Cирлар кўнгил тубида қолди

Назм

* * *

Шағирлайди ҳаёт бетинимОйдин-Ҳожиева,
Чаппар урар айланиб қорга.
Сайёҳ каби билмайди қўним,
Йўли тушар чўлга, гулзорга.

Гоҳ чавандоз йигитдай гуррос
Солиб ўтар дарчанг ёнидан.
Гоҳ донишманд чолдай беғараз
Дур сочади фикр конидан.

Барқут гилам тўшар даштларга,
Туғён бўлар сокин сойларга.
Мангуликнинг муҳрини босар
Гувоҳ бўлиб йиллар, ойларга.

Ажал очган дарвозаларни
Ҳаёт-элчи танбалаб ташлар.
Ғариб, унут қабрларда ҳам
Қизғалдоқдай ловиллаб яшар.

Йиллар букиб кетган қадларга
Қувват, ёшлик бергандир ҳаёт.
Узангиси кумуш эгарда
Кийик қувган мергандир ҳаёт.

* * *

Сизни десам, лабларимда гул очилар,
Сизни десам, дарёларда дур сочилар,
Сизни десам, қадамларим ер муччилар,
Гул сочилар, дур сочилар!

Сизни десам, кўнгилда юлдузлар ёнар,
Сизни десам, қаҳратонда музлар ёнар,
Сандиғидан тилла сочиб, кузлар ёнар,
Гул сочилар, дур сочилар!

Сизни десам, зоғлар қочар саҳро сари,
Зулмат сўнар, ойдин бўлар дунёларим,
Сизни десам, сизни десам!..

                   Лавҳа

Боғимнинг гўзал маликаси –
Анор уйғонмади бу баҳор.

Булутдай кўпирди оппоқ наъматак,
Булбул уя қурди бағрида.

Мастона сайради ёз туни,
Булбул бола очди хотиржам.

Палапонлар бўлди учирма,
Ҳувиллаб қолди гавжум уяси.

Наъматак қизил маржон тақди,
Алвон юлдуз каби ғужғон мевалар.

Шамол шўх боладай арғимчоқ учар
Наъматакнинг яшил ўрамларида.

* * *

Мен – сенингман, зулматга отма
Бир кераксиз матоҳ сингари.
Оғир тошдек кўнгилга ботма.

Мен – сенингман, узлатга отма
Ёниб битган бир шам сингари.
Қонда ёнар ишқ оташлари.

Мен cенингман, ғурбатга отма
Қуриб битган булоқ сингари.
Танда қайнар ишқ оташлари.
Мен – сенингман, борки ҳаётим –
Умидларим, орзу, нажотим,
Дилда сайрар ишқ булбуллари.

Сотма мени ишқ бозорида,
Сендан ўзга йўқ харидорим.
Бу дунёнинг кори борида
Сендан ўзга йўқ харидорим.
Бу дунёнинг бозорида…

* * *

Опа-сингил борлиги яхши,
Оро кирар ширин жонингга.
Дардларингга ёрлиги яхши,
Ҳасад қилмас иссиқ нонингга.

Оғирингни қилади енгил,
Мушкулингни этади осон.
Онанг бўлиб опаю сингил
Ҳаётингни қилади бўстон.

Кўзларида яшайди онанг,
Сўзларида яшайди онанг.
Ғамгузоринг, сирдош, ғамхонанг
Изларида яшайди онанг.

Райҳонлардан сўрайман гоҳи
Кўзмунчоғим – опаларимни.
Ҳижронлардан дув-дув ёш оқиб,
Ҳўл қилади ёқаларимни.

Бир гул бўлиб унсалар агар,
Тақиб олсам чаккаларимга.
Учратсайдим қайтадан агар,
Кўтарардим елкаларимга
Жаннатмакон опаларимни.

* * *

Кузнинг тиниқ осмони
Каби хаёлим вазмин.
Қуёшнинг чилдирмаси
Қиздирмас ёзнинг базмин.

Боғлар – кўкқарға бозор,
Беҳилар – ёмби олтин.
Шамол чертади дутор
Тераклар чайқар бошин.
Чўпонларнинг найидай
Куйлаб ётар жилғалар.
Боқсанг кўзни олгудай
Кузак таққан жиғалар.

Шалдир-шулдур балдоқлар –
Қайрағочлар ўйини.
Хонанда зарғалдоқлар
Хиндда қилар тўйини.

* * *

У туйғулар гўзал эди,
Чеккангга тақсанг бўларди.
Дарё каби тошқин эди,
Мавжида оқсанг бўларди.
Гулхан каби жўшқин эди,
Тафтида олов ёқсанг бўларди.

У бир саҳро эди, кўксини
Бинафшалар қоплаб ётарди.
У бир дарахт эди, арчадай
Қишин-ёзин кўклаб ётарди.

У бир қоронғи ғор эди,
Мўмиё туғилар деворларида.
Лайлининг тилидан учган зор эди,
Мажнунга муҳаббат изҳорларидай.

Олис хотиранинг садоси эди,
Бахшиларнинг ёниқ овози эди,
Кўнгилнинг нидоси эди,
Англолмадинг…
Тинглолмадинг…
Тан олмадинг сен…

* * *

Чақмоқдирман, кўкни ёндирган,
Тупроқдирман, буғдой ундирган.
Чироқдирман, гоҳ капалакнинг
Қанотлари тегиб, сўндирган.

* * *

Бу дунёда сенинг севгинг
Менинг қимматли ганжимдир.
Сенинг кўнглинг – менинг кўзгум,
Қадр тоғим, таянчимдир…

* * *

Ёнмоқдан топдим ҳаловат,
Куймоқдан топдим фароғат.
Не толедур, майса бўлдим,
Пойингда айтдим саловат.

* * *

Болалигим ўт чақнаган йилларди
Қадамимда бўз тиканлар гулларди.
Мен хиргойи қилиб ўтган қирларда
Қизғалдоқлар пари қиздай куларди.

* * *

Заррадурман сенинг мулкингда,
Қатрадурман сенинг мулкингда.
Болдан ширин гоҳо ҳаётим,
Какрадурман гоҳо мулкингда.

* * *

Хотирани ёқолмайсан хазон каби,
Хотирани элолмайсан сомон каби…

* * *

Жисм ёнди, танамдан кунда қолди,
Қанча сирлар кўнгил тубинда қолди…

Ойдин ҲОЖИЕВА