлдириш борасидаги тажрибалар ўзига хос бадиий феномен бўлди.
Янги бадиий жараёнда илгарилари ёпиқ саналган мавзуларга ва авваллари таъқиқ этилган тарихий шахслар портретига мурожаат этиш ҳаракатлари бошланган бўлса-да, уни таҳлилий ўрганишда анъанавий қарашларнинг устуворлиги бир қадар давом этди. Бироқ, янги давр тарихий портретларидаги бойитилган сюжетлар, ички сифатлар ифодасини таҳлилий ўрганишда санъатшуносларнинг анъанавий ёндашуви эндиликда ўзини оқламаслигини кўрсатди. Бугунги кундаги бадиий жараён тарихий портретларни реалистик услуб асосида рамзий-метафорик, шартли-декоратив, модернистик ва постмодернистик тенденциялари мувофиқлашаётганлиги билан бирга ўрганишни талаб қилади.
Рангтасвирда тарихий мавзуларни долзарблашишида миллий истиқлол ғояси миллатпарварликни, мозийдаги азалий қадриятлар ва улуғ аждодлар тарихини идрок этишдек маънавият асосларини чуқур ҳис этиш имконини беради. Бунда табиий равишда тарихий мавзулар талқини олдинги ўринга чиқади.
ХХ аср давомида тарихий жанр рассомлари меҳнаткаш халқнинг эркинликка чиқиш учун кураши, халқ қаҳрамонларининг жасорати, илм ва маданият арбоб­лари билан боғлиқ эпизодларни жонлантирган эдилар. Ўтган йилларда асосий эътибор революцион тарих, совет ҳукумати учун кураш мавзуларига қаратилган бўлиб, тарихий-революцион картина жанри тараққий топди. Тарихий портрет ва картиналарида, Абдулҳақ Абдуллаев, Чингиз Аҳмаров, Бахтиёр Бабаев, Баҳодир Жалолов, Владимир Жмакин, Малик Набиев, Собир Раҳметов, Жавлон Умарбеков, Рўзи Чориев каби рассомлар ижоди алоҳида бадиий қиймати билан аҳамият қозонди.
Мустақиллик даврига келиб, мазкур мавзунинг мазмун ва моҳияти ўзгарди. Тарихий мавзу ва тарихий портретлар миллий қадриятлар ифодачиси сифатида рассомнинг фуқаролик позицияси ҳамда миллий меросга муносабатини акс эттириши бу даврда яратилган ижодий ишларда ўз ифодасини топди, образлар ва мавзулар иконаграфияси алмашди. Зеро, тарихнинг туб бурилишлари ва ижтимоий-ғоявий эврилишлар пайтида замон қаҳрамонлари борасидаги тасаввурлар ўзгаради, давр моҳиятини акс эттирувчи ёрқин тимсоллар яратилишига маънавий эҳтиёж туғилади. Жамиятнинг бу тарздаги ўта масъулиятли ҳамда мураккаб даврида маънавий бўшлиқни муносиб тарихий аждодлар образлари билан тўлдириш зарур. Буюк аждодларнинг улуғвор сиймосини бадиий талқин этиш орқали ижодкор юксак маънавият ва чинакам фуқаролик туйғуларини замондошлари онгига сингдириши лозим. Бундай маданий феномен кўплаб халқларда, уларнинг тарихий бурилишлари даврида учраганлиги манбалардан маълум.
Тарихий хотирани жонлантириб, янги фуқаролик жамияти шаклланишида улкан аҳамият касб этувчи тарихий мавзу рангтасвирнинг мазкур жанрида янги тенденцияларни аниқлаб берди. Бу жиҳатига кўра мазкур йўналишдаги асарларни икки гуруҳга ажратиш мумкин:
– Қадриятларимизга қайтиш, ўтмишни холисона баҳолаш миллий меросни қайта ўрганиш кайфиятидан келиб чиқиб, тарихий аждодларимиз образини яратиш тенденцияси. Мазкур тенденция Абдулҳақ Абдуллаев “Алишер Навоий”, Саъдулла Абдуллаев “Хўжа Аҳмад Яссавий”, Акмал Икромжонов “Мирзо Улуғбек”, Азиза Маматова “Бобур”, Ориф Мўинов “Бибихоним”, Малик Набиев “Амир Темур”, Жавлон Умарбеков “Соҳибқирон Амир Темур”, “Етти иқлим султони”, Раҳмон Шодиев “Машраб” каби қатор портретларда ўзининг бадиий ва эстетик аҳамиятини кўрсатди. Жамиятни янгилаш борасидаги янги тарихий қаҳрамонларни излаш, маънавий идеалларни тиклаш йўлида тарихий мавзу биринчи планга чиқиб тарихий портрет ва тарихий картинанинг жанрга оид хусусиятларини янгилади.
– Кўп йиллик тарихга эга бўлган азалий миллий қадриятларга эътибор қаратиш, уларни қайтадан идрок этиш тенденцияси. Мазкур тенденция том маънода янги даврга келиб шаклланди, зеро, илгарилари ўтмишни холисона баҳолаш, миллий қадриятларни чуқур ўрганган ҳолда улардаги умуминсонийлик сифатларини очиб бериш рассомлар ижодида деярли кўзга ташланмаган эди. Бу тенденция ривожида халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналари бўлган достон, афсона ва ривоятларга асосланган сюжетлар етакчилик қилди. Хусусан, Саъдулла Абдуллаев “Ўрта аср Ренессанси”, Алишер Алиқулов “Буюк донишмандлар”, “Халқ қўзғолони ва жадидлар ҳаракати”, Муборак Йўлдошев “Алпомиш”, Тўра Курязов “Жалолиддин Мангуберди”, Эркабой Машарипов “Алпомиш”, “Паҳлавон Маҳмуд”, Ориф Мўинов “Рухшона”, “Ойбарчин”, “Ўғузнинг туғилиши”, “Тўмарис” асарларида азалий қадриятларнинг янгича талқини сезилади.
Санъат тарихидан маълумки, турли миллий мактабда шаклланган ва унинг ривожланишига хос бўлган хусусиятларни ифодалаган муайян тенденциялар вақт ўтиши билан такомиллашиб боради ва мустақил йўналиш тусини олади. Айнан шундай ривожланиш хусусиятлари Ўзбекистон рангтасвирининг шартли-декоратив тенденциясига ҳам хос.
Шартли-декоратив тенденция 1920-1950 йилларда безак элементлари сифатида рангтасвирга киритилар эди. Ўша даврнинг қатъий нормативлари ва ижодда муайян чегаралар мавжудлигига қарамай, мазкур тенденция миллий хусусиятни ифода этувчи восита бўлиб келган. Рассомларнинг янги даражадаги изланишлари анъаналардаги ҳар бир элемент, орнамент, колорит аслида дин, афсона ва дунёқарашга боғлиқ бўлиб, борлиқнинг айрилмас бир қисмига тегишли эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам бу тенденцияни шакллантирган ва янгилаган анъаналарга олиб борувчи услубий йўл узоқ йиллар қаршиликка учраб келди.
Шартли-декоратив тенденция билан боғлиқ асарларда ўзбек халқ миллий санъати анъаналаридаги ранг-баранглик ва уларнинг ўзига хослиги заминида декоративлик ётарди. Ушбу тенденциянинг шаклланишида 1920-1950 йилларда Александр Волков, Надежда Кашина, Александр Николаев (Уста Мўмин), Ўрол Тансиқбоев, Шамсирўй Ҳасановалардан тортиб, кейинчалик Чингиз Аҳмаров, Раҳим Аҳмедов, Шуҳрат Абдурашидов, Бахтиёр Бабаев, Владимир Бурмакин, Аслиддин Исаев, Юрий Мельников, Алишер Мирзаев, Григорий Улько, Жавлон Умарбеков, Рўзи Чориев, Раҳмон Шодиев каби рассомларнинг асарлари аҳамиятли бўлган эди. Турли йиллар давомида жўшқин рангларга ошуфта рассомлар ўз асарларини баъзан импрессионистик, баъзан эса Шарқ миниатюраси оҳанглари руҳида акс эттирдилар. Ўша пайтларда авангардда бутун бир пластик янгилик ҳисобланган, шартли-безакдорлик асосида, шунингдек, анъанавий ўзбек санъатида кескин ранглар уйғунлигида туғилган бу йўналиш узоқ йиллар давомида миллий анъаналар оҳанглари руҳида акс эттирилди. Мазкур рангтасвир асарларига Европа модернизми кучли таъсир этди. Тадқиқотчилар шартли-декоратив тенденция асосини француз постимпресионизм, фовизм ва экспрессионизм тенденцияларига хос бўлган халқ санъати тажрибаларини синтезлаш йўли билан боғлайдилар.
Мустақиллик даврига келиб шартли-декоратив тенденция Шарқ, хусусан, Ўзбекистон санъати асосида ётувчи декоратив тамойилларга асосланган мустақил тенденцияни ўзлаштириш тажрибаси сифатида аниқланди. Унда “Миллий мерос” ва “анъана” тушунчалари янги тарихий-маданий контекстда яна ҳам кенг маъно касб этди. Эндиликда бу тушунчалар маънавий-диний анъаналардан илдиз отган, миллат идеаллари эстетик тарихидаги тасаввуф поэтикаси, миниатюра, анъанавий амалий санъат безаги тарзида англашила бошланди.
Шартли-декоратив тенденция миллий рангтасвирнинг таркибий қисми сифатида норматив эстетика чегараларини ҳамда орнаментлар семантикасини ифодаловчи рамзий-символик воситалар мажмуаси тарзида аҳамият қозонди. Ўзбекистон рангтасвири янгиланиши жараёнида миллий мероснинг ўрни ва роли долзарб­лашар экан, бу борадаги изланишлар шартли-декоратив тенденция ривожига уйғунлашиб кетди. Декоративлик инсонни ўраб турган муҳитнинг ҳиссий ифодавийлиги ва бадиий ташкилий аҳамиятини кучайтирувчи бадиий негиз эканлиги идрок этилди. Мазкур тенденцияни ўрганишда декоративликни шартли декоративлик тизими сифатида қараш муҳим бўлиб, ундаги етакчи воситалар тарзида миллий орнамент асосий омил сифатида кўриш мақсадга мувофиқдир. Миллий орнаментга ашёнинг табиий юзаси ва унга хос бўлган бадиий шакллар, композициялар, чизгили оҳангнинг ташкиллашуви, рангларнинг ёрқинлиги, турли фактураларнинг ифодавийлиги етакчи восита бўлаётганлиги қўшиб таҳлил этилиши лозим. Бу жиҳат чуқур рамзийликка, семантик белгилар ва кичик унсурлар воситасида кенг мазмунни ифодаловчи ҳамда негизида азалий комилликка интилишга асосланган миллий меросдан келиб чиқади. Замонавий рассомлар ижодини таҳлил қилишда уларнинг анъаналарга ёндашуви, миллий меросни идрок қилиши хусусиятини кузатиш рангтасвирдаги шартли декоративликнинг туб мазмунини ўрганишга имкон беради. Миллий рангтасвир учун анъанавий, илгари мавжуд бўлган декоратив-шартлилик тенденцияни таҳлил этишда қадриятлар билан алоқадорлик бошқа тамойилларга асосланишини эътиборга олиш зарур. Анъаналарга таянишдаги асосий ва янги йўл бу – анъаналар таъсирига фақатгина расмий усул ва стилистик асос билан эришиб бўлмаслигида кўринади. Янгича ёндашув асосида кўп асрлик миллий қадриятлар қатламлари долзарблик касб этади, рассомларнинг борлиққа ва замонавий ҳаётга эстетик муносабати янгиланди.
Янги тараққиёт босқичини бошлаган шартли-декоратив тенденция Шарқнинг мумтоз мероси ғоясини Ўзбекистон рангтасвиридаги янги ва муҳим ташкилий қисмга айлантира олди. Миллий анъаналарнинг рассомлар ижодига таъсири нафақат услубий ёндашувларда, балки рангтасвирда фалсафий дунёқарашнинг кенгайишида ҳам аҳамиятли бўлди. Колоритнинг ҳиссиётлилиги ва экспрессияси, пластик шаклларнинг шартлилиги, дунёни жимжимадор безаклар уйғунлигида, рамзий ранглар воситасида ифодалаш декоратив йўналишдаги рассомлар Николай Шиннинг “Реквием. Видолашув шамлари”, “Йил фасллари”; Шаҳноза Абдуллаеванинг “Бибихоним”, “Келинчак”; Алишер Мирзаевнинг “Қизил тоғ этагида учрашув”, “Қўғирчоқлар”; Раҳмон Шодиевнинг “Байрам”, “Учрашув”, Иброҳим Валихўжаевнинг “Дўппи бозори”, “Келин”; Анна Иванованинг “Чойхона”, “Оила”; Тоҳир Каримовнинг “Қоғоз қайиқчалар”, “Ёшлик”, Оксана Залевскаянинг “Анорлар ва Марғилон матоси”, “Анорлар”, Сейран Куртжемилнинг “Қуёш чиқиши”, “Сўқоқдаги уй”, Инна Кулагинанинг “Умид деразаси”, “Суҳбат”, Владимир Кимнинг “Бахмал мавсуми”, Тоҳир Аҳмедовнинг “Ўйин”, Эшмамат Ҳайитовнинг “Комо кўлида тонг”, “Учрашув”, Камолжон Бобоевнинг “Лаби ҳовуз”, “Отлар. Жазирама. Севишганлар”, Заур Мансуровнинг “Тумор”, “Ошиқ Сирано” асарларида намоён бўлди. Янги давр Ўзбекистон рангтасвирининг шартли-декоратив тенденцияси мумтоз поэтика, Шарқ фалсафаси, исломий қадриятларга хос бетак­рор миллий сифатлар акс этган колоритни уйғунлаштира билиш хусусияти ўзига хос тизимни вужудга келтирди. Бу принциплар орқали улар миллийликка хос ҳаёт гўзаллигини бир бутунликда ёрқин ва фаол ранглар ёрдамида намоён этиб, таъсирчанлик, уйғунлик, ритм динамикаси ва пластик ечимларга катта эмоционаллик бахш этдилар. Реализмнинг суст кўриниши эмас, балки модернизмнинг формал тамойиллари асосида анъанавий идеаллар ва миллий рамзлар талқини намоён бўлди. Ўзгаришлар рангтасвирнинг колористик вазифаларидаги умумий тенденцияларига ҳам таъсир кўрсатиб, юзаки-декоративликни рад этишга хизмат қилди.
Мустақиллик давридаги шартли-декоратив тенденциянинг замонавий ҳолати шуни кўрсатадики, эндиликда Ўзбекистон маданиятига хос маънавий қадриятлар, миллий мерос ҳамда анъаналарга хос жамики қатлам нафақат талқин учун услубий асос, балки миллий қадрият сифатида жанр, мавзу, образли жиҳатлар ҳамда услубий янгиланишларда ўз аксини топиши зарур. Бу сифат рангтасвирда модернизм тажрибаларини ўзлаштириш талаблари билан уйғунлашиб кетади. Анъанавий жанрларни четга сурмаган ҳолда абстракт тажрибани рангтасвирнинг формал муаммолари бўйича ўзлаштириб, фигуратив бўлмаган ишлар яратиш таржибаси композицион, ранг ва фактура асосида 2000-йилларда Дилором Мамедова, Инна Кулагина, Анна Иванова, Оксана Залевская, Сейран Куртжемиль каби рассомлар асарларида ўз аксини топди.
Дастлабки йилларда, рангтасвирда авваллари мавжуд бўлмаган Шарққа хос фалсафий дунёқараш, образлилик, рамзийлик, жанр ва стилистик тизимлари намоён бўла борди. Қатор асарларда исломий мерос маданияти, кўҳна деворий суратлардан тортиб, шарқ миниатюраси, ислом маънавияти ва фалсафаси, поэзия, афсона ва ривоятларидан келиб чиққан, индивидуал пластик таомиллар долзарблашди.
Ўзбекистон рангтасвирида рамзий ва метафорик тенденциялар дастлабки даврда Шаҳноза Абдуллаева, Файзуллахон Аҳмадалиев, Рихситилла Акрамов, Хуршид Зиёхонов, Леким Ибрагимов, Аслиддин Исаев, Мухтор Исанов, Бобур Исмоилов, Тоҳир Каримов, Акмал Нур, Шавкат Ҳакимов, Ғофур Қодиров, Жамол Усмонов, Жавлон Умарбеков, кейинроқ эса ёш рассомлар Фаррух Аҳмадалиев, Камолжон Бобоев, Ғайрат Ибрагимов ва бошқа рассомлар ижодида яққол акс этди. Улар рангнинг кучли рамзийлиги етакчилигида Шарқ фалсафаси ва поэтикаси ғояларига таяниб пластик образларнинг янги дунёсини яратганлиги билан ажралиб турди. Борлиқ муаллифнинг кундалик ҳаёт ташвишларидан йироқ, гўзаллик ва фалсафий тафаккурнинг сирли дунёсида яширинган, поэтик инон ихтиёри ва ҳиссиётидаги шахсий талқинида, яширин орзулар ҳамда кечинмалари билан ўз аксини топди. Рангтасвир асарлари учун қадимги ва Ўрта аср деворий суратлари ҳамда бўртмаларида акс этган мантиқ ва вазифалар, фалсафий-диний таълимотлар, тасаввуф эзотерик билимлари, кўҳна дунёнинг афсонавий поэтик мероси, маънавий оламнинг тимсол ва рамзийликка асосланган бетакрор тили аҳамиятли бўлиб, янги пластик йўғрилишларни юзага келтирди. Бунда реалликдан мавҳумликка, одатий сюжетдан шартлиликка ўтиш, мажозий тилга аҳамият қаратиш етакчилик қилди. Азалий анъаналар, этномаданий сифатлар, миллий қадриятлар рассомлар ижодида метафоралар воситасида ифода этилди.
Рамз, метафора, тагмаъноларга диққат қаратиш асарларнинг сюжетли асосини сиқиб чиқазар экан, шакл ва услуб, ранглар жилоси, бўёқлар маънодорлиги рангтасвир семантикасини бойитди, ботиний ва зоҳирий мутаносибликларни ўзида мужассам этди. Рамзий-метафорик тенденция йўлида яратилган асарларга Рихситилла Акрамовнинг “Севги боғи”, “Одам ва Ҳаво”, Хуршид Зиёхоновнинг “Ўзбеклар”, “Наврўз”, “Хоразм мусиқачилари”, Леким Ибрагимовнинг “Амударё”, “Севги водийси”, Мухтор Исановнинг “Анор”, “Тандир”, Бобур Исмоиловнинг “Анорли дастурхон”, “Биринчи қор. Ота”, Акмал Нурнинг “Кун ва тун”, “Куй”, Журъат Раҳмонийнинг “Сўнгги баҳор”, “Шарқ аёли”, Шавкат Ҳакимовнинг “Сукунат”, “Ой оғушидаги севишганлар”, Ғофур Қодировнинг “Бахтли оила”, Жавлон Умарбековнинг “Олтин шафтолилар”, “Болалигимиз ёзи”, Фаррух Аҳмадалиевнинг “Машраб”, “Буюк ипак йўли” картиналарини мисол қилиб келтириш мумкин. Уларда Шарқ миниатюраси, лирикаси ва мусиқасига хос ички ва ташқи уйғунлик ўз аксини топган.
Мазкур тенденция жамиятда пайдо бўлган турли маънавий ва фалсафий қарашлар манбаидаги этномаданий мерос билан боғлиқ янги бадиий ғояларни идрок этишни биринчилардан бўлиб ўртага ташлаганлигига кўра аҳамиятлидир. Рангтасвирда муайян ғоя ёки ҳиссиётни романтик афсоналар руҳи билан ифода этиш аниқ бир вақт жараёнини ўзгача кўринишда талқин этиш, рамзлар орқали фикрлаш имконини беради. Мазкур тенденциянинг ўзаги лиро-эпик, афсонавий эртак ва асотирлар оламига хос поэтик-романтик ҳиссиётлар, чуқур фалсафий тимсоллар орқали азалий комиллик йўлига интилган инсон қалбини кашф этишдек ўзига хослиги Тилаб Маҳмудов ёзганидек “Шарқ романтизми эстетикасига” бориб тақалади. Рангтасвир бадииятига кенг мазмун бахш этувчи бу хусусият қатор асарларда бадиий феноменга айланди. Яратилган асарлар дунёни янгидан англаш, борлиқни кенг мушоҳада этиш ва шу тариқа ҳаётнинг азалий саволларига жавоб излашдек тафаккур саволларини ўртага ташлайди. Уларда дунёни англашнинг анъанавий тасаввурлардан келиб чиққан асосий жиҳати, аввалгилардан фарқли равишда иррационалликнинг рационалликдан устун келишидек мантиқ ётади.
Рамзий-метафорик тенденциянинг етакчи хусусиятларидан яна бири рангтасвирда тасаввуф ғояларининг акс этишидир. Ўрта асрлар тасаввуф ғоялари, дунёқараши ва эстетик тамойилларига янгича ёндашув Файзуллахон Аҳмадалиев, Аслиддин Исаев, Акмал Нур, Жамол Усмонов, Ғофур Қодиров, Шавкат Ҳакимов ва бошқа рассомлар ижодида ўзининг бадиий талқинини топди. Яратилган асарларда рассом ижодидаги тасаввуф талқинлари, яширинган сўфийлик ривоятлари ҳикматини ўрганиш ижодкорни маърифатнинг олий нуқтаси билан бўладиган мулоқотлар ўрнатиш воситаси эканлиги акс этди. Илоҳий руҳга эришиш саодати, комилликка интилиш йўли рангтасвир асарларидаги тасаввуфнинг ўзига хос талқини тарзида композиция, сюжет, ранглар градациясида бадиий ифода этилди.
Рамзий-метафорик тенденция тараққиётида неопримитивизмга асосланган рангтасвир намуналари ҳам ўзини намоён этди. Европада ХХ асрнинг бошидаги шаклланган ва ўзининг эстетик хусусиятларига эга бўлган содда ҳамда примитив санъат ҳиссиётларнинг самимийлиги, кундалик оламни дактиклоскопик аниқликда кўришдек алоҳида жиҳатлари билан тасвирий санъатдаги муайян йўналиш тусини олган эди. Янги тенденция шаклланиб борар экан, рассомлар ижодида неопримитивизм қайта идрок этилиб, синтез қилиш ҳолатлари кузатилди. Мазкур тенденция­га ижодий ёндашиш соддалик, беғуборлик остида Шарққа хос донишмандликни мужассам этишдек ўзига хос сифатни юзага келтирди. Хусусан, рассом Шавкат Ҳакимов ижодида бу жараён неопримитивизм даражасига чиққанлиги тадқиқот хулосаларида ўз аксини топган. Неопримитивизм асосида рамзий-метафора орқали интеллектуал фалсафий қарашлар, шарқона донолик, яширинган ҳикматларни ифодалаш мазкур тенденциянинг алоҳида сифатлари бўлиб майдонга келди.
Замонавий бадиий жараёнда шаклланган рамзий-метафорик тенденция ўзининг аҳамиятлилик даражасини кўрсатар экан, қуйидаги етакчи хусусиятлари белгиланди: биринчидан, мазкур тенденция рассомларга мозийни ўрганиш ва олис тарих қатламларидаги қадим оҳангларни чуқур идрок этиш орқали азалий қадриятларнинг замонавий талқинини яратиш имконини берди. Иккинчидан, борлиққа рассомнинг субъектив муносабатини рамз, белги, ишора ва тагмаъноларга тўлиқ композицион яхлитликда ифодалаш, азалий қадриятлар ва миллий хусусиятлардан иккиламчи архетипларни яратиш учун рағбатлантирувчи омил тарзида фойдаланиш шарт-шароитини етилтирди. Учинчидан, халқ маданияти анъаналари, анъанавий номоддий мерос билан боғлиқ афсонавий поэтика комплексини долзарблаштирди ва реалистик рангтасвирдан аста-секин узоқлашиш ҳамда фигуратив тасвирлар ўрнини белги ва мавҳумлик билан тўлдириш, Европа рангтасвири тажрибасини ўзлаштириш орқали ўзида автохтон санъатнинг архаик белги ва рамзлари асосида интеллектуал пландаги янги ижодий тажрибаларга йўл очди. Тўртинчидан эса мазкур тенденция замонавий рангтасвир эстетикаси ва поэтикасининг маъно-мазмуни ўзгариб бораётганлигини кўрсатиб, унинг эртанги тараққиётга хизмат қилувчи воситаларини аниқлашга ёрдам берди.
Миллий анъана турғун, ҳаракатсиз бўлмаслиги, аксинча ўзгараётган дунё билан биргаликда ўсиб, унинг миллий туб асоси, характери тобора кенгроқ идрок этиб борилиши лозим. Бугунги бадиий жараёнда мероснинг янги қатлами – ислом, тасаввуф, мумтоз шеърият анъаналарига боғланиб тараққий топа бораётганлиги янгича илмий кузатувлар олиб боришини тақозо этади.
Миллий ўзликни англаш жараёни ниҳоятда мураккабки, у бир томондан миллий ва маънавий меросга умуминсоний мезонлар нуқтаи назаридан кенг мушоҳада орқали ёндашиш билан бир қаторда, иккинчи томондан, яқин тарих идеалларидан буткул воз кечиш эвазига ўз ўтмишини иделлаштириш, диний қадриятларга бирёқлама ёндашиб, илоҳийлаштириш, пафосга ва ҳиссиётчанликка берилишдек зиддиятли қутбларни ўз ичига олади. Айни мана шу қутблар нафақат миллий ўзликни англаш, балки мамлакат санъатининг бундан кейинги ривожланиш йўлини ва эстетик идеалларини белгилашдек мураккаб масалани олдинга суради.

Дилдора УМАРОВА

 

Саҳифа 209 марта ўқилган.