Матназар Абдулҳаким. Нур васли

Шарқ юлдузи/ Oktabr 14, 2014/ 2010 йил, 1-сон, Мумтоз поэтика

alishernavoiyМатназар АБДУЛҲАКИМ

НУР ВАСЛИ

Алишер Навоий “Чор девон” ларининг дебочасини шундай байт билан бошлаганлар:

Ашрақат мин акси шамсил каъси анвор-ул-худо,
Ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо.

(Яъни, ҳақиқат (ҳидоят) нурлари қуёш косасидан акс этиб чи¬қиб кела бошлади, ёрнинг аксини майда кўр деган овоз жомдан садо берди.)
Алишер Навоий айтаётган бу “садо’’ – нур овози. Мулки борлиқда ҳақиқат нурининг таралиши. Буюк шоиримиз айтаётган шу нур таралгачгина, мулки борлиқ кўзларимиз олдида намоён бўла бошлайди.
Намоён бўлган мулки борлиқнинг ҳар бир унсурида илоҳий жамол юз кўрсатади. Борлиқда ҳақ жамоли зуҳур қилиши ҳақидаги қарашни, янглишмасам, олимларимиз “пантеизм” истилоҳи билан ифода этадилар.
Йил фасллари илоҳий ҳукмга кўра, ўтаётган вақтнинг раъйига қараб юз берадиган синоатдир. Вақтнинг бошланишида ҳам, охирланишида ҳам чек-чегара йўқ. Вақт ибтидосини, шу боис, биз “азал”, интиҳосини эса “абад’’ деб атаймиз. Бироқ, на ибтидодан дарак, на интиҳодан нишон бор. Демак, мутлақ мангулик – илоҳий кашфиёт, Олий ақл англайдиган ва унинг ҳукмида бўлган мобайндир. Бизнинг ихтиёримизда эса, унинг ўзимиз учун тақдир томонидан ажратилган қисми.
Бирок, инсоний ўлчовлар билан англанадиган ҳайбатли вақт бўлагини ҳам биз шартли равишда мангулик деб атаймиз. Мана шу мобайнда юз берадиган воқеа ва ҳодисалардан қувонамиз, қайғуга тушамиз.
Кечинмаларимизни шулар билан боғлаб, завқланамиз, қайғурамиз, хуллас, ҳаёт кечирамиз. Яшаймиз, бир сўз билан айтганда ва… мана шу ҳаёт ҳақда қўшиқлар айтамиз.

Эрийди тоғларнинг қори,
Инжилма, кўнглим, сабр айла.
На гул қолар, на гулзори,
Инжилма, кўнглим, сабр айла,–

деб куйланади хоразм халқ қўшиқларидан бирида. Тоғлар чўкиб, уларнинг қорлари эриши учун, худо билсин, неча миллион йил ўтиши керак. Бироқ, биз мана шу асрларни бир лаҳза ўрнида кўриб, кўй¬лайверамиз. Чунки, ҳар биримизнинг ҳам қай даражададир ўзимиз мобайнида яшаётганимиз ана шу абадиятга дахлимиз, ана шу ман¬гуликдан умидимиз борлиги.
Она табиат эса шоирларимиз илҳомининг битмас-туганмас манбаидир. Бизни дунёга келтирган ва биз яшаётган дунёдан иборат бўлган табиатни бежиз она деб айтмаймиз. Шунинг учун, шоирлар бу мавзуда бир-биридан гўзал асарлар бунёд этганлар. Улар сафида эса Абдулла Ориповнинг муносиб ўрни бор. Биз ушбу мақоламизда шоир ижодидаги ана шу мавзуни баҳоли қудрат таҳлил этишга журъат қилдик.
Абдулла Орипов ўз илҳомини хушфеълликда табиат билан муш¬тарак бўлишини орзу қилиб:

Шалоладек бўлса шеърларим, –
дея хитоб этганди.
Шундан бери, мана, ярим асрдан зиёд вақт ўтди. Ўтган шу давр¬да шоир ўзининг ўша дастлабки мисраларидаги йўлкўрсаткич туйғу¬ларига оғишмай амал қилиб келяпти.

Аллақайда кезиб тинимсиз,
Йиғдик роса завқ атирларин.
Сўнгра,баҳам кўрдик иккимиз,
Менга тегди шу сатрларим, –

деб ёзади шоир ўз ижод тонгларида битилган “Капалак” сарлавҳали шеърида.
Абдулла Орипов қаламига мансуб табиат мавзусига бағишланган шеърлар даставвал мавзуни ўрганиш, манзараларни бир мунча четдан туриб кузатишдан иборат эди. Масалан ушбу мисралари каби:

Эҳ, сиз, тоғлар, нақадар кўркам,
Сизга берар илк нурин қуёш.
Пар булутлар, марварид қорлар
Юксак чўққи узра қўйган бош.

Бироқ, бу ибтидоий жараён шоир қаламида узоқ ивирсиб турмади. Шоирнинг қалами она табиатнинг тубсиз уммонларига теран шўнғиди, чексиз юксакликларга тикка парвоз қилди, ҳудудсиз миқёсларини қамраб ола билди.

Қайтгим қелди, онам, ёнингга,
Юрагимда исмсиз дардлар.
Совуқ хонам, соат чиқ-чиқи.
Ташқарида хазонрез боғлар.
Ёмғирнинг жим хониш қилиши,
Бари-бари нечундир бу дам
Туширмоқда сени ёдимга,
Қайтгим келди, онам, ёнингга.

Бу, энди, болалик мисраларидек мавзуни ижодий “разведка” қилиш эмас, балки маънавий эзгулик тантанаси йўлидаги чинакам поэтик риёзат “жанг”ининг бошланиши эди. Чунки, шоир ўзига, ўз курашига “жанг майдони” қилиб танлаган табиатсеварлик маъракасига табаррук зот – ўз онасини мададга чорлай бошлаган эди. Ҳали пайти келади, шоир: «Сингил бўла қолгил менга, табиат»; «Ака бўла қолгил мен¬га, табиат»; «Ота бўла қолгил менга, табиат»; «Она бўла қолгил менга, табиат», деб очиқдан-очиқ илтижолар қилади, бироқ қардош¬ликка бўлган бу даъватларида табиатнинг олдида ўзига нисбатан ўзи кечиккан бўлади. Ҳозирча эса, шоир ўзининг “суянган тоғи”, ўзининг муборак Парнаси бўлмиш табиатнинг тоғолди ҳудудларига, баъзан эса, водийларига чиқиб изтироблар чекиш билан машғул эди.
Абдулла Ориповнинг табиат мавзусидаги шеърларига мансуб кўпгина фазилатларнинг бири танланган оҳангга, кашф этилмиш мажознинг ҳикматларини бир шеърда шарҳлаш билангина чекланиб қўя қолмайди, балки уни бутун ижоди мобайнида «безовта қилиб», таъқиб этиб туради. Бу ҳолни, масалан, биз «Булоқ» ҳамда «Най» шеърларида кўришимиз мумкин.
Бироқ, шуниси эътиборлики, шоир мавзуга қайси тарафдан ёндош¬масин, уни қайси нуқтаи назардан олиб қарамасин, инкишоф қилинган мавзу доирасининг марказида муайян бир инсон тақдирини кўради, мана шу ўзи кўраётган такдир соҳиблари бўлиши мумкин бўлган инсонлар учун у ёки бу шеър маънавий сабоқ, руҳий бир ибрат бўлиб қолади.

Олис жануб тортганидек қушча юрагин .
Узоқларга етаклади мени бир сурон.

Бу тасвирда Абдулла Орипов булутнинг табиат фарзанди экан¬лигини, унинг ҳаракати, Пушкиннинг устоз Миртемир таржимасидаги «Денгизга» шеърининг таъбири билан айтганда, «асов ғалаёнлар»га маҳкум эканлигини нафис бир маҳорат билан эслатиб ўтади. Шу ўринда, шоирнинг ўз қўли билан битилган ҳаётномасига кўз ташлаймиз. «Менинг туғилиб ўсган, болалигим ўтган жойлар Қарши (қадимги Насаф) шаҳридан беш-ўн чақирим шимолроқ томондаги Қўнғиртов этакларидир. Қўнғиртов дегани у ерда дов-дарахт йўқлиги, кўринишининг кулранг-қўнғир тусда бўлганлигидандир. Қўнғиртовда ягона шўр сувли булоқ бор…»
Шоир “Булут” шеърида ёзади:

Қайларга шошарди? Билмас эди у,
Ошиб ўтди чўллар, тоғлардан йироқ
Ва бир кун кезишлар жонга тегдию
Қайтмоқ бўлди шунда ортига, бироқ…

Мана шу мисрага келганда, «Булут»нинг шоир қаламига мансуб «Қасам дара» шеъридаги овчи йигит билан қардошлигини ҳам пайқаймиз:

Ботирини сақлайди омон
Тасодифга тўла бу дунё.
Овчи овин айлар саранжом,
Овулига чоғланар, аммо,
Аммо бирдан қотади карахт,
Асир этмиш уни бу макон.
Атрофида тошлару фақат
Тепасида юлдуз ва осмон.

Овчи йигитку чолнинг аёвсиз ҳийласи туфайли ёр меҳри деб, дара исканжасидан қутулади. Чунки, овчи йигит – инсон. Булут эса – булут. Инсоннинг йўриғи бошқа, булутнинг қисмати бўлак. Шунинг учун ҳам:

Бироқ… йўл бермади шамоллар ҳайдаб,
Йиғлаб битди булут, сел бўлди кўзёш.
Сўнг ирмоқ бўлдию билмайди, қайда,
Маконин ахтариб олиб кетди бош?

Ушбу шеър мутолаасидан сўнг бир туйғу хаёлингизни тарк этмайди: «Қаерда кўрган эканман бу «Булут»ни? Илк маротаба учратишим. Бироқ таниш истара. Таниш дийдор. Ҳолбуки, илк дафъа учрашмоқдамиз… Э, ҳа, «Булоқ-ку бу!» Ва шеърни хотирлайсиз:

Қутлуғ бир саҳарда кўз очди булоқ,
Йўл солди дарёлар сари адашиб.
Унга раҳм этмоқчи одамлар шу чоқ
Тоғу тошлар аро яқин йўл очиб.

«Булут» ва унинг яқин аждоди бўлмиш «Булоқ» шеърларининг ёзилиш санасида бир йилгина тафовут бор. Бир қарасангиз, бир олманинг икки палласидек бир-бирига жуда ўхшаш, бир қарасангиз, бир-биридан кескин фарқ қилади. Бир қарасангиз, ҳар иккала шеър ҳам табиат ва унинг олий кўриниши бўлган шоир ижодий стихиясининг фарзанди. Бир қарасангиз, «Булоқ» ерда, «Булут» осмонда. Бироқ шоир ердаги булоқни ҳам ўз ҳолига қўйиб беришни инсонлардан ўтинади. Шоир истайдики, ердаги булоқ жилғаси ҳам ўзи истаган дарёга бориб қўшилсин, булут ҳам ўзи тўйинган маъводаги тупроққа ёмғир бўлиб ёғсин. Бу мутолаадан биз ушбу шеърлар битилган даврда дарёларнинг ўзанларини буриб юборишларнинг, осмон ишларига бемеъёр аралашувларнинг мудҳиш оқибатларидан шоир инсониятни ўз вақтида огоҳлантирганига гувоҳ бўламиз. Бу шеърларнинг нафақат маънавий, балки ижтимоий-иқтисодий жиҳатлари ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлигига ва йўқота олмас¬лигига ишонамиз:

Одамлар, тегмангиз, майли тошсин у,
Майлига, тоғни ҳам кўрсин йўлида.
Қўйинг, ўз йўлини ўзи топсин у,
Завқланолсин у ҳам кураш сўнггида.

Бу мисралардан аён бўладики, шеър мазмунини экологик жиҳат¬дан эмас, бадиий-маънавий жиҳатдан талқин қилганимизда ҳам, яъни, «Булоқ» замирида инсон кўзда тутилган тақдирда ҳам, унинг моҳияти ўзгармайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шоир ўзи қаламга олаётган табиат унсурларида ўзи билан тақдирдошлик туйғуларини теран ҳис килиб ижод этади. Тўғрироғи, мазкур оҳангдаги шеърлар ўзларида қиёфаси чизилаётган табиат сиймосидаги жиҳатларнинг шоир билан тақдирдош бўлганлик¬лари учун, қаламга олинган. Тўғри, шоир ўз шеърларидаги бу фазилатни, табиийки, очиқ айтмайди. Очиқ айтадиган бўлса, шеър шеър бўлмаган бўлур эди. Бироқ, шоир шеърларидаги бу фазилат иймо-ишоралари билан ўқувчи руҳиятига очиқ айтилганидагидан ҳам қаттиқ таъсир қилади, шоир шеърларининг бадиий-маънавий хислати ҳам ана шунда
Абдулла Ориповнинг табиат мавзуида битилган дастлабки шеърлари уларнинг бадиий-маънавий аҳамиятидан қатъи назар «Баҳор» сарлавҳали шеърига тайёргарликдан иборат экан:

Яна баҳор келди… Яна оламда…

Шундан сўнг шеърхон ақлини, шеърхон руҳини туфаккур қуюн¬ларига ташлаб чирпирак қилишнинг бутун шеър мобайнида узлуксиз давом этадиган мўъжизалари кўрина бошлайди:

Ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт.

Шоир, ўзи, шундоқ ҳам мўъжаз баёнлиғдан иборат бўлган «гўзал¬лик», «баёт» сўзларининг ҳикматидан қаноатланиб қолмасдан, улар¬нинг олдига «ажиб» сифатини қўшади. Бунинг сабаби эса, навбатдаги мисраларда аён бўлади. Ойдинлашадики, шоир ҳаётни шунчаки бир гўзаллик, шунчаки бир баёт билан эмас, балки ажиб бир гўзаллик, ажиб бир баёт билан муборакбод қилмоқчи экан. Шундан сўнг, гўзалликнинг шунчаки бир гўзаллик эмаслиги, баётнинг шунчаки бир баёт эмаслигини ўқувчи ўзи учун мисрама-мисра кашф қила боради:

Мен сени қутлайман шу улуғ дамда
Азиз елкадошим, музаффар ҳаёт.

Шеърда ҳар бир сўзнинг, ҳар бир товушнинг ўз вазифаси бор. Айтилган фикр изоҳталаб бўлса, савол туғдирса, бу мисрани шоир албатта шарҳлайди, бу саволга шоир албатта жавоб беради. Ҳозирги модерн шеъриятимизга хос бўлган «қиссадан ҳисса» чиқаришларни шеърхоннинг ўзига ҳавола қиладиган, уни ҳаммуаллифликка даъват этадиган хусусият бу шеърда кам учрайди. Бу шеърда ғужғон ўйнаётган фикрлар силсиласи учун, бир-бирига қалашиб, ҳатто айқаш-уйқаш бўлиб кетадиган бетимсол бадиий воситалар эвазига шоир ўзи таржима қилган Қайсин Қулиевнинг шеъридаги каби, «ўқувчидан фақат ҳайрат сўрайди».
Шундан кейинги тўртликнинг икки мисрасида шоир ўз шеъри¬нинг бу хусусиятига очиқдан-очиқ ишора килади:

Ташбеҳ ахтармангиз ушбу ғазалдан,
Нақд жойда насия не керак, асли?!

Кейин у баҳорга юз буриб, дейдики:

Аён бир хислатинг бордир азалдан,
Сени атамишлар уйғониш фасли.

Шоир навбатдаги мисраларда уйғониш фаслининг тафсилотларини баён қилишга ўтади. Хислат шундаки, бу тафсилотларнинг ҳар биттаси яхлит бир умумийликнинг барҳаёт жузви сифатида, шоирнинг ижодий мақсадларини бус-бутунлигича қамраб олишдек риёзатга ўқувчи идрокини сафарбар қилади:

Еллар ҳам уйғонди, ишқалаб кафтин,
Офтоб ҳам юксалди тик келар қуёш.

Эсаётган елларда ишқаланаётган кафтнинг товуши бор, айни пайтда, уларда эндигина уйғониб, бедорликка шайланаётган одамнинг безовталиги мавжуд. Эсаётган елларда ҳам, юксалиб, тик келаётган қуёшда ҳам бошланаётган кун мобайнида қилинаётган меҳнатга тараддуд сезилади. Бу буюк тараддуднинг натижаси ҳам улуғвордир. Абдулла Орипов хурфикрлик чекланган даврда ижодини бошлаган авлод вакили эди. Шунинг учун ҳам имо-ишоралар билан қалам суриш уларнинг ижод услубига айланиб қолганлигини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Қатағон йилларининг таъқиқчи ва таъқибчилари, ўзларининг тўқима байтларига қарамай, буни яхши тушунар эди. Шунинг учун ҳам улар Абдулла Қаҳҳор қайд этгандек, «ҳар бир ҳарфнинг этагини кўтариб кўриб», ҳар қандай табиийлик учун гарчи бу табиийлик кўзлардан яширин бўлса ҳам, ижодкорларни жазолар, сўз билан фикрлайдиган инсонлар ўзларининг кўзда тутган-тутмаган фикрлари учун энг аёвсиз, фитна ангез саволларга ҳам жавоб беришга, энг ёмони жазо тортишга маҳкум эдилар. Гарчи Абдулла Орипов ижод қилган кезларда таъқиб сиртмоқлари бир мунча бўшаштирилган, таъқиқ каҳратонлари номига бўлса ҳам, озми-кўпми юмшатилиб, об-ҳавода бир қадар илмилиқлик пайдо бўла бошлагандек эди. Бу кайфият Абдулла Ориповнинг фикрлаш тарзига ҳам шу қадар сингиган эдики, озодликнинг ҳатто ғира-шира эпкинлари, зим-зиё рутубатли қишларнинг ҳаттоки субҳи козиблари ҳам уни астойдил қувонтирар эди. Шунинг учун ҳам у ёзади:

Тарновлар кўксида лола ҳам кўркам,
Терак учларида изғир мавжудот.
Ҳаттоки туйғусиз чирик хазон ҳам
Яшил пўпанакдан боғлабди қанот.
Ҳовлиқма жилғалар чопар беэга,
Қушлар қий-чувига тўлмиш дала,боғ.
Сенинг висолингдан қувонмай нега,
Баҳор, соғинтирдинг, ахир, кўп узоқ.

Шундан кейинги мисралар мутолааси жараёнида беихтиёр қадимий оҳангларни хотирлаймиз:

Ялдо кечасидек рутубатли қиш
Солди руҳимизга оғир бир сурур.
Сен келдинг, уйғонди яна шўх олқиш,
Йиғлаган кўзларга тушган каби нур.

Алишер Навоийни эсланг:

Ораз қуёшин очиб, ашки қуруғон кўзни
Кўп ҳажрда йиғлатдинг, бир васлда ҳам йиғлот,

Устоздан мутаассар бўлиш ва тафовут шундаки, Алишер Навоий ўз маҳбубасининг ораз қуёшидан «ашки қуруғон» кўзни қайта ёшлан¬тиряпти. Абдулла Орипов эса, баҳор фаслидан, нур фаслидан сурур¬ланиб, кўзёшини «ашки куруғон кўз»ни йиғлатиш орқали эмас, балки шеър ёзиш тарзида тўкмоқда. «Ялдо кечасидек рутубатли қишнинг руҳларга солган оғир сурури» эса, даврнинг ранж-машаққатларга тўла малоли оқибатида, чекилаётган изтироб ҳамда шоирга елкадош ҳаётнинг безавол нашидаси шарофатидан орттирилаётган завқнинг қиёфасидир:

Ҳа, мангу заволлик бўлмас оламда,
То суйин сочаркан абри найсонлар.

Шоир баҳор туҳфа этмоқда бўлган сурурнинг тотини олдиндан ҳис қилиб, шодланишга шайланади. Бироқ, халқимизда: «Тўй билан аза туғишган биродар», қабилидаги ҳикмат бор. Шеърнинг навбатдаги мисраларида шоирнинг тикланган боши яна эгила бошлайди:

Мен сизни эслайман аммо шу дамда
Мангуга кўз юмган азиз инсонлар.

Шеърда бизга маълум даҳрий йилларнинг талаби билан, «худо» сўзи тилга олинмайди. Бироқ, тарихдан маълум, нимаики таъқиқланса, шунга мойиллик одамзодда кучли бўлади. Хусусан, инсоннинг руҳи ҳамиша муҳтож бўлган илоҳий туйғуларга бу хусусият биринчи навбатда тааллуқлидир.

Азалий ҳукмини ўқиди ҳаёт,
Само ҳам неча бор кўмди қуёшин.
Иқболи саждагоҳ бўлганлар, ҳайҳот,
Ўзлари тупроққа қўйдилар бошин.

Бу мисралардаги фикр оқимида ҳаётнинг ўзидек табиий нек¬бинлик фожиаси билан суғорилган илоҳий бир итоат бор. Итоатки, қазога сабр, итоатки, келажакдан умид, итоатки, ботган қуёшнинг яна қайтиб чиқишига мустаҳкам бир ишонч, қолаверса, пинҳоний бир иймон.
Ғафур Ғуломнинг Тошкент зилзиласида фарзанд ва набираларини, қолаверса, эл-юртни қаттиқ қайғуриб, изтироб чекканлари, шунинг оқибатида, қаттиқ бетоб бўлганлари ҳақидаги хабарлар ўша йиллардаги матбуот хабарларидан маълум. Кўп вақт ўтмай, улуғ шоиримиз вафот этгандилар. Зилзилалар, ер қаъридан келаётган ўпқоний наъралар ҳамон давом этаётганди шу вақтлари. Абдулла Орипов заминнинг бу фарёд¬ларини Ғафур Ғулом ўлими билан боғлаб, жудолик фожиасининг бутун залварини санъаткорона бир маҳорат билан англатади:

Ўн ойки, сўнмишдир у таниш наъра,
Фироғида ҳамон фиғон чекар Шош.

Бу устозидан жудо бўлган шогирднинг:

Сўқир, ёвуз ўлим, минг дод дастингдан, —
дея ларзага тушганларининг зилзиланинг оҳиста тинчий бори¬шига ўхшаб пасайиши эди.
Яна ажиб бир сўнмас умид, яна салафлар ёдини барҳаёт руҳ сифатида мушоҳада этиб, уларни тириклар сафида санаш шарафи:

Баҳор келаётир, бош кўтар, қара,
О, сурур куйчиси, донгдор замондош.

Шундан сўнг шоир ўз устози билан ўзининг орасидаги яқин бир олис¬лик, олис бир яқинликнинг «таржимаи ҳоли»ни мухтасар ифода қилади:

Ҳамсуҳбат бўлмадим (ким эдим зотан),
Тавоф ҳам килмадим гулшан маконинг.

БУ энди, юқоридаги мисраларда ифодаланган ҳурмат-эҳтиромнинг, устоз қошидаги сақланаётган буюк бир одобнинг тадрижий давоми. Шогирд шу қадар икромлики, ҳатто устознинг қабрини зиёрат этишга, унинг руҳини безовта қилишга ўзини ҳақли деб билмайди. Шунинг билан бирга, чинакам зиёрат бу гўрпарастлик эмас, балки марҳумларнинг амалга оширган хайрли ишларининг моҳиятига бориб етиш эканлигини таъкидлайди:

Лекин шеър баҳоси мухлисгадир тан,
Қандай чексиз эди руҳий поёнинг.
Бугун-чи, не кезар ўтли қонингда,
Э воҳ, унда на шеър, на май, на сафо?!

Шундан сўнг шоир Мақсуд Шайхзода хотирасини ардоқлашга ўтади:
Бу қандай мулоқот, не ҳол, ёнингда
Жой олмиш ўзга бир суюкли даҳо?!

Маълумки, бир қанча ижодкор зиёлилар, жумладан, Мақсуд Шайх¬зода қатағон қасирғаларининг урушдан кейинги тўлқинларида банди зиндон бўлиб чиққан эди. Даҳшат шунда эдики, улар озодликка чиққандан сўнг ҳам рўшнолик кўрмагандилар, анча йилларгача шубҳа остида яшагандилар. Шайхзода ҳазратлари ҳам муносиб эътибор топмади. Ушбу “Баҳор” шеъри битилган йилларда ҳам жамиятда ҳали ана шу кайфият ҳукм сурар эди. Мана шу берилмаган мукофотни, дафн маросимида бўш қолган ёстиқчани жасоратли шоир Максуд Шайхзода учун дадиллик билан мозийдан олинган юксак нишон билан зийнатлайди:

Мислсиз эди у шеър лочини.
Хаёли бамисли Кўрогонийдек.

Шоир Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» драмасига ишора қилиб, фалакиёт илмига Улуғбек ҳазратлари қўшган «Зижи Кўрагоний» жадвалидек буюк хиссани эътиборга олган ҳолда ёзади:

Гар тарих эврилса шуҳрат тожини
Кийгизарди унга султон Улуғбек.

Мақсуд Шайхзода кўзда тутилиб битилган: «Ўтди сўнгги дамда бош эгиб қуйи», мисрасининг мазмуни ҳам юқоридаги изоҳлардан кейин маълум бўлади. Яна:

Балхдан ҳориб кайтган Алишер мисол
Энди тўлғазганди чўккан давотин, —

мисраларидаги тагмаъно ҳам шу ўринда ойдинлашади. Қамоқдан озод бўлиб келган ижодкор ўзини ижодга шайланганлиги, камсити¬лиш¬ларга, эътиборсизликларга қарамасдан, кўнгли қаламдан ҳамон совимаганлиги, бундай сафарбарликка ўлим халақит берганлиги аён бўлади. Бу мисраларнинг бадиий-маънавий аҳамиятидан ташқари, ижтимоий аҳамияти тағин шунда эдики, кўплаб қатағон қурбонлари ҳали ҳаёт эдилар, уларнинг сафида шоир ва ёзувчилар ҳам бўлиб, яқин ўтмишдан кечган мудҳиш таъқибларнинг асоратлари уларнинг ҳаётига кўланка ташлаб турарди. Улар қиш бўйи кўмилиб ётиб, энди тупроқдан кавлаб олиниб, озод қилинган токзорлар каби қуёшга зор эдилар. Ана шу юқо¬ри¬да кўрсатилган сабаблар, Шайхзодани, шоир таъбирича, умрининг охиригача бошини тик тутиб юришга қўймади.

Бақою бебако, аён буюклик,
Ўтди сўнгги дамда бош эгиб қуйи

Абдулла Орипов қалами сукунатдан гулдурослар янгратади, кўз ёшлардан учқунлар чақнатади, мавжлардан алангалар ясайди:

Фақат билганидан қолмас тириклик,
Бугун гулга чўммиш Чиғатой бўйи.

Шоир талқинидаги баҳор шу қадар мўъжизакорки, мотамни ҳам тантанага айлантиради. Устозларсиз баҳор саодати татимаётган шоир ҳам баҳорнинг яратувчилик кучини эътироф этади. Эсаётган шабада, очила¬ётган ғунча, оқаётган жилғалардан ўзининг мотамзада юрагига тасалли топади;

Кимнингдир кўксига энгашганча гул
Мармар сағанадан ўқиб турар байт.
Баҳор, қатра ёшим айлагил қабул,
Онам қошига ҳам бордингмикан, айт?

Абри найсонлардан баҳор гуллари, шоирнииг кўзёшларидан меҳри гиёҳлар униб чиқади. Оқибат чечаклари ниш уради, садоқат майсалари хилпирайди.
Баҳорнинг ўзига хос қомуси бўлган бу шеърда шоир эьтиборидан баҳорга мансуб ҳеч нарса – бошқоронғу бўлган келинчакнинг зардолу баргларига ҳаё билан кўз ташлаши ҳам, пахмоқ булутларни нимталаб ўз шуъласига дарча очаётган ой ҳам, терак учларида изғиётган мавжу¬дот ҳам четда қолмайди. Айниқса:

Увада камзулда биллур тугмадай
Булутлар ортидан боқади юлдуз,—

деб умрибоқий сайёралар билан ўткинчи булутларни битта тафаккур нуқтасига жамлаб фикрлаши ўқувчини ҳайратлантиради. Шоир бизни янада кўпроқ ҳайратга солиб:

Қайдадир юртини эслаб инграр най, —

деб ёзадики, бу ўзига хос осойишта чекилаётган соғинч ноласидир. Маълумки, най мажозан ўзи кесиб олиб келтирилган («Най» шеърини эсланг) қамишзорини соғиниб фиғон чекади. Бу ишорадан, шоирнинг ўзи Қашкадарё даштларидаги «Жайрон қувиб, жайрон янглиғ кечган кунлари»ни соғинаётгани, най билан тақдирдош эканлиги гўзал бир тарзда ошкор бўлади:

Қайдадир гулшандан ахтариб висол
Ел кезар, тоғларнинг гўзал арвоҳи.
Шоирнинг дилрабо байтлари мисол
Оҳ тортиб тизилар турналар гоҳи.

Бунда биринчидан шоирнинг кўзга кўринмайдиган синоат — ша¬молни «Тоғларнинг гўзал арвоҳи», деб ардоқланишида қанчалик поэтик гўзаллик бўлса, «Шоирнинг дилрабо байтлари мисол оҳ тортиб тизилар турналар гоҳи», деб фикрлашида шунчалик самовий сурур бор. Фикримизча, мазкур мисра, даставвал, «Эркиннинг дилрабо байтлари мисол» тарзида бўлган бўлиши, унда Эркин Воҳидовнинг «Ёшлик девони» кўзда тутилиб, ўзбек шеъриятида девон тартиб беришнинг, эҳтимол, мумтоз сираси олқишланаётган бўлиши мумкин. Муаллиф сўнгра андиша қилиб, «Эркин» сўзини олиб ташлаган бўлиши керак. Чунки, ўзбек тилида ўзидан сезиларли даражада ёши улуғ бўлган инсонни ёлғиз исми билан аташ, гарчи бу исм тахаллус қилиб танланган бўлса ҳам, хунук жаранглайди, одобсизлик саналади. Олтмишинчи йилларда шеърдаги бу тагмаънони аниқ илғаган эдик. Ҳозирги ўқувчи диққатидан бу жиҳат четда қолиши эҳтимолдан узоқ эмас. Фикримизнинг ҳужжатли далили сифатида шуни айтишимиз мумкинки, «Баҳор» шеърининг Александр Файнберг таржимасидаги русча муқобилида «Эркин» сўзи бор. Демак, шеърнинг таржима қилинаётган вариантида бу сўз бўлган, таржимон бу сўз рус тилида мутлақо табиий жаранглаётгани учун устоз исми-шарифини сақлаган, муаллиф эса «шоирнинг» сўзи билан алмаштирган.
Мақоламизнинг ниҳояси яқинлашаётир. Чунки биз «Баҳор» шеъри мисолида Абдулла Орипов ижодида табиат мавзуси камтарин таҳлилининг ниҳоясига етиб келмокдамиз:

Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним,
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам
Менинг Ўзбекистон – дилбар ватаним.
Фақат сен қалбимга чўктирмай малол,
Чарчаган руҳимга илҳом солурсан.
Баҳор ҳам, умр ҳам ўтар эҳтимол.
Фақат сен дунёда мангу қолурсан.

Охирги мисра Уйғун ва Иззат Султоннинг ушбу шеър ёзилган вақтларда деярли барча саҳналарда янграётган: «Менинг шеърим билан мангу қолурсан», мисрасига уйқаш бўлиб, деярли «Хамса» оҳангларида ёзилган. Бу мисра, маълумки, машҳур драмада Навоий тилидан Гулига қарата айтилган эди. Абдулла Орипов ана шу мисрани тараққий қилиш орқали ўз тилидан: «Ўзбекистон – дилбар ватани»га қарата айтади. Бунинг билан у драмадаги Алишер Навоийнинг: «Гулига бўлган муҳаббатим, халқимга бўлган муҳаббатимнинг бир қатраси эди», деган фикрига амал қилиб, ўқувчига таниш мисра воситасида, «Ўзбекистон — дилбар ватани»га муҳаббати ҳар қандай туйғулардан баланд эканлигини уқтириб, юксак ижодий маҳоратини беихтиёр намойиш этади. Абдулла Орипов олтмишинчи йилларда ёзган шеърларидан бирида:

Шоирлар алдайди бизни, жонгинам,
Баҳор доим эмас, уч ойдир халос, —

деб лутф этган эди. Бизни «шоирлар алдайди»ган бўлса, унинг: «Баҳор доим эмас, уч ойдир халос», деган мисраси ҳам ёлғон бўлиб чиқади. Демак, баҳор мангудир. Хулоса шулки, шоирнинг шеърлари қайси мавзуда бўлишида қатъи назар, улар инсон моҳияти ҳақидадир.