
Шоҳсанам НИШОНОВА – 1995 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари
университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг
“Иқрор” номли китоби нашр этилган.
У ҳақда қўшиқ
Қишлоқда ўтарми усиз тўй, аза,
Ўтин ёриб берар, чой қайнатар у.
Ўйламай айтишар: ўчоқ бошига
Фалончи келади, фалончи бор-ку!
Иссиқми, аёзми, қайнатади чой,
Бошида ўйнайди булутлар парқув.
Жим хизмат қиларди, жим кузатардим,
На ақча олади, на тин олар у.
Онаси оламдан ўтган бола пайт,
У эл билан ўсди, йўқдир таъма, кин.
Исмини билмасдик, яхши кўрардик,
Ўтинчи амакин, чойчи амакин.
Қанча одамларга узатмаган чой,
Қизлар келин бўлди, йигитлар куёв.
Биров чорламади уни тўрига,
Ҳалиям қўлидан тушмайди косов.
Мунисим, дилбарим, чиройлим, Ватан,
Орзуларим унган муқаддас шонсан.
Елкамни тутаман, юмушларингни
Унга ишонганинг каби ишонсанг!
Қишлоққа қайтиб…
Бир манзил бор, кетсам йироққа,
Юрагимга улангувчи йўл.
Ўйларимдек кўмилган оққа,
Тошларидек соғинчларим мўл.
Кўз қувнатар боғлар-ку бисёр,
Топиларкан ҳар жойда қишлоқ,
О, узумзор кўчаларимнинг
Одамлари топилмас бироқ.
Эски уйлар янгилар дардим,
Кўз олдимдан ўтасиз бир-бир.
Йиллар тутдек тўккан одамлар,
Сизни излаб келгандим ахир.
Саралабди ажал кун бакун,
Сафингиздан сараларини.
Ёш ўтибди, қари ўтибди,
Тирнаб кўнгил яраларини.
Келар йиллар, кетар саналар:
Елкамга зил қадрлар ортиб,
Боғларга гул, гўристонларнинг
Қучоғига қабрлар ортиб.
Сафарим ҳам қариди, қайтдим,
Омонат, ғўр ҳаётим билан.
Кимни сўнг бор кўришим экан
Деган аччиқ хавотир билан.
* * *
Аввал шамол тўкди меваларини,
Япроқларин юлиб отди шум довул.
Тўртала фаслнинг азоби битмас
Оғоч қисматида сўнгги он довур.
Қовжираб-қовжираб кузга кирди у,
Қиш қулоқ тутмади ингроқларига.
Ҳайҳот, суғурмади ердан илдизин,
Содиқ қола билди тупроқларига.
Энди меҳр ҳақда қўшиқлар ёлғон,
Юрагим, айт, қандай ўйин бошладик.
Бошимизга соя берган дарахтни
Илдиз-илдизидан кесиб ташладик…
* * *
Япроқ каби сочиб йилларни,
Бунча шошиб ўтмаса тақвим.
Яшалмаган кунларим билан,
Нима дейман чорласа Тангрим?!
Билмаганим бисёр дунёда,
Сенинг билан ўсади кўнглим.
Менга меҳр берган ҳаётнинг,
Кўзёшларин артиб қўй, ўғлим!
* * *
Ким айтган дунё – чодир,
Умр – дарёга тимсол?
Балки балиқчи чолдир,
Балки кампир хастаҳол.
Танда тугайди қувват
Кўролмассан кўз билан.
Сўзсиз енггувчи вақтни
Енгиш мумкин сўз билан.
* * *
Яхшиликка қиламан таъбир,
Бари яхши-ёмон тушларни.
Ҳайдамайман дон илинжида
Деразамга қўнган қушларни.
Йўқ, бу дайди итмас, ярим тун
Суяк излаш билан хаёли.
Бошқоронғи бўлиши мумкин
Унинг “аёли”.
Паналардан мўлтирар мушук,
Емак бердим, бермадим озор.
Ахир, бари бола кўринди,
Она бўлиб ташласам назар.
Энди билдим: тушга, рўёга,
Хайр дедим, ҳасратим тинди.
Бола бўлиб келган дунёга,
Она бўлиб боқаман энди.
* * *
Гарчи ёлғиз курашдим жангда,
Майдонларда сарбаланд, мағрур.
Оқармади, фақат оқ рангда,
Гуллаб кетди сочларим қурғур.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 5-сон