Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ОТАМ

Сайёра САМАНДАР – “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Филология фанлари
номзоди, доцент. 1968 йилда туғилган. Унинг “Сизга айтолмаган сўзларим” ,”Кўнглум”, “…Ва яна баҳор”, “Озодликдек бахт йўқдир”, “Фақат ишқ”, “Менинг ҳақиқатларим” номли китоблари, “Менинг отам” номли эссе-хотираси нашр этилган.


Эссе-хотирадан парча

Ёдимда, отамни 1990 йил газета бош муҳаррири вазифасидан Хоразм область
партия қўмитаси раисининг идеология бўйича (ижтимоий соҳа) ўринбосари
лавозимига ишга ўтказишди. Отам деярли бир йил давомида янги ишида ҳам
ташаббус ва ғайрат билан ишладилар. Бу вақт ичида Урганч шаҳрида Огаҳий ҳамда
Халил Сиддиқов номидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилишида
бош-қош бўлдилар. Мунис ва Огаҳий қабрлари обод этилиши, қўшни Тошҳовуз
вилояти Тахта туманининг Измихшир қалъаси этагида Маҳмуд Замахшарийнинг
рамзий қабри тикланишиб воҳада маданият, санъат, ёшлар масалалаларига эътибор
кучайишида тиним билмадилар.
1990 йилнинг охирида эса отамни Вазирлар Маҳкамасига ишга олишди. Ўша
пайтлар ота-онам (мен у пайтда турмушга чиққан эдим) Урганчнинг Шовот канали
бўйидаги эндигина битган уйимизга кўчиб ўтишганига ҳали кўп бўлмаганди. Бу
воқеа ҳаммадан ҳам онамни иккилантириб қўйди. Ахир шу янги уйга не-не орзу
умидлар билан эндигина кўчиб ўтилган, икки қиз синглим ҳали турмушга чиқмаган,
Урганч давлат университети талабалари, укам эса 9-синфда ўқир, онамнинг ўзи
эса Урганч шаҳридаги 1-сонли мактабда ишлардилар. Уларнинг текис кечаётган
ҳаёт тарзи бир кунда ўзгариб кетди. Онам ишдан бўшашларига тўғри келди. Учала
укамни катта опам билан қолдириб, отам иккови пойтахти азимга кўчиб кетишди.
Бу воқеалар қандай кечгани ҳақида отам ўз эсдалик хотираларида шундай ёзганлар:
“…Обкомдан “тез етиб келинг, мажлис бор”, деб қўнғироқ қилишди. – Нима масала экан? – деб сўрадим. – Ишим тиғиз, ёшулли, келганда биларсиз, – деган жавоб бўлди.
Бордим. Зал лиқ тўла. Жимжитлик.
Ёнимда ўтирган бир раҳбардан сўрадим:– Нима гап?
У ҳам елка қисди.
Орадан кўп ўтмай Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов кириб
келди. Республиканинг бош раҳбари ҳурматига барчамиз ўрнимиздан туриб,
ҳурмат-эҳтиромимизни изҳор этдик.
Ислом Каримов муҳим бир масалани ўртага қўйиб:– Мен қўшни республика раҳбари таклифига биноан у ерга бораётиб, қисқа
муддатга Хоразмда тўхтаб ўтишни лозим топдим. Менга областингизда бўлаётган
ишлар, асосан қандай камчиликлар бор, уларни ечиш йўллари нималардан иборат,
шу ҳақдаги фикрлар керак, – дея район раҳбарларига мурожаат этди.
Хива райони раҳбаридан бошлаб барча бир-бир сўзга чиқиб, ишларнинг яхши
бораётгани ҳақида мамнуният билан гапиришди. – Мени алдашнинг нима кераги бор? Ростгўйлик қачон қарор топади? Бу ерда
мард одам борми ўзи? – деди.
Мен қўлимни кўтардим. Трибунага чиқишга ишорат бўлди. – Билмадим, кўзбўямачилик иллати қачон йўқолади, лекин очиқ-ошкора
айтилган сўз кони фойда дейишган. Яширишнинг нима кераги бор? Иккита мисол
келтирай. Биринчиси: бизда – Амударё бўйида катта тўқайзор бор. Дарахтлари
сероб, ичидан ариқ сувлари шовуллаб оқиб туради. Биласиз, сув бор ерда экин яхши
ўсади. Бундан айрим колхоз раислари усталик билан фойдаланиб келишаётгани бу
ерда ўтирган раҳбарларга сир бўлмаса керак.
Дарё бўйида сувга тўйиниб ётган тўқайзорда айрим колхоз раислари яширинча
пахта етиштириб, ҳосилни колхоз ҳисобидан давлатга топширишади. Бунга зудлик
билан барҳам бериш керак деб ўйлайман.
Иккинчи масала: бир вақтлар Россия Амударёнинг у ёғини ўзига олган, бу
тарафи эса Хоразмга қолдирилган. Дарёнинг ўртасида катта темир қозиқ қоқилиб,
чегара қаттиқ белгилаб қўйилган. Энди замон тубдан ўзгарди, ўша нотавон қозиқни
йўқотиб, чегарани аниқлаб беришингизни сўраймиз, – дея жойимга бориб ўтирдим.
Ислом ака область раҳбарига қараб:– Эртагаёқ қўшнилар билан учрашиб, бу муаммони ҳал этиб, натижасини менга
билдиринг, – деди.
Шу билан мажлис тугади.
Мен Хива районида область вакили эдим, у ерга зудлик билан жўнаб кетдим.
Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Мени Ислом Каримов телефонга чақираётганини
айтишди. У пайтларда Тошкент билан боғланадиган телефон фақат область
марказида – обкомда бўларди, етиб бордим. Мени Ислом Каримов билан улашди.
Давлат раҳбари ҳол-аҳвол сўраб, ўз ҳузурида Кенгаш тузилганини, эртагаёқ етиб
боришим лозимлигини айтиб: “Сизни ҳам Кенгашга киритдик”, деди.
Айтилган вақтда етиб бордим. Кенгаш таркибига олимлар, турли соҳа
мутахассислари, шоирлар танлаб-танлаб олинган экан.
Республика раҳбари давлат қарорлари, ҳужжатлар ва яқин кунларда бажарилиши
лозим бўлган тадбирларни Кенгаш аъзолари билан биргаликда кўриб чиқар ва бир
тўхтамга келишганидан кейингина, у кучга кириши лозим бўларкан.
Бу менга ҳам бир мактаб бўлди.
Чамаси бир-икки ҳафталардан сўнг яна мени телефонга чақиртириб:– Эртага Тошкентга етиб келинг, Ҳукумат мажлислар биносида йиғилиш бўлади, – деди.
Вақтида етиб бордим, залга таклиф этишди. Кирдим. Мажлис энди бошланаётган
экан. Давлат раҳбаримиз мени Ҳукумат аъзолари ёнига – айлана столга ўтказди,
мажлис аҳлига мени таништирди. Сўнг шу кундан эътиборан Вазирлар Маҳкамаси
Раисининг ўринбосари лавозимига тайинланганимни айтиб, мен ҳақимда керакли
маълумотларни йиғилиш аҳлига баён қилди.
Мажлис тугагач, ҳозирча Бўзсув бўйидаги ҳукумат қароргоҳида туришимни,
жой масаласини кейинроқ ҳал қилиб беришини билдирди.
Топшириқни қабул қилиб, ишга киришиб кетдим. Рафиқам билан биргаликда
давлат резиденциясида яшай бошладик”.
Шу тариқа отамнинг ҳаётидаги энг қизғин, шиддатли меҳнат палласи
бошланди. Эсимда, уларга Дўрмондаги Ҳукумат аъзолари учун ажратилган коттеж
берилганидан кейин, онам билан ўша ерга кўчиб ўтишди. Ўша вақтда иккинчи
фарзандим туғилган, бола парвариши таътилида эдим. Эндиликда болаларим билан
ота-онамни йўқлаб, уларникига тез-тез бориб турсамда отамни олдингидан ҳам
кам кўрар, негаки таълим, фан, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт йўналишларини
ўз ичига олган жуда кенг кўламдаги ижтимоий соҳага раҳбарлик қилаётган отамга
осон эмас, кечаю кундуз ишда банд бўларди. Бунинг устига юртимиз Мустақилликка
эришган дастлабки давр эмасми, бу ўтиш йилларида мамлакатнинг гоҳ у, гоҳ бу
ерида юз бераётган турли низолар, норозиликлар ҳали барҳам топмаганди…
Шу талотўплар силсиласида ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш юзасидан
ҳукумат таркибидаги ишлар бутунича отамнинг ҳаловатини олганди. Бир куни кеч
соат ўн бирларларда энди кириб келганларида, уйдаги ҳукумат телефони жиринглади.
Бу телефонга фақат отамнинг ўзи жавоб берардилар. Кўтардилар. Нимадир нохуш
воқеа рўй берган эди. Отам у томондаги кишининг сўзларини тинглаб туриб: “Нега
шу ҳақда олдинроқ хабар бермадингиз? Шу пайтгача нега индамадингиз?” деб, у
томоннинг жавобини ҳам кутмасдан, дарҳол машина чақиртириб, чиқиб кетдилар.
Ҳаммамиз хавотир олиб, бир-биримизга қараб қолавердик. Ортиқча савол беришни
истамадик. Ичкарига кириб, кийимларини алмаштираётиб, онамга: “Талабалар
шаҳарчасида ғалаён бошланибди”, деган эканлар. Отамни кузатиб, бизлар ичкарига,
хонамизга кириб кетдик. Онам ухламадилар. Эрталаб билсам, отам тонгда кириб
келган эканлар. Юз-қўлларини ювиб, туз ҳам тотмай, яна чиқиб кетганлар. Отам
бир нарсадан сиқилсалар, қорайиб кетардилар. Буни онам дарров сезарди. “Аканг
қорайиб кетди. Вазият ёмон бўлган-ов”, дедилар…
Бу талотўплар орасида кундалик топшириқлар, ташкилий масалалар, соҳалар
фаолиятини мувофиқлаштириш, вилоятларга, чет давлатларга сафарлар, давлат
тадбирларини ўтказиш, халқаро анжуманлар… буларнинг бари тўлиқ руҳий ва
жисмоний сафарбарликни талаб қиларди. Отам шундай сафарбарлик ҳолатида
ишладилар. Мустақиллик байрамининг бир йиллигига тайёргарлик кўриш, Миллий
боғда Алишер Навоий ҳайкалининг бунёд этилиши, шўролар сиёсати даврида
тақиққа учраган Наврўз байрамини кенг нишонлаш борасида олиб борилган ишлар…
Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Халқаро кинофестивалига
тайёргарлик… Биз Отамни “Ахборот” дастурида кўрадиган бўлиб қолган эдик.
Мен атайлаб шу дастурни кутардим. Отамнинг деярли кундалик фаолияти ойнаи
жаҳонда намоён эди. Бу даврдаги фаолиятлари юзасидан ёзган хотираларини ўқиб,
ўйга толаман: бундай залворли юкни кўтарган елкалар нимадан қувват олган экан?
“…Бир куни Ислом ака бизларни йиғиб, маълум сабабларга кўра бир вақтлар
турли мамлакатларга чиқиб кетган ўзбекларни ўз она Ватанлари – Ўзбекистонга
қайтариш истаклари борлигини, бу бизнинг ҳам умидимиз эканини айтиб, шунга
тайёргарлик кўриш режаларини ишлаб чиқишни топширдилар.
Ушбу тадбирга тайёргарлик ишлари бошланиб кетди. Бир ой, бир ярим ой
чамаси ичида улар билан алоқалар боғланиб, фикр алмашувлар бўлиб ўтгач, кун
тартиби белгилаб олинди. Ислом Каримов маърузаси ва сўзга чиқадиган нотиқлар
нималарга кўпроқ эътибор қаратишлари белгилаб қўйилди.
Орадан кўп ўтмай, барча ишлар амалга оширилиб, муҳожир ўзбеклар қачон
келишлари масаласи ҳам ойдинлашиб, ишлар маромига етди. Меҳмонлар кела
бошлашди. Ислом Абдуғаниевич мени ҳузурига чақириб: – Маърузани сиз қиласиз, – деб қолди.– Йўқ, – дедим мен албатта. – Сиз турганда мен… – дейишим билан:– Буюрилган ишни қилган маъқул, – деди беғараз бир тарзда.
Шу кечаси ярим тунгача кабинетимда ўтириб, маърузани тайёрладим ва эртаси
Ислом акага кўрсатиш учун олиб кирдим.– Ўқиб чиқишимнинг ҳожати йўқ, биламан, сиз ҳамиша тингловчиларнинг
юрагига яқин сўзларни топиб айтасиз, – деди. Анжуман жуда кўтаринки руҳда
ўтди”. (Отамнинг эсдаликларидан.)
Отам менга ҳамиша ўз нутқимга жуда эътиборли бўлишимни қайта-қайта
уқтирардилар. “Қизим, мен ҳаётда нимага эришган бўлсам, бари Сўз туфайли
бўлган. Сўз билан элга танилдим, Сўз билан эъзоз топдим. Сўз билан назарга
тушдим. Агар қаерда Сўзга чиқадиган бўлсанг, маънили гапир. Юракдан гапир.
Сўзларинг эшитувчиларга етиб борсин”, дердилар.
Онам бир воқеани айтиб бергандилар: “Ислом Каримов қизини турмушга
чиқарадиган бўлди. Бизга келган таклифномада менинг ҳам исмим бор эди.
Бордик. Келин кириб келиб, тўй бошлангач, куй-қўшиқларга навбат етди. Ана шу
шўх-шодон лаҳзалар давомида тўй эгаси, Ислом Абдуғаниевич меҳмонлар ёнига
бир-бир бора бошлади. Ҳаммага илтифотли эди. Бизнинг ёнимизга келгач эса
кулимсираганча, қўлини Отангнинг елкасига қўйиб, даврада ўтирганларга қараб:
“Биласизларми, бу йигитни мен Хоразмда кашф қилганман”, деди. Онам бу
воқеани фахр билан ёдга олардилар.
Отам Вазирлар Маҳкамасида ишлар эканлар, мамлакат ижод аҳлининг ишонган,
яқин одамига айландилар. Вақтлари тиғиз, ишлари кўп бўлишига қарамай, илм ва
ижод аҳли учун эшиклари ҳамиша очиқ бўлган, ёш иқтидорларни имкон қадар
қўллаб-қувватлаганлар. Буни ижодкорлар кўп эслашади.
Отамнинг шеърларини таниқли санъаткорлар куйлади, улар халқнинг юрагига
кириб борди, ўрнашди, ўрнини топди. Ёзган асарларининг ўзи бир олам бўлди.
Аммо отам – Эркин Самандарнинг бутун ижодида Хоразм мавзуси қизил ип бўлиб
ўтди. Назмда бўлсин ёки насрда – барча яратган асарларида Хоразм бутун бўй-басти
билан кўриниб турди. Ўз туғилиб ўсган тупроғини бу қадар севиш, унга садоқат
билан хизмат қилиш, унинг ўтмишини улуғлаб, бугунини ардоқлаб, эртасини ўйлаб
ёзилган барча асарларида Отамнинг юраги намоён эди.
Эркин Самандар шеърлари орасидан гоҳ дарёнинг мавжлари кўринса, гоҳ қулоч
етмас гужумларнинг шовуллаши эшитилади, гоҳ қушларнинг сайроқлари қулоқни
қоматга келтирса, гоҳида эса қуриган Оролнинг хўрсиниқлари юракни титратади,
боғларнинг ўрнида пайдо бўлган саҳронинг инграшидан кўнгил изтироб чекади,
болтанинг зарбидан ер тишлаган тўқайзорларнинг оҳи кўкни тутади, уйи бузилган
қушларнинг ноласи оламни тутади, кўзёшлари заминни ғарқ айлайди… Қадим
ва навқирон Хиванинг ҳар қарич тупроғи тилга киради. Шоирнинг киндик қони
тўкилган тупроқ – Хоразмнинг шаъни, шуҳрати, шавкати фахрга, ифтихорга
айланади! Ва буларнинг барчаси юксак инсоний ва бадиий ғоядан сув ичади, қатъий
ҳаётий тамойилда камолга етади. Ҳар гал отамнинг Хоразмни меҳр ила тилга олиб
ёзган сатрларини ўқирканман, кўзёшларим дилимни ғарқ айлайди. Жисмим узра
хитобим аланга олади: “Мана, Эркин Самандар ким! Мана, менинг Отам ким!”
Эсимда, бир гал Отам куйиниб дедилар: “Комил Икромов деган ёзувчининг
“Махмуд-канотоходец” деган китобини ўқидим. Ёпирай, у Паҳлавон Маҳмуддай
кураги ерга тегмаган авлиёсифат одамни дорбоз, масхарабоз қилиб тасвирлабди!
Бунга қандай чидаш мумкин ахир?”
Юрагига дарёлару саҳроларни сиғдирган, кўксида гужумларни ўстирган,
елкасидан қушларга жой берган Қиблагоҳим! Бузрукворим! Вужудининг
ҳар ҳужайраси Она ерига пайвандим! Ватанни қандай севмоқ лозимлигини
ўргатиб кетган, кўрсатиб кетган Устозим! Миллатнинг асл фарзандига айланган
Миллатпарварим! Халқпарварим! Элпарварим эди отам!
Таниқли ёзувчи ва мунаққид Эрпўлат Бахт қуйидаги фикрларни ёзганида ҳақ
эди. “Ўйлаб қоламан: “Хоразм фарзандиман” шеъри Эркин Самандарнинг Хоразмга
қўйган ҳайкалими ёхуд шоирнинг ўз юраги, ўз муҳаббатига?
Дарҳақиқат, Хоразм деганда Эркин Самандар, Эркин Самандар деганда Хоразм
тасаввурда пайдо бўлади. Мана бу эса ижодкор феноменидир деб биламан”.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродованинг бу
хусусдаги фикрлари ҳам қимматлидир: “Юртлар тарихи, ватанлар кечмиши унинг
асл фарзандлари номи билан ёзилади. Фарзандлари доно, жасур мамлакатларнинг
қўли узун, довруғи баланд бўлади. Шоир, ёзувчи, драматург, журналист, давлат
арбоби Эркин Самандар туғилган юрти Хоразмни ўз асарларида улуғлаган, бор
меҳрини халқининг саодати учун бағишлаган инсон эди. Романлари, драмалари,
шеърлари, мақолаларини ўқиган ҳар ким уларда Хоразм нафасини ҳис қилиши
табиий. Шоир “Хоразм фарзандиман” деб айтишга минг бора ҳақли эди”.
1990 йиллардан кейин Хоразм Отамнинг ижодидаги бош мавзуга айланганини
унинг “Дарёсини йўқотган қирғоқ” романи, “Аждодлар қиличи” ҳамда
“Жалолиддин Мангуберди” драмаларида ҳам кўриш мумкин. Кейинчалик худди
шу руҳдаги “Тангри қудуғи”, “Султон Жалолиддин”, “Қуюн излари ёхуд Огаҳий”
романлари дунёга келди, “Ёт ҳужра”, “Арабмуҳаммадхон” драмалари яратилиб,
саҳналаштирилди.
Ўн бешга яқин ҳужжатли фильмлар сценарийларининг ҳам катта қисмини
Хоразмга бағишланган эди: “Аваз Ўтар”, “Мадраҳим Шерозий”, “Хоразм давлати
ва мўғуллар истилоси”, “Минг отлилар диёри”, “Қум сайли”, “Хива”… Буларнинг
бари бир ижодкорнинг қаламидан тўкилиши учун қандай мўъжиза юз бериши
керак экан ўзи?
Отамнинг деярли барча драматик асарлари саҳналаштирилди. Огаҳий номидаги
вилоят мусиқали драма театрида 1984 йилда “Жавоҳир”, 1986 йилда “Олма
пишганда келинг” номли драмалари томошабинларга тақдим этилгандан кейин,
бирин-кетин ижтимоий, тарихий мавзудаги асарлари яратилиб, саҳналаштирилди.
“Аждодлар қиличи” (1986 йил), “Ёт ҳужра” (1988 йил), “Жалолиддин Мангуберди”
(1988 йил), “Арабмуҳаммадхон” (1992 йил), “Дилда борим” (2012 йил), “Султон
Жалолиддин” (2020 йил) драмалари Огаҳий театрида, “Башорат” драмаси (1988
йил) Муқимий номидаги мусиқали драма театри саҳналарида қўйилди. Улар
орасида биргина “Самарқанднинг иккинчи осмони” (2018 йил) номли икки парда,
беш ҳолатдан иборат тарихий эпик драмасигина саҳналаштирилмади. Орзуим,
ушбу асарни яқин орада Самарқанд драма театри саҳнасида томошабинларга
тақдим этишдир. Бу бўйича Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик қилмоқдаман.
Отам яратган асарлар ҳақида ўйласам, улардаги руҳий, жисмоний қувватнинг
манбаини топишга ҳаракат қиламан. Адабиётнинг деярли барча жанрларида қалам
тебратиш, шубҳасиз, ижодкорни яхшигина ҳордиради, толдиради. Назм (шеърлар,
достонлар, балладалар, ғазаллар, таржималар), наср (ҳикоялар,эсселар, романлар),
драматургия (мусиқали драмалар, тарихий драмалар), публицистика, ҳужжатли
фильмлар сценарийлари, киноқиссалар… Кетма-кет шунча асарлар устида ишлаш,
юзлаган қаҳрамонлар образини, характерини яратиш ижодкордан жуда катта руҳий
ҳамда жисмоний қувватни талаб этади, албатта.
Отамнинг “Жалолиддин Мангуберди монологи” деб номланувчи машҳур
шеърида шундай сатрлар бор:


Юртни бизга Тангри берган,
Омонатмас, мангу берган.
Жалолиддин исмим маним,
Ўтда ёнмас жисмим маним.
Сувда оқмас тулпорларим,
Шерга менгзар шунқорларим.
Мен ёғийга ён бермасман,
Ён бермасман, жон бермасман!
Эрксиз Ватан – кўрксиз маъво,
Жонни ширин дерлар, аммо,
Битта эмас, мингта жоним
Бўлса, иккиланмай борин
Хоразмга бергай эрдим,
Кўксига бош қўйгай эрдим.
Ватаннинг боғлари сўлмас,
Ватанни ўлдириб бўлмас.
Ватанки, тоабад ўлмас,
Мени ҳам ўлдириб бўлмас!


Ана шунда мени ўйлантирган саволга жавоб топгандай бўламан: “Мана, Отамга
қувват бўлган туйғу! Мана, Отамга илҳом берган руҳ! Мана, Отамни сўзлатган,
бўзлатган муҳаббат! Мана, Отамни Эркин Самандар қилган Ватан!”
Ҳа, ўз юрти, тупроғини ростдан севган юраккина ёнади. Оловланади! Ёндиради!
Ғафлатда қолганларни уйғотиб юборади!
Тақдирнинг туҳфасини қарангки, 2022 йилда менинг ҳаётимда ҳам Жалолиддин
Мангуберди сиймоси билан боғлиқ воқеа содир бўлди. Отам ва онам Урганчга
келган пайтлар эди. 26 август куни масъуллар мени вилоят ҳокимлигига
чақиришди. “29 августда Жалолиддин Мангуберди мажмуаси очилиши бўлади.
Юртбошимизнинг ташрифи кутиляпти. Сиз сўзга чиқасиз, тайёрланинг”, дейишди.
Урганч шаҳрида буюк саркарда номи билан аталган кўркам мажмуа бунёд этилган,
унинг очилишига тайёргарлик кўрилаётган эди. Фарзандларим Тошкентда
бўлганлиги боис, Мустақиллик байрамидаги дам олиш кунларида уларни кўриб
келиш ниятим бор, чипта ҳам олинган эди. Қайтариб топширдим. Тантана
бошланиши арафасида мени сўзга чиқувчилар сафига таклиф этишди. Энтикиб
кетдим. Негаки, Давлат Раҳбарининг олдида гапиришнинг ўзига хос мусъулияти
бор эди, албатта. Ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Майдонга Президентимиз кириб
138
Шарқ юлдузи
Отам
келгач, сухандоннинг овози янгради: “Жалолиддин Мангубердининг ҳайкалини
очиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович
Мирзиёев, меҳнат фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги
ходими Кенжабой Ортиқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сайёра
Самандарова таклиф этилади!” Президентимиз биз билан кўришгач, уларнинг
ўнг томонларида Кенжабой ака, чап томонларида мен қизил лентани қирқиш учун
саф тортдик. Белгиланган тартибда учаламизга қайчи олиб келишди. Биз уларни
олиб, биргаликда лентани қирқдик. Ушбу ғоят қисқа лаҳзалар ичра оламшумул
жараён рўй берди мен учун. Кўзларим ёшланди. Тантана тўғридан-тўғри эфирга
узатилаётгани боис, онам, отам телевизордан кўриб ўтиришди. Онамга “менга
гапирасан дейишди” деганимда, “Отанг бир умр Жалолиддинни ёзди, бунда бир
ҳикмат бор, қизим, насиб бўлса, сен Отанг бўлиб шу ерда туришга муносибсан”,
дегандилар йиғлаб… Навбатим етганида, сўз бошладим: “Муҳтарам Президент,
Сиз Хоразмга қилган ташрифларингизнинг бирида миллатимизнинг чинакам
қаҳрамони, буюк саркарда, Хоразмнинг асл фарзанди Жалолиддин Мангуберди
майдонини яратиш ташаббусини билдирганингизда, “Жалолиддиннинг ҳайкали
унинг матонатига мос маҳобатли бўлиши керак, ундан нур таралиб туриши керак”,
деб айтган эдингиз. Не бахтки, орадан қисқа вақт ўтиб, бу муаззам майдонда
Жалолиддин Мангубердининг муҳташам ҳайкали барпо этилди…”
Тантана тугагач, телефонимни қарасам, жавоб берилмаган қўнғироқлар
лолақизғалдоқдай қизариб ётибди. Синглим Нигора телефон қилди: “Бормисиз-ай,
опамга (онамга – С.С.) телефон қилинг, йиғлаб ўтирибди қувончдан”, деди. Дарҳол
онамга телефон қилдим. Онам: “Болам, жонингдан айнанин болам, бир сўзингда
ҳам адашмадинг, шукур, Отангнинг қизи бўлиб, ўзи бўлиб турдинг минбарда.
Қачон келасан, Отанг ҳам кутяпти”, деди йиғидан ўзини тўхтатолмай. “Тезда
бораман, интервьюлар олишяпти, тугаши билан бораман, йиғламанг”, дедим.
Кириб борсам, кўзлари қизариб кетган онажоним мени бағрига босиб яна юм-юм
йиғлайди, “Қўйинг, йиғламанг, сизга йиғлаш мумкин эмас ахир, қон босимингиз
ошиб кетади”, дейман мен ҳам кўзёшларимни тиёлмай. Отамнинг елкасидан
қучаман. “Қизим, яша, қойил!” дейдилар фахрланиб…
Шу куни кеч соат ўн бирларда Вилоят маънавият ва маърифат маркази раҳбари
қўнғироқ қилди: “апка, табриклайман, “Шуҳрат” медали билан тақдирландингиз,
ҳозир газетада чиқди, муборак бўлсин, бугунги чиқишингизнинг баҳоси бу”,
деди қувониб. Қулоқларимга ишонмайман. Кетма-кет қутловлар гирдобида ғарқ
бўлдим…
Бу ҳаяжонли лаҳзаларнинг таъсиридан кўп вақтгача чиқа олмадим. Бир неча
кунлар ичида содир бўлган бу воқеалардан ҳикмат изладим. Бунда тасодифий ҳеч
нарса йўқ эди. Шунчаки рўй бермади бу ҳолат. Англаганим шу бўлдики, Отамнинг
Жалолиддин сиймосини адабиётда яратишдаги хизматларининг гўзал қайтиши эди
бу. Ҳа, жуда гўзал қайтиш эди бу!
Ва яна англадимки, қилинган яхшиликлар ўзингга эмас, кўпроқ фарзандларингга
қайтар экан. Унинг акси ҳам шундай, аслида. Ҳозир ҳам, ҳаётимда яхши инсонлар
учраганида дарҳол “Отамнинг кимгадир қилган яхшилиги менга қайтяпти”, деган
ёруғ ўй ўтади юрагимдан.
Отажоним! Сизнинг эзгу амалларингиз ҳали менинг фарзандларимга ҳам, бутун
авлодимизга ҳам қайтади, қайтаверади… Бунга ишонаман!

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil