«Қисас ур-Рабғузий»даги шеърлар

Шарқ юлдузи/ Dekabr 28, 2016/ Мумтоз поэтика

%d0%b7%d0%b8%d0%bb%d0%be%d0%bb%d0%b0-%d1%88%d1%83%d0%ba%d1%83%d1%80%d0%be%d0%b2%d0%b01Носириддин Рабғузийнинг “Қисас ур-Рабғузий” асари XIII-XIV аср ва ундан кейинги даврларда китобхонларнинг севимли асарлари қаторидан ўрин олган нодир ёдгорликлардан биридир. Бунга сабаб қиссаларда тасвирланган пайғамбарлар ва авлиёлар ҳақидаги қизиқарли воқеа ва ҳодисалар десак, асар ҳақида бир томонлама ва тор доирада хулоса чиқарган бўламиз. Зероки, “Қисас ур-Рабғузий”ни шу кунгача машҳур қилган бошқа бир жиҳати ҳам борки, усиз Рабғузий шахси ва унинг бадиий яратмасига етарлича ва тўлиқ баҳо бериб бўлмайди. Яъни, ижодкор қиссаларида гўзал либос вазифасини ўтаган лирик шеърларни ўрганиб, таҳлил қилмасдан ёзувчи ижоди, унинг поэтик маҳорати, тасаввур дунёси, истеъдодини англаш мушкулдир. Шунинг учун биз қуйида қиссалар таркибига сингдирилган лирик шеърларнинг ҳар бирини алоҳида туркумларга бўлиб таҳлил қилишга интилдик:

1. Мадҳ ғазаллар;
2. Ишқ мавзусидаги ғазаллар;
3. Ижтимоий-фалсафий, панд-насиҳат руҳдаги шеърлар;
4. Сайёра ва буржлар ҳақидаги ғазаллар;
5. Табиат тасвирига бағишланган ғазаллар;
6. Хотимат ул-китоб.
1. Мадҳ ғазаллар.
Муҳаммад (с.а.в) сифатига бағишланган шеърлар. Маълумки, ўзбек мумтоз адабиётида деярли барча асарлар ҳамд ва наът билан бошланади. Рабғузий ҳам шу услубнинг давомчиси сифатида Пайғамбаримиз (с.а.в) таърифига бағишлаб бир нечта ғазаллар келтиради.

Дину шариат рўъятин олий қилған Мустафо,
Куфру зулмат туғларин ерга чолған Мустафо.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг эзгу амалларини васф этувчи ушбу «Мустафо» радифли наът ғазал а-а, б-а, в-а тарзда қофияланган. Нуктадон шоир мазкур ғазални аруз вазнининг рамали мусаммани маҳзуф вазнида битган.
Наът ғазал XIV асрда ёзилган. Носириддин Рабғузий туркий адабиётда аруз вазнида қалам тебратган илк ижодкорлардан бири бўлса-да, унинг ғазаллари аруз вазнининг барча талабларига жавоб беради. Бироқ мазкур ғазални кўздан кечирар эканмиз, унда баъзи камчиликлар борлигини пайқадик. Буни қуйидагилар орқали кўрсатмоқчимиз:
Аруз вазнининг бош талабларидан бири мисраларда ҳижолар миқдорининг тенг бўлишидир. «Мустафо» радифли ғазалда бу ҳолат кузатилмайди. Яъни, 2-, 8- мисраларда ҳижолар сони 14 та; 1-, 3-, 4-, 5-, 9-, 10-, 12- мисраларда ҳижолар сони 15 та; 6-, 7-, 11- мисраларда ҳижолар сони 16 тани ташкил қилади. Биз XV асрда кўчирилган қадимий нусхасига таянсак-да, асар бизгача етиб келишида бир неча хаттотлар қўлидан ўтган. Ҳар бир хаттот матнни кўчириш жараёнида уни айнан кўчирмаган. Яъни, қиссадаги баъзи лавҳаларга, шеърларга қўшимчалар киритган ёки тушириб қолдирган. Шунингдек, шоир яшаган давр ва ундан кейинги замонларда асарга бўлган муносабат туфайли лирик шеърларнинг шакл ва мазмуни ҳам ўзгарган бўлиши мумкин.
Рабғузий пайғамбарлар таърифини келтирар экан, уларнинг сифати, фаолияти, ўзига хос йўли ҳақида дастлаб шеърий тарзда қисқача изоҳ беради:
Ҳақ яратди тангсуқ Одамни тафиз ер кўркидин,
Ўзга сурат тузди андоғ ажун ичра илкидин.
Одам (а.с) сифати тасвирланган 7 байтдан иборат шеър а-а, б-а, в-а, г-а тарзда қофияланган. Аруз вазнининг рамали мусаммани маҳзуф вазнида ёзилган. Мазкур ғазалда ҳам юқорида таъкидланган камчиликлар кўзга ташланади. Яъни ғазалнинг ҳар бир мисраси 15 ҳижодан иборат бўлиши керак. Бироқ 3-мисрадаги ҳижолар сони 16тани ташкил қилади. Мисралардаги бундай номутаносибликни қуйидагича изоҳлаш мумкин:
а) Шеър ҳозирги ўзбек адабий тилига табдил қилинаётганда мисралардаги ҳижолар сонига эътибор қилинмаган ёки нотўғри ўқилган. Чунки араб ёзуви қоидаларига кўра қисқа унли ҳарф ёзувда акс этмайди. Уни ўқиш жараёнида ҳар бир китобхон сўзнинг мазмуни (баъзан гап мазмуни)га кўра унли ҳарфларни қўйиб ўқиши керак. Араб ёзувига кўра тахтини сўзи ﻯﻨﺗﺨﺘ тарзда ёзилади. Буни китобхон тахтини деб ҳам, тахтни деб ҳам ўқиши мумкин. Шу сабабли битта унли товуш орттирилган.
а) Асарни нашр қилиш жараёнида хатолик кетган бўлиши мумкин. Бунинг натижасида ҳижолар сонида чалкашлик юзага келиб, шеър вазнини аниқлашда ҳам қийинчилик туғдиради. Назаримизда, мазкур ғазалнинг 3-мисраси “Тахтини кўтуруб фаришта ужмоҳ ичра кивуруб” эмас, балки “Тахтни кўтуруб фаришта ужмоҳ ичра кивуруб” тарзда ёзилса мантиқан тўғри бўларди.
Ёзувчи олимлар ҳақида фақат бир ўринда, Иброҳим (а.с) ҳақидаги қиссада тўхталган. Унда шоир донишманд ва олимларнинг бошқа инсонлардан фарқини рамзий тимсоллар воситасида тасвирлайди.

Қамуғ йигналар тўн тикар киздирур,
Яна ўзи кўрсанг яланғоч қолур.
Чироғма улашў куяр ўртанур,
Азинларга курсанг ёруқлуқ берур.

Байт деб номланган 4 мисрадан иборат лирик шеърда игнанинг бош мақсади кийим тикиб, инсонларни иссиқ ва совуқдан асраш бўлса-да, ўзининг доим яланғоч юришини ҳамда чироқ ёниб ўзини ўзи адойи тамом қилса-да, бошқаларга ёруғлик бериш ҳаётининг мазмуни экани шеърда тамсил санъати мисолида кўрсатилган. Фавқулотда жонкуяр, авлиё инсонларга нисбатан қўлланган ушбу гўзал ўхшатиш воситасида ҳусни таълил санъатига, шунингдек, игнанинг бошқаларга кийим тикиб, ўзининг яланғоч қолиши тазод санъатига ҳам мурожаат қилинган.
Асарда Носириддин Тўқбуға мадҳи қиссанинг кириш қисмида берилган бўлиб, унда шоир ҳукумдорни ҳар жиҳатдан мукаммал, илмпарвар, адолатпеша, халққа ғамхўр идеал шоҳ сифатида тасвирлайди.

Илҳоқ умул тузун қилиқ
Билиг ариғ ҳаддин чиқа
Кўкдин адизрак ҳиммати.

Шеър Носириддин Тўқбуғага бағишланган, 33 мисрадан иборат мадҳия. Унинг ҳар бир байти а-б-в, г-д-в, е-д-в, ж-д-в тарзда қофияланган. У аруз вазнининг ражази мураббаъи солим вазнида яратилган. Бундан кўриниб турибдики, мазкур лирик шеър мусаллас шаклида битилган. Шуни айтиш керакки, Рабғузийга қадар яшаган ҳеч бир шоир ижодида мусаллас жанри учрамайди. Шу жиҳатдан туркий адабиётда биринчилардан бўлиб мусаллас шаклида гўзал бадиий асар яратган шоир Рабғузийдир.
Маълумки, мумтоз адабиётда ишқ мавзусига шоирлар кенг доирада мурожаат қилишади. Рабғузий ҳам шу анъанага мувофиқ қиссада бундай шеърларга бир неча ўринда қўл урган.

Тенгриму бўлур бошинға тилку сийса бир соғин,
Кўзлари кўрмас қоронғу ҳам тили анинг оғин.

Тўртлик содда тилда, рамзий тимсолларсиз ғазал жанри талаблари асосида ёзилган. Рамал баҳрида ёзилгани сабаб уни рубоий жанрига қўша олмаймиз. Тўртликда таносуб (Тенгри, Мавло, Аллоҳ, қуллуқ, ёрлиқ), ширу шакар (Қуршаниб қуллуқ қурини…) санъатларини учратиш мумкин.
Инсоннинг инсонга бўлган севгиси тараннум этилган шеърлар ҳам қиссада талайгина. Дунёвий севгини тараннум этувчи мазкур туркум шеърлар Рабғузий ижодининг салмоқли ўрнини эгаллайди. Бу борада Юсуф (а.с) ҳақидаги қисса диққатга моликдир.

Бу кўнглум муродға текинмак тилар,
Телим халқлар аро ўкунмак тилар.
Кун, ой сажда қилғай ариғ юзга ман,
Бу кун отдин иниб юкунмак тилар.

Тилар радифли мазкур тўртликда Юсуф (а.с)нинг тенгсиз гўзаллиги тасвирланган. Унда истиора (ариқ юз), ташхис (кўнгилга инсоннинг ҳислари сингдирилган) санъатлари ишлатилган. Байт ҳазажи мусаддаси аштар вазнида ёзилган.
Шу ўринда айтиш жоизки, шеър лирик қаҳрамон Райён малик тилидан келтирилган. Унда Райён маликнинг Юсуфни илк маротаба кўрганда кўнглида кечган ўй-фикр акс эттирилган. Бироқ шеърнинг 3-мисрасидаги жузъий хатолик: биргина қилғай сўзидаги ғ ундошининг орттирилиши туфайли шеър маъносида қўпол ўзгариш юз берган. Кун, ой сажда қилғай ариғ юзга ман мисраси кўздан кечирилса, унда мазмунан ғализлик бор. Унга кўра Райён Малик ўзини чиройда тенгсиз ҳисоблаб, ой ва қуёшнинг сажда қилишини ўз тилидан келтирган. Ваҳоланки, тўртлик Раён Малик ҳақида эмас, аксинча Юсуф (а.с) тўғрисидадир. Буни тўртликдаги бошқа мисраларнинг мазмунидан ҳам кўриш мумкин.
Рабғузийнинг «Қисас ур-Рабғузий» асари, аввало, пайғамбарлар ҳақидаги асар бўлганлиги сабабли унда бош ғоя сифатида инсонни маънавий баркамолликка, етукликка ундовчи ҳикоят ва шеърлар ташкил қилади. Шу жумладан, қиссада ота-она ва фарзанд муносабати ҳам таърифланиб, унда шоир қаҳрамонларнинг тақдири мисолида панд-насиҳат беришни мақсад қилади.

Эй кўнглум овунчаси ўғраб йироқға бормағил,
Ярлиққа ёлғуз онангни бағрини ўртамағил.

Тўрт мисрали ушбу лирик яратма а-а-б-а тарзида қофияланган бўлиб, рамали мусаммани маҳзуф вазнида ёзилган. Ушбу тўртликда истиорадан (кўнглум овунчаси) фойдаланилиб, онанинг кўз қароси бўлмиш фарзандига нисбатан мурожаати сифатида ишлатилади.
Ижодкорнинг бу асари, энг аввало, диний асар бўлганлиги учун қиссанинг ҳар бир лавҳасида панд-насиҳат мазмуни уфуриб туради. Бу туркумга кирувчи ғазалларда шоир турли мавзуларни қаламга олиб, нафснинг инсонга азалий душманлиги, умрнинг ўткинчилиги ва бевафолиги ҳақидаги фалсафий қарашларини шеърлари мазмунига сингдиради.

Эрнинг балоси ики олам балоси қуртқа,
Қуртқа қариб ўлурса солғил этини қуртқа.
Ёт қуртқани эвингда кўрсанг бошини кесгил,
Куйдур бошини ўтқа, совур кулини қортқа.

Тўрт байтдан иборат мазкур шеър бармоқ вазнида ёзилган, 7+7 шаклида туроқланган. Мисралардаги қуртқа сўзи турли маъно ифодалаб, биринчи мисрада қари кампир маъносида, иккинчи мисрада бўри маъносида, тўртинчи мисрада кўк (осмон) маъносида ишлатилган. Тажнис сўзларнинг ишлатилиши шеърнинг бадиийлигини кучайтириб, салбий образнинг нопок ишларини бўрттириб, ёрқин тасвирларда акс эттирган. Шунингдек, шеърда такрир, аллетирация, таносуб (муғул, сортға), иштиқоқ (қуртқа, қарисун) каби бадиий санъатлар учрайди.
Сайёра ва буржлар ҳақида шоирнинг қалам тебратиши унинг нужум илмидан ҳам бохабар олим эканлигини кўрсатади. Мазкур туркумга кирувчи шеър фақат битта бўлиб, у Юсуф (а.с.) қиссаси таркибидан ўрин олган

Ўн икки укак етти ақрон қислиқ,
Энг илки қўзи, уй, арандад, қучиқ.

8 мисрадан иборат мазкур шеърда усталик билан ташбеҳ ва истиорадан фойдаланилган. Шеърда Яъқуб (а.с)нинг 12 фарзанди 12 бурж (қўзи, уй, арандад, қучиқ, курарслон,буғдой бош, улкар, чаён, ёй, ўғлоқ, кўнак, балиқ)га, Яқуб (а.с) ва унинг 6 хотини 7 сайёра (сакандир, ўнгай, куруд, яшиқ, сақит, орзу, ялчиқ)га ўхшатилган.
Рабғузий шеърияти орасида шундай лирик яратмалар борки, у ижодкор асарининг шоҳ байтларидир. Унда шоир тасвир яратишда дунёга шоирона нигоҳ билан боқиб, инсон кўнглига бевосита таъсир қилиб, бир зум бўлса-да, унга баҳорий кайфият, ёшлик айёмини бахш этади. Буни биргина қиссадаги баҳориёт мисолида кўриш мумкин.

Кун ҳамалға кирди эрса келди олам наврўзи,
Кечди баҳман замҳарир қиш қолмади қори бўзи.
Кун келу минг кўрки ортиб тирилур ўлмиш жаҳон,
Тонг бадизлаб нақши бирла безанур бу ер юзи..

Ғазал фасллар келинчаги гўзал баҳор васфига бағишланган. Ҳақиқатда ҳам, баҳор нафақат борлиқ-табиатга, балки инсонларга ҳам ўзининг беғубор ҳисларини улашади. Баҳорда қимирлаган жонзот борки, яшашга, яшаришга ошиқади. Баҳор фасли инсонларнинг ҳам ташқи қиёфаси, ҳам ички руҳиясига ижобий таъсир кўрсатиб, инсонларнинг бир-бирини севишга, севилишига, ёшлик айёмини ғанимат билиб, қадрига етишига ундайди. Бу фаслда қиш бўйи осудалик ва сукунатга чўккан табиат ҳам, зимистон кунларда уйда диққинафас бўлган ёш-қарилар ҳам тетиклашиб, ёшаришга томон ошиқади. Ҳаттоки, қуриб қолган ёғоч-бутоқ ҳам бу фаслда чирой очиб гуллашга, ҳаммани ўзига қаратишга ҳаракат қилади. Кўпчилик шоир ва ёзувчилар айнан шу фаслдан илҳомланиб, бир-биридан гўзал асарлар яратишади. Рабғузий ҳам ана шундай баҳор фаслидан илҳомланиб, ўзининг ички баҳорий ҳисларини зуллисонайнлик анъанасига кўра ёзилган ўн уч байтли ғазал мисолида акс эттирган. Шоирнинг тасвирлашича, ҳамал (март ойи) кириши билан баҳман (21янв -21 фев) ортга чекинади ва шундан бошлаб янги кун бошланади. Баҳор келишини барча мавжудот интизорлик билан кутгани каби унга атаб қушлар тинмай қасидалар битишади, қўй-қўзилар шодон сакрайди. Шоир табиатнинг энг гўзал лавҳаларини илғай олгани боис уларни ҳаётий гўзал тасвирлар орқали содда ва халқчил руҳда кўз ўнгимизда гавдалантиради. Шу боис, ғазал таркибида бадиий тасвирий воситалар талайгина. Жумладан, ҳусни таълил, ташхис, ташбеҳ, тазод, талмиъ каби бадиий санъатлар учрайди. Мазкур лирик асар а-а, б-а, в-а, г-а… тарзда қофияланган. Мисраларда наврўзи, бўзи, юзи, ёзи, тузи, қўзи, чўзи, қундузи, кундузи, юлдузи, Рабғузий каби сўзлар қофиядош сўз вазифасини бажарган.
Қисса хотимасида берилган охирги шеърда асар ёзилиши тарихи ва унда ижодкор бошидан кечирган машаққатлар ҳақида қисқача сўз боради.

Ўш битидим бу китобни, эй эранлар эр бўзи,
Бир йил ичра кечти анинг ёйи қиш ёзу кузи.

Қисса сўнгида “Хотимату қисасир-Рабғузий” деб номланган шеър берилган. Ғазал жами 15 байт 30 мисрадан иборат бўлиб, рамали мусаммани маҳзуф вазнида ёзилган. Шеърда шоирнинг асарни бир йилда ёзиб тугатганлиги ва уни чиройли сўзлар “Рум, Хитой, атлас, чўзи” билан безаганини, асарни “Моҳир эран” Носириддин Тўқбуғага бағишлаганини айтади. Шунингдек, ғазалда қисса бошдан оёқ пайғамбарлар таърифига бағишланганлиги, унда биринчи Пайғамбар Одам Атодан сўнги Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)гача бўлган давр ёритилганлиги қайд қилинган. Шеърда келтирилишича, қисса 710 йил ҳут ойида тугатилган.
Хулоса қилиб айтганда, Носириддин Рабғузийнинг “Қисас ур-Рабғузий” асари пайғамбарлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳикоят ва ривоятлардан ташкил топган асар бўлиш билан бирга турли лирик шеърларни ўз ичига қамраб олган нодир манбаа ҳамдир. Қиссадаги лирик шеърларни кузатар эканмиз, унда Рабғузийнинг ҳаётда содир бўлувчи турли ҳодисотларни шоирлик нигоҳи ила пайқай олишини кўриб ижодкор шахсига, маҳоратига, савияси, дунёқараши, эстетик дидининг қай даражада нозиклигига яна бир карра тан берамиз. Айниқса, у туркий адабиётда мусаллас ва ғазал жанрининг илк намуналарини яратган шоир сифатида қадрлидир.

Зилола ШУКУРОВА