Сўз – бу сеҳрли дунё (Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов билан суҳбат)

2010 йил, 1-сон Суҳбатлар

otkir_hoshimovСЎЗ – БУ СЕҲРЛИ ДУНЁ

 Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов билан суҳбат

 – Одатда ҳақиқий ижодкор ўқувчисига нимани айтишдан ҳам кўра, кўпроқ қандай айтиш эҳтиёжи билан яшайди. Чунки нимани айтиш тарихчига ҳам, биологга ҳам ҳатто оддий ҳунардмандга ҳам тегишлидир. Қандай айтиш эса фақат ижодкорга дахлдор бўлган камёб фазилат ҳисобланади. Ўткир ака, сиз ўнлаб ҳикоялар, қиссалар, романлар, муаллифисиз. Сизни асар яратишдан аввал, нимани қандай айтиш эҳтиёжи қийнаганми? Ўзингизни қандай ҳис этгансиз?

– Аввало, сўзлаш, фикрлаш, ҳис қилиш имкониятини оллоҳ таолло фақат­гина инсонга берган. Инсондан бошқа бирор жонли, жонсиз жонзот бундай имкониятга эга эмас. Аслини олганда, гаплашиш дегани сўз дегани, сўз дегани фикр алмашиш воситаси деганидир.

Масалан, бозорда сотувчи билан олувчи ўртасидаги, мактабда ўқитувчи билан ўқувчи орасидаги ёки олий ўқув юртида талаба билан домла орасидаги муло­қотлар барчаси сўз орқали амалга оширилади. Бу табиий нарса.

Сўз фақат фикр алмашиш воситаси эмас. Эҳтимол, илмда фикр алмашиш воситасидир. Масалан, тарих, физика, математика ёки бошқа фанларда олим фикрини айтади, ўқувчи ўқийди ёки тинглайди ва жавобини айтади. Лекин бадиий ижодда сўз бутунлай бошқача ўрин тутади ва кутилмаган маъно касб этади. умуман бадиий ижод, бадиий тасвир қандайдир сеҳрли ҳодиса. Оддий сўзлар, жўнгина кўринган фикрлар ижодкор қўлида сирли-сеҳрли хусусият касб этади. Сўзнинг ўз мусиқаси, ранги, оҳанги, ҳиди, динамикаси, ҳаракати бор. Буларнинг ҳаммасини бадиий ижоддан, адабиётдан излаш керак. Масалан, айтайлик, сиз тасвирий санъат музейига кирдингиз. Полотнолардаги рангларни, одамларнинг қиёфасини кўзингиз билан кўриб, ҳаяжонга тушасиз. Тасаввур қилинг: сиз магнитафонда мусиқа тинглаяпсиз. Чолғу оҳанглари, хонанданинг овозини қулоғингиз билан эшитиб, ҳаяжонга тушасиз. Энди тасаввур қилинг: сиз китоб ўқияпсиз. Оқ қоғозда қора чизиқлар – ҳарфлардан бўлак ҳеч қанақа ранг йўқ. Ҳеч ким куй ҳам чалмайди. Аммо асарни ўқишга киришишингиз билан кўз ўнгингизда рангин манзаралар пайдо бўлади, инсонлар қисмати кўз олдингизда намоён бўла бошлайди. Улар билан қўшилиб йиғлайсиз ёки куласиз. Бирисидан нафратлансангиз, иккинчисидан қувонасиз. Буларнинг ҳаммаси ижодкорнинг сўз олдида кучли қувватга эга эканлигини билдиради. Сўз – бу сеҳрли дунё, уни билмай туриб даргоҳига кириб бўлмайди, сўзнинг оҳангини, рангини, ҳидини, мазасини, (исини, таъмини) билмасдан туриб ёзиш мумкин эмас.

Ҳа, ажабланманг, ҳар бир сўзнинг ўз иси, таъми бўлади. Буни фақат ҳақиқий ижодкор ҳис қилиши мумкин, холос. Агар эътибор берган бўлсангиз, яхши ёзувчи қовун полизини тасвирласа, сизнинг димоғингизга беихтиёр пишган ҳандалакнинг ҳиди урилади. Ёки ёзувчи баҳорни тасвирласа, гуллаган ўрик гулининг ранги, ҳиди кўз олдингизга аниқ келиб туради. Демак, сўзда ҳид ҳам бор, ранг ҳам бор. Яна бошқачароқ айтсам, маҳоратли ёзувчи таомни шунақа тасвирлайдики, беихтиёр сиз шу таомни егингиз келади. Ўша таомнинг мазасини ҳис қилгандай бўласиз. Яна қайтариб айтаман, сўзда динамика, яъни, ҳаракат ҳам бор. Динамика ҳам ҳар хил бўлади. Масалан, битта манзарани, икки хил динамикада ифодалаш мумкин. «Қор учқунлади», деган ибора билан, «Гупул­латиб қор ёғди», деган тушунча ўртасида жуда катта фарқ бор, динамика бор. «Гупуллатиб қор ёғди» ибораси замирида катта ҳаракат яширинган. Кўз олдин­гизда осмону фалакдан ҳад-ҳисобсиз лайлак қорнинг бўралаб ёғиши, ер сатҳига оппоқ бўлиб тўшалиши, дарахт шохларига оҳиста қўниб, новдаларни эгиши намоён бўлади.

Сўз танлаш жуда қийин. Абдулла Қаҳҳорнинг жуда гўзал бир гапи бор. У киши салбий қаҳрамонига қарата: «Сиз сўзни граммлаб олиб, тонналаб ишлатасиз. Аслида, сўзни тонналаб олиб, граммлаб сотиш керак», дейди. Шунинг учун ҳам битта жумла ёзаётганда, яна ўнта жумла ёзувчининг ихтиёрида тайёр туриши керак. Масалан, битта сўзнинг ўн хил ифодаси, ўн хил экви­валенти, яъни, муқобил варианти бўлиши керак. Ҳақиқий ёзувчи ўнта сўздан энг кераклигини топиб ёзиши лозим.

– Асар композициясининг энг муҳим компонентларидан бири баён саналади. Ижодкор воқеликни таъсирчан, қизиқарли баён қилиш учун унинг оҳангини топиб олиши керак. Керакли оҳангни биринчи жумладаноқ асар организмига олиб кириш осон кечмайди. Сизнинг ҳар бир асарингиз (катта-кичиклигидан қатъий назар) ўзининг алоҳида оҳангига эга. Керакли оҳанг ўйлаб топиладими ёки ўзи табиий равишда туғиладими?

– Аввало, асар ёзилаётган пайтда ёзувчида тасвирлаш иштиёқидан ташқари яхши кайфият ҳам бўлиши мақсадга мувофиқдир. Масалан, баҳор чоғи гуллаган ўрикнинг тагида ётсангиз, ойдин осмоннинг қайсидир бурчагида учиб бораётган турналарнинг қийқириғи қулоғингизга киради. Демак, сиз баҳорни тасвир­лаяпсиз, гуллаган баҳор фаслини тасвирлаяпсиз. Бу кайфият турналарнинг қийқиришидан аниқ эшитилади. Энди, куз фаслида, хазонлари тўкилаётган ўрикнинг тагида ётсангиз-чи? Осмоннинг қайсидир бурчагида учиб бораётган турналарнинг ҳорғин ноласи эшитилади десангиз, бу бутунлай бошқача кайфият туғдиради. Биринчисида баҳор кайфияти, иккинчисида куз кайфияти пайдо бўлади. Бу кайфиятни бадиий тасвирдан ўрин олган «қийқириқ» ва «ҳорғин» сўзлари уйғотади. «Қийқириқ»да турналарнинг шодлиги, иссиқ ўлкага учиб келаётганлигидан хурсандлиги, «ҳорғин» сўзида эса қандайдир чарчоқ, тушкин­лик, парвозда сусткашлик сезилиб туради. Бу сезгиларни «нола» сифатловчи сўзи янада кучайтиради.

Сўзда юқорида таъкидланганидек, ранг, ҳид, оҳанг, ритм, динамика, портрет, мусиқадан ташқари, кайфият ҳам бор. Бунга эришиш жуда қийин. Ёзувчи жуда катта сўз заҳирасига эга бўлмоғи керак. Акс ҳолда, унинг асари ғариб, нурсиз, бетаъсир ва қуруқ чиқади. Тўртта жумла ёзолмай, уёғига сўз тополмайдиган одамдан ёзувчи чиқмайди. Чинакам асар туҚилмасидан олдин унинг оҳанги, мусиқаси тайёр бўлади. Бу – ғоя эмас, сюжет ҳам эмас, айнан мана шу оҳанг адибни қўлидан судраб олиб келиб, столга «михлаб» қўяди. Асарнинг жони дегани шу. Шунинг учун ҳам баъзан ўйланиб қоламан, билмадим, бунга эришганманми, йўқми? Лекин, «Тушда кечган умрлар» романимнинг оҳанги қулоғим остида жаранглаб туради. Бу оҳанг асарнинг бошидан то охирига қадар мунгли, ғамли мусиқа билан йўғрилган.

Асарнинг бошини эсланг! «Куз ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди. Оёқ остида касалванд хазонлар инграйди». Бўлди, шу мусиқа. Бошқа асарларда ҳам шундай мусиқа бор. «Баҳор қайтмайди» қиссам «Қонқус» ҳақидаги ривоятдан бошланади. Демоқчиманки, катта полотнода ҳам, шеърда ҳам ўз-ўзидан мусиқа бўлади. Куй бўлади. Йирик бадиий асарда, албатта, куй бўлиши шарт. Бўлмаса у бадиий асар эмас. Мазмунли бўлиши мумкин, лекин ўқувчини ҳаяжонга солмайди-да. Ёзувчи ички оҳангни, ўзи ҳис қилган нарсани тўла-тўкис қоғозга тушира олмайди. Бинобарин, китоб ёзаётган қаламкаш ҳаяжони китоб ўқиётган ўқувчи ҳаяжонидан ўн карра кучлироқ бўлади.

– Асарларингизни ўқиган китобхон сўз устида ишлашнинг бундай машақ­қатини қайдан билсин? Ёзувчи зоти сўзга уста бўлади, бир ўтиришда қийналмай-нетмай ёзиб кетаверади, деб ўйлайди-да…

– Мен бу жараённинг ниҳоятда қийин кечишини «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асаримда ҳам айтиб ўтганман. Асар бинога ўхшайди. Фақат бино ғиштдан қурилади, асар эса сўздан. Энди бир нарсани тасаввур қилинг: битказилган бинодан битта ғиштни суғуриб олсангиз, унинг ҳуснига шикаст етади. Ўнта ғиштни кўчирсангиз бино босиб қолади…

Шундай асарлар борки, бутун-бутун жумлаларни олиб ташласангиз ҳам, юзта сўзни ўчирсангиз ҳам, мингтаси ўрнини алмаштирсангиз ҳам ҳеч нима ўзгармайди… Бунақанги асар бино эмас, вайронадир…

Асар ёзишда ўзим ҳам жуда дангасаман (кулиб). Йиллаб мен ҳеч нима ёзмаслигим мумкин. Лекин асар ёза бошлаган пайтимда биров мени кўтарма кран билан ҳам суриб ололмайди (кулиб). Мен бир ўтирганимда жуда тез ишлайман. Масалан «Баҳор қайтмайди» асаримни йигирма бир кунда ёзиб тугатганман. «Тушда кечган умрлар» романим ўттиз бир кунда ёзилган. Лекин бу дегани ўттиз кунда роман ёзилади дегани эмас. Бир неча йиллар мобайнида миянгизда тўпланиб, пишиб, ҳаммаси тайёр бўлади. Ҳаммаси тайёр бўлганида ҳам ёза олмаслик мумкин.

– Сизнинг учта романингиз бир-биридан тубдан фарқ қилувчи уч давр, уч хил мавзу ва муаммони тасвирлашга бағишланган. Улар ўзининг баён усуллари, нутқ шакллари билан ҳам тубдан фарқ қиладилар. Аммо уларни адабиётнинг ўлмас масаласи – эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги кураш бирлаштириб туради. Жумладан, «Нур борки, соя бор» романингиз анъанавий, «Икки эшик ораси» романингиз ҳикоячи – қаҳрамон, «Тушда кечган умрлар» асарингиз эса муаллиф ва эпистоляр нутқ асосида баён қиланади. Бундай ранг-барангликка қандай эришгансиз?

– Асар қурилмаси дейсизми? Асар композицияси иложи борича янгича бўлиши керак. Бу осон эмас, албатта. «Икки эшик ораси» романимнинг композицияси жуда мураккаб. Аслида, мен бошида бу асар трилогия бўлиши керак деб ўйлаган эдим. Биринчи китоб урушгача бўлган даврни ўша Ориф оқсоқол, Ҳусан думалар ҳаётини қамраб олиши керак эди. Иккинчиси эса иккинчи жаҳон уруши даври, учинчиси Музаффар ва Мунаввар тақдирларини тасвирлашга бағишланиши мўлжалланган эди. Кейин бу ниятимдан қайтдим. Бунда асар биринчидан, анча чўзилиб кетар эди. Иккинчидан, анъанавий, зерикарлими, яъни, мен учун зерикарли туйилгандек бўлган эди. Хуллас, учала даврни битта китобга сиғдиришга, бунинг учун янгича усул, ифода шаклини топишга уриндим. Энг яхши йўл қаҳрамонларнинг ўз ҳаёт йўли, кемтик тақдири, кўрган-билганларини ўзларига ҳикоя қилдириш эди. Бунга қанчалик даражада эришганлигим адабиётшунослар томонидан айтилган. Масалан, таниқли адабиётшунос Умарали Норматов асарни «тақдирлар романи» деб атайди. Тадқиқотчи Муҳаббат Шарафиддинова «Икки эшик ораси» бу «ребус» романдир, яъни, топишмоқ дейди. Чиндан ҳам бошидан охиригача топишмоқ. Нега? Масалан, асарда берилган 70- бетдаги Робия ҳикояси ечимини, 500-бетдан топишингиз мумкин. Муҳаббат Шарафиддинова бу асар композициясини «спиралсимон» композиция деб атаган. Спирал шунақа бўладики, воқеа тепага кўтарилгандек бўлади-да, пастга тушиб, яна кўтарилиб бораверади. Асар ўтган асрнинг воқеалари 50-йилларидан бошланадида, 30-йилларга тушади. Кейин 45-йилга чиқадида, яна 37-йилга келади. Бу жуда қийин нарса. Мен асарни ёзиб бўлганимдан кейин бир оз қўрққан эдим. Ўқувчи бунга тушунмаса нима қиламан? Лекин ўқувчи тушунди. Иккинчидан асар қаҳрамонлари жуда мураккаб, бунинг устига муаллиф умуман ҳикояга аралашмайди. Тўққизта персонаж ҳикоячи бўлиб майдонга чиқади.

Кўпчилик китобхон – ўқувчиларим мендан: «Ўткир ака, «Икки эшик ораси» романингизнинг асосий қаҳрамони ким?» деб сўрашади. Мен билмайман ким? Ҳаммаси бош қаҳрамон. Ҳатто Парча ҳам асосий қаҳрамон бўлиши мумкин. Аслида, у телба, жинни аёл. Лекин фронт ортида у ҳам ҳамма қаторида тенг, баробар меҳнат қилган. Масалан, ҳеч ким айтмаган ҳақиқатни шу хотин очиқчасига айтган. Ҳамма қаҳрамонлар бежиз киритилмаган.

Демоқчиманки, асар композициясининг қурилмаси ҳам ўзи қандайдир табиий равишда бўлган, масалан, она боласининг қанақа бўлишини, оҚзи қандай бўлиши, қошининг қанақа бўлишини олдиндан башорат қилолмайди. Асар ҳам шундай.

Албатта, ёзувчи бўлғуси асарни тахминан тасаввур этади, лекин олдиндан анави ерини бундай қиламан, деб кўз-кўз қилмайди. Асар ҳам фарзандга ўхшаб туғилади. Мен асар ёзилади деб ўйламайман, асар туғилади. Туғилишга бундай тайёргарлик жараёни кўп бўлади. Асар ёзиш жараёни менда жуда тез кечади. Шиддат билан ёзилган асар, шиддат билан ўқилади. Масалан, катта ловиллаган аланга билан ёзилган асар, ўқувчини ҳам ловиллатиб, аланга сингари ларзага солиши керак.

– Асарларингиз орасида, айниқса, «Икки эшик ораси» шаклининг ўзига хослиги, сюжет ва композицион қурилишининг мураккаблиги билан ажралиб туради. Унда воқеалар бошдан-охиригача асар қаҳрамонлари томонидан ҳикоя қилинади. Сиз муаллиф сифатида на воқеаликка, на қаҳрамонга муносабат билдиролмайсиз. Қалам сизнинг қўлингизда бўлса ҳам ихтиёрий, имконият сизда эмас. Шундай пайтда, айниқса, тўрт яшар Музаффарнинг ҳикоясини ёзишда қийналмаганмисиз?

– Жуда жиддий савол. Бу ҳақда Умарали Норматов романга ёзилган сўнгги сўзида: «Муаллиф воқеаларга бевосита аралашмайди, мухтасаргина сўзбошидан сўнг асарда у бевосита кўринмайди, сўз, ихтиёр бутунаси қаҳрамонларнинг ўзига берилади. Қаҳрамонлар эса ўз бошларидан ўтганларни ўзлари сўзлашга киришадилар», деб қайд этган. Шу маънода, «Икки эшик ораси»да Умарали Норматов тўғри таъкидлаганидек, «одамлар тақдири билан қизиқиш устун, уни «тақдирлар романи» деса бўлади.» Зеро, бу нотекис дунёда ҳамма одам ҳам бир хил эмас, ҳатто Умар закунчи гапирганда ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. У қўрқоқ, аммо ўзича ҳақ, Робия ҳам ҳикоясида ўзича ҳақ, Қора амма ҳикоя қилганда ҳам ўзича ҳақ. Бу бир томони. Битта воқеага, масалан, Умар закунчи билан Раъно муносабатига тўрт хил одам тўрт хил баҳо беради, бири жирканиб қарайди, бири ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Бу бир мисол бўла олади. Ва, ниҳоят, яна бир муҳим томонини тўғри фаҳмлабсиз.

Тўрт яшар боланинг ҳикоя қилиш оҳанги билан студент Музаффарнинг ҳикоя қилиш оҳанги бир хил бўлиши мумкин эмас, яъни тўрт яшар Музаффар бошқача гапиради, йигирма яшар Музаффар бутунлай бошқача фикрлайди.

Юқорида Муҳаббат Шарафиддинова бу асарни «ребус» роман деб атаганини айтган эдим. Сизнинг саволингиздан келиб чиқиб, унинг фикрини исботлайдиган бир мисолни келтирай.

Тўрт яшар Музаффар дадаси билан кетмон чопгани далага боришади. У садақайрағоч тепасидаги чумчуқ уясини кўриб қолади. Дўппидек инда чумчуқнинг учта боласи бор, катта чумчуқ учиб келиши билан учала боласи оғизларини очиб чирқиллайди. Шунда Музаффар: «Аммо дадаси ҳеч адашмайди. Ие, дадаси иккита экан-ку! Биттаси-дадаси, иккинчиси- аммаси, деб ўйлайди».

Нега шунақа дейди? Ана шу ребус. Чунки Музаффарнинг онаси йўқ. У она кўрмаган. Фақат Қора аммани ва отасини кўрган. Бу бола психологияси.

Лекин нарироққа борганда, Музаффар бундай фикрламайди. У, энди, ўзининг туққан онаси борлигини ҳам билади, Қора аммаси билан Робия опаси ўзига бир неча бор излаб келиб, йиғлаб кетган аёлдан кўра кўпроқ ғамхўр ва яқин эканлигини ҳам билади. Шунга яраша фикрлайди. «Тушда кечган умрлар» асарим яна ҳам бошқача. Унда тергов ҳам бор. Лекин муаллиф матни ҳам бор. Муаллиф ўзи ҳам аралашган. Яъни, имкони борича ҳамма услублардан фойдаланилган. Анъанавий ва ноанъанавий услубдан ҳам.

Аслида, шундай бўлиши керак. Масалан, янги бино қурган одам, бино архитектурасининг ҳам янгича бўлишини ҳоҳлайди. Бошқаларникига ўхшамаган бўлиши керак. Ўхшамаган бўлиб, энди рўдапо бўлиб қолмаслиги керакку, қанчалик мукаммал бўлса, шунчалик мустаҳкам бўлади. «Икки эшик ораси» асаримнинг композициясини мен кўпроқ анорга қиёлайман. Эътибор берсангиз анорнинг ичидаги доналари ҳаммаси ҳар хил лекин бир-бирига халақит қилмаган ҳолда жойлашган. Асар композицияси ҳам шундай бўлиши керак.

– Раҳмат, Ўткир ака. Энди, суҳбатимиз сўнггида мухлисларингизга тилак­ларингизни айтсангиз.

– Мен мухлисларимни, айниқса, Фарғонада истиқомат қилаётган мухлис­ларимни жуда яхши кўраман ва чин дилдан ҳурмат қиламан. У ерда садоқатли дўстларим, ажойиб биродарларим, қадрдон ўқувчиларим жуда кўп. Ҳатто, тутинган аям ҳам бор. Мен уларни соғинаман. Фарғоналикларнинг кўнгил очар суҳбатларига муштоқман. Кўришгунча!

 

 Суҳбатдош Фарғона Давлат университети

 тадқиқотчиси Гулчеҳра МамарАсулова