Тийра тунда ойнинг гардиши

Жаҳон адабиёти

jon-kitsГўзаллик

Гўзаллик ҳамиша этар маҳлиё,
Ҳеч кимса ундан юз бурмагай, асло.
Ул покдир, тушмагай, тубан чоҳга ҳеч,
Бизни эзгуликка чорлар эрта-кеч.
Дил фараҳ, оромга интилса магар,
Гулгун туйғулардан ясаб гулчамбар,
Ғаму андуҳларни инкор этарак,
Хоксор тупроқ сари талпинса юрак,
Жаҳолатни ҳайдаб, гуноҳни ҳайдаб,
Файзиёб, мунаввар орзулар қайнаб,
Кўз очиб юмгунча гўзаллик изни,
Андуҳ ғуборидан поклайди бизни…
Шундайдир ой, қуёш, шундай барг, хаслар,
Шундайдир чечаклар аро наргислар.
Ҳатто яйловдаги сурувлар шундай,
Дарё тўлқинлари, ғулувлар шундай.
Кўрфазнинг бағрида паноҳ топгандек,
Олам шодлигига гувоҳ топгандек,
Дунё неъматлари борки, сочилган,
Ўрмон чечаклари – инжа очилган,
Кўҳна заминнинг илк баҳодирлари,
Болалик чоғимиз асотирлари –
Бизлар тинглаган ул зўр эҳтиром-ла,
Буюк афсоналар шундай мақомда.
Ҳаммаси, ҳаммаси, булар ҳаммаси
Буюк гўзалликнинг олий жилваси.
Ҳаммаси юракдан ғамни қувгайдир,
Кўнгил меҳробини нур-ла ювгайдир…
* * *

Ул хоним фароғат кўшкида мағрур,
Оға-инилар-ла яшар баҳузур.
Зеро, мерос қолган савдо уйи бор,
Уларнинг измида мингта хизматкор.
Ким мато тўқийди, ким кечиб дарё,
Ёғоч ғўлаларни оқизар, илло?
Бариси тер тўкар қамчи остида,
Қул каби бир тишлам ноннинг қасдида…
Улар-чун денгизга шўнғиб ғаввослар
Дур излаб, ўз жонин ҳам ўйламаслар.
Ҳатто, сув мушуги – беозор ҳайвон,
Улар деб, милтиққа бўлгайдир нишон.
Улар деб, юз минглаб қалблар озурда,
Меҳнатдан синиққан, ранги пажмурда.
Қисмат чархи эзиб, бўлганлар мажруҳ,
Қалбларин тарк этган инсоний шукуҳ…
Бунда нима фахр, не маслак эзгу,
Магар кўзёшдан мўл фавворада сув?
Бунда не ифтихор, магар ҳосиллар
Озиқ бўлган гўнгдан қилсалар ҳазар?
Бундан қандай фахр туймоқлик мумкин,
Ўзгани хор этсанг, гар нафсинг учун?
Тангри ҳаққи, улар берсинлар жавоб:
Қай аъмоли фахру қай бири савоб?

Байронга

О, Байрон! Тотли андуҳ қўшиғинг ила
Нафосатга мафтун қилдинг оламни,
Гўё чилтор каби дилдаги ғамни,
Ҳамдарлик ҳисси-ла қувдинг бир йўла,
Токи, жаранг топган товуш, куй-наво
Йўқолмасин, мудом тинмасин учун,
Юрак изтиробин айладинг афсун,
Сен сабаб – қайғулар таратди зиё.
Худди тийра тунда ойнинг гардиши
Хилват сўқмоқларни ёритган каби,
Ёхуд одми кийим узра ёқут-дур
Қилган каби жулдур либосни манзур
Ва ё қора мармар тошдек товланиб,
Бизни мафтун этдинг, дилдан боғланиб,
Сеҳринг тузоғига тушдик бехосдан,
Куйла, куйла энди ҳеч тўхтамасдан.
Сен мисли виқорли, кибор бир оққуш
Сайрайвер, нағмангдан дил бўлсин сархуш.
Куйла мангу ҳоким ҳижрон руҳини,
Юраклар симирсин ғам шукуҳини…
Дафна гулчамбарини
йўллаган ёш хонимга

Тонг уйғонар тетик нафас-ла, дадил,
Барча қўрқув, ғашлик топади барҳам.
Руҳ тоза, нурафшон олддаги манзил,
Видо тўшагимда гулчамбар кўркам.

Юлдузлар гувоҳдир! Осуда яшаб,
Қуёш дийдорига масрур боқурман.
Нурбахш Аполлоннинг чамбарин ушлаб,
Самимий дилларга оташ ёқурман.

Кимки дер: “Беҳуда ғалаба тожи,
Улоқтир, сен унга эмас муносиб!”
Мен дейман, бўлса ҳам оламнинг дожи,
Ҳатто Цезарь бўлсанг, қилмам таассуб.

Зеро, ҳадя бўлмиш бу тож, бу чамбар
Қалби пок малакнинг менга изҳори,
У азиз, мукаррам менга жон қадар,
Бу чамбар – ҳаётим номус, шаън, ори.

Шул сабаб фанода энг сўнгги нафас
Олар чоғ юракдан таъзим этайин.
Қўлларингни бергил, эй, меҳрпараст,
Сахий бармоқларинг суйиб ўпайин…

Юнон гулдонига қасида

I

О, сукутнинг маъсум малаги,
Мангу абас давронга дилбанд!
Сукутингда пинҳондир балки,
Мозийлардан келган ўгит-панд!
Нелар ҳақда айтган ҳикоянг,
Сен банда, ё, Тангрим шарпаси?
Темпей водийсими, Аркад ўтлоғи,
Қайдан мерос, шиддат, жазаванг?
Пойгалар шодлиги, иффат ҳадиги,
Найу ноғоранинг мискин нағмаси…

II

Гарчанд, эшитилган нағмалар инжа,
Тингланмаган саслар янада ёрқин.
Шундай экан, найлар ҳеч тинмасин-да,
Забт этсин дилимни фараҳли тўлқин.
Бу қўшиқни бўғиб, тинчитиб бўлмас,
Муҳофиз япроқлар кўшки остида.
Сен, эй, жўшқин ёшлик, жасур, навқирон,
Ошиқдирсан, лекин ишқинг дастида
Истаклар чилпарчин бўлиши мумкин,
Лаблар гулобидан тотмай ҳеч қачон…

III

О, яшил баргларнинг янги саҳфаси,
Баҳорий шодликнинг шукуҳи сизда.
Бахтиёр машшоқнинг завқли туҳфаси –
Куйлари эскирмас ҳеч бағрингизда.
Юз бора, минг бора бахтга ёр севги,
Барҳам топмагай ул ва тушмагай паст.
Гарчанд, титраб-қақшаб, кетгайдир бадар.
Унинг қошида пуч ҳамда арзимас
Эҳтирослар, ҳирсу ҳавас биздаги,
Қонимиз кўпиртган қалбдаги кадар…

IV

Ким экан бу коҳин, салобати-ла
Барчага сингдирган қўрқув ҳиссини?
Оломон ошиқар қай бир меҳробга
Гуллар билан безаб аробасини?
Нечун тақводор эл субҳи саҳардан
Тарк этмиш осуда ушбу шаҳарни –
Тошлар маҳол эрур буни айтмоғи?
Бўм-бўш кўчаларнинг сукути теран,
Асрлар кечдилар ва кечар такрор,
Ҳеч кимга насибмас ортга қайтмоғи…

V

Юксак арши аъло! О, юксак андуҳ!
Охир мармар тошдир ҳар шаҳдга якун!
Мангуликдек совуқ ҳамда бешукуҳ –
Ҳаётдек неъматдан тополмай мазмун,
Бизлар кетсак агар, қайғу-ғамимиз
Ўрнини олгайдир ўзга қайғу-ғам.
Ришталарни боғлар пайтда айт, дангал,
Етказ, билсин токи, ул авлодимиз:
“Гўзаллик – ҳақиқат, ҳақиқат – гўзал,
Шундан ўзгасини билаолмасмиз!..”

Рус тилидан Муҳиддин ОМОН таржимаси