
Нормурод НОРҚОБИЛОВ – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият
ходими. 1953 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ)
журналистика факультетини тамомлаган. “Унутилган қўшиқ”, “Юзма-юз”, “Сариқ
гул”, “Темур ғори”, “Бекатдаги оқ уйча” каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари, “Дашту
далаларда”, “Қорақуюн” каби романлари нашр этилган.
Ҳикоя
Улар мактабда ўқиб юрган даврдаёқ тўн кийиб дўст тутинган эди.
Изғиринли кунларнинг бирида оталари бекорчиликдан зерикиб, бири
иккинчисига шундай деб қолди: “Жўра, қараб турсам, ўғилларимиз бир-бирига
жуда оқибатли кўринади. Шу-у десанг, урф-одатга кўра қон чиқариб, иккисини дўст
тутинтириб қўйсак? Биз каби бир майизни тенг бўлиб юришсин дейман-да!..” Бу
фикр унисига ҳам маъқул тушди: “Чин айтасан, дўсим!” дея боқувдаги қўйларидан
бирини бўғизлади. Буниси ошнаси ҳарчанд “йўқ” деса-да, ош масаллиғини кўтариб,
шомда дўст-ёронларини зиёфатга чорлашди. Зиёфат якунида икки ўсмир йигитча
қишлоқ оқсоқолининг айтганларини сўзма-сўз такрор этишиб, бир умрга содиқ
дўст бўлмоққа қасамёд қилдилар.
Мактаб йиллари ҳам ортда қолди.
Эндиликда ҳар иккиси ҳам оилали, бола-чақали. Берди ферма молларини боқади.
Салом эса туман марказидаги қурилиш ташкилотида ҳайдовчи бўлиб ишлайди.
Шанба ва якшанба кунлари, ўзининг таъбири билан айтганда, одамга ўхшаб ҳордиқ
чиқаради. Берди эса дам олиш нелигини билмайди, йил-ўн икки ой пода ортидан
юргани-юрган. Салом кўпинча ачиниб дейди:– Қачонгача пода кетидан чанг ютиб юрасан, ташла бу ишни! Ёнимга ўт, бирга
ишлаймиз.– Яна ўша гапми? – дея Берди ҳар доимгидек қўл силтайди. – Биласан, барибир
гапингга қулоқ солмайман.– Қулоқ солмай ўл! – Салом ўзича жаҳлланган бўлади. – Туришингга қара,
эгнингдан чанг ва шиптир ҳиди анқийди! Ахир чўнтагида ҳайдовчилик гувоҳномаси
бўлган сендай одамга подачилик эпми? Каттага бир оғиз айтсам, йўқ демайди…– Мошина ҳайдаш эсдан чиқиб кетган, жўра, – дейди Берди ён беришни ўйига
ҳам келтирмай. – Тағин у ер-бу ерга уриб олиб… давлатнинг мошинаси, товон тўлаб
юрмай.
Оғайнилар ўрта мактабни тугаллаган йилиёқ ҳайдовчилик курсида бирга
ўқишган. Салом ушбу касбнинг бошини тутиб кетди. Бердига отасининг податаёғи
насиб этди. Бод касалига чалинган отасини, яхшилаб даволанинг дея, шаҳарга
жўнатди-да, вақтинчага ферма молларини, яъни пода боқишни ўз зиммасига олди.
Болалигидаёқ мол боқишнинг ҳадисини олган эмасми, бемалол уддалаб кетди.
Отаси бир ойча даволаниб, уйга қайтгач, ортиқ пода ортидан юришга ярамаслиги
маълум бўлди. Бундан хабар топган ферма мудири Бердини аврашга киришди.
Аммо бунга сира ҳожат қолмаган, йигит биринчи куниёқ Хадича исмли сут соғувчи
қизга ошиқ бўлиб қолган эди. Кечга яқин молларни ҳайдаб келиши биланоқ қизнинг
атрофида куймаланиб, унга кўмаклашган бўлар, эвазига қизнинг болдан ширин,
майин табассумидан баҳраманд бўларди…
Қизга бўлган муҳаббати туфайли бутунлай фермада қолди.
Аёли Хадичанинг таъбири билан ирод этганда, бугунликда рўзғори бутун, уч
нафар ўғли бор.
Касбига келсак, пода кетидан чанг ютиб юриш аксарият кишилар учун зерикарли
туюлса-да, Бердига, аксинча, ғоятда ёқади, қишнинг аёзли кунлари-ю, саратон
чилласини демаса, бу оламда подачиликдан аъло ишнинг ўзи йўқ дейди, аниқроғи,
фикр қилади. Айниқса, кўклам кезларини ҳеч бир нарсага тенглаштириб бўлмайди.
Қорамол табиатан ювош, ушоқ жониворлар сингари ҳар тарафга дайдиб-сайдиб
кетавермайди, яйловда тинчгина ўтлайди, подачи эса дўнгда баҳузур ёнбошлаб
ётади. Теварак ям-яшил, майин ел юзни силаб-сийпалайди, тиним билмас тўрғайлар
гоҳ қанот силкиб, гоҳ кўкда муаллақ қотиб, вижир-вижир сайрайди, юксакда
қанот ёзган бургутлар кўзга ташланади. Яшил ўтлоқда, шундоққина оёғинг остида
бутун бошли бир олам узликсиз ҳаракатда: чумолилар карвони ғимирлашдан
тинмайди, иккита гўнг қўнғиз боядан бери “копток” талашгани-талашган, бири
гўнгдан “копток” ясаган, иккинчиси эса тайёрга айёр, унга эга чиқмоқчи. Қўзигул
япроғидаги хонқизи қанотларини гоҳ ёзиб, гоҳ йиғиб, учишга узоқ тараддуд
кўради ва оқибатда, учишни эплаёлмай майсалар устига қулаб тушади. Боядан
бери мингтомир орасидан мўралаб турган дала сичқони хиёл қимирлашинг билан
нарироқдаги жупар япроқлари орасида ғойиб бўлади, салдан сўнг ёнингдан ўрмалаб
ўтган кўлвор илонга кўзинг тушиб, сергак тортасан…
Берди ҳашаротлар ғимир-ғимирини томоша қилишдан асло зерикмайди.
Чумолилар энг севимли эрмаги. Уларни нон ушоқлари билан сийларкан, ўта
ҳамжиҳатлигидан завқи тошади: “Ҳа, бўш келма! Торт! Оббо! Нега анқаясан, шартта
оёғидан олсанг-чи! Ҳа-а, баракалла!” Кейин қўлидаги подачи таёғини улар йўлига
кўндаланг қўяди. Чумолилар зумга эсанкираган бўлади-ю, сўнг душман қалъасига
ҳужум қилган аскарлардай, таёқ сиртига тирмашади. “Ў-ў, силарга ҳеч нима писанд
эмас!” дейди Берди завқланиб. Бу орада майсалар орасида гўнг “копток” думалатиб,
яна бир гўнг қўнғиз пайдо бўлади. Берди атай “копток”ни олиб қўяди. Жонивор чир
айланиб, уни қидиришга тушади. Берди хихилаб кулади… Унинг яна бир завқли
эрмаги – қўзиқориндан кабоб пишириш.
Ўтган йилги тезак ва оққурайларни бир ерга тўплаб, аввал гулхан ёқади, сўнг
хуржун тубига ташлаб қўйилган тўрт дона сихни олади-да, уларга қўзиқоринларни
битталаб теради, туз сепиб, сихларни чўққа қўяди. Бошда писиллаб пишаётган
кабобнинг ёқимли ҳидидан баҳра олади, сўнг… Бундай дамларда кенг дашт ёлғиз
ўзига дахлдордек, бўлакча туйғуларни ҳис этади.
Бердининг ғоятда фароғатли дамларидан бири кечда, моллар фермага қайтиш
пайтида бошланади. Аёли, эгнида оппоқ халат, қўлида аччиққина кўк чой дамланган
термос, эрини майин табассум билан қаршилайди: “Ҳорманг, отажониси!” Берди
лаб-лунжини йиғиштиролмай: “Бор бўл!” дейди. Кейин фермахона биқинидаги
тунука томли эски сўри четига жойлашиб ўтириб олади-да, бошқалар қатори
сигир соққани оқиш бино дарвозасидан ичкарига кириб кетаётган аёли изидан
тикилганча, термос қопқоғони аста очиб, қайноқ чойни майдалашга тушади.
Бунақа пайтда кўнгли фараҳбахш ҳисларга тўлиб-тошиб, ҳар бир қултум чойни
роҳатланиб ютади. Унинг тинчини ҳеч бир кимса, ҳатто ферма мудири ҳам бузишга
ботина олмайди.
Сигирлар соғиб бўлингач, Берди эшакда, аёли пиёда гангир-гунгур сўзлашганча
уйга қайтишади. Ҳовлига киришлари билан ўғиллари югуриб чиқишади: каттаси
эшакни чилвиридан тутади, ўртанчаси отанинг қўлига сув қўяди, кичиги бўйнига
осилади…
Бердининг умри – ҳар бир куни мана шу тарзда маъсуд ўтаётганини Салом идрок
эта олмас, назарида, дўсти бесамар ҳаёт кечираётгандек эди. Шунга кўра, жўрасини
даштдан – ёлғизлик комидан юлқиб олиб, қайноқ турмуш қучоғига ташлашни
истарди. Кундузги гап-гаштакларда, гурунгларда ёнида бўлишни хоҳларди. Бироқ
қанчалик қутқуламасин, Берди даштни тарк этишни хаёлига келтирмас: “Ҳозирча
қимирлаб турайликчи, сўғин бир гап бўлар, жўражон!” деб қўярди.
Саломга келсак, унинг ҳаёти қуйидаги йўсинда кечарди – қўли хиёл бўш қолди
дегунча, эски қартасини чўнтагига солиб гузардаги дўкон олдига чиқар, ўзи каби
ишдан эрта қайтган ҳамқишлоқлари билан қарта ўйнарди. Ўйин қоидаси шу –
ютқазган одам яримта ароққа тушарди. Баъзан эса унинг кўнгли овни тусаб қоларди.
Бундай пайтда кечки зиёфат эвазига қўшнисидан кичик калибрли, “овозсиз”
қуролини сўраб оларди-да, қишлоқ кунботишдаги ёввойи тутзорга чиқиб, учраган
қушни отиб, ўзича хуморини босган бўларди. Шомда изига қайтиб, йўл-йўлакай
қўшнисининг дарвозасини қоқар экан, ҳамиша ушбу гапни такрор этарди: – Милтиқ дегани варанглаб отилса экан! Шуям яроқ бўлди-ю…– Хўш, дастурхонни ҳозирлатиб қўйдингизми? – дерди қўшниси унинг гапига
зиғирча эътибор бермай. – Закускалар хилма-хилми? Иккимизми, ё…– Ҳамишагидек Берди жўрамни ҳам таклиф этганман… – Усиз томоғимдан овқат ўтмайди денг?– Ўтмайди…
Овга қизиқиш унга марҳум отаси Тошпўлат устадан юққан. Отаси ҳам ҳафтада
бир-икки овга чиқиб турмаса, еган-ичгани ичига тушмайдиган одам эди. Бу одати
Саломга ҳам ўтганди. Бироқ беш йилча бурун Шодиқул нозир икки милиционер
ҳамкорлигида уйма-уй юриб, қишлоқдаги жамики ов милтиқларни йиғиб олгач,
бошқа овчилар қатори Салом ҳам ўзининг кўнгил очар эрмагидан мосуво бўлди.
Ана шундан бери овни қўмсаб қолган кезлари, гоҳида ўйга чўмиб, ўзича фикр
қилган бўлади, қурол сотиб олиб, овчилар жамиятига аъзо бўлай деса, нимаси кўп,
даҳмазаси кўп, аъзо бўлмай деса, ҳар сафар: “Зиёфат мендан, яроғингни бериб тур…”
дея, еб тўймас қўшнисига рўбарў келмоғига тўғри келади. Ана шундай кунлардан
бирида, яъни шу йил кўклам адоғида бир ҳайдовчи жўрасидан, бешкапалик Аваз
деган кекса бир овчи қўшотарини сотиш ўйида эмиш, деган гапни эшитди-ю, ортиқ
ўйга ботмай, машинасини тўғри Бешкапага ҳайдади. Ва ўша куни икки оғайни илк
бор қаттиқ жанжаллашиб қолдилар.
Салом димоғи чоғ ҳолда Бешкападан қайтаётиб, ҳозиргина сотиб олган
милтиғини дўстига кўрсатиб, мақтаниш ўйида уловини пода ёйилган даштга бурди.
Айни шу пайтда Берди шундоқ тепасида муаллақ ҳолда вижир-вижир сайраётган
тўрғайнинг овозидан сармаст бўлиб, чоғроқ дўнгликда ёнбошлаб ётарди. У дўнг
четига келиб тўхтаган дўстининг юк машинасини кўргач, аста ўрнидан қўзғалди,
оғзидаги носини туфлаб ташлаб, кафти билан лаб-лунжини артиб-суртиб,
қувончдан бошим кўкка етди, деган маънода жилмайди. Бироқ кабинадан сакраб
тушган жўраси қўлидаги милтиққа кўзи тушгач, ранг-туси ўзгариб, дарров сергак
тортди. Салом у билан кўришиб, қувноқ оҳангда деди: – Дашт ҳалиям жонингга тегмадими, жўра?
Кўзи ҳануз унинг қўлидаги яроқда бўлган Бердининг жавоби шу бўлди. – Нима бу? – Кўзинг ўтмай қолдими? – Салом хохолаб кулди. – Милтиқ! Кексариб, кўзи
овга ярамай қолган бир овчидан сотиб олдим.
Берди унинг қўлидан милтиқни олиб, худди уста овчилардек, у ёқ-бу ёғини
кўздан кечирган бўлди. – Эскироқ эса-да, тузукка ўхшайди, – деди кейин. – Қанчага тушди? – Қанча бўлса, шунчага тушди-да, – деди Салом, бу ёғи билан ишинг бўлмасин,
деган оҳангда. – Муҳими, энди қўлимда яроғим бор, қиш-қировли кунларда
милтиқни елкамга осиб, итдайин изғишга имкон яралди! Мана энди, анову
зиёфатхўрга ялинмайман, иддаосини кўтармайман!– Ишқилиб, бунингни ҳужжати борми?– Ҳозирча йўқ…– Ҳужжати бўлмаса чатоқ, – Берди қўриқхонани назарда тутиб, қирлар ортидаги
ғуборли тоғларга имо қилди: – Яроқ билан у ёқларга боролмайсан, бу ёқда эса…
Шодиқул участкавой тинчингга қўярмикан? Милтиғингни олиб қўймасмикан?
Салом унинг қўлидан милтиқни юлқиб олди. – Унга милтиқни бериб қўядиган аҳмоқ йўқ!– Оғайни сифатида айтаяпман-да…– Яхшиси, айтмаям, байрамона кайфиятни бузмаям!– Ҳай, айтмадим.
Бу орада Салом димоғида хиргойи қилганича, ўнг чўнтагидан икки дона яшилтоб
тусдаги патрон олиб, милтиққа жойлади. – Отма, молларни чўчитасан! – деди Берди.– Қўрқма, ўлмайди!– Ёш боладай гурраймагин, жўра!– Гурраяман!– Кап-катта одамга гуррайиш уят-да!– Нима қилай, сенга мерганлигимни бир кўрсатким келаяпти-да.– Кўрсатмасанг-да, мерганлигингни биламан.– Янаям билгин дейман-да!
Салом кўкка қараб ўқ узди.
Берди ўн беш одимча нарига нимадир тап этиб тушганини сўнг пайқади.
Ўша томонга лўкиллаб чопган Салом, қўлидаги яроқни кифтига илиб, қонга
беланган қушнинг ҳар икки қанотидан тутиб, шодон қичқирди:– Қара, отган ўқим калласини чирт узиб кетибди!
Берди унинг ёнига бориб, қушни қўлига олди.– Э-э, тўрғай-ку бу!– Тўрғай бўлса, нима бўпти?– Боядан бери тепамда вижирлаб, сайраб турган тўрғай-ку!– Хафа бўлма, ўрнига бошқаси сайрайди.
– Аммо-лекин… гуноҳнинг… энг зўрига қўл урдинг, сайраб турган тирик жонни
ўлдирдинг!– Қанақа гуноҳ? – дея Салом тағин хохолаб кулди. – Шу гапни сен айтаяпсанми?
Биргаликда жардаги қушлар инини кавлаштирганимиз, тухуми ва палапонларига
қирон келтирганимиз, нима, эсингдан чиқдими? – У пайтда бола эдик, нодон эдик… – деди Берди бошини эгиб. – Ундан кўра, одам эмасдик деб қўяқол, – Салом бот кулди.– Чиндан ҳам одам эмасдик! – Ҳай, ўзингча куйинишни бас қил!– Лекин сен… Одамнинг ишини қилмадинг!– Бас! – Салом жаҳлланган бўлди. – Бир парча этга шунча оҳ-воҳми?– Сен учун бир парча этдир! – Берди ҳам секин-аста қизиша бошлади. – Аммо
мен учун сайраб турган тирик жон эди! Ҳар куни қаватимда учиб-қўниб юрадиган
қушлардан бири эди! Сен, ярамас, келдинггу ўлдирдинг! Одам эмассан!
Шундан кейин униси у деди, буниси бу деди, натижада, ўртада даҳанаки жанг
бошланди: Саломнинг ғазаби селдай тошқинлаб, тилига эрк берганини ўзи ҳам
сезмай қолди, Берди ҳам бўш келмади, кўкламнинг қайноқ кунларида чотига
ёпишган сўнадан тирақайлаб қочадиган молларни чангитиб сўккандай, подачиларга
хос тарзда, дўстини куракда турмас сўзлар билан шундай сўкиб ташладики, бу
хилдаги ҳақоратларни умрида эшитмаган Саломнинг эси оғай деди…
Дўстлар ҳафтадан зиёд терсланишиб юришди.
Берди бардош берди-ю, аммо Салом ортиқ чидай олмади, яримта ароқни
қўлтиғига қисиб, кечда жўрасининг уйига балоғатга етмаган сабий сингари
мунғайиб кириб борди. Берди ўтирган жойидан қўзғалмаган эса-да, аёлига озроқ эт
қовуришини буюрди.
Бу – ярашувга ишора эди.
Ўшандан буён дўстлар яна опоқ-чапоқ.
Биринчи енгил қор тушган куни Салом элга ош бериб, кичик ўғлининг қўлини
ҳалоллади. Таомилга биноан, ўша куни яқин дўсти сифатида Бердига тўн кийдирди.
Тўнни дўсти учун махсус тиктириб келганди. У, жўрамлаб, тўнни унинг елкасига
ташлар экан, тўсатдан миясига келган ўйдан сергак тортди:– Ҳозир айни мавруди, тўн кийдириб, тўнғич ўғилларимизни ҳам дўст тутинтириб
қўйсак қандай бўларкан, а, жўра?
Кишилар олдида хижолат тортиб, ҳашамдор тўннинг иккинчи енгини тополмай
қийналаётган Бердининг дегани шу бўлди: – Зўр бўларди!
Салом қайнаётган қўш самовар бошида уймаланиб юрган икки йигитча қатори,
нарида турган аёлини ҳам ёнига чорлаб, унга буюрди:– Уйдан иккита тўн опчиқ, хотин!
Шу тариқа, йигитчалар эл кўзида тўн кийиб, дўст тутиндилар.
Орадан ҳафта ўтиб, вақтинча кунлар исиб, ер селгиди.
Тўй ташвишлари-ю, улфатларининг келди-кетдиларидан қутулган Салом
тушдан сўнг, тўрғай отилган куниёқ омбортом кунжагига бекитиб қўйилган
яроғни қўлига олиб, артиб-суртди-да, ўзгача бир кайфиятда даштга отланди.
Азалдан шу – саноқли патронни чўнтагига жойлаб, ота мерос милтиғини ўнг
кифтига илиши билан, беихтиёр, овнинг ўзига хос завқини туяр ва ўша завқ
оғушида: “Итдайин бир санғиб келай!” дея даштга йўл оларди. Дарвоқе, милтиғи
қўлдан кетиб, зиёфатхўр қўшнисининг “овозсиз” яроғига куни қолганида, таниш
бу ҳисни бирон марта ҳам туймаган, бешкапалик кекса овчининг қўшотари қўлига
текканида эса бу туйғудан қайта сархушланганди.
Ҳозир ҳам ушбу ҳисни вужудида туйганча, адирдаги жарларнинг энг
йириги – Девжарнинг ўнг ёни бўйлаб, анча олисдаги улкан қирлар бағридаги
сербулоқ тўқайзорни қора тортиб борарди. Тўқайзордан деярли йил бўйи қушлар,
жумладан, кабутарлар ҳам аримас, кексаларнинг айтишига қараганда, бу манзил
қушлар қўниб ўтадиган табиий бекатлардан бири экан. Дарвоқе, тўқайзор четидаги
бир нечта номаълум тошқабр туфайли, барча овчилар ҳам бу томонларга қадам
босавермас, зиёратгоҳ деб билишарди. Салом эса, ҳар дамгидек, тўқайзорнинг
кунботиш тарафидаги сийрак бутазорда омадини синаб кўрмоқчи эди. У милтиқ
тутган кезлари ёввойи манзилларда дайдишни хуш кўрар, боз устига, қуйидаги жар
табиати бутунлай бўлакча бўлиб, унинг тўрт чақиримли кенг ўзанида чағиртошли,
қоятошли, қумли саҳнлар ҳамда кичик бутазорлар мавжуд эди. Тепадан қаралганда,
улар ўзгача манзара касб этарди. Бироқ кишилар жарнинг ўзига хос бўлакча
табиатига ўта бефарқ эдилар. Ҳатто Саломга ўхшаганлар ҳам жуда кам келарди.
У илгарилашда давом этиб, кутилмаганда жар ёқасидаги қиялик бетида, ҳалича
чиришга улгурмаган хас-хашаклар устида ўзини офтобга солиб ётган тулки устидан
чиқиб қолди. Оралиқ масофа бор-йўғи йигирма одимча эди. Табиийки, бошда у
шошиб қолди. Ҳайтовур, бояроқ яроғини ўқлаб қўйганди, ўлжани нишонга олишга
улгурди. Аммо бармоғи тепкини босгунча бўлмай, жонивор яшин тезлигида сакраб
турди-да, жон-жаҳди билан ўзини жарга урди. Узилган ўқдан жар лаби тўзғиб
кетди. Салом эса жарга интилган ерида, оёғи остидаги калладай тошга қоқилиб,
умбалоқ ошиб тушди.
У, худди аскардай, яроғини унғай тутиб, қуйига назар ташлаганида, тик
сўқмоқдан жар тубига энишга улгурган жонивор унинг қирли тарафидаги
серхарсанг майдон сари жилиб борар, оқсоқланишига қараганда, отган ўқи
зое кетмаганди. Аммо Салом ўлжа изидан тушишни хаёлига ҳам келтирмади.
Қўлидаги яроғини елкасига осиб, теваракка диққат билан разм солди ва бу сафар
нарги бетдаги ёйиқ молларга тузукроқ эътибор қаратди. Ва Берди жўрамнинг
подасига ўхшайди, нечун ўзи кўринмайди, деган ўй хаёлида чарх ургунча бўлмай,
бехос қарсилган ўқ овозидан сергак тортган, шекилли, жар бўйида тўнкарилган
қозон янглиғ тўмпайиб турган дўнгда таёқ тутган Берди жўрасининг ўзи пайдо
бўлди. У кафтини манглайига тутганча, кенг жарнинг бу бетига пича тикилиб
турди-да, сўнг, бу ёққа ўт, деган маънода қўлини сермади. Салом, жавоб тарзда,
ҳозир ўтаман, дея сўл қўлини кўтариб қўйди.
Улар ҳар неки ҳолатда ҳам бир-бирининг гапини икки қила олмайдиган
дўстлардан эди. Бунинг устига, юқорида бирров таъкидланганидек, Салом ов баҳона
санғимоқда эди – бу ўлжа учраса, омадим, учрамаса, кўлда қолган чавоғим дегани
эди. Шунинг учун қуйилишдан аввал диққат билан жарнинг у бетига тирмашган
яқин сўқмоқларни қидирди ва тезда бирини илғади. У жарнинг тулки ғойиб бўлган
томонида, уч юз метрча нарида эласгина кўзга ташланиб турарди. У ўша сўқмоқни
кўзлаб, аста жар тубига эна бошлади.
У пастга энгач, ошиқмай олға жилишда давом этаркан, қиялик бетига иланг
биланг чирмашган сўқмоққа юз метрча қолганда, сира кутилмаганда тағин тулкига
дуч келди. Чағир тошли яланглик четида яраланган думғазаси-ю, орқа сўл оёғини
ялаб турган жонивор харсанг ортидан шарпа янглиғ чиқиб келган ғанимини илғаши
билан кемтикли ва бўртиқли жар бетига тирмашиб, зумдаёқ чўзинчоқ тирқишга
шўнғиб кетди. Салом аламдан бўкириб юборай деди, боиси иккинчи патрон
чақилмай, панд бериб қўйганди.
Салом бош кўтариб, нигоҳини тирқишга қадаркан, ўзи каби “пишмаган” овчилар
ҳамда баъзан отаси билан бўлган гурунгларда жарликлар бетида тулкиларнинг
зарур дамларда қўниб ўтадиган, биқиниб жон сақлайдиган муваққат инлари
мавжудлигини, улар кўпда чуқур бўлмаслигини эшитибгина қолмай, болалигида
қишлоқ йигитлари томонидан жар бетидаги коваклардан яраланган ёхуд ҳолдан
тойган тулкиларнинг тириклайин тортиб, суғуриб олинганига шахсан ўзи нечадир
бор гувоҳ бўлган эмасми, тўсатдан кўнглида ҳозиргина тирқишга биқинган ярадор
жониворни тириклайин қўлга тушириш истаги бош кўтарганини ўзи ҳам сезмай
қолди. Бироқ тирқишга кўтарилишнинг асло иложи йўқ – тулкига елка тутиб,
жонига ора кирган жар бетидаги бўртиқлар одам боласининг залварига бардош
беролмай, ўпирилиб тушиши аниқ эди. Бу етмагандек, тирқиш жар белидан
анча юқорида эди. Аммо бу нарса йигитнинг хоҳиш-истагига заррача ҳам тўсиқ
бўлолмади. Боиси, ўсмирлик чоғларида аксарият тенгқурлари каби, Берди иккиси
бир учи жар тепасидаги темир ёки оғоч қозиққа маҳкамланган арқонга осилиб, жар
юзидаги инларни кавлаштириб, қушларга кўп азоб беришган эмасми, ўша воқеалар
кўз олдида жонланиши билан, дўстининг даштда ҳеч қачон арқонсиз юрмаслиги
бирдан лоп этиб ёдига тушди. Берди падари каби жуда иримчи, ҳамиша хуржуни
тубида жун арқон, дағал сурпдан тикилган бўзхалта, жиндек туз ҳамда бир бош
пиёз олиб юрарди. Кимки сабаби билан қизиқсинса, ишинг бўлмасин, деган
маънода қош чимириб, ирими шунақа, деб қўярди. Бу ҳақда ҳатто Салом дўстига
ҳам тиш ёрмаган, йўқ-бор нарсага тумшуқ суқаверма, ота-бобомиздан қолган бир
удумда бу, дея оғзини ёпган…
Салом тирқишга қадалиб турган пайтда, Берди пода ёйилган кенгликка
юзланганча, дўнгда дўстини кутиб, чордана қуриб ўтирар эди. У эгри-бугри сўқмоқ
орқали жар тубидан манглайи терчиб чиқиб келган Салом жўрасини хушнуд
қаршилаб, кўришиб-сўрашиб бўлгач, одамнинг тинчини бузиб, нега милтиқ отиб
юрибсан, дея койиган бўлди. Салом гапни чўзиб ўтирмай, жардаёқ миясида пишиб
етилган режасини баён этмоққа тушди ва ҳаяжонли нутқини қуйидагича якунлади:– Арқон тутмаганимизга ҳам анча бўлди! Шу баҳонада бирров ёшликка
қайтайлик. Ўзинг биласан, бу ишда сену мендан ўтадигани йўқ!– Ҳа-а, ҳозирги ёшлар бизчалик бўлолмайди, – дея маъқуллади Берди.– Шуни айтаман-да… – Шундай қилиб, тулки тутамиз де?– Ҳа-а, тулки тутамиз, тириклайин! – Хўш, кейин нима қиламиз уни? – Берди кулган бўлди.– Нима қилардик, пишириб еймиз, – Салом ҳазил қилди. – Этли жойини ўзим
сенга қовуриб бераман. Ишқилиб, арқонинг етадими?– Арқон етмаса, эшакни чилвири бор, қўшамиз. – Чилвир… Пишиқми?– Пишиқдирки, эшагим нуқта узолмайди, – Берди энса қотирган киши бўлди. –Хавотирланма, сену мендайларнинг тўрттасини бемалол кўтаради, узилмайди.– Тулкини тутишимдан мақсад, Тўхта муаллимга ўхшаб ҳовлининг бир четида
кичкина зоопарк ташкил этмоқчиман, – деди Салом, атай жўрасининг жиғига тегиш
учун. – Ахир ўғиллар улғаяди, уйланади, невараларга нима керак, эрмак керак. – Хай, аввал тирқишнинг паст-баландлигига бир қараб қўяйликчи.
Дўстлар гангир-гунгур сўзлашганча дўнгдан жар бўйига энишди.
Қуйига эгилиб, тулки биқинган тирқишга назар ташлаб, паст-баландлигини
чамалашгандан сўнг, хиёл бўлса-да, чўчиш ўрнига, ёшликдаги ғайратлари
жўшгандай, “Мен тушаман!”, “Йўқ, сендан кўра тошим анча енгил, мен тушаман!”
дея бирдан пича баҳслашиб қолишди. Қачонки, Салом тулки эгаси сифатида андак
иддао қилгандан сўнггина, Берди қовоқ уйган киши бўлиб, аввал эшак нўхтасидаги
пишиқ чилвирни ечиб, кейин хуржун тубидаги жун арқонни қўлига олиб, изига
қайтди. Бир қаричдан зиёд темир қозиқни жар лабидан ярим метрча берига дастлаб
тепкилаб, сўнг тош билан уриб қоққач, жиддий оҳангда деди:– Жар тупроғи нам ва бўш, қозиқдан оёқ узмай, маҳкам босиб туришга тўғри
келади.
Эгнидан пахталигини ечиб ташлаб, арқоннинг иккинчи учини, ўсмирлик
чоғидагидай, белига боғлашга улгурган Салом ишшайганича: “Арқонга, яъни
менинг жонимга жавобгар сенсан…” дея ҳазил қилган бўлди-да, сўнг тик,
баланд жарнинг бўртиқ ва кемтикларига эҳтиёткорлик билан қадам қўйиб,
секин-аста қуйила бошлади. Ўнг оёғи билан темир қозиқни босиб турган Берди
жўрасидан хотиржам эди. Чунки улар ҳам хавфли, ҳам мароқли бу машғулотнинг
обдан ҳадисини олишган, шикаст нелигини билишмасди. Чунончи, қишлоқ
йигитчаларининг бешдан бир қисми кинода кўрганларига амал қилиб, ҳозир ҳам
жарларда ўралашиб, арқонларга осилиб юришади.
Қуйидан Саломнинг андак ҳаяжонли овози эшитилди:– Ини тўрига қўл етадиган эмас! Таёқни ташла! Жойидан қўзғаб, шартта
бўйнидан оламан! Кўзи йилтиллаб туришини қара, вой-бўй-й!
Бу гапдан сўнг Берди темир қозиқдан маълум сонияга оёғини узса-да, аммо уни
назаридан қочирмаган ҳолда, нарида ётган силлиқ подачи таёғини тезгина қўлига
олиб, ушла, дея пастга ташлади. Бироқ чап қўли арқонда, бир оёғи кичик бўртиқда,
иккинчиси кемтикда бўлган Салом бўш қўли билан таёқни илиб ололмади. Бу
ҳолдан норозиланиб деди: – Оббо, энди нима қиламиз? – Қоғоз ёқиб, тутунини ичкарига пуфлаш керак, – деди Берди ёшлигида
кўрганларини эслаб. – Тутунга бардош беролмай, ташга уради ўзини.
Салом, шуни боя айтмайсанми, дея зарур нарсаларни олиш учун қайта юқорига
чиқиб келди. Аммо гугурт топилди-ю, қоғоз топилмади. Ана шунда Берди
тўнининг йиртиқ этагидан бир чангал пахтани суғуриб олиб, гугурт ва пахтани
шими чўнтагига солди-да: “Арқонни еч, энди мен тушаман!” дея оёқ тираб туриб
олди. Саломнинг арқонни ечмоқдан бўлак иложи қолмади.
Берди арқонни белига чандиб, тайинлади:– Қозиқни маҳкам босиб тур! Тағин…– Юрагинг ёрилмасин!
Берди дўстига нисбатан тоши оғирроқ эса-да, ёш йигитлардек қуйига илдам
тушиб кетди. Бироздан сўнг ёш боладек қувониб деди:– Бунинг тишлайман, дейди-ку! Вой-бўй! Жароҳати салгина жиддийга ўхшайди.
Салом гапга алаҳсиб, қозиқни бутунлай унутди. Ўмганлаб пастга қаради. Берди,
қўллари арқонда, ҳар икки оёғини жар бетига тираганча, тирқишга мўралаб: “Оббо
сени-ий, жуда чатоқ экансан-ку!” дея ўзича ичкаридаги жониворни эркаламоқда эди.
Бундан Саломнинг жаҳли чиқиб, бўлақол, дея овоз берди, дўсти эътибор бермагач,
унга отмоқ учун тошу кесак қидириб ён-атрофига аланглади… ва шундагина жар
тупроғи юмшоқлик қилиб, ярим суғурилган темир қозиқ оға бошлаганини пайқаб
қолди ва жон-жаҳди билан қозиққа ташланди. Бироқ кечикди, уни тутиб қолишга
улгура олмади. Бу орада қулоғига жўрасининг жон ҳолатда қичқиргани-ю, сўнг
ерга гурсиллаб тушгани эшитилди. Салом даҳшатдан тош янглиғ қотди. Бироздан
сўнг хаёли ўзига келиб, тағин ўмганлаб, қуйига кўз ташлади.
Берди жар тубида чалқанча тушганча, қилт этмай ётарди.
Салом жонҳолатда сўқмоқдан пастга интилди.
Қуйига эниши биланоқ жар тубига югуриб бориб, Бердининг бошидан тутган,
юзини сийпалаган, силкилаган бўлди. Аммо кесакдайин қилт этмай ётган дўстида
жон асарини сезмагач, тиззалаганча бир муддат туриб қолди. Кўз олдидан қуйидаги
манзаралар бирин-кетин ўта бошлади: қўлига ҳасса тутган дўстининг отаси Райим
чол, дод-фарёди кўкка ўрлаётган аёли-ю, оға-инилари, не фалокат бу, дея ҳайратдан
донг қотган қишлоқ аҳли, милисахона ва темир панжаралар, нелиги ноаниқ қора
қура ранглар уюрмаси… Мана энди, умр бўйи боши таъна-ю маломатлардан
чиқмайди, айбдор эмаслигини ҳеч қачон исботлай олмайди… Салом бошига
муштлаб, йиғлаб юборди. Кейин эса… Ток ургандай, бирдан сергак тортди, ўғри
каби теваракка аланг-жаланг қаранди. Бу атрофда ўзидан бўлак ҳеч ким йўқлигини
идрок этгач, дикка оёқлади-да, дўстининг жонсиз юзига сўнгги бор назар ташлаб,
жар тепасига мисли елдек учиб чиқди. Ерда ётган яроғи ва пахталигини ошиғич
қўлига олиб, дастлаб жар ёқалаб, сўнг жар ичи бўйлаб, пилдираганча жўнаб қолди.
Бироқ уйига қайтиб ҳам жони ором топмади, ҳали молхонада ўралашиб,
ҳали томарқага ўтиб, ғалати бир алпозда гарангсиб юрди. Қўрқув ва виждон
азобидан беҳад тинчини йўқотганди. Бахтига, яхшиямки, аёли уйда йўқ экан, акс
ҳолда, сизга нима бўлди, дея еб қўярди. У ҳовлида тентираб юраркан, бир пайт
сира кутилмаганда нақ қаршисида дўстининг ўртанча ўғлини кўриб, қўрқувдан
иштонини ҳўллаб қўйишига бир бахя қолди. – Амаки, – деди бола унинг чўчиб кетганидан ажабланиб, – Қўштутдан тоғамлар
келишганди. Бовом айтдики, вақтингиз бўлса, чиқиб меҳмонлар билан гурунглашиб
ўтирар экансиз.– Хўп, – деди у ғўлдираб, – Ҳозир чиқаман…
Аммо чиқмади, меҳмонларни паққос унутган ҳолда, дастлаб омбортомга, сўнг
устахонага ўзини урди. Ҳафта бурун бошлаб қўйган ишига қўл ўриб, тахталарни
рандалаган, силлиқлаган ва шу билан ўзини озми-кўпми овутган, чалғитган
бўлди. Бироқ кечга яқин ички бир тўлқин уни ўз ҳолига қўймай, ташга ундади.
У теварак-атрофга эътибор бермаган ҳолда, ферма моллари қайтадиган паллада
қишлоқ яқинидаги тепаликка кўтарилиб, ярим чақиримча наридаги паст-баланд
дўнгликлар томонга тикилганча ҳайкалдай қотди. Пода дегани подачи томонидан
ҳайдалса-ҳайдалмаса, ҳамиша маълум бир пайтда изига қайтишини яхши билгани
сабаб, дўнгликлар орасидаги тор йўлакдан ялангликка чиқиб келаётган молларни
кўргач, асло ажабланмади. Қайтага, жасади жар тубида қаровсиз қолган дўстини
кўз олдига келтириб, беихтиёр, бўғзига йиғи тиқилди. Бироқ йиғлашга улгурмади,
пода ортидан чиқиб келган Бердини кўриб, кўзларига ишонмай, ҳайратдан донг
қотди. Дўсти ҳар дамгидек, таёғини белига кўндаланг тутган кўйи, яёв эмас, эшакда
келарди.
Салом шилқ этиб, ерга ўтириб қолди ва беихтиёр, оҳиста пичирлади: “Мумкин
эмас! Бу қадар баланддан йиқилиб тушган одамнинг тирик қолиши асло мумкин
эмас!” Кейин ўзида йўқ қувонганча ирғиб ўрнидан турди-да, ялангликка интилди.
Бироқ тепадан эниб-энмаёқ дўстидан бутунлай жудо бўлганини, у Берди учун етти
ёт бегонага айланганини бутун вужуди билан ҳис этиб, манглайи терчиганча қайта
ўтириб қолди.
Подабоши манзилга етишига озгина қолганда, фермахона биноси ёнида оқ
халатли аёл пайдо бўлди. У аччиққина кўк чой дамланган яшил термосни қучганча,
эри йўлига кўз тикиб турарди…
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 5-сон