
Жўра ФОЗИЛ – 1949 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги
ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Муҳаббатнинг байрамлари”,
“Барқут мавсум”, “Бухоро элчиси”, “Бахт юлдузи”, “Менинг қизил гулим”, “Айрилиқ
остонаси” каби китоблари чоп этилган. К.Паустовский ва В.Астафьев асарларини
таржима қилган.
Ҳикоя
Кийибсиз шуъладан кўйлак, бирам нозик, бирам нозик.
Тақибсиз лоладан баргак, бирам нозик, бирам нозик.
Жамол Камол
Кўҳна Бухоро замини волидаси сийнасига интилган гўдак сингари зориқиб қор
кутарди. Қор эса ҳадеганда ёғавермас, интизорлик беш йилдан буён давом этарди.
Ниҳоят, табиат фарзандига шавқат қилди, қор ёға бошлади. Замин маъшуқаси
лабига лаб босиб, сархуш бўлган ошиқ янглиғ чуқур тин олди-ю, еру осмон бир
бутун бўлиб қўшилиб кетди, хўрсинди.
Қишнинг энг узун туни – Ялдо кечаси оппоқ кўзёш тўкарди.
Сирасини айтганда, бу узун кеча йилнинг эмас, илк муҳаббатнинг Ялдо туни
бўлиб, ундан минг-минг ошиқлар умидвор эдилар.
Отахон шиддат билан ёғаётган қор учқунлари аро кўзлари йиртилгудек бўлиб
кимнидир, ниманидир изларди. У ўн етти ёшида эс-ҳушини ўғирлаган, шуъладан
кўйлак, лоладан баргак таққан ўша қизни излар, тополмай юраги қонланарди.
Юракда қолган илк муҳаббат излари шунчалар ҳаётбахш эдики, қария
кўнглининг туб-тубидаги армон баҳор чечаклари янглиғ чаппар уриб гул очарди.
Ҳатто кейинги йилларда сокин-маҳзун куз фасллари ҳам аввалгиларига ўхшамас,
ёруғ, ишқ оҳангларига тўла бўларди.
Шу кеч кузда ҳам дарахтлар то сўнгги дақиқаларгача баргларини тўка олишмади,
кўзлари қиймади. Видо эса барибир жуда қатъий, шавқатсиз бўлди. Аммо инсон
юрагида баҳор насимлари эсиб турар экан, табиат билан боғлиқ ғам-андуҳлар уни
енга олмайди.
Совуқ бир кечада ўз ишини қилиб улгурди. Барглар бир кечада ер билан битта
бўлдилар. Кейин эса аста-секин совуқ заптига олди.
Мана энди ҳаво бироз илигандек бўлди-ю, гупиллаб қор ёғди. Узоқ кутилган қор
Муҳаббатнинг ялдо туни– узоқ кутилган фарзанддек азиз эди. Афсус, у ҳам бир кечада эриб кетиши мумкин.
Чол қор қўйнида баҳор гулларини кўраётган бўлса-да, ўзи кеч кузнинг сўнгги туни,
япроқларни хазон этган совуқ ҳақида ўйлар, юрагида қарама-қарши ҳислар мавж
урарди.
Бир оёқ остидаги япроқларга кўнгли ачиса, бир “Ахир, улар эрта кўклам яна
туғилади-ку!” дея таскин топарди. Чунки у ўз умрининг кеч кузидами, ёинки, қора
қишидами эканини билиб-била олмасди. Ва умри шу япроқлардек қадрсиз эканини
яхши тушунар, аммо қандайдир мўъжиза кутишдан сира чарчамасди.
Ахир ҳаётда мўъжиза кўп-ку! Машҳур қўшиқда куйланганидек, “Сенинг
висолингга етгунча Тангрим, ҳаётдан нимадир кутаверамиз”.
Инсон агар идрок эта олса, унинг ҳаётидаги энг биринчи, энг улуғ мўъжиза илк
муҳаббатдир. Бу севги Арши Аълода, Коинотнинг энг юксак нуқтасида, Аллоҳ
иродаси ила содир бўлади. Сўнгра Заминга тушиб, одамлар кўнглидан жой олади.
Бу ишқ ҳеч қачон қаримайди, тўзимайди, ўлмайди, мангу яшайди. Шунинг учун
ҳам дунёда ҳаёт бардавом, абадийдир.
Илк севги одам боласининг қалбида лолақизғалдоқ янглиғ униб чиқади.
Қизғалдоқ – энди кўтарилаётган қуёш рангида. Аммо кўксида қора доғ бор. Шу
боис у илк муҳаббатга кўпроқ ўхшайди.
Дуркун тоғ лоласи эса инсон боласи эришган севгига монанд.
Қизғалдоқ баҳорнинг илк хазони.
Илк муҳаббат – лолақизғалдоқ – баҳор хазонларига ўхшайди. У шўрлик бир
ҳафтада қарийди, қурбон бўлади. Уни том маънода қурбон дейиш жоиз эмас,
табиатнинг бу мўъжизаси гўзаллик йўлида фидо бўлади.
Аксарият ҳолларда илк муҳаббат ошиқлар висолга етишлари билан якун
топмайди, балки янада улканроқ ишқ сари йўл очади.
Қуёш фақат табиатдаги қизғалдоқни куйдиради, холос. Қизғалдоқ янглиғ илк
муҳаббат икки тажрибасиз ошиқ қалбига кўмилади, лекин ўлмайди.
Узоқ кутилган қор энг узун кечада ёғди. Ўйнаб, учиб, яйраб, қувнаб ёғди.
Замин шу узун тунда онаси қўйнидаги чақалоқдек ором олди. Чол эса ухламай
қор ёғишини кенг супада томоша қилар, юраги ҳаприқарди. Бирдан занг босган
оғир темир дарвоза ғийқиллаб, истар-истамай очилди.
Эски ҳовлининг, эски дарвозаси ўз эгасининг афтода кўнглига монанд, ҳадеганда
ҳар кимга очилавермасди. Ҳозир ҳам у зўрға ярим очилди.
Қирмизи лола рангли кўйлак кийган гўзал қиз ичкарига қадам ташлади.
Чолнинг юраги гурс-гурс ура бошлади, ҳаяжонга тушди.
Ташриф буюргувчи шу аснода қор қўйнидан униб чиққан лолага жуда-жуда
ўхшаб кетарди.– Ассалом, азизим! Наҳот танимаган бўлсангиз?
Мен, ахир, Лоламан, Лолахонман! Муҳаббатингиз!
Ҳа, ҳа, илк муҳаббатингизман! Суюклигим, якка-ю ягонам! Мен ўша-ўша,
Лолангиз…
Қиз оппоқ қорга чўккалади. Ял-ял ёнди. Сўнгра йиғлаб юборди. Кўзёшлари
бахтли одамнинг ёшларига ўхшарди.
Чол ҳам қорга ўтирди, қизга қўшилиб кўзёш тўкди.
Улар узоқ йиғладилар. Сўнгра чуқур тин олдилар.– Ё, Худо! Муҳаббатга етганимизга шукур! Бу не бахт?!
Бу сўзлар ҳар икковининг юраги қаъридан нидо бўлиб чиқди. Ва бўм-бўш
ҳовлида момақалдироқдек акс садо берди.
Қор ҳамон бўралаб ёғар, ҳар икки ғариб кўнгли илоҳий нурдан ойдинлашиб
борарди.
Тонг оқараётгани, ҳали замон қуёш чиқиши билиниб турарди.
Ахир кўнгиллар нурафшон бўлгач, тонг отмай қолмайди.
Тўсатдан кенг ҳовлини қоплаган қор кўрпаси ғойиб бўлиб, кекса ошиқнинг
нигоҳлари олдида жуда олис йиллар ортида қолиб кетган Хонтушар яйловнинг
Савр ойи ўрталаридаги алвон ранг манзараси пайдо бўлди. Ёрқин ранглардан
унинг боши гир-гир айланди. Ўзи қай маконда эканини идрок этган бўлса-да, қай
замондалигини ҳеч эслай олмасди.
…Хонтушар туни билан кўклам ёмғирига чўмилган, элас-элас кўзга ташланаётган
Қулжуқтов томондан сар-сари еллар эсарди. Баҳорнинг бетакрор ҳиди димоқни
қитиқларди.
Барқ уриб очилган лолаларнинг айримлари шабада таъсирида эгилиб, кўз
ёшларини тўкиб улгуришган, баъзилари эса шамол зулмига дош бериб, тик
туришар, алвон жомлари биллур томчиларга тўла эди.
Лолахон лолалардан-да гўзалроқ, хандон ташлаб кулар, қучоқлари гулчечакка
тўла эди.
Мана, у бир неча қизғалдоқни харидорига отди.
Йигит бу лутфдан ғоят мутаассир бўлди. У сархуш эди.
Ҳар ошиқ севгиси ўқилмаган китоб. Зеро, бу китобни икки ёш аввало не-не
ранжу алам ила битмоғи, таҳрир қилмоғи, ёд олиши лозим. Аммо севги илмини
яхши билмаган ошиқларнинг ҳаммаси ҳам бу юмушни яхши уддалай олишмайди.
Чунки бунинг учун юрак қони зарур.
Севгисиз ҳаёт – чуқур лаҳаддек қоронғи, ундан кўнгиллар ёришмайди.
Хонтушарда қучоқ-қучоқ қизғалдоқ тераётган ошиқлар ишқ осмонида эдилар.
Улар заминга қайтишганида йўллари айро тушди.
Ўша олис йиллар ортидаги авжи баҳор фаслидаги лола сайли улар муҳаббатидан
якка-ю ягона хотира бўлиб қолди.
Дарвоқе, сўнгги лола сайлидаги барқ уриб очилган қизғалдоқлар кўксидаги
қора доғлар муҳаббат армонларига ишора эмасмиди?..
…Алвон шуълалар секин-аста нурсизланиб, атроф-жавониб яна оппоқ сукунат
қўйнига ғарқ бўлди. Ошиқлар суҳбати давом этарди.
Чолнинг кўзларидан ҳамон ёш тирқирарди. Унинг юраги, бутун вужуди, онг
шуури қон йиғлаётганди.
Ахир, илк севги ҳар ошиқ учун Аллоҳнинг буюк марҳамати-ку!
Чол кўнгли, вужуди ёшариб бораётганини ҳис этарди. Лолахон буни дарҳол
сезди ва худди ёшлигидагидек истиғно қилди.
Илк севги ёди уларни ҳаяжонлантирарди.
Зеро, муҳаббат тан, вужудга эмас, юрак, қалб, руҳ, осмону фалак билан боғлиқ.
Ўз жуфти бўлмаса, эркак ҳам, аёл ҳам зулматда яшайди.
Ишқсиз умр – қовжираган саҳро!..
Тун қариди. Ошиқлар Арши Аълодан заминга тушдилар.
Чол чошгоҳда аранг кўзини очди. Хона ҳам, кўнгли ҳам ҳувуллаб қолганди.
Лолахон ҳеч қаерда кўринмасди. Фақат дарвозадан кирган ва чиқиб кетган оёқ
излари қорда яққол кўриниб турарди.
Шунда чол бу туш эмас, ўнг, ҳақиқат эканлигига ишонди.
Менга ёр бўлмади,
Ўшал париваш,
Бундан шод ўлмади,
Бу дили ғамкаш.
Бирдан юрагининг энг олис бурчаги туб-тубидан бир фиғон, нидо, нола
эшитилди.
Ё, Худо, Дунёни халоскор гўзаллик қутқаради! Ҳа, ҳа фақат гўзаллик!
Бошқа ҳеч нима эмас, ҳеч нима!
Низолар, қарама-қаршиликлар, ҳаром пул, урушлар тамаддумни ҳалокатга
етаклайди.
Гўзалликни ҳис этиш, дунёни қутқаришга ҳисса қўшиш учун инсон қалбида
Муҳаббат, Баҳор, Севги мангу устувор бўлиши керак.
Гўзаллик шиори остида қалбида муҳаббат бўлган инсонлар бирлашиши зарур.
Ҳалокатнинг олдини олишнинг бошқа йўли йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас!
Яна қариянинг кўз ўнгида Лолахоннинг нурли сиймоси гавдаланди. Чор-атрофда
шуъла ҳукм сурарди. Чолнинг кўзлари ёшга тўлди. Бу севинч ёшлари эди.
Оқ, оппоқ ва алвон шуълалар, Еру осмон чархпалак бўлиб айланар, ранглар
қуёш нури билан уйғунлашиб, улуғвор манзара касб этган. Кекса гўдакнинг
кўзлари қамашар, юраги ҳаприқиб, кўкси ачишар, онг-шуурида тиниқлик, ҳаяжон
зоҳир эди. Унинг ҳайқиргиси, одамларга кўп гаплар айтгиси келарди. Тилига нуқул
“Гўзаллик”, “Муҳаббат” сўзларидан бўлак калима келмасди.
Энг аввало, гўзалликни ҳис этадиган инсонлар керак.
Гўзаллик – китобсиз жамият учун ғоят нофаол тушунча.
Уни ҳис этадиган қалбларгина фаоллаштира олади.
Гўзалликни ҳис этмайдиган юраклар Дунё шўри, шўр пешонаси! Гўзалликдан
баҳра олиб яна қабоҳатга қўл уриш бу инсоният ҳалокати, таназзулидир.
Қуёш оппоқ қорлар бағрини секин-аста илита бошлади. Қалин кўрпадан
билинар-билинмас ҳовур кўтариларди.
Бепоён лолазор эса энди кечаси ухламай, маҳбубаси билан суҳбат қурган кекса
гўдак кўнглига кўчганди.
Унинг лаблари сассиз пичирларди:
Ёр кетди-ю, анинг нози қолибдур,
Андоқки қулоғим тўла овози қолибдур…
2024 йил Ақраб ойининг 22–29 саналари,
Ромитан.