Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Суратман сизга зор термилиб турган

Мансур НАЗАРОВ – 1991 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети
талабаси. Ижодкорнинг “Сўроқ” номли шеърий тўплами нашр қилинган.


* * *
Ҳорғин кўчаларга салқин ўрмалар,
Туйғулар туйқусдан тортиб қолар зах.
Жанубга етгандир сотқин турналар,
Дардлардек тизилиб қатор-қатор, саф.

Интизор сарғайган, ақлидан озиб,
Қарғазор боғларга сиғмай қолар бахт.
Энг сўнгги шеърларин отмоқда ёзиб,
Баҳорни куйлашдан чарчаган дарахт…


* * *
Исмингни ёзгандим қумларга,
Ёмғирлар кўнглимни ғашлашди.
Бир чора тополмам уларга,
Номингни ўчириб ташлашди.
Ёзувни дилимга кўчирдим,
Қўрқоқлик ярашмас эркакка.
Бугунги ёмғирдан чўчидим,
У ёға бошлади юракка…


Сурат монологи


Мен бир суратдирман, бенуқсон, расо…
Баҳодир шаҳзода – аждарни енгган.
Сиз эса эртакка ишонган рассом
Ўзи чизиб қўйган суратни севган.


Мен бир суратдирман, хаёлингизда
Тоғларни қулатган бир танти алпман.
Энг баланд жойдаман жавонингизда,
Энг чуқур жой олдим мусаввир қалбдан.


Мен бир суратдирман, сизнинг шоҳ асар
Бутун галерея ичида аъло.
Қиличим девларнинг бошини кесар,
Ингичка рамкага ўтмайди аммо.


Шу қуруқ ёғочлар – асл ҳақиқат,
Хаёл ва ҳаётнинг чегараси у.
Ахир мен жонсизман – оддий бир сурат,
О, қайдан суратда бу алам туйғу?!


Қўлингизга олинг, ана ўчирғич,
Ўчиринг қўлларим, оёқларимни.
Интилмай чиқишга токи бундан ҳеч,
Ўчиринг рангларим, бўёқларимни.

Иложсиз яшашга қилолмам тоқат,
Ўчиринг… боримни оқликка бурканг.
Икки чўғ кўзларим қолдиринг фақат
Суратман сизга зор термили-и-иб турган…


* * *
Боғчадаги болага бугун
ич-ичимдан қиламан ҳавас.
Бир кун бахтли яшаши учун
боғча опа ўпиб қўйса бас.


Эртакка ишониб юрса ҳам,
қўшнимнинг тўрт яшар боласи.
Ўйинчоқ талашиб турса ҳам,
ичида бўлмайди оласи.


Бугунги кунимни айтаман,
курашсиз ўтмайди бир они.
Мен яна боғчага қайтаман,
катталар талашсин ДУНЁНИ…

«Шарқ юлдузи» журнали журнали 2025-йил 4-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil