ШАМОЛЛАР САЛТАНАТИ

Адабий жараён

Бир тонг отаётир, юрагим

ёниб бораётир қуёшдай…

 Икром ИСКАНДАР

Untitled-7Ўзига хос шеърияти билан эътибор қозонган истеъдодли шоир Икром Искандар “Шамоллар қўшиғи” номли янги шеърий тўпламини китобхонлар ҳукмига ҳавола қилди.

Бу ижодкорнинг пиёз пўстидай юпқа китобчасини бир вақтлар Навоий кўчасидаги дўкондан сотиб олганим эсимда. Шеърлари бир ўқишдаёқ мафтун қилди. Кейинчалик матбуотда чиққан шеърларини тўплайдиган, кўчириб оладиган бўлдим. “Ёшлик” журналида “Кафтдай кўнглим ерча кенг”, “Шарқ юлдузи”да эса “Юрагимнинг рангини кўражаксан томларда” туркумларини ютоқиб ўқидим.

Шоир ижодини анчадан буён кузатиб келаётган мухлис сифатида мазкур мақолани аслида анча олдин бошлаб, “Шамоллар салтанати” деб номлагандим. Қарангки, Икромнинг навбатдаги тўплами ҳам шунга ҳамоҳанг равишда чиқибди. Мазкур шеърларни шоир ижодида навбатдаги тадрижий босқич деб баҳолаш мумкин.

Икром Искандар, шеъриятидаги шаклий ранг-барангликдан қатъи назар, асосан, анъанавий йўлда, халқона оҳангларда ижод қиладиган шоирлардан. Анъанавий йўлда ижод қиладиган шоир эса охир-оқибат ҳазрат Навоий ижодий мактабига мурожаат этиши, ундан илҳомланиши табиий ҳол. Ҳазрат Навоий ижодидан илҳомланиш барча шоирларимизга бобомерос хислат. Дарвоқе, шоир учун, умуман, ижодкор учун Навоий ижоди бебаҳо хазина.

Икром Искандар бу хазинадан ижодий илҳомланади. Шоирнинг мумтоз шеъриятимиздан илҳомланиб ёзган шеър ва тўртликларини бевосита Навоий ижодининг ўзига хос табдили, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, Ҳазрат ижодини оммалаштириш, халққа яқинлаштириш йўлидаги муваффақиятли уринишлардан бири сифатида ҳам талқин қилиш мумкин.

Навоий ҳазратларининг:

 

Очмағай эрдинг жамоли олам аро кошки,

Солмағай эрдинг бари оламға ғавғо кошки,

 

матлаи билан бошланадиган ғазали ва шу ғазалга боғланган машҳур мухаммаси жуда машҳур.

Икром Искандарнинг “Қуёш қамашмасин қароқларингдан” (илк сатрдаёқ “қ” жарангдор ундошнинг такрорига эътибор беринг – А.П.) сатри билан бошланадиган шеъри Ҳазратнинг юқорида қайд этилган ғазали ва мухаммасига ҳамоҳанг равишда гўзал якунланади:

 

Ошиқиб ошиқлар сонин оширма,

мени-да бир мушкул савдога қўйма.

Чиқма остонангдан бир қадам нари,

чиқма – оламни ҳам ғавғога қўйма.

 

Шоир ижодида илгари ҳам тўртлик учраб турарди, лекин янги тўпламдан бир туркум тўртликлар жой олгани, улар “Мумтоз оҳангларда” деган умумий ном остида берилгани диққатга сазовор.

Икром Искандар бобурона сўз ўйинини уддалай оладиган иқтидорга ҳам эга. Тўртликлардан бири ана шундай фазилати билан ўқувчини ўзига ром этади:

 

Элга баҳра улашмағай ҳуснидан,

Мулким зиён кўрмасин деб бағритош,

Тағин йиғлаб дур сочгани не судким,

Ёш қолғайми кўзларидан тўкса ёш?

 

“Ёш қолғайми кўзларидан тўкса ёш” сатрида бир неча шеърий санъат гувоҳи бўламиз. Аввало, “ёш” сўзи сатрнинг бошида ҳам, охирида ҳам так­рорланиб келаётир. Қолаверса, шоирнинг “Ёш қолғайми” сўроғида икки хил маъно бор: биринчиси, кўзидан ёш тўкаверса, кўзларида ёш қоладими, деган маъно; иккинчиси, кўзёши қилавергани билан ёшлигини, гўзаллигини сақлаб қола оладими, деган фикр. Қатор тўртликлар мана шундай гўзал бадиий сифатлар билан зийнатланган.

Янги тўпламда Вақт, Замон, Куз тимсоли, инсон умрининг ўткинчилиги кайфияти алоҳида кўзга ташланади. Илк шеърдаёқ шоир кечаю кундуз (“Гоҳи қуршаб қоронғу ўйлар, гоҳ кўнгилни ёритиб нурлар”) тин билмасдан, коинот кенгликларида замону маконлар оша ер шарини аравадай тортиб, елиб бораётган Вақтнинг тулпори тасвирини чизади. “Соат ва вақт исканжасида” алоҳида шеърлар битади. “Умр” сарлавҳали тўртликни ўқиб эса чуқур тин олдим. Вақтни инсон умрини ўмарадиган ўғри дейишгача ҳам боради. Сонияларни, лаҳзаларни, соатларни… Вақтнинг шиддатли лашкари, деб муболаға қилади.

Муҳаббат шеъриятнинг ҳамиша бош мавзуси бўлиб келган. Шоирлар асрлар мобайнида мазкур мавзуда қалам тебратганларидан, юз минглаб шарҳлар ёзганларидан қатъи назар, ҳазрат Навоий таъкидлаганларидек, ишқ сирининг мингдан бири ҳам маълум эмас:

 

Эй мударрис, ишқ сирри дафтари бир нуқтадур,

Гарчи мингдин бир ёзилмайдур ёзиб юз минг шуруҳ.

 

Бундан қатъи назар, ҳар бир иқтидорли шоир муҳаббатни шарҳлаш борасида ўзига хос бир янгилик яратади.

Ошиқ шоир интиқ юрак билан айрилиқ денгизида сузади. Шоир оташин қалб билан “тошқин севги ашуласи”ни куйлар экан, бу борада ҳам ўзига хос йўлдан боришга интилади.

Ҳазрат Навоий ғазалиётига назар солар эканмиз, “ёр”га турлича таъриф берганининг гувоҳи бўламиз. Навоий бир ғазалида ёрни “қора кўзим” дея эъзозласа, бошқа бир ғазалида “сарви хиромоним”, “гулбарги хандоним”, “кўзи фаттоним” дея таърифлайди, ҳаттоки “ишқ султони” дея қайта-қайта пойига бош уради. Икром Искандар шеъриятида ҳам “ёр”нинг турлича таърифларини кўриш мумкин.

Атоқли адиб Асқад Мухтор таъбири билан айтганда, “Фанда янгилик кўпинча эски ҳақиқатларни инкор этиб дунёга келса, поэзияда (муҳаббатда ҳам) янгилик эски ҳақиқатларга асосланиб дунёга келади. Поэзиядаги янгилик традицияларнинг тараққиётдаги кўринишидир ёки аниқроғи – традицияларни чуқур билиш мевасидир”.

Мумтоз шеъриятимиз анъаналаридан яхши хабардор бўлган Икромнинг лирик қаҳрамони гулга боқиб ёрни кўрар экан, уни “гулжамол” дея таърифлайди. Бошқа бир шеърида эса: “Бўйи сановбар, гулгуним”, дея алқайди. “Юзлари ёмғирда ювилган майсам”, “чучмомадай нозигим”, “тарчечак, кунсулувим” сингари дилбар ўхшатишлар қилади.

Икром Искандарга ўзининг сўзлари билан таъриф берадиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам “осмондаги юлдузни ерга олиб тушган” шоир.     Қолаверса, унинг шеърларида қайноқ эҳтирос ва чуқур дард бор. Унинг шоирона нигоҳи билан назар соладиган бўлсак, тарвузнинг:

Тарсиллаган таранг танидан

Таралади тароват таъми.

Боғда гулнинг таровати булбулни бийрон қилгани каби шоирларни ҳам она табиат таърифга сиғмас афсунлари билан вояга етказади. Икром Искандарни “ўжар ва ўйинқароқ” Тошохур шамолларининг салтанати ўз бағрида алқаб, қалбига шамолдай жўшқин илҳом бахш этганини кузатамиз:

 

Бу шамоллар шоирнинг хаёлларини гулбаргдай тўзғитади;

Куртаклардан, боғдан яшил бод бўлиб келади;

Гул лаганида ифорлар улашиб, холис хизмат қилади…

 

Ибтидоий замондан бери азалий ва абадий тошқин севги ашуласини куйлаб келаётган шамолни шоир ҳеч иккиланмасдан, “бир чапдаст йигит каби шамол менинг ўртоғим”, дея мағрур эътироф этади.

Шоир ёрнинг ҳузурига наинки шамолдай шошиб боради, балки унинг қалбидан дафъатан жой олади.

Шоир дарахтларнинг ҳазин қўшиғи таъсирида шамолнинг бўронга айланишини хоҳлайди. Шамолга қаноат қилмай кўнглини бўрон билан ўрайди.

Шоирнинг пейзаж лирикасида ҳам шамолу шаббодалар – барча-барчаси ошиқларга хос хусусияту аломатлар касб этади.

Икром Искандар шеърияти Лермонтов ва Усмон Носир шеърияти сингари ғоят кўтаринки, эҳтиросли шеърият. Шоир “юрагим ёниб бораётир қуёшдай” дея қалбидаги оташин эҳтирос билан ҳайратга солади. Айни шундай эҳтирос билан йўғрилган шоирнинг оҳларидан, ўзи эътироф этгандек, сирли оҳанглар яралади:

 

Жону жаҳонимда ловуллар бир ўт,

Ловуллар умиддан ёқилган маёқ.

 

Шоирлар кўп, лекин ўзгаларга ўхшамайдиган назм усталари саноқли. Ҳақиқий шоирлар қалб амри билан қалам тебратади ва қалбдаги тебранишлар, руҳият эврилишларини мусаввирона тасвирлайди.

Менга баъзан Бахмал тоғлари бағрига туташган олис бир қишлоқда, чеккароқ муҳитда вояга етган Икром Искандарнинг соф лирик шоир сифатида қалам тебратиши ақл бовар қилмайдиган ҳодисадек туюлади. Айни пайтда унинг шеърларидаги мусиқийлик, оҳангдорликнинг устуворлиги Жиззах кенгликлари узра кезадиган шамолларнинг шовуллашини, ёз бўйи юксак-юксакларда куйлайдиган дашт тўрғайларининг хонишларини, афсунгарона халқ терма-ўланларини эсга солаверади.

Шеър тили, назмий лисон деган қайсар атама бор. Аксарият шоирларнинг, ҳатто туғма истеъдод соҳибларининг шеъру ашъорларини бемалол таҳрир қилса бўлади. Камдан кам шоирлар бу борада ҳавас қиларли юксакликка кўтарила олади. Яъни, шундай бетакрор шоирларнинг тизмаларидан сакталик, хато топиш амри маҳол. Уларнинг шеърларидан бирорта сўзни на олиб ташлаб, на ўзгартириб бўлади. Икром Искандар ана шундай бетакрор шоирлар жумласидан. У сўзнинг ҳукмидаги ижодкор эмас, балки ҳис-туйғулар шоири. Сўз ҳукмронлик қилган жойда сафсатанинг қўли баланд келиши, шубҳасиз. Фақат туйғу-фикр-ҳис-ҳаяжон устунлик қилган палладагина шеърият адабиётга айланади, чинакам санъат яратилади.

Икром шеърларида тилимизнинг нодир бойлиги бўлган шева сўзларига ҳам аллақандай қўшимчалар билан шакл-шамойили ўзгарган, дил дардига малҳам бўладиган инжа каломларга ҳам дуч келамиз:

 

Бўйқизгина, кун нурида чувоқлайсан,

бу ҳуснингда офтобни ҳам сувоқлайсан.

Кулгуларинг – чўчиб учган кафтарларга

сочиш учун юракларни увоқлайсан.

Куртаклардан, боғдан яшил бод келади,

боғ ортидан, бод қаърида дод келади.

 

Юракнинг увоқланишини тасаввур қилинг. Навоий ҳазратлари:

 

Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин

Ичим ул чок-чок этмас, таним бу банд-банд этмас,

 

деганида “юракнинг увоқланиши”ни назарда тутмаганмикан?

Икром Искандар шеърлари ўзига хос қофияланиш фазилатига эга:

 

Бўйи

атиргул, гулгуним,

гирдо-гирд таралар, сочилар.

Касб этар ўзига кулгуни,

кулади – гуллари очилар.

Ўйи

қуюлар, бул куним

юрагим – лим тўлган косадир…

Қачон бул косадан гулгуним

гуллари чанқоғин босади?

 

Жаҳон шеърияти тажрибасига назар соладиган бўлсак, қатор халқларнинг шеъриятида бармоқ вазнида ижод қилиш бир неча асрлик анъана тусини олганини кўрамиз. Бизнинг шоирларимиз эса нари борса бир асрдан буён мазкур вазнда ижод қилмоқдалар. Икром Искандар бармоқ вазни имкониятдан ўз шеърларида кенг фойдаланади. Гоҳ сатр бошида, гоҳ ёнма-ён келадиган, гоҳида эса айланма қофиялару сатрларнинг фавқулодда оҳангдош сўзлардан ташкил топгани шоирнинг шеърларига янада ўзгача тароват бахш этади.

Икром руҳан бахши шоир. Албатта, сўзга жило бериш учун сўзга меҳр қўйишнинг ўзигина камлик қилади. Товушлар уйғунлигидан моҳирона фойдаланиш, оҳангдош сўзларни маржондай тизиш учун шоирнинг қалбида қадим халқона оҳанглар дарёдай шовуллаб оқиши керак. Шу маънода, шеърият ақлдан кўра ҳиссиётга таянади, деган ҳақиқат қалқиб чиқади. Бинобарин, шеърият – руҳият суврати самараси:

 

…Саросару сарсону саргардонлик даштида

Саросима хаёллар – еллар чувалашдилар.

…додларимга манзил бўлган, додимга етган,

баргларининг бандларига бандилар этган.

 

Бу жиҳатдан шоирнинг “Капалак” шеъри ҳам диққатга сазовор:

 

Ҳовлида хуш ҳавода / кун нурида бўй чўзган

озоддил турналар-ла / лак-лак фалакка палак

отган гуллар бўйини / тўтиё айлаб кўзга,

қўшиқларин тинглаган / ўйин тушган капалак,

ўйингга ҳам олмайсан / осмонсизлик қаърида

ҳатто бир титроқ шамнинг / қуёш каби ёнишин,

тингламассан ҳув пастак / деразадан нарида

тувакдаги гулларнинг / хонанишин хонишин…

Ўйнаб учган капалак…

 

“Осмонсизлик қаърида қуёш каби ёниши учун” шам қанчалар саботли-матонатли бўлиши керак?! “Тувакдаги гулларнинг / хонанишин хониши” беихтиёр бағрингизни ўртайди. Бу мусаввирона маҳорат билан чизилган сатрлар орзиққан ошиқ кўнгил изтиробларидай таассурот ҳосил қилади – сизнинг ҳам юрагингиз орзиқади. Ҳижроннинг тўрт девори ичра тутқун ошиқ юрак гулларнинг қўшиқларини тинглаб, ўйинга тушаётган капалакка кўнглини ёради, арзи ҳол қилади.

Икром Искандар “Юрагидан тўкилган эртаклар” – инжа нафосатга йўғрилган шеърлари билан санъатнинг ана шундай сеҳрли оламига етаклайди.

.

 Абдуҳамид ПАРДАЕВ