Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Жангчи эдим, енгилмас жангчи…

Жамолиддин БАДАЛОВ – 1989 йилда туғилган. Фарғона давлат университетининг
ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Ўтинч” номли китоби
нашр этилган.


Турон ёди

Иқбол Мирзога


1
Хайр қишлоқ!
Болалигим хайр!
Пахса уйлар, тахта дарвоза.
Мана
Йўлга ҳамма нарса шай
Кериламан қанотим ёза…
Еру осмон чегарасида
Аста сузиб бораркан улов
Ярим очиқ деразасидан
Бош суқади шамоллар – Салом!
Кўз олдимдан ям-яшил водий
Боғу роғлар ўтаркан лип-лип
Бир қарашда ҳаммаси оддий
Бир қарашда ҳаммаёқ жимжит.
Пешвоз чиқар дашту далалар
Куйиб ётар лоқайд, бепарво.
Бўлмагандек гавжум даҳалар
Ўтмагандек бағридан карвон.
Қир-адирлар, яйдоқ тепалар
Улкан одам ботириб панжа
Зиғир қумни уюб, тепалаб
Хазинани кўмиб кетган жой.

2
Жангчи эдим, енгилмас жангчи…
Чақиргандек руҳларни шомон
Дараларда бўғиқ садолар.
Куюк исни келтирар шамол
Димоғимга тутар дамо-дам.
Қари бургут тирнаган қоя
Қарағайлар қуриган, қоқшол.
Ғимирлайди баҳайбат соя
Тоғдан аста энади оқшом.
Ҳисларимни қўзғатар илкис
Сочларимни тўзғитган шамол.
Чўпон чойшаб қоққандек силкиб
Юлдузларни сочади само.
Ибтидоий ғорлар лабинда
Ўнгирларда лопиллар гулхан.
Бир ҳорғинлик руҳиятимда
Бир ҳазин куй оқади мубҳам.
Йўл тобора келар торайиб
Кўксим оғир, оғир нафасим.
Тепаликда туйқус қорайиб
Кўринади отлиқлар сафи!
Туриб қолар ўйчан суворий
Водийларга узоқ тикилиб.
Томоғимга тиқилар жоним
Тиқилиб қолади ўкирик…
Тош қотаман, оёқ-қўлим тош
Юрак…
Юрак – мудраган бургут.
Саҳармардон қиздирмай қуёш
Қўшин йўлга тушади – гурс-гурс!
Пасаяди товушлар секин
Элас-элас чалинар қўшиқ.
Гурас-гурас зириллайди ер
Гурас-гурас кетмоқда қўшин…


3
Битикларда номим йўқ, ўғлон,
Саф тортганда ўнинчи эдим.
Хос йигитлар жами ўновлон
Мен хоқонга қўриқчи эдим.
Соя эдим сассиз, садосиз
Шарпа янглиғ кўзга кўринмас.
Керак пайти ҳозиру нозир
Бўлар эди махсус бўлинма.
Элчи келса ипак юртидан
Ёки хоқон чақирса кенгаш,
Турар эдим тахтнинг ортида
Ханжаримни қучоқлаб сергак.
Сафарларда милтираб юлдуз
Онам бўлиб сўроқлар эди.
Ухламасдим кеча-ю кундуз
Хос чодирни қўриқлар эдим.
Қўрқмас эдим,
Қанча хатарли
Топшириқни сўзсиз бажардим.
Йўлбарс эдим,
Девми, аждарми
Босиб келса тикка ғажирдим.
Арслон эдим,
Тахтни кўзлаган
Сиртлонларнинг қорнини ёрдим.
Қоплон эдим,
Фитна қўзғаган
Қобонларни қонига қордим.
Илвирс эдим
Икки тилли мор
Илонларнинг бошини янчдим.
Тисланмадим ортимга бир бор
Жангчи эдим, енгилмас жангчи…
Бўшамасдик жанги жадалдан
Уруш эди тинчликка тўлов.
Кутилгандек кутилмаганда
Сарҳадларни кесиб ўтди ёв.
Ёғий босиб келарди лак-лак
Тан бермадик, талофот бердик.
Борган сари аҳволимиз танг
Чекинарди кам сонли черик.
Қўлдан кетди бирма-бир қўрғон
Бир нафасга тинмасди таъқиб.
Биз камайиб борардик, ўғлон,
Кўпаярди кундан-кун рақиб.
Сотиб кетди хоқонни бари
Боёнлари туллаки экан.
Қочиб кетди шаталоқ отиб
Аёнлари тиррақи экан.
Бизлар қолдик – ўшал ўновлон
Тўсиб чиқдик душман йўлини.
Улгурсин деб қалъага хоқон
Қарши олдик шонли ўлимни.
Томоғимга тўлиб қолди қон
Сенга бир сўз айтмоқчи эдим.
Керак эди ўлкага хоқон
Мен хоқонга тансоқчи эдим.
…Аслида,
Сиз ўйлаганчалик
Жангчи эдим, енгилмас жангчи…
Жа қўрқинчли эмаскан ўлим.
Мен ўляпман,
Бурғулар чалинг!
Мен ўляпман,
Тирилсин элим!


4
Яшнаб турар тоғлар бағрида
Туркистоннинг безаги – водий!
Қават-қават тарих қаърида
Ўзбегимнинг ўзаги – водий!
Нимадан гап бошлайин, устоз?
Яқинданми, узоқларданми?
Қадамжолар, қадим ва мумтоз
Ўш, Марғилон, Қуболарданми?
Сарин-сарин саболарданми?
Ҳазин-ҳазин наволарданми?
Битиктошлар, солномалардан?
Султонлардан, алломалардан?
Қадим қалъа харобалари
Нақшин минор, пештоқларданми?
Дўқ-дўқ Қўқон аробалари
Бобур ўтган қишлоқларданми?
Тўқсон икки томир – илдизим
Ўғуз, қарлуқ, қипчоқларданми?
Эрксевар эл, ёвқур, йилдирим
Қилич, ханжар, пичоқларданми?
Айрилганлар – аҳмоқларданми?
Бўлинганлар – тарқоқларданми?
Босқинлардан, даҳшатларданми?
“Қизил”лардан, дашноқларданми?
Эгатларда эгилган қомат
Майиб-мажруҳ авлодларданми?
Юракларга экиб адоват
Қон оқизган жаллодларданми?
Кимлардан арз қилайин, устоз?
Маддоҳлардан, машшоқларданми?
Ким унвонга, ким нонга муҳтож
Бойларданми, қашшоқларданми?
Денгиз ўлган, ёнар саҳролар
Тўзғиб ётар чексиз чўлларим!
Ғип бўғилган улуғ дарёлар
Балчиқ босган буюк кўлларим!
Онажоним,
Она Туркистон!
Сездирмайди оғриқларини.
Тургизмайди қўлидан силтаб
Уйқудаги тантиқларини.
Ҳар келгинди отини нуқиб
Топтаб ўтар жамбилларини.
Ҳар ўткинчи қўлини суқиб
Титиб ўтар сандиқларини.
Ўқтин-ўқтин, вазмин хўрсиниқ
Юрагининг санчиқларими?
Рўмолини тортар ўксиниб
Яширолмас чандиқларини…


5
Кимлар ўтди?
Нелар ўтмади?
Шамдек ўчди йиллар мозийда.
Чайнайверсанг тарихни ҳадеб
Тахир таъми қолар оғзингда.
Ўзим кимман?
Ўзим, ниҳоят,
Меҳнатга ёр бермайди бўйним.
Йигит бўлиб қилдимми ғайрат?
Қайси ишни дўндириб қўйдим?
Юмшоқ курси, ёқимли суҳбат,
Ҳол сўрашлар…
Асабим қўзир!
Зарб емаган бу силлиқ сумбат
Ярайдими жангларга ўзи?!
Мудом қуллуқ, мудом тавозе
Ёшлик қўри увол кетмасми?
Айни кучга тўлганда
Бор-е!
Одоб сақлаш…
Уят эмасми?


6
Хайр дўстлар!
Душманлар хайр!
Башанг уйлар, бўшанг болалар…
Ҳаммаси тахт.
Тугади сайр.
Мен лашкарга етиб оламан.
Еру осмон чегарасида
Шафақ ўти чарсиллар лов-лов.
Мангу тоғлар депарасида
Мовий кўлга сачрайди олов…

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil