Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Бир ишқ кезинади томирлар аро

Дилором ЭРГАШЕВА – 1967 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини
(ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Унинг “Ойнинг ўн беши”, “Муҳаббат”, “Ҳеч нима дийдорга
етмайди”, “Машрабона”, “Ошиқ ўлсанг” (девон) ва “Асрор” (девон), “Пайванд” каби
шеърий китоблари чоп этилган.


* * *
Хаёлга эрк берсам,
Кўришсак…
Ва боғлар солланса турфа ранг.
Сўрмасанг дардимни,
Бўлишсак,
Йиғласам…
Йиғласанг…


Майли шу хаёлга кўнсаму,
Кўзингни кўзимга кўмсаму,
Очмасам, кўзимни юмсаму,
Йиғласам…


Не замон чеккайман фироғинг,
Яқининг ёмонми, йироғинг…
Кел, десам, кўзимнинг қароғи,
Йиғласанг…


Ғунчалар оғзи ланг очилгай,
Булбулнинг тиллари ечилгай,
Бу боғлар бир савдо кечиргай,
Йиғласак…
Йиғласак…


***

Уйғотдим Қуёшни, бошини силаб,
Артдим хира тортган само ойнасин.
Бошни уриштириб булутлар билан,
Йўлини кўрсатдим адашса насим.


Ва ерга чизаман Ойнинг расмини,
Майсалар расмини соламан кўкка.
Кўзимни осмонга бериб тураман,
Кейин ёмғирларга тўлади ўпкам.


Қўлимга оламан эрка тошларни,
Кафтимдан сув ичар худди қушлардек.
Тилини топаман шамолларнинг ҳам,
Худди минг йил бирга ёрга учгандек.


Бир ишқ кезинади томирлар аро,
Руҳимга бегона бўлган баданда.
Мен бунинг барини яшадим ахир,
Ишқ камол топаркан ёлғиз одамда.


* * *


Кўзимни денгизга солдим,
Сўзимни денгизга солдим,
Ўзимни денгизга солдим,
Не бўлар баҳримдан ўтсанг.


Шамоллар қувдилар, қочдим,
Саволлар қувдилар, қочдим,
Ёмонлар қувдилар, қочдим,
“Қайда?” де шаҳримдан ўтсанг.


Сўзимнинг болини тутдим,
Елкамнинг ёлини тутдим,
Меҳримнинг борини тутдим,
Куярсан бағримдан ўтсанг.


“Дили ўт, ҳислари ўт, – де,
Йиғлама, йиғлама, кут, – де,
Кел, менинг қўлимни тут, – де,
Билмайсан даҳримдан ўтсанг!”

* * *


Бошингни саждага қўймоқ учун ҳам бир ватан бўлсин,
Қаерда бўлма дилни боғлаган занжир ватан бўлсин.


Ватан бўлсин, муҳаббат қасрини қургилки қўнгулда,
Йиқилмас, зое бўлмас, ҳар замон ҳозир ватан бўлсин.


Қурибдир эски тандир ичра ин қуш, бола ҳам очмиш,
Учирма бўлмагунча бузма уй, тандир ватан бўлсин.


Кетиб Ҳинд сорига ёхуд ўзинг остирмагил Балхда,
Бағрни бағрида ишқи билан ёндир – Ватан бўлсин!


Отанг-онанг ётар тупроқни сур кўзингга, эй фарзанд,
Кетар бўлсанг йўлингдан этгали қодир ватан бўлсин.


Нетар мен бўлмасам, унга фидолар неча минг бордир,
Етар у бўлсин, унга садқа бу жондир, Ватан бўлсин!


Дило, сўз ўрнига гулу ниҳол тик, яшнасин юртинг,
Чаман бўлсин, бу олам ичра бир нодир ватан бўлсин.


* * *


Чидолмасдан кўзингни наргисига,
Қилурман арз биридан наргисига.


Гаҳи ойга, қуёшга дўнди рўйинг,
Агар кирсам чаманга, гул тусига.


Сабо бирланму келди, ёр, саломинг
Димоғим тўлдирур гулбарг исига.


Юзунг, кўзунг, лабинг – орзум, наҳотки,
Ўлиб етсам тирикнинг мажлисига?!


Кетар гар Дил демай дардини ошкор,
“Муҳаббат” деб ёзинглар ташхисига.


* * *


Мани ёр ёдидинму ё чиқарди,
Ўзи чорларди бизни ё чиқарди.


На янглиш кечдиким, ёнига борсам,
Кўзидин ўқу қошдин ё чиқарди.


Кўтарса пардани дунёга чиқса,
Кўрарга юзини дунё чиқарди.


Манга пешвоз юрарди анга юрсам,
Ҳар одимдан бу жон гўё чиқарди.


Дило, тўти эдинг зикрида гулнинг,
Не толеъ, булбулигўё чиқарди.


* * *


Нетонг шабнам каби сен гулга тушсам
Ва ё кўзёш бўлиб булбулга тушсам.


Сани йўлингга тушсам бир булутдек
Ва ё йўлингдаги кўнгулга тушсам.


Сенга ёқмоқ учун ҳар кўйга тушдим,
Мани қақнусга дўндир кулга тушсам.


Кўзим ўғирласа гулдек юзингдан,
Тушай гул ўғрисидек, қўлга тушсам.


Тушиб бир Дилга, отим бўлди ошиқ,
У дил орқамда қолсин йўлга тушсам.


Мустаҳзод


Олам ҳама то бўлди, мунаввар назарингдан,
дилбар назарингдан,
Хас бўлдию гул, қум – дуру гавҳар назарингдан,
санг – зар назарингдан.


Йиғлар эди кўнглим туну кун боқмади деб бир,
то йўқ эди тадбир,
Боқ, энди дилим йиғлақи баттар назарингдан,
кўз тар назарингдан.


Қоши камонинг, киприк ўқинг, ўтли қарошинг,
жонларни талошинг,
Хулласки, азоб ўқини танлар назарингдан
танлар, назарингдан.


Кеч журму гуноҳимнию раҳмат назарин эт,
кечсанг хабарин эт,
Раҳм айламасанг, ким мени асрар назарингдан,
наштар назарингдан?

Боққан биладур, бу ики ҳиндуни болоси –
Алло(ҳ)ни балоси,
Англолмади эл – Дил нечук анвар назарингдан,
ахтар назарингдан.


* * *
Кўр, ҳажр аро музтар кўнгул,
Йиғлаб туну кун тар кўнгул,
Мендек юзинг ё ҳар кўнгул,
Истар кўнгул, истар кўнгул.


Бир сун табассум, дилбаро,
Кулсун табассум, дилбаро,
Ҳар кун табассум, дилбаро,
Истар кўнгул, истар кўнгул.


Ҳуснинг бағоятлар қилиб,
Васфиға оятлар қилиб,
Келсанг ниҳоятлар қилиб,
Истар кўнгул, истар кўнгул.


Кўрсам қароғингда ўзим,
Тўлсун қароғинг-ла кўзим,
Сўнг онда исминг-ла сўзим,
Истар кўнгул, истар кўнгул.


Дил ёра, кел бир мутлақо,
Дил ёра, кел, бир, мутлақо,
Дил ёра кел бир, мутлақо,
Истар кўнгул, истар кўнгул.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil