Ёдга тушди эски хотира

Назм

 Баҳор ташрифи

Тоғларнинг бошида уйғонади тонг, Абдурасул ЖУМАҚУЛ
Қуйида ирмоқлар югурар қониб.
Омонат совуқдан жунжикиб осмон,
Офтобни ўпкиси келар соғиниб.

Аёзли кунларда совқотган дала
Кўксини тўлдириб олади нафас.
Булутлар ортидан очволиб дарча,
Қуёш нур сочади бир муддат, бир пас.

Бойчечак кўкламдан берганча дарак,
Қоялар кўксида ёқади олов.
Дарахтлар уйғониб, очади куртак,
Олам яшилликка инади дарров.

Чечаклар очилар қирларда гулгун,
Рақсга тушади ял-ял капалак.
Ёмғир томчиласа эчки сутидай,
Тамшанар ичкиси келганча куртак.

Гиёҳлар улашар ҳаёт завқини,
Мойчечак баргида ажиб бир титроқ.
Лолалар қадаҳда узатишар май,
Кўклам ҳавоси-чи, маст этар кўпроқ.

Табиат сеҳрига йўқдир ниҳоя,
Ҳар йили, ҳар сафар такрор ва такрор,
Ифорларга кўмиб бутун борлиқни,
Шундай ташриф этар юртимга баҳор!

 * * *

Эсингдами, ойдин оқшомлар,
Ўйламасдик на ташвиш, ғамни?
Севги ўти ёниб юракда
Бағримизда ёқарди шамни.

Ўтди йиллар умр чархида,
Тақдир бизни синади ёмон.
Гулдай икки фарзанд доғида
Қалбимизни ўртайди армон.

Ҳеч ким билмас қисматин, аввал,
Не савдолар бошида ғич-ғич?
Кимга омад келару қўш-қўш,
Кимга кўзёш ва ташвиш зич-зич.

Мен омадга ишонар эдим,
У бизларни айладими тарк?
Ё бўлмаса буларнинг бари
Яратганнинг синовими ғарқ?

Нега бунча қийнадим сени,
Тушунмадим ҳаргиз, ҳар қалай?
Гуноҳларим тузатиб билмай,
Хатоларим бўлди пайма-пай.

Атрофимда дўстлардан кўра
Ғанимларга жой бердим алқаб.
Аччиқ сўзни қабул қилмадим,
Ширин ёлғон ёқдими ё, раб?

Чин биродар сўзларин олмай
Рақибларга инондим кўпроқ.
Ўйладимки, яхшилик қилсам,
Душманлар ҳам бўлар яқинроқ.

Энди, билсам, кўп ишим хато,
Боболарнинг сўзи тасалло:
“Яхши одам ёмон бўлару
Ёмон яхши бўлмагай, асло!”

Лек, ишонгим самимиятга,
Ҳеч кимсага қилмадик ҳасад.
Қишдан кейин кўклам келгандай
Ёруғ кунлар қайтажак албат!

  Ёдга тушиб…

Ёмғир тинмай ёғди бу кеча,
Деразадан ўтирдим қараб.
Юрагимни эзди нимадир
Ё шу ёмғир бўлдими сабаб?

Кўзларимга инмади уйқу
Яна сени эсладим дилдор.
Эсингдами ёмғирли тунда
Сенга севги қилгандим изҳор?

Аммо, нетай, кўнглим ноласин
Синдиргандинг пиёласимон.
Ва, кулганча мағрур, бепарво
Деган эдинг: “Бўлмайди, инон!”

Мағрур эдим мен ҳам ўзимча,
Осмон каби кўзёш тўкмадим.
Гар юрагим кетса-да идраб:
“Мени сев!” – деб, оҳ-зор чекмадим!..

…Ёдга тушиб эски хотира,
Кўзларимга ёш келди тўлиб:
“Сен турардинг ёмғирли тунда,
Кулганингча мағрурдек бўлиб…”

Дарахтлар

Дарахтлар – дўстларим.
Яхшиям экканман уларни.
Яхшиям сув тутганман
чанқашганида.
Чин вафоли, содиқ ёрдир – дарахтлар.
Боримда ҳам,
йўғимда ҳам ўзгармас худди,
ўзгармагани каби ҳаёт қонуни.
Дарахтларнинг тили йўқ деманг,
дарахтларнинг дили йўқ деманг,
узоқ суҳбат қураман гоҳо,
дилимни ёриб сўзлашаман бемалол.
Ҳатто,
ҳеч кимга айтмаган сирларимни ҳам
яшириб қўяман пўстлоқларига.
Сир тутишни билишар улар,
қанча авраса ҳам ўжар шамоллар,
гуллаб қўйишмас оғизларидан.
Савоб ишни жойига қўйиб,
унутишмас бирор юмушни.
Пана қилиб ёмон кўзлардан
яширишар шохлари билан.
Баҳор келса, куртаклар очиб,
кулиб турар келинчак каби.
Соя бўлишади бошимга келиб,
саратоннинг иссиқларида.
Дарахтлар – чин рафиқдир,
ибрат олса арзир,
ҳар қандайин жон.
Мени бўлса қийнагани шу:
буни тушунарми,
болта тутиб турган
номард ўтинчи?!.

   Онажон

Онажоним, нега бунча меҳрибонсиз,
Нега бунча яхшисиз?
Болам дейсиз,
Ўзингизни ўйламайсиз,
Жонингизми болангиз?

Сира эсдан чиқмас она,
Узун тунлар бешикка
Суянганча ухлардингиз,
Толмасмиди қўлингиз?

Ғичир-ғичир бешикларнинг
Овозида улғайдим.
Укам бунча йиғламаса,
Укам бунча йиғлоқи!

Жон укажон, бироз ухла,
Ором олсин онам ҳам.
Эҳ, укажон сен кўнмайсан,
Нега бунча йиғлайсан?

Онажоним, азизимсиз,
Оқ сут берган волидам.
Тавоф қилай пойингизни,
Сиз – муқаддас Каъбамсиз.

Сочларингиз қордай оппоқ,
Арзирмизми толасига.
Хизмат қилсам умрим етмас,
Сизга берган озоримга.
Она, энди ўғлингиз ҳам,
Бугун ота: болам дейди!
Нетай, ҳар кун, ҳар дам эмас,
Фақат йўқлар байрамларда…

Лек, танамга тикан кирса
Ё оғриса бирор жойим.
Шу ондаёқ сизни излаб:
“Вой онажон, онам!” дейман.

Тушундимки, бир нарсани,
Тушунмадим кўп нарсани.
Бу оламда сиздан бўлак,
Меҳрибоним йўқдир мани.

Боболар демишлар

Энг оғир кунингда билинар:
ким дўст,
ким душман эканин
билмоғинг душвор.
Боболар демишлар,
чин дўст
шул эрур,
бору йўғингда ҳам
ўзгармас улар.
Душман-чи,
борингда ейди
ошингни,
йўғингда емоққа шайдир
бошингни.

Кўнгил сочмалари

Ҳар куни кўзгуга қараб
оқарган сочларин юлиб ташлайди.
Шундай ўчин олар гўё
ташлаб кетаётган ёшликдан.

 * * *

Қарз олдим дўстимдан.
Ёлвораман, эй Тангрим,
Уни йўқотиб қўймай!..

 * * *

Ёлғон сўзлаб ноилож
мўлтиради кўзимга.
“Мен сенга ишонаман!” –
дедим кўнглини овлаб.
Одамга хуш ёқаркан,
баъзан ёқимли ёлғон.
“Тасалли”

“Одам бўлмадинг!” – деб,
койиди ота.
Ўғил елка қисар,
айбин англолмай.
Шунда кимдир деди:
– Кўп ҳам куйинманг,
у сизга ўхшабди,
қуйиб қўйгандай.

      Набирам Асалга

Сен – дилбандим, жажжигинам,
Осмонимнинг юлдузи.
Бамисоли уйимизнинг
Ўзинг кеча-кундузи.

Бешигингда тоғ арчасин,
Ифори бор, болажон.
Юрагингда аждодларинг,
Шитоби бор, болажон!

Кулсанг агар,
Чароғондир,
Нурафшондир бу дунё.
Гар йиғласанг,
Олам йиғлар,
Чекинар қуёш гўё.

Гулчечагим, кўзмунчоғим
Сенга шудир баётим:
Исминг каби тотли бўлсин,
Тотли бўлсин ҳаётинг.

Лек, унутма ва ёдда тут:
Сен боламнинг болисан,
Уйимизнинг фариштаси,
Хазинаси – борисан!

      Аксиома

Чумолилар уясига
меҳмонга бордим.
Қўлимда ушоғим йўқ эди,
чўнтагим ҳам бўш эди,
аттанг!
Қовоқ уйиб қарашди улар.
Қуруқ қўл меҳмонни
ким ҳам суярди?

Абдурасул ЖУМАҚУЛ