* * *

Гулгун баҳор байрами,
Жулдур чопон бир гадо.
Кимдир ул? Эҳтимол, доно?

* * *

Тол ухлайди бош эгиб,
Гўё унинг жони кабидир,
Бутоқда булбул.

* * *

Шохдан-шохга учади
Оҳиста маржон томчи.
Баҳорий ёмғир.

* * *

Улуғвор қиёфада
Боқмас гилос гулига
Танҳо қайин дарахти.

* * *

Оҳ, уйғон, уйғон!
Ҳамдард ўртоғим бўл, сен,
Уйқудаги парвона.

* * *

Якка кулба устунин
Қаттиқ тақиллатар
Ўрмон арбоби.
* * *

Шубҳаланма!
Денгизнинг ўз баҳори бор –
Тўлқин гуллари.

* * *

Оҳ, қутлуғ завқ-шавқ!
Яшил ва ёш япроққа
Оқар кун нури.

* * *

Поёни йўқ денгиз ҳайқирар,
Ҳали йироқ садо қирғоғи,
Сомон йўли ёзилур.

* * *

Бу қандай азоб?
Дорда кичик қафасда
Асир чигиртка.

* * *

Тинч сой сабоси.
Чой яхши! Шароб яхши!
Ойдин кеча яхшидир!

* * *

Тун. Зимистон. Мен ётдим,
Чироққа йўқ мой… Бирдан
Деразадан боқар ой.

* * *

Кифтимга олайин, онажонгинам,
Қайноқ ёшим ила эритай
Сочингда оқ қировни!

* * *

Биринчи қор юзида
Қиш тонги гўзал кўринур
Бадбашара қарға ҳам.

* * *

Кўза синди чарсиллаб,
Сув бор экан, музлабди,
Мен уйғондим дафъатан!
* * *

Кеч кузак пайти.
Танҳоликда ўйлайман:
“Қўшним ҳоли не кечди?”

* * *

Ҳасрат тўла қалб,
Бутун ғаму ҳаяжонни
Барно тол учун бахш эт!

* * *

Чор атрофдан
Олча барглари учади
Нио кўлига.

* * *

Узун кун бўйи
Баҳор чоғи куйлашдан
Ҳеч тинмас тўрғай.

* * *

Капалакнинг парвози,
Тонг қуёш нури ила
Уйғотар тинч далани.

* * *

Мағрур туради
Боқмай олча гулига
Танҳо бир эман.

* * *

Тағин қалбда тирилди
Ота-онам ҳасрати.
Дод солар тоқ қирғовул!

* * *

Бу жажжи буғу
Будда туғилган куни
Дунёга келди.

* * *

Ел эсар замон
Тол шохи бутоғидан
Учар капалак.
* * *

Пион гул даргоҳидан
Болари дардчил кетар,
Оҳ, ул ночор айрилар!

* * *

Чавандоз! Отни ҳайда,
Дала бўйлаб у томон.
Унда куйлар какку қуш.

* * *

Зарпечак гули.
Менга у ҳам ва лекин
Дўст эмас ортиқ.

* * *

Ўчоқ ёнида,
Ҳамма унут…
Йиғлар чигиртка.

* * *

Мен ҳасратгарни
Ортиқ ғам ила тўйғаз,
Олис какку фироғи.

* * *

Ярқирар шудринг.
Унда бор ғам белгиси,
Унутманг зинҳор.

* * *

Мен билан бир гўшада
Икки қиз: гул шох бири,
Бири танҳо ой.

* * *

Куз ҳам тугади!
Аммо кўзга нур берар ҳамон
Кўм-кўк мандарин.

* * *

Кўчиб юргувчи ўчоқ.
Шундай, сайёҳ учун ва сенга
Ҳеч қаерда ором йўқ.
* * *

Оҳ, енгил-енгил
Осмон бўйлаб сузади
Булутлар ва ой.

* * *

Ёдингдами ўша қор, дўстим?
Бултур кўрган эдик сен билан,
Наҳот ўша қор яна ёғар?

* * *

Она қишлоқ ёдимга тушди.
Унга киндик қоним тўкилган,
Мен йиғлайман йиллар ғамида.

* * *

Тинчиди куз қуюни.
Ундан қолган нарса фақат шу –
Олис тўлқин шовқини.

Рус тилидан Рауф ПАРФИ таржимаси

Мацуо БАСЁ

Саҳифа 377 марта ўқилган.