Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВНИНГ БИРИНЧИ МУҲАББАТИ

Муҳаммад ИСМОИЛ – 1964 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Тазарру саодати”,
“Тасаввур чизиқлари”, “Кўнгил мулкига сафар”, “Саҳройи гуллар”, “Сиз ҳамон ўшасиз”
каби китоблари нашр этилган. Шеърлари ҳинд, турк, белорусь, рус, инглиз, туркман, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ каби тилларга таржима қилинган.


Бадиҳа


Чингиз Айтматов Ўзбекистонда энг кўп ўқиладиган ёзувчилардан бири. Унинг
асарларида ўзбекнинг дарди, қувончи, ташвиш-у шодликлари мужассам. Унинг
асарлари гўёки ўзбек ўқувчисига атаб ёзилгандай. Мамлакатимизда ёзувчининг
ўн томлик танланган асарлар тўплами, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
томонидан бир томлик алоҳида қисса ва ҳикоялар тўплами, Чингиз Айтматов
ҳаёти ва ижодига бағишланган 530 бетлик “Икки элнинг азиз фарзанди”
мақолалар тўплами, атоқли адиб Аҳмаджон Мелибоевнинг “Чингиз Айтматов
ва Ўзбекистон”, академик Акмал Саидовнинг “Чингиз Айтматов феномени”,
таниқли олим Сайди Умировнинг “Эзгу умид, ҳаётбахш руҳ” сингари китоблари
чоп этилди. Чингиз Айтматов ижодига эҳтиром тобора ортиб бораётганини
инобатга олиб, журналимиз ижодкорлари таниқли шоир Муҳаммад Исмоилнинг
“Чингиз Айтматовнинг биринчи муҳаббати” бадиҳасини чоп этишга қарор
қилди. Умид қиламизки, бадиҳа сизни бефарқ қолдирмайди. Чунки, бадиҳада буюк
файласуф ижодкор Чингиз Айтматовнинг ибратли сўзлари, ҳикматли фикрлари,
қалб нолалари гўзал тарзда ўз ифодасини топган.
Тунги Париж одамни энтиктириб юборадиган даражада чиройли кўринади.
Нафис япроқларини қуёш нурларидан асраб, кун қайтгач минг турли кўрку
тароватини аямай, ловуллаб очилган намозшомгулларни эслатувчи ранг-баранг
чироқлар пойтахтга шу қадар ҳусну латофат бахшида этган эдики, Сена дарёси
бўйларига икки минг йиллар олдин дастлабки ғиштлари қўйилган бу шаҳар кўз
қамаштирувчи ғаройиб гўзаллик салтанати оғушида ястанарди.
Инсоният даҳоси яратган энг буюк санъат дурдоналари мужассам дея эътироф
этилган Лувр музейи майдонларидан ўтар эканман, Парижнинг ўта мафтункор
мавзеларидан бири буюк бобокалонимиз ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур
номлари ила аталиши қалбимни ифтихор туйғулари билан лиммо-лим этганди.
Жонажон диёримизга элтувчи самолёт тунги соат бирларда учиши ва бунга ҳали
фурсат борлиги туфайли аэропорт файеларини бамайлихотир, эринчоқлик билан
кезардик. Тил билмаслигимиз бизни соқов кишининг аҳволига тушириб қўйган,
устига-устак ўзбек тилини, ўзбекча сўзлашишни, ўзбеклар билан ҳангома қилишни
ич-ичимиздан соғингандик.
Аэропорт нозирлари Тошкент йўловчиларини чорлаётганини эшитиб ортга
бурилар эканман, сафар халтасини кўтариб, самолёт трапи томон юраётган Чингиз
Айтматовга кўзим тушиб, бу лаҳзалардаги чексиз қувончим тимсолга айланиб, Хизр
алайҳиссаломни кўргандай бўлдим. Мен Чингиз Айтматовни эсимни таниганимдан
бери яхши кўрардим.
Сочлари оқарган, юзи, бўйинларини қалин ажин қоплаган, лекин кўринишидан
етмиш икки яшарга асло ўхшамайдиган, бўйи баланд, барваста ва қарашлари
ниҳоятда самимий бу одамга пешвоз чиқар эканман, унинг машҳурлиги ёдимга
келиб эсанкирайман. Аммо иккиланадиган фурсат эмасди.– Салом, Чингиз оға!– Салом, салом!– Тошкентга келишингизни Одил Ёқубовдан эшитган эдим. Мен Одил аканинг
кичик шогирдларидан бўламан.
Чингиз оға худди эски танишини учратгандай жилмаяди.– Шогирд бўлсанг, демак, сен ҳам у-бу нарса ёзар экансан-да.– Э, бизники шунчаки… Ҳозир замон шу қадар тезлашиб кетдики, ўқишдан қўл
бўшамаяпти, – дейман суҳбат мавзусини сал ўзгартиришни истаб. Машҳур одамлар
билан танишишнинг осон томони шундаки, худди эски танишингизни учратгандай
кўпам бегонасирайвермайсиз.– Ҳа, ўзгаришлар кўпайиб кетди. Кейинроқ бир кел. Гаплашамиз!
Мен ўриндиғимни излаб нари кетдим. Ёзувчининг сўнгги сўзи кўнглимда илиқ
бир журъат, қайта кўришиш имкониятига элтувчи саодат бағишлаб завқлантирди.
Тонгги соат бешларда дастхат ёздириб олиш, кейин шу билан мақтаниб
юришларини олдиндан билганим ҳолда, ўзларини осмон чоғлаб юрадиган бир
талай ўзбек ёш шоир ва ёзувчиларининг китобларини кўтариб олиб, самолётнинг
олд қисмига қараб юрдим.
Чингиз Айтматов суянмаган ҳолда мудраб ўтирарди.
Боши қуйи эгилган, кўзойнаги бурнининг учига қадалиб қолган эди. Ортга
тисарилиб, қайтишга шайландим. Лекин қўлидаги газета тушиб кетмаётгани,
унинг уйғоқлигидан дарак берарди.
Ниҳоят у кўзини очди ва бироз саросимага тушиб газеталарини тахлар-тахламас
четга сурди.– Кел, чироғим!
Энгашиб икки қўлимни узатдим.– Узр. Безовта қилдим.– Ҳечқиси йўқ. Қўлингдаги нима?
– Дастхат учун.
Чингиз Айтматов дўстларимнинг бояги китобларини қўлига олиб бир-бир кўра
бошлади. Баъзи бир шеърларни овоз чиқариб ўқиди. “Шоири замон”ларнинг китоб
ортидаги расмларига синчиклаб тикилди. Шундай китоблардан бири – “Дилрабо
оқшомлар”ни варақлаб, анчайин тикиларкан:– Бир фалсафа борга ўхшайди, – деб қўйди.
Шунда мен ёзувчини ўзимча кашф этгандай бўлдим. Хаёлимга, “Бу буюк ёзувчи,
донишмандларга хос заковат билан ҳаётдаги ҳар бир ҳодисадан ҳамиша улуғ бир
мантиқ излаб яшайди. Унинг юрагига мангу ўчмас ғалаён олови ёқиб қўйилган”,
деган фикр келди.– Бу китоблар, албатта, Европа ўқувчисининг назарида ниҳоятда содда туюлса
керак, – дедим худди китоблардан камчилик чиқиб қоладигандай.– Шеър ҳам баъзида гулга ўхшайди. Гул қаерда бўлмасин, у барибир гул. Қадри
ҳам, гўзаллиги ҳам ҳамма жойда бирдай. Тошкентдан гул кўтариб келсангиз, ҳеч
ким унинг гул эканлигини инкор этмагандай, бу шеърлар парижликларга балки
маъқул тушар.– Назаримда, адабиёт авваллари бир хил эди… Энди эса ўқиладиган нарсалар
шу қадар кўпайиб кетдики… Ўқийвериб, одамнинг умри ўтиб кетяпти.– Ўқиш ҳеч қачон зиён қилмайди. У одамнинг дунёқарашини бойитади. Албатта,
ҳар бир ўқиган нарсадан хулоса чиқариш керак. Ҳар биридан. Лекин чалғиб
кетмаслик лозим.– Чингиз оға, илҳом деган нарсага ишонасизми? Сизга илҳом бўрон каби келса
кераг-а?

– Илҳом бор нарса. Лекин у менга қачон, қандай ҳолатда келишини билмайман.
Худди эртага нима бўлишини, миямга нима фикр келишини билмаганим каби.
Осмонда юлдузлар қанча бўлса, одамнинг бошида ҳам шунча ўй-хаёл бор.
Осмоннинг сирини Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Бизнинг ақлимиз ҳам
осмонга ўхшаб жумбоқларга тўла.– Сизнинг атрофингизда одамлар ҳамиша гавжум. Одамларнинг орасида ҳам
ёзиб ташлайверасизми, ё улар ҳалақит қилишадими? – Одамлар орасида ёзолмайман. Фақат ёлғизликда ёзаман. Ҳатто, хонамга биров
кириб қолса ҳам, чиқиб кетишини кутиб тураман. Одамлар орасида ўйланиб,
асарни пишитиб юравераман, лекин ёзишга келганда, ёлғиз қолишим шарт. – Биринчи муҳаббатингизни эслай оласизми?– Менинг отамни “халқ душмани” дея, 1938 йил отиб ташлашган. Кейин
оиламизга ҳам, қариндош уруғларимизга ҳам кўп таҳдидлар бўлган. Бир куни
“советларга қарши унсурнинг фарзанди” сифатида мактабдан ҳайдашмоқчи бўлиб,
дарсдан чиқариб юборишган. Ташқарида узоқ вақт йиғлаб юрганман. Мактабдан
кетмайман деб ўжарлик қилиб туриб олганман. Деразадан ичкарига қараб жуда
хўрлигим келган. Ҳамма дарс қилаяпти, мен эса ҳайдалганман. Бошимни эгиб,
ҳиқиллаб кетаётсам, ортимдан бир қизчанинг чақирганини эшитдим. Ўгирилиб
қарасам, синфдошим. “Юр, сени чақиришаяпти”, деди у. Қизча қувончдан лов-лов
ёниб турарди. У бошига қизил дуррача танғиб олган, яшил чечаклари бор, сариқ
кўйлакда эди. Овози ёқимли, кўзларида ўт чақнарди. Ўша пайтда, назаримда у
дунёдаги энг чиройли қиз эди. Ўша пайтда бутун инон-ихтиёримни унга тошириб,
уни қучоқлаб олгим, синфга эмас, қир-адирлар томон югуриб кетгим, унга дунёдаги
энг ширин сўзларни айтгим, унга дунёларни совға қилгим келганди. Балки, биринчи
муҳаббатим ўша қизча бўлгандир.
Мен, Чингиз оғанинг бу ҳикоясини эшитиб, ҳаяжонланиб кетдим. Бир сўз
айтишга ҳолим йўқ эди. Орамизга бир неча дақиқалик сукунат тушди. Чингиз
оғанинг қўлида мен севган қизнинг илк китоби турарди. Севги ҳақида яна
ниманидир сўрамоқчи эдим-у, истиҳола қилдим. Ахир қаршимда кимсан, Чингиз
Айтматов турарди. Биргина ножўя сўзим учун у интервьюни тўхтатиб қўйиши
мумкин эди. Ҳаяжонларимни яшириб, жиддийроқ саволга ўтдим.– Қайси ёзувчиларни тез-тез ўқиб турасиз ва бизга ҳам ўқишни тавсия қиласиз?– Болалигимда Эрнест Хемингуэйни севиб ўқир эдим. Хемингуэй ижоди мени
ром қилган. Балки у ижодимга ҳам таъсир қилгандир. Буни билмайман. Ҳозир
Габриэль Гарсия Маркесни кўп ўқийман. Уни яхши кўраман ва жуда ҳурмат қиламан.
Маркес оламшумул шон-шуҳратга тўла-тўкис лойиқ ёзувчи. Вақт топганда Жеймс
Жойсни, вақт топилса-топилмаса Марсель Прустни ўқиб тураман. Ўзимизнинг
ёзувчилардан кўнглимга энг яқини – Фозил Искандар.– Ҳаётингизда бўлиб ўтган бирор қизиқ воқеани гапириб беролмайсизми?– Тўғриси менда бировни кулдириш, ҳазил-мутойиба, қизиқчилик қилиш одати
йўқ. Одамларни кулдирадиган нарсаларни ҳам ёза олмайман. Бирорта асарим
сатиристик ёинки юмористик эмас. Лекин ўзим эл қатори, биров қизиқчилик
қилса қўшилишиб куламан. Баъзи-баъзида қатра хандаларни ҳам ўқиб тураман.
Қизиқчиларни ичак узди гапларидан юмалаб қолгунча кулган пайтларим ҳам
бўлган. Лекин латифалар эсимда турмайди. Табиатан кўнгли синиқроқ, маҳзунроқ
одамман.– Наҳотки, ҳаётингизда бўлиб ўтган бирорта қизиқроқ воқеани эслолмасангиз? – Бўлиб туради. Масалан, Японияга борганимизда жуда катта тантана билан
кутиб олишган эди. Дастурхонни дид билан безатишган экан. Турли хил таомлар
галма-гал келиб турибди. Аввал бу таомларнинг бирортасини кўрган эмасман.
Олинг, олинг дейишгандан кейин, қорин очроқ эди, ликопча четида турган гулни
ҳам қўшиб еб юборибман. Бизда овқатга кўкатлар ҳам солишади-ку, ликопча
тургандан кейин буни ҳам ейиш керак экан, деб ўйлабман-да, қарасам у фақат безак
учунгина қўйилган экан. Хонамга кирганимда, эслаб роса кулганман.– Жуда қизиқарли воқеа экан. Бутун дунё танийдиган ёзувчи бўлиш маза-я!– Ёмон эмас.– Бизнинг ёзувчиларимиз ҳам, бутун дунёга таниқли ёзувчи бўлишни исташади.
Аммо энди, барча йўллар тақа-тақ ёпилди. Авваллари рус тили орқали дунёга
танилиш мумкин эди. Аммо энди рус ёзувчилари билан алоқаларимиз узилиб қолди.
Ўзбек тилидан рус тилига қилинаётган таржима асарларимиз сонини бармоқ билан
санасак бармоқларимизнинг бир иккитаси саналмай қолиб кетади.– Ёшлар инглиз тилини яхши ўрганишлари лозим. Имкон бўлса, инглиз тилида
ёзишга чоғланаверса бўлади. Инглиз тилига таржима қилдириб, Европада чоп
этилса, балки бир ижобий натижага эришилар. Лекин миллий ўзига хослик, урф
одатлар умуминсоний қадриятлар билан тўлдирилиб, баркамол инсон қиёфаси
яратилмас экан, у асар бирон жойда муваффақият қозонмайди.– Назаримда, Ғарбда енгил-елпи асарларга кўпроқ эътибор беришади. Сизнинг
асарларингиз эса доимо жиддий ва чуқур фалсафий бўлиб келган.– Четдан қараганда, чет элликлар енгил-елпи саргузашт романларга ружу
қўйгандай туюлади. Аслида, ундай эмас. Бу ерда қийин китобларни ҳам кўп
ўқишади. Яқинда Германияда сўнгги романим бир миллион нусхада чоп этилди.
Мени Россиядан ёки Қирғизистондан кўра ўн баробар кўпроқ Европада чоп
этишади. Рус тилида кўпроқ ёзишимнинг боиси, рус тилидан Европа тилларига
таржима қилувчи кишилар кўпроқ. Қирғиз тилини биладиган таржимонлар ўнта
бўлса, рус тилини биладиган чет эллик таржимонлар юзта. Асарларим ҳатто рус
матбуотида босилиб улгурмасдан, бошқа тилларда китоб бўлиб чиқади. Масалан,
яқинда Будапештда бўлдим. Венгрияда китобларимни 53 марта қайта-қайта чоп
этишибди. Худди, шунингдек Германия, Австрия, Швецарияда баъзи асарларимни
ўттиз, қирқ марталаб чоп этишган. Албатта, бутун дунёга таниқли ёзувчи бўлиш,
бахт, бунинг учун тақдиримдан миннатдорман. Асарларим 150 дан ортиқ тилларда
чоп этилди. Жуда кўп мамлакатларда ўқув дарсликларига киритилди. Буни қайси
ёзувчи истамайди. Тараққий этган давлатлар тилларида чоп этилгани жуда яхши,
лекин асарларимнинг кичкина давлатлар, тараққий этмаган мамлакатлар, элатлар,
уруғлар, қабилалар тилларида ҳам чоп этилгани менга ғурур бағишлайди.
Чингиз Айтматов бамайлихотир гапирарди. Лекин у киши ўз “сир”ларини
очаётгани, кайфияти яхши эканлигидан далолат бергани учун эркаланиб:– Бир савол берсам, ғашингизга тегмайдими? Нега сизга Нобель мукофоти
беришмаяпти? – дейман ва ўз саволимдан бироз хижолат ҳам тортиб қўяман.– Авваллари, мени коммунистларга хизмат қилганликда айблашарди. “Асрга
татигулик кун” романим чиққач, вазият бироз ўзгаргандай бўлди. Кейин, “Нега
энди бизга хизмат қилмаяпти”, деган тўмтоқ тўхтамга келиб, ишни орқага суриб
қўйишди.
Лекин, асарларим Нобель мукофотига етти-саккиз марта номзод сифатида
қўйилган. Ҳозир мукофотларга қизиқиш ёшидан ўтганман десам, кўп ҳам
гумонсирайвермасдан ишонаверинг…– Яқинда, “Аргументы и факты” газетасида жуда зўр интервьюингизни
ўқидим. Суҳбат асносида бир-икки маротаба қайд этиб ўтилган исломга бўлган
муносабатингиз мени қизиқтириб қўйди.– Авваллари ислом деганда Ибн Сино, Фаробий, Яссавий, Навоий каби
донишмандларни дунёга тортиқ қилган дин тушуниларди. Энди эса, ислом деганда
бир гала террористлар, бузғунчилар тушунилаяпти. Мана шу нарса кишининг
асабига тегади. Буюк дин номидан иш кўриб юрган газандалар нафратимни
келтиради.– Наҳотки ҳозир ислом деганда дунё фақат мана шундай газандаларни
тушунмоқда?– Йўқ, албатта. Ер шари юмалоқлигини, ҳамма нарса бир-бири билан чамбарчас
боғлиқлигини шундан ҳам билса бўладики, масалан, бугун Америкада саккиз
миллион мусулмон аҳил, тинч-тотув яшайди. Билл Клинтон Президент сифатида
ҳар йили ҳайит кунлари аҳли мусулмонга зиёфат бериб, муборакбод этади.
Зиёфатлардан бирида: “Дунё мусулмонларнинг дуоси туфайли қиёматдан омон
турибди”, деган сўзларини газетада ўқиганман. Шаҳзода Чарльзнинг, “Европа
бугунги эришган барча ютуқлари учун исломдан миннатдор бўлиши керак”, деган
сўзларини ғарбда ҳар бир одам билади. Хулоса: дунё ҳеч қачон бир ёқлама эмас.
Бугунги кунда Шарққа, Осиёга Европа маданиятининг, Америка маданиятининг
таъсирини ким инкор этади. Бугун маданият оламидаги битта янгилик бир
лаҳзада дунёнинг истаган бурчагига етиб борар экан, дунёдаги ҳар бир одам ҳар
бир маданият бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетганлигини тан олмай илож
йўқ. Энди дунёни масофалар эмас, чегаралар эмас, эзгулик ва ёвузлик, яхшилик
ва ёмонлик ажратиб туради. Инсоният эса ҳамиша эзгуликка, яхшиликка интилиб
яшайди.
Чингиз Айтматов бамайлихотир гапирарди. У дунё миқёсида фикрловчи
ҳақиқий донишманд эди. Кўнглимда “яхшиямки, шундай одамлар бор, уларнинг
шарофати билан дунё ўз мутаносиблигини, мувозанатини сақлаб турибди. Инсон
қалби нақадар гўзал, нақадар муқаддас эканлигини, мана шундай одамлар оламга
кўрсатиб турибди”, деган туйғулар кечди.– Манқурт ҳақидаги ривоятни ўзингиз тўқиганмисиз?– Йўқ, уни ўзим тўқиб чиқармаганман. Уни менга энам айтиб берган. Энам
эртак айтишга уста эди. У халқ оғзаки ижоди намуналарини хазинаси эди. Катта
достонларни ёддан айтарди. Манқуртлар ҳақидаги афсоналар болалигимда
хотирамга муҳрланиб қолган эди. У йиллар давомида хотирамда айланиб юрди.
Кейинчалик бу афсона “Манас” эпосида ҳам борлиги, катта энам нақадар
донишманд аёл бўлганлигини билдирди. Энам, қачон, қаерда бунча кўп нарсани
ўрганганлиги ҳеч ақлимга сиғмайди. У гўё қирғиз халқ оғзаки ижодида битилган
жаъмики асарларни ёддан билувчи хазина эди.– Мени назаримда манқурт ҳақидаги афсона совет давлатини парчаланиб
кетишига катта хисса қўшди. Айтингчи, манқуртлар деганда ўз тилини,
маданиятини, тарихини йўқотиб бораётган коммунистларни назарда тутган
эдингизми, ёки инсониятни ҳалокатга бошлаб бораётган совет тузумини назарда
тутган эдингизми? – Манқуртлик инсоният пайдо бўлганидан буён яшаб келаётган ва инсониятни
ҳалокатга етаклаётган ёвузликдир. Манқурт одамлар аввал ҳам бор эди, бугун ҳам
бор. Одамларни аввалги асрларда ҳам манқуртга айлантирганлар жуда кўп эди,
ундай ёвуз ва жоҳил кимсалар ҳозир ҳам бор. Бугунги манқуртлардан, бугунги
одамларни манқуртга айлантираётганлардан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Биз миллий
маданиятимизни, тилимизни, миллий анъаналаримизни албатта асраб қолишимиз
керак. Йўқса, манқуртлар миллат тушунчасини кулини кўкка совуради. Бу эса,
инсониятни йўқ бўлишига олиб келади.– Дипломатлар ичидаги сирларини ҳеч қачон ошкор қилмайди дейишади,
ёзувчиларни эса, ичида гап турмайди дейишади. Сиз эса, ҳам ёзувчисиз, ҳам
дипломатсиз!– Дипломатликни ҳам жуда қотириб қўйган жойим йўқ. Дипломатларни озгина
айёрлиги ҳам бор. Мени эса айёрлик қилиш ҳеч қўлимдан келмайди. Мен очиқ,
самимий ва тўғрисўз одамман. Ўйлайманки, тўғрисўзлигим туфайли дипломатлар
орасида ҳурматим жойида. Қолаверса мени кўп жойда, дипломат сифатида эмас,
ёзувчи сифатида танишади. Мени ёзувчи сифатида танишлари, оралиқдаги кўзга
кўринмас тўсиқларни олиб ташлайди. Дипломатлик иши жуда кўп вақтимни
олади, бундан анча азият чекаман, лекин унинг яхши томони ҳам бор, дипломатия
дунёқарашимни бойитди ва бугунги кунда ер юзида нималар содир бўлаётганини
яхшироқ тушунишимга ёрдам берди.– Сиз Қирғизистонда энг машҳур инсонсиз. Президент бўлинг дейишса, рози
бўласизми?– Йўқ. Мен ижодкор одамман ва ўз ўрнимни биламан. Президент бўлишни ҳеч
қачон ўйламаганман ва ўйламайман ҳам. Мен ёзувчиман ва умримнинг охиригача
ёзувчи бўлиб қоламан. Одамларга ёзувчи сифатидагина фойдам тега олиши ўзимга
ҳам аён.– Мени қандай инсон бўлишимни истар эдингиз?– Ҳеч қачон ҳеч кимни қаттиқ айбламанг, бефойда жанжалларни кўтарманг,
одамлар билан ҳамиша дўстона муносабатда бўлишга ҳаракат қилинг!– Раҳмат! Бетайин саволларни бериб сизни толиқтириб қўйган бўлсам минг
бор узр сўрайман. Сиздай инсон билан учраштиргани учун, самолётга раҳмат, беш
соатлик йўл беш дақиқада ўтиб кетгани учун, сизга раҳмат. Суҳбатингиздан маза
қилдим. Донишмандлигингиз олдида таъзимдаман!– Соғ бўл, бовурим! Ўртоқларингни ҳаммасига мени номимдан салом айт!
Барчаларингни ижодларингга омад тилайман. Ўзбек адабиётини донғини оламга
таратасизлар деб умид қиламан. Омон бўл! Ҳали Тошкентда ҳам кўришиб қолсак
ажаб эмас!– Албатта кўришамиз!
Бу пайтга келиб, самолёт Тошкентга яқинлашиб қолганлиги эълон қилинди.
Чингиз Айтматов иллюминатор томон ўгирилди. Ойналарда у ўз асарларида кўп
бора мадҳ этган она Ўзбекистон кўринарди.
Ўзбекистон унинг учун нақадар ардоқли эканлиги кўзларидаги севинчда яққол
акс этарди. Беихтиёр тараддудга тушиб қолганлигини кўриб, муқаддас соғинч
туйғуси уни қанчалик безовта этаётганлигини ва бу безовталик замирида бениҳоят
улуғ меҳр-муҳаббат мужассамлигидан қалбимда ғурур уйғонди. Ўрнимдан туриб,
ёзувчининг қўлларидан сиқар эканман, ҳаприққан бир товуш билан илтифот қила
бошладим:– Хуш келдингиз, Чингиз оға!


Париж – Тошкент
2001 йил

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil