Ҳаким Сатторий. Инсон феъл-атвори сиралари

Шарқ юлдузи/ Oktabr 14, 2014/ 2010 йил, 1-сон, Публицистика, Фалсафа

хасадҲаким Сатторий

ИНСОН ФЕЪЛ-АТВОРИ СИРАЛАРИ

 Муҳтарам Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида бугунги куннинг кўплаб долзарб масалалари юзасидан фикр юритилган. Жумладан, асарнинг “Маънавиятга таҳдид – ўзлигимизга ва келажагимизга таҳдид” бўлимида шундай дейилади. “Одамзот ва жамият ҳаётида оғир асоратлар қолдирадиган ҳасад туйғуси, авваламбор, бошқаларни кўролмаслик, уларнинг ютуғидан қувониш ўрнига, қандайдир куйиниш, ичиқоралик оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам муқаддас китобларимизда ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади”. Нафсиламбирини айтганда, ҳаётида бу иллатга у ёки бу даражада дуч келмаган киши кам топилади. Унинг ижтимоий зарари эса ўрнини қоплаб бўлмас даражададир. Хўш, у қандай пайдо бўлади? Унинг давоси борми? Бундай саволлар ҳар қандай кишини ўйлантириши, табиий. Қуйидаги мулоҳазалар шу хусусида.

 

ҲАСАД

Бу дунёда ким ҳасадгўйлардан қутилган? Кимки ўз ватандошлари наздида қанчалик юксакликда турса, шунчалик катта мавқени эгалласа, у унча тез ҳасадгўйларга нишон бўлади.

Жоржи Амаду, бразилия ёзувчиси

 Сиз уни кўргансиз. Сиз уни излаб юрмагансиз, излаб топмагансиз, у сизни топган. Кутилмаган жойдан топган, балки ютуқларидан сармаст бўлиб, ер ва осмон оралиғида учиб юрганингиздами, фарзандингиз камолидан бўйингиз кўкка етиб турганидами, хуллас, шод кунларнинг бирида унинг нигоҳи тушгану, шундан бери айрилмайди. Соядек эргашиб юради. Баъзан сиз билан бақамти келади, ёқимсиз тиржаяди, ўзини дўст кўрсатмоқчи бўлади, ҳатто, илтифотлар қилади, бироқ ҳаммаси сохта чиқиб қолаверади. Тезда ўзини панага олади ва “маломат тошлари”ни яна итқита бошлайди. Бундан ўзини тия олмайди. Гоҳида қийналиб ҳам кетади. “Бу беш кунлик дунёда менга нима зарил, одамдек яшасам бўлмайдими, менга деса, коинотни эгаллаб олмайдими?” тарзида фиғон ҳам қилади. Яна зум ўтмай қилиғларини такрорлайверади. Бундан ўзи ҳам қийналади, сизни ҳам қийнаб юборади. Ана шунақа дарди бедавога чалинган кимса у.

Сиз уни биласиз, дуч келгансиз, лекин қутула олмайсиз. Қутулишга ҳаракат ҳам қилиб ўтирманг. Ўзига инсоф бермаса, ўзи сиздан «қутилмаса», сиз ундан қутила олмайсиз.

Баъзан: «Шунақанинг борлиги ҳам яхши, бўлмаса, анча лоқайд бўлиб қолардим» тарзида мулоҳаза ҳам қиласиз. Қўйинг, қуриб кетсин унинг «фойда»си. Ўшасиз ҳам бинойидек яшаб юргандингиз, у йўлиқдию умр йўлларингиз бошқа сўқмоқларга уриб кетди. Билъакс, мақсад чўққисига тезроқ етган, яна ҳам баландроққа кўтарилган бўлармидингиз. Аммо, борига, насиб этганига шукур.

Халқ оғзаки ижодида, бадиий адабиёт ва санъатда ҳасад мавзуси асосий сиралардан бири бўлиб келган. Ўзбек монументал эпоси «Алпомиш»да неча йиллар тинч ва бақамти яшаб келаётган сулола вакиллари ака-ука Бойбўри ва Бойсари ўртасида шу нифоқ пайдо бўлгач, тинч ҳаётга оғу аралашгани таъсирчан ифодаланган. Кейинчалик Ҳакимбек (Алпомиш)нинг бошига тушган шўришларга ҳам шу иллат сабаб. Ҳазрат Алишер Навоий ўз лирикасида «замона кулфатлари»дан бири сифатида у туфайли одамлардан, ҳамнишинлардан етган жабр-жафоларни дард билан қайд этиш баробарида достонларидаги Фарҳод – Хисрав, Хисрав – Шеруя сингари кўплаб қарама-қарши тақдирлар мисолида фожеанинг кўламини янада теранроқ чизиб берди. Бастакорлар – Моцарт ва Сальери ўртасидаги можаролар эса жаҳон адабиётининг кун тартибидаги мавзуси бўлиб қолди. Пушкиннинг ҳасадгўй қаҳрамонларидан бири энг сўнгги чойчақасига рақиби учун заҳар сотиб олади.

Индивид (одам, инсон, шахс) жамоатчилик қуршовида яшар экан, атроф­дагиларнинг унга муносабати муҳим аҳамиятга эга. Бу муносабатда жуда кўп гап бор. Негаки, одамлар ўзидан атрофга кўзга кўринмас энергия (қувват) тарқатиб юрадилар ва биз кўзга кўринмас энергия уммони (аура)да яшаймиз. Кишилардан тарқаладиган энергия ё тузувчи, ё бузувчи бўлиши мумкин. Буни оддий кузатув орқали ҳам билса бўлади. Эътибор берганмисиз, кўпчилик даврасига янги киши келиб қўшилса, гарчи уни ҳеч ким танимаса ҳам, давра­дагиларда таъсирланиш юзага келади: бу ё ижобий, ё салбий бўлиши мумкин. Таъсирланишнинг қандайлиги кириб келган одамга боғлиқ. Агар у яхши одам бўлса, ёқимли энергия таратиб юрган бўлади ва атрофдагиларда ижобий қўзғалиш пайдо қилади. Ёмон одам бўлса, аксинча.

Табиий савол туғилади: яхшилик ва ёмонликнинг, демак, ҳавас билан ҳасаднинг чегараси қаерда, улар ўз табиатини қай тарзда намоён этади, биз уларни қандай «таниб олишимиз» мумкин бўлади? Албатта, бу саволнинг муфассал жавоби жуда узун, биз моҳиятни қисқа ва лўнда ифодаламоқчимиз: ҳавас билан яшайдиган одамдан ёқимли (яхши) энергия тарқалади, ҳасад билан яшайдиган одамдан ёқимсиз (ёмон) энергия тарқалади. Руҳшунослар, биотехнологлар, медикларнинг хулосалари шу тўхтамга олиб келган. Демак, ҳавас ва ҳасад ўз табиатини ана шундай намойиш этади.

Ҳар қандай кишида ўсиш, ривожланиш, олға интилиш сингари табиий майллар бўлади, одам боласи она қорнидан шундай инстинктлар билан туғилади. Атроф-муҳит, тарбия, ҳатто ирсий омиллар таъсирида бу майлларни юзага чиқарадиган фаол индивид уни оқ ёки қора рангларда зоҳир қилар экан. Агар борлиққа хайрихоҳлик билан қараб, ўзгалар эришган натижаларни мамнуният билан қабул қилиб, ўзига ҳам шундай даражани истаса ва унга беғараз интилса, бундай кайфиятнинг ранги оқ бўлар экан. Бу ҳолатни бир сўз билан «ҳавас» деб атайдилар. Мабодо, бошқаларнинг ютуғи уни хафа қилса, тинчини бузса ва ўзидан ўзган одамни ёқтирмай қолиб, ғаразгўйлик қилса, бундай туйғунинг ранги қора бўлар, унинг номи эса «ҳасад» экан. Нутқий муомаламизга сингиб кетган мана бу ибораларга эътибор берайлик: оқ кўнгил, қалби тоза, дили пок, кўнгли очиқ; қора юрак, ичи қора, кўнгли қора, ичини қурум босган, ичини занг босган. Тил бойлигимизда бу икки тушунча контраст тарзда шундай таърифланган.

Одам ўз-ўзидан ҳасад иллатига чалиниб қолмайди. Кишининг феъл-атворидаги кичкина унсурлар зўрайиб, ҳасадга олиб борар экан. Масалан, ёнверимизда ҳар нарсага қизиқаверадиган одамларни кўп учратганмиз. Шундай ҳолат ҳам охир-оқибат ҳасаднинг томир отишига олиб бориши мумкин экан (бу туйғу бекорга пайдо бўлмайди, нимадир ичдан безовта қилаверади-да). Ҳасад «эга»си – ҳасадгўй бировнинг ютуғини кўради-да, унга эришиш учун тортган азобини, қийин­чилигини кўрмайди, кўришни хоҳламайди. У: «Бахт бир текис тарқатилади, нега мен бахтсизман?», – деб ўксинади, ичини илон кемиради. Билъакс, ўзига насиб этганидан роҳатланиб, насиб этмаган нарсадан афсусланмаслик бағрикенглик ва маънавий юксаклик ифодасидир. Бу талаб бизнинг азалий ахлоқимиздаги «Борига барака», деган тамойилни эсга солади. Афсуски, айримлар бу талабни унутади, «Қанча бўлса, шунча оз», йўсинига амал қилади. Агар одамлар ўзида борига шукур қилиб, ўзида йўқ нарсага эътибор қилмаса, озгина нарса ҳам уларни қониқтиради. Инжиқлик, носамимийлик, шуҳратпарастлик каби иллатлар айнан ҳасаднинг дояси экан. Кимнинг феълида шундай қусурлар бўлса-ю, уларни бартараф этмаса, бир кун бориб ҳасадгўйга айланиб қоларкан.

 

МУДҲИШ ҚИЛМИШ

 Ҳасадгўйлар ўлади-ю, ҳасад ҳеч қачон ўлмайди.

Мольер,  француз драматурги

 Ҳасаднинг дастлабки аломатларидан бири, бу ғийбатдир. Кўчалар, кўп қаватли уйлар оралаб гап терадиганлар, гап тарқатадиганларни безовта қилган туйғу ҳам ҳасаддир. Ундайларнинг бутун вужудини бировнинг ютуғини кўрол­маслик, ичи қоралик, бахиллик кайфияти қамраб олган, бундай исканжадан чиқиб кетаолмайди. Бу иллатлар беозор яшаб юравериши мумкин, чинакам ҳасаднинг кўриниши эса «гапдан амалий ишга ўтиш»дадир. Нуқул оғзига зўр берган зот охир шу даражага етадики, ўзи ёқтирмайдиган одамига турли йўллар билан зарба беришга ўтади. Бадном қиладиган гаплар ўйлаб топади ва одамларни ёллаб, иғволарини тарқатади, рақибининг ишхонасига хатлар уюштиради, битиб турган ишини барбод қилади ва бошқа жисмоний ҳамда руҳий азоб бериш воситаларини ишга солади. Бировнинг муваффақиятидан уйқуси қочиб, безовта бўлаётган ҳасадчи қабиҳ ишлари рўёбга чиқса, хурсанд бўлиб, ўз қилиғидан роҳатланиб, яна мудҳиш режалар тузишда давом этаверади. Хуллас, у бедаво дардга чалинади.

Биринчи воқеа: Банк соҳасида ишлайдиган бу зот, гарчи аҳволи кўплардан яхши бўлса-да, нолигани-нолиган эди. «Дом»даги кириш-чиқишлар ҳам унга ёқмасди. Тўғридаги қўшниси – нашриёт ходимини кун ора йўлини тўсиб: «У идорага хат ёзайлик, бу идорага хат ёзайлик», деб безор қилиб юборганди. Ҳеч кимга қўшилмас, кейинчалик бирга ишлайдиган юртдоши билан ҳам йироқ­лашиб кетди. Бошқалар ҳам ундан ўзини олиб қоча бошлашди… Хуллас, у шу кунларда касалланиб, тўшакка михланиб қолди.

Кўп донишмандлар ҳасадни севгига тенглаштирадилар. Севги дардига чалинганлар қанчалик беҳушу бехаёл бўлиб, ўз маъшуқалари (яъни, орзулари) ҳақида ўй сурсалар, ҳасадгўйлар ҳам ўз рақибига ана шунча жиннилик билан ҳужум қиладилар. «Ҳеч бир эҳтирос одамни севги ва ҳасадчалик сеҳрлаб қўя олмайди», дейди инглиз мутафаккири Бэкон. Фақат севгида оқ ранглар – гўзаллик, нафосат, олийжаноблик устунлик қилса, ҳасадда қора ранглар – қабиҳлик, жаҳолат, тубанлик устунлик қилади. Севган одам ишқ шавқи билан маъшуқасининг майда-чуйда камчиликларини кўрмайди, ҳасадгўй эса ҳар бир унсурдан кир қидиради, нинанинг тешигидек жойдан туяни ўтказа олади.

Агар ҳасад бўлмаганда маънавият дунёси қанчалаб мўъжизалар билан бойиган бўларди. Кўплаб истеъдодли одамлар унинг қурбони бўлиб кетишди. «Олис ва яқин тарихимизда не-не буюк зотлар ҳасад ва бахиллик, кўролмаслик туфайли қандай азоб-уқубатларни бошидан кечирган, соғлиғи, ҳатто ҳаётидан жудо бўлганини аччиқ мисолларда кўриш мумкин», дея қайд қилинади Юртбошимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида.

  

УНДАН САҚЛАНИНГ…

Ҳасад – энг оғир дард.

Дўстингнинг омади юришса, ҳасад қилма, қувон!

Сухомлинский, рус педагоги

Бир оддий омади гап бор: ҳеч қачон ва ҳеч қаерда ҳасадгўйни ёқтиришмаган ва ёқтиришмайди ҳам. Бу хусусда, Юртбошимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» китобида шундай дейилади: «Доно халқимиз ғараз ва ҳасад билан яшайдиган, ўз шахсий манфаатига ўзгалар ҳисобидан эришишни маъқул кўрадиган, фақат ўзини ўйлайдиган кимсадан ўзи асрасин, дейди».

Руҳшуносларнинг эътирофича, ҳасад – ўз-ўзини ҳимоя қилиш (улуғлаш) табиий худбинлик (эгоизм) билан қоришиб кетган салбий инстинктдир. Инстинктларни бартараф этиш мумкин бўлмаганидек (масалан, чанқаганда, ташналик ёки ёруғлик тушганда, кўз қамашиши сингари), ҳасадга чалинган одамни ундан қайтариш қийин кечади ( бу осмонга тупуришдек гап – юзингга тушади). Фақат пайдо бўлиб улгурган инстинктдан ижобий мақсадда фойда­ланиш мумкинлигини уқтиришади мутахассислар.

Шахсий камолот йўлида ишлатилиши мумкин бўлган куч-қувват инсонни емирувчи ҳиссиётга сарфланмоқда. Олимлар бир кунлик ҳасад уч кунлик оч яшашга ўхшаш таъсир қилишини аниқлашган. Ҳасаддан одам кўкариб кетиши, ошқозон яраси орттириб олиши, ундан тақдир юз буриши, истиқболида омад эшиклари тақатақ бекилиши мумкин. Бутун борлиғи барбод бўлган, бунёдкорлик қуввати ғазаб, жаҳолатга сарфланган, натижада, асаблари ишдан чиққан, ҳамма нарсадан мосуво бўлган одам тақдирига ўзида ачинишгина эмас, нафрат ҳиссини уйғота оладиган шахс фитратидаги салбий ҳолатни жиловлашга киришган бўлади.

Одатда, ҳасад атрофингиздаги кимнидир ёқтирмай қолишдан бошланар экан. Касбдошингиз ёки ҳамхонангизнинг кийиниши, эзмалиги, бирор қилиғи ғашингизни келтира бошладими, мабодо, бу кайфият унинг сиздан кўра омадли ёхуд ишлари авждалигидан эмасми? деган андиша пайдо бўлсин. Шундан сўнг «рақиб»ингизни оқлайдиган важлар қидиринг ва унинг ўзингиз учун ёқимли тимсолини яратишга эришинг. Ички иқрор билан мардона: «Ҳа, мен бу одамга ҳасад қилаяпман, бироқ, унинг ҳеч ёмонлиги йўқ, фақат яхши фазилатлари кўп экан», деб тан олинг. Ана шундай эътироф бошланган пайтдан ҳасаднинг емирувчи кучи ўтмаслашиб, ўз-ўзингизни танқид босқичи бошланади. Айбдорликни ҳис қилиб, феъли торлигингиздан хафа бўласиз. Айни шу ҳолат кишининг ички қувватини яхши амалларга йўналтириш кўникмаси уйғона­ётганидан далолатдир. Энди ишга муносабатни ўзгартиришга, ёруғ режалар тузишга тўғри келади. Фаолиятдаги баъзи камчиликларни аввало тан олиш, сўнгра уларни тузатишга киришиш лозим. Шу тахлит сиз ҳам дастлаб жузъий, кейинчалик эса, катта ютуқларга эриша бошлайсиз. Энг асосийси – ичингиздаги қора шарпадан халос бўласиз.

Ўқиб кўрсак, илмий адабиётларда шундай маслаҳат ва тавсиялар қайд қилинган экан. Гўзал турмуш тарзимизга тўғри келмайдиган, бировга айтса, одамнинг ўзи хижолат бўладиган қусурлар ҳеч кимга юқмасин, деган эзгу ният билан уларни қайд этиб қўйдик. Зеро, унга гирифтор бўлганларнинг қилиқларини на тушуна, на қабул қила оласиз. Бир-бирини такрорламайдиган бундай қусурлар учраб туради.

Иккинчи воқеа: Икки собиқ мактабдош катта шаҳарда учрашиб қолади. Йиллар ўтган, икковининг даражаси ҳам, ўша кунги кайфияти ҳам турлича эди. Шаҳарда уй-жой қилиб, ўзига тўқ яшаётган ўртоқ аёлини касалхонага олиб келиб, овора бўлиб юрган танишини хонадонига таклиф қилади. Аввало, одамгарчилик, сўнгра эса, болаликдаги қадрдони билан ҳам ҳангомалашиш, ҳам унинг синиқ кўнглига таскин бериш эди, муддаоси. Аммо, суҳбат қовушмади, меҳмон ҳамма нарсани сўраб-суриштираверар, ўзининг омадсизлигидан нолигани-нолиган эди. Хуллас, эски биродарларнинг суҳбати қўр олмади, кўнгилларнинг хижиллиги ёзилмади. Гап нимадалиги эрталаб маълум бўлди: меҳмон ўзи тунаган хонадаги чинни идишларни синдириб, тун қоронғусида ғойиб бўлганди. Хонадон соҳиби бундан ғазабланса ҳам жаҳлини ичига ютди. Фақат осмонга қараб: «Ўзини осиб қўймабдиям», деди. У ҳасад нималигини, бу туйғу одамни қандай кўйга солишини биларди. «Меҳмон»га бундан бошқа ҳаёт насиб этиши мумкин эмас эди.

Бу тўгарак дунёда нималар бўлмайди дейсиз. Икки киши ўртасидаги муносабатларнинг энг чалкаши ва мавҳуми ҳисобланмиш эр-хотинлик ҳолатида ҳам ҳасад бот-бот (асосан, рашк кўринишида) содир бўлиб туради. Аслида, унинг замирига разм солинса, муносабатларга ҳасад қутқу ташлаётганини илғаб олиш қийин эмас: эр-хотиннинг ҳуснига ёки ўзига зарур даражада муносиб эътибор бермаётганига ҳасад қилади; хотин эрнинг мавқеига ёки атрофида гўзал аёллар кўплигига… шундай назар билан қарайди. Мабодо, эр ҳам, хотин ҳам ўзларидаги ҳасад туйғусини жиловлай олишса, оилавий можаролар камайган бўлармиди? Баъзан иш жойларида ҳамкасбларнинг, бир-бирларига ҳасадли муносабатларига гувоҳ бўламиз. Ўшанда шундай кайфиятни намоён қилган тарафнинг ночор аҳволга тушиб қолганидан афсусланамиз. Унинг бу феъли биринчи навбатда ўзига зиёнлигини фан ҳам, азалий тажрибалар ҳам исботлаган.

Биз буюк мақсадлар билан яшайдиган давр кишиларимиз. Истиқлол илм ва ижод учун шунчалар кенг уфқларни очдики, унда ҳар қандай имкониятга ўрин бор. Негаки, биз умргузаронлик қилаётган замин мўъжизалар ва тилси­мотлар маконидир. Ҳозиргача бу хазина ўз бисотини сир сақлаб келди. Бундай маънавий бойликлардан яралган мўъжизалар нималарда зоҳир бўлади? Бир-икки мисол келтирамиз.

Мусиқа билимдонларидан бири шундай омади гапни айтиб қолди: «Космосга учган одамлар эмас, инсониятни космосга олиб чиққан халқлар буюкдир». У «Шашмақом»ни назарда тутаётган эди. Бу мумтоз мусиқа асари шунчалар мукаммал тузилган эканки, дафъатан уни одам фарзанд(лар)и яратганига ишониш қийин экан. «Унда фалакдаги жами туйғу ва тушунчалар ифодаланган», деди у. Уни тинглаган ва ҳис қилган одам руҳан ердан самога кўтарилар экан.

Хўш, бундай теранлик(лар)ни ким кашф қилиши керак? Кашф қилиш учун эса ўтмиш меросини миридан-сиригача ўрганиш талаб қилинади. Бу мерос боболаримиз қолдирган китобларда яширинган. Эндиликда, Хоразмий, Бе­руний, Ибн Сино сингари ўнлаб алломаларимизнинг тўла асарлар мажмуаси китоб жавонларимизни тўлдириб турадиган пайт келди. Ҳолбуки, Мирзо Улуғбекнинг машҳур «Зижи Кўрагоний» китоби ўзбекчага ҳамон таржима қилингани йўқ. Маънавиятимизни тўлдириши керак бўлган бундай бўшлиқларни кўплаб келтириш мумкин.

Албатта, умуммиллий маданиятга дахлдор бу сингари салмоқли юмушларни ҳар ким эплай олавермайди ва бундай қобилият эгалари ҳар қадамда топилавермайди. «Ҳамма гап ана шундай инсонларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш, уларни қўллаб-қувватлашда, – дейилади муҳтарам Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» китобида. – Агар биз мамлакатимизнинг қайси шаҳар ёки қишлоғида бўлмасин, йилт этган истеъдод учқунини кўрганда, ҳаммамиз уни ўз вақтида пайқаб, ардоқлаб, парвона бўлиб, унга йўл очиб берсак, барча саъй-ҳаракат ва интилишларимизни ана шундай олийжаноб мақсадга қаратсак, мухтасар айтганда, ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшашни ҳаётимиз қоидасига айлантирсак, ҳеч шубҳасиз, биз миллий тараққиёт бобида янада юксак марраларни эгаллашга эриша оламиз».

Қор билан қопланган тоғ чўққисида қуш оёғидан тушган нўхатдек урпоқ мислсиз кўчкига сабаб бўлиши мумкин. Одам кўнглидан кечган кичкина салбий туйғу билан жамиятда улкан бўҳронни келтириб чиқаради. Майлларни жиловлаб, келажак манфаати учун ўзни тия билиш ҳам жасоратдир. Зеро, яхши нарсага ҳам, ёмон нарсага ҳам инсоннинг ўзи сабабчи бўлади.

Мулоҳазаларимиз охирида бир ҳолни истисно сифатида эслаб ўтиш ўринсиз бўлмас. Узоқ умр кўрган кишилардан кўп яшашнинг сири сўралганда, бир қатор омиллар қаторида ҳеч қачон бировга ҳасад қилмаганини қайд этишади. Демак, ҳавас билан яшаган одамни аллоҳ ҳам ёрлақар, унга узоқ умр ва етарли ризқ ато қилар, халқ ҳам эҳтиром ила эъзозлар экан.