Навоий даврида санъат ва адабиётга қадам қўйган киши котиблик, нотиқлик, тасвирий санъат билан бирга мусиқа назарияси сирларини ҳам пухта эгаллаган бўлиши, бир ёки бир неча мусиқий асбобларда куй чалиб кўрсатиши талаб этилган. Шеъриятда аруз вазнида ёзиш шарт ҳисоблангани каби, шоир мусиқа оҳангларининг нозик жиҳатларини идрок этиши ҳам шунчалик муҳим саналган. “Навоий ўзининг бадиий қарашларида шеърият билан шуғулланувчи кишиларни санъатнинг фақат бир тармоғи билан чекланиб қолмасликка, мусиқани ва шунга ўхшашларни ўрганишга даъват этади. Ана шу қоидага амал қилган шоирларни эса алоҳида таъкидлаб ўтиш билан уларни бошқаларга намуна қилиб кўрсатади”.
XIV-XVI асрлар бастакорлик санъатининг юксалган даври бўлди. Бу даврда кўплаб созанда ва хонандалар қатори ажойиб бастакорлар етишиб чиқди. Улар мақом жанри ривожида муҳим ишлар олиб борди. Бастакор сўзи “баста” – боғланган, “кор” – иш маъносида, куй унсурларини бир-бирига боғловчи демакдир. Бастакор ўтмишда турли вазифаларни бажарган. Дастлаб у янги, оригинал куй ва ашулалар яратувчидир. Иккинчидан, бастакор тайёр куйлар мавзуида уларнинг ритмик ва куй вариантларини ҳам ўйлаб топиши керак. Ашула йўлларига янги шеърларни усталик билан боғлаб, тушира билган санъаткорлар ҳам бастакор ҳисобланади.
Ўша даврдаги адабий йиғинлар, шоҳона базмлар мусиқасиз ўтмаган. Кўзга кўринган шоирларнинг машҳур ғазаллари бастакорлар томонидан куйга солинган. Шубҳасиз, ўз соҳасини мукаммал билган истеъдодли созанда, хонанда, бас­такорлар кўп бўлган ва улар ўртасида ўзига хос мусобақа давом этган.
Марказий Осиё халқлари маданий ҳаётида тазкираларнинг аҳамияти катта. Тазкираларда, асосан, шоирларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқача маълумот берилса-да, қисман мусиқа соҳасида олиб борган ишлари ҳам эслатиб ўтилади. Ўша даврларда яратилган тазкиралар орасида Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асари алоҳида характерли бўлиб, унда санъат аҳллари ҳақида ишонч­ли аниқ маълумотлар келтирилади. Мазкур тазкирадаги бастакорларга оид фикрлар тўғрисида мусиқашунос Тўхтасин Ғафурбеков илмий изланишлар олиб борган бўлса-да, ҳозирда асарнинг ўрганишга муҳтож жиҳатлари мавжудлигини ҳам қайд этиш жоиз. Навоий тазкирада бастакор ва мусиқа илмини яхши тушунган шоирлар номларини келтириб, уларнинг айримларига ўз баҳосини берган. Мавлоно Соҳиб Балхий, Хўжа Юсуф Бурҳон, Мавлоно Биноий, Мавлоно Солимий, Паҳлавон Муҳаммад, Устод Қулмуҳаммад, Хўжа Камолиддин Ҳусайн, Хўжа Абдулвафойи Хоразмий, Мавлоно Қадимий, Муҳаммад Жомий, Мавлоно Риёзий, Муҳаммад Али Ғарибий, Мавлоно Шайхий, Ҳофиз Шарбатий, Хўжа Камолиддин Удий, Али Кармол, Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳ, Хўжа Абдуллоҳ Садр, Мир Ҳабибуллоҳ, Бойсунғур Мирзолар шулар жумласидандир. Навоийнинг кўрсатишича, бу бастакорлар мақомларга нақшлар, пешравлар ва амаллар боғлаганлар, мусиқий намуналар тузиб мақом жанри ривожи ва такомиллашувида катта аҳамиятга эга бўлганлар. Навоийнинг мусиқий устози Хўжа Юсуф Бурҳон ва яқин дўстларидан Паҳлавон Муҳаммад ҳақида қуйидагича маълумотлар мавжуд:
“Хўжа Юсуф Бурҳон, Ҳазрати Шайх ул-исломий Аҳмади Жомий қуддиса сирруҳунинг яқинроқ авлодидиндур. …мусиқий илмин ҳам яхши билур эрди ва фақир мусиқий фанида анинг шогирдимен. Кўпроқ ўз шеъриға мусиқий боғлар эрди. “Исфаҳон” амалини, бу байтиға боғлабтурким:

Расид мавсуми шодию айшу тараб,
Агар гадо ба муроди диле расад чи ажаб”.

Яъни, қисмат куни (насиба тақсим этиладиган кун) зоҳиддан бошқа ҳар ким ўзига бахшида қилинган айшни олди. У эса нечоғлиқ машаққат чекмасин қуруқ қолди.
Баъзи манбаларни кузатиб, “Мусиқа илмидан хабардор деб тилга олинаётган Юсуф Андижоний ва Хўжа Юсуф Бурҳон бир кишими?” – деган иштибоҳ туғилади. Дарвеш али Чангий ўз рисоласида Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Юсуф Андижоний тўғрисида ёзган, дейди. Навоий тазкирада эмас, балки “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида Хўжа Юсуф Андижонийни келтиради. “Юсуф Хўжаким мусиқийда машҳурдир, Андижонийдур”, деб Бобур таърифлаган ва Навоий келтирган шахслар бир киши. Аммо, Дарвеш Али “Мажолис ун-нафоис”да келтирилган, деган киши Хўжа Юсуф Бурҳондир.
Навоийнинг мусиқа соҳасидаги устозим деб таърифлаётган шахс Хўжа Юсуф Бурҳон ҳам, асосан, ўз ғазалларига куй боғлаган, “Исфаҳон” мақомини ҳам яратганлиги маълум бўлади. Ҳар иккала ижодкор – Мавлоно Соҳиб Балҳий ва Хўжа Юсуф Бурҳонларнинг бастакорлик маҳоратлари боқий мақом санъати, хусусан, “Дувоздаҳмақом” тизими билан боғлиқ бўлган. “Исфаҳон” ўн икки мақом тизимидаги муайян, яъни ўнинчи мақом ҳамда “Исфаҳонак” номли шўъбанинг номидир.
“Хўжа Юсуф Бурҳон тасаввуф тариқатининг вакили сифатида шеърларига тасаввуфча оҳанг боғлаган эди. Навоий Хўжа Юсуфдан, нафақат мусиқани, балки у кишидан тариқат илмини ҳам ўрганди, жумладан, ўз ғазалларига мусиқа боғлаш ва уларга тасаввуфона оҳанг бахш этишни ҳам эгаллаб, уларни ўз ижодига татбиқ этди”. Демак, Навоий тасаввуфона оҳанглар ҳам басталаган ва бу “боғлаш санъати”ни ҳам устози Хўжа Юсуф Бурҳондан ўрганган.
Навоий таърифлаётган бастакорлардан яна бири “Паҳлавон Муҳаммад Гўштигирким …мусиқий ва адвор илмида даврининг беназиридур…”
Паҳлавон Муҳаммад 1493 йил Ҳиротда вафот этган. XV аср Ҳирот маданий марказининг йирик намояндаларидан бўлган. У риёзиёт, юлдузлар илми, кимё, фалсафа, адабиёт, санъат ва кураш турларидан гуштигирликда ном чиқариш билан бирга яхши бастакор ва хонанда бўлганлиги манбалардан маълум. “Гуштигир” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Навоийнинг 40 йиллар мобайнидаги яқин дўсти, ота ўрнидаги мураббийси ҳам бўлган. Навоий бу яқин кишиси ва маслакдошига махсус “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” номли қасида асар ёзиб, унинг шахсияти ва истеъдоди қирраларини очиб беради:
“Ул жумладин адвор ва мусиқий илмидурким, чун лаҳжаси ва ҳусни савти хўб экандур ва усули мазбут ва ҳаракоти ва саканоти марғуб. Ул дақиқ фанда кўшиш ва саъй кўргузуб, дахли том ва маҳорати молокалом топиб эрди ва дилкаш нақшлар ва амаллар ва дилписанд қавллар ва ғазаллар тасниф қилур эрди ва хўб айтур эрди. Андоқки, эшитган хавос ва авом хушҳол бўлмоқда беихтиёр ва ўрганмоқда беқарор эрдилар”. Паҳлавон Муҳаммаднинг сифатларига берилган таърифлар унинг мусиқа билимдонлиги тўғрисида мазкур жумла билан бошланган. Буни Тўхтасин Ғафурбеков қуйидагича изоҳлайди: “Назаримизда, Паҳлавон Муҳаммаднинг ўта серқирра фаолияти мажмуидан Алишер Навоий – мусиқа соҳаси, хусусан, бастакорлик ижодини бошқалардан устувор кўради”. Паҳлавон Муҳаммаднинг бастакорлик соҳасидаги истеъдодини бу асрнинг мусиқада моҳирлари, Ҳирот маданий ҳаётининг фаол иштирокчилари, шоир, бастакор ва созандалар қатори куй басталаганида кўрамиз. Устоз Муҳаммад Хоразмий, Мавлоно Нўъмон, Мавлоно Соҳиб Балхий, Шайх Сафойи Самарқандий, Хўжа Юсуф Андижонийлар нақш, суфия, амал, қавл, жир, чорзаблар битдилар. Басталаган асарларининг кўпи жуда машҳур бўлиб кетган. Демак, Паҳлавон Муҳаммад ўз давридаги бошқа бастакорлардан куй басталашда устунроқ бўлган. Англаш мумкинки, Паҳлавон Муҳаммад мақом йўллари – чоргоҳ, сегоҳларни басталаш билан бирга мусиқа йўлларининг бошқа жанрларида ҳам ижод қилган. Паҳлавоннинг мусиқа илми билимдонлиги хусусида Бобурмирзо ҳам ёзган: “Яна беназир элдин бири Паҳлавон Муҳаммад Бусаид эди. Куштигирлиқта худ саромад эди, шеър ҳам айтур эди. Савт ва нақшлар боғлар эди: “Чоргоҳ”да бир “нақш”и бор, хушсуҳбат киши эди”.
Дарвишали Чангий ўзининг “Рисолаи мусиқий”сида уни мусиқа соҳасидаги ўзининг устози эканлигини айтиб, насиҳатомуз гапларини ёзиб ўтган. Паҳлавон Муҳаммад серқирра ижодкор, курашда кураги ерга тегмаган паҳлавон ва айни дамда мусиқа соҳасида, айниқса, бастакорликда номи чиққан истеъдод эгаси бўлганлиги замондошлари томонидан таъриф этиб ўтилган. У ҳақдаги Навоийнинг ягона қасидаси хусусида сўз юритилганда, беихтиёр Абу Саиднинг мусиқий қарашлари ва билимлари ҳам алоҳида таъкидланади. Паҳлавон Муҳаммад адвор – мусиқа илмининг устозларидан, куй басталайди, куйлайди. Мусиқани қиёмига етказиб чалади. Куй чалаётганда тори харрагига гўё булбул қўниб сайраётгандай туюлади. Хониш этаётган маҳалда бамисоли булбулигўё бўлиб кетади. Мусиқада ҳеч ким унинг олдига от сола олмайди. Паҳлавон Муҳаммад мусиқа илмининг барча йўналишларида машҳурлигини қасидадан англаш мумкин. Навоийнинг мазкур асари ҳамда Паҳлавон Муҳаммад шахси ўрганилиши билан бирга унинг бастакорлик ижоди ҳам йирик изланишларга туртки бўла олади.
Хулоса қилиб айтганда, Навоий замондошларининг мусиқий билимини баъзан умумий тарзда, баъзан эса батафсил ёритган, уларнинг ўзига хос овози ва мусиқий дунёқарашини таърифлаган. Шоир ўз даври мусиқа маданияти ва мусиқа аҳли ҳаётига оид қимматли маълумотлар қолдириш билан бирга ўз баҳосини ҳам бериб ўтган. Мусиқада оригиналлик тарафдори бўлган, яхши мусиқа асари, мусиқа соҳасида назарий рисола яратилишини қувончли воқеа сифатида қадрлаган. Мусиқа аҳлига ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам берган ва энг муҳими Навоийнинг ўзи мусиқа илмининг билимдони бўлган.

Лайло ЖЎРАЕВА

Саҳифа 178 марта ўқилган.