Севгилим киради оқшом тушимга

Жаҳон адабиёти

Тун

Олтин гулга ўхшар кўкда ой, 8771_1_max
Атрофида кўк чамбараги.
Само – гулнинг новдаси гўё,
Ёндош худди сен ва мен каби.

Эндиги ой – новдасиз гулдир,
Кўк юлдузлар ёритган маҳзан.
Ой асрлар бўйи хушбахтдир,
Менинг сен-ла бахтим бир лаҳза…

Завқу шавқ

Энди мени тийиб, жиловлаб бўлмас,
Куйлайман дарахтга, юлдузли кўкка,
Куйлайман дунёга ишқи азалдан!
Севаман!
Меники бўлди севгилим,
Эй ҳаёт, қўрқмайман энди ажалдан!

Шамолга қўшилиб учаман энди,
Оловда куймайман, оловланаман,
Ичимдаги олов лабимдан чиқар,
Юлдузни босаман майса босгандай,
Бу он самоларга ёндош, эш эдим.
Мен бугун севилдим, меники ёрим,
Ҳаёт, мен ниҳоят бир он яшадим!..

Гумон

Руҳим танга қамаб қўйилган,
Мени босар батамом гумон.
Жонга тегса, гоҳида қалбим
Кайф – сафога берилар шодон.

Удир менинг тинмас ўхшашим –
Қўлидан келади ҳар бало.
Танам учун берарман жавоб,
Лекин қалбим бўйсунмас асло…

Ғусса

Ачинмайман айрў руҳимга –
Вужудимда топмади ором –
Ҳали яна у минглаб марта
Кирар бошқа танларга қайтиб,
Кезиб юрар дунёда дайдиб.

Ачинмайман руҳимга, асло,
Аммо ҳали қайноқ вужудим.
Жондан кечиб, тупроқ бўлмоққа
Кўнмай турар қўрқоқ вужудим…

Қарз

Мен сендан қарздорман, ёрим, билиб қўй,
Адоқсиз армоним, ҳасратим учун!
Йўқ, сен юрагимга солганинг йўқ куй,
Сен мен-ла осмонга чиқмадинг учиб.

Лек, мен сени дилдан севдим-ку, ахир,
Гарчанд ҳеч вақт мени сен севмадинг чин.
Мен сендан қарздорман, сен берган севги
Мени аршга олиб кетгани учун…

Мовий кўзлар

Сиз ўша апрелда бўлдингиз пайдо,
Кўзларимиз бирдан тўқнашди қўққис.
Гўё турар эдим жар ёқасида,
Қаршимда – ютишга тайёр кўк денгиз.

Биз бирга яшадик тўртта апрелни,
Тўрт бора яшил барг очди мажнунтол.
Барибир, мен сизга дуч келсам ҳануз,
Мовий кўзингизга термилсам қўққис –
Кўраман ўзимни жар ёқасида,
Қаршимда – ютишга тайёр кўк денгиз…
Дарё

Мен – дарёман.
Ойдин водийдан
Келардим денгизга томон бардавом.
Ўйлардимки, кулранг гирдоблар ичра
Топарман абадий тинчлик ва ором.

Уммонга қуйилдим:
Асов ва қора.
Дарғазаб чинқирдим, айтдим айтарим:
– О, зангор водийлар, кенг далаларим,
Ўтинаман, мени ортга қайтаринг!

Аммо мени ютди бир бебош тўлқин,
Ташналик жонига теккан оқ тўлқин.
Шўрлаган тўлқинлар ичдилар мени,
Туздай аччиқ бўлди сувларим энди,
Тубсизликлар ютди, энди хок эдим,
Қандай ирмоқ эдим, ахир, бир замон,
Қандай тоза эдим, қандай пок эдим!..

Камчиликлар

Мени огоҳ қилар дўстларим зимдан,
Бор эмиш яширин нуқсонларингиз.
Эшитиб куламан, бу севги фасли –
Улар қайдан билсин, баридан кўпроқ
Нуқсонларингизни севаман, асли!..

Мен биламан юлдузларни µам

Юлдузларни яхши биламан:
Тонг юлдузи, Чўлпон, Зуҳроси.
Қачон чиқар, сўнади қачон –
Менга аён само дунёси.

Одамзоднинг сирин англадим,
Нигоҳларин ўқийман ҳар дам –
Фикрлари, шум ниятлари
Менга берар тафаккур ва ғам.

Лекин сенинг кўзинг, севгилим,
Менинг учун буткул гумондир.
Севасанми, йўқми – ноаён,
Севганмидинг ўзи қачондир?

Кўп нарсани билдим дунёда,
Фикрларга тўлиб кетарман.
Ҳаммасини билдиму аммо –
Сени билмай ўлиб кетарман…
Апрель, май

Шамол юлиб отар сўлган гулларни,
Куйиб, паймонаси тўлган гулларни.
Гулбарглар тўкилар оҳиста, сассиз –
Хазонлар тупроққа кўмилар, эссиз!

Тонгда яна чиқар аршига қуёш,
Яна янги ғунча гул очар – наққош.
Қувончга тўладир табиат такрор,
Аммо менинг учун тугади баҳор.

Дарахтлар бир оппоқ гулга бурканди,
Аммо мен майсани босарман қордай –
Менга апрель ажиб севги берганди,
Аммо айрилиқни олиб келди май…

Тушлар

Ҳаётимни бахш этарман ўзгага,
Меҳримни берарман, турса қошимда.
Лек ўтган кунларни ёдимга солиб,
Севгилим киради оқшом тушимга.

Бехос уйғонаман, турарман титраб –
Тушлар ёлғончидир – қалтирар тиззам.
Уйғонсам – ёнимда йўқдир севгилим –
Лек сийнамда куяр бўсанинг изи…

Қаҳратон туни

Деразамни безар изғирин,
Ташқарида совуқ шу чоғда.
Қаҳратон қиш, шамол йиғлатар.
Кўзларингни кесар пичоқдай.

Ўтинаман, Тангрим, шафқат қил
Кўчадаги дайди, юпунга.
Раҳм қилгин, Тангрим, совуқда
Қор остида юрган ҳар кимга.

Менинг уйим иссиқ ва гўзал,
Дарпардалар тафти кифтимда.
Лекин гоҳо юрагим йиғлар,
Ташқарида қолган етимдай…

Инглиз тилидан Карим БАҲРИЕВ таржимаси

Сара ТИСДЭЙЛ