Йўлга чиқдим сени сўроқлаб

Назм

Ёлғизлик%d1%82-%d0%bd%d0%b8%d0%b7%d0%be%d0%bc

Шу кунларда керак бўлдинг сен,
Интизорлик ўтди жонимдан.
Мана, энди, ёлғиз қолдим мен,
Қайғу келур ҳар томонимдан.

Шу кунларда керак бўлдинг сен,
Сир айтарга бирор сирдош йўқ.
Ўн етти йил чидаб келдим мен,
Ҳижрон отар юрагимда ўқ.

Шу кунларда керак бўлдинг сен,
Узун тунлар танҳоман-танҳо.
Ва ўзига ёлбораман, мен,
Ўз дардимни айтганча, оҳо!

Кимлар кетди мендан йироқлаб,
Бир жон бўлиб ўзим қолдим мен.
Йўлга чиқдим сени сўроқлаб,
Қайлардасан, қайлардасан, сен?

Қиш қасидаси

Қалин қор зимнида ухлайди замин,
Кўклам кўк шоҳисин тушида кўриб.
Бағрига жойлайди кунларнинг таъмин,
Вақт кечаси ҳориб ва тонгда туриб.

Қиш эса авжига олар тобора,
Оёқлар остида гўё тош дурлар.
Насиба ахтариб қушлар овора,
Дарахтлар мисоли оқ кийган ҳурлар.

Томларга лаб босиб изғирин эсар,
Катакда мудрайди жавдари товуқ.
Нафасни қайтарар, ҳовурни кесар,
Қайдан келиб қолди аёвсиз совуқ?

Кўлларнинг сийнаси ойнага ўхшар,
Дарёлар бўйнига тақмиш оқ шарф.
Кийиклар сирғалиб тоғлардан тушар,
Боғлар кўрпасига сира йўқ таъриф.

Борлиқ оғушида оппоқ сукунат,
Қайдадир тин олар бўрон ва довул.
Хонам токчасида очилиб қат-қат
Тошга термилади тувакдаги гул.

Лайлакқор чарх ўйнар кабутар мисол,
Турфа найза янглиғ чумак урган муз.
Қор ўйин бошланур, болалар хушҳол,
Бири дер: Қорбобо келбатин сен, туз.

Қорбобо ясалди, Қорқиз ҳам тайёр,
Жўш урган болалик, мардона ёшлик.
Ҳар кекса кўнгилки, тикилса бир бор
Юракда қолмайди заррача ғашлик.

Қаро тун чўкади, шу дам, шу асно
Уй-уйга тарқалар шўхчан ўғил-қиз.
Меҳмон сифат турган Қорқиз, Қорбобо
Қаҳратон кўчада қоларлар ёлғиз.

Осмон элагини яна элайди,
Дув-дув тўкилади ун мисоли қор.
Эртага қуёш ҳам ўтни қалайди,
Эртага талпиниб келар гулбаҳор!
Яхши одам

Яхшилик не, азалий бахтми
Ё ғойибдан келган бир омад?
Яхшилик не, ёлғон бир аҳдми,
Яхшиликни биларми номард?

Яхшилик гул, яхшилик бир сўз,
Яхшиликдир битта табассум.
Яхшиликдир ёниб турган кўз,
Яхшиликдир беозор, маъсум.

Яхшилик қил, умр жомидан
Май ичолсин мўътабар олам.
Юрак сўзлар борлиқ номидан,
Яхши одам жуда камдан-кам.

Шамол

Тонг чоғи боғим аро ўйнар шамол,
Ранг-баранг гуллар узиб, қувнар шамол.

Ул, эҳтимол, омадим, бахтим билур
Олам кезиб, сўнг келиб сўйлар шамол.

Эркалайди сочларимни тортқилаб,
Менга ҳам бир яхшилик ўйлар шамол.

Соғинганим, зорлигим билдимикан,
Мен томон ёрим каби бўйлар шамол.

Дам-бадам кўнглим учун теграмда ул,
Ҳол сўраб, минг ўргилиб куйлар шамол.

Дил яйратиб нозанин қизлар мисол,
Мен – Низомийга салом айлар шамол.

Куйганёрда

Баллада

Эшитганим ажиб бир миш-миш
Куйганёрнинг гулбоғларида.
“Ишқ булоғи” пайдо бўлганмиш
Қорадарё ирмоқларида.

* * *

Азиз яна жўнади қирга
Узоқ тунни ўтказиб бедор.
Булоқ бўйи, кечаги “сир”га
Бўлган эди асир, беқарор.

Келармикан гўзал Азиза
Сочларини елда ўйнатиб?
Билармикан бу гал Азиза
Йигит қалбин, дилин қайнатиб –

Куйганини кечаги сўзда,
Карашмада, нозда. Бўса-чи…
Расми қолмиш меҳрли кўзда,
Хаёлида у мис кўзаси.

Азиз ўйга толар интизор –
Интизор нигоҳи қотади сувда.
Кўкка қарар, юксак, пурвиқор –
Анжон адирлари уйқуда.

Ловиллайди алвон чечаклар,
Избосканнинг тошлоқларида.
Майса, ўтлар чалар қарсаклар
Шўх дарёнинг ирмоқларида.

Келбати зўр, жигарранг тошнинг
Таг-тагидан сизиб чиқар сув.
Бу – бир булоқ, йигит бевошнинг
Вужудини забт этар туйғу.

Сувга қарар: тиниқ, мусаффо,
Биллур каби кўзни олади.
Найдек куйи руҳга зўр шифо,
Хаёлига ғулу солади.

Қўлда кўза, сув бир баҳона,
Қиз келади элтиб бир ҳаё.
Уни туққан қайси ҳур она,
Ардоқлаган қай чаман-маъво.

Қомати гул, атир ҳидлари
Уфуради, қошлар тим қора.
Билар қишлоқ зўр йигитлари,
Қизлар аро Азиза сара.

Лабларида яшар бир сурур,
Тил – лоланинг битта япроғи.
Қандлигига сабаб – тишлар дур,
Мақтовининг йўқдир адоғи.

Қиз келади булоқ бўйига,
Кўзасини қўяди ерга.
Табиат маст ишқнинг кўйида,
У сиғмайди сирнинг сирига.

Йигит хурсанд, қиз қувонади,
Кўзлар кўзга тўймайди сира.
Сўзлашади, қалблар ёнади,
Кўнгиллари тоза, бокира.

Кун ҳам оғди, чўққидан нари
Оқ булутлар кўпайди бирам.
Сув еллари кезар сарсари,
Қиз дилгиру йигит хўп ўктам.

Шундай ўтди кунлар пайдар-пай,
Учрашувлар, тотли бўсалар.
Муҳаббатда ҳеч ким дард кўрмай,
Улар каби ўйнаб, кулсалар.

Энди яшар беқайғу, беғам,
Меҳнат берар ёруғ келажак.
Бугун тонгда йўл олди хуррам,
Булоқ сари куёв-келинчак.

Азиз тошдан айлади бунёд –
Булоқ учун мармар бир ҳовуз.
Тол кўчатин экдилар шод-шод
Ва харсангга битилди шу сўз:

“Ишқ булоғи”. Йигит билан қиз,
Гоҳ-гоҳ келар уни кўргани.
Ҳамма келиб унга чўкар тиз,
Ҳамма билар Азиз қурганин.

“Ишқ булоғи”. Ёзуви қолди,
Қорадарё асрий тошида.
Ва довруғи дилларни олди,
Тиз чўкдилар унинг қошида.

Тўлан НИЗОМ