Иброҳим Ғафуров, Йўлдош Солижонов. «Улисс» дунёсидаги эврилишлар

2010 йил, 1-сон Суҳбатлар

жойсИброҳим Ғафуров,

Йўлдош Солижонов

 «УЛИСС» ДУНЁСИДАГИ ЭВРИЛИШЛАР

Суҳбат

Йўлдош Солижонов: Иброҳим ака! Келинг, фикримни суҳбатимиз асоси бўлган Жеймс Жойснинг «Улисс» романини мутолаа қилиш асносида дилимда туғилган бир савол билан бошласам. Очиғини айтсам, аввало, романни ўқиш, ўқиганда ҳам уни тушуниш ниҳоятда қийин. Сабаби, бу асар бизнинг ўқувчилар ўрганиб қолган батартиб воқеалар тизимидан иборат эмас. Сиз «Воқеа» деб таржима қилган ҳар бир эпизодда шу қадар телба-тескари, бири боғдан, бош­қаси тоғдан олинган гаплар, фактлар, исмлар, саналар қалашиб, аралашиб кетадики, уларни идрок этгунча ўқувчининг энка-тинкаси қурийди. Тўғриси, ўзим ҳам ўтган асрнинг саксонинчи йилларида касбим тақозосига кўра, «Улисс»нинг рус тилидаги китобини ўқишга киришгандим. Бироқ, ҳеч нарса тушунмаганлигимдан, қийналиб кетганимдан ярмидаёқ ўқишдан воз кечгандим.

Мана, орадан кўп йиллар ўтиб, сизнинг машаққатли меҳнатингиз эвазига бу роман ўзбек тилида дунё юзини кўрди. Айтинг-чи, ҳозирги ўқувчилар «Улисс саргузаштлари» романини оммавий равишда қабул қиладилар, уни севиб ўқийдилар, идрок қила оладилар, деб ишонасизми? Ахир, ўзингиз қайд этганингиздек, ҳатто «буюк психиатр, психолог олим Карл Юнгни уч йилдан ортиқ ўйга толдир»ган бу асар ўзбек китобхонига тушунарли бўлармикан?

Иброҳим Ғафуров: Чиндан ҳам «Улисс» каби романларни оммавий суратда қабул қилиш қийин. Бу асар оммага мўлжалланмаган ва унга қаратилмаган. Жеймс Жойс бу асарини Европа ва Америка интеллектуаллари, ақлий, илмий ўсишларида анча илгарилаб кетган Фрейд, Юнг, Эзра Пауид, Эллиот сингари ўзига тенг даражада турган замондошларини мўлжаллаб ёзган, уларнинг тушунишлари, акс-садо беришлари, баҳс-мунозараларини назарда тутган. ХХ асрнинг йигирманчи йиллари бошланишидаёқ журналда босилиб чиқа бошлаган бу асарни тушуниш қийин деб бутун дунёда тан олинган. Лекин бу асарни тушуниб бўлмайди дегани эмас, асло. Фақат «Минг бир кеча»ни ўқиш билан «Улисс»ни ўқишнинг фарқи бор. «Улисс»ни ўқиш бу қаттиқ меҳнатни талаб қилади. Узлуксиз бош қотиришга, бутун диққат-эътиборни шу асарга қаратишга, унинг ранг-баранг оламлари ичида яшашга тўғри келади. Унинг ичига чуқурроқ кириб борганингиз сари адабиётимиз билан ўхшаш томонларни ҳис қилиб бораверасиз.

«Улисс»ни ўқиш том маънода осон эмас. Лекин ичига кирган, мағзини чаққан ўқувчига у туганмас гўзал онларни бахш этади. Инсон майллари, эҳти­рослари, кайфиятлари, қарашлари, кечинмаларининг чексиз ранг-баранг­ликларига, онг ва ҳиссиёт оқимлари ичида ҳар қадамда инсонни – унинг мил­лати, мамлакати, диний эьтиқодидан қатъий назар, илгари ҳеч қачон кўрилмаган, англанмаган, ўйланмаган беҳад оригинал бир нуқтадан кашф этгандай бўлади. Шунинг баробарида, Жойсни ўқиш кишига чексиз бир мароқ бағишлайди. Жойсни мутолаа қилишга киришган китобхон аҳдида қаттиқ туриб, китобни охиригача ўқиши керак. Агар асарнинг асосий қаҳрамонларидан бири Леополд Блумнинг хотини – қўшиқчи аёл Моллининг оз эмас-кўп эмас, росмана қирқ саҳифадан иборат биронта нуқта, биронта вергул ёки бошқа тиниш белгилари қўйилмаган Турон даштидай бир текис ички монологини зерикмай ўқий олса, у албатта, ададсиз ҳиссиётлар, турли фикрлар дарёсига ғарқ бўлади. Дастлаб тушунолмай қийналишнинг охири ҳайрат билан тугайди. Бу таьбир жойиз бўлса, насрдаги чексиз маҳорат, чексиз кашфиётлар водий­сининг ҳайратларидир. Аммо ўқиб бўлгач китобхон бармоқ тишлабгина қол­майди: ўйлайди, ўйлайди, ўйлайверади… энди ўйлаш мудоваматини ҳосил қилади.

Ахир, ўзбек китобхони ўз тилида Жойс билан яқин-яқинлардан бери таниша бошлади-да. Адибнинг бир қанча ҳикоялари ҳамда «Санъаткорнинг ёшликдаги сийрати» номли романи (Аҳмад Отабоев таржимаси) босилиб чиқди. Ўқувчилар бу асарларни яхши қабул қилдилар. Шуни назарда тутиб, Жойс билан танишувни чуқурлаштириш, кенгайтириш мақсадида «Улисс» романи таржимасига журъат қилинди. Унутилмас Озод Шарафиддинов ўзбек китобхони Жойсни ўқишини орзулаган ва Нитше, Маркес ва Жойсни («Зардўшт таваллоси», «Бузрукнинг кузи», «Улисс») таржима қилишни бизнинг зиммамизга юклаган эди. Ўйлайманки, закийтабиат ўқувчиларимиз ушбу мураккаб асарни қизиқиш билан ўқийдилар ва уқиб оладилар.

Йўлдош Солижонов: Атоқли рус санъаткори Алексей Толстой ёш ижодкорлар билан ўтказган суҳбатларининг бирида ёзувчи бир пайтнинг ўзида ҳам адиб, ҳам файласуф, ҳам кўп қиррали олим бўлиши керак деган экан. Мен романни ўқиш жараёнида Жеймс Жойсни айнан ана шундай аллома – ҳам тарихчи, ҳам файласуф, ҳам иқтисодчи, ҳам сиёсатшунос, адабиётшунос, табиб, дин аҳкомлари ва шариат қоидаларини яхши билган руҳоний эканлигига иқрор бўлдим. Масалан, қаҳрамонлари чўмилишаётганида денгиз сувининг шифобахш фойдаси ҳақида гап кетади, овқатланишаётганида қайси таомларнинг қандай дардга даволиги тўғрисида маълумот берилади. Кўчада кетишаётганда ҳиди чиқаётган газнинг кўк йўталга дори эканлигини, сил билан оғриганда янги иссиқ қон ичиш наф беришини ёзади. Айниқса, Жойс адабиётшунос сифатида Европа адабиёти, ўнлаб таниқли адиблар (хусусан, Шекспир) ижоди тўғрисида шу қадар кўп ва қизиқарли маълумотлар берадики, ҳайратга тушамиз. Ўқувчики, асарни ўқиш давомида шунча кўп маълумот олар экан, сиз таржимон ва адабиётшунос сифатида Жойснинг яна қандай қирраларини кашф этдингиз?

Иброҳим Ғафуров: «Улисс» жаҳон адабиётида кутилмаган воқеа бўлди. Шу пайтгача бундай фавқулодда бадиий кашфиётлар билан тўлиб-тошган, дунёга янги бадиий тасвир тизимлари ҳамда воситалари, усуллари, техникасини таклиф қилган асар ёзилмаган эди. «Улисс» романи билан бирга модерн адабиётининг қуёши чиқди. У тасвирда «онг оқими» деган янги бир ажойиб ҳодисани яратди. Дунё ва инсонни универсум каби – ягона ва яхлит тасвирлаш ҳамда тасаввур қилишнинг бадиий, фалсафий имкониятини очди. «Улисс»гача дунё адабиётида фақат Ҳомернинг «Одиссея» ҳамда «Илиада» достонлари, «Инжил», «Таврот», «Янги аҳд», «Қуръон» сингари китоблар универсум – барча учун ягона ва баробар қимматга эга бўлган китоблар деб қабул қилинарди. Жеймс Жойс «Одиссея» ва унинг қаҳрамонларини, воқеалари ва ғояларини ўзи учун, ижодий нияти учун универсум – яъни, универсал модел деб қабул қилди.

Ёзувчи ўз олдига ХХ аср Одиссейи ва унинг ҳозирги замондаги саргу­заштларини ёритишни мақсад қилиб қўйди. Ўз монументал асарининг ўн саккиз бобини «Одиссея»нинг ўн саккиз қўшиғига ажиб бир тарзда уйғун­лаштирди, мувофиқлаштирди. «Одиссея»га ҳар жиҳатдан муқобил бир асар яратди. Лотин халқлари Одиссейни Улисс дейишади. Жойс шундан келиб чиқиб романига «Улисс» деб ном берди. Бу бизнинг тилимизда Алпомиш деган маънони англатади. Адиб романининг асосий икки қаҳрамони – Блум ва Стивен худди Одиссей ва унинг ўғли Телемак каби саргашта, олам кезувчи қаҳрамонлардир. Блумнинг хотини қўшиқчи аёл бўлса, бамисли Одиссейнинг уйида интизор кутиб қолган ва куёвлар таъмаларидан безор бўлган хотини Пенелопа кабидир. Стивен эса ота дийдорини излаган, ота марҳаматидан баҳрадор бўлишни истаган, ота соғинчи ичида изтиробли ўйларни бошидан кечирган ёш Телемак мисолидир.

Одиссей ва унинг атрофидаги шериклари, ҳамроҳлари Блум ва Стивен теварагини қуршаб олган ранг-баранг жамоа кишиларини эслатади. Жойс дастлаб асарининг бобларини ҳам «Одиссея» қаҳрамонлари ва ҳодисотлари номи билан атаган эди. Лекин кейинги таҳрирда у ушбу номларни олиб ташлади ва номлар асарнинг дастлабки чизгилари ва режаларидагина қолди. Аммо Жойснинг дунёдаги сон-саноқсиз тадқиқотчилари ҳанузгача асарнинг бобларини муал­лифнинг илк чизгилари бўйича аташни одат қилиб келадилар. «Одиссея»га ўхшатма «Улисс»нинг фақат техник қурилишидаги кашфиётдир. Бу техник кашфиётни тақлид деб атаб бўлмайди.

Асарнинг асл воқеаси тамомила янги ва оригиналдир. Унинг марказига Ирландиянинг пойтахти Дублин шаҳри қўйилган. Асар 1904 йилнинг 16 июнида бир кун мобайнида Дублинда рўй берган воқеаларни соатма-соат, дақиқама-дақиқа ўз сюжет чизиқларига эга ҳолда қамраб олади. Дублин шаҳри, унинг манзаралари, кўчалари, саройлари, каналлари, трамвайлари, кеблари, уйлари, дўконлари, қовоқхоналари, емакхоналари, черковлари, мозорлари, қабрлари, бозори – бари ўта аниқ, маҳаллалари, одамлари, уларнинг касб-корлари ҳам шу қадар аниқ; яъни, ҳаммаси ёш санъаткор Жойс кўрган пайтларида қандай бўлса, баайни ва худди шундай тасвирланган. Жойс ўзи аниқ билган, аниқ кўрган, аниқ эшитган, аниқ бошидан кечирганларини жуда батафсил аниқлик билан тасвирга киритади. Қаҳрамонлари, воқеалари худди ҳаётдаги одамларнинг айни ўзлари бўлган бундай асар дунё адабиётларида камдан-кам топилади. Ундаги барча персонажларнинг прототиплари мавжуд. Стивен ва Блум эса муаллифнинг баайни ўзидир.

 Менга қолса, «Улисс» Ўзбекистонга, ўзбекларга жуда яқин асар деган бўлардим. Ҳатто жуда қадрдон асар дейишим ҳам мумкин. Нега шундай деяпман? Бу фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Албатта, юзаки бир қарашда Жеймс Жойснинг «Улисс» романи Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳаётига, тарихига, дунёни қабул қилиши, унга муносабати, анг­лаши, тушуниши, тутими ҳамда мезонларига, тасаввурлар дунёсига бегона бир асар бўлиб туйилиши ҳам мумкин. Номаълум ва нотаниш воқелик, номаълум ва нотаниш коллизиялар, ўлчовлар ва ҳоказолар… Асарнинг ёзилиш йўллари (усули) ҳам тамомила бошқача. Ёзувчиларимизнинг хаёлига ҳеч қачон келмаган ёзувлар, хатлар, усуллар. Биз бунақа нарсаларга яқин йўламаганмиз. «Улисс» романи ХХ асрнинг ўнинчи йилларида ёзилиб, йигирманчи йилларга келиб юзага чиқа бошлаган пайтда дунё тарихи ҳаракати ва табиатининг ажиб бир ўхшашликлари туфайли Ўзбекистонда, Тошкентда Абдулла Қодирий деган худди Жойс каби ёш, ўт-олов йигит юртнинг, халқнинг яқин ва узоқ тарихига қизиқиб, жон-дили билан ўрганишга киришган, отаси ва бобосидан эшитган қизиқ-қизиқ тарихий воқеалар унга қаттиқ таъсир қилган, томирларида оққан ижодий кучларни жўш урдирган, ғарб романлари йўналишида миллий роман ёзиш орзусига тушган эди.

«Ўткан кунлар»нинг нияти худди «Улисс»нинг нияти каби туғилган ва ёш адибни тамомила уйқудан маҳрум этганди. Ирландияда ХVIII асрдан то ХХ аср бошларигача бўлиб ўтган озодлик учун курашлар, тинимсиз ғалаёнлар, миллий буржуазиянинг уйғониши, озодлик курашининг олдинги сафларига чиқиши ва уни турли йўллар билан бошқариши, ўртадаги Англия-Ирландия муно­сабатларида тинимсиз тўкилган қонлар, алам-умидсизликлар, хиёнатлар, қатллар, миллатнинг озодлик ҳамда бирлашиш тарафдорларига ажралиб кетиш­лари, булар ўртасидаги турли низолар, ихтилофлар – ҳамма-ҳаммаси Жойсдан олдинги авлод бошидан қандай ўтган бўлса, Жойс авлоди бошидан ҳам шундай оғриқ, азоб-уқубатлар, умидсизлик, тушкунликлар, ватанни тарк этиб кетишлар, ҳижрон, айрилиқ кечинмалари тинимсиз ўтиб турган замон эди.

Тасодифни қарангки, ХIХ асрнинг иккинчи ярми, ХХ аср бошларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ҳам ана шундай миллий озодликка интилиш, курашга отланиш, қўзғолонлар бир зум бўлсин тинмаган эди. Беҳбудий, Қодирий, Чўлпонлар авлоди худди Жойс авлоди каби озодлик ва маърифат курашига белни маҳкам боғлаб чиқди. Ирландиядаги кураш тажрибалари ва тарихи Ўзбекистондаги кураш тажрибалари ва тарихи ҳамда йўналишига жуда яқин эди. «Улисс» «Ўткан кунлар» билан бир давр, бир пайтда оқ саҳифага тушди. Икки халқнинг кураши ўхшаш манзараларга, ўхшаш йўналишларга эга эди. Фақат ирландлар Европа ва Америка таъсирида бу масалаларда анча илгарилаб кетгандилар. Хонликларнинг таназзуллари Ирландиядаги таназзулга ғоятда ўхшаб кетарди. Миллий озодлик ғояси, ўз-ўзини бошқариш орзуси Жойсларга қанча яқин бўлса, Қодирийлар, Отабекларга ҳам шунчалар яқин эди. Зиёлиларимиз ўхшаш ғоялар қуршовида ўртанардилар. Шунинг учун ҳам «Улисс»даги озодлик интилишлари бизга яқин ва қадрдон, энг муҳими, тушунарлидир. Қодирий ўарб адабиёти руҳидаги миллий роман ёзишни орзулаб, кўзини Гюго, Вальтер Скотт, Жўржи Зайдон, Рабиндранат Тагор кабиларга тиккан бўлса, Жойс романини ёзаркан, бутун Европа мамлакатларини кезиб, бу ердаги энг илғор илмий-фалсафий ғояларни дунёқарашига сингдирар, Гомер, Аристотель, Платон, Сократ, Рабле ва Дантедан тортиб, Нитше, Толстой, Достоевский, Фрейдгача тафаккур оламларини онгига сингдирар, улардан улги олиб илҳомланарди.

Шунинг учун Қодирий, Чўлпонни ўзига яқин кўрган киши ҳеч қачон Жойсга бегона деб қараши мумкин эмас. Ўлай агар, шоир, адиб, файласуф ва муаллим Стивен Қодирийга жуда ўхшаб кетади. Жойс бу қаҳрамонини Қодирий ёки Беҳбудийдан олиб чизмаганмикан деб ўйлаб қоламан. Одам асли шу Стивендай, Блумдай бениҳоя мураккаб. Беҳбудий, Қодирийлар ҳам мана шундай ўта мураккаб феьл-атвор ва қараш-интилишлар эгаси бўлишган. Лекин Жойс Фрейднинг кўзойнагидан қараб кўриб илғаган, тасвирлаган ҳодисаларни Қодирийлар ҳали кўрмаган ва тажрибаларидан ўтказмаган эдилар.

Йўлдош Солижонов: Жеймс Жойсни диндан юз ўгирган, ватани Ирландия­дан воз кечган деб «айблашади». Аммо унинг асарларини ўқиб бунга ишонмадим. Биргина «Улисс саргузаштлари»нинг ўзида динлар ҳақида шу қадар билим­донлик билан фикр юритадики, шу билан бирга «Инжил», «Таврот», «Қуръон» каби муқаддас китоблардан кўплаб оятлар, қоидалар келтиради. Масалан, бир жойда мистер Блум нуқтаи назари орқали «Муҳаммад алайҳиссалом мушукнинг фароғатини бузмаслик учун тўнининг этагини қирқиб қўйганлар», дейди. Менинг фикримча, у диндан воз кечган шаккок, кофир эмас, балки уни чуқур билган, билганлиги учун ҳам унинг айрим чекловчи ақидаларига қарши исён кўтарган (худди биздаги Мансур Халлож, Машраб сингари) бўлса керак.

Жойсшунос олим Тилаволди Жўраев «Модерн бизга бегона эмас» номли суҳбатида («ЎзАС» 17.08.09) айтишича, ёзувчи ўз ижодини эпифаниялар ёзишдан бошлаган. Бу сўз ўзбек тилида «Тангрининг юз кўрсатиши, тангрига етишув», деган маънони англатар экан. Ахир, бу биздаги тасаввуф таълимотига тўғри келади-ку! Энди, инсоф билан айтганда, шундай одамни динсиз, кофир деб бўлармикан?

Иброҳим Ғафуров: Бу масалада мулоҳаза тарзида фикр юритган маъқул. Айримлар ўйлаб-ўйламай, Жойсни яхши билмай, унинг қалбига қулоқ солмай кескин хулосалар чиқарадилар. Аслида, Жойс кўп билимдон файласуф бўлган. Жеймс Жойс ўзининг исёнкорона фикр-қарашлари билан ХХ аср бошидаги Ирландиянинг ўта мураккаб сиёсий-ижтимоий, маданий ва диний муҳитига сиғмай қолди. 1904 йилдан у Ирландиядан Европага чиқиб кетди, тинимсиз Европа мамлакатларини кезди, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотди. Турли миллат халқларининг ҳаётини ўрганди. Яқинлашиб келаётган биринчи жаҳон урушининг алангалари, инсон ҳаёти, руҳи – ички дунёсининг таназзуллари унинг ёзаётган асарларига ўз фожиали, аламли, аччиқ шуълаларини тўхтовсиз ташлаб турди.

Адабиётдан маълумот олиш ва оқибатда маълумотли одам деб ном қозониш, албатта, яхши нарса. Аммо кўп ва ранг-баранг маълумот олишни истаган киши энциклопедияларга мурожаат қилса кифоя. Роман эса энциклопедия эмас. Лекин «Улисс»нинг энциклопедияга ўхшаб кетадиган томонлари йўқ эмас-да! Нега уни Дублин ҳаётининг ёки Ирландия озодлик ҳаракатининг энциклопедияси дейиш мумкин эмас? Дублин ер юзидан йўқолиб кетса, менинг романимдан Дублинни яна аниқ тиклаш мумкин, дейди Жойс. У ёзаётганида доим Дублиннинг энг аниқ харитасини кўз ўнгида сақлар ва ҳар доим қаҳрамонлари юриб бораётган кўчалар, йўллар, муюлишлар, жойлар, биноларни кузатиб турар, маконни аниқ тасвирлар экан. Бундан ташқари ҳозиргача «Улисс»га ёзилган изоҳлар, маълумотномалар романнинг ўзидан юз баробардан катта­роқдир. Дунё адабиётида Жойс тадқиқотчилари лашкари мавжуд. Уларнинг синчков назари доим адиб асарларида. Жойс универсуми мудом фикр қўзғатади. Ақл муҳокамаларига тўхтовсиз озуқа беради. Унда аллақандай фикр оҳанграбоси, фикр жозибаси тинимсиз ўзига тортиб туради. «Улисс» фавқулодда фикр қайновлари, гирдоблари, пўртаналари ичида дунёга келган асар бўлгани боис, ҳар қандай ўқувчига ҳам шу қайновларни юқтира олади, ўз фикр гирдоби ва пўртаналари ичига тортиб кетади. Унда бутун Европа адабиётидан жамланган ва одамнинг онги ҳамда юрагига йўналтирилган қандайдир мислсиз сеҳрлагувчи фокус борга ўхшаб кўринади.

Бу фазилатлар Жойснинг юртини ташлаб кетган ношукур киши эмас, балки унинг дарди билан яшаган, тақдири учун курашган ватанпарвар шахс бўлганлигидан далолат бермайдими?

Йўлдош Солижонов: Жойснинг «Улисс»и роман жанри имкониятларининг нақадар кенглигини кўрсатувчи ажойиб намунадир. Унда ҳаётнинг ҳамма соҳалари, инсон турмушига хос барча икир-чикирлар жуда кенг ва ранг-баранг тарзда берилган. Уни ўқиб, ўтган аср бошидаги Ирландиянинг сиёсий, иқтисодий, маданий, маърифий турмуши манзараларини тўла тасаввур этиш мумкин. Янаям тўғрироғи, «Улисс» мамлакат ҳаётининг бадиий қомуси, ирланд халқининг руҳияти, ахлоқи, маданий сажиясини акс эттирувчи миллий кўзгудир. Биргина мисол: Дублиндаги «Қирол канали» ҳақида гап кетганда, муаллиф бу каналнинг қурилиш тарихи, аталиши тўғрисида тўхталиб ўтирмайди-да, тўғридан-тўғри «бутун Ирландияни босиб ўтадиган» бу каналнинг нақадар ифлосланиб кетганлигига эътиборни тортади. Каналда биқинига «Бугабу» деб ёзиб қўйилган солга биргина одам ахлат, чиринди, балчиқларни юклайди. Юзлаб одамлар эса унинг ёнидан бепарво ўтадилар, тамошабин сифатида четдан кузатадилар, холос. Бу тасвир менга таназзулга юз тутган мамлакатнинг рамзий манзараси бўлиб кўринди. Умуман, романда рамзий тимсоллар жуда кўп берилган. Шу маънода уни «панорама роман» деб атаса бўлади. Сиз ўзингиз романни таржима қилиш жараёнида унинг яна қандай янги хусусиятларини кашф этдингиз?

Иброҳим Ғафуров: Романда ХХ аср бошидаги Ирландия ва унинг пойтахти Дублин ҳаётининг кенг қамровли манзаралари акс эттирилади. Романдан ўрин олган ўн саккиз эпизоднинг ҳар бири (биз уларни ўзбекча таржимада «Воқеа» деб бердик) инсон организмининг бирон аъзосини рамзий тарзда ифодалайди. Бутун ҳолида эса роман инсон вужудини инъикос этади. Шулар билан боғлиқ ҳолда Жойс ҳар бир эпизоднинг ўзига хос санъати, ўзига хос қурилиши, архитектураси, ўзига хос такрорланмас услубини яратади. Шундай ажойиб-ғаройиб санъатлар, бадиий кашфиётлар (чунончи, ҳар бир эпизоднинг ўз ранг-бўйи бор) воситасида Жойс ўқувчини қаҳрамонларнинг ғоят мураккаб ҳамда мафтункор руҳий-ақлий-тафаккурий оламлари ичига олиб киради. Жойс ҳар бир эпизод воқеаларини вақт оқими билан ҳам чамбарчас боғлайди ва ҳар бир эпизодда янги ривоят, янги таҳлил усулларини очади.

Ота ҳамда она мавзуси Стивенни ҳар қандай ҳолатда ҳам тарк этмайди. Бу мавзулар ёзувчи-муаллифнинг баёни ёки тасвири орқали берилмайди. У Стивеннинг эмранган кечинмалари, турли сирли ишоралар, нозик эсланишлар орқали ёритилади. Худди шунингдек, Блумнинг хаёл оламини аждодлар юрти ва унинг руҳонияти мавзуси ҳам қайта-қайта ишғол қилади. Блум ўзи асли яҳудий. У доим Шарқни, Исроил, Фаластин, Миср, Нил бўйларини ёдидан ўтказади. Аждодлар юрти соғинчи Блумнинг эмранишларига айланган. Бу унинг образига жуда юксак бир шоирона тўлқин ҳамда фазилат бағишлайди. Стивен билан Блум ўй ва кечинмалар гирдобидаги одамлардир. Уларнинг кечинмалари ва буюк оқим тусини олган ўйлари, хаёлларида оҳанграбо ҳоким. Шу оҳанграбо қайта-қайта Блум ва Стивеннинг ўйларига ошно бўлишга, уларнинг теран маъноларига етишга чорлайди.

Булар беҳад нозик хаёл ўйинлари…

Асар қаҳрамони Стивен ўзининг ўлаётган, ўлим тўшагида ётган онасини нақадар севмасин унинг ҳузурида тиз чўкиб дуо ўқишдан бош тортади. Жойснинг ўзи онаси ўлганда худди шундай воқеани бошидан кечирган эди. Мана шу воқеа доим Стивеннинг хаёлида айланади. Уни чексиз изтиробларга солади. У ўзининг дуоси онасини қутқариб қололмаслигини билгани учун сохтакорлик ва, қолаверса, мунофиқлик қилишни истамади. Кейин унга онанг тарракдек қотиб ўлаётганида дуо қилишни истамадинг деб таъна-дашном қилдилар. Буни у юрагига ниҳоятда оғир олди. Бу гапни айтган дўстидан тамомила юз ўгириб кетди. Лекин шу азоб Стивенни романнинг бошидан охиригача тарк этмайди. Азоб унга ҳар томондан келади, ҳар турли ҳолатларда тинчлик бермайди. Унинг мана шу азобларни бошидан кечириши, ғам-ситам дарёсига чўмишида бир-бирини такрорламайдиган фикр дунёлари намоён бўлади. Бу худди Ҳамлетнинг отаси ҳақидаги изтиробларига ўхшайди. У юраги тубига жуда чуқур чўккан мунг орқали дунё ишларига боқади ва уларга ўз баҳосини беради.

Шунга ўхшаш эпизод Блумнинг ҳаётига, толеига беҳад чуқур из солиб ўтган. Блумнинг Руди деган ўғли сабийликда қазо қилган. Блум қайда бўлмасин, қандай юмуш билан банд бўлмасин, атрофидагилар унга нечоғлик мазах ва таҳқир назари билан қарамасин, қандайдир бир тарзда маъсум ўғилча ёди сизиб чиқаверади. Блумнинг ўзи ғоятда маъюс, ҳузн-кадарга ботган одам, Рудининг шарпаси уни янада бепоён кадарга солади. Бу туйғулар умуман олам, умуман одам ва умуман инсон ер юзига келибдики, айрилмас ғуссага айлангани сезилади.

Йўлдош Солижонов: «Улисс» ўқувчини тил хазинасининг том маънодаги «очил дастурхон»ига таклиф қилади. Аввало, ёзувчининг ўзи инглиз тилидан ташқари француз, лотин, немис тилларини жуда яхши билганлиги аён бўлади. Асарнинг ўзбекча таржимаси ҳам она тилимизнинг нақадар бойлиги, имкониятларининг кенглигини амалда исботлай олган. Жойснинг алмойи-ажмойи сўзлайдиган персонажлари ўзбек тилида шу қадар батартиб, тушунарли, нафосат билан гапирадиларки, ўқувчи суҳбатдошининг нима демоқчи эканлигини англаб туради. Чунки роман нутқидаги бу тартибсизлик таржимада кўзга кўринмас тафаккур ришталари билан боғланган. Бундан ташқари сиз таржимада шундай сўзларни қўллагансизки, уларнинг жуда кўпини 5 жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»дан ҳам топиб бўлмади (масалан, «уфунат», «олифтавор», «ўртук», «жайноқлаган», «Қуддасимон бош», «шодлангил ожиза», «улвий ожиза», «вирди забон қилмоқ», «харосон кўнгил», «йилтир кўз» ва ҳакозо). Бунга қандай эришдингиз? Яна бир савол: сиз жаҳон адабиётининг ўнлаб шоҳ асарларини таржима қилгансиз. «Улисс»ни таржима қилишда ўзингизни қандай сездингиз?

Иброҳим Ғафуров: Романда ҳар бир эпизоднинг ўз ҳайратлар олами бор. Кашфиётлар киши билмас ҳолда юзага чиқаверади.

Жойснинг роман қаҳрамонлари фикри ва муносабати орқали образ яратиш маҳорати ҳар қанча таҳсинга сазовор. Мисол учун Ирландия озодлигининг миллий қаҳрамони, халқ йўлбошчиси Чарлз Стюарт Парнелл сиймоси роман персонажларининг фикрлашлари, кечинмалари, баҳолашлари, муносабатлари воситасида гавдалантирилади. Ота, Она, Ўғил, Йўлбошчи, Севгили, Маъшуқа образлари шунчаки баён, тасвир орқали эмас, балки лейтмотив бўлиб ўтади.

Романнинг ҳайратомуз томонларидан яна бири шуки, ундаги биронта сўз бирон ерда бекор ётмайди, битта сўз ҳам унутиб қолдирилмайди. Ҳар бир сўз, ҳар битта ҳаракат, фаолиятнинг мантиқи бошқа боблар, бошқа муносабатлар ичида чақилади, мағзи очилади, олдингидан бошқачароқ қирралари ва хусусиятларини кўрсатади. Сўз Жойс матнида доим ва ҳар қайда, ҳар қачон намоён бўлиш фазилатига эга эканлиги билан ўқувчини ҳайратга солади. Жойс ҳам, унинг қаҳрамонлари ҳам ҳеч нарсани эсдан чиқармайдилар. Сўзлар воситасида ифодаланган ажабтовур тагмаьнолар эса контекст ичига шимилиб боради. Сўзлар ҳеч вазифасиз турмайди. Доим бир ёки бир неча нарсалар, ҳодисаларга ишора қилади, рамз тусини олади.

Жойснинг синчков ва ишончли тадқиқотчиларидан бири, қадрдон дўсти Бадженнинг гувоҳлик беришича, бир куни Жойсдан «Иш давом этяптими?» деб сўрабди. Жойс: «Бугун кун бўйи қаттиқ ишладим», дебди. «Нималар қилдингиз?» «Иккита жумла туздим». «Аниқ сўз қидириб қийналгандирсиз?». «Менинг доим аниқ сўзларим бор. Лекин мен қидирган нарса жумлада сўзларнинг энг етук тартибини топиш. Ҳар бир ҳолатда қандайдир аниқ бир тартиб мавжуд. Ўйлайманки, мен уни топишга қодирман». Жойс бу хаос олам ичидан энг юксак тартиб қидиради ва уни топади. Шунинг учун у ҳар қандай адабий усулда энг юксак маҳорат билан ёза олади.

Адиб ўзигача бўлган барча адабий усулларни ўхшата олган, усулларнинг ҳайратомуз ўхшатмаларини яратган. «Улисс»нинг «Тебранган қоялар» деган эпизодида Дублин кўчаларидан ўтиб бораётган вице-қирол карвони ўн саккиз ерда ўн саккиз нуқтаи назардан тасвирдан ўтади. Ўн саккиз турли макон ва ҳолат яратилади. Дунёнинг янги манзаралари ва янги айланалари, янги маъно йўналишлари чизилади. Жойс ўз эпизодларининг тасвирларида тинимсиз айланиб турган олам ҳаракатига тақлид қилаётганга, унга эргашаётганга, ўз бадиий оламининг универсумини бино қилаётганга ўхшайди. У ўз асарларининг фойдали маънодорлигига қаттиқ ишонарди. Бир куни унга: «Польшани босиб олишибди», деб хабар беришади. У эса: «Айтинглар, «Финнеган ёди»ни эсдан чиқаришмасин», деган экан.

Таржима менга лабиринтлар (қадимги Греция ёки Мисрда қурилган кўп хонали ва эгри-бугри чалкаш йўлаклари бўлган катта қаср; киши кирса адашиб қоладиган кўп хонали катта бино) ичида юришга ўхшаган бир машғулот бўлиб кўринади. Албатта, сўз, жумла ва образлар лабиринтлари ичида юргандек бўлади одам. Бу юришда ҳар бир сўз сари йўл топиш керак. Ҳар битта жумланинг қалбига кириш керак. Жумлалар қалбига кириш учун эса уни юрагингизга тегирмонга дон солгандай солиб, тинимсиз айлантирасиз, ўнгдан, сўлдан қарайсиз, кир жойини, шираси яширинган ерини топишга уринасиз. Таржимонлик – бошдан-оёқ топқирлик. Топқирликка эса минг турли тусмоллар билан борасиз, аниқ бир сўз, аниқ бир жумла излайсиз. Жойснинг лабиринт­ларини-ку, асло, қўяверасиз! Ёзувчи матнининг бутун маъно йўналишлари, маъно қаватлари (маънолар эса унинг асарларида худди тош каваклари орасидаги қимматбаҳо антрацит каби) қаттиқ зичланиб, зўр қаватлар, қатламлар ҳосил қилиб ётади.

Жойсни таржима қилишдан кўра уни ўқиш, тинмай, қайта-қайта ўқиш одамга мислсиз роҳат бағишлайди. «Улисс»нинг ўзбекча таржимасини такрор-такрор ўқиб ўтираман. Бошқа иши йўқ деб ўйлайсизми? Лекин унинг қандайдир оҳанграбоси, жозибаси ўзига тортаверади. Жойс «Улисс»дан кўра бир неча бараварроқ юксак экспериментал руҳда яратилган «Финнеган ёди» романини йигирманчи йиллар бошида ёзишга киришган пайтида дўстига йўллаган хатида шундай деган экан: «Бу янги асар худди катта тоққа ўхшайди, мен унинг ичига бирданига ҳамма томондан ўпириб кирмоқчи бўламан-у, лекин унинг бағридан нимани топаман, билмайман». У романида Лиффи дарёсининг ўртасида ётган қаҳрамонининг кўраётган тушлари ва бу тушларида бутун Ирландиянинг тарихи ҳамда тақдирини акс эттириш, уларда оламнинг қайта-қайта айланиб келаверадиган ҳаводисларини – одамнинг фантазияси ҳам етолмайдиган эврилишлар – метаморфозаларни мажоз ва рамз воситасида гавдалантирмоқни мақсад қилиб қўяди. Тилни, сўзларни янги мақомга кўтаради. «Улисс»да Ирландиянинг бир кунини тасвирладим, «Финнеган ёди»да Ирландиянинг бир кечасини ёритаман. Бунинг учун менга одатдаги сўзлар эмас, одатдан ташқари сўзлар керак бўлади», дейди ва шундай ноодатий сўзлар, ифодаларни топишга уринади. Баъзан юз ҳарфдан иборат сўзлар топади, гоҳида бошқа тиллардаги сўзлардан тузилган ибораларни қўллайди. Уларнинг бирида ҳатто ўзбекча «индамай» сўзини ҳам қўшиб юборади.

Жойснинг бундай экспериментлари шунчаки техник шаклий бир нарсалар эмас. Асло! Жойс жумбоқларининг тагига етсангиз, у кашф қилган хазиналар эшигини очишга муяссар бўлсангиз, дунё ва инсон ҳаёти, толейининг беҳад мағиздор, бағирдор қатламларига дуч келасиз. Жойснинг ўзи менинг бу асарим одамларга, ер юзига юз йилдан сўнг тушунарли бўлади, дер экан.

Ҳар ҳолда, Жойс асарлари дунё модерн адабиёти ва санъати карвонларини инсониятнинг келажак замонларига етаклаб кетаётир. «Минг бир кеча»нинг ёнгинасида «Улисс» борлиги инсоният саргузаштлари савдоси ҳеч қачон тугамайдиган маънолар ва мундарижага эга эканлигини кўрсатади.