Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Сенга тушларимни этайми баён

Муҳаммадали ҒАФФОРОВ – 1997 йилда туғилган. Ўзбекистон журналистика ва
оммавий коммуникациялар университети талабаси. Ижодкорнинг “Ишқ сафари” номли
китоби чоп этилган.


* * *
Севиб қолиш мумкин кимнидир,
Бехосдан чертади кўнгил дарчасин.
Сендан шеър сўрайди, изн сўрайди
Ва тилсиз сўрайди юрак парчасин.


Шеърларимни олинг, сизга бемалол,
Дардлар қолаверар тугунлигича.
Сендан сўрамайди юрагингни у,
Сен эса тутасан бутунлигича.


Сен кўнгил берасан, у шеър сўрайди.


* * *
Энтикиб турарди кўзларингда ишқ,
Сўзингни боши ва сўнггида Худо.
Гўё мен ўнгимда кўрар эдим туш,
Ўша тушларимдан бўлдимми жудо?


Йўқ, инкор этишга ҳаддим оқсайди,
Ахир нигоҳларинг сўзлади борин.
Мен туйган ҳисларнинг оти бошқайди,
Ўзга ҳаловатдан оғриди жоним.


Ўзимдан уялдим, тилимда тушов,
Этагингни ўпиб чўколмадим тиз.
Эй бошдан оёғи гуллаган ҳаё,
Дунёга адашиб келиб қолган қиз.


* * *
Қўлингдан келарми баридан кечиб,
Оппоқ тонг остида кирмоқ кулбамга.
Кафтимда капалак сочларинг учи,
Бир умр яшасак,
тушда кўргандай.


Тиззангга бош қўйиб жаннатга тушсам,
Димоғим куйдирса гулларнинг атри.
Агар сен истасанг,
узиб берардим,
Қайта қувилсак ҳам…
Ҳу-в-в-в, олмаларни.


Сенга тушларимни этайми баён,
Оқ осмон,
яшил ер,
феруза кўзлар.
Ва баҳор,
қизғалдоқ,
дарё бўйлари,
Сенга довуччалар берардим тузлаб.


Кўксимда қўлларинг,
елкамда бошинг,
Қуёш ҳам кетолмай юзи қизарган.
Севгилим, қизғаниб маҳкам қучардинг,
Кўз-кўз қилар эдинг яна қизларга.


Мен уйғоқ тонгларни сенга боғласам
Уйқуга бормаса кўзларим ёниб.
Қўлингдан келарми,
Худога қасам,
Бир ҳаёт кечирмоқ ёнимда қолиб.
Қўлингдан келарми…


Отам ва шеър
1
Уйимизга Хизр келгандек
гўзал эди бари ўшанда:
отам қайтар эди беда суғориб,
онам нон ёпарди тандирга,
акам даладан мол ҳайдаб қайтганди –
ҳамманинг тайинли иши бор эди…
фақат мен бошқача чиздим оламни,
фақат мен бошқача титроқлар туйдим;
отамнинг: “Тутуми йўқ бу болангни!” –
деган гапларини эшитиб куйдим:
ҳаммаси чиройли кечаётганда
шеър ёзиб қўйдим.
Сенга тушларимни этайми баён
Ичимда сўз тўла кон бормиди-ё,
кондан сўз тўкилар он бормиди-ё,
отамнинг: “Тутуми йўқ бу болангни!”
деган гапларида жон бормиди-ё?..


2
Уйимиздан Хизр кетгандек
акам молларини пуллади арзон,
менинг видойимни эшитмасдан, тек,
отам кўчиб кетди қабристон томон.
Оҳларим осмонга учаётганда,
дилим ғам шаробин ичаётганда,
олам бир қайғуни кечаётганда…
шеър ёзиб қўйдим.


Дилдан ғам тўкилар он бор эди-ё,
ҳасратлар дард тўла омбор эди-ё,
отамнинг: “Тутуми йўқ бу болангни!”
деган гапларида жон бор эди-ё.


3
Бугун ҳам кунимга шукронам синиқ,
бугун ҳам барини тақдирга йўйдим,
бугун ҳам яшашга бўлмади кўниб,
бугун ҳам,
кечиринг,
шеър ёзиб қўйдим.


Ичимда сўз тўла кон борми дейман,
кондан сўз тўкилар он борми дейман…
отамнинг: “Тутуми йўқ бу болангни!”
деган гапларида жон борми дейман.


Ҳусан телба ҳақида баллада


Сурув қайтар даладан,
Подачи куйлар ёниб.
Куйлар куйиб “Куйгай”ни,
Куйлагай “Салламно”ни.


Мен жўр бўлиб қайтаман,
Кунботардан ошиқиб.
Шомни етаклаб келар
Ҳусан телба қўшиғи.


Бегонаси йўқ унга
Бирор уй, остонанинг.
Бутун қишлоқ ўғлидек
Кўрар шу девонани.

Пода ҳайдар тонг саҳар,
Сойлар билан тиллашар.
Туёғига тўш уриб,
Тойлар билан тиллашар.


Тиллашар қуёш билан,
Майсаларга сўз айтур.
Илонларни эркалаб,
Дардларини куйлайдур.


“Мойдачи-ёв, майдасан,
Ёр сочларин ўйласам,
Соғиндим-а, хабар бер,
Ойсулувим, қайдасан?”


Забон ўша, куй ўша,
Мен-да ўша-ўшаман.
Мен-да ўша ўланнинг
Савдосига тушаман.


Тонг бўлар Ҳусан телба,
Тун бўлар Ҳусан телба.
Куйининг қоқ ярмида,
Жим бўлар Ҳусан телба.


Ё билмасди сўнгини,
Ё бардоши етмайдир.
Ё куйласа сўнгини,
Тоғлар нураб кетгайдир.


“Мойдачи-ёв, мойдачи,
Сурувингни ҳайдачи.
Ёр сочлари арғамчи,
Учолмадим, жўрам-ов”.


Осмон ўпкаси қозон,
Кун бўйи ёмғир ёғди,
Дарёда сел қутурди,
Бир ёғди, оғир ёғди.


Мен адирда подадан
Молларимни қайтардим.
Ҳусан телба ўланин,
Бу гал сўнгин айтарди.


Айтарди дарё бўлиб,
Сел бўлиб айтар эди.
Пешонаси жон чиқар,
Тер бўлиб айтар эди.

Бу гал айтди ўланин,
Жон бўғзида арғамчи.
Ҳар сўзи курагимга
Тушарди бўлиб қамчи.


“Мойдачи-ёв, мойдачи,
Ёр сочлари арғамчи,
Куйиб ўтдим, Худа-ёв,
Жонгинамни олсангчи”.


Шу ўлан, эски ўлан,
Жим қолар Ҳусан телба.
Олис-олисга хомуш,
Термилар Ҳусан телба.


Бошқа айтмади ўлан,
Қишлоқ лолу ҳайронда.
Мен бўзлайман ўланнинг
Яримига келганда.


“Мойдачи-ёв, майдачи,
Қайтолмадим, жўрам-ов.
Ўланимга ўр бўлдим,
Айтолмадим, жўрам-ов”.


Шу-шу Ҳусан телбанинг
Сўзлаганин кўрмадим.
Шу телбадек бирор соғ
Бўзлаганин кўрмадим.


Болалик топди якун,
Қайтолмасам керак-ов,
Бу ўланни ўлгунча
Айтолмасам керак-ов.


* * *
Мен уйимга қайтганда бир дам,
“Оғам”, деган сўз келар қирдан.


Товоним товушин соғинган тошлоқ,
Боладай қувониб қолади қишлоқ.


Қош-кўзимдан ўпар — “Шукр саломат,
Отингдан айланай, болам Муҳаммад”.


Бўйнига толпопук илганча гулдан,
Шаҳлокўз сигирлар боқар оғилдан.


Кўксимга оёғин қўйгач Олапар
Жўхорипояда ҳаллослаб чопар.


Қучаман томирим ботган еримни,
Майсалари такрорлайди шеъримни.

Гўё улуғ жангда топгандек зафар
Ҳар гиёҳ, ҳар япроқ мени олқишлар.


Сўнг орзу ортидан қайта учаман,
Яна яккаланиб қолар бу чаман.


Дилимга сим-сиёҳ тун чўкар бирдан,
Онамнинг кулчаси куяр тандирда.


Чироғи ёниғлиқ кутар бу гўша,
Кетаман юртимдан қувғинга ўхшаб.


Бораман – қучоғи тўлар Яккабоғ,
Кетаман – ўксиниб қолар якка боғ.


* * *
Мен ёлғиз.
Кечада танҳо бир ўзим
Ойни ўпмоқликни этаман хаёл.
Орзуйимни кетманг бурдалаб,
Ой нурига йўғрилган аёл.


Мен ёлғиз.
Кўчада танҳо бир ўзим.
Қўл ушлашиб келдим капалак билан.
Орзуйимни кетманг яккалаб,
Киприги капалак қанотли санам.


Мен ёлғиз.
Осмонни сураман хаёл,
Юлдуздан юлдузга сакраб ўйнагум.
Телба деб койиманг, эй бахтли аёл,
Юлдузга сачраган оппоқ кўйлаги.


Мен.
Мени қўйинг,
Кетай орзуларга эргашиб.
Кетай денгизларнинг пойига,
Бугун сизни ўйладим, балки.
Тушар деб кўнглингиз жойига.


Ёмон бўлди,
Ёмони нима?
Бир лаҳза қўлингиз тутган эмасман.
Мен фақат орзулар қилганман, холос,
Бирорта орзумга етган эмасман.


* * *
Кетиш оғир,
Орзуларга элтса ҳам йўлинг,
Юлдузларга тегса ҳам қўлинг.
Кетиш оғир бемор онангни ташлаб,
Кўзлари тип-тиниқ укангни ташлаб.
Кетиш оғир!
Бардош бериб бўлмас мунгли нигоҳларнинг илтижосига.
Ҳар майса,
ҳар гиёҳ,
ҳар дарахт қўлингдан ушлаб қолаверади –
“Кетма”, деб.
Кетиш оғир…
Бу йўлда муродга етиш мумкин,
Олис осмонларга кетиш мумкин,
Фақат бир нарсани айтиш мумкин
Кетиш оғир!
Кетиш оғир…
йўлингнинг охири жаннат бўлса ҳам…
Кетиш жудаям оғир!..


* * *
Сувдан қайтади сулув,
Сунбул сочи сирғалиб.
Кафтида тилло зирак,
Бир қулоғи қизариб.


Бошидаги рўмоли,
Елкасин тутган пинҳон,
Сувдан қайтади сулув,
Сойда жин кўрган мисол.


Шамол эса олмай тин,
Сулувдан олиб ифор.
Ҳар кўчага элтади,
Қиз бор,
қиз бор,
гул қиз бор.


Остона тўла совчи,
Йигит дилни муштлайди.
Худога қўяр сапчиб,
Кўзёш тўкмай йиғлайди.


Онаси дер, қўй, болам,
Бор обрўни қилма ер.
Дунё шундай вайрона,
Бахтга элтмас тўртта шеър.


Жўнаб кетди қишлоқдан,
Сотди қисир молини.
Ҳозир эса қишлоқдан,
Чиққан шаҳар олими.


Уй-жой, мошина қатор,
Аксирса ҳам ҳушомад.
Қодир кални ўғлига
Яратган берди омад.


Ҳамма нарса етарли,
Бола, чақа, хотини.
Фақат қўмсаб яшайди,
Бир қулоқнинг тотини.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-й 4-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil