Сўфийлар ва дарвешлар (фақирлар) ўртасидаги фарқ, бу амал ва назария ўртасидаги фарқдир. Сўфий тасаввуфий назарияга амал қилади, дарвеш эса тасаввуф йўлини босиб ўтади ва уни бино қилади. Шунингдек, дарвеш бир вақтнинг ўзида сўфий ҳамдир ва назарий жиҳатдан улар ўртасида жиддий фарқ йўқ. Сўфий, бу – дарвеш, дарвеш эса сўфийдирки, уларнинг бирини иккинчисидан ажратиш мумкин эмас. Лекин амалиётда бу таъкидлар нотекис тақсимланади: сўфийлар ибн Арабий сингари, одатда ижодий салоҳият ва бунёдкорлик тасаввури билан ажралиб турган бир пайтда дарвешлар биринчи навбатда ҳиссиёт, руҳий кечинмалар ва ғайрат, ҳаракат иштиёқ билан тўлиқдирлар. Аммо ҳар икки ҳолда ҳам биз фаол ёки суст тартибда ўз “мен”ини бутунлай йўқ қилишга эришиш ва илоҳий борлиққа бевосита боғланиб кетиш учун устозларсиз фақат ўз-ўзига ишонадиган (суянадиган) (албатта, кўпинча руҳоний пир бўлиш ҳам мумкин) сўфийлар ва дарвешларни учратамиз. Бунга бир хиллари маънавий машқлар орқали эришса, бошқалари руҳий, жисмоний амаллар орқали эришади.
Шозилия тарафдорларидан рондалик ибн Аббод (1333-1390) шайхнинг зарурлиги ҳақида фикрини билмоқчи бўлган Абу Исҳоқ Шотибийга йўллаган мактубида у маънавият йўлида шайхлардан кўра сўфийлик шартларига кўпроқ амал қилганлигини ёзади. Ҳаёт бўлган бирор пирга эргашмаганларнинг кўпчилигини маънавий руҳонийлар, деб тан олади.
Сўфийлар ва маломатийлар ўртасидаги тафовутни аниқлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада анчагина чалкашликлар бор. Абу Абдураҳмон Сулламий (ваф. ҳ.412/м.1021) маломатийларни фақиҳлар ҳамда маърифат аҳлларидан юқори турувчи, Оллоҳни олий мақомдаги қуллари деб ҳисоблаган. Кейингиси иккинчи даражадаги хос кишиларга тегишли бўлиб, уларни сўфийлар деб атайди. Аммо, тўғрироғи, улар оддий сўфийлар эмас, балки яширин сирлар моҳиятидан хабардор, каромат кўрсатадиган, Оллоҳ ўзи ҳақидаги махсус илмга мушарраф қилган “хос”, “имтиёзли” кишилардир. Маломатийлар сўфийлардир: “Улар таълимотининг асосига тасаввуфий билим ва тажрибага оид вазиятларда ёрдами асқотадиган сўфийлар бошлиғи томонидан амалга ошириладиган қатъий йўл-йўриқ киради”.
Нубиялик Зуннун ва марвлик Бишр Ҳорис (ваф.ҳ.277/м.841) маломатийлик таълимоти асосчилари сифатида ном чиқаришган бўлишсада, маломатийликнинг ҳақиқий келиб чиқиши манбаини Нишопурдан излаш керак. Бу таълимот тасаввуфдан кескин фарқ қилади, деб бўлмайди, негаки, у тасаввуфнинг Нишопур мактабидир. Суламий маломатия тарафдорларини сафига Тустарий, Яҳё Маоз Розийларни киритади ва энг аввало, ушбу йўналиш учун характерли хусусиятлар соҳиби Абу Язид Бистомийни қўшади.
Сўфий турмуш тарзида таваккул катта роль ўйнайди, бу эса (моддий борлик билан боғлаб турган жиҳатлардан кечиш) “инкорул-касб”га олиб келади, бу эса шайх бошчилигида амалга ошириладиган йўл-йўриқ, таълим, онт ичиш, хирқа кийиш, унинг итоатида бўлиш, доимий машқлар: зикр ва самода бўлишдир.
Маломатийлик тарафдорлари буларнинг барчасини назарий жиҳатдан бўлса ҳам инкор этадилар.
Маломатийлик таълимотининг асосида инсоннинг Оллоҳ олдида бутунлай “ҳеч нима” эканлиги ҳақидаги ақида ётади. Сўфийдан фарқли ўлароқ ҳақиқий маломатий маънавий ҳаётда эришган ютуқларини сир сақлайди. У шу дунёда яшаб туриб, ўзини дунё ва унинг завқу ҳирсидан тозалашга интилади. Шаҳобиддин Суҳравардий ёзади: “Ўзининг яхши фазилатларидан ҳеч қачон фаҳрланмайдиган, ёмон, ножўя фикр, маслагини яширмайдиган киши маломатий ҳисобланади”. У бунга қуйидагича аниқлик киритади: “Кимнинг томирлари эзгу жиҳатлар билан тўлса, ким ҳақиқий софдил бўлса, ким ўз жазбаси, аҳволи ва тажрибаларидан ўзгалар воқиф бўлишини хоҳламаса – маломатий ўша”. Маломатий Оллоҳга етиш йўлида одамларнинг наф­ратини кўтаришга, ютишга тайёр. Агар сўфий Оллоҳнинг ғамхўрлигидан умидвор бўлиб, таваккулга суяниб яшаса, маломатий ҳатто дунёвий ишлар билан машғул чоғда ҳам Оллоҳга қаттиқ берилиб, меҳнат қилиб нон топади (унинг “қонуний” озуқаси меҳнат орқасидан келади). У ўз хатти-ҳаракатларини кўз-кўз қилмайди, оммавий зикрларда иштирок этмайди. Кўпинча маломатийлар ҳақидаги чалкашлик тасаввуфнинг машаққатли йўлини босиб ўтиш учун зарур ирода ва интизом етишмайдиган кишилар сифатида қарашдан келиб чиқади, ҳолбуки, айнан “мутаваккилун” – таваккул қилувчи, бу – ўша сўфий.
Бундан ташқари улар маломатийлар билан қаландарларни аралаштиради. Кейинги баёнлар уларнинг ноҳақлигини кўрсатади.
Маломатий одамлар диққатини тортадиган амалларни, айниқса таровиҳ намозларини кескин қоралайди, (чунки бу ибодат шакли фақат оммага мўлжалланган) зоҳирий ҳамма нарсани рад этади. Одат тусига кирган фикрга зид ўлароқ маломатий азбаройи ўзига эътиборни жалб этмаслик учун мажбурий фарзларни адо этади. Худди шу сабаб юзасидан у сўфийларни ажратиб кўрсатувчи махсус кийим киймайди. Пирлик қилишга қурби етса-да, ўзини сўфиёна мақсадда тариқат шайхи бўлишга бағишлаш йўқ. Суҳравардий ёзади: “Ҳозирги пайтда, Хуросонда маломатийларга моҳиятдан таълим берадиган, маънавий ўсишларидан воқиф этиб турадиган ўз шайхлари бошчилигидаги қандайдир тоифалари бор. Биз Ироқда бу йўлга кирган (таъна-маломат орттирувчи) кишиларни ўз кўзимиз билан кўрдик, аммо у ерда бошқа ном билан машҳурдирлар”. Маломатийлар жамоат, бирлашиш тушунчасига нисбатан тасаввуфнинг қуруқ ғояларини қабул қилмайдилар, аксинча, ўз “мен”ларини буткул йўқотиш билан банддирлар. Кейинроқ пайдо бўлган тариқатлар орасида нақшбандийлик тариқати тасаввуф доирасида маломатийлик билан кўп ўхшаб кетади. Нақшбандлар жамоа бўлиб зикр айтишни рад этади, якка, махфий зикр (зикри хафий)ни амалда қўллайдилар. Худди шу билан боғлиқ уларнинг “хилват дар анжуман” қоидасини эслаш ўринлидир.
Сулламийга ўхшаган олимлар ва ҳатто Суҳравардий каби йирик пир (гарчи янглишишлар билан бўлса ҳам) маломатийларни, уларнинг назарияларини қатор сўфийлик таълимотларидан бири сифатида тўғри баҳолашга қодир бўлганлари ҳолда, қаландарларни таъна маломатга лойиқ деб ҳисобларди. Ҳолбуки, назарий жиҳатдан улар ўртасида ҳеч қанақа фарқ йўқ. Қаландарлар ҳаракатининг хавфлилиги шундан иборатки, у жамият манфаатларига зид ҳодисага айланиши мумкин. Қўрс ва саводсиз дарбадар дарвешлар билан “бобо турклар” ҳаракати айнан қаландарларнинг ўзгинаси эди. Тариқатлар шакл­ланиб борган сари улар ўртасидаги яширин зиддиятлар ошкора бўлиб боради.
Маломатийлар ва қаландарлар ўртасидаги фарқ шундан иборатки, биринчиси – ўз эътиқодини сир тутади, иккинчиси – эса ўз маслагини қандай қилиб бўлмасин кўз-кўзлаш, довруқ солиш пайида бўлади. Ҳатто жамоатчилик маломатини олиш учун таъмагирликдан фойдаланади. Чалкашлик яна шундаки, маломатийларнинг номланиши “таъна”, “маломат” сўзидан олинган.
Арабларнинг “Минг бир кеча” асари шарофати билан машҳур бўлиб кетган қаландар атамаси тарихий маънода дарвешларнинг сон-саноқсиз, ранг-баранг турларини қамраб олади. Уни Шарқда (ғарб мусулмонлари оламида машҳур эмас) дайдиб юрувчи фақирларнинг барчасига нисбатан кенг қўллайдилар, бундан ташқари бир қатор гуруҳлар бу атамани қабул қилиб, ҳатто шу ном остида махсус диний жамиятларни вужудга келтирдилар. Бу атамани аниқлашдаги қийинчилик сабаби ана шундадир. Силсиланинг шаклланиш жараёни ҳақида гапира туриб Шаҳобиддин Суҳравардий ёзади: “Қаландария атамаси “руҳий осойишталик” ғоясига муккасидан кетган кишиларга нисбатан қўлланилади. Улар на урф-одатларни, на маросимларни ҳурмат қиладилар, жамият қабул қилган қоидаларни ҳамда ўзаро муносабатларни рад этадилар. “Руҳий осойишталик” босқичини босиб ўтаётиб, улар одатдаги ибодат ва рўза ҳақида жон куйдирмайдилар фақат мажбурий фарзларни адо этади. Худди шундай илоҳий марҳамат туфайли ирода этилган дунёвий қувончлар уларни ташвишга солмайди”.
Қаландар ва маломатий ўртасидаги тафовут шундаки, қаландар жорий этилган одатларга хилоф иш тутиш учун имкон-баҳона ахтарган бир вақтда маломатий ўз турмуш тарзини ҳаммадан яширишга интилади.
Мақризий қаландарлар Дамашқда дастлаб ҳ.610 (м.1213) йиллар атрофида пайдо бўлди, деб ёзади. Рифоия-ҳаририя тариқатидан бўлмиш Нажмиддин Муҳаммад бин Исроилнинг (ваф. 1276) гувоҳлик беришича қаландария тариқати 616 (1219) йилда пайдо бўлган ва унга совалик қочоқ Муҳаммад бин Юнус Соважий (ваф. 630/1238) томонидан асос солинган. Ашрафий подшоҳлиги даврида Ҳаририй жазога тортилади, қаландарлар ҳам таъқибга учрайди ва уларни Ҳусайния қалъасига бадарға қиладилар. Кейинчалик ҳайдария оқими билан биргаликда иккинчи марта қаландарияга асос солинади, бунинг устига 655/1255 йилда зовия (хонақоҳ) қурилади. Илтутмиш ҳукмронлиги пайтида Соважийнинг Хизри Румий исмли машҳур шогирди қаландария тариқати сифатида қайд этилган бу оқимни шимолий-шарқий Ҳиндистонга кенг ёйган.
Форс фақири (дарвеш) Ҳасан Жаволақий, Малик Одил Кетбога (1294-1296) замонасида Мисрга келиб, қаландарлар зовиясига асос солди, кейин Дамашққа отланди ва у ерда (722/1322 йилда) вафот этди. Мақризий фикрига кўра улар руҳий осойишталикка интилувчи таркидунёчилар бўлиб, унга эришиш учун қаландарлар таклиф қилган усул одатдаги ижтимоий нормалардан кечишни талаб қилар эди.
Қаландарларни ажратиб турадиган белгиларга махсус кийим кийиш, сочни қириб олдириш, соқол қўйиш, тавба-тазарру белгиси сифатида қўл ва оёқларини темир ҳалқалар учун тешиш, ахлоқ ва иффат тимсоли сифатида эркаклик аъзосига темир ҳалқа тақиш кирган.
Жомий ўз замонида Шаҳобиддиндан парча келтириб ёзади: “Ўзини ислом итоатидан озод қилган, биз қаландар деб атайдиган одамларга келсак, ҳозир гапирган сифатлар уларга бегона ва уларни ҳашавия деб аташ тўғрироқ бўлар эди”. Суҳравардий ва Жомий иккиси ҳам ҳақиқий қаландарлар билан ур-тўполонларда иштирок этиш учун қаландарлар либосини кийиб юрадиганларни чалкаштириш керак эмас, деб ҳисоблайдилар.
Туркий қаландарлар охир-оқибатда алоҳида тариқатга бирлашган. Уларнинг бир гуруҳи келиб чиқишларини испаниялик араб Юсуф Андалусийга олиб бориб боғлайди. Тийиқсиз феъли туфайли бектошия тариқатидан қувғин қилганларидан сўнг у мавлавия тариқатига кириш учун беҳуда уринади ва оқибатда қаландария номи остида мустақил тариқат тузишга эришади. У ўз дарвешларидан узлуксиз саргашталикни талаб қиларди, шунга қарамай Муҳаммад II (1451-1481) даврида Истамбулда қаландарларнинг мачит, мадраса, масканлари пайдо бўлди. Авлиё Чалабий Коҳидхонадаги (Скутари атрофи) Султон Муҳаммад доимо ош-овқат билан таъминлаб турган ҳинд қаландарлари манзилини эслатиб ўтади. Ўша даврда Алеппада қаландарларнинг яна бир тариқати мавжуд бўлган. Мужириддин Июрсалимдаги Мамилла қабристони ўртасидаги қаландарлар хонақосини тавсифлайди. Аввалида у ад-Доир ал-Аҳмад номидаги черков бўлган, Иброҳим Қаландар отлиқ киши уни ўз фуқароси учун хонақога мослаштиради. Бироқ бу зовия 893/1488 йил атрофида вайронага айланади.
Кўриб ўтганимиздек қаландар атамаси ўзига хос мазмун-моҳиятга ва тарихий жараёнга эга. Мазкур атама замонлар ўтиши билан адабий ва тарихий манбаларда турли маъноларда қўлланган: биринчиси, ошиқ қаландарлар. Булар чинакам Ҳақ ошиқлари, ботинни обод қилиш учун зоҳир хароблигига парво қилмайдиган, файзу нур, шафқат ва мурувват соҳиблари; иккинчиси, мажзуб қаландарлар. Булар қисса, маноқиб, тазкира ва айрим шеърий асарларда таърифу тавсиф этилган валийсифат зотлар. Учинчиси, ужб ва риёдан поклана олмаган, адаб талабларидан чекинган, тиланчилик билан кун кўришни одатга айлантирган тубан қаландарлар. Қаландарлар билан боғлиқ маъно инжаликларини фарқлаш ва англаш, тарихий ва адабий матнларни тўғри тушунишимизга ёрдам беради.

Рус тилидан Сайфиддин РАФИДДИН таржимаси

Жон ТРИМИНГЕМ

Саҳифа 396 марта ўқилган.