ЭЛУ ЮРТ КЎКСИГА ЮЛДУЗ БЎЛИБ ҚЎН

Назм

Туйғу

Ҳайратланур кўзлар,Абдулла Орипов
Ҳайратланур қалб,
Ўзи шундоқ бўлар ёшлик маҳали.
Лекин ҳайратингни қўймагин сарфлаб,
Улуғ мўъжизалар олдинда ҳали.

Ҳаётда дуч келар турфа вазият,
Кўзларинг ногаҳон ёшга тўлажак.
Уни ҳам, майли, сен бир нафас тўхтат,
Хурсанд чоғларингда керак бўлажак.

Бошқа бир туйғу ҳам мавжуддир бироқ,
У кетсин дил деган тоза гулшандан.
Азизим, ғазабдан фориғ бўл тезроқ,
Руҳингни халос эт фақат ўшандан.

Ватан севгиси

Ватанни сев, севгин борини,
Тоғларининг қоригача сев.
Ҳукм деб бил ихтиёрини,
Чексиз, тубсиз ғоригача сев.

Ватан меҳри бўлинмас, асло,
У ҳаммага баробар нурдай.
Ватандошман, деганнинг, аммо,
Севиб бўлмас барчасин бирдай.

Абадий садо

Менинг бир одамим, яъни, соям бор,
Юради эргашиб, мудом изма-из.
Кўриниши оддий, ҳатто хокисор,
Лекин гапирмайди, айтмас бирор сўз.

Қачон бирор жойга борсам мабодо,
Буни дафтарида қайд қилиб қўяр.
Тўю ҳашамда ҳам эргашар ҳатто,
Пастда қолиб кетса, қовоғин уяр.

Менинг бир одамим, яъни, соям бор,
Унинг кимлигини асло билмасман.
Балки бекорчидир, балки ҳаваскор,
Лекин кузатади, шубҳа қилмасман.

Бир китоб ўқидим – ажиб ва ажаб,
Номи ҳам қадимий: “Зиндон ва Соқчи”.
Қайсидир замонда барчани алдаб,
Қочиб кетган экан битта айғоқчи.

Калламга чақмоқдек ўй келди, ҳайҳот,
Ўзимнинг дилимни ёритди ғоям!
Ўрта асрлардан қочиб келган зот –
Наҳот ўша одам? Наҳотки соям?!

Баёт

Қўлинг очиқ кетма дунёдан, жўра,
Бир ўтов, тўрт эчки майли бисотинг.
Ҳар кимга мингашиб юргандан кўра,
Қирчанғи эса-да бўлсин ўз отинг.

Балки тортинчоқдир фарзанд – аржуманд,
Дўстлар ҳам кўкдаги қушларга монанд,
Бири новвот бўлса, бировичи қанд,
Улар бор – шириндир тахир ҳаётинг.

Олис сафарларда ёлғиз қолсанг ҳам,
Умидсиз ўйларни дилга солсанг ҳам,
Мадорсиз йиқилиб, буткул толсанг ҳам,
Элу юрт бўлгайдир синмас қанотинг.

Ўкинма, лафзи йўқ номардни кўриб,
Муттасил алдайди ёнингда туриб,
Нодонлар юрсалар давронин суриб,
Чидайсан барига, бордир саботинг.

Сенинг бошқалардан фарқинг йўқ, асло,
Ceн ҳам бандадирсан бандалар аро,
Бир кун орзуларинг чорласа аммо,
Бошлаб борғусидир шеъринг – баётинг.

Ёмјир

Ёмғир ёғса шоирлар
Эрк берарлар мияга,
Тайёр мавзу топилди,
Тизарлар қофияга.
Ёмғир ёғса қушлар-чи,
Таҳликага тушади
Ва, лекин, севишганлар
Зонтикка ёпишади.
Ёмғир ёғса бемаҳал
Куяр ўзбек деҳқони:
– Ҳосилни поймол қилди,
Етди қанча зиёни.
Женевалик қувонар
Ёмғир ёғмасин қачон:
– Ҳаво анча тозариб,
Яшнайди яна газон.
Оллоҳ барака сочар
Қай фасл, қай палладир,
Ким қандай қабул қилар?
Бу бошқа масаладир.
Нетгайсан

Нодўст кимсаларга қучоғинг очиб,
Бегона юртларда тўйлаб нетгайсан.
Тиконли ерларга қадаминг босиб,
Чаманзор экан деб, куйлаб нетгайсан?

Тенгсиз бойлик эрур Ватаннинг бори,
Дарёси ҳаётдир, қумлиги дори,
Агар қиз кўринса қўшнининг ёри,
Девордан беҳуда бўйлаб нетгайсан?

Ростгўйни изладим шавқларга тўлиб,
Топганда қувондим, топмасам сўлиб,
Тўғрилик турганда, шармисор бўлиб –
Ёлғон-яшиқларни сўйлаб нетгайсан?

Сенга таништирай дунёни бирров,
Ҳали из тушмаган у тонгги қиров,
Агар сен ўтмасанг, ўтади биров,
Пасту баландини ўйлаб нетгайсан?

Туш

Олисдасан заминдан – ердан,
Етолмайди бирорта чақин.
Яқин бўлиб қоласан бирдан,
Миллиметр. Ундан ҳам яқин.

Олам бунча муаттардир, оҳ,
Бўйларингдан бўламан сархуш!
Кўз очаман уйқудан, ногоҳ,
Кўтарилар орамиздан туш.

Баҳо

Биров сени мақтаса агар
Эркаланиб, ҳаддингдан ошма.
Кимдир танбеҳ берса ҳам магар,
Ғазабланиб дарёдай тошма.

Бу дунёда кўп эрур ҳакам,
Лўттибоздир ва ёки оқил.
Баҳо берган сенга қай одам,
Энг аввало, ўшани топгил.
Бойєаро

Кошонанинг кўркам боғида
Савлат тўкиб, амирлар аро,
Чоғир ҳўплаб гоҳи-гоҳида,
Ош ер эди султон Бойқаро.

Бирданига қисилди кўкрак,
Бирданига йўқолди ором.
Бир луқма ош – ичида сўнгак,
Томоғига тиқилди тамом.

Аҳли табиб шу заҳот боқиб,
Афсунгарлар бўлдилар гирён.
Кўзидан ёш дарёдек оқиб,
Аранг нафас оларди Султон.

Ою йиллар ўтдилар секин,
Юрт ҳам бунга кўникди ҳатто.
Баъзи дард бор, ўлдирмас, лекин
Ҳамроҳ бўлар маҳшаргача то.

Эшитган дўст, албат, қон ютган,
На ғанимлар бундан ризодир.
Бу – Султоннинг ўзи қатл этган
Набираси Мўмин Мирзодир.
Сўнгги макон

Қайга бориб қўнар учаётган сор,
Қайси жойда тўхтар югурик оҳу?
Жавоб бериб бўлмас бу гапга зинҳор,
Бу жиҳат ёпиқ деб, айтилган, ёҳу!

Узоқ йиллар яшаш ҳар кимга армон,
Гарчи дунё ўзи фоний, муваққат.
Филда ҳам бор эмиш энг сўнгги макон,
Инсонга буюрсин Ватани фақат.
Камолот

Сен эслай олмассан,
Хаёлан, аммо,
Бешикда ётган у чоғларингга қайт!
Ким сени овутди саҳаргача то,
Ким сени оёққа турғизганди, айт?

Қайси зот тил бериб, чиқарди йўлга,
Шеър айта бошладинг бирдан чулдираб?
Инсонлик юқмаса агар кўнгилга,
Юрардинг Маугли каби ғўлдираб.

Кекса гўдак бўлиб, силаб соқолинг,
Давранинг тўрида ўлтирмоқлик ор.
Сен ҳам тушун энди бошқалар ҳолин,
Ахир, шуъла кутган гўшалар бисёр.

Агар бир мўйсафид сўраса мадад,
Йўлдан ўтказиб қўй, ҳеч бўлмаганда.
Шаклга солинган эт эдинг фақат,
Улғайиб, толеинг гар кулмаганда.

Шукр қил, камолот келса ярақлаб,
Ярашгай тулпору камар билан тўн.
Бир лаҳза бўлса-да, порлаб, чарақлаб,
Элу юрт кўксига юлдуз бўлиб қўн!

Абдулла ОРИПОВ