%d0%b1%d0%b0%d2%b3%d1%80%d0%be%d0%bc-%d1%80%d1%9e%d0%b7%d0%b8%d0%bc%d1%83%d2%b3%d0%b0%d0%bc%d0%bc%d0%b0%d0%b4Поезд деразасидан қараб боряпман. Юртимнинг сап-сариқ япроқли дарахтлари гир-гир ўтмоқда. Машҳур бир мусаввирнинг куз хусусидаги суратларини эсладим. Лекин бу дарахтлар бошқача! Ўз юртимнинг дарахтлари! Тошкент ҳам менинг юртим. Барибир киндик қонинг тўкилган гўша кўзингга бошқача кўринади. Қишлоғимдан олисларда яшаб, Ватан соғинчи қандоқ бўлишини англадим. Турли характердаги одамлар билан суҳбат қурдим. Дунёқарашим кенгайди. Устоз Матназар Абдулҳаким мадади ила шоир сифатида танилдим. Ким нима деса десин-у мен шеъриятни муқаддас санъатлар қаторида биламан. Шеърий дунёда шундай яшайманки, балиқ сувда яйрагани янглиғ! Мен – балиқ. Шеърият – Сув. Яъни: “Мен бу дунёга яшаш учунмас, балиқ тутиш учун келдим.” Ўзимни ўзим тутмоқчиман, тушунмоқчиман.
Хоразмнинг Шовот туманида туғилиб, ўсдим. Боболарим хивалик эдилар. Катта бобом Муҳаммад Шариф ( Хива хонлиги саройида хизмат қилган) айни қирчиллама ёшида сирли равишда узилган. Бобом Рўзимуҳаммад умрининг кўп қисми турмаларда ва сургунда кечган. Халқ душманисан, деб унга кун беришмаган. Улар Хоразм тўғрисида, буюк хоразмийлар хусусида баралла гапира олмаганлар. Мен Истиқлол шарофати боис ғурурланиб гапираман, шодланиб ёзаман. Ишончим комилки, одам ўзлигини англамаса умри беҳуда ўтади. Ўзликни англаш учун эса аждодлар тарихини билмоқ лозим. Биз буюк халқ эдик – камситдилар. Эндиликда таҳқирлашнинг қора пардалари орадан кўтарилди. Агарда сен руҳлана билсанг, демакки, ғолибсан. Сени енгадиган куч етти иқлимда йўқ.

МАНГУБЕРДИ ҲАЙКАЛИ ПОЙИДА

1999 йил. 11 сентябрь. Қадам Бобожон икки неварасига суннат тўйи берди. Уларга Жалолиддин, Мангуберди деб ном қўйган экан. Тўй яхши ўтди. Мен ҳам табрикладим.

(Дадамнинг кундалигидан)

Истиқлолдан кейин буюк аждодларимиз – Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур Соҳибқирон, иккиси ҳам баб-баравар улуғланди, миллат қаҳрамонлари сифатида кўрсатилди. Аммо, Султон Жалолиддин ва Амир Темур шахсияти ўртасидаги муштаракликлар олимлар тарафидан таҳлилга тортилгани йўқ. То ҳануз ўша саволлар очиқ турибди. Мантиқан олиб қаралганда, Султон Жалолиддин мўғулларга қарши курашни бошлаган, Амир Темур давом эттирган. Бинобарин, чингизийларга қарши курашни Соҳибқирон адоғига етказган. Худди шу жиҳатдан қаралганда икки қаҳрамонга бир хил муносабат қарор топгани ҳақиқат ғалабаси.
Табиат қонуни шундай: бир авлод ўз ишини бажаради; кетади; иккинчи авлод келади ва ўз вазифасини бажаришга киришади. Жалолиддин Мангуберди хотирасини абадийлаштиришда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс. Шунингдек, Хива шаҳрида Хоразм Маъмун академиясининг қайта ташкил этилиши, Урганч шаҳри қиёфасининг бутунлай ўзгаришида бу шахснинг ташаббусларини ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди.
Урганч шаҳрида барпо этилган Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасини тарихнавис дўстим Ҳамро Пирмуҳаммад билан бориб кўрдим. Султон Жалолиддиннинг пойида қизил, оқ, сариқ, зангори гуллар қийғос очилиб ётибди. Гўёки толиққан подшоҳ оёқларига эркаланиб яқинлашаётган янглиғ. Камина бутунлай бошқача оламга тушиб қолгандек бўлдим. Бу боғ мажмуаси яхлитлигича санъат асаридир, деб ўйладим. Яна ўйладимки, Султон Жалолиддин тарихи бобида озгина билимга эга бўлган киши шу ерга келса, кимни кўраётганини тез анг­лайди. Хоразмнинг дарёси, миноралари, гужумлари қадар маҳобатли эди мазкур мажмуа. Мазкур тоғ ердан вулқон шаклида отилиб чиқмаган эди; инсон қўллари ила ясалган эди; юраклардан отилган вулқонларнинг натижаси эди!
Мармар тошдаги битикни ўқийман: “Жалолиддин Мангуберди ёдгорлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан бунёд этилди. Октябрь. 1999 йил.” Ёндош мармар тошда шу ёзувлар лотин имлосида битилган. Демак, мен кўриб, қувонаётганим ёдгорлик мажмуаси 17 ёшдадир. Ушбу санада туғилган чақалоқлар аллақачон вояга етибдилар.
Мана, мен бундан етти юзу саксон беш йил аввал ҳалок бўлган буюк саркарданинг, Хоразмшоҳнинг, файласуф ва шоирнинг тошдан ясалган вужуди рўпарасида турибман. Тўғри, Жалолиддин Мангуберди бу қадар баҳайбат бўлган эмас. Аммо, йиллар ўтиши баробарида тоғдек юксалаверган. Хоразмдаги, эҳтимол, Ўрта Осиёдаги энг баланд бўйли ҳайкал шудир?
Руҳланиш, руҳланиш, руҳланиш керак! Бир юлдуз кафтимга шуълаларини сочса, осмонлар қадар юксаламан. Руҳан синиш – мен учун бегона туйғу. Асл ўзбек шундай деб ўйлайди, асл хоразмий шундай деб ўйлайди. Жалолиддин Мангуберди исми-шарифи халқимизни руҳлантиргани бор гап – Истиқлолдан сўнгги йилларда Жалолиддин ва Мангуберди исмларини ўғилчаларга қўйиш урфга айлангани сўзимизнинг яққол далилидир. Демак, мардлик, ватанпарварлик, фидойилик туйғулари ҳеч қачон унутилмас экан. Ана ўша туйғуларни улуғлаган арбоблар ҳам мангуликка дахлдордир.

БЕРУНИЙНИ РУҲЛАНТИРГАН АКАДЕМИЯ

Тарихдан маълумки, 995 йилда Урганч амири Маъмун ибн Муҳаммад Котга ҳужум қилади ва қисқа вақтда бу юртни босиб олади. Котлик Шоҳни қатл эттириб, бутун Хоразмни бирлаштиради. Кот алломаси Абу Райҳон Беруний бу урушдан қаттиқ азият чекади. Кўп машаққатлар ила ясаган улкан глобуси йўқ қилинади, илмий асарлари, қўлёзмаларининг кули кўкка соврилади. Ўлдирилган шоҳ қариндошининг шогирди эканлиги боис ўз ватанини ташлаб кетишга, хорижий юртларда яшашга мажбур бўлади. Маъмун ибн Маъмун тахтга ўтирганидан сўнггина шоҳ даъватига биноан Урганчга қайтиб келиб, илм уммонига шўнғийди. Бу ерда жаҳоннинг яна бир буюк олими, табобат илми султони Абу Али ибн Сино билан кўришади ва икки дўст биргаликда ишлай бошлайди. Буни образли йўсинда, икки юлдузнинг учрашуви, демоқ мумкин.
Абу Райҳон Беруний 1004 – 1017 йилларда Маъмун академиясида фаолият юритади. Қизиғи шундаки, Хоразм тарихида уч нафар Маъмуншоҳ ўтган: бири босқинчи; иккинчиси маърифатпар; учинчиси академия ҳомийси. Илму маърифат ила боғлиқлиги туфайли тарихга Маъмуншоҳ номи олтин ҳарфлар билан битилган. Тарихнавис Мадрим Жуманиёзов бу тўғрида шуларни ёзади: “… Урганч саройида “Мажлиси уламо”нинг ташкил этилиши Маъмун ибн Маъмуннинг номи билан боғлиқдир, бу мажлисга фаннинг ўша замондаги энг яхши вакиллари йиғилган, шарқда уларга тенг келадиган олимлар йўқ эди”.
Мактабда ўқиб юрган чоғларимизда Маъмун ҳақида ҳеч нарса билмаганмиз. Тасаввур қилинг: жаҳон фани ривожига улкан ҳисса қўшган академия борасида, буюк боболаримиз ишлаган табаррук даргоҳ тўғрисида бир оғиз сўз эшитмаган бўлсак! Истиқлолдан кейингина ойни ёпиб турган этаклар ғойиб бўлдилар. Мазкур беқиёс амални Ислом Каримов бошлаб берди. Дарҳақиқат, буюк амалларга пойдевор қўйилди – издошлар эса бундан-да улканроқ муваффақиятларга эришмоғи шубҳасиздир. Зеро, айни шу кунларда Ўзбекистон Президенти сайловига қизғин тараддуд кўрилмоқда. Халқимиз бўлажак Президентдан кўп нарсалар кутаётгани кўтаринки руҳиятидан маълум.
Хоразм Маъмун академиясини илк бора кўришим. Ҳаяжондаман… Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино янглиғ буюк олимларни руҳлантирган илм даргоҳи! Қайта тикланган бўлса-да, барибир уларнинг номи ила боғлиқ. Ўйладим: бундан қарийб минг йил аввал Маъмун академияси эшиклари ёпилган пайтда, академия салкам ўн асрдан сўнг Хивада очилишини Беруний ҳазратлари тасаввур қилиб кўрганмиканлар?! Тарих шу қадар сирли…
Қадимий ва замонавий усуллар муштараклигида барпо этилган бино ичкариси сари қадам ташлаяпмиз. Бизни хушсуврат бир аёл қарши олди ва салом-аликдан сўнг: “Хоразм Маъмун академияси раисининг илмий ишлар бўйича муовини Гавҳар Дурдиеваман”, деди. Суҳбатимиз қисқа фурсатда қовуша бошлади.
Гавҳаржон опа техника фанлари номзоди экан. Суҳбатимиз мобайнида дедики: “Мен ўзим хиваликман. Болалик чоғларимданоқ Хива гавҳарлари – бетакрор обидалар тарихига қизиққанман. Хивада йигирмата минора мавжуд. Шунинг ўзи ҳайратбахш эмасми?! Қадимги ёдгорликлар умрини узайтириш, уларни асл ҳолича келгуси авлодларга етказиб бериш соҳасида илмий иш олиб бораман. Орол бўйи носоғлом экологик муҳитининг обидаларга таъсири тўғрисида гапиришга сабаб туғилмаса керак. Бу ўзларингизга ҳам маълум. Пештоқ ва деворларда, гумбазларда турлича ёриқлар пайдо бўлиши бизни огоҳликка чорлайди…”
Ўзимча, Гавҳаржон опани минорлар, мақбаралар, масжиду мадрасалар ва бошқа турдаги осори-атиқаларнинг ҳамшираси деб ўйладим. “Бу даргоҳда қачондан бери ишлайсиз? “ деб савол бердим. “Маъмун академияси иш бошлагандан бери, –деди Гавҳаржон опа, –Ҳар хил баҳсу мунозаралар ҳам бўлиб туради. Мана яқинда Исломхўжа минораси баландлиги тўғрисида мунозара бўлди. Ҳар манбада турлича айтилар экан. Ўлчаб чиқдим – баландлиги эллик метру эллик сантиметр!”.
Сўзларидан ўз касбининг устаси эканлиги сезилиб турарди. Зотан, илмдан завқу шукуҳ олганларгина ғайрату шижоат кўрсатадилар. Манбалардан маълумки, бундан минг йил илгари Маъмун академияси залларида Беруний ва ибн Сино, уларнинг устозлари, шогирдлари фан соҳаларида баҳслашганлар, мунозара уюштирганлар. Шу аснода илм-фан тобора равнақ топаверган.
“Калта минор нақшлари инсонни ҳайратга солади. Буни тушунтириб бермоқ учун алоҳида рисола ёзмоқ керак. Ранглар қўшиғини тинглаб завқланаман”, дейди Гавҳаржон Дурдиева.
“Раис келди” дея хабар бердилар. Гавҳаржон опа бошчилигида Ҳамро Пирмуҳаммад, Раҳим Нур ва камина раис кабинетига кириб бордик. Каттакон ва ёруғ хона. Салом-аликдан сўнг раис билан танишдик. Шавкат Қодиров – қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди. Кўринишидан ёш ва серғайрат, ташкилотчи раҳбар.
Хоразм Маъмун академиясининг ташкил этилиши, фаолияти тўғрисида қисқача сўзлаб беришни сўрадик.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, жаҳон мамлакатлари орасида қадимий давлат эканлигини исботлашга эҳтиёж туғилди. Чунки, бошқа мамлакатлар халқи Ўзбекистон давлати илдизлари қаерларгача чўзилганига қизиқиш билдириши табиий ҳол эди. Маъмун академиясини қайта тикланишидан мақсад шундан иборат.
Истиқлолдан кейинги йилларда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов миллий ғурурни ўстириш масалаларига жиддий эътибор қаратди. Негаки, Хоразмда ҳам аждодлар шон-шавкатини авлодлардан сир тутиш кучли эди. Етмиш йил давомида миллатимиз маънавий жиҳатдан суст эканлиги, бошқа халқлар мададига муҳтожлиги, “инқилоб”дан аввал ялпи саводсизлик авж олгани турли воситалар орқали одамлар онггига сингдириб борилди. Шу тариқа, айниқса, ёшлар ўтмишга шубҳа-ҳадик билан қарай бошладилар; алдандилар; қадимий тарихдан айро тушдилар. Ислом Каримов 1997 йилнинг 11 ноябрида “Хоразм Маъмун академиясини қайта ташкил этиш тўғрисида” Фармон чиқарди ва деди: “Замонавий Маъмун академиясининг олимлари тарихимизнинг номаълум саҳифаларини очиб беришлари керак. Айнан шу ердан туриб олимлар ўлканинг экологияси, ер ости сувлари ва тупроғининг минераллашуви муаммолари, Хоразмни бошқа минтақалардан ажратиб турадиган ўзига хос жиҳатлар ҳақида дунёга ўзларининг илмий тадқиқотлар билан тасдиқланган сўзларини айтиши керак…”
Шавкат Қодиров билан суҳбат мобайнида Хоразм Маъмун академияси фаолияти хусусидаги фикримиз ойдинлашди. Музейни томоша қилаётганимизда эса Хоразмнинг инсон тафаккури етиб борган ўтмиши кўз олдимизда равшан тортди. Музей “Хоразм тарихи ва маданияти доимий экспозицияси” деб аталаркан. Музей фонд сақловчиси Шоҳрухмирзо Исмоилов ажабтовур экспонатларни бизга таништирди, аҳамиятини тушунтирди. Бу ерда уч юзга яқин экспонат асралар экан.

ШОВОТНИНГ АФСОНАВОР КОРХОНАЛАРИ

Шовот – мамлакатимизнинг энг чекка туманларидан бири. Бир тарафидан Туркманистон Республикаси, иккинчи тарафидан Қўшкўпир, бошқа тарафидан Янгибозор, яна бир тарафидан эса Урганч тумани билан чегарадош. Шовот – каналнинг номи. Айтишларича, “Шовот” атамаси хоразм туркий тилига мансуб бўлиб “Канал” маъносини англатади. Чингизхон қўшинлари босқини вақтида канал кўмилиб қолган. Анушахон даврида эса қайтадан қаздирилган. Канални Анушахоннинг ўзи қайта бун­ёд қилдиргани боис “Шоҳобод” аталган, деган тахминлар мавжуд. Мен Шовотнинг қадимийлигига ишонаман, чунки бу зайлдаги каналлар қолдиқ ўрнида яратилади.
Канал туманни ёриб ўтади. Бизнинг уй каналдан унчалик ҳам узоқ эмас. Лойқа сувли суюкли каналимизни ўсмирлик вақтларимизда кўп томоша қилардик. Ёши улуғларнинг айтишича, сув остида сузадиган улкан лаққалар хавфли. Шунинг учун, сувга яқинлашишдан ҳадиксирар эдик.
Кузда сув кўм-кўк тусга киради. Гоҳо ўз юртимга борганимда катта йўл бўйида автоуловдан тушиб, кўприкдан пастга қараб турардим. Кўк сув каминани ўзига тортар, майда-чуйда марварид гиёҳлар худди эртаклардагидай туюларди. Канал соҳили яқинида қадимий Ваянгон қалъаси қолдиқлари мавжуд. Ўша “Гўрўғли” достонида битилган қалъа… Гўрўғлининг асранди ўғли Авазхон моноқлик бўлган эмиш. Халфалардан эшитганим бундай: “Ваянгон шаҳриннан галсин Авазим”. Яна: “Шовотдан ўтсанг шарлоб ўт, от-яроғинг созлаб ўт”. Яъни, шовотликлар донишманд, олимларни мот қилади, ботирлари кўп. Шовотга борсанг, шарлаб – тез ўтиб кет, маъносида. Менга шу талқинни айтишди. Бошқа талқинлари бордир – буни билмадим.
Шовот туманида туғилиб, ўсган машҳур кишилар қаторида шоир, олим, мусиқашунос Отаниёз Ниёзийни, унинг ўғли, буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовни, Хоразм вилоятида кўп йиллар мобайнида биринчи раҳбар лавозимида ишлаган Мадиёр Худойбергановни фахру ифтихор ила эсламоқ мумкин. Бугунги кунда эса шовотликлар академик Азимбой Саъдуллаев, Ўзбекистон Қаҳрамони Очилбой Раматов, Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар Норматов каби элдошлари билан фахрланмоқдалар.
Бугунги кунда Шовот соҳилларидан сал нарироқда “УзТЕКСТ – Шовот” Ўзбекистон – Швецария қўшма корхонаси қад ростлаб турибди. Бу Истиқлол шарофати эмасми ахир?!
Камина муболаға айлашга мойил эмасман. Бироқ, ўша воқелик гувоҳи сифатида кўз ўнгимга “УзТЕКСТ – Шовот “ни келтирар эканман, “Афсонавор корхоналар” атамасидан бошқа сарлавҳа топа билмадим. Агарда ўтган асрнинг саксонинчи йилларида туманимизда, Шовот канали соҳилига яқинроқ жойда Европанинг энг ривожланган мамлакатлари билан қўшма корхоналар қурилади, дейишганида, шахсан мен ўзим: эртакми бу, деган бўлур эдим. Мабодо фантаст ёзувчи бўлганимда ҳам бу воқеликни тасаввур этишга миямнинг кучи етмасди – ишонаверинг!
Туман ҳокимлигига бордик. Собиқ ҳамкасбим Раҳим Нур иккаламизни мазкур ҳокимликнинг ижтимоий-иқтисодий бўлими бош мутахассиси Муҳиддин Қуронбоевга рўпара қилди. Муҳиддин машҳур раисларимиздан раҳматли Қўчқор Қуронбоевнинг ўғли. Қўчқор аканинг тўнғич ўғли Ўктамбой Хазорасп туманига ҳокимлик қилмоқда. Улар ота изидан кетишяпти. Оталар ва болалар… Муҳиддин мени таниди ва хушмуомалалик ила мушкулимизни осон айлади.
“УзТЕКС – Шовот” қўшма корхонаси бўсағасида ёш, вазмин бир йигит бизни кутиб турган экан. Кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдик. Кабинети ҳар хил қоғоз тахламларига тўла. Исм-фамилиясини, лавозимини сўрадим. “Шовот Текстил” МЧЖ бош директори Элёр Душамовман”. “Шовотликмисиз?” “Ҳа!”
“Бундан икки йил аввал келганимда ИСО мененжери Алишер Тожибоев билан танишиб, суҳбатлашган эдим”. “Шу ерда юрибди. Ҳозир чақираман”. Алишер келди. Суҳбат-ку қовишди. Аммо, кўнгилга бир ҳадик яралди. Икки йил бурун келганимда битта корхона эди. Энди учта бўлибди! “ Уч корхона – Европага дахлдор корхоналар ҳақида туркум мақолалар ёзиш учун мен шу даргоҳда қисқа курсда ўқишим керак экан. Ҳеч тасаввур қила олмаяпман. Пахта бу корхонага келади. Ундан кейин-чи?”. Алишер кулимсиради. “Бошқа бўлимларни бир айланиб келаверинглар – унгача мен ўзим маълумотнома тайёрлаб қўяман.” Элёр эса санай бошлади: “Титилади; тозаланади; таркибидаги металлар ушлаб қолинади…” Дафтаримга тез-тез ёзишга киришдим. “Мақола тайёр бўлганидан сўнг интернет орқали буларга юбор! Хато қилиб қўйма яна! Кўриб чиқсинлар…” раҳбарона оҳангда огоҳлантирди Раҳим Нур.
Элёр бошчилигида бўлимларни кузатишга кетдик. “Қаерларга экспорт қиласизлар?”. “Туркия, Россия, Хитой, Польша, Белоруссия, Эрон, Малайзия…”
Элёрнинг кабинетига қайтганимиздан сўнг ундан, қаерда ўқигансиз, деб сўрадим. “Тошкент тўқимачилик институтида. Кейин Италияда малака оширганман”. Илкис буюк адиб Абдулҳамид Чўлпон қаламига мансуб “Кеча ва кундуз” романидаги лавҳалар ёдимга тушди. Устоз саноат корхоналари қуришни Европа мамлакатларидан ўрганмоқ лозим, қабилидаги ғояни илгари сурган. “Халқ дўсти”ни “халқ душмани” деб отиб ташладилар. Алишер тақдим этган қоғозларга кўз ташладим. Демак, ”УзТЕКС – Шовот” МЧЖ қўшма корхонаси “УзТЕКС” компанияси таркибида ишлаб чиқариш, сотув ва экспорт фаолиятини олиб боради. Фаолият соҳаси: энг замонавий инновацион дастгоҳларда маҳаллий пахта толасидан сифатли ва рақобатбардош ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Корхона ишлаб чиқариши дунёда машҳур “RIETER” ва “ MURATA” фирмалари технологик занжири билан жиҳозланган.
“УзТЕКС – Шовот” ва “Шовот – Текстил” МЧЖ қўшма корхоналари борасида дастлабки тушунчаларга эга бўлдим; “Евротекс Глобал” ишини кузатдим. Мазкур корхоналар фаолияти ҳақиқатан ҳам ҳайратбахшдир. Менга айтишдики, яқинда “Катқалъа Текст” корхонаси ҳам фойдаланишга топширилади. Биринчи босқичда етмиш миллион, иккинчи босқичда яна етмиш миллион жуфт пайпоқ тайёрланади. Қандай ажойиб! Шовот пайпоқлари кўплаб юртлар аҳолиси оёғини иссиқ қилса…
Чиндан ҳам Шовот обод бўлмоқда. Авваллари пахта далаларидангина иборат бўлган туман саноат корхоналари эвазига файз топмоқда. Бир тарафида чорвачиликка, паррандачиликка, боғдорчиликка мўлжалланган “Темирйўлобод” корхонаси! Чорвачилик ва боғдорчилик жабҳалари тараққий этаётганини айтмайсизми?! Истиқлолнинг тотли мевалари Шовотда айнан шу зайлда ифор таратмоқда.

УЛЛИ ПИР ЗИЁРАТГОІИДА

Хўжа Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи ҳашар йўли ила тиклангани халқимизнинг кучли эътиқодидан дарак беради. Камина 1993 – 1995 йилларда бу қадамжога кўп қатнаганман. Ўша даврларда Хўжа Юсуф Ҳамадоний масжиди бош имом-хатиби Ҳамро Пирмуҳаммад мақолалар ёзиб, матбуотда эълон қилдиришга киришган эди. “Хоразм” нашриётида “Ҳамадоний мақбараси тарихи” номли рисоласи китоб бўлиб чиққан.
Машина йўл бўйида тўхтади. Ўдачи ёпидан ўтиб, дарвозадан кириб бордик. Аввал бурилма йўл четидан анча пиёда юрардик. Энди эса зиёратчиларга қулайлик яратилибди: тўғри кириб бораверасиз. Ҳа, дарвоқе, 1993 йилнинг апрелида бу зиёратгоҳга германиялик олималар – Зигрид Клайнмихел ва Ингеборг Балдауфни олиб келган эдим. Ингеборгхоним таклифига кўра “Давсаман” шеъримни ёзганман – ғоя айнан биз машинадан тушган жойда шаклланган.
Дарвоза олдида китоб дўкони мавжуд. Қарасак – ўртада ҳовуз. Ҳовузнинг икки ёнида гужумлар… Ям-яшил гужумлар… Нафис манзаралардан дилимиз яйради. Ҳамадоний чилла ўтириш учун бу жойни бежиз танламаган, дея ўйладим. Худди фалакдан ёқимли нурлар ёғилиб тургандек! Бунда қандайдир ҳикмат мужассам. Сабаби, бошқа ерларда юрак бу қадар орзиқмайди. Мақбара сари қадам ташларканмиз, бир аёл мулла бувадан дуо сўради. Дуо қилди. Мақбара ичкарисида кўрпачалар тўшалган экан. Ичкари пештоқларида қадимий нақшлар! Мен бундан бир соатлар муқаддам кўрган манзараларимни шу нақшларга таққосладим: икки хил дунё! Бири – Ғарбона; бири – Шарқона. Ҳаётимизга Шарқу Ғарб унсурлари бирдек кириб бормоқда – ғаройиб!
Мулла бува оят ўқиди. Юртимиз тинчлигини, элимиз фаровонлигини сўраб, Оллоҳга илтижо айлаб, дуога қўл очдик.
Мошинга ўтириб, Бўйрачидаги Маданият ва аҳоли дам олиш саройи тараф равона бўлдик. Бундан икки йил аввал келганимда, таъмирлов ишлари эндигина бошланган эди. Қарасам, сарой олдидаги буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг бюсти ярақлаб турибди. Ичкари ораста, шинам.
Иморатбобо қабристонига бордик. Комилжон Отаниёзов қабрини, келинбийимиз Имсима она қабрини ва яқинларининг мозорларини зиёрат этдик. Оят ўқилди. Дуога қўл очилди.
Хоразм Булбули айнан шу жойда мангу уйқуга кетган; аммо, қўшиқлари уйғоқ. Шу сафаримда уйда чой ичиб ўтирганимда, телевизорда Комилжон ҳофиз тўғрисида кўрсатув бошланиб қолди. Ўйладимки, бу мақомдаги ҳофиз қайтадан Ер юзига келармикан?

Арғумоқ остингдадур тоғларни газ, дузларни газ,
Ногаҳон ул арғумоқ остингда бўлғай, бўлмағой…

Келаси йили, аниқроғи 2017 йилнинг 20 июлида Комилжон Отаниёзов таваллудига 100 йил тўлади. Буюк ҳофизнинг издошлари, мухлислари мазкур сана мамлакат миқёсида кенг нишонланишидан умидвордирлар. “Тантаналар Шовотдан бошлангани маъқул. Сўнг эса водий, Қашқадарё, Бухоро тарафлар… “, дейди “Ўзбек элим Комилжондан айрилмас” лойиҳасига бош-қош бўлаётган қаламкашлардан бири Раҳим Нур.”Мумтоз қўшиқлар халқимизни руҳлантирмоғи муқаррар. Санъатнинг ҳеч бир тури миллионлаб кишилар кўнглига қўшиқдек тез кириб бораолмайди, деб ўйлайман”.
Ҳазрат Алишер Навоий назмни иъжоз, яъни, мўъжиза мақомида демишлар. Шеър – оддий яратиқ, деганлар янглишур. Шеър – кўнгилнинг шаффоф фарзанди. Қўшиқ – шунинг давоми. Бинобарин, шеърга, қўшиққа чин дил ила ошино тутинганлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмагай!
Дарвоқе, хоразмликлар Хўжа Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи мажмуини қисқагина қилиб “Улли пир” дейишади. “Улли” – “катта” демак. Хоразм вилояти ҳудудидаги бош зиёратгоҳ Улли Пирдир. Ана ундан кейингиси, менимча, Полвон Пир (Паҳлавон Маҳмуд) мақбараси. Хоразмликлар пирларга ихлосманддирлар. Дуо ва илтижолар зиёратгоҳларда амалга оширилса, Оллоҳ ҳузурига тез етиб боради, деярак ўйлашади.

ХОНҚАДА ШЕЪР ЎҚИДИК…

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида устоз Матназар Абдулҳаким Хоразм адабий муҳитини жонлантиришга киришган. Раҳим Бекниёз, Эркин Самандар, Қурбон Муҳаммадризо, Ошиқ Эркин каби катта авлод вакиллари эзгулик жараёнини қўллаб, қувватлаб туришди. Ҳар бир туманда адабиётга ҳавас кучайиб бораверди. Хивада Отабек Исмоилов, Абдулла Сафоев, Гурланда Содиқ Иноят, Маҳмуд Ражаб, Шовотда Болтабой Бекматов ва мен, Қўшкўпирда Йўлдош Эшмурод, Гўзал Бегим, Урганчда Шуҳрат Маткарим, Даврон Ражаб, Ширин, Хазораспда Рустам Назар, Шокир Бек, Янгиариқда Жуманазар Юсупов, Хонқада Юсуф Латиф, Исмоил Оллаберганов, Муҳаббат Сафоева, Янгибозорда Гавҳаржон Ибодуллаева, Боғотда Дурпошша Худойназарова каби қаламкашлар ижод қилиб, аста-аста элга танилдилар. Мана, Гавҳаржон Ибодуллаева Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимини бошқармоқда. Болтабой Бекматов эса “Хоразм” нашриётининг директори. Камина бу дўстларим билан суҳбатлашиб тураман. Гоҳо юзма-юз, гоҳо телефонда.
Сафарим қариётган бир маҳалда дўстлар таклифига биноан Хонқа туманига йўл олдик. Ушбу туманда яшайдиган ажойиб шоира Муҳаббат Сафоева бизни, яъни Болтабой Бекматов иккимизни сиҳатгоҳга бошлади. Номи: “Хонқа” экан. Анча йиллардан бери катта давраларда шеър ўқимаган эдим. Унинг устига кўзойнакларимни топа билмай каловландим. Ҳайтовур, ичкарига кираётганимизда топилди.
Муҳаббат бизларни даврадагиларга мақтаб таништирди. Болтабой оға иккаловимиз галма-галига гапирдик. Мен Хоразмнинг энг қадимги давлат эканлиги, аввалги шон-шавкати, шўро пайтида пасайгани, Истиқлолдан сўнг вилоятда янги эра бошлангани тўғрисида бадиий йўсинда гапирдим. Ва севги хусусидаги битта шеъримни ўқидим. Илғашимча, ифодали чиқди ва даврадагилар тушундилар.
Болтабой оға оҳистагина йўсинда фалсафий шеърларини ўқиди. Таниқли шоирнинг “Таскин” сарлавҳали шеъри ўқилаётганида даврада жонланиш сезилди. Назм тадбири якун топгач, бир аёл шоирга: шу шеърингизни йиғлаб эшитдим, менга жуда қаттиқ таъсир қилди, деди. Вилоятнинг “Эзгу сўз” газетасида, яна денг, биринчи саҳифада эълон қилинган ушбу шеър мени-да тўлқинлантирган. Ҳамиша папкамда асраб юраман; Хоразмга борганимда ҳам папкамда эди. Қишлоқ шоири қисмати тўғрисидаги дурдона шеърни сизга илинмоқчиман:

Шоирлар пойтахтга кўчиб кетдилар,
Отиз сенга қолди, чел сенга қолди.
Шоирлар пойтахтни макон этдилар,
Қақраган ариқлар, кўл сенга қолди.

Қолди қум, туз босган, бемор далалар,
Чорва сенга қолди, чўл сенга қолди.
Қолди содда, танти, жўмард болалар,
Кетмон сенга қолди, бел сенга қолди.

Юрак каби яқин, жигардек қиймас,
Сабр, матонатли эл қолди сенга.
Шижоатли, лекин осонни севмас,
Мўъмин ва камсуқум феъл қолди сенга.

Сен-чи, қочолмайсан пойтахтга, илло,
Меҳринг узолмайсан шу она ердан.
Енгинг шимарасан айтиб, “Бисмиллоҳ”,
Кўйлагинг оқарар шўртаъм тердан.

Тонгдан шомга қадар билмайсан тиним,
Боладай қувнайсан, ризқ-рўз яратиб.
Юрагингдаги шашт сўнмасин, иним!
Юрма ҳасад этиб, юрма қаҳр этиб!

Қўявер, шоирлар турсин шаҳарда,
Сен кетмон, ўроғинг, белинг билан бўл!
Бахт шаҳарда эмас, меҳнат, меҳрда,
Сен шу дала-тузинг, элинг билан бўл!

Болтабой Бекматов 1984 йилда устоз Матназар Абдулҳакимнинг назарига тушди. У инсон далдаси боис Москвада, Максим Горький номидаги Адабиёт институтида ўқиб келди. Москва адабий доирасида эътироф этилди. Болтабой Бекматов Александр Пушкин қаламига мансуб “Моцарт ва Сальери” трагедиясини маҳорат ила ўзбекчага ўгириб, нашр қилдирганида ҳайратланиб юрганим эсимда.
Бир вақтлар устозга: нега Тошкентга бориб яшамаяпсиз, дея савол берганимда, шоир қаерда хўб ва кўб ёзса, шу ерда яшагани маъқул, деган эди. Гапнинг очиғи устозимга ҳавас қилганман; Болтабой оғага ҳавас қиламан. Чунки улар илдизларининг ёнида яшадилар, яшамоқдалар.
Хоразмдан ҳеч кетгим келмасди. Отамакон мени қўйиб юборгиси келмай тургандек …. Мен Истиқлолдан сўнг воқеликка кўчган улкан ўзгаришларни кўриб, шодландим. Манбаларда Хоразм – Хварризем, яъни, Қуёш қабиласининг ери, дея таърифланган. Эндиликда Қуёш Хоразмга яқинлашмоқда.

2016 йил, 30 октябрь-2 ноябрь.

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД

Саҳифа 341 марта ўқилган.