
Сабина ҲАБИБУЛЛАЕВА – 2001 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент
давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ўзбек филологияси факультетини
тамомлаган. Унинг “Қамоқхона”, “Фарзандим – бахтим” номли ҳикоялари, “Одам
алайҳиссалом қиссасининг анормал тасвири”, “Сарлавҳаси сатр сўнггидаги сабоқлар”,
“Пуанкаре ёхуд ўзликни англаш изтироблари” каби мақолалари нашр этилган.
Бугун воқеликни бадиий ҳикоя қилишда миллий, халқона услубдан қочиш,
асар ифода йўсинига мағрибона прагматик баён йўлларини олиб киришга уриниш,
бадиий тўқималар, психоаналитик экспериментларга маҳлиёлик орқасида инсон
интим туйғуларини очиқ-равшан ифодалаш каби тенденциялар қатор “модерн”
асарларда учраётгани янгилик эмас.
Жаҳон адабиёти тажрибалари асосида, ўзбекона ижтимоий муҳит атмосферасини
асарларига сингдира олган Назар Эшонқул ҳеч кимникига ўхшамайдиган янги
руҳдаги асарлари билан бугунги кун ўқувчилари кўнглидан жой ола билган
ёзувчиларимиздан биридир. Айниқса, “Маймун етаклаган одам”, “Шамолни тутиб
бўлмайди”, “Тобут”, “Қултой” каби ҳикоялари, “Уруш одамлари”, “Момоқўшиқ”,
“Қора китоб”, “Тун панжаралари” қиссалари, “Гўрўғли ёхуд ҳаёт суви” романидаги
миллий фольклор унсурларининг чуқур поэтик синтези, халқона фалсафа ва
ижтимоий дард ўқувчини чуқур хаёлга, мушоҳадага толдириши билан ўзига хосдир.
Аммо ёзувчининг “Тақиқ меваси” романи (“Шарқ юлдузи” журнали, 2022 №4)
ҳақида бундай хулосани ишонч билан айта олмаймиз. Тўғри, бу асар сюжет ва
композиция жиҳатдан бир қадар ноанъанавий ва унинг янгилиги ҳам, танқидий
хулосага олиб келадиган жиҳати ҳам шунда. Яъни:
1. Асарда илоҳий китобларда, хусусан, Қуръони каримда келадиган Одам
алайҳиссалом қиссалари асос қилиб олинганлиги, айни пайтда, илоҳий қиссанинг
бузиб талқин этилиши;
2. Асар марказидаги воқеа, образлар тасвири ва талқинидаги ғарбона-
модернистик нуқтаи назар, абсурдлик, экзистенциал фалсафа руҳининг етакчилиги;
3. Асарнинг роман жанри қоидаларига мувофиқ эмаслиги унинг новелла
жанри хусусиятларини намоён этиши унга нисбатан айрим танқидий фикрларни
туғдиради.
Шарқ мумтоз достонлари, ғазалларида ошиқ-маъшуқа, рақиб учлик образ
тизими мавжуд бўлиб, буларнинг асоси Қуръони каримда келтирилган Одам
Ато, Момо Ҳаво, Иблис ва уларнинг жаннатдан ҳайдалиш қиссасига бориб
тақалади. Кейинчалик бу Шарқ адабиётида ошиқ-маъшуқа, рақиб учлигига асос
Адабий таҳлилШарқ юлдузи
100
бўлган. Учлик тизими, аввало, асл манбада пайдо бўлган ва бу ҳозиргача ҳам
бадиий асарларимизнинг асосий мавзуларидан бири ҳисобланади. Шарқ адабиёти
поэтик образлар тизимига маънавий, ижтимоий асос вазифасини ўтаб келади. Бу
учликни юзага келиш силсиласига диққат этадиган бўлсак, Аллоҳ таоло муқаддас
Қуръони каримда: “Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва
ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланаверинг. Фақат мана бу дарахтга
яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз”
1
, дея марҳамат қилади.
Яратган Одам Атога барча нарсанинг исмларини ўргатди, ўз даргоҳидан унга руҳ
(жон) пуфлади. Уни энг олий хилқат қилди. Шу аснода унинг қовурғасидан Момо
Ҳавони яратиб, жаннат билан мукофотлади. Маликул мулк барча махлуқотлар
Одам алайҳиссаломга бўйсунишини буюрганида ёлғиз шайтон (Иблис) кибрга
ботди ва бош эгмади. “Фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан
саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди”
2
. Мана
шу воқелик барча ёмонликларнинг урчишига сабаб бўлди. Энди яхшиликка
ёмонлик, эзгуликка жаҳолат, муҳаббатга нафрат туйғулари бутун ер юзини тута
бошлади. Иблис жаннатдан ҳайдалса-да, қиёмат кунигача абадий ҳаётга эришди.
Одам авлодларини ҳақ йўлдан оздириб ҳалокат йўлига олиб бориш, ёмонлик билан
уларни залолат қаърига етаклаш учун ҳаракат қила бошлади. Ушбу ниятини амалга
оширишга эришди ва эришиб ҳам келмоқда. Гўёки қасос уни янада жўш уриб барча
Одам болаларининг қонида, қилиб турган ишларида ҳукмрон бўлишига олиб келди.
Мана шу қисса башарият тарихида ижод этилган қатор бадиий асарлар таркибидан
ҳам жой олди. Илоҳий ахборот асардан асарларга кўчганда моҳият ўзгармасдан
макон ва замон, образлар табиати, детал хусусияти ўзгара бошлади. Носируддин
Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” асарида: “Одам жуфтинг бирла ужмоҳга киргил,
неъматларни енг. Бу бир йиғочга ёвуманг, золим бўлғайсиз”
3
. Кўриб турганимиздек,
асарда Қуръоний қиссанинг ўзгармаган, илоҳий ҳақиқатнинг асл ўзаги сақланган.
Ижодкор бундай ёзишдан олдин, албатта, муқаддас манбани ўқиган ва унинг ҳақиқий
илдизини сақлаган ҳолда асарга буни сингдирган. Алишер Навоийнинг “Тарихи
анбиё ва ҳукамо” асарида: “Ҳаво Одам алайҳиссаломнинг сўл ёнидан яратилди ва
баъзи ривоятда андоқдурким, Ҳаво дунёда яратилиб эрди. Ҳақ тақдир била Одамға
буғдой емакдин наҳий бўлди. Баъзи узум, баъзи анжир дебдурлар”
4
, деган сўзларни
ўқиймиз. Кўринадики, мазкур илоҳий қисса даврлар ўтса-да ўз тизимини сақлаган.
Хронотоп ва воқеа тизимининг сақланиши, ҳамда прототипнинг ўзгариб бориши,
бадиий асар моҳиятига ҳеч қандай таъсир этмаган. Шу тарзда Одам алайҳиссалом
ва Момо ҳаво ҳақидаги қисса мумтоз адабиёт, жаҳон адабиёти, замонавий ўзбек
адабиётида асосий сюжет ва образлар моҳиятини ташкил этди.
Бугунги замонавий адабиётимизда ошиқ-маъшуқа, рақиб (ағёр) образлари
мавжуд бўлган асарлар жуда кўп бўлиб, барчасида воқеа-ҳодисалар тизими ўзгача,
янгиланиш ва замонга мослашиш, миллийликдан йироқлашиш, адабиётнинг инжа
дурларини очиқ намоён этиш, илоҳий ишқ мисолида бадиий ҳақиқатдан узоқлашиш
тез-тез кўзга ташланмоқда. Юқорида тилга олганимиз Назар Эшонқул асари эса
айни Қуръоний қиссани “ўзгача” талқин этиши билан муайян миллий анъаналар,
миллий этика, энг муҳими, илоҳий ҳақиқатларга нисбатан нисбий антитезани
намоён этади.
1
Aлоуддин Мансур (таржима ва тафсир муаллифи) Қуръони карим маъноларининг таржима ва
тафсири “Бақара” сураси. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 1992. – Б. 432.
2
Aлоуддин Мансур (таржима ва тафсир муаллифи) Қуръони карим маъноларининг таржима ва
тафсири “Бақара” сураси. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 1992. – Б. 434
3
Носируддин Р. Қиссаси Рабғузий асари 1-китоб. – T.: Фан, 1990. – Б. 34
4
Навоий А. Тарихи анбиё ва ҳукамо. – Т.: Фан, 1990. – Б. 5.№ 2 2024
101
“Тақиқ меваси” ва илоҳий ҳақиқат
Назар Эшонқулнинг икки новелладан иборат бўлган “Тақиқ меваси” романида
Аллоҳ яратиқлари бўлмиш Одам Ато ва Момо Ҳаво силсиласи қонунияти
бузилганлигининг гувоҳи бўламиз. Қуръоний ҳикоя талқинини Назар Эшонқул
ўз момосидан эшитган. Одам алайҳиссаломни – Одам Ото, Момо Ҳавони – Малак,
Шайтонни – Маъбуд, Иблис, ва Шайтон деб изоҳлайди. Асарда Қуръоний исмлар
ва улар вазифаларининг ўзгарганлиги асл манбага бўлган ҳурмат ва эътиқод
масалаларига ҳам ишора қилади. Биз билган Қуръоний ҳикоя давом этаётгандек,
воқеалар бир маромда кечаётгандек кўринса-да, асарнинг Малак, Марсия
бўлимларига келиб конфликт пайдо бўлганлигини кўрамиз. Биламизки, Иблис ҳар
хил қиёфага кириши мумкин. Бу асарда Иблис барчанинг муҳаббатини эгаллайди,
ўзининг сўнгги зурриётини дунёга келтириш мақсадида ҳамманинг қалбидаги
эзгуликни ўғирлайди. Ҳаттоки, Одам Атонинг ҳам қалбидан жой эгаллайди. Аммо ўз
вазифасини охиригача бажармайди, чунки роман воқелигида Одам Ато томонидан
Момо Ҳаво ўлдирилади. “Ҳаммасини хаёлимда пишитиб бўлдим. Бошқа иложим
йўқ эди. Мен учун бошқа йўл ҳам қолмаганди. Ш. истеҳзо билан таъкидлаган,
бундан ўзгача ғурурланган Одам Отонинг хатосини такрорлашни истамадим…
Иблис менинг муҳаббатимдан охирги одам яратишни истамаганим мени маҳбусга
айлантирди. Малакни ўзимники қилдим. У менга, мен унга айландим”
5
.
Шу тариқа Одам Ато томонидан Малак фожиасига йўл очилди. Бу эса ижодкор
томонидан энг катта анормалликнинг юзага чиқишига олиб келган. Асарларда
детал, пейзаж, хронотоп, мотивлари ўзгарса-да, Қуръоний қиссанинг нотўғри
талқини бу асарни азалий ҳақиқатларга зид, экзистенциал ғояларнинг изчил
тарғиботчисига айлантирган.
Шу ўринда айтиш керакки, бу ҳолат асарда учлик тизимининг ҳам агностик
талқинига олиб келган “илк сюжет” мотиви экзистенциал мақсадларга сунъий
равишда бўйсундирилган. Иблис ўзининг сўнгги зурриётини дунёга келтириш
учун Малакни олма дарахти олдига олиб келганлиги ва буни кўрган Одам Ато
томонидан Момо Ҳавони ўлдирилиш саҳнаси “илк сюжет”нинг тамомила нотўғри,
ҳатто қасддан бузилганини кўрсатади. Айни илоҳий ҳақиқатга нисбатан талқиннинг
хатолиги, асосий матн билан номувофиқлик ҳолати яққол кўриниб турганлиги бизда
туғилган эътирознинг асоси ҳисобланади. Чунки юқорида Одам Ато ва Момо Ҳаво
қиссасини бекорга келтирмадик. Асл манбадан кейин келган Алишер Навоий ва
Носируддин Рабғузий асарларига ҳам тўхталдик. Уларда ифода, тасвир, баён қилиш
усули ва илоҳий ҳақиқат билан бирга воқеаларни жонлаштиришдаги тизимлилик
сақланган, ўзгармаган, қисса ҳақиқатига заррача хилоф келтирилмаган.
“Тақиқ мева”си романида эса воқелик тамомила бошқача. Асар муаллифи
воқеалар ичига кириши билан бирга, унга атайин аралашган. Ҳатто ижодий
нейтраллилик, бетарафлилик сингари ижод ҳақиқатига зид йўлдан борган. Асар
ичида муаллиф томонидан “Мен Одам Атонинг хатосини қилишни истамадим…”
деган жумла келтирилади. Бу илоҳий ҳақиқатга нисбатан бир исён эмасми?!. Инсон
бўлиб туғилишнинг ўзи илоҳий неъмат, бахт эмасми?
Аслида Одам Ато ва Момо Ҳаво Аллоҳ берган бир ҳикматли синовдан ўта олмади.
Бу сабр синови эди. Шу сабр синовлари кейинчалик барча Одам болаларига мерос
қолди. Буни “хато” деб изоҳлаш, менимча, ғарб христианлик фалсафасининг хато
бир хулосаси, холос. Ўзбек муҳитида ўсган, ота-онаси мўъмин бўлган бир йирик
ёзувчининг бундай фалсафаларга эргашувини эса ҳазм қилиш қийин.
Шунингдек, асарда Ғарб адабиёти саҳнаси, образлари муҳити кириб қолганидан
уларнинг вазифаси нима эканлигини фарқлай олмайсиз. Жимжимадор жумлаларда
акс этган маъно баъзида сизни ўйлантириб қўяди. Асар “Жаннатдан қувилиш”
5
Эшонқул Н. Тақиқ меваси. – Тошкент: Шарқ юлдузи журнали 3-сон, 2022. – Б. 84.Шарқ юлдузи
102
спектаклига тайёргарлик кўраётган Малак (Момо Ҳаво) ва Маъбуд (Иблис) ва буни
кузатиб турган Одам Атонинг ижролари орқали бошланар экан, асарда “саҳна”
хронотопи Иблиснинг макони сифатида тасвирланади: “Саҳна – муқаддас даргоҳ,
бу ерда фақат топинилади, сиғинилади, гуноҳ қилинмайди. Ёлғон ва хиёнат бу
ерда йўқ. Ким гуноҳ қилса, Аршу аълонинг жазосини олади”
6
. Бу ерда келтирилган
сиғинилади, топинилади каби жумлалар бизга ёлғиз Аллоҳ маконини эслатади.
Баъзи ўринларда Иблисга нисбатан йўқдан бор қилади, барча нарсанинг яратувчиси,
ном берувчиси, жон ато этувчи ва жон олувчиси деб ҳам келтирилган ўринлар учраб
туради. Бу келтирилган сифатлар ва “саҳна” интеръери, аслида, Аллоҳнинг макони
ва унга бериладиган сифатлар эмасми, бу сифатлар нега Иблисга ўтиб қолган?!
Аллоҳ таоло “Нур” сурасида марҳамат қилади: “Аллоҳ ўзи хоҳлаган нарсани яратур.
Албатта Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдур”. Бу сура орқали билишимиз мумкинки,
ёлғизлик, қодирлик, яратувчанлик ва йўқдан бор қилишлик ёлғиз Аллоҳгагина
хосдир. У яратган яратиқларига эмас. Асарда образлар аросатда қолгандек, ўз
вазифаси нима эканлигини унутиб қўйгандек, асосий воқелик ичида эмас, балки
ташқарида тургандек тасвирланган. Бунга сабаб ижодкорнинг асар ичида кўп бора
қатнашишидадир. Ҳодисалар энди ривожланиб келаётганда ёзувчи онасига мактуб
ёзади, момосини эслайди, олма дарахти ҳақидаги ҳикояни сўзлайди. Бу эса бўрон
бошланганда уни англаш ва кучайганда идрок эта олмасликдек гап.
Тўғри, ёзувчи илоҳий сюжет хусусида билдираётганимиз ушбу эътирозларга
жавобан, “Мен бу ерда илоҳий қисса талқинини эмас, метафорик усулда тамомила
бошқа ижтимоий, руҳий-маънавий муаммоларни бермоқчи эдим”, деган фикрни
айтиши мумкин. Аммо воқеликни бадиий талқин этишда шундай бир ҳақиқат
мавжудки, бадиий асар учун асос бўладиган ҳар қандай воқелик ўзининг асл
ҳақиқати, туб моҳиятига зид бўлмаслиги лозим. Илоҳий ҳақиқатлар эса инчинун
бундай тажрибалар ғарб адабиётида Данте, Вольтер, ўзбек адабиётида Фитрат,
Абдулла Қаҳҳорлар ижодида кўзга ташланадики, жаҳон ва ўзбек адабиётшунослиги
бундай талқинларга нисбатан ўзининг ҳақли баҳоси ва хулосасини аллақачон
бериб бўлган. Адабиётшунослик бундан кейин ҳам айни позициясини изчил давом
эттириши аниқ. Зотан, ҳеч кимнинг, у нақадар истеъдодли ижодкор бўлмасин,
илоҳий ҳақиқатларни ўз “мен”и, субъектив қарашларига, ҳатто метафорик планда
бўлса ҳам, мослаштиришга ҳақи йўқ деб ўйлаймиз.
“Тақиқ меваси” романи икки новелладан иборат бўлиб, новеллалар: “Ҳаво”,
“Малак” (ўз ичида еттита қисмдан иборат), “Аввал” (ўз ичида бешта қисмдан
иборат), “Мунозара” (ўз ичида иккита қисмдан иборат), “Марсия” якуний қисм
рақамлаштирилмаган. Бу роман новеллалардан ташкил топган асардир. Ижодкор
асарни нега “роман” жанрига киритди ва уни новеллаларга бўлди? Асар
романнинг жанр табиатига қанчалик мос кела олади, ундаги образлар, хронотоп
шакллари, деталлар буни кўтара оладими? Ҳозирги адабий муҳит қисқаликка,
психологик ифода услубига кўп эътибор қаратаётгани натижасида минироманлар
пайдо бўлмоқда. Роман деган жанр бу катта давр, катта муҳитни ўзида қамраб
олиши ва ҳақиқатларни ошкор этиши керак. Узоқ Жўрақуловнинг “Михаил Бахтин
кашфиётлари” мақоласида келтиришича, Бахтин учун роман: “Адабий жанрлар
ичида романчилик беқарор, шакл ва мазмунини доимий ўзгартириб турадиган,
муайян қолипга бўйсунмайдиган, шунчаки жанрлар ичидаги жанр эмас. Янги
дунёнинг тенденсияларини барча жанрлардан кўра яхшиқроқ ифода эта оладиган
жанр”
7
. Биринчи ўзбек романи “Ўткан кунлар”ни эслайлик. Унда илоҳий
ҳақиқатдан ўсиб чиққан ошиқ-маъшуқа, рақиб учлигидаги сюжет ипи узилмаган.
6
Эшонқул Н. Тақиқ мева. – Т.: Шарқ юлдузи 3-сон, 2020. – B. 42.
7
Жўрақулов У. Назарий поэтика масалалари. – T.: Ғафур Ғулом НМИУ, 2015. – Б. 80.№ 2 2024
103
“Тақиқ меваси” ва илоҳий ҳақиқат
Тасвирланаётган воқеалар тарихий асоси билан бирга келтирилган. Халқ ва жамият
ҳаётида энг муҳим саналган даврлар ёритилган. Энг муҳими, образлар реал асосга
эгалиги билан роман жанри қоидаларини ўзида сақлаган. Асар ичидаги ҳар бир
ҳикоя бир-бирининг узвий давоми сифатида асарни янада ривожлантирган. “Тақиқ
меваси” романидаги новеллалар ҳам асарни бир мақомдан иккинчи мақомга олиб
чиқаётган бўлса-да, аммо тушунарсиз воқеалар кетма-кетлиги асарда ҳукмрон.
Ўқувчини асар мазмунидан чалғитиб юборади. Асарда роман учун хос бўлган
қонун-қоидалардан кўра кўпроқ инсон онги билан руҳиятини тасвирлаш, унинг
ички “мен”и билан кечаётган изтиробларни акс эттириш, баъзида ёзувчининг ўз-
ўзи билан суҳбатлашиш жараёнлари ҳам учраб туришини кўриш мумкин. Ижодкор
Қуръони каримда келган Одам Ато ва Момо Ҳаво қиссасини асарга олиб кирмоқчи
бўлган, аммо талқин бузилган (ошиқ-маъшуқа, рақиб ўз вазифасини бажармаган
ва тўртинчи образ Ҳосила олиб кирилган. Одам Ато Момо Ҳавони кўриб қолгунча
у Ҳосиланинг девона севгисига жавоб қайтаролмай юрган эди). Бу асар роман
жанридан кўра кўпроқ қисса жанри қолипларига мос келади. Чунки қиссада
кўпроқ психологик жиҳатдан ёндашиш, образнинг ички “мени” орқали воқеликни
ифодалаш, композиция бир ёки бир неча шахс атрофида ечим топиши, қўйилган
муаммо ҳаёт ҳақиқатига мос тарзда кечиши, мазмун ва моҳият бириккан ҳолда
асарга жон киргизиши, кўп саҳифали бўлиб кетмаслиги каби канонлар устувор
бўлади. Бу романда ҳам қиссага мойиллик бор.
Асарда кўпроқ Ғарб анъанаси услуби кўринади, чунки ижодкорнинг барча
қисса ва ҳикояларида Ғарб адабиётидан ўзлаштирилган намуналар учраб туради.
Ғарбий Европа ва Америка адабиётида повесть маъносида қисса тушунчаси йўқ.
Насрнинг романдан бошқа барча жанрлари “новелла” термини орқали ифодаланади.
Ижодкорнинг ҳам жаҳон адабиётидан тажрибалари кўп бўлганлиги учун, балки
бу асарни роман-новелла шаклида ёзмоқчи бўлгандир, аммо бу ўзини оқламаган.
Асарда доим бир образ, ёки детал (мисол учун, олма дарахти, олма гули, олма
гулли кўйлак) атрофида тўхтаб қолиш ва доим уни очиқ ракурсда кўрсатиб бериш,
романга хос бўлмаган интерьернинг тўғри танланмаганлиги, образларнинг бир
муҳитда яшаб қолиши, ифоданинг қабариқлилиги, равон ва тушунарли эмаслиги,
узун жумлалар ва жумбоқларнинг кўплиги, муболаға бўлса-да, ҳақиқатда мавжуд
нарсани тўғри услубда қўлламаслик (Илон ниш урди-илон ниш урмайди, чақади,
заҳар солади) каби иборалардаги хатолик бу романга хос элементар хатоликлар
дейиш мумкин. Илоҳий ҳақиқатнинг бузиб талқин қилиниши эса энг катта хатолик.
Муқаддас китобда келган қиссалар ғоявий жиҳатдан ўзгариб кетмаслиги керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, истеъдод ҳам, унинг меваси ҳам Аллоҳ
томонидан инсонларга бериладиган олий неъматдир. Бу неъматни ўзи берган
йўл ила, ўз ҳақиқатларига мос равишда босиб ўтишимиз лозим. Бугунги ёзилган
асарлар янгича руҳда, янгича кўринишда оммага тақдим этилябди. Уларда қанчалик
моҳият ҳақиқатга яқин, қанчалик тўғри изоҳлар билан келтирилмоқда бунга
бўлган эътибор эса анча суст. Чиройли изоҳ ва ҳайратланарли фикрлар, сунъий
тўқималик ўқигувчини жалб этиб, асл манба моҳиятини ортда қолдирмоқда. Биз
ушбу мақола орқали муқаддас Қуръони каримдаги тарихий ҳақиқатнинг бошқа
асарларда кўчиши, кўчганда ўзгарувчанлик қандай ҳолатда намоён бўлишини
кўриб чиқдик. Назар Эшонқулнинг “Тақиқ меваси» романида Қуръоний қиссанинг
талқини хусусида фикрлашдик. Ҳар қандай асар асл ҳақиқат даракчиси ва ундан
хабар бериб туриши керак. Аллоҳ нозил қилган ҳақиқатларни ўзгартириш мумкин
эмас, айниқса, адабиётда. Зеро, бундай ҳақиқатлар доим инсоннинг ўзлигидан биз
Аллоҳники эканлигимиз ва унга яна қайтишимиз лозимлигини эслатиб туради.