Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ШОИР ТУЙГАН ҲИКМАТЛАР

Шукур ҚУРБОН – 1951 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги
ЎзМУ) филология факультетини битирган. Ижодкорнинг “Оққушлар кўли”,“Соғинч
дарвозаси”, “Нафас”,“Ёз кунлари”, “Бир қалб манзараси”, “Балиқчиликлар”, “Озорингни
соғиндим”, “Шарқ марвариди” каби қатор шеърий ва бадиалардан иборат китоблари
нашр этилган.


Қийналиш керакдир, дўстим, қийналиш. Қийналсанг, рўёбга чиқар яхши иш.
Қани, жаҳд эт тўққиз ой, тўққиз кун. Бир нима туғасан, сен ҳам, бояқиш.


Ўнгга қараб таъзим қилинг – ўзбекчилик. Чапга қараб таъзим қилинг –
ўзбекчилик.


Ўзинг бохабарсан йўғу боримдан. Азму қароримдан, дард-озоримдан. Неки,
ичкарида бўлмиш намоён. Кечмиш ташқарида ихтиёримдан.


Булбули бўлгандан кўра қулликнинг, мен ити бўламан Мустақилликнинг. Балки
ит керакмас мустақилликка. Итнинг садоқати керакдир лекин.


Тубанда қушлар ҳам куйманишар жим – дарахтлар лозимдир куйламоқ учун.


“Табиатни муҳофаза қилиш керак”, деб ҳайвонларни одамлардан қўриқлаб
ўтдик.


“Қалбимда – олов!..” деб бақирган, эй сен. Қани, кел, қайнат-чи, манов қозонни!…


“Қоррр, қоррр!..” деб жаврама бизда ҳам кўз боррр! Ҳа, қоррр ёғяпти, кўр
япмиз, қаррррға!


Увада кўрпачалар солинди сояларга. Оҳиста суғуриб бошқаларнинг тагидан.


Унинг мушугини ҳеч ким “пишт”, демас. Деганларга бу зот сира кун бермас.
Унинг мушугига булар ўз итин сўйиб берар, лекин мушуги емас.


Ёмон сўз эшитмас эдинг бемаҳал, уйқудаги касни уйғотдинг, шоир.


Қара, пешонамга чертмоқда ёмғир. “Эй, сен – хомкалла!” деб, масхара қилиб.


Яхши аёл эрини ёмонламас ҳеч. “Эрим ёмон” деган, аёл ўйноқи. Хотинини
мақтай олмаган эркак – бахтиёр аёлнинг турмуш ўртоғи.


То ёруғ жаҳонда яшаркан инсон, яшайди қалбида маҳактош – иймон. Усиз ўзида
йўқ хислатни банда, бошқада ҳам йўқ, деб қилади гумон.


Тоҳир-Зуҳра бўлиб улгурмадик биз. Қачон Қоработир бўлиб улгурдинг?


Сендадир иноят, сенда – ҳидоят. Ё Раббим, додимга яна ўзинг ет. Ё бу гўлликларин
йўқот халқимнинг, ё бу қаллобларга инсоф ато эт.


Бу ёруғ жаҳонда калта бўлди қўл. Қўнгилни кенг айлаб, сабр қилдим мўл.
Келмади юракка малол заррача, арава минганга бўшатганда йўл.


Олинг, шу йўл сизга керак бўлса гар. Қолинг, биз кетамиз бадар. Фақат…
Жавобини беринг ўзингиз, сўрашганда бизни етимча дардлар.


Дарахтда қанча барг, қанча шох-шабба – қушларин яширмоқ учун назардан.


Ўпқон, жарлик, демай йўл солдим тикка. Айланиб ўтишга етмади умрим.


Ҳой! Ҳеч ким ҳеч нарса сезмаётирми? Қалбларда лоқайдлик кезмаётирми? Қилт
этмай қўйди-ку, дарахтлар учи: шамол ер остида эсмаётирми?


Шеърим кимларгадир кетармиш тегиб. Сал четроқ туришса бўлмасми, дейман.


Дўзахга дўнганда эркак учун уй. Шубҳа йўқ, жаннатга айланар кўча.


Дарахт ҳам ҳаётни кузатар мундоқ. У бизга хайрихоҳ, биздан улуғроқ. “Бундай
яшаб бўлмас, уят, ҳай, уят!” сарак-сарак қилар бошини ҳар чоғ.


Баландпарвоз гаплардан бўш қалблар тўлиб кетди. Зўр зални жаранглатиб,
қарсаклар бўлиб кетди. Кафтларнинг орасида, гулдуросдан гарангсиб, адашиб
кириб қолган бир чивин ўлиб кетди.


Ҳақиқатни айтиш нодонлик бўлса, нодонликдан айро шеърият йўқдир.


Бошқа йўлдан кетгандан кўра, ҳар ўтгандан садақа сўраб, тиланчидай ўлтирган
маъқул ўз йўлингнинг бўйида буткул.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-й 4-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil