ЧЕКСИЗ КОИНОТНИНГ ЗАРРИН ЛАҲЗАСИ

Назм

Деразаларойгул-суюндикова

Уйимнинг бежирим, озода, тиниқ,
Қуёшга қараган деразалари,
Мен сизни очганда ҳар сафар ёниқ
Юрагимга тушар тонг ларзалари.

Бир қучоқ оловга айланар қуёш,
Уфқнинг бепоён денгизларига
Пар-пар ёйилади шуълалар оташ,
Шамол тўкилади чўғ изларингга.

Ойналарни артиб қўяман аста:
Fубор тушмасин деб, гард қўнмасин деб.
Боғдан энган ҳаво, кунлар шойиста,
Ойдин кечаларим ҳеч тўнмасин деб.

Кўзларинг тубида мил-мил ҳаяжон,
Чарақлайди осмон, бўй тарайди ел.
Қушлар учаётган лаҳзалар шоён
Кўнглингга кўчади оҳиста, енгил.
Бири – оддий, кичик, бириси – улкан
Дунёни кузатар гул деразалар.
Гарчанд синиқ ёки очилмас экан…
Барисига офтоб тўкар сийму зар.

Табиатда қанча ранг бўлса, шунча
Рангин деразалар бордир бегумон.
Ана, жилмаймоқда илк бор гулғунча,
Кўклам ҳаволари келар биз томон.

Шундан насиб менга бахт деразаси,
Азал сирдошимдай суҳбатлари соз.
Майин тортиб борар субҳидам саси,
Кунларим, тунларим ажиб, дилнавоз.

Номлари хилма-хил деразаларнинг,
Шамоллар, хаёллар, вақт деразаси.
Қандай аталади, нималарга тенг
Чексиз коинотнинг заррин лаҳзаси?!.

Қулоқ тут деразанг товшига, дўстим,
Келди туйғуларнинг гулламоқ фасли.
Тўлдирайин дея дунё кам-кўстин
Ҳаёт узоқ давом этади, асли.

Мен қўйиб бераман шеъримга бу кез
Очмоқликни кўнглим деразаларин.
Токи, сезиб турсин юрагим азиз
Умрим тонгларини, ларзаларини.

Китоблар

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Салом беринг, ҳар тонг айланг эҳтиром.
Кўзларингиз нури, қалб қўри ҳаққи,
Сиз уни онам денг, азиз, дилором.

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Денгизлар, уммонлар каби безавол.
Олмос чўққиларда чечакдай балқинг,
Нақадар бетимсол, чексиз бу хаёл.

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Дунёнинг бошидан тушар тиниқиб.
Мукаммалдир ҳар бир сўзи, ҳар нақли,
Азал муҳаббатдан куйлар ёниқиб.

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Беминнат дўстдир у, меҳри беадад.
Бутунлашар юрак, ҳавоси салқин,
Шаффоф само бўйлаб абадулабад.

Китоблар келмоқда, оёққа қалқинг,
Бу умр лаҳзалик, лек улар мангу.
Китоблар – Ватаним, китоблар – халқим,
Мен қудрат кўрмадим бундан ҳам эзгу.
Осмон ранглари

1

Осмон ер юзига сув сеплаб чиқди,
Ҳовлига, гулзорга, боғлар, кўчага.
Тоғу тош, қир-адир, саҳро, далага
Тонгни кутаётган олис кечада.

Осмон ер юзига сув сеплаб чиқди,
Хушбўйланди тупроқ, юмшади ҳаво.
Сойларда жаранглаб кетди томчилар,
Баргларга ранг берди ям-яшил наво.

Осмон ер юзига сув сеплаб чиқди,
Шамол этагидан тўкилди хаёл.
Қарасам, ўхшашиб кетамиз жуда,
Осмон – қўли ишдан бўшамас аёл.

2

Осмон чақиради, қуш каби аёл
Кўзини юммайди, чарх урар хаёл.
Қувонч ҳам, алам ҳам келмайди малол,
Соат милларига урилар савол.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Соғинч чақиради, маъюс тикилиб,
Юлдузлар шуъласи кетди тўкилиб.
Билдимки, баҳорлар ёнимдан ўтди,
Билдимки, минг азоб жонимдан ўтди.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Шамол чақиради, изидан дулдул
Булутлар кемаси сузади енгил.
Кўрдимки, япроқлар йўлимни кутди,
Кўрдимки, дилбар куз қўлимдан тутди.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Ёмғир чақиради, тупроқ ошиғи
Осмон куйлаётир ҳаёт қўшиғин.
Ёмғир сувларида оқиб кетаман,
Мен тонгни шу ёмғир билан кутаман.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Йўллар чақиради, адоғи йўқдай,
Юрагимдан ўзга ардоғи йўқдай.
Онамнинг олдида қолгим келади,
Дардларимни тўкиб солгим келади.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

Орзу чақиради, баланд тоғлардан
Қуёш кўтарилиб келган чоғларда,
Олма исли боғни қушлар уйғотди,
Кўз ўнгимда ажиб гўзал тонг отди.
Онам тушларида кўради мени,
Чунки тушларимга киради онам.

3

Осмон бўзарди
Яқинлашиб келгани сари.
Уфқ қизарди,
Оловланди терак учлари.
Тиниққан борлиқ.
Шабнамга айланди юлдуз видоси.
Сени кутган ишқ –
Майинлашиб борар тонгнинг навоси.
4

Осмонда ой бўзарди
Сим-сим нур.
Зулматни маҳв этар,
Шуъласи дунёни ёритар.
Сойларга тушади
Оймомо.
Сувларда жўшади
Оймомо.
Сувлар ҳам, тошлар ҳам
Ёнади бедор.
Оймомо кўксида
Ишқ ҳам, армон ҳам…
Сойларга чўмилиб чиқса ҳам,
Сирларга кўмилиб чиқса ҳам,
Оймомо ҳеч кимга айтмайди,
Айтмас –
Ҳеч қачон қуёшга етмайди,
Етмас…

Ойгул СУЮНДИҚОВА