Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Оқ қоғозга айланар ҳаёт

Шаҳобиддин ЎРИНОВ – 1975 йилда туғилган. Бухоро давлат университетининг
ўзбек филологияси ва чет тиллари факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Келажакдан
садо”, “Юракка қайтиш”, “Фано сарҳадлари” шеър китоблари чоп этилган
.


* * *
Тунлар бунча ёруғ бўлмаса,
Кўк юракка яқин келгандай,
Кўнглимда минг қуёш кулгандай,
Тунлар бунча ёруғ бўлмаса.


Суҳбатлашдик oй билан узoқ,
Ва oламни сайр этдик бирга,
Бутун oлам ғарқ бўлди нурга,
Суҳбатлашдик oй билан узoқ.


Тунлар бунча ёруғ бўлмаса…


* * *
Кўзимнинг тубида энг сулув тушлар
Эслайди,
эслайди,
эслайверади.
Сени мендан сўраб субҳидамгача
Йиғлайди,
йиғлайди,
йиғлайверади.


Минг битта кечада, минг бир қаландар
Исмингни ёдлайди, ёдлайверади.
Минг битта дунёда, минг битта баҳор
Сочингни ҳидлайди, ҳидлайверади.


Кайтмайсан… Негадир бу телба кўнгил
Барибир оқлайди, оқлайверади.
На меҳр, на шафқат кутмаса-да дил
Йўқлайди, йўқлайди, йўқлайверади,


Бу адашган йўллар иккимизни ҳам
Алдайди,
Алдайди,
Алдайверади…


* * *
Қишда иссиқ уйда ўтириб,
Қандай яхши сен ҳақда ўйлаш.
Ётмоқ мумкин тунни эшитиб,
Мумкин ҳатто ҳаётни оқлаш.
Телбаларча севмоқ қанча соз,
Қандай яхши ақлдан озмоқ.
Қишда оппоқ қорда хаёлни
Севгилингдай қучоқлаб турмоқ.


* * *
Тунда секин парчаланаман
Айланаман сўзга бирма-бир.
Кўзим, қўлим ва бармоқларим
Ёдга солар нималарнидир.


Қоғозга айланиб борар коинот
Тарқалиб кетаман борлиққа секин.
Таниш туюлади менга бу ҳолат
Аммо нимагадир тушуниш қийин.


Нотаниш сўз, нотаниш ҳислар
Юксакларга чорлар руҳимни.
Унутаман ҳаётни буткул
Унутаман ўзим-ўзимни.


Оқ қоғозга айланар ҳаёт,
Оқ қоғозга айланар дунё.
Қирқ йил ўтса ҳамки орадан
Суҳбатлашмас мен билан Худо.


* * *
Мендан аразламанг, мендан ранжиманг,
Нима қилай сизни унутолмасам.
Энди севмайман деб, соғинмайман деб,
Ҳар куни минг марта ичаман қасам.


Осмонга қарайман кўринмас юлдуз,
Улар мен қарасам кўринмайдилар.
Кўзларимни юмсам, қоронғуликда
Ортимдан пойлашар, эринмайдилар.


Осмон кўзингиздек бунчалар тиниқ,
Осмон бунча гўзал кўзларингиздек.
Ҳайратга тўламан, телбаланаман
Мени фақат ҳайрат сақлайди тирик.


Ҳали бораман деб ваъда берар БАХТ,
Ҳали бари олдда. Ҳаёт сўз берар.
Улар ишонтирар келишингизга
Улар умид билан тараддуд кўрар.


Ҳидингиз келади олмадан.
Ойдан
кўксимга урилар нафасларингиз.
Менинг айбим нима, Мен нима қилай?!
Ўзи кўп бўлса, Гул, қафасларингиз!


Мендан аразламанг, мендан ранжиманг,
Нима қилай сизни унутолмасам?
Энди севмайман деб, соғинмайман деб
Ҳар кеча минг марта ичаман қасам.


* * *
Тун…
Қайроқ урадир суякларимга,
Қочиб кетолмайман осмон жуда кенг.
Сенинг ёнингга ҳам қайтиб бўлмайди,
Энди севаман деб айтиб бўлмайди,
Жудоликнинг ёши ёшим билан тенг.


Хўрлик ва ҳурликнинг чаманларига,
Игналар ёғадир ёмғирдай сим-сим,
Ҳаволар кесилиб кетади бирдан,
Мен тезроқ кетишим керак бу ердан,
Ёлғиз қолаяпман, ёлғизим.


Малаклар тўлғониб чиқар қаршимдан,
Парилар юзимга тутадир кўзгу.
Тушми бу, ўнгми бу, англаёлмайман,
Термилиб-тсрмилиб қарайман, ёҳу
“Ахир, улар сенга ўхшамайди-ку”.


“Ўл”, дедим, барибир ўлмади кўнглим,
Ғаму андуҳингга тўймади кўнглим.
Менинг келганимни ҳеч ким кўрмади,
Менинг кетганимни билмади ҳеч ким,
Йўлларим – худолар ечмаган тилсим.


Дунё, сенга айтар сўзим қолмади,
Синдирилган нурдай қайтмоқда хаёл.
Оғочларни қумдай чайнаб бородур,
Шу ширин жонимни ўйнаб келодур
Қўллари қирқилган девона – шамол.


Ғунчаларнинг нурли табассумига
Бахтнинг сувратини чизавераман.
Орқага қайрилиб боқмасангиз ҳам,
Барибир,
Барибир,
Барибир
Мен Сизни севавераман,
Жуда таниш бегона АЁЛ!


* * *
Яшаб бўладими шунча ишқ билан
Шунча соғинч билан бўларми яшаб.
Кўзёшлар қип-қизил гуллаган чоғда
Айниқса, ақлли одамга ўхшаб?!


Ахир, мен – дарахтман, сен – бир ёлғиз қуш
Айт, қандай уларга тушунтирамиз?!
Бизга керак эмас салтанат, ҳашам
Айт, қандай уларни ишонтирамиз?!


Таом пиширмоқда гулханда одам
Нега ўз-ўзидан ғашланар юрак.
Овчилар тобора кўпайиб борар,
Овчилар тобора ҳушёр ва сергак.


Яшаб бўладими шунча ишқ билан,
Шунча севги билан одамга ўхшаб!?


* * *
Сувлар тўxтар xудди тугагандай йўл,
Майсалар мавжларга узатмайди қўл.
Бoғларга бoстириб кирар саҳрo, чўл
Oмoн бўлгин, ёра, ўйнагин ёра.


Сувлар бунча ҳoрғин, бунчалар маъюс,
Бу мен – oшиғингман, танидингми, куз
Кўксинг бунча oлoв, қўлинг бунча муз,
Oмoн бўлгин, ёра, ўйнагин ёра.


Xазoн каби ёндим аччиқ… ё тутаб,
Қўлларинг иситгил бир лаҳза тўxтаб.
Ана, oлoв билан рақс тушар Машраб
Oмoн бўлгин, ёра, ўйнагин ёра.

Юрак сени мендан сўраб турибди,
Ҳаёт иккимизга қараб турибди,
Дунё сени мендан тилаб турибди,
Oмoн бўлгин, ёра, ўйнагин ёра.


Энг сўнгги кун


Ҳали гулга тўлар шу бўм-бўш оғоч,
Ҳали ҳаммамизни сийлайди олам.
Ҳали баҳор каби эзилиб, йиғлаб,
Тавбалар қиладир ким – Бани Одам.


Ҳою ҳаваслардан кечади бойлар.
Молу дунё эмас, тилар омонлик.
Ғурбатлар тугайдир, ғийбатлар тугар,
Тугайди залолат ва саргардонлик.


Шукрона ўқиймиз бари-барига,
Азобга, Сабрга қиламиз қуллуқ.
Очилгайдир бир-бир самовий тилсим,
Бори таваллолар бўладир қутлуғ.


Иқболимиз – жазо, Дардимиз – ҳикмат,
Осмон-осмон ёмғир кўзларимизда.
Ҳазрати Аюбдек ҳолимиз – ҳиммат,
Заррача ёлғон йўқ сўзларимизда.


Кўргулик бўладир унда, кўргилик
Шафқат тиланамиз хунталаблардан.
О, ёмон ўкситар қилмишларимиз,
Бадбахту бечора қолмас бизлардан.


Хаёллар – фоҳиша, истаклар – осий,
Қуёш бота бошлар қонга бўялиб.
Алъамон, алъамон – дунё ва умр
Тоғу тошлар ғамдан оққайдир эриб.


Танимизда қондай югурган гуноҳ,
Инъом этажакдир нолаи зорни.
Узоқни кўргувчи кўзлар танимас,
На ота-онани, на дўсту ёрни.


Гуллар қилич ушлаб бошлайди қирғин,
Музларга исинар биз севган зиё.
Бандаси осмондай тўлиб йиғлайди,
Тошларга тил битар – булбулигўё.


Барчасини тугал англаймиз унда,
Фақат фурсат йўқдир, армонлар кўпроқ.
Пушаймондан синар сўнгакларимиз,
Жисму жонимизни чайнайди қийноқ.


Ҳали гулга тўлар шу бўм-бўш оғоч…


* * *
Дунёда неки бор, барини кўрдим,
Барини бирма-бир бўлмайди санаб.
Одамзот – ягона донишманд, зако,
Одамзот – бир тўда ҳангоматалаб.


Ўтган кунларимни ёдга олсам гар,
Қалбимда қўзғалар ғалати оғриқ.
Керагидан ортиқ сийлабди тақдир,
Чексиз муҳаббату сўнгсиз айрилиқ.


Дунё ҳам маккора малика мисол
Турфа савдоларга этибди дучор.
Эҳтимол, шу боис жисму жонимда
Бугун гуллаб ётар оғриғу озор.


Эй, сиз, сохта дўстлар, вафосиз ёрлар,
Умр йўлларимни қайга бурдингиз?!
Нега олқишларга кўмиб басма-бас,
Маст-аласт, шоҳона базм қурдингиз?!


Бир шоир умрини яшаб қўйибман,
Ёш ҳам етиб келмиш йигирма бешга.
Афсуски, ҳали ҳам ботинганим йўқ
Қуёшга бир бора тикка қарашга!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil