Тонг шу қадар улканки,large_13a4
менинг кичик дарчамга
сиға олмай товланар.

Қуёш шу қадар улканки,
қамаштириб сочар нурларин,
шундай бўлар шодиёналарда
ва ўзига уннай бошлар.

Менинг эса
охиригача кўрилмаган
тушим қолди.

У шундай янгроғу яйноқ
ва ҳатто бўйсунмас сўзга,
ва яна мана мен бойман
якун топмаган ўзим билан.

Якунланмаганлик –
бу ҳам бир парчаси
бахтли бирликнинг
гўё қўл ёки
оёқ каби.

Якунланмаганлик –
тирик қалб ҳаракатининг гарови
ва бу белги – якун топмаган.

Улкан тонгнинг ёруғлигида
менинг барча деворларим –
манзараларим,
уларда кўринар фақат
кечаги ғубордан аритмаганим.

* * *

Ўғлим, мана сенга бир уюм тупроқ.
Барча сўзларнинг дебочаси –
замин.

Унда қасрлар қур, кўпригу йўллар.
Қачондир уларни чиндан қурарсан.
Ерни ҳайда ёки ташиб кўр,
майли сепгин уни усти бошингга,
тилингга теккизиб тотиб кўр уни.
Ўрган уни яхшилаб,
нима ўзи ер?

Шундай ўргангинки, уни сен,
токи, ишониб бўлмасин турли гапларга.
Қулоқ солма.
Тупроқни чўнтакка жойлаш мумкин.
Жойла агар керак бўлса.
Ишонма, агар кимдир сенга:
“Бу парча ер меники”, деса.
У одам хаста.
Бу ер сеникидир.

Ўрган ерни
унда қаддинг адл тутишинг
ва шу ер учун туришинг керак.
Уни асрашинг ва унга қўшилишинг бор.

Бироқ бунинг бари кейин,
ҳозир эса – яхшилаб ўрган.
Тупроқ узра имирсилайвергин,
майли, уни чангитиб ҳам кўр.

Қачонки, бу тупроққа сен уруғ кўмиб қўйсанг,
шунда кўрасан барини ўз кўзинг билан.
Мен ҳам кейин бас қиламан
сенга тупроқ ташишни.

Ўшанда биз белкурак ва ўйинчоқларни
бошқа болакайга берамиз.

* * *

Энг баланд
дарахтнинг учида,
титраётган
ёлғиз япроқ узра
каҳраболар сочиб ёзилган:
Тонг!
Уйғониб кетдим.

* * *

Ёруғ тунда
айрича афсун бор,
у изн бермас қўнишга,
парвозда ушлаб турар.
Туйғу ва орзунинг измида
сирли кучла баландладингу
парвоз қиласан
ерга тегмасдан.

Қандайдир тушлар
кўрилмай қолган,
қандайдир фикрлар
айтилмай қолган,
қандайдир меҳр
содир бўлмаган
учаётган ўтган лаҳзалар
сенга қайтмоқда яна
ёғаётган гулбарглар каби,
гўё игна санчилгандек
оғриқли,
хира тортган ва униққан
эски киноленталардек
кўзга ташлана бошлар.

Ёруғ тунда
бирор нарса ҳақда
хаёл суриш
ақлга сиғмас,
чунки борлиқнинг
яланғоч моҳияти,
аёндир сенга.

Баайни нота белгилари
оркестр чолғуларига тушмас.

Ёруғ тунда
мен ўқишга уриндим –
бирам ёруғ эди,
бироқ бир неча сўзлардан сўнг
сўна бошлади ҳарфлар.

Ва мен ўқир эдим
ёруғ тунда
афсонавий оппоқ,
ақл бовар қилмас
варақни.

* * *

Дардлашамиз шу бир сўз билан,
бироқ ҳар ким
ўзича куйлар,
чунки ҳар кимнинг ўз даврони,
ўз қувончи ва севгиси бор.

Ҳар биримизнинг:
ибтидомиз,
давомимиз
ва поёнимиз бор.

Ва бу интиҳо йироқлашишин хоҳлаб,
бирга бўлишни истадик
куйлаш учун
шу бир хил сўзни.
Менинг ҳар бир сўзимга сенинг,
сенинг сўзингга
унинг сўзи чиқмоқда пешвоз.
Ва барчаси
ёруғ бир дарёдек
қуюлмоқда қўшиғимга.
Ва мана, олам узра
қудратли бир ибтидо,
чексиз бир давомийлик жарангламоқда,
мутлақо,
мутлақо кўринмас интиҳоси.

Ояр ВАЦИЕТИС

Рус тилидан Даврон РАЖАБ
таржимаси

Саҳифа 126 марта ўқилган.