Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Қирқ йилда қирқ чокдан сўкилди сабрим

Орифжон КОМИЛ – 1985 йил туғилган. Самарқанд давлат тиббиёт институтини
(Ҳозирги СДТУ) тамомлаган. Ижодкорнинг “Хаёл рақси” номли китоби нашр этилган.

* * *
Салом,
кўксимдаги азалий оғриқ,
дунё каби кўҳна ибтидоий ғам.
Юрак қўрғонини истило қилган
исёнкор туйғулар салом сизга ҳам.


Ҳазрати Одамдан мерос атиқа
узун-узун ўйлар, хаёллар салом.
Юзта авлиёни юз йил қийнаган
жавоби топилмас саволлар салом.


Салом,
мийсоқдаги аҳдни унутган
тупроқ танасига маҳлиё руҳим.
Салом,
ёш жонимга жабрлар қилган,
жисмимни куйдирган кекса андуҳим.


Салом, кўнгилларга берухсат кириб
ўзига ҳамхона, ёр айлаган ишқ.
Гоҳида кулдириб,
гоҳо йиғлатиб,
сўнггида сарсону зор айлаган ишқ.


Салом,
қилдай нозик, қиличдай кескир
бошимда ўйнаган қисмат қамчиси.
Салом,
Қирқ йилда қирқ чокдан сўкилди сабрим
пешонамнинг шўрини ювиб
кўзларимдан томган ҳасрат томчиси.


Салом, рақси самъо,
Салом, каҳкашон,
Салом, дил тоқида балқиган ҳилол.
Салом, Ҳақдан келиб
Ҳаққа кетар жон
Салом, эй айрилиқ,
Салом, эй висол!


* * *
Буви, қабринг узра куз келди яна,
яна ойдин тонглар совий бошлади…
Боболаринг эккан қадимий токлар
бу йил баракали ҳосил чошлади.


Дунёнинг алфози ҳамон ўшандай,
ҳамон ўша-ўша оқ-қоралари.
Ҳеч нарса рангини бузмади, фақат
менинг сочларимга оқ оралади.


Бир йил ҳам ўтибди оқар дарёдай,
анча бўлди сенга дардим ёрмадим.
Олис сафарларга бордиму аммо
мозоринг бошига бир бор бормадим.


Қирққа ҳам кирдим,
шукур юрибман,
анча улғайдим сен кетгандан буён.
Олим бўлдиммикан билмадим, лекин
одам бўлмаганим ўзимга аён.


Қирқ йилда қирқ чокдан сўкилиб сабрим
заҳматдан лабимни тишлаб юрибман.
Дунё менга вафо қиладигандай
молу дунё дея ишлаб юрибман.


Баъзида ўзимга бераман таскин,
айбларим кўзимга кўринган замон:
Беайб Худонинг борлиги росту
беайб инсоннинг борлиги ёлғон.


Буви кичик қизим сенга ўхшайди,
унинг юзларида сенинг кулгичинг.
Сени кўргим келиб соғиниб кетсам
уни эркалайман бошидан қучиб.


Қолган гаплар ўша, эл улус сокин,
югуриб юрибди ўғил-қизларинг.
Толлари кесилди,
ўзгарди қишлоқ,
чаманга бурканди босган изларинг.


Хайр буви, гўринг нурларга тўлсин,
мени тирикчилик кутяпти, ана…
Майсалари қувраб,
чимлари қувраб,
буви қабринг узра куз келди яна…


* * *
Ҳувуллаб ётибди кўнглим боғлари,
кимсасиз йўлларга йўл солдим атай.
Хазонлар ичида тентираб юрдим,
учиб кетолмаган мажруҳ турнадай.
Мезон арқонини бўйнимга боғлаб
саркаш шамоллардай изғидим ғариб.
Машриқу мағрибни кездим дарбадар
бўйимдан баландроқ бир дор ахтариб.
Тах – батах ҳисларнинг ортидан келган
бўғзимни куйдирган заққумни ютдим.
Тақдирнинг ноаён кўчаларида
манзилни унутдим,
йўлни унутдим…
Қадимий кўзанинг синиқларидай
тупроққа қоришди қалбим парчаси.
Олис масофадан кўриниб турар
бир ботмон ўйилган кўксим дарчаси.
Қамишдан ясалган най каби синграб
қудуқдан эшитган сирни сўйладим.
Улкан коинотнинг бир бурчагида
аслида кимман деб узоқ ўйладим.
Гоҳида самода,
гоҳида ерда
ўтиб бораётир ёшлик чоғлари…
Боғбонини кутиб,
баҳорни кутиб,
ҳувуллаб ётибди кўнглим боғлари…

Мавлавиёна


Ғариб ҳолимни кўрмакка санамлар келмасун, айтинг,
Лаби гулғунчаю қоши қаламлар келмасун, айтинг.


Аларнинг кўз қарошиға яна ошиқ бўлар бўлсам,
Дилимға ишқ ўти бирла ситамлар келмасун, айтинг.


Самою ер аро учган ҳама сайёралар келсун,
Вале нозук билак, майда қадамлар келмасун, айтинг.


Чекиб ранжу аламлар, ер бағирлаб ётганим-ётган,
Эзиб бағримни боз ранжу аламлар келмасун, айтинг.


Дамо-дам оҳ урар бўлсам фалакнинг юз жафосиға,
Яна юз минг жафою ўтли дамлар келмасун, айтинг.


Адам даштида жон берсанг, малаклар келсуну Ориф,
Ювиб тупроққа қўймакка одамлар келмасун, айтинг!


* * *
Кутиб олгин очиқ юз билан
агар бир кун ёнингга қайтсам.
Дуо қилгин,
умрлар тилаб,
қайтмайман деб узрлар айтсам.


Манов пулга тоқат сотиб ол,
сабр олгин яна бир сиқим.
Ёмғир ёғса озроқ йиғлаб ол,
кўзёшингни кўрмасин ҳеч ким.


Соғинчингни ичингга ютиб
биз биргамиз дея ўйлагин.
Ой ботганда қайтишим кутиб,
Ой чиққанда салом йўллагин.


Эҳтиёт қил ўзингни токи
келгунича энг ёруғ кунлар.
Мен қайтаман,
қайтмайман балки…
Хайрли тонг!
Хайрли тунлар!..

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 4-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil