КЎНГИЛНИНГ КЎЗЛАРИ ИЗЛАРКАН ИЛИНЖ

Назм

* * *

Мени тарк этдингми баҳор, ёзим,Болтабой Бекматов
Мангуга сўлдингми, айт, гулим?
Айтиб улгурдингми дил розинг,
Куйлаб толиқдингми, булбулим?

Шамолда йиқилган туғимми,
Қайда қолдинг эй, орзу қуши?
Охир синдирдими руҳингни,
Бу тубан ҳаётнинг ташвиши?

Нурми кўзларимни тарк этган,
Бошимга ёғаётган кумушми?
Оҳ, ўзинг, манглайимга битган,
Шу тақдирми, шу турмушми?

Мени тарк этдингми, баҳор, ёзим?

* * *

Қўлингни бер менга
фариштам
оловланайин
рангларни кашф этиб
нурсиз лаҳзалар
мангуликка дахлдор бўлсин

Қўлингни бер менга
фариштам
очилгин сен ҳам
Нафис гулғунчанинг тароватидан
гўзалланиб кетсин бу олам

Қўлингни бер менга
фариштам
юрагимизни тинглайлик
бизда ҳис қилайлик парвоз завқини

Қўлингни бер менга
фариштам
яқинлашайлик ишққа
Бармоқларимиз орасидан тўкилиб кетсин
бу дунёнинг бор гуноҳлари

* * *

Тунги соат иккида
бир юлдуз учди

Ўрни бўшаб қолди шўрликнинг
қандай ярашиқли эди осмонга

Зулмат қоплай бошлади осмонни
кутилмаганда

Хавотир уйғона бошлади
тафаккуримда
беихтиёр
шивирлай бошладим
билган оятларимни
* * *

Деразамга қўнди қуш,
Чиройли ва хушовоз.
Дедим:
“Кетма, дўстимжон,
Меҳмоним бўл баҳор, ёз”.

Бир ой қўшиқ айтди у,
Тўлиб ҳисга, туйғуга.
Сўнгра учиб кетди у,
Ташлаб мени қайғуга.

* * *

Ҳаётдан
умидлар алдовларидан
толиқиб
ҳориқиб қалбим
кўзларим юмганда кундуз ва тунлар
боши берк кўчада кўраман ўзим

Кўринмайди таниш юлдуз нигоҳи

Кўнгилнинг кўзлари изларкан илинж
намоён бўлади сенинг қиёфанг
гўё парвоздаги фаришта мисол
теграмда муаллақ турасан бир зум

Осмон қадар юксак
қуёшдек тафтли
ойдек мунаввар

Ва менга интиласан
мадад бўлгинг келиб
оҳиста-оҳиста яқинлашасан

Сўнг парвоз этамиз енгил ва юксак
белгисиз ёқларга кетамиз учиб

* * *

Қандай яхши
кимнидир севиб яшасанг
тунлар
тушларингга
кирса севгилинг

Қандай яхши
орзуинг чиройли бўлса
ундан-да
гўзалроқ кўринса олам

Қандай яхши
ҳамиша
севиб яшасанг

Қандай ёмон
о қандай ёмон
яхшидан
бир зумда
мосуво бўлмоқ

* * *

Қайдан пайдо бўлди бу гул уруғи
менинг юрагимда нега унди у
нега барглар ёзди
ғунчалар тугди
оламга ранг бериб
хуш ҳид таратиб

Энди нега ўзгарди иқлим
мақсади нима ўзи шамолнинг
Сувни лойқалатаётган ким ўзи
ким жавоб беради саволларимга

Болтабой БЕКМАТОВ