
Шуҳрат МАТКАРИМ – 1960 йилда туғилган. Хоразм давлат педагогика институтини
тамомлаган. Унинг “Устоз ҳақида сўз” хотира-эссеси, “Болжон”, “Мақар” каби
китоблари чоп этилган.
Икки ҳикоя
Синфдоши Тиркашнинг тўй хабарини эшитгандан бери Туркманбой оёғи
куйган товуққа ўхшаб типирчилаб қолди. Нотаниш номердан келган қўнғироқни
кўтарганида таниш оҳангни эшитиб бир зум довдираганди: “Ким эди бу?”
Нариги тараф Туркманбойнинг довдирашидан баралла кулиб юборди: “Ҳа-ҳа-ҳа!
Жўраларни ёддан чиқариш яхшимас. Ростданам танимадингми?” Туркманбойнинг
миясида йилдирим чаққандай бўлди. “Тиркаш!” Ҳар гапида, бу яхши эмас,
деб тургани учун ўзига “яхшимас”, лақабини қўйган ҳам у эди. “Танидим,
Тиркаш!” гўшакка деярли бақирди Туркманбой қувонганидан, – “Ничиксан
эй, бормисан?” “Борман, жўра, борман. Ишларинг яхшими? Фазенданг бор деб
эшитдим” , деди Тиркаш. “Яхши раҳмат. Ҳовво, фермер ерим бор. Ай, неча йил
бўлди учрашмаганимизга?” “Чақирмийсан-қу!” ёлғондан гина қилди. “Кел, бир
кел. Балиқ тутамиз. Улли зейкаш бор фермернинг ёнида. Ҳозир келсанг қовун
тарвуз пишиб, картошка-пиёзлар уюлиб ётибди. Қишда ейдиганингни ҳам олиб
кетасан. Кел. Қачон келасан?” “Ҳовво, кейин деҳқоннинг нарсасини мут1 олиб
кетиш яхши эмас, деб калламни оғритасан”. “Йўқ, Тиркаш, йўқ. Орқайин келавер.
Барибир бозорлиқли бўлмаганлари халта-халта қолиб кетади”. “Ҳов? Мен не
сенинг мусорингни тозалайдиган одамманми?” “Ўйин этма, келавер. Яхшисидан
ҳам бериб юбораман. Қани, қачон келасан?” астойдил жирилларди Туркманбой
гўё Тиркашнинг келиш-келмаслиги унинг тиришқоқлигига боғлиқдай. “Яхши,
жўра, яхши. Бир ўнғайинда борарман ҳам. Ўзи уй ёқларни дим соғиндим. Қишлоқ
барибир қишлоқ-да. Синфдошлар, жўралар…” “Кел жўра, кел. Қўйми, гечими,
товуқми, туятовуқми2 ҳаммасидан бор. Келганингдан бирини йиқамиз. Ҳаммани
шу ерга чақирамиз. Баҳонада мен ҳам бир-икки кун дам оламан”. “Яхши бораман.
Лекин аввал сен келасан. Болани уйлантираётирман. Марказга келдингми ўзи яқин
1 Мут – текин.
2 Туятовуқ – курка.
орада?” “Ай-й-й…” Туркманбой марказга қачон охирги марта борганини эслай
олмади. “Тўғриси, ёдимда ҳам йўқ”. “Шаҳар бошқа ва қишлоқ бошқа, Ўртасида
фарқ бор бир олам3, деб юрибман десанг-а ҳали ҳам. Жўра, тўйга айтганим.
Телефонингни зўрға топдим, жўра. Кел, Туркманбой, тўйга кел”. “Худо холаса,
Худо холаса…”
Туркманбой Тиркашнинг телефон қилганидан жуда қувонди. Чунки у анча
йиллар олдин шаҳарга кетиб, аввал катта амалдор, кейин ундан ҳам каттароқ
тадбиркорга айланган. Туркманбой дўстининг таърифини эшитиб юрар, уларнинг
бирига ишонса, бирига ишонмасди. Шу даражада эди кўпиртиришлар. Қолаверса,
Туркманбой Тиркашни жуда ҳурмат қилар, жўрасининг муваффақиятларидан
қувониб, ич-ичидан фахрланиб юрарди. Бошқача йигит-да ўзи Тиркаш. Отаси катта
мансабдор ва ўша вақтлар ҳам бойнинг фарзанди бўлишига қарамай муомалада
бой-қамбағал айирмас, ҳамма билан бирдек дўст, жўра, очиқкўнгил, бунинг устига
ҳазилкаш, йўқ ердан ўйин гап топар, ҳамиша дўст-у танишга дастурхони очиқ эди.
Хуллас, бир танишининг айтганидай, “Жўранг бўлса Тиркашдай бўлсин, боланг
бўлса Тиркашдай бўлсин, отанг бўлса ҳам Тиркашдай бўлсин”. Шундай яхши
йигит эди у. – Агар бошқалар Тиркашдай эмас, унинг ўндан бирича бўлсалар ҳам одам
билан тўғри туриб гаплашмас эди. Бу бўлса номеримни ўзи топиб, ўзи тўйга айтиб
ўтирибди! – тонг билан уйғонган Туркманбойнинг биринчи гапи шу бўлди. У
кечаги ҳаяжонини ҳамон боса олмас, гўё кечаси билан ухламай синфдошининг
тўйга айтганини ўйлаб чиққан эди. – Зўрға танидим. Бу яхши эмас. Ҳе-ҳе-ҳихх! –
болаларини уйғотиб юбормаслик учун паст овозда, оғзини босиб кулди Туркманбой. – Яхши одам, деб айтар эдилар. Тўғри экан, – деди Тамара – Туркманбойнинг
хотини ағдарилиб эрига юзланиб ётар экан. – Бориб келинг. Баҳонада бир-икки кун
шамоллаб келасиз. – Тўғри айтасан. Бориш керак. Анув… бакраларни4 ҳам олиб кетаман, – деди
Туркманбой. У неча кун олдин бир қаричнинг нари-бериси бўлган уч-тўртта бакра
тутиб қоқ қилиб қўйган эди. Тайёр бўлса Тамаранинг пивахўр укасига беришмоқчи
эди. – А, на дейсан? Бу яхши эмас. Лекин…
Тамара Туркманбойнинг иккинчи турмуши. Николай – Коля – Қадам ўриснинг
қизи. Бир вақтлар ҳамманинг ўрисга уйланиши урф бўлган бўлса, Тамаранинг
турмушга чиқадиган вақти “ўрисдан ҳазар” деган даврга тўғри келди. Қиз ҳолида
ўтириб қолган эди. Туркманбой бева қолиб иккинчи турмуш масаласи ўртага
чиққанида у қирқ ёшларида эди. Тамарага оғиз солди. Жувон ҳам осонгина рози
бўлди. Туркманбой “ротолла-ю потолло”сиз, “бир калла қанд, уч сўм пул, етти
патир” билан яна оилалик бўла қолди. Мана неча йилдан бери бирга яшайдилар
икковининг орасида “ғинг” этган сас йўқ. Тамара намоз ўқийди, Турманбойни ҳам
тезроқ йиқилишга ундайди. – Тўғриии, – деди Тамара. – Тўйга шундай бир ажойиб совға билан бориш керак. – Ўзимнинг ақлли хотинимдан айланин. Лекин Тиркаш ҳам, унинг жўралари ҳам
оғзини очиб қолсалар керак. Ахир бакра у. Укангга индигисини берамиз. Қисинма,
дарёда кўп.
Тамара балиқни касалванд укасига олиб боришни жуда-жуда истаган эди. Аммо
эри жўрасини қувонтириб, ўзи ҳам қувонажак. Бу ҳам яхши гап.
3 Хоразмлик шоир Йўлдош Эшмурод сатри.
4Бакра – осётирлар оиласига мансуб Амударёнинг лойқа сувларида яшовчи ноёб балиқ. Кейинги
йилларда жуда камайиб кетган.
Туркманбойни энди бошқа нарса безовталантириб қўйди. Тиркаш билан
учрашмаганига ўттиз йиллар бўлган. Нечук бўлиб кетди экан у? Дим ўзгариб
кетган бўлса керак. Ахир у марказда яшайди, катта тадбиркор. Туркманбойнинг
манглайига эса қишлоқда ўқитувчилиқ ёзилибди экан. Ўтди умри онгсизнинг
боласини онгли этаман деб. Лекин ҳаётидан нолимайди. Ўнгишиғи5 гулдай.
Тиркаш тадбиркор бўлса, бу ҳам тупроқ ялаб ўтиргани йўқ. Тиркашнинг катта-катта
дўконлари бўлса, Туркманбой ҳам қишлоқнинг боши бўлмаса ҳам, ўрталарида.
Ана, чертак6нинг тагида беш-ўн моли кавш қайтариб ётибди. Ҳар йили бир ҳўкизни
семиртириб сотади ё сўяди. Икки “пародний” сигири бор. Ҳар қайсиси кунига ўн
беш-йигирма литрдан сут беради. Бу хўжаликнинг кундалик харажатини қоплаб,
болаларнинг кийим-кечаги, дафтар-қалами, автобусига, тушлик пулигача етади.
Туркманбой невараларига мактаб берган тушликни еманг, деб қўйибди. Мактабга
овқат берадиган тадбиркорларни яхши танийди – пул учун ҳар балога тайёр, пул
Худом, танга пайғамбарим, деганлар тоифасидан. – Тиркаш мени кутиб олишга вокзалга чиққанида танийдими экан? Иккимиз
ёлғиз, манглайма-манглай келсак ҳам бошқа гап эди. Вокзал деганда одамдан кўп
нарса бўлмайди. – Танийди, – деди Тамара эрига меҳр билан қараб. – Сиз ягонасиз-ку.– Об-боо, – яйраб кулди Туркманбой. – Дим соддасан-да, хотин.– Невчун? Ахир ўн йил бирга ўқиган бўлсангизлар.– Уч йил, – деди Туркманбой. – у бизлар билан уч йил ўқиб, кейин шаҳарга,
бошқа мактабга ўтиб кетган.– Ана, уч йил экан. Уч йилда ҳам одамни яхшилаб ёдлаб қолса бўлади.
Туркманбой яна завқланиб кулди. – Бу яхши эмас, – деди у ўрнидан қўзғалар экан жилмайиб. – Таниса-ку яхши.
Танимаса, ана томоша!– Ҳали эрта-куу, – деди хотини яна ўринга чўзилар экан. – Яна озгина дам
олаверинг ахир.– Ҳовво, ҳали эрта, – деди Туркманбой хотинини эрта билан безовта қилганидан
озгина ўнғайсизланиб. – Мол-ҳолингга ҳам, товуқ-пишигингга ҳам ўзим қарийман.
Сен орқайин дамингни олавар. Оқшом дим ҳоридинг.
Туркманбой тонг қоронғисида туртилиб-суртилиб молхона ёққа чиқди. Чироқни
ёқди. Қўй қўрани, товуқхонани айланди. Ҳали жониворлар ҳам мудроқ эдилар.
Молларнинг бир маромда кавш қайтариб, вақти-вақти билан “пуф-ф-ф-ф!” деб, дам
қайтариши, қўйларнинг хўриллаб-хириллаб нафас олиши, товуқларнинг “ҳиққи
ҳийқ” деган товушлари тонгни безарди. Олавой ҳам одатдагидан анча эрта туриб,
алавлаб7 юрган эгасига бир кўзини очиб эринчоқлик билан боқди-да, яна буралиб
бошини қорни устига қўйди. – Бу яхши эмас, – минғирлади Туркманбой атрофни ухлоқ кўриб. – Шунча ҳам
уйқу бўлами? Мен сизларни яхшилаб боқиб, қоринларингизни парч этиб кетишим
керак. Мен кетсам галинбийингизни қийнаб қўясизлар. У бечоранинг бўлса шундай
ҳам иши кўп. Айниқса, ҳозир, куз вақти. Мен камида бир ҳафтага кетаман. Бир кун
бориш, бир кун келиш. Уч кун тўй. Яна бир-икки кун жўралар билан айланамиз.
Поездга минмаганимга ҳам кўп бўлди. Шу ўқиш вақтинда минганим. Ҳозир
поездлар ҳам дим ўзгариб кетган дейдилар. Тез юрар эмиш. “Афросиёб”…
5 Ўнгишиқ – тирикчилик (таҳририят).
6 Чертак – бостирма.
7 Алавламоқ – мақсадсиз тентимоқ.
Ерда ётган занггини деворга тираб, аста томбошига кўтарила бошлади. Кўҳна
нарвон оғирликдан норози ғижирлади. – Бу яхши эмас, – деди Туркманбой. – Зангини тозалаш керак. Бўлмаса бир куни
“гурсса” ерга тушиб, гўмма бўласан. Кейин кулга кўмилган тонқадин ўтираверасан.
Туф, туф, Худо сақласин…
Томдан икки боғ ғовуш8 ташлади. Ундан ҳар молининг олдига тўрт тор-тўрт
тордан солди. Қуруқ ўт емаса азонги чиғ еган кўрпа йўнғичқага мол тиш уриб
билмайди. Тиши қамашади.
Буларга қачон, қандай тартибда ва қанча ўт-ем бериш кераклигини у, албатта,
яхши билади. Масалан, сигир билан ҳўкизнинг еми бўлак. Сигирга сутини
оширадиган, ҳўкизга эт бойлатадиган ем бериш керак. Товуқники яна ўзига хос,
курканики бутунлай бошқа. Шундай. Лекин мол боқишга шуларнигина билиш
етарлик эмас. Масалан, шу оддийгина ем беришнинг ҳам қочиқлари9 бор. Агар
ҳамма молга бир хил ҳажмдаги ем берилса бири тўйиб, орттириши, иккинчиси эса
тўймай қолиши мумкин. Яна ем берганда ё суғорганда қайсисига биринчи бериб,
қайсисига охирда берса бўлаверишини ҳам билиш керак. Чунки мол ҳам худди
одамга ўхшаб айри-айри феъл-атворга эга. Бири сув ё ўт келишини сабр билан
кутса, иккинчиси бесабрлик билан уриниб, шаталоқ отиб, турган жойини васти
вайрон этади.
Туркманбой шуларни ўйлар экан, тўйга бориш ё бормасликка ҳам иккиланиб
олди. Чунки у мол-ҳол қилганидан бери уларни ташлаб ҳеч қачон ҳеч ерга ёторлий10
кетмаган. Назарида мол-ҳоли бир ҳафтада хор бўлиб, озиб-тўзиб қоладигандай
туюлди. Кеча ётишдан олдин хотинига, ё бормасаммикан, деб ҳам иккиланган эди. – Қизиқмисиз, отаси, – деди Тамара. – Жўрангиз қишлоқдан бир сизга айтган
бўлса. Ё бу ерда бошқа одам йўқми эди? Боринг отаси, боринг. Мол-қўйингизга
икки-уч кунда ҳеч нарса бўлмас.
Хуллас, кетадиган кун келди. – Бу яхши эмас! Оҳ, шунда мунинг сал уллироғи илмаган экан, – деди
Туркманбой бир қаричдан каттароқ қоқ бакрани у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрар
экан. – Тирсакдин бўлганда эди, дим бошқача бўлар эди. Лекин олиб боравераман.
Бакра барибир бакра-да. Тўғрими? – Тўғриликка тўғри, – деди Тамара. – Лекин ҳали бир-икки кун вақти бордай.
Яна боргунча исланиб қолмасин.
Туркманбой балиқни бурнига жуда яқин келтириб ҳидлаб кўрди. Хотинининг
гапида жон бордай эди. – Йўқ, – деди Туркманбой. – Ҳеч қандай иси йўқ. Бўлибди ўзи. Бундан ошса
қотиб кетади. Сув халтага солиб яхшилаб ўра, иси-қўнгси бошқа нарсаларга
урмасин. Жўрамни бир қувонтирин.
Туркманбойнинг ери қишлоқдагиларнинг ибораси билан айтганда, “отам
тортганда” – бир чеккада; овулнинг деҳқончилик ҳудуди тугаб, чексиз қум
барханлари бошланадиган жойда, катта коллектор – заҳкаш ёқасида эди. У
фермерлик ерига кўчиб, икки хонали капа тикиб олганди.
8 Ғовуш – жўхорипоя, макка каби молўтиларнинг умумий номи.
9 Қочиқ – нозик жой.
10 Ёторлий – бир жойга бориб тунаб, ётиб қолиш.
Турган еридан қишлоққача беш-олти чақиримча бор, тўғри йўл йўқ, юрари
диғириқ-айланма, бир эшакарава зўрға сиғади. Баъзан йўл ёлғизоёқ сўқмоққа
айланар, яна икки-уч пояпулдан ҳам ўтиш керак бўларди.
Туркманбойнинг бу ерларга келиб қолишининг ўзи алоҳида тарих.
Туркманбой бир кун қараса, фермернинг пичоғи мой устида, буртини болта
чопмайди. Бири ҳар йили тоза машина олиб турган, иккинчиси қаторлаштириб тўй
қилиб ётибди, энг ярамаси икки-уч йилда бўлса ҳам янги иморат қураётир. Шаҳардан
квартира олиб, иккинчи хотинли бўлиб, уйини жанжалга тўлдираётганлари ҳам
бор. Қисқаси, чўнтагига пул тўлган озғин фермер ҳам торвонглаб одим отадиган
бўлиб қолган. Бу бўлса, ўзим кал, кўнглим нозик, деб юраверибди. Қирқидан ошиб,
эллигига яқинлашиб қолибди, орттирган шимбил қоқиси ҳам йўқ. Тешик киссасини
йилда йигирма марта ямайди.
Хуллас, Туркманбой ҳам фермер бўлиб, муртини мойлаб юришга аҳд қилди.
Ўзи азалдан “ҳақиқатчи қорақат11” деган оти бор, ер сўраб идорага борганида
ёшуллиларнинг12 тиришмаган, буришмаган жойи қолмади. Чунки қишлоқдаги
экин майдонлари аллақачон фермерларга бўлиб берилганди. Ол, бунга, башарти,
кечирасиз, кеч қолдингиз, қишлоқда ер қолмади, дейилса, урди Худо. Ўзи шу
вақтлар номигагина ўтказилган тендерда ютқазиб ерсиз қолган аризачилар
ҳокимият, прокуратура, махсус хизмат-у милисанинг эшигининг тўпирини
чиқариб ётган бўлса. “Ҳай, қани бир ўйлаб кўрайлик, ҳафтадан кейин хабар олиб
кўринг-чи”, дедилар унга. Бир ҳафтадан кейин яна бир ҳафта, ундан кейин яна бир
ҳафта. Ёшуллилар қатнашдан безор бўлиб, ўзи қолиб кетар, деб аниқ гап айтмай,
Туркманбойнинг ишини аччиқ ичакдай чўзиб юрдилар. Аммо Туркманбой иккига
иккини қўшса беш бўлади, деса, ишониб кетаверадиганлар тоифасидан эмас эди.
Ой-у куннинг ҳафтаси кўп, ҳафта қанча ўтса ҳам адо бўлмаслиги унга панжасининг
беш бармоғидай аён. Булар энди яхшиликка тушунмади, деди-да, “ҳақиқатчи
қорақат”га айланди: “Невчун фалончи икки-уч жойда ер олди? Шунинг еридан
бирини қайтариб олса бўлмайдими? Ё унинг шохи борми?” “Невчун фалончи ер
олган-у, устига бир марта ҳам келмайди? Уни фалонкасларга топшириб қўйибди.
Шунинг ерини қайтариб олиб, менга ўхшаган ҳалолли-минолли одамларга берса
бўлмасмикан?” “Ё ер олиш учун сизларга ким нечча сўм берганлиги ҳақида эл-юртда
юрган гаплар керак жойига айтилсамикан?” Туркманбойнинг ана бу ғиддилдилари13
ёшуллиларнинг юрагини ўйнатиб турганда уларнинг қорақулоғи14 бир фикр айтиб
қолди. “Бу қорақатга Совур милиса ташлаб кетган ерни берсак. Биринчидан шир
қум. Дарров отказ этади. Шу билан оғзини ёпамиз. Агар мабодо рози бўлса, ундан
ҳам яхши. Шу ерни одам этаман, деб ўлиб кетади. Ўлигини ўша ёқларга кўмиб
қўяверамиз. Энг асосийси, кўздан узоқ бўлади, қишлоқ раҳмат айтади”. Бу фикр
ҳаммага маъқул келди. Энди гап Туркманбойда эди. Агар тихирлик этадиган бўлса,
не дейиш, қандай асослар ва ривоятлар келтиришгача пухта ўйлаб қўйилди. Лекин
Худо буларнинг ишини ўзи ўнгарди. Туркманбой таклифга дарров рози бўлди.
Рози бўлдигина эмас, қувониб кетганидан шу ерда турган ҳаммани, ҳатто энг ёмон
кўрадигани – колхознинг хомсемиз, қоринлас бухгалтерини ҳам бағрига босиб,
лўппи чаккасидан чўпиллатиб ўпди.
11 Қорақат – гапга тушунмайдиган ўжар, бетамиз.
12 Бу ерда раҳбар маъносида.
13 Ғиддилди – мижғов гап.
14 Қорақулоқ – ривоятларга кўра шернинг олдида юриб, “ўрмон шох”ининг келишини маълум
қиладиган ҳайвон.
– Ўзи шу ерни сўрийжак бўлиб юриб эдим, – деди у ҳаяжонланиб. Ҳатто
пиқиллаб йиғлаб, бир муддат гапира олмай ҳам турди. – Хон қўшинида сардор
бўлган эшон буваларимизга ўзбек билан туркманнинг чегарасидаги шу ер берилган
экан. Жоним сизларга. Гуллатаман у ерларни Худо хоҳласа!
Ёшуллилар Туркманбойнинг калла оғриғидан бунча осон қутулганларидан,
Туркманбой бўлса, асрлар ўтиб бўлса ҳам, ота-бобосининг ўтиримли ерини
қайтариб олганидан вақти хуш бўлди.
Тоза фермер Туркманбой энди асосий масала, сув масаласини ҳал қилиши керак
эди. Унинг фермери бор йўғи беш гектар бўлса ҳам, ерлари, юқорида айтилгандай,
шир қумдан иборат эди. Бундай ерларда экин экиш, айниқса, Хоразм деҳқонининг
“асосий валютаси” шоли етиштириш учун одатдагидан икки, балки уч марта кўп
сув талаб этиларди. Ўзи сувнинг оёқинда ўтирган бу ҳудудлар учун ҳар томчи сув
одамнинг қонидан азиз. Туркманбойдан олдин бу ерларга эгалик қилган Совур
милисадай одам ҳам бу масалани ҳал этолмай ерларини ташлаб қочишдан бошқа
илож топмаган эди. Гарчи Совур милиса бир вақтлар шу туманда милиция бошлиғи,
вилоятда бошлиқ ўринбосари бўлган, анча-мунча одам ва қонунми-қоидани бир
буклаб тагига босиб олишга қодир одам бўлса ҳам, ҳеч ким унга ортиқча сув
бермади. Бунинг устига сув Совур милисанинг фермерлик ерига томорқачиларнинг
ерлари устидан оқиб ўтарди. Йўқотадиган мансаби ва жамиятда бирор мавқеи
бўлмаган қишлоқ кишисини эса на ёшулли, на прокурор ва на милиса чўчитмайди.
Меҳнатдан бошқа йўқотадиган нарсаси бўлмаганидан кейин истаган амалдорми
ё бир вақтлари баланд курсида ўтириб бугун ишдан кетган валломатми, тортиниб
ўтирмайди, гап-сўз билан тикка, ёқама-ёқа бораверади. Совур милиса ҳам аввал
милисалигига бориб сув масаласини бир деганда ҳал қиламан, деб ўйлаган эди.
Бунинг учун шу ҳудудга ҳар сув берилганда томорқачилар билан сув талашишга
масъул қилиб ишбошқарувчисини тайинлади. Аммо у томорқачилар билан чиқиша
олмадими ё шу қишлоқдан бўлгани учун овулдошларига қайишдими, Совур
милисанинг экини сувдан ёлчимади. Солмада15 сув бўлса томорқачи экинини
қайта-қайта суғорса суғордики, Совурга сув бермади. Бу масалада томорқачи
Совур милисагина эмас, ундан ҳам каттароқларининг юзига “туф!” дейиши ҳеч гап
эмас эди. Шунда милиса сув тарашга чиққан қишлоқ эркакларининг олдига катта
бошини кичик этиб борди. Бирига хушомад этди, бирига ялинди, бошқасига дўқ
уриб бир сафар, икки сафар меъёрида бўлмаса ҳам, ҳар қалай қониқарли сув ола
билди. Табиий, бундай ҳолларда кўп томорқа сувсиз қолди. Ана шунда соқага16
хотинлар чиқди. Бир вақтларда ҳайбатидан от ҳурккан Совур милиса хотинлар
билан талашиб обрў топмаслигини билди – ерни ташлади, қочди-қутулди.
Ёшуллилар бу ерни Туркманбойга берганларида буни ҳам ҳисобга олган
эдилар. Милиса ҳал қилолмаган ишга Туркманбойнинг тиши ўтарми эди, ўлими
шу қумларда қолиб кетади, деб дим ишонган эдилар. У эса бир қарашда ечилмас
кўринган бу масалани дарров ҳал қилди, ҳал қилганда ҳам ишни хамирдан қил
суғиргандай осон битказди. Гап шунда-ки, унинг ери бир вақтлар тумандаги
жуда катта мансабларда ишлаган, ҳозир нафақага чиқиб, фермерчилик билан
шуғулланаётган Абдрим терснинг фермерлик ерига туташ эди. Унинг сув йўли
алоҳида ва у аҳоли томорқасини четлаб ўтарди. Абдрим ишлаган вақтлари ишда
ва гапда оқимга бўйсунмай ҳақиқат ва мантиқ талаб қилгани учун “терс” лақабини
15 Солма – оқар сув келадиган кичкина ариқ.
16 Соқа – катта ариқдан кичкиналарига сув тақсимланадиган жой.
орттирганди. Совур милиса билан иккалови мансабда вақтларида ораларидан бир
гап ўтганми, милисага сув бермаслик ташаббускорларидан бири ҳам у эди.
Шуни-да айтиб ўтиш керакки, Туркманбой билан Абдримнинг феъли
хўйлари ўхшаш эди. Туркманбой ҳам, Абдрим ҳам ҳамма замонларда анча танқис
бўладиган ҳақиқат тарафдори эдилар. Агар Абдрим эгаллаб турган лавозими ва
мавқеи даражасидаги ишларда ҳақиқат талаб қилиб, оқимга қарши сузган бўлса,
Туркманбой қишлоқда ўзининг қўли етиб, кўзи тушиб турган ишларда ҳақиқат
қидирган. Катталарга салом бермаган қишлоқ боласидан тортиб, автобусда билет
йиртмаган ҳайдовчигача унинг назаридан қочиб қутулмас эди. – Невчун ўзиннан уллиларга салом бермийсан? Бу яхши эмас. Қани, ортингга
қайтиб, салом бериб ўт. Аа-а, мана бу бошқа гап. Валейкум ассалом, валейкум
ассалом! Мулло бўлинг, мулло бўлинг!
Ёки кимдир сигарета чекиб, қолдиғини кўчага ирғитса ҳам дарров танбеҳ
оларди. – Бу яхши эмас, яхши эмас. Ай-яй-яй-й! Уп-улли одам! Қани, ол ташлаганингни,
анув қутига ташла. Кейин папирос ҳам чекма. Бу яхши эмас. Ташладингми? Ана бу
бошқа гап. Сигаретани ташла, чекма. Киссангга ҳам зарар, соғлиғингга ҳам.
Туркманбойдан бир вақтлар туман марказидан буларнинг қишлоғига
қатнайдиган автобус ҳайдовчилари ҳам безор бўлган. Табиий, ҳайдовчилар пулни
чўнтакка уриш учун йўловчиларга билет бермасдилар. Туркманбой эса пул тўлаб,
албатта, билетини оларди. Ўзи олгач ҳаммадан билет олишларини талаб қилар ва
бунга эришарди ҳам. Агар йўловчилардан кимдир гап қайтарса, Туркманбой унинг
устига тик борарди:– Бу яхши эмас! – дерди у титраб-қақшаб. – Сиз билет олмай бу ўғриларнинг
киссасини тўлдираётирсиз. Булар ҳукуматнинг пулини киссасига ураверса биз не
ерга борамиз?!!
Ҳайдовчилар Туркманбойга эътироз билдиришмасди. Чунки бир марта
буларнинг бир ҳамкасби бунгаям, йўловчиларга ҳам билет йиртмаганида
Туркманбой уни туман газетасига фельетон қилиб урган ва бу автобазада тоза
тўполон қўптирган. Ўша ҳайдовчи яна буларнинг йўналишида кўринганида
Туркманбой эринмасдан бориб, автобаза директорининг ёқасидан “хиппа” олган:
“Бу на гап? Ё сен ҳам бунинг шеригимисан?” Директор ҳам, ўша ҳайдовчи ҳам оқ
тавба, қора тавба қилиб зўрға қутулган.
Бориб-бориб бу йўналишдаги автобусда кўп ҳолларда билет йиртиладиган
бўлган. Бу Туркманбойнинг адолат йўлидаги курашда қишлоғида қўлга киритган
ягона ютуғи эмасди албатта.
Туркманбой билан Абдрим бир-бирларининг ишларидан анча-мунча хабардор
ва ичларида бир-бирларига нисбатан ихлослари ҳам бор эди.
Хуллас, Туркманбой экинига сув тополмай қийналиб, ахийри маслаҳатлашай
деб, Абдримнинг ёнига ёзнинг сариқ қуёшида сарғайиб, иссиқдан харсиллаб,
терлаб-пишиб, пою-пиёда борганида Абдрим пахта даласининг четида, яқиндагина
олгани – ўзбекнинг энг зўр машинасининг кондеционерида салқинлаб ўтирарди.
Лекин машинанинг башарасига қараб бўлмас, ўрпонг-тупроқ, захкаш-кўлда
ҳайдалгани учун унинг ранги ҳам билинмай кетган, чанг-тупроқ ҳатто салонга ҳам
кириб борган эди. Туркманбой бош чайқади. – Бу яхши эмас, – деди у афти-башарасини буриштириб, манглайидан қуйилган
терни қадоқ кафти билан сидирар экан. – Бу яхши эмас. Топ-тоза мошин. Бундай
мошинга ета олмай юрганлар қанча. Сиз бўлса буни курра ўрнида отиз-челда
миниб юрибсиз. – Ай-й, э-э-эшон! – деди асабийлашиб Абдрим. У дудуқ эди. – Бар-барибир ўтиб
кетамиз, отасига лаънат! Б-бу мошин деганни мин-минмакка чиқ-чиқарған. О-олиб
к-кўргазмага қўймаккамас. – Э-э-э, ўлишни ўйлаш ҳам яхши эмас, – деди Туркманбой. – Худодан ёш сўраш
керак. Мана, мен, юздан ўтиб ўламан. Бобомиз Ўзбек эшон бир юзу ўн уч ёшида
қайтиш бўлган экан.
Туркманбой Абдримдан беш-олти ёшлар чамаси кичик эди. Аммо билмаган
одам бўлса, Туркманбойни Абдримнинг отаси тенги, деса ишонар эди. Чунки оғир
қишлоқ ҳаёти Туркманбойни эрта қаритган, бир вақтлари буғдоймайиз бўлган
ориқ, чўзинчоқ юзи қоравут тортиб, юзи, бўйинларини тарам-тарам ажин қоплаган,
оқ оралаган тик бароқ қошлари, кичик ўйиқ кўзлари қариликни кучайтирар эди.
Абдрим терс бўлса бунинг акси. Ҳали юзи қип-қизил, ҳар кун соч-соқолини ихлос
билан қиртишлаб, галстук тақиб, атир сепиб кўчага чиқар, бошида бир вақтлари
мода бўлган шляпа, келишган ва кўркам киши эди.
Абдрим далада культивация ураётган тракторга бир зум қараб турди-да, қўли
билан отиз бошида турган прицепни кўрсатди. – Ан-ан-навини қаранг, эшон! Т-тележканинг устидаги ик-икки одамни кўриб
турибсизми?– Ҳовво.– Сиз ўл-ўлманг, дейсиз. Ана шулар ўлдиради ме-мени!– Тавба, тавба, – деди эшон. – Бии-бириси сол-солиқдан, ик-иккинчиси милиса. Менинг отизимга, менинг
менерал ўғитимди бер-берилишини наз-назорат этиб ўтирибдилар. Ме-е-мен
ўғирлик этмаслигим учун.
Туркманбой энсасини қашлади.– Ах-ахир ер меники бўлса, пах-пахта меники бўлса, ўғ-ўғит меники бўлса нее
невчун ўзимнинг нарсамни ўзимдан сақлашлари керак булар, тушунтириб беринг
қан-қани. Сизам кўп нарсани тушунадиган одамсиз, од-одам ҳа-ҳам ўзининг
нарсасини ўзи ўғирлайдими? Бу бир. Ик-иккинчидан пулини бер-бериб, сотиб
олганимдан кейй-кейин шу дорини мее-мен бир зейкашга ҳаа-ҳазз этиб бир оқ
оқизин ахир! – Бу яхши эмас, – деди Туркманбой. – Ях-яхши, мен розиман, яхшимас. Бу-буни ҳам бир ақлли ўйлаб топгандир. Аг
агар мен ўғри бўлсам энди бу ик-иккиси ҳам қўш-қўшилди. Эн-энди ничик бўлди,
денг, эшон. Кихх-кх! – Абдрим елкалари силкиниб-силкиниб кулди. – Эн-энди
биз ўғрилар уч бўл-бўлдик! Иш тамом бўлганда булар ҳам ҳар қайсиси бир халта
дори олиб кетадилар. Би-бир ўғри уч бўлдими? Ҳаҳ-ҳай, бунга трр-тракторчини
ҳам қўшинг. У ҳам кетаётганда бункерига солинган охирги дорининг ярмини уйига
олиб кетади. Ан-ана шундий гаплар, эшон бува. Яхши, қўйинг бу гапларни. Ай
айланиб юрибсиз?
Туркманбой оғзини очгани ҳамона Абдрим уни тўхтатди.– Мм-мен кел-келишингизни билиб юрвадим. Гап мун-мундий, эшон бува. Сс
сизга сс-сув ббее-бераман. Лек-лекин б-бир шарт бил-билан.
Туркманбойнинг бароқ қошлари бир ерга келди. Дилига ҳадик оралади. “Қандай
шарт бўлиши мумкин?” Кейин Абдримнинг гапини ўзича тушунди.
– Албатта, албатта, – деди. – Насос ремонтига қарашаман, электрми, солярками,
уларнинг ҳам пулини тўлашаман. Буларнинг ҳаммасини тушунаман. – Аййй, – Абдрим кулиб қўл силтади. – У нарсалардан қайғу эт-этманг. Ҳам
ҳаммасини ўзим тўғирлайман. Насосини ҳам, сол-солярка, ток-токини ҳам. Гг-гап
мундий. Инн-ина шу ўн гектар ерга шоли эк-экаман. Шуу-шуни билиб қўйсангиз
бўл-бўлди.
Энди Туркманбойнинг бароқ қошлари керилди. – Тушунмадим.
Абдрим яна силкиллаб кулди. – Бб-буу шолини сизники, де-дейман, кихх-хх-хей! Булар сиздан қўрқ-қўрқади.
Сии-сизнинг ёнингизга келолмайдилар, нега экдинг, дд-деб.
Туркманбой бир бодга нима дейишини ҳам билмай қолди. – Бууу яхши эмас, – деди кейин ғўлдираб. – Алдаш яхши эмас.– Айй, эшон бб-буваа! Ммм-менам шундай деб ўйлар эдим. Ях-яхшимас, деб.
Ггг-гап яхши ёмонда эмас эк-экан. Аг-агар шу ақлим с-сал олдинроқ бб-бўл
бўлганида эди, ҳозир тупроқ ютиб ю-юрмас эдим.
Ишқилиб, Туркманбой сувли, Абдрим терс ҳар йили шоли экадиган бўлди.
Шунча йил ўтса ҳам ҳали ҳеч ким келиб Абдримнинг қўлини тутмади.
Туркманбой тўғри қисинган экан. Манзилга етиб танбурдан вокзал олдидаги
майдонга қараганда боши айланиб кетди. Бу ер барак қайнаган улкан қозонга
ўхшарди. Фарқи бу қозондаги бараклар ранго-ранг кийимда, узун-қисқа, семиз
ариқ эди. Аммо жараён қозондагидек эди. Биғир-биғир қайнаган. Воғур-вуғур
авжида. – Бу яхши эмас, – ғўлдиради у оломонга қараб. – Тиркашни не ердан топаман,
Тиркаш мени не ердан топади?– Тушмийсизми? – шанғиллади тўла-тўқ аёл қўлидаги катта юк сумкаси билан
уни бетакаллуфларча туртиб. – Эшик оғзинда туришингизни қаранг оғзингизни
очиб.
Агар қишлоқда бўлса Туркманбой бундайларга нима дейишини яхши биларди,
аммо ҳозир у шаҳарда, оғзи ҳам очиқ, кўзи ҳам очиқ, довдираб турганди.
Аммо тезда унинг бекор қисингани маълум бўлди. Ўттиз одим отмай унга
кимдир қучоқ очиб келаверди.– Ў-ў-ў, келдингми-ей, қишлоқи! Йўлда ўғирлаб кетмадиларми сени, бу не бало
хушрўй киши деб!
Овозидан таниди. Тиркаш! – Ҳай, ҳай, – деди у қаршисидан сал оқсоқланиб келаётган, юзи қаримсиқ
тортган, аммо ёш йигитларга ўхшаб башанг кийиниб олган жўрасига боқиб. – Бу
яхши эмас, бу яхши эмас!– Новви яхши эмас, қишлоқи! – Тиркаш жўрасини бағрига босди. Туркманбой
унинг қўл мушаклари шалвираган, кучсиз эканлигини ҳис қилди. “Шаҳарда яшаса
ҳам рангги сил кишиникидай”, ўйлади Туркманбой. Аммо Тиркаш қувноқ оҳангда
шанғиллаб, ўткан-кетканларни ўзига қарашга мажбур қилар эди. – Бу не деган
қариб қолибсан? Галинбийим дим қисинтирадими ё? – Ай-й, ай-й-й! – Туркманбой ўнғайсизланиб Тиркашга боқди. – Қичқираверма.
Бу яхши эмас. Ҳай, сенам олма билан ўрик эмас экансан. Сени бизмиқдинғина
бўлиб юрибди, деб ўйласам…
– Ҳозир сени меҳмонхонага жойлаштираман, – деди Тиркаш машинасини йўлга
тўғрилар экан. – Ажойиб номер заказ бериб қўйибман. Министрлар ётадиган. Қара
лекин, қизларга ўжашма17. Душ қабул қилиб, яхшилаб дам олвол. Тўйга болалар
олиб келади сени.
Туркманбой мезон вақтида кўлга қайиқдан ағанаб кетгандай бўлди. Чунки у
тўғри Тиркашнинг уйига борамиз, деб ўйлаган эди. Жўрасига ҳайратланиб қаради.
Кўз олдига хотинининг Тиркашнинг уйи учун тўлдирган сумкаси келди. Унда ўн
катта, ўн кичик чўрак, беш-бешдан ёғли ва гўштли патир, қовурилган икки хўроз,
Тиркашнинг неваралари учун алоҳида қовун қоқи, ўрик, жийда, қора кишмиш18
туюлган эди. Жўрасининг бу гапидан Туркманбой оғринди. Ҳатто тўйга келганига
пушаймон бўлди. Кўз олдига оч қолиб маърашаётган моллари, қўйлари, дон
ахтариб гўнг титаётган товуқ-куркаси келди. – Шу-у, – деди Туркманбой чайналиб, – уйингга кириб ўтсак, хотин болаларингга
у-бу нарса бериб юборган эди.– Ай, ҳамма нарса бор. Бекорга оввора бўлибсан, – деди Тиркаш, – Қайта мен
бериб юбораман болаларингга у-бу нарса. Сен яхшилаб дам ол, тўй кўр.
Туркманбой бирдан дами чиқарилган шиширавукка19 ўхшаб писсайиб қолди.
Ўзини оғир сезди. Назарида бир ҳафта ювинмагандай, ҳамма ёғи кирлаб кетгандай
бўлди. Бозордан олиб кийиб келган янги костюм шими, курткаси, бошидаги тумоғи
ҳам ўзига ярашмагандай туюлди. – Бу яхши эмас, – минғирлади ўзича Туркманбой. Ёнида синфдоши эмас, умрида
биринчи марта кўраётган бегона одам кетаётгандай эди. “Нега тўйга айтган экан
мени?”
Тиркаш эса бу вақтда чала-чулпа инглиз тилида кимгадир қайси меҳмонхонага
қандай етиб келишни, кимга учрашишни тушунтирар эди. Кейин кимгадир телефон
қилиб, жаҳл билан сўкина кетди.– Нечук одамсан сен ўзи? Нечун аэропортга чиқмадинг? – Ухлаб қолибман, – телефоннинг нариёғидан уйқули минғирлаш эшитилди. –
Не ерда у ҳозир?– Энангникида! – баттар қизишди Тиркаш. – Нерда бўлар эди, кетди
меҳмонхонага! – Эса ухлийверайми? – трубканинг нариёғидаги одам пинагини бузай ҳам
демасди. – Оқшом дим кеч ётган эдим.– Ётавар, ўл, ётаваринми даганинг наси энди! – Тиркаш телефон тузмасини
жаҳл билан босди. – Ҳейй, он-нангни сени!
Бироз жим кетишди. Тиркаш ҳамон ўзини босолмас, минғирлаб сўкинар,
Туркманбой эса атрофга бефарқ боқар, келганидан пушаймонлиги ошарди. Бир вақт
жўрасига ўгирилди. Тиркашнинг семириб озганлигини кўрсатувчи осилган юзи,
қимматбаҳо чет эл машинасининг парқу ўралган рулини асабий сиқиб-ёздираётган
териси салқиган панжаси, тери ва суякдан иборат узун бармоқлари унинг ҳам ҳаёти
ҳавас қиларлик эмаслигини кўрсатарди. – Ким, ким билан уришаётирсан? – сўради Туркманбой ўртадаги ноқулай
жимликни бузиш учун. – Ҳайдовчингми?
17 Ўжашма – элакишма, тегажоғлик қилма.
18 Кишмиш – майиз.
19 Шиширавук – шар.
– Йўқ-ай, – деди Тиркаш нозик сигаретани устма-уст тортиб асабий пуфлар
экан. – Болам, кичкина ўғлим. Бир-рор марта айтилган ишни ўнгариб бажармаган.
Бир-рор марта ҳам. Бўлмаса ҳамма нарсасини “вип” этиб қўйибман. Ишламийди,
тейинда ҳали мен ҳам минмаган энг шикарний иномарка! Чет элдан меҳмон келади,
кутиб ол, деган эдим. Ина! Чиқмабди аэропортга. Минг сўкканингнинг фойдаси
йўқ. – Ҳа-а, бу яхши эмас, – деди Туркманбой. – Отали бола, хўжали қул, деган. Бола
деган отага қулдай бир гап. – Қул эмас, хўжайин булар. Ҳамма нарсани тайин этганинг сайин туяга ўхшаб
терс сияди. Кечқурун сени олиб кетишга шу келади. Агар сал кеч қолса менга
телефон эт. Ишониб бўлмайди бунга.– Бу яхши эмас, – тўй дастурхонини кўрганда Туркманбойнинг хаёлига келган
биринчи гап шу бўлди.
Шунчалик кўп ноз-неъмат қўйилган эдики, катта, ўн икки кишига мўлжалланган
столда бир энлик ҳам бўш жой йўқ, ликувлар20 бири иккинчисининг устига чиқиб
ётар эди. Туркманбой уларнинг номини билиш тугул, дунёда шундай ейимликлар
бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам этолмасди. Аҳволи чатоқ эди. У бир қишлоқдан
келган одам бўлса, бундай эмас, ҳатто бундайга яқинлашиб кетадиган дастурхонни
ҳам кўрмаган. “Қайси нарсани қачон ва қандай ейишни билмасанг”, деди ўзига
ўзи, – “юравермайсанми қўй-қўзингни боқиб”. Туркманбой шу ерда яна бир марта
тўйга келганига пушаймон бўлди.
Юзлари арчилган юмуртадай теп-текис, бир-бири билан жуда сертавозе ва
айни дамда қандайдир ички кибр билан гаплашиб ўтирган йўлдошларига кўз
остидан, сездирмай қаради. Гўё улар Туркманбойнинг нигоҳини сезса жеркиб
берадигандай. Манглайига тер қўпчиди. Қалтироқ қадоқ қўллари билан терини
артаётган Туркманбойнинг қулоғига уларнинг столга ишора қилиб, эҳтиёткорона
шивирлашлари чалинди. – Ҳай, ёмон қилибди-ку буни Толик.– Энди унинг ўралашиб юрган давраси шундай-да.– Ай, барибир, ай, барибир… Чатоқ.– Ҳа, чатоқ. Ҳар курсининг арендаси эллик доллардан эмиш.– Уҳ-уҳ-уҳ-ҳ!– Ҳовво, ишонавар. Столга қўйилган нарса киши бошига неча юз доллардан
тушар эмиш.
Бу рақамларни эшитганда Туркманбойнинг боши айланиб кетди. Юраги
дукиллаб уриб, кўзи тингандай стол устидаги ноз-неъматлар ҳам, уларнинг
ранглари ҳам чаплашиб кетди: “Демак мана шу столда бир кишига қўйилган таом
ва курси ҳақи билан қишлоқда мундайроқ тўй ўтказиш мумкин экан”. – Бу яхши эмас, – шивирлади у ўзича. – Бу яхши эмас.
Вокзалга Туркманбойни Тиркашнинг ўзи кузатиб қўйди. У жуда ҳорғин,
кайфияти ҳам йўқ эди. – Сен қишлоқдан менга бир жой топ. Нечча сўм бўлсаям. Яхши ерда бўлсин.
Қумнинг тейинда еринг бор эмиш. Агар иложи бўлса ёнингдан топ. Бирга балиқ
тутамиз. Юрамиз ҳаз атиб.
Шунда Туркманбойнинг ёдига кеча олиб келган тўрт чавоқ бакраси тушди.
Кейин тўй дастурхонини эслаб, “яхши ҳам бермабман”, деб ўйлади.
20 Ликув – ликопча.
Машинадан юкларни тушираётиб, Тиркашнинг уйига деб хотини тайёрлаган
совға-саломнинг ичидан ковлаштириб-ковлаштиириб бояги бакраларни олди.
Сумкани жўрасига тутқазди.– Мана буни болаларингга бериб юборган эди хотин. – Ичидан новвини олиб қолдинг? – яна Тиркашнинг овозида шўхчан оҳанг
янгради. – Беришга кўзинг қиймадими? Дим қиммат нарсами ё?
Туркманбой каловланди.– Бу… яхши эмас.
Тиркаш Туркманбойнинг қўлидаги ўрамни тортиб олиб очди.– Оо-оо! – хитоб қилди у. – Бакрами?!– Ҳов… ҳовво, лекин ҳали яхши қоқ бўлмаган. Озгина иси бор.– Қани-и, – Тиркаш бакрани бурнига яқин келтириб искаб кўрди. – Ҳа-а,
қизғончи! Буни менга бермай сотиб кетмоқчисан-да, а! Баҳосини биласан-да, а,
содда-муғомбир қишлоқи!
Тиркаш эринмай бориб аввал балиқни машинасининг олд ўриндиғига қўйиб
келди. Кейин бошқа совға-саломлар солинган сумкани машина капотига жойлади. – Раҳмат, жўра, – деди кейин. – Ҳамма ишингни ташлаб, тўйга келганинг учун
раҳмат. Кейин менинг бояги хоҳишим ҳам ёдингдан чиқмасин. Бир жой топ. Орада
бориб-бориб, дам олиб келаман.
Тиркаш кетди. Жўрасининг ҳазил аралаш гапириши-ю, ўзини беғам-бепарво
кўрсатишга уринишига қарамай Туркманбой унинг кўзлари кулмаётгани, эрта
ажин босган юзида қандайдир ғам кўланкаси кезиб юрганини кўрди. – Бу яхши эмас, – деди кейин ўзига ўзи. – Бу яхши эмас…
Поезд рельсларининг биринчи тарақа-туруқи эшитилиши билан Туркманбойнинг
юраги орзиқиб кетди. Поезд чаққонлашгани сари унинг юрак уриши ҳам
тезлашгандай бўлди.
У юртга қайтиб кетаётган эди. Қулоғига мол-ҳолининг бақираётгани, эшагининг
ҳанграгани, товуқларнинг қақоғлаётгани чалингандай бўлди.
У жилмайиб қўйди.– Бу яхши, – деди у одатига хилоф равишда биринчи марта. – Бу яхшиии…
БУЛБУЛ
Қозоқбой ЙЎЛДОШГА
– Энди бу ёғи қум, – деди ўғил овулнинг охирги хонадонидан ҳам чиқиб заҳкаш
ёқалаб кетишар экан. – Уй йўқ у ёғида.
Улар куни билан беш-ўн уй кўришди. Бу охиргиси эди кўчанинг. – Бўлиши керак, – деди ота. – Соп-соқолли одам айтди-ғў. Шу ерда ҳам бир уй
бор, сотиладоғун деб.
Ўғил индамади. Унинг жуда зарур ишлари бор эди бугун. Ёшуллиси топширган.
Биринчи ўринбосарига ишонмай, айнан унга – оддий муовинга ишонган эди бу
ишни. Кеча ҳам офисда анча тутилиб, ярим тундан ўтганда келди уйига. Ёшуллининг
айнан шу топшириғини кутилганидан анча тез ва кўркам бажариш учун қанча
қоғоз титди, қанча одам билан гаплашди, кимларга топшириқ берди, кимлардан
илтимос қилди, кимларга дўқ урди, яна кимларнинг дўнг бўйнини юмшатаман,
деб авваллари гаплашмакка тенг кўрмайдиган каззобларнинг кифтини сийпалади.
Ҳаммаси ёшуллининг топшириғини қойилмақом ўринлатиб, ўзининг энг ишончли
таянч эканлиги ва унга истаган топшириқни бериш мумкинлигини исботлаш учун
эди. Кеча бу вазифани тушга қолмай бажариб ахборот беришни ва Ёшулининг,
“Янглишмадингми, айтганимдай бўлдими?” деб қайта-қайта сўраши ва у ҳаммаси
ҳал бўлганини эшитганидан кейин ҳайратаниб, “Э, салламно! Отангизга раҳмат!”
дейишларигача кўз олдига келтирган эди.
Тунда уйига қайтаркан, тонг қоронғисида уйдан чиқиб кетишни режалаштириб
телефонидаги уйғотгични ҳам керак вақтга созлаб қўйди. Аммо телефондан олдин
отаси уйғотди. – Тур, ўғлим, тур. Бир ишни кўпдан ўйлаб қўйган эдим сенинг дам олиш кунингга
тўғирлаб. Шунга бориб келайлик.
Шошиб телефонига қаради. Ҳали уйғотгичда белгиланган вақтига бир соат бор
эди. – Ота-а-а, бугун…– Биламан, биламан. Бугун дам олиш кунинг. Лекин эндиги дам олишингда
яхшилаб дам оларсан. Тур болам, тур, йўл олис…
Ичидан зил кетди, аммо отасига ёшулли бир топшириқ бериб қўйган, деб
айтолмади. Айтиб ҳам бўлмайди-да. – Ҳа, оқшомги сумкаларни солайми мошинга? – сўради хотини уйқусириб. –
Эртамасми ҳали? – Эрта, – деди ўғил тўнғиллаб. – Орқайин ётавер. Нарсаларни ҳам сумкадан
олиб қўй. – Ҳа-аанг? – ҳайрон бўлди кечагина дам олиш куни ишга кетишига тиш-тирноғи
билан қарши бўлган хотини. – Ёшуллингизнинг топшириғи ничик бўлади энди сиз
бормасангиз? – хотин “сиз”, деган сўзга алоҳида урғу берди, гўё унинг кеча айтган
ҳамма гаплари уйдирма эди-ю, ҳозир унинг ёлғони фош бўлаётгандай. – А?– Ётавер! – жеркди уни ўғил. – Мут томоша, мут гап бўлди-а, сенга!
Имиллаб кийинди. “Айтсаммикан, ё? Йўқ, айтиб бўлмийди”. Юраги тош билан
тўлдириб қўйилгандай эди. “Яқин ер бўлса эди-ғў “шарт-шурт” ҳам отамнинг
ишини қилиб, ҳам топшириқни бажарардим. Узоққа борадиганга ўхшиймиз.
Бўлмаса бунча эрта турмас эди отам. Инди ничик бўлади бу ёғи?”
Долонга чиқса отаси тайёр бўлиб турган экан. – Ассалому алайкум!– Валейкум ассалом! – ота ўғлининг афтига қараб шашти сал пастлигини сезди. –
Биламан, оқшом ҳам кеч келдинг. Дам олмадинг. Лекин бугун бормасак бўлмайди. – Гаппи йўқ, ота! – ўғил туфлисини эгилиб кияр экан, боши лўқиллаб
оғриётганини ҳис қилди. “Шу давление деган бало ҳам ёпишиб олди-да”.
Буни отасига бир марта айтган эди, “Ишламайсизлар, меҳнат этмайсизлар”,
деди. “Долонда мошинга минасизлар, долонда тушасизлар. Ҳеч бўлмаса ишда
беш-ўн одим отасизларми? Ҳай, билмадим-ов! Ахир иккинчи қаватга ҳам лифтда
кўтариласизлар. Борганда кўрдим. Шунда одам давление бўлмай қачон бўлади?”
Отаси ҳалиям уни аяди. Кейинги йилда ўғил ўттиз кило, деса лоф бўлар-у, бир
йигирма қилодан ошиқ семириб, долтонглаб зўрға юрадиган бўлиб қолганди.
Ўғилнинг тахмини тўғри чиқди.– Қишлоққа! – деди ота машинага ўтириши билан. – Жой қараб келамиз.
Отанинг бу гапи ўғилнинг бошига гурзи билан туширгандай бўлди. Олис,
ҳа, олисга боришларини тахмин этган эди. Лекин… қишлоққа эмас-да! Дабдала
йўллар кўз олдига келиб машинасига раҳми келиб кетди. Яқиндагина олган
эди-я, яқиндагина! Ўғил тишларини қисди. “Жой? Нечук жой, не жой?” Ҳали
кун ёришмаган бўлса-да, ота ўғилнинг тиришган юзини ҳис қилди. Шунинг учун
тушунтириш берди.– Буванг тушимга кириб юрибди кўпдан бери. Шу “Қорақопу” бувани
айланаверади. Кейин авлиёбуванинг энг баланд ерига, ҳозир ўзи ётган ерига
чиқади-да, бизларнинг ота ватанга қараб тураверади. Мен ҳам қарасам бизларнинг
жой ўринни йилғин, оқбош, қамиш ва бошқа чўп-чор босиб ётган эмиш. Бўлмаса
у ерлар посёлка бўлиб, жойлар солиниб кетгани қач-чо-оон эди. Шу мен тўктирган
икки мошин тош ҳам ётибмиш ораларидан қамиш кўкариб. “Ҳа-аа”, дейман эмиш.
“Ҳали ҳам турган экан-да жой ўрнимиз”. Шу бир марта эмас, икки марта эмас,
айй, бир беш-олти марта кирди тушимга буванг. Шу, келинглар қишлоққа, деб
турибда-да. Дим чақириб турибди. Аввал биринчи марта тушимга кирганда, ай,
туш-да, бир нарсадан безовта бўлиб юргандир, деб ўйлаган эдим. Ёдингда бор,
бир бўрсоқ пиширтириб юбордим. Кейин… кирмай юрди бироз вақтгача. Ҳа, энди
орқайин21 бўлди отам, десам. Яқиндан бери яна тушимга кириб бошлади. Яна шу
аҳвол, шу туриш. Авлиёбобонинг энг баланд ерига чиқади-да, ота ватанга қараб
тураверади. Шунга… қишлоқдан бир жой олсоқми ё шу ёқда бир жой солсоқми?
Кейин авлиёбувадан бир ўрин ҳам белгилаб қўямиз – бувангнинг ёнидан. Шу…
кейин қисиниб юрмийсизлар. Солиб ҳам қўйсак жойимизни.
Ўғилнинг хаёли ҳамон ёшуллининг топшириғида эди. Агар бир соатларда,
йўлнинг расволигини ҳисобга олса, бир ярим соатларда борса, бир соатча юриб
отаси режалаштирган ишларни бажарса, яна бир.., бир ярим соат юриб орқага
қайтса, ҳали ҳам улгурса бўлади топшириқни бажариб. Яна кўз олдига ёшуллининг
“Э, қойил! Отангизга раҳмат!” деб тургани келди. Тезликни оширди. Моторнинг
гувраниши кабинагача сезилди.– Ё бир ишинг борми эди болам? Қистаниб турибсан?– Й-йўқ-қ, – Ўғил ўзини ноқулай сезди. – Просто, тезроқ борсак, деган эдим.– Қистанмай ҳайдайвер. Ҳаммасини планлаштириб қўйибман. Икки соатларга
борсак кун чиқиб одамлар уйғонади. Кейин орқайин айланаверамиз. Ўзингнинг
ҳам қишлоққа бормаганингга бир ўн йиллар бўлгандир. Мен-ғў ўтган йил борган
эдим.
Чол қишлоққа охирги марта борганини эслади. Синглиси, жиянлари, узоқ-яқин
қориндошлари, уларнинг болалари, кўнгши-ўбадагилар чапа-чарс бўлган эдилар22
уни кутиб. Ойда-йилда бир боради-да ўзи ҳам. Бу бўлса ётиб ҳам қолмади. Йўқ
ердан баҳона топиб, йўл узоқ бўлса ҳам қайтиб кетди. Меҳмон кутганларнинг
ҳаммасининг мазаси қочди. Синглиси кулиб узатаётибди-ю, кўзларида “милт
милт” ёш. Катта-катта томчилар ёноғига тинмай томади. “Эндиги сафар ётоллий
келинг Шўртака, ётоллий. Назокат гаплашиб ўтирамиз, деган эди”, дея пичирлайди.
Қонсиз лаблари янада қонсизроқдай кўринади. “Не ерга қистандим-а, не ерга?” Ана
энди Назокат синглиси йўқ. Ўн кун ётсанг ҳам йўқ, юз кун ётсанг ҳам йўқ. Кўнгли
сезгандай, “Ойопа, Шўртакам қолса гаплашиб ўтирамиз, ухламиймиз”, деган экан.
Шу куни ётиб қолганда не бўлар эди? Осмон узилиб ерга тушарми эди?
Машинанинг балони бир сапчиб чуқурчадан ўтди. Қишлоқ йўлига тушиб
олишган эди.
21 Орқайин – хотиржам.
22
Чапа-чарс бўлмоқ – уришмоқ, жанжаллашмоқ.
– И-й-й-й, – деди ўғил ноқулай қолиб. – Кўрмай қолибман.
Ота ўғилнинг асабийлашаётганини энди аниқ-тиниқ сезди. Эрталабдан унинг
билинар-билинмас норозилигини уйқудан қолганга йўйиб келаётган эди.
– Сенинг бугун бир ишинг борми эди? Бўлса айт, ҳозирам қайтаверамиз.– Йўқ, ака, йўқ. Просто кўрмай қолдим чуқалоқни. Ина бу қуёш ҳам кўзга уриб
турибди.
Ҳозир тонг отаётир. Синглисиникида тунаб қолмай уйга қайтганида кун
ботаётганди. Йўллар ҳозиргидан ҳам расво эди. Ҳозир бир ярим, икки соатда борса
бўлади қишлоққа. У вақтда камида тўрт, бўлмаса беш соат кетарди йўлга. Кейинги
вақтда йўлнинг ўртасидан узиб-узиб бўлса-да “ямочний ремонт” этганлар. Ота
шунга ҳам тушинмайди. “Навчун бир четдан, тартиб билан ремонтламайди булар
йўлни? Чўракни ўртасидан тишлагандай у ер-бу ерини ямайди булар?” Бироқ
барибир йўл тезлашган.
Бечора синглиси ўшанда акаси тунаб қолсин, деб, охирги чорани ҳам қўллаган:
“Ака, ботарға қараб юрманг23 деганлар”.
Нима жин урган эди уни ўшанда. Ўзи ҳам сиркаси сув кўтармайдиган бўлиб
қолганми ё бошқами, лекин қолаверса бўлар эди. Йўқ, тегма нозик бўлиб қолган.
Шунинг учун баҳона топган. “Уйда ишлар кўп”. Аслида нафақадаги одамнинг уйида
бало иши, гўр ташвиши бўларми эди? Йўқ, ҳеч қанақа иши йўқ эди. Шундай бўлса
ҳам қолмади, “Уйда ишим кўп”, деди. Сал асабийлашаётгани бор эди. “Тушундим
Шўртака. Уни энди ёнингизга бормайди. Не иш этасиз энди куёвингизнинг дим
яқин жўраси. Дим тўлиб кетган. Шунга сал кўпроқ ичиб қўйибди”.
Тўй даврасини эслаб яна энсаси тиришганди шунда: даврадаги бир йигит
манглайидаги курсига келиб ўтириб олганди. – Ассалому алайкум, тўйлар муборак бўлсин!
Бошини кўтариб қаради. Тузуккина кийинган, икки чаккаси қип-қизил,
салобатли одам.– Раҳмат, сизга ҳам муборак бўлсин.– Раҳм… раҳмат, – йигит бошидаги қимматбаҳо қундуз тумоғини столга авайлаб
қўйди-да, мўйнанинг тикрайган тукларини ўта авайлаб силаб-силаб ётқизди. Кейин
бош кийимига ихлос билан роҳатланиб бир қаради-да, хизматда юрган йигитлардан
бирини қўл силкаб чақирди. – Ҳай, бу ёққа ке! Ароқ қуй.
У, албатта, йигит узатган лиммо-лим пиёлани олмади.– Кечирасиз, ичмийман…– Сиз тўй эгасининг қайноғасимисиз ахир?– Ҳовво.– Бўлмаса невчун ичмийсиз? Ичасиз. – Умуман ичмийман, – ёлғон сўйлади у. Унга йигитнинг бетакаллуфлиги ёқмаган
эди. – Бугун ичасизи-иззз!
Йигит ғирт маст экан. Кўринишидан ҳеч ундайга ўхшамаган эди. Қарибдими ё
асаблари кетганми тўйда ўтиргиси келмай қолди ва ўрнидан турди.
Хуллас, шу борганида синглисиникида қолмагани ҳалигача ичидан чиқмайди.
“Навчун мундий бўлиб қолдик-а, бизлар?”
23 Қадимгиларнинг “Ботарга қараб юрма, отарга қараб юр”, деган нақли бор. Шунга ишора. Йўлга
чиққан киши эрталаб чиқсин, қуёш чиқиб йўли равон, мушкули осон бўлади, кун ботишга қараб
чиққан кишининг иши юришмайди, деган маънода.
Болалик вақтларида отаси билан кўп келарди қишлоққа. Келганида ҳам камида
уч кун, бўлмаса ҳафта, баъзан ўн кунлаб қолиб кетардилар. Аввал, қавмларининг
қўйимгоҳи “Қорақопи бува”нинг тик остидаги уйга борардилар. Бу уйда, исми ким
эди-я, бир оёғи йўқ чол кампири билан яшарди. Ким эди-я, оти шу қаррининг? Ким
эди? Ҳа, бўлди, Зиёд бува. Қишлоқдагилар уни Зиёд чўлоқ дейишар эди. Лекин
отаси чолни бирор марта ҳам “чўлоқ” деганини эшитмаган. Зиёд бува дерди,
раҳматли отаси чолни жуда ҳурмат билан.
Зиёд бува оёғини Гермон урушида ташлаб келган. Лекин у Зиёд буванинг
қўлтиқтаёқда ликонглаб юрганини кўрмаган, дуч келмаган бунга. Ҳа, бир марта
узоқдан, урушда қатнашган ногиронларга бериладиган “Запарожец” машинасига
ўтираётганида кўриб қолган. Шунда бу машинанинг рули бошқаларникига
ўхшамай, қандайдир ричаклари ҳам борлигини кўриб ҳайрон бўлган.
Зиёд буваникига ҳар сафар кириб борганларида у хос хонасидаги кесак ўчоқ
ёнида кўзойнак таққанча газета ўқиб ўтирган бўларди. Қиш, совуқ кунлари бўлса
ўчоқда олов ловуллар, тўрт кўзли чўян плиткадаги кичкина қумғон ва қангилтир24
тунчада биқирлабгина чой қайнаб турарди. Зиёд буванинг олдида доимо усти
кичкина, сочоқли сурги25 билан бостириғлиқ аччиқ чойи бўларди. Кесак ўчоқнинг
тирноғига26 газета-журналлар тартиб билан терилиб қўйиларди.
Болалигида, ҳали йигит етган вақтида ҳам, шу бир оёқсиз чол – Зиёд бува билан
унинг кампири Тўтижон момолар қишлоқдаги энг яқин одамларимиз, энг яқин
қориндошларимиз, деб ўйларди. Чунки ҳар сафар зиёрат шу чолникидан бошланар,
Зиёд бува ҳам, унинг мункиллаб қолган, доим бошида ўзидан катта лачаги бўлган
Тўтижон момо ҳам уларга шундай гирдикапалак бўлардилар-ки, меҳмонлар
беихтиёр бир зумда меҳр уммонига ғарқ бўлар эдилар. Чексиз меҳр уларнинг
ҳар сўзи ва қараши, шошилиб дастурхон тузаши-ю, елиб-югуриб лаҳзада ўртани
қанд-қурс, жийда-ю қоқ ўрикка тўлдириб ташлаганларидан барқ уриб турарди.
Зиёд бобо жуда кам, деярли шивирлаб гапирарди. Чолнинг дудоғидан вазминлик
билан тўкилаётган сўзларидан чак-чак бол томаётгандай туюларди унга. Унинг ҳар
сўзи, ҳар сўзи эмас, ҳар товуши дурдай кўринар, бу унинг бола кўнглига чексиз
роҳат бағишларди. У ўтирган отасининг сонига суяниб чолнинг билинар-билинмас
қимирлаётган лабларига диққат билан тикиларди. Гўё чолнинг даҳанидан болга
аралашиб тушаётган ҳар сўзини кўриш мумкиндай.
Отаси Зиёд буванинг қошида камида бир соат, баъзан ундан ҳам кўпроқ ўтирарди.
Суҳбатлардан хотирасида сақланиб қолган узуқ-юлуқ гапларни бир-бирига улаб,
энди ўйлаб қараса, Зиёд бува урушдан қайтгач ҳозир ўтирган уйини уларнинг ота
буваси яшаган ерларга солиб олган экан. “Не иш этасан инди”, дерди гуноҳкорона
оҳангда Зиёд бува чўлтоқ оёғини босиб-босиб сийпаларкан. “Бийвужон бошлиқ шу
ерни кўрсатди. Осмонда Худо, ерда раис, деган замон эди у вақтлар. Лекин ўзим
ҳам бир оғиз, “Бошлиқ, бу ерлар Маткарим махсумники, деб айтиб билмадим”,
дерди ҳар сафар. Ҳар сафар гурунг шу гапдан бошланарди. Ҳар сафар отаси Зиёд
бувани овутар эди. “Зиёни йўқ, Зиёд бува. Асли насиба. Сизам бизларга ёт эмас, бир
томир қориндошсиз. Агар бошқа биров олганида не бўлар эди? Кириб ҳам билмас
24 Қангилтир – тунука.
25 Сурги, сулги – сочиқ.
26 Тирноқ – пойдевор, тагасос. Кесак ўчоқ қурилганда аввал кенгроқ асос қилинади, ўчоқ унинг
устига сал торроқ қурилади, тагасоснинг ўчоқ тагидан чиқиб қолган бир, икки қаричча ери токча
вазифасини ўтаб, чойнак-пиёла, баъзан бошқа буюмлар ҳам қўйилар эди.
эдик бу уйга. Ина, сиз бўлганингиз учун орқайин кириб келаверамиз”. Суҳбат
қанча чўзилмасин, гап яна буларнинг шу ерда бир ватан тутишлари лозимлигига
келиб тақалар эди. “Ана, боғнинг кетинда ташлатган тошинг ҳали ҳам ётибди. Ҳеч
бўлмаса шу ерга жой сол. Менам орқайин бўлар эдим”, дерди зорланиб Зиёд бува.
“Ай, Худо холаса, Зиёд бува, Худо холаса”, ёқа туттирмасди отаси ҳар сафар. Зиёд
бува отанинг бу гапи ваъдами ёки ишдан қочишми, эканлигини билмай, дув-дола27
бўлиб қолаверар эди.
Анча узрхоҳликлардан сўнг отаси ўрнидан қўзғалар ва ўтганларни зиёрат қилиш
учун авлиёбувага йўлланар эди. Гарчи отаси унча катта бўлмаган қабристонни,
борадиган йўл ва ўзларининг қавми ётан ерни яхши билса ҳам, ҳар сафар уларга
Тўти кампир ҳамроҳ бўлар эди. – Асли хотин одамнинг авлиёбувани босқилайвергани яхши эмас, лекин мени
ўтиришим мана, – дерди ҳар сафар Зиёд бува чўлтоқ оёғига ишора этиб. – Шунинг
учун кампир олиб боради сизларни авлиёбувага. – Керак эмас, ўзимиз борамиз, Тўхтажон опам овора бўлмасин. – Ай-й, бораверсин, яхши бўлади, – дерди Зиёд бува.
Кампир ортиқча гап-сўзсиз буларнинг олдига пилдирабгина тушиб кетаверарди.
Ҳар сафар гапни ҳовлидаги доимо артиб, ялтиллатиб қўйиладиган кип-кизил
“Запорожец”дан бошларди.– Зиёд бувангиз урушга борғон. Сизларнинг буваларингиз Матқурбон акам
билан кетган. Матқурбон акам дим полвон одам бўлган акан. Ҳар эйнинда бир
дев ўтирадиган. Урушда қолиб кетди. Зиёд бувангиз қайтиб келди. Лекин бир
оёқини ташлаб келди. Шунга ҳам Худога минг шукур. Мана бола-чақали бўлдик.
Бу мошинни хукумат берган. Оёғи йўқ, ина оёқ, деб. Энди оёқлилар боролмаган
ерларга Зиёд бувангиз боради. Ана насиба.
Ўтганларни зиёрат этиб бўлганларидан кейин отаси билан Худойқули
оғайнисиникига кирар эдилар. Бу кишининг ёши элликка яқинлашиб қолган, узун,
қоқсуяк, қоқчакка, мўғилбашара одам эди. Тили бурро, лекин калчик, кўзлари ёниб
турар эди. Қадоқ қўллари, ёводай28 тарвақайлаган узун-узун бақувват бармоқларини
ҳавода силкитиб ўтин ёрғондай “қарса-қарса” гапирар эди. Ҳамиша кажавали “Урал”
мотоциклида юрарди. Меҳмонларни қишлоқнинг не ерида кўрса ҳам дарров рулини
орқага бурар, ҳамма ишини йиғиштириб меҳмоннавозлик пайида бўларди. Шунда
отаси, “Ҳов, Худойқули, сен ишингни орқайин этавер. Бугун бирибир сеникида
қоламиз. Кечда орқайин гурунглашамиз”, деса, “Ай-й, ака-ай! Иш деган адо
бўлами? Сизларни монго Худо етказди. Дим соғиниб юрвадим. Ана инди болалар
бир-икки даканни ғийқиллатадилар”, дерди кулиб худди шовқинли катта бозор ёки
тракторнинг саси остида гапираётгандай овозини баланд қўйиб. Кейин овозини
ундан ҳам кўтарарди: “Ҳай-й, болалар!” Отанинг сасига уйдаги ҳамма катта-кичик
бала-бақрагача бир зумда етиб келарди. Худойқули оғайнининг хотини ҳам, ўғил-у
қизлари ҳам ўзига ўхшар эди: ҳаммаси очиқкўнгил, очиқчеҳра. Барчаси йиғилишиб
ҳадемай меҳмонларнинг атрофи кичик бир бозорга дўнарди. Шу бозордагидай
ғала-ғовур, ҳамма тенггига гапиради, тенггига сўрашади, тенггига меҳрларни
изҳор этади. Шунда яна Худойқули оғайнининг овози янграйди: “Ҳай-й-й,
тўхтанглар! Бу не воғирди29!” Ҳамма жим бўлади. Кейин вазифалар тақсимланади.
27 Дув-дола – ҳайрон.
28 Ёво-паншаха.
29 Воғирди – шовқин.
Қиш бўлса биринчи топшириқ уйни қиздиришга: “Сен, сен, сен меймонхонага
ўт ёқ!” Уч бола дарҳол топшириқни бажаришга чўзади30. “Сен икки дакан тут!
Энг даёвидан31 тут. Бири қаттиқ қовурдоққа, бири куртикка32!” “Сен отангларни
айтиб кел! Тозабозордан акамлар келди, де!” Ҳамма топшириқ берилиб бўлингач
Худойқули оғайни баланд овозда меҳмонларга меҳрини яна бир бошдан изҳор
қила бошлайди. Хотини сариқ юзли, кўзлари кўк аёл, қисиниб-қимтиниб қарайди:
“Оғайнингиз дим қувониб кетганда шундий қаттиқ гаплийди, элаштирманг”. Отаси
келинни хижолат бўлмасликка чақиради: “Қисинаварма, галин. Бир кун эмас, уч
кун қоламиз. Шунда меҳри қониб, ювошиб ҳам қолади”. “Ай-й, ака, қани эди, қани
эди уч кун эмас, ўн кун қолсангиз!” гулдирайди Худойқули оғайни. “Лекин укангиз
дим қориндошжонли”33, ийманибгина қўшиб қўяди келин.
Хуллас, уч-тўрт кун ўтиб сафар қаригандан кейин яна Зиёд буваникига
кирадилар. Яна бир соатча гурунглашиб ўтирадилар. Зиёд бува ҳар сафарги
илтимосини такрорлайди: “Мадрим, иним, шу жойингни солиб ташла. Ман ҳам
бир орқайин бўлин. Қариб ҳам қолдим. Маткарим акамнинг ёнина борғонда юзим
қизариб ўтирмасин”. Отаси ҳар сафаргидай Зиёд буванинг кўнглини кўтаради:
“Худо холаса, Зиёд бува, Худо холаса”. Зиёд бува бу гапнинг ваъдами ва ёки шундай
кўнгил овутиш учун айтилган гапми билмай ҳар сафаргидай дув-доло бўлиб
қолаверар эди.
Қишлоққа сафарлар, қориндош-туққанни зиёратлар, ҳар сафар қайтиш олдидан
Зиёд буванинг кўнглига умид солишлар йиллар давомида такрорланди. Лекин Худо
йўл бермадими ё бошқами қишлоқдаги ўша белгиланган жойга иморат солинмади.
Шу орада ота-боболари асли шу қишлоқдан бўлган, аммо ҳозир шаҳарда яшаётган
кимдир келиб ўша жойни текислатиб, иккими, уч қаватли қилиб мустаҳкам бир
иморат солди. Бу вақтда отаси ҳам, Зиёд бува ҳам, Тўтижон момо ҳам, Худойқули
оғайни, бошқа буларни билганларнинг ҳаммаси дунёдан ўтиб кетганди. Шунинг
учун шаҳарликнинг қўлини тутадиган бирор киши бўлмаган. Бу замонларга келиб
ота ҳам қишлоққа ҳайитдан ҳайитгагина келиб кетадиган бўлиб қолганди. Ўғил
эса қишлоққа деярлик келмасди. Бир марта ота бетоб бўлиб, ҳайитда ота-боболар
зиёратига ўғилнинг ёлғиз ўзи келган. У ўзгариб кетган чилдириш34 йўллардан
қишлоқни топиб келгунча тушликка яқинлашган, қабристон бошида деярлик одам
қолмаганди. Ўғил ота-буваларининг қўйимгоҳини кўрмаган, сўрай деса, қишлоқда
қолган қориндошлардан ҳеч кимни билмасди. Узоқ вақт келмаганидан кейин
қишлоқда уни ҳам ҳеч ким танимаган. Шунинг учун қабристон қаршисида нима
қилишини билмай анчагача серрайиб турган ва ҳеч кимдан имдод бўлмаганидан
кейин ахийри атаганини шу ердаги тиланчига ўхшаш, баланд овозда Қуръон
тилавот қилаётган бир кимсага бериб, кейин қабристон деворига қараб дуои фотиҳа
қилган-у, қайтиб кетган.
Мана, орадан қанча вақт ўтиб, ота билан ўғил яна қишлоққа қараб келаётган
эди. Отанинг нияти неча марта такрорланган ваъдаси – овулдан ё бир иморат олади
ё шу ердан участка олиб, жой солади.
30 Чўзмоқ – шиддат, ғайрат билан ташланмоқ.
31 Даёв – узун, бақувват. Хоразмда қадимда Амударёда кемалар қатнови бўлган вақтларда кема
нинг тумшуғида туриб уни бошқариш учун ишлатиладиган беш-олти метр, баъзан ундан ҳам узунроқ
бўлган ходага даёв дейилган.
32 Қатти қовурдоқ, куртик – Хоразм таомлари. Қатти қовурдоқ – қаттиқ қовурилган гўшт, куртик
(курдик) қорақалпоқларнинг “беш бармоқ”ига ўхшаган хамир овқат.
33 Қориндошжонли – қориндошни яхши кўрадиган киши.
34 Чилдириш – айланма, чигал, боши-охири номаълум.
Қишлоққа кираётганларида бу фикрини ўғлига айтди. Ўғилнинг калласи ҳамон
ёшуллисининг топшириғида бўлгани учун аввалига отаси қандайдир йўнакай35
гапни айтаётибди, деб унча эътибор бермади, “Ҳовво, ҳовво, яхши”, деб ғўлдираниб
қўйди, холос. Кейин гапнинг мазмуни етиб бордими, илкис бошини кўтарди.– Ким яшийди бу ерда? – деди кўзларини катта-катта очиб.– Ўзим, опанг билан, – деди ота астагина.– Қийналиб қоларсизлар-ов, бу ерда икки қарри.
Энди ота ўғлига ҳайрон тикилди.– Навчун икки қарри? Улли боланг Раҳмонни олиб келамиз уйлантириб.
Раҳмоннинг отини эшитганидан сўнг ўғилнинг хаёли бутунлай ўзига келди.
Кейин яна “ғувв” этиб ўйлари чувалашиб кетди: бобо, туш, қишлоқ, ватан тутмоқ,
уй, участка… Анчагача не деярини билмади. Отага нима дейиш мумкин? “Отали
ўғил – хўжали қул”. Лекин… Ниҳоят тилга кирди.– Раҳмон… келармикан? – Невчун келмийди? Бугун қишлоқ қайси шаҳардан кам? Қара йўллари ничик,
уйларини қара, газ, свет бўлса. Новви етмийди? – “Ўғлинг келмаса ўзинг келасан”,
демоқчи эди-ю, ўзининг ҳам, ўғлининг ҳам асабини аяди.
Ўғил ҳам, қишлоқ барибир қишлоқ, деяжак бўлди, лекин ботинмади. Бироқ
ўғли Раҳмонниинг қишлоққа келмаслигини билар эди. – Оқтиқингиз дим чантайган36. Кейин жой солмоққа пулни не ердан оламиз? – Банкдаги ҳамма пулни олдим, – деди ота. – У томонидан ғам ема. Пул етарли.
Энди бу ҳаммасидан ошиб тушган эди. “Бу ёғи ничик бўлади?!” Ўйлади ўғил. У
бу пулларни ёшуллиси бошлаган бир лойиҳасига тикмоқчи, шу орқали хўжайини
билан ака-уками, дўст-қадрдонми, ишқилиб, бугунгидан ҳам яқинроқ бўлиб
олмоқчи эди. Лекин бу режасини ҳали отасига айтиб улгурмаганди. Энди эса…
Уларга сотиладиган уйларнинг бир нечасини кўрсатдилар. Ҳар уйни кўрганда
ўғил, “Маъқул, шу мана шуниси маъқул”, дерди шоша-пиша. У ҳали ҳам шаҳарга
қайтиб, ёшуллисининг топшириғини бажаришга улгуришни ўйлар эди.
Ниҳоят хуторда қолиб кетган, солинганига икки асрга яқинлашган кунгурали
уйнинг эгаси ҳовлисининг ярмини сотмоқчи эканлигини эшитдилар. – Ҳайда, – деди ота. – Кўрамиз, ничик уй экан.– Уйни эмас, боғининг бир томонини сотамиз, дебди. Бўш ерни.
Кунгурали уй дейилиши билан отанинг кўз олдига болалиги, ҳар ер, ҳар ерда
солинган юз, икки юз йиллик гужумлар соя бериб турган ҳовузли ҳовли, баланд ва
мустаҳкам дарвозали кунгурали уйлар келган эди. – Ҳайда, – деди ота қатъий. – Кўрамиз.
Ҳақиқатан ҳам айтилган бу уй қишлоқдан анча четда экан. Учи-қири йўқ
кўпгектарли пахта даласининг ўртасида бу уй ва асрлик гужумлар сақланиб қолгани
ажабланарли эди. Торгина йўлдан бориб кенг ҳовлида тўхташди. Биринчи бўлиб
кунгурали уйнинг ёнида европача усулда тикланган уч қаватли уй кўзга ташланди.
Эски уй анча нарида, ҳовуз бўйида эди. Ҳовузда сув йўқ, ўлтонида сарғайган гужум
япроқлари тўшалиб ётарди.
Машина келиб тўхтаганини кўрган ўттиз беш, қирқ ёшларидаги киши шу ерда
уюлиб ётган темир-тирсаклар қошидан қўлини латтага атра-арта уларга пешвоз
юрди.
35 Йўнакай – йўл-йўлакай айтиладиган оддий гап, гурунг.
36 Чантайган – кеккайган, димоғдор.
– Келинглар, ассалому алайкум!
Кўришдилар. Мақсадни айтишди. – Ҳовво, – деди йигит кунгурали жой томонни кўрсатиб. – Дим кенг қолғон бу
ер. Шунинг ярмисини сотажакман.– Уйни ҳам қўшиб сотасизми? – сўради ота.– Йўқ. Шу уйдан ори ёғи. – Уйни кўрсак бўладими? – сўради ота.– Бемалол, – деди уй эгаси.
Ота кунгурали уй томон юрди. Ўғил ҳам иложсиз эргашди. Эски уйга кўпдан
одам кирмаган, атрофи шўрлаб, қамиш, ёнтоқ босиб ётарди. Томи очилиб оғочлари
олинган, лекин мустаҳкам нақшиндор дарвозаси сақланиб қолган эди. Ота тўзғиб
ётган шўра, қовжираган ажриқни босиб дарвозага қараб юрди.– Ота, устингиз вайрон бўлди, – деди ўғил отасининг оқ тўзғоқ ва шўрҳоқ тупроқ
ёпишган уст-бошига қараб.
Ота индамади.
Уй эгаси билан ўғил ота қайтиб келгунча кутиб туришди.– Не сўрийсиз шу ерга? – сўради ота. – Тўғри келса оламиз, қўнгши бўламиз.
Уй эгаси чайналди. – Айтаверинг тортинмай, – деди ота. Шундай дейиши билан гужумлар орасидан
булбул овози келди. У бошқа сўз демай булбул саси келган томон қаради. Бутун
вужуди қулоққа айланди. – Булбул… борми бу ерда? – деди кейин.– Ҳовво, – деди уй эгаси. – Ҳар баҳорда пайдо бўлади.
Отанинг хаёли яна болалигига қайтди. Катта-катта кунгурали, ҳовузли жойлар,
юз йиллик гужумлар орасида чуғурлашаётган чумчуқлар, тонгда ҳаммани
уйғотадиган булбул саси…– Оламиз, – деди ота. – Не берамиз шу сотиладиган ерингизга?
Уй эгаси тўрт қозиққа қишлоқдаги яп-янги иморат баҳосини айтди. Ўғилнинг
эси бошидан учай деди.
Ота савдолаша бошлади. Уй эгасининг ноинсофлигини кўрган ўғли барибир
чидай олмади.– Ака, инсофингиз борми сизнинг? – деди бир оралиқда гапга суқулиб. – Тўғри, – деди ота. – Бу ерингиз минг жаннат бўлганда ҳам сал инсоф керак.
Ўғилнинг эътирозидан кейин отанинг ҳам кайфияти ўзгарганини кўрган уй
эгаси шошиб қолди:– Балки, кўна уйни ҳам қўшиб сотарман, ҳовузи, гужумлари билан. Лекин
пулдан қайтиш йўқ.
Уй эгасининг бу гапидан кейин ота бошқа савдолашмади.– Ота, дим қиммат келишдингиз, – деди ўғил қайтаётганда. – Бу пулга қишлоқда
тўғри кириб ўтираверадиган жойларни берамиз, деб турган эдилар. Бу бир тақир ер
бўлса, ҳали бу ерга жой соламиз, деганча қанча пул кетади.
Ота индамади. Унинг қулоғидан ҳамон гужумлар ичидан сайраб ётган булбуллар
овози кетмас эди.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон