
Маъмура ЗОҲИДОВА – 1973 йилда туғилган. Наманган давлат университети
филология факультетини тамомлаган. Қатор адабий-танқидий ва публицистик
мақолалари матбуотда эълон қилинган. “Ҳикоялар”, “Айтилмай қолган гаплар”, “Нажот
куйи”, “Булоқли мозор сири” каби шеърий ва насрий тўпламлари чоп этилган.
Роман
Умрингиз етганча шу учала боламни
сочингизга бойлаб юринг…
Аям тузалиб қоларканлар
Кулиб юр, болам, йиғи йиғини чақиради…
- * *– Ая, одам нимага туш кўради?– Туш кўрдингми?– Ҳа.– Тағин нима кўрдинг?– Осмонда қизил чумчуқлар учиб юрувди. Кейин ҳовлимизга қўнишди.– Сўригами ё ариқдан пастгами?– Йў-ўқ. Бу уйдамас. Ўзимизнинг уйимизда.
– Бу ётганинг сенинг уйингмасми?– Буям уйими-из. Ану…– Ҳа, кейин-чи?– Ердан нон увоқ чўқишди. Дон бераман, десам, ҳаммаси типикан бўлиб қолди.– Типиканмас, типратикан. Кейин-чи, қочиб кетдими?– Кейин уйғониб кетдим.– Ҳа-а. Сувга айтмадингми?– Энди айтаётувдим, Содиқ акам эшитиб турган экан, Роса кулди. Кейин
айтолмадим.– Кулса кулар. Ақли йўқ-да. Тушгаям куладими?– Иннайкейин Акрам акамгаям айтди. Иккаласи хахолаб мени роса гапиришди.– Нима деб айтди?
– “Шу ажинаям туш кўраркан. Яна сувга айтиб ўтирибди. Буни қара, энамнинг
қутисини”, деди.– Деса дер, айтса айтар. Шошмай турсин, ҳали гаплашаман. – Ая, айтмаси-ин. Шароф акам Акрам акамдан эшитиб олиб “энақути” деяпти.
Бошқалаям эшитиб қолади. – Қулоқ солма. Аччиғинг чиқавермаса, айтишмайди. Туш кўрсанг, олдин сувга
айт. Кейин менга айтасан. Хўпми?– Хўп. Ая, нимага одам туш кўради?– Худойим одамни туш кўрадиган қилган-да.– Нимага одамни туш кўрадиган қилган?– Сал орқа-олдига қарасин, деган.– Сал орқа-олдига қарасин, дегани нима дегани?– Одамлар шу кўрган-тутганини билади. Худони яна қанча одам кўролмайдиган
томонлари бор. Ўшани сал-пал билдириб туради-да.
– Одам кўролмайдиган бўлса, Худонинг калтагими?– Нимага унақа дейсан?– Бувим, “Худонинг калтаги кўринмай савалайди”, дейдилар-ку?– Бўлди, катта бўлсанг, билиб оласан.
Ана, катталар шунақа деб гаплашишни тугатишади. “Бўлди, гапирма”,
дейишмайди-ю, “катта бўлсанг”, дейишади.
Барибир эсимдан чиқиб қолади. Гаплашиш яхши-ку. – Ая, нимага Арофат опам роса чиройли, Мастура опам хунук?– Унақа дема, иккаласиям чиройли.– Ҳечам-да! Арофат опам чиройли-ку?– Иккаласиям жуда яхши қиз. Ҳамма нарса ҳаммада тенг бўлса, бўлмайди-да.
Бўй ҳам, ақл ҳам.– Менинг ақлим кўп-а?– Ҳа-да. Сен зўр қизсан. Сени ўғил бўлсанг керак, десам, пўмпалоқ қиз экансан.– Ўғил болани нимага яхши кўришади? Қиз бола ёмонми?– Қиз бола яхши. Ким айтди ёмон деб. Мана, сен энг яхши қизсан-ку.– Арофат опам билан боққа сув йиққани борувдик, битта ўғил бола билан
гаплашди.– Қанақа бола?– Бўйи бу-унча. Бала-анд.– Арофат ҳали ёш-ку?– Ўша бола опамни роса яхши кўраркан.– Арофат йигит билан гаплашадиган бўптими? Эртага Асалби опамга айтай.
Жим юрсин, деб. Уни Абдуғаффор акангга келин қиламиз, деювдим.– Айтманг, ая. Арофат опам мени яхши кўрмай қўяди. Кейин боғига мени
обормай, Мунирани опкетади.– Қизини қулоғини мана бунақа қилиб чўзиб қўяди. – Арофат опам роса яхши. Менга сариқ мунчоғини берган. Я-анги.– Хўп, айтмайман.– Ая, уйимизга қачон кетамиз?– Ўзи энди келдик-ку. Мен сал ўзимга кеволай, кетамиз.– Ая, бувим нимага сиздан беркитиб йиғлаяптилар?
Аям индамадилар. “Пиёламни узатвор”, деб, эшитмагандек бўволдилар. Нариги
ёққа ўгирилдилар. Э-э. Йиғлаганларини кўргим келмай қолди. Ҳар доим шунақа.
Кетдим! Кўчага қочиб кетаман.
Ўша куни қочиб кетмасам бўларкан. Йиғлаганларидаям олдида турсам бўларкан.
Андижонга кетиб қолдилар, бувим билан. Тузалиб келарканлар.
Остонада кичкина ариғимиздаги сувни кўриб ўтирдим. Овози роса ёқади. Сув
дарровда кўпайиб қолди. Сувда бирор нарса ювгим келиб кетди. Дадам ишдан
келгунича уй калишини ювиб қўйсамми. Мени яхши кўрадилар, мақтайдилар.
Мукаррам опам томга чиқиб кетди. Пичан ташлайди ҳозир. Ариқ суви яна
камайиб қолди. Калишни катта ариққа обориб ювдим. Иккинчисини юваётгандим,
сувга тушиб кетди. Омбиримизга етай деганда зўрға ушлаб олдим. Ичига сув кирди.
Энди опам уришади. Орқамга беркитиб ҳовлига обордим. Қурисин деб офтобга
қўйдим.
Пичан ушлаб туришни ёмон кўраман. Жодидан роса қўрқаман. Шуҳрат акамнинг
битта қўлини Содиқ акам кесворган. Ҳозир кўрсаткич бармоғининг учи йўқ.
Қазноқ томонга бормай, уйга кирдим. Аям каравотда йўқлар. Шундаям ҳидлари
турибди. Ўша каравотда олма еб ётдим. Аямниям, Ҳабиба опамниям соғиндим.
Ҳабиба опам Тошкентда дўхтир бўлишга ўқияпти. Аям Ҳабиба опам келганда роса
суюниб кетадилар. Икков бўлиб кўп гаплашишади. Кейин жўнаётганида “Яхши
ўқигин, зўр дўхтир бўласан ҳали”, деб бетидан ўпиб кеткизадилар.
“Умрингиз етганча шуни сочингизга бойлаб юринг”.
Ҳар куни аямнинг шунақа деган овозини эшитаман. Каравоти бор уйда кўп
эшитилади.
Печканинг трубаси чиқадиган тешикка расм ёпиштириб қўйишган. Ўша ердан
шамолнинг овози келади. Шу овознинг ичидаям аямнинг гапи борга ўхшайди. Аям
йўқликларида деразадан келиб қарайман. Уйда ҳеч ким йўқ бўлсаям, дастурхонда
ҳаммамиз ўтирганимиз кўриниб кетади. Аям кулиб-кулиб ўтирадилар. Кўзимга
кўринсаям барибир мазза.
Ҳар куни аям ўша бувимга айтган гапини қайтараётганга ўхшайдилар. Ўзи
тузалгани кетган бўлсаям, овозлари келаверади. Аям дўхтирхонага кетаётганда озиб
кичкина бўлиб қолувдилар. Энг зўр дўхтирга кетибдилар. Яна бувим опкетдилар.
Энди келса, каравотга ётмайдилар. Олдингидек ўзлари юрадилар.
Мени ҳалиям кичкина бола деб ўйлашади. Аллақачон катта бўлганман-ку.
Мени ҳеч нарсани билмайди, дейишади. Ҳамма нарсани биламан. Пичирлашишса,
бир-бирига кўзларини қисишса кулгим келади. Дадам ҳам, опаларим ҳам мени
эшитмасин деб секин-секин гаплашишади. Шундаям эшитиб билиб оламан. Мен
билан Одил укамни алдашларини биламан. Муҳайёниям кўп алдашади. У китобига
қарайди, дафтарига ёзади. Дарс қилади, шеър ёдлайди. Алдашларини билмайди.
Билсаям аччиғи чиқмайди. Одил бўлса, кичкина. Алдаётганларини иккаласидан
кўп ўзим биламан.
Яна кулиб юрадиган одамлар ҳаммадан яхши бўлишини биламан. Болаларга
чўнтагидан қанд бериб юрадиган холалар зўр хола эканиниям. Кулиб юрадиган
амакилар ҳам, қанд берадиган холалар ҳам ҳеч ким билан уришишмайди.
Кейин хотинлар олдида бирорта қўшниси йўқ бўлса, ўшани ёмон дейишиниям
биламан. Ўзи келиб қолса, айтишмайди. Яхши гапиришади.
Ўғил болалар қизларни яхши кўришиниям билиб бўлганман. Қизлар ҳам атайлаб
болалар олдидан кўп ўтишади. Ўғил болаларнинг олдига келганда қизлар бошқача
бўлиб олишади.
Ибн Сино деган одам зўр дўхтир бўлган экан. Ҳаммани тузатган экан. Уйимизда
бир қанча кўк китоб туради. Унинг бетида ўша одамнинг расми бор. Саллали, соқоли
кўп. Ўша кўк китобни роса ўқишади. Расмнинг олдида “1”, “2”, “4”, “12” деган
санашлар бор. Мен шу санашларни биламан. “Бир”, “етти”, “ўн бир” деёламан.
Ибн Сино ўтдан дори қилган экан. Мана шу, шундоқ ерда ўсиб ётган ўтлар
бор-ку, ўшани эзиб дори қиларкан. Ичса, ҳамма касал тузалар экан. Менам катта
бўлсам, ўтларнинг ичидаги дорисини билиб, одамларни тузатаман. Ҳали ҳамма
ўтни энг зўр биламан. Ўлгани қўймайдиган дорилар чиқараман.
Мактабга бормаган бўлсам ҳам, кўп шеър биламан. Муҳайё опам ёдлаган
шеърларниям ёдлаб бўлганман. Топишмоқ айтсам, Ҳафиза опаларимниям
қолдираман. Аям ухлаб қолсалар, бувим мениям эртароқ ухлатгилари келиб, эртак
айтиб берадилар. Роса кўп эртак биламан. Яна янгисидан айтсалар-ку. Кечқурун
“Ҳозир айтиб бераман”, деб ишлари тугамайди. Юраверадилар. Кейин жойга
келганда эртакни айтмай ухлаб қоладилар. Ўшанда йиғлагим келади. Барибир
йиғламайман.
Йиғлаш ёмон. Йиғлашни энг-энг ёмон кўраман. Бирорта ўртоғим йиғлоқи бўлса,
ўйнагим келмайди. Бувим, аям, опаларимнинг кўзига қарайман-ку, ёш кўринса,
менинг ичим оғриб кетади.
Рисолат опамга ёр-ёр
Аям ўзи жим ётувдилар. Бувим аямни “Ухлаб қолди шекилли”, деб, пахтачигит
ажратишни бошладилар. Кечаги кун “Буни нима қиласиз”, деб сўрадим. “Аянгга
ёстиқ қилиб бераман”, дедилар. Пахта ичидан чигитнинг чиқишига қараб ўтирдим.
Мен ҳам чувисам, чигитда пахтаси сал қолсаям, бувим кўп қолдирдинг, дейдилар.
Ёстиққа ҳали қа-анча пахта керак бўлади-ю. – Шу учовини бекор туғибман.– А?– Муҳайёни, Маъмурани, Одилимни бекор туғдим. Ўғил-қизим бор эди. Туғмай
қўявермайманми.
Аям йиғладилар. Оғриғиям ёмон бўлиб кетди, шекилли, овозлари ингиллаб
қолди. – Қўй, болам. Йиғламагин. Ичимни одош қилма.– Хўр бўладиган бўлди. Қорни нонга тўймай юрадими энди? Энгил-боши
жулдураб? Кўрганга жавдираб? – Марҳаматжон, чой ичасанми ё равоч сувидан берайми?– Ҳаммасини ўқитаман, девдим. – Ундоқ демагин. Бўлмаган гапни қўйгин. Худо деб, шифо сўраб ётгин, болам!– Ўлиб кетяпман барибир. Биламан-ку ўзим. Кундан-кун тугаяпман-ку.– Ҳар нима тилингга келса айтавермагин, дедим.– Хў-ўп. Она! Жон онам. Шу учаласини ўзингиз билан олиб кетинг. Бу ерда
қолдирманг. Умрингиз етгунича қаранг. – Қўй. Ўзингга буюрсин, тезроқ тузалай, дегин. Бор, Маъмур, кўчага чиққин.– Вой-й. Жоним-эй-й. Турғизинг, чарчаб кетдим. Йў-ўқ. Бўлди, ётаман. Ётиб
олаверай. Она, жоним онам, шуларни ўгайга жавдиратманг.
Аям “вой-вой” демасалар, тузалиб қоладилар, биламан. Аямнинг оғриқда
инқиллаган овозиниям яхши кўраман. Эшитиб ётиб, ухлаб ҳам қолганман.
Бувим чидамай дод дедилар. – Бўлди қил, дедим. Худди ҳозир савағич опкелиб ураман!
Бувим туриб пешайвонга чиқдилар. – Уринг, уринг. Чертмай катта қилувдингиз. Уҳ, вой-эй. Битта менга тикилиб
ўтдингиз-а. Шунча юмушга қўйдим, шунча ғамга қўйдим.
– Бўлди қил! Жон қизим! Юрагимни тўкма.– Кўзингизга қандоқ қилиб қарайин энди? Бунақа тикилманг менга. Кўзингизни
ғилтайтириб қараманг. Ундан кўра уринг, она! Уринг! Урсангиз, аламим кетади.– Болам, ҳозир Содиқжон келади. Мукаррам ҳам эшитмасин. Болаларимнинг
кўнглини кир қилмагин. – Дадам урушда йўқ бўлиб кетди-ку. Шунақаям бўласизми? Яна турмуш
қилсангиз бўлмасмиди. Ҳозир синглим, иним бўларди. Болаларимнинг тоғаси,
холаси бўларди. Битта мен нима қилиб бердим сизга?– Бунақа гапни иккинчи айтма!
Аям жим бўлиб қолиб, кўзини юмдилар. Ухлаб қолдилар шекилли, дедим.
Энди ҳовлига чиқаман дегандим, яна чўчиб турдилар.– Сизга ишониб болаларимнинг қўлини қўлингизга ушлатдим. Ўгайга берсангиз,
гўримда тикка тураман. Сизга омонат. – Ич-бағримни эзвординг. Ундан кўра ўлдир-қўй! –
Унақа десам, сизам омонатсиз-ку. Болаларим кўрган кўчада алдираб
қолмасмикин? Вой-ей. Уҳ…– Марҳамат, дедим!– Хўп. Вой жоним. Уҳҳ. Ерга тушиб олай. Орқам ботиб кетди. Каравот қаттиқ. – Жой қиламан. Тутилмаган кўрпачадан опчиқай. Юмшоққина. Тушиб оласан.– Йўқ. Йўқ. Ўтираверинг. Кечроқ тушаман. Мукаррам келсин. Кўтаришмаса
бўлмайди шекилли мени.– Бўпти, болам.– Ҳабибимга хат ҳам ёзолмай қолдим-ку. – Сал тетилгин1, ёзасан.– Йўқ, бугун кечқурун ёзаман. Соғиндим боламни. Кечаги хатини қаерга
қўйдингиз?– Ана, токчада.– Оберинг, бир ўқийин.– Ҳозир. Ўқиган кўзингдан ўргилайин-а. Ҳозир.
Аям хатни неччи марталаб ўқиган бўлсаям, яна ўқидилар. Кўзёши ёстиққа
думалаб тушди. Хатни силаб ўпдилар. Ёстиғининг тагига тиқдилар. Бувим аямнинг
оёқларини уқалаб ўтирдилар.– Роса хизматингизни қиламан деб, роса оқсоч қилдим сизни. Тувак тўкиб,
бешик терватиш бўлди ишингиз.– Яхши гап айтгин, болам. Отдек бўлиб кетай дегин. Деги-ин. Фаришта омин
дейди.– Ҳаммасини сизга туғиб берибман. Чилламни чиқариб бешикка белаб бериб
мактабга кетаверибман. Онамниям яхши овқатлар егиси келади, кундузи бирпас
дам олгиси келади, кечаси ухлагиси келади, демабман. – Қўй-э. Қозонимиздан гўшт узилибдими. Ундан кўра кўрмагандек бўлиб кетай,
дегин. – Аммо яна айтаман. Бегона хотинга берманг. Бу неварангизни қаранг, кўзини.
Бундан бир нарса чиқади. Ўгайлик қилиб йиғлатмасин.– Бўлди, дедим! Битта гапни қайтараверадими? Буларинг гўдак-ку, имирға2.
Ўзингга буюрсин. – Заҳар косада ош ичирмасин. Опкетинг. Умрингизни берса, ўзини тутиб қолади.
Аямнинг оғриқдан юзлари буришиб кетди. Олдин… Қор ёққанда ёнига кирсам,
1 Тетилмоқ – тетиклашмоқ.
2 Имирға – ўзини тутиб олмаган, нозик (шева).
ёстиққа суяниб олардилар. Энди тикка туролмаяптилар. Аввал кирганимда кулиб
турардилар, энди бўлса юзини бужмайтириб ётибдилар. Бетлари чиройли эди
олдин. Ҳар доим кулиб турардилар. – Бўлди қи-и-л, Марҳаматжон. Ўзинг эга бўласан. Ўзинг тугган тугунни ўзинг
ечасан ҳали. Анча тузуксан, рангинг ҳам олдинги жойига кепқолди. Бор, Маъмур,
чиқ. Бор, ҳов ана, опаларинг ўйнаяпти. Сен ҳам ўйна.
Ўйнагим келмайди-ку. Яна ҳовлига судрашади ҳозир. Шундан қўрққанимдан
каравот темирига маҳкам ёпишиб олдим. Аям мени олдиларидан чиқаргиси
келмаяпти-ку. Бувим билан опаларим ўзи мени ёмон кўришади-да. Ана, аям мени
ёнига олиб ётгиси келяпти. Қўл узатадилар-у, бувимнинг кўзига қарайдилар.
Бувим мени уришиб беришини билиб қучоғига тортмаяптилар. Билдим-ку. Шунга
бақириб, роса йиғладим. Кўзимдан ёш чиқмасаям, йиғлагандек қилдим. Бувим
пешонасини тириштирдилар. Катта рўмолини тушириб, кичкина рўмолини ечиб,
боғладилар. Ана, яна боши оғрияпти. Деразага бордилар. Ҳовлидан Содиқ акамни
чақирдилар. Ийй, акам келмасин. Аччиғи ёмон. Ана, ҳозир қўрқитади, уришади,
иннайкейин опчиқиб кетади. Муҳай опаларим кўчага чиқиб кетишибди.
Акам қошини чимириб келди. Каравотнинг кўрпачаси тагини кўтардим. Майда
симига қўлимнинг ҳаммасини тиқиб олдим. Маҳкам ушладим. Барибир бир силтаб
олиб кетди. Войй. Қўлим роса оғриди-и. Катта тирноғимга ёмон тегди.
Аямнинг олдидан олиб чиқишди яна.
Қа-аттиқ йиғладим. Кўзимдан ёш чиқмаса ҳам йиғлайман. Тезроқ аямнинг
олдига кираман-да. Дадам келиб акамни “қўйвор” деб уришсалар-ку.
Ҳеч ким йўқ. Акам ариқ олдигача судраб келди. Кейин аччиқ билан тирсагимни
қўйиб юборди. Қўлининг учини ликиллатиб уришди. “Жим бўл”, дегани бу. Бир
туртиб шоти турадиган томонни кўрсатди. “Бор ану ёққа!” Ўзи маккапоя этагига
кетди. У кетаётганда ҳам йиғлайвердим. Орқасига бир марта ҳам қарамади.
Овозимни кўтардим. Девор томонга ўтиб кўринмай қолди.
“Аямга бораман” деб йиғласам, ҳар доим дадамми, опамми, бирортаси,
“Майли, кирақол. Ўзим айтаман”, дейишарди. Кейин аямни қучоқлаб ётаман,
дегандим. Мазза. Аямнинг ҳиди ширин. Ўзи ҳаммадан яхши. Энг зўр ая менинг
аям. Киприклари қоп-қора, узун. Кўзининг ўртасида бир нарса ялтирайди. Қарасам
ичим жиғиллаб кетади. Менга қараб олиб сочимни силаб ётадилар. Бетида кулгич
бор. Иккала томонидаям. Ҳозир озганлар-ку, ўшанга чуқури чизиқли бўлиб қолган.
Чизиғи биттаси тепага, биттаси жағга кетган. Сочи роса узун. Каравотдан пастга
тушиб кетганда опқўяман. Бошимни, елкамни силайдилар. Қўлларидан бирон
нарса бошимдан ўтаётганга ўхшайди.
Энди йиғлаганим нима бўларди. Ҳеч ким эшитмаяпти.
Кўчага чиққани барибир қўйишмайди. Товуқхона томонга юрдим. Энди Муҳайё
келсаям ўйнамайман. У салга “Ерга ўтирма, ана, кийиминг расво бўлди”, дейверади.
Ҳовлига экилган маккамиз ўсиб қолибди. Ток тагида турадиган ёғоч эшакдан
тепароқ бўлибди. Паст томонига – ўрик тагига борай. У ерда ўйинчоқлар турган
бўлади. Ёғочдан Шуҳрат акам ясаб берганлари бор. Бувим тикиб берган қўғирчоқ,
эшакча, айиқча, қора латтадан тикилган тошбақа ҳам бор. У тошбақанинг тошини
Шуҳрат акам тахтадан кесиб-кесиб ёпиштириб берган. Шу акам зўр-да ўзи. Ҳозир
тошбақаниям юргизаман.
Ҳа, йўқ. Бирорта ҳам ўйинчоқ йўқ экан, опам токчага опкетибди. Иккита оёғи
бор устолча қолибди. Шу устолчани яхши кўраман. У мени кутиб туради. Ҳеч
қаерга кетиб қолмайди. Кичкина тойчоққа ўхшайди. Ўзи тойчоқ бўламан десаям,
бўлолмаётган шекилли-да. Чополмаётган бўлса керак.
Ҳовлимиздан овоз келди. Яна хотинлар аямни кўргани киришди шекилли.
Бувим ўшалар билан кўришаётганда секин аямнинг олдига кириб кетсамми.
Йўқ, энди бормай тураверай. Ўзи ҳар доим хотинлар, ўқитувчилар келиши билан
боғ этагига кетаман. Келганлар мени кўриб қолса, бўлди. Бувим билан аямнинг
олдига киришдан олдин чақиришади. Олдимга ўтирволиб ёлғондан эркалатишади.
Аямнинг қанақалигини билиб олишга сўрашади. “Аянг нима қиляпти, ҳозир
уйғоқми?” дейди. Кечагилар, “Даданг нима деяпти”, “Аянг, ётиб олганми,
эшиккаям чиқяптими?” деб ҳам сўрашди. Шунақа сўрашса, биттаям гапиргим
келмайди. Битта-иккитаси бошини лиқиллатиб, лабини тишлаб қўйишади. Бир
бирига пичирлашиб, “Овқат емай қўйган экан. Сув ичаркан, холос”, “Бир этак
боласи бор-а, Худойим-эй”, дейишади. Кўргим келмайди шуларни. Шунга қочиб
кетаман. Яна, меҳмон келса, опаларим мени уришаверади. “Кўйлагингни қачон
кир қилдинг? Уят бўлади, меҳмонлар кўрмасин”. “Секинроқ гапир, уйда одам бор”.
“Ариллама, анулар эшитади”. Меҳмонни шунга ёмон кўраман.
Аямнинг олдига киргим келяпти.
Бувим ҳам ҳозир меҳмонни ёмон кўряптилар. Олдинроқ бу уйгаям, тепа уйгаям
одам келса, суюниб кетардилар. Тепа уйда бўлсак, энг биринчи менга қараб: “Бор,
холабувингни чақириб чиқ, меҳмон келди, дегин”, дердилар. Дастурхонга қанд
қўярдилар. Кўп гўшт солиб ош қилардилар. Ҳозир унақа эмас. Келганлар қайтиб
чиқиб кетганидан кейин ўзларига гапирадилар: “Касал кўришга келган одам ҳам
шунча ўтирадими? Тамизига3 дард теккан бу хотинларнинг. Болам бояқиш, орқаси
ботиб кетди. Энди идиш беринг дувди-я. Ақлим қурсин, дарров опкелмайманми…”.
Эртакдагига ўхшаб сеҳргар бўлсам эди. Сеҳргарларнинг аяси касал бўлмайди.
Касал бўлсаям сеҳргар дарров тузатворади. Акалари уришмайди. Опалари
чимчиламайди. Аяси ётган уйдан бошқа уйга киритиб юбормайди. Қандларни
мазза қилиб еб юради. Сеҳргар-ку, ҳамма нарсани “куф-суф” деб бор қилади. Мен
барибир сеҳргар бўламан.
Кўча эшигимиздан кирганда бир томонда ошхона, бир томонда меҳмонхона бор.
Ўша ер роса муздек бўлганига кўп ўйнайман. Ерда турпоққа чизиб ўтирган эдим,
яна бир қанча хотинлар кирди. Ҳаммасининг қўлида тугун бор экан. Бир четга
қўйиб, аямни кўргани ўтишди. Учтаси мен билан елкамга уриб сўрашди. Қолгани
ўтиб кетишди. Кейин қайтиб чиқишди. Рисолат опамнинг тўйига келишаётган
экан. Тугунларини яна олишаётганда, “Войй, болалари майда-майда экан-ку”,
дейишди. Улар чиқиб кетганидан кейин аям кўринадиган эшик тўғрисига келдим.
Аям бувимга гапирдилар:– Тўйга бирпасга чиқавермадингиз. Маъмурниям опчиқсангиз, ўйнаб келарди. – Қўй-э. Соғ бўлсанг, тўй биз билан. Товоғимизни чиқартирвордим. Салла4ям
бир тоғора бўлди. Мукарраминг пазанда бўлиб қолибди. – Бўлмаса болалар чиқиб ўйнасин.– Нима қилади, болам? Оёқости бўлиб. Уйда бир яхши ўтирибди.
Кўча эшигимиз тарақлаб очилди. Тоштемир акам. – Янга! Э хола, яхши ўтирибсизларми? Содиқжон борми? Мен билан юрсин!
Яндашали акам ичиб олиб жанжал қиляпти! Раим акамникига алдаб опкириб
турмаса, бўлмаяпти.
Акам кийимини тез-тез қоқиб, бирга чиқиб кетди. Мен сўрига чиқиб япалоқ
тошларимни олиб ўйнадим. Боғимиз девори тарафдан одамларнинг қаттиқ-қаттиқ
гапиргани эшитилди. Кейин ҳамма ёқ жимиб қолди. Тағин тошимни ўйнайвердим.
3 Тамиз – фаросат.
4 Салла – хамирни салла каби ўраб пишириладиган пишириқ.
– Она, ёр-ёр эшитилмаяпти-я? Нега ҳалиям келинни опкетмаяпти? Кеч бўлди
ку? – сўради аям бувимдан. – Билмасам. Ҳайрон бўлиб қолдим.
Аям бувимдан идиш сўради. Бувим менга қаради. Дарров тушуниб эшикка
чиқиб кетдим. Аям қўлини ювгандан кейин кирдим.
Содиқ акам тўйхонадан қайтиб чиқди. Бувим у билан гаплашди. Кейин аямга
деди:– Яндашали ухлаган экан, уйғонмасин, деб секингина опчиқиб кетишибди.– Опчиқиб кетишибди? Ёр-ёрсиз-а? Шундоқ қизни-я?– Болам, Яндашалиям жуда ёмон ичадиган бўлиб кетди-да. Кунда жанжал,
кунда уриш. Келинни тўхтатиб қўймасин, дейишган-да. Синглимнинг тўйи, ичсам
уят бўлар, демаганини қара.– Содиқжон, чилдирмани опке!
Ие, вой. Аям ётган жойида кучайиб кетдилар. Акам чилдирмани шилдиратиб
олиб кирди. Аям ёстиққа суяниб ўтириб олдилар. Доирани бир-икки шиқирлатиб
ушлаб турдилар-да, қарсиллатиб чалдилар. “Ёр-ёр” бошлаб юбордилар. Овози
сираям хирилламаётган эди.
Оқ милтиқ отган отам,
Қора милтиқ отган отам,
Ўз қизини етти ётга
Сотган отам.
Ёр-ёра, сотган отам.
Ўз қизини ўрнига эй
Бодом эксин, ёр-ёра,
Бодом эксин,
Бодом шохи қайрилса ё
Болам десин, ёр-ёр-а,
Болам десин.
Мундоқ қарасам, ҳовлимизнинг тепасида, осмонда бир қанча оппоқ қуш айлана
қилиб олиб учиб юришибди. Ие! Бунча чиройли бу қушлар! Ёр-ёрга ўйнашяптими?
Айланиб-айланиб, бир-бирига қанотини узатиб-узатиб ўйнашди. Войй, мазза.
Акам ҳам қараса-ку. Қарамаяпти. Ҳовлимизда акам иккаламиз турувдик. Акамдан
бошқа ҳамма – гулларимиз, дарахтлар, маккапоя, товуқларимиз томоша қилди.
Ноклар, узумлар, олмалар жим бўлиб эшитди. Ариқдаги сув ҳам ёр-ёрга тўғрилаб
шилдираяпти-ку. Войй. Бирам бошқача.
Бунақа ёр-ёрни эшитмаганман. Тўйга Мунира билан, бошқа ўртоқларим билан
кўп борганмиз. Қўшниларникидаям ёр-ёрни эшитганман. Бунақа қилиб айтишмаган
ҳечам.
Аям битта ёр-ёрни тугатиб, янгисини бошлавордилар. Бошқача қилиб айтдилар.
Ҳай-ҳай ўлан, жоним ўлан,
Ўланчи қиз, ёр-ёра, ўланчи қиз.
Ваъдасида турмаган-о,
Ёлғончи қиз, ёр-ёра, ёлғончи қиз.
Аямнинг кўзёшлари рўмоли учига, кўйлагига думалаб тушаверди. Бор овози
билан, ҳам кулиб, ҳам йиғлаб айтдилар ёр-ёрни.
Осмонга қарадим, оқ қушлар йўқ эди-ю, чиройли булутлар ёр-ёр эшитаётганга
ўхшаб қимирламай турувди. Энди бувимга қарадим. Каравот ёнидаги кўрпачада
йиғлаб ўтирибдилар. Елкалари титраяпти. Ёр-ёр ҳовлимизнинг ҳамма ёғига етди.
Кўзимга катта қиз бўлганим, келинчак кўйлак кийганим келди. Аям юзимдан
ўпдилар. Саида опам келин бўлганда аяси ўпганга ўхшаб мениям аям ўпиб,
қучоқладилар. Ҳамма кичкина қизлар менга ҳавас қилди. Кейин жигули машинага
солиб олиб кетишди. Ана, зўр. Мен чиро-ойли келин бўлдим. Ёр-ёрни роса зўр
қилиб айтишди. Ҳамма эшитиб чапак чалди.
Пулимиз кўп бўлганда, мен ҳам Дилбарга ўхшаб келинчак кўйлак олдирардим.
Кийиб тўйларга чиқардим. Аям роса суюнардилар. Ёр-ёрни йиғламай айтардилар.
Аям кўп айтдилар ёр-ёрни. Охирида чилдирмани каравотга суяб қўйдилар.
Рўмол билан юзини беркитиб, ёстиққа секин ётдилар. Энди бир бошқа овоз чиқариб
йиғладилар. Акам бўлса деразага қўлини тираб, пешонасини тириштириб турди.
Унинг ҳам киприги пирпираб кетди. Кейин чилдирмани бувимдан олиб жойига
обориб қўйди.
Аям ухлаб қолганида бувимнинг олдига келдим. Шундоқ ёнида турибман-у,
бувим мени кўрмай бошқа ёқларга жим тикилиб ўтиравердилар. Мен ҳам оғзимни
маҳкам ёпиб, ичимда ёр-ёрнинг бир хилги жойларини айтдим.
Охири бувим мени олдига қўл ҳалпиб чақирдилар. Биз бир-биримизга қараб
ёнбошлаб олдик. Энди бувимга гапирсам бўлади. – Буви, ҳамма қизга ёр-ёр айтиш керакми?– Ҳа, болам. Айтиш керак.– “Етти ёт” дегани нима дегани?– “Бегона одам” дегани. Ўзининг уйидан бегонаникига кетади-да энди. – Опаларимгаям ёр-ёр айтишадими?– Ҳа-да. Айтишади. Бориб Мукар опангга қарашмайсанми, қизим?– Қарашганман-ку. Буви, менгаям айтишадими?– Айтишади-да. Сен ҳали бир келинчак бўласан. Битта уйни гулистон қиласан. – Супураманми?
Бувим кулдилар. – Супурасан ҳам, пиширасан ҳам.– Иннайкейин кўйлакларим кўўп бўладими?– Бўлади.– Қўғирчоқларим-чи?– Унда катта бўлган бўласан-ку. Болаларинг бўлади-да.– Меними?– Ҳа, сени. Энди кўзингни юмиб олгин, юмиб олиб гапиравергин. – Бўпти. Мана… Буви, нимага супургини тиккаласа ёмон бўлади?– Ёмон бўлади-да. – Худо бувам айтганмилар? – Йўқ. Худо буванг одамларни айтадиган қилган-ку. Ҳамма одам “ёмон бўлади”,
дейверса, яхши бўлармиди.
Бу гапни тушуниб ололмадим. Бувим аямни уйғотвормайин деб, секин туриб
ошхонага юрдилар. Мен ҳам туриб кетларидан чиқдим. Ана, овқат қиладилар
шекилли. Газ ёқдилар. Ўзи шу газ қанақа қилиб ёнаркин. Тағин ҳеч тугаб қолмай
анчага етади. Уни қаердан опкелишаркин…
Қўғирчоғим овқат есайди
Кўча эшикдан киргандаги ошхонани омборхонаям дейишади. Ичида девор
томонда газ пилта бор. Қоп-қора, кичкина. Таглигида гугурт туради. Ўша гугуртни
чақиб, газнинг қулоғини бураб ёққим келади. Пов этиб ёнади-да. Газни аяб-аяб,
бир-бир овқат қилишади. Мукаррам опам шошилиб турган бўлса, эртаманда газда
сут пиширади. Токчаларда идиш-товоқ туради. Бир томонида картишка уруғ. Ким
ўша жойда иш қилса, бувим уни уришиб турадилар: “барангиуруққа сув сепма”,
“босиб олмагин”, дейдилар. Опам бирор марта овқат қилса, “Деразани очиб иш қил,
иссиққа уруғликни димлаб қўйма”, дейдилар. Опам бугун ҳам овқат бошлаганда
деразани очишни эсидан чиқарди. Мен югуриб бориб очиб қўйдим. Опам кулди.
Кейин бошқа ишларни қилгани ҳовлига чиқиб кетди.
Шу ошхонада пақирчамни ўйнаб ўтирган эдим, Одил кирди. Ёнимга келганда
қоқилиб кетди, сўрғичи картишка орасига тушди. Одил қаттиқ қийқириб йиғлади.
Мен картишкаларни суриб, ичидан сўрғични топаман деб қарадим. Одил
топишимга қараб ўтирмай эшикдан чиқаётганди. Остонага қоқилиб яна йиқилди.
Олдига борсам, бурни қонаб кетибди. Вой бечора. Энди нима бўлади? Бувимни
чақирдим. Бувим уйдан чиқиб келдилар. Одилни кўтариб энгаштириб олиб, ариққа
опкетдилар. Мен ҳам бордим. Укамнинг бетини ювдилар. Ариқдан сув олаётганда
мени уришдилар. – Нима қиласан ошхонага кириб? Шунча кенг ҳовли турибди, ўйнайман десанг.
Ақли йўқ қиз бўлдинг. – Сўрғичи…
Бувим гапимни эшитмадилар. Яна уришдилар. Кўчадан битта хотин чақирди.
Дилбарнинг аяси экан. Овқат опчиқибди. Бувим қўшнимиз билан сўрашиб,
қўлидан овқатни олдилар. Дилбарнинг аяси, “Яхшимилар”, деб сўради-ю, ичкарига
кирмади. Қайтиб чиқиб кетаётганда бувим унга секин бир нима дедилар. Шунда
қўшнимиз мени қўлимдан ушлаб кўчага етаклади. Қорним очқаб кетган-ку. Ҳалиги
тугунчадаги овқатдан роса егим келаётганди. Хархаша қилдим. Бувим ҳам, Саломат
холаям менга қарашмади. Уйига етаклаб олиб чиқиб, супачасида одамлардан
қолган овқатни кўрсатди. “Ол, егин”, деди. Мен ўша тугундагидан егим келаётгани
учун аразлаб, овқатга қарамадим. Қолган овқатни ейишни ёмон кўраман. Қўйиб
юборишса, эшикларини очишса, уйимизга чиқиб кетардим.
Ариқ бўйида деворга қараб ўтириб олдим. Ёлғондан йиғлаб қийқирай дедим-у,
уят бўлади-да.
Яхши-ку. Мукар опам шунча йўлда етаклаб юради энди. Қўли иссиқ.
Бувимнинг кўча эшиги кичкина. Бизники катта. Очилиши ҳам роса қизиқ.
Эшикнинг тешигидан занжир ўтказиб, кейин ўша занжирга битта юмалоқ темир
бойлаб осиб қўйишган. Очилганда занжир калта бўлади. Юмалоқ темир тепага
чиқади. Ёпилганда занжир узайиб, тўпчак пастга тушади. Мазза қилиб ўйнайман
уни. Катталар, “Тириқлатаверма”, деб уришгунча ўйнайвераман.
Опам бу ердаям ҳар нима иш қилиб юрди. Ўзи ҳеч жим турмайди. Боғ томон
қоронғи бўлиб кўринмай қолгунча иш қилаверди. Кейин келиб, мени уйга опкирди,
дастурхон солиб, нон, майиз қўйди. Уйқум келиб қолди. Нон емадим. Ётиб олдим.
Эрталаб турсам опам ҳовлини сув сепиб супурибди. Ердан сариқ турпоқ ҳиди
келяпти. Бир ғалати, мазза. Шунақа ҳид келиб турганда чой ичсак эди.
Уйғонганимни кўриб, “Бетингни ювиб ол, кетамиз”, деди. Жойимни тахмонга
йиғиб қўйди. Яна катта кўчага юрдик. Одамлар бувимнинг уйи томонга –
мактабга, дўхтирхонага, яна бирон жойларга шошилиб кетишяпти. Яна паст
уйимиз томонга – Чусткўприк тарафларга, далагаям кетишяпти. Машиналар у
ёққаям, бу ёққаям юряпти. Кўриб, мазза қилиб уйга келдик. Ҳовлига кирганимизда
аям ётган уйда укам йиғлаётган экан. Кўп йиғлабди, шекилли. Овози биғиллаб
қолибди. Бувим бошларини қаттиқ боғлаб олибдилар. – Вой, Мукар, келдингми? Энди одам юбораман девдим-а. Одилинг адо қилди.
Кечаси билан йиғлаб чиқди. – Ие, нимага?
Мукаррам опам шошиб аямнинг олдига кириб кетди. Одил укамни кўтариб
чиқди. Укамнинг кўзи кичкина бўлиб кетибди, шишиб қолибди. – Сўрғичини йўқотиб қўйибди. Бўйнига бойланган ипи турибди, ўзи йўқ. Кечаси
билан уканг сўрғич қидириб қаерларга бориб келмади-я.
Югуриб ошхона эшигига бордим. Ёпиқ экан. Бувимга, “Очиб беринг”, дедим. – Нима қиласан у ерда? Ўйнайдиган жойми? Кеча укангни йиқитвординг ўзи.
Бор, этакда ўйна.– Одилнинг сўрғичини топаман.– Йўқ у ерда дедим-ку, кечқурун қарамаган жойимиз қолмади. Ошхона
қолармиди. Ҳозир даданг ишдан келишда опкеларканлар.– Картишкага тушиб кетувди.– Картишкага?
Опам югуриб олдимга келди. Мени етаклаб бориб, эшикни очди. Картишканинг
ёнида ўтириб олиб қарадим. Опам ҳам ёнимга ўтириб, “Қаерига тушувди”, деб
қаради. Топди. Ювиб, укамга берди. Укам сўриб олиб, жим бўпқолди. Ҳиқиллаши
тўхтамасаям, бизга қараб кулди. Бечора укам.– Сен қиз ўзи ёмон қулоқсиз бўлдинг. Кеча шуни айтмайсанми? Шўхлигинг
қурсин-да.
Бувим мени “ёмонсан” деб тағин уришдилар. “Кеча айтмайсанми”, эмиш.
Аччиғим чиқди. Ўзи менга кичкина деб қулоқ солишмайди. Кейин тепа уйга
кетказвордилар. Хархаша қилганим билан қанча иш қиламан-ку. Мана, акам кечаси
ухламай сўрғич ахтарибди. Дўконлар ёпиқ бўлган-да. Укамни жим қилиб қўйдим.
Барибир “зўрсан”, дейишмади.
Аямнинг олдига киргани яна қўйишмади. “Ухласин”, дейишди. У ер-бу
ерга бориб тумтайдим. Аразладим. Опам ҳам, акам ҳам, “Сенга нима бўлди”,
дейишмади. Ишини қилишаверди. Ҳеч ким қарамагандан кейин кўчага чиқиб
кетдим. Ўртоқларим билан толкўчагача бориб кечгача ўйнадик. Яна кўп ўйнар
эдик-у, қизлар битта-битта уйига кириб кетишди. Менам уйга кирдим.
Вой, ана! Аямнинг каравотини ҳовлига олиб чиқишибди. Ана, энди ҳеч ким
аямнинг олдидан “Чиқ бу ердан”, деб ҳайдолмайди. Каравотнинг ҳамма томонидан
келса бўлаверади. Олдиларига бордим. Бошимни ушлаб эркалатиб қўйдилар.
Аям ҳовлимизнинг ҳамма ёғига қараб ётдилар. Опаларимга, акамга иш
буюраётган бувимга қараб ўтирдилар. Бирор нарсанинг қаердалигини кўрсатдилар.
Молхона эшигини қандай қилса ёпилиб қолишиниям айтдилар. Кечгача ҳовлида
иш қилишди. Ишни бунча яхши кўрадилар-а бувим. Менгаям кўп иш буюрадилар,
кечгача тўхтамай иш қиламиз.
Қуёш яна ботиб кетди. Қозонда овқат пишгани билинди – ҳиди зўр чиқди.
Ҳаммамиз ошхона олдида палосга солинган кўрпачага ўтирдик. Олдин ётиб олиб,
тепадаги токнинг баргларини кўрдим. Кичкиналариям бор. Шип-ширин. Боласи
да. Орасида узум бор. Ҳали кўк, пишмаган.
Кейин овқат келгунча кўрпачаларимизнинг гулини кўрдим. Кўрпачамиз ҳар
хил латтадан тикилган. Росаям чиройли. Қандай қилиб чизишар экан-а. Битта гул
қалампирга ўхшайди, биттаси ошқовоқгулга. Биттаси кўзтиканнинг гули билан
бир хил. Ўзи кўзтиканнинг гули энг чиройлиси. Кўрпачалардан ошқовоқ гулига
ўхшайдиган гуллисига ўтиргим келди. Ўша ёққа ўтиб олдим.– Ие, тўрда нима қиласан? Ўт Одилнинг олдига.
Кўрпачанинг гулини айтсам кулишади-да.– Бувимнинг олдиларида ўтирай?– Йўқ, ўт. Бу ерда Содиқ аканг ўтиради. “Тепада ўтияй” дегунча “р”ни ўрган.
Росаям аччиғим чиқди. “Р”ни зўр айтаман-ку. Булар айтолмайсан дейверади.
Қулоқлари эшитмайди. – Маъмир, кел, қошиқни опкет.
Мукаррам опам ўчоқ олдидан туриб мени чақирди. Мен бўлмасам, битта иш
қилолмайди шу опам.
Аям ҳам туриб каравотига ўтириб олдилар. Бувим орқаларига яна иккита ёстиқ
қўйдилар. Олдидаги ёғоч устолчага кичкина дастурхон солишди. Чойнакда чой,
овқат қўйишди. Аямга қарадим. Ёмғир ёғай деб турибди-ю, аям худди иссиқда
қолганга ўхшаб ҳансираяптилар. Оғзини ярим очиб нафас оляптилар. Лабининг
пўсти кўчиб қолган. Косадаги овқатни яхшилаб еб олмадилар. Есалар-ку, жағининг
тишига ботиб кетган жойи шишиб, юзи юмалоқ бўлиб қоларди. Йўқ. Овқат қолди.
Сув сўрадилар. Илгари унча сув ичмасдилар. Ҳозир кўп ичадилар. “Томоғим
қурийди, ичим куяди”, дейдилар. Опам шиша идишда сув қўйиб кетди. Бувим
ликопдаги олмадан арчиб, кесиб аямга тутди. Аям бир марта тишлади. Кейин
ликопни менга узатди. – Қизим, сен еб қўяқол.
Мукаррам опам Одилни ичкарига олиб кираётган эди. Шу ёққа қараб ўтирган
аям укамга тикилдилар. Опамга қараб “Бер-чи менга”, дедилар. Опам укамни аямга
яқин олиб келди. Укам аямга интилмади, опамнинг қўйнига қочди. – Танимай ҳам қолибди, – дедилар аям лаби титраб. – Шу сафар жуда узун
ётдим. Дўхтирхонасига ўт тушсин. Э-э, нима керак эди. Мана фойдаси, Одилим
манга кемотти, бегонага ўхшаб. – Овқат ейман, деб ёпишяпти-да. Нимага танимас экан, – дедилар бувим аямга. – Жоним болам, кенжатойим, кўзингдан ўргилай, келгин ўзимга. Сани мазза
қилиб эмизаман деб туққандим-а, полвоним. Кел, бир қўйнимга олай.
Опам укамни каравотга яқин олиб келди. Аямга узатди. Кейин “Ҳозир келаман,
ҳозир мана”, деб укамнинг қўлидан кўйлаги енгини тортволди. Жиннивой укам.
Аямни хафа қилди. Пиқиллаб ётибди. Аям-ку, жинни. Опам “Одил мени кўрмасин”
деб, қазноққа кириб кетди. Укам яна жича ғингиллади, кейин аямнинг қўлини
секин-секин силкитиб ўйнатишларига овуниб қолди. – Ўзингни уринтирма кўпам, – дедилар бувим каравот чеккасига ўтириб. – Тузук
овқат емадинг. Бўлди, менга берақол болани.
Кейин укамни бир қўлидан сал кўтаришиб юбордилар. Биламан, укамни аям
кўтаролмаслигини билиб, шунақа қиляптилар.– Ҳозир, бувиси, ҳозир.
Аям укамнинг кўйлаги тагидан қўлини тиқиб орқасини силадилар. Укам тилини
чиқариб мазза қилди. Бошини орқага ташлади, кулди. Мазза қиляпти-да. Мениям
шунақа қилсалар-ку.
Опам қайнатилган сигир сутини шишачага қуйди, шундайлигича ариқ сувига
солиб совутди. Салдан кейин кўтариб келди. – Ол, опаси, ол. Ризқини бер полвонимнинг. Қошининг қоралигини қара.– Бўйлари баланд бўлади ҳали. Қандоқ келишган йигит бўларкин-а. Кўролмас
эканман.
– Энди ундоқ демагин, болам.– Кел, лалла ичамиз, – опам укамга шишани кўрсатди.
Укам оёқларини типирчилатиб, ўтирган жойимизга қаради. Кўрпачага югуриб
бориб ётиб олди. Қўлини чўзди. Ўзи у роса дўмбоқ. – Мукаррам, ухлаб қолганда олдимга олиб келиб ётқизиб тур, қизим. Ҳидимни
олсин.
Укам сутни шиша сўрғичда сўраётганда ҳар доим ҳавасим келади. Менам сутни
шунақа сўрғичидан сўриб ичсам-ку. Менга косада қуйиб беришади. Косадаги сут
шишадагига ўхшаган ширин бўлмайди. Мукаррам опам “Учига қаймоқ кирган, бир
сўриб бергин”, деганда ичиб кўрганман. Шишадаги сутдан аямнинг ҳиди келади.
Укамга мазза-ю, билмайди-да.
Бувим пешоналари тиришиб ўтирибдилар. Ҳар куни итбурни дамлаб ичадилар.
Маккасоқолниям ивитиб қўйиб ичадилар. Маккасоқолни ичиб кўрганман. Роса
бемаза.
Сариқ кўйлагимни кийиб юришни яхши кўраман. Гули майда, кўк-кўк, орасида
қора тангачалари бор. “Кир қилиб юборасан”, деб опам кийгизмайди. “Олти ёш
бўлди, мана шунча ақли йўқ”, дейди бувимга мени. Қўлининг учини кўрсатади.
Билмайди-да ақлим қанақа кўплигини. Ҳали сеҳргар бўлиб олсам, опам ўзи
ялинади менга. “Кўйлак керак”, “Сумка керак”, “Сочимга янги қисқич қилиб
бероласанми”, дейди. Уйимизниям Ҳабиба опам Муҳайёга олиб берган эртак
китобнинг бетидагига ўхшаб баланд пиллапояли, ойналари кўп, роса янги қилиб
қўяман. Маликанинг саройига ўхшайди. Сеҳрли таёғим бўлади-ку. Тепа уйимизни
яна бошқача қиламан. Зўр бўлади.
Уйимизнинг устунлари катта. Уларга битта жигарранг ипни дор қилиб
бойлашган. Кир қуритишади. Биттасининг учи пастга осилиб туради. Ўша учига
ёшлигимда ўйнаган шилдироғимни бойлаб қўйишган. Роса сакрайман, қўлимни
теккизаман, дейман. Бўйим етмайди. Ҳар куни эринмасдан сакрайвераман.
Кўйлагим кир бўлса, опам ювиб дорга ёяди. Дарров қуримайди. Осилиб
турганда унга қарайман. Ўзимни дорга белимдан осилиб турганимга ўхшатаман.
Бу роса қизиқ. Унга ўхшаб нарвонга осилиб кўп тураман. Охири қорним оғриб
кетади. Кўйлагим мендан кўп туради шунақа қилиб.
Пешайвонимизда иккала чеккадаям учтадан токча бор. Ўртадаги катта токчага
чиқса бўлади. Уни тахмон дейишади. Устида пардасиям бор. Меҳмон келиб
қолганда эшик тарақлайди-ку, овозини эшитаман-ку, ўшанда у уйга кириб кетгунча
тахмонга чиқиб беркиниб тураман. Парданинг ўртаси тешик. Ўша ердан қараб, ким
келганини билиб ўтираман. Кейин яна чиқиб ўйнайман.
Парда орқасига қўғирчоғимни қўйиб қўйганман. Буни Чустга борганимизда аям
дўкондан оберганлар. Муҳайёгаям, менгаям. Муҳайё кўчада қолдирворган экан,
йўқолиб қолди. Фарида ўртоғи билан боғча-боғча ўйнаганда бериб тураман.
Бугун меҳмон роса кўп келди. Содиқ акам Муҳайё иккаламизни бувимникига
олиб кетди. Ўзи томдан ғўзапоя ташлаб, тандир олдидаги эски товуқхона устига
тахлади. Яна кўп ишлар қилди. Биз кечгача олчазорда ўйнадик. Мазза қилдик.
Кечқурун қайтиб келганимизда қўғирчоғимнинг олдига бордим. Соғиниб кетувдим
да. Парда тагидан олдим. Қучоқладим. Сочидан ўйманинг ҳиди келиб қолибди. – Мукар опа, ўйма қилдингларми? – дедим.
Опам кўзини катта-катта очиб,– Қаердан билдинг, чучала5? – деди.
Айтгунимча қулоқ солмай ичкарига қараб гапирди:
5 Чучала – чучук тилли маъносида.
– Бунингиздан ҳеч нарсани беркитиб бўлмайди. Ўйма қилгансизлар, деяпти.
Пишгани қачон эди. Йиғиштирганим қачон эди.– Қаерга қўйгансан?– Ичкари уйга опкириб ўраб қўйдим. Ўзи тўртта қолди. Холабувиларим кеп
кетишсин, кейин ер.
Бувим кулдилар. Ўймани мендан беркитишибди. – Майли, биттасидан синдириб бер. Есин. Ҳидини билган-да. – Нимага ҳеч ким билмаган ҳидни бу билади?– Майли, Муҳайёниям чақириб, биттасини опчиқиб, товоққа солиб бер.
Ўйма олдинги еганларимдан энг ширини бўлибди.
Ўймани яхши кўраман. Сурпа солишлари билан ўйма қилишса эди дейман.
Бувим у-бу деб айтиб турадилар, опаларим, биттаси сурпада, биттаси қозон бошида
бўлиб пиширишади. Хамирни узиб олиб кичкина юмалоқ қилишса ўйма бўлади.
Ёнғоқдан каттароқ қилишади-да, уни ёйиб, ликопчам билан тенг қилишади, ёғда
олдин бир ёғини, кейин яна бир ёғини пиширишади. Агар хамирни катта юмалоқ
қилишса, ёйиб, орасига ёғ суртиб қатлама қилишади. Бирор жойга тўйга қилишади
қатламани. Пишаётганда кўришниям яхши кўраман. Ичига пиёз солишганда зўр
бўлади. Ўша кун кўчага чиқолмай қоламан. Иссиқлигида егим келади. Пишиши
билан “Ушатиб беринглар”, дейман. Дастурхонга ўтириб кейин ейиш шартмикин.
Кутиб ўтирадими. Устини ёпиб ичкарига олиб кириб кетишса, аччиғим чиқади.
Кейин бир бурда еб, тўйиб қоламан. Овқат пишганда бўлса, ҳаммалари: “Ол, ҳой
дўмбоқ”, “Маъмирхон дедим, ол” дейверади. Тўйгандан кейин овқат еб бўларканми?
Ўзи дўмбоқ деганлари ёқмайди.
Муҳайё билан ўймадан едик. Унга “Ўйма пишганини қўғирчоғим айтди”, десам,
“Бор-э, жинни”, деб лабини бурди. Билмасвой-да. Ақли кўпмас. Қўғирчоғимга
раҳмат айтдим. “Сен ҳам е”, дедим. Емади. Кўк кўзи билан бизга қара-аб, ҳавас
қилиб тураверди.
Агар шу қўғирчоғим ҳам овқат еганда, мен дўмбоқ бўлмасдим. Иккаламиз
чой ичардик. Муҳайёга гапириб ўтирмасдим. Қўғирчоғим укамданам яхши.
Укам ўйнаётганимизда бирор нарсани қўлидан олсам, қайтариб берганимдаям
йиғлайверади. Кейин опаларим, бувим мени уришишади.
Сеҳргар бўлсам, кўп қўғирчоғим бўлади. Ҳаммаси овқат ейди. Ўзим едириб
қўяман. Иннайкейин ҳаммаси гапиради. Ашулаям айтади.
Кўрпача чеккасида нарёққа қараб олиб қўғирчоғим билан гаплашдим. Кийимини
тўғриладим, сочини ўрдим. Энди у билан бирор ўйин ўйнайман. Боққа кетаман. Бу
ерда ўтирсам, тағин овқат едиришади. “Овқат е”, дейверишлари ёмон. Ана, кўп
сузиб беришади-да.
Тўхтавой акам ҳам мени “Бунча дўмбиллаб кетдинг? Бунақада тўппига ўхшаб
думалаб қоласан-ку. Маъмир дўмбоқ амакининг ўрнига қоласан, шекилли-а?”
дейди. Оққирда битта Маъмир деган семиз одам бор экан. Ўшанинг отини менга
айтишаркан-да. “Дўмбоқмас, кўзинг тошга тегсин-а”, дейдилар бувим. Қўлимда
кўзмунчоғим доим туради. Шунга дўмбоқ бўлсам керак. Ечиб ташлайман.
Мунирага ўхшаган бўлгим келади.
Йўқ. Қанча тортсам ҳам ипи узилмади. Узилса-ку. Кўз тегса, озиб қолсам эди.
Дўмбоқ бўлиш ёмон.
Барибир сеҳргар бўламан
Содиқ акам парда орқасидан тўп олди. Менга қараб “кетдик” деб бошини
лиқиллатди. Маҳалладаги ўртоқлари билан футбол ўйнашга чиқяпти. Кетидан
югурдим. Улар девори бузилган катта майдонда ўйнашади. Акаларим ўйнаётганда
биз ўртоқларим билан чимзорда мазза қилиб тўп, тошчилтоқ ё қувламачоқ
ўйнаймиз. Акам борлигида ҳеч ким мени масхара қилолмайди. Ўйинниям бузиб
кетолмайди. Ўшанинг учун акам тўп тепган жойда ўйнашни яхши кўраман.
Ҳамма ўйинни ўйнаб бўлдик. Энди нима ўйнаймиз, деб тургандик, Иқболой
ўртоғим чизиқ ўйнайлик, деди. Йўлга чиқиб, чизиқ чизиб олдик. Япалоқ тош
топиб, тепиб-тепиб чизиқ ўйнадик. Бешта чизиқнинг биридан бирига ўтказиб
япалоқтошни тепамиз. Бир оёғимизда сакраймиз. Тош чизиқдан чиқиб кетса ё
чизиққа бормаса, тепаётган қиз ўйиндан чиқади. Энди ютаётувдик, Дилбар яхши
теполмай чиқиб кетди. Энди мен бир марта яхши ўйнаб берсам, ютар эдик. Ана,
иккита чизиқдан ўтказвордим. Ҳамма қизларнинг аччиғи чиқди. Биз ютқиздик. Шу
билан ҳаммамиз чарчаб, ерда ётган ходада ўтирдик.
Акаларимнинг ўйини роса қизиди. Охирида ҳамма у тараф, бу тараф бўлиб
қичқирди. Биз ҳам ўйинга қараб ўтирдик. Акам томондагилар саккизта уришди.
Ютишди. Мазза қилишди ўзиям. Бизам қўлимизни осмонга қилиб, роса сакрадик.
Уйга ғира-шира бўлганда қайтдик. Киришимиз билан бувим акамни уришдилар:– Шунча йўқ бўлиб кетасанми? Уйда қанча иш турибди. Ўт қирқасизлар, десам,
Мукаррам борлигида сен бўлмайсан, сен борингда у.
Акам мени баҳона қилди:– Боо-я келардим. Қарасам Маъмирингиз йўқ. Ҳов аллақаёқда юрган экан, зўрға
топиб келдим.– Шуям еттиэшик бўп кетяпти.
Ёлғончи! Қорним шишиб кетадиям демай ёлғон айтяпти. Тўп жинниси-ку ўзи.
Қайтага мен чарчаб кетганимдаям, уйга келгим келгандаям олдида ўтирдим-ку.
кеворганимда гап эшитарди. Роса аччиғим чиқди. Шундаям тилимни тўхтатдим.
Жим турдим. Акамни “алдаяпти”, деб бувимга айтмадим. Бўлмаса, мени тўп
ўйнаганда опкетмай қўяди. Ундан кейин бувимнинг юзлари хафа бўлиб қолади.
Акамни алдоқчи бўлибди, демасинлар.
Сеҳргар бўлсам, акамни иккита қилиб қўярдим. Биттаси қанча ўйнагиси келса
ўйнарди. Биттаси молларга ўт қирқарди. Кейин иккаласини… Кейин иккаласини
яна битта қилсаммикин. Бўлмаса кечқурун ётишга жой топиш керак.
Акам билан опаларим мактабга тайёргарлик кўряпти. Сумкага дафтар, ручка,
қалам солишди. Опам эгнига роса чиройли мактабкийим олдирибди. Ёқаси
юмалоқ. Энди кўрдим. Ичкари уйда экан. Муҳайёнинг формаси бор-у, “Сумка олиб
беринглар” дебди. “Ўтган йилгини тутасан”, дейишибди. Шунга қовоғини солиб
юрибди.
Мениям мактабга боргим келди. Мукаррам опамга айтдим. Иш кўп буюрса ҳам,
у гапимни эшитади. Уришиб тўхтатиб қўймайди.– Сен янаги йилга борасан, қумбўрсиқ, – деди опам. Кейин бувимга айтди. –
Менга чизмачиликдан катта қоғоз керак.– Болам, жуда шошилма. Уч кунда пахтага олиб кетади. Келгандан кейин ҳам
олаверасан қоғозингни. – Уфф! Ҳа-я, ҳали пахта бор.
Пахтани акам ҳам, опам ҳам ёмон кўришади. Мен роса яхши кўраман. Ётоқ
бошлангунча автобусда Станция деган жойга бориб териб келишади. Халтасида
нон, этак, чой ичишга чойчўмич олиб кетишади. Кечқурун келганларида этагига
битта-иккита кўсак соволишади. Кўсак ўйнашни яхши кўраман. Бандидан ипга
бойлаб, тепар ўйнаймиз. Ўртоқларим “Кўсагинг борми”, дейди. Олиб чиқаман.
Олдинги йил адашмасдан ўн бешта-ўн еттита тепардим. Ҳозир йигирматадан
ошираман. Ҳаммамиздан ҳам Дилбар кўп тепади. Ўртоқларимни чақириб кўсак
ўйнасаммикин деб, ғўзапоя олдига бордим. Йўқ, эскириб кетганидан кўсаги
кичкина, енгил бўлиб кетибди. Аям ётган уй деразасига қарадим. Неча кундан бери
у ерга киритишмаяпти. Пешайвонга ҳам боргизишмаяпти. Уфф. Аямнинг бошини
мен босиб қўйсам, тузаладилар-ку. Шуни билишмаяпти-да.
Яна кўчага чиқдим. Ҳеч ким йўқ экан. Торкўча бошига бориб келдим. Мунира
кўринмади. Фозил, Дилбар, ҳеч ким йўқ. Мукаррам опам чиқиб етаклаб опкириб
кетмасин деб, ағнатилган дарахт орқасига ўтиб олдим. Силлиқ тош териб ўйнаб
ўйнаб, охири эчкиларнинг овози келганда уйга кирдим. Опам эчкини айвонга қамаб
келди-да, қўлимдан тортиб ариқ бўйига ўтирғизди. Энгашиб ювди, артинтирди,
кейин эгнимни ечиб олиб, бошқа кийгизди. Ҳечам индамай кўйлагимнинг
тугмасини қадаётувди, кўзига қарасам, роса йиғлабди. Этагимни текислади-ю,
кирларни опкетиб тоғора тагига тиқди.
Қорним очиқиб кетган. “Нон ейман” деб қўшқулоғимизнинг олдига боргандим,
опам қўймади. Дастурхон солди, кўрпачага чақирди: “Ҳозир овқат сузаман”.
Шундай дегани заҳоти макарон овқатнинг ширин ҳиди келди. Опам тезроқ ўчоқ
бошига боравермади. Бир нима қилиб юрибди. Бунча имиллайди. Э-э. Тез-тез есак
ку. Бир маҳал уй ичидан укамнинг овози эшитилди. Жуда ғалати-да шу. Йиғлаганга
ўхшаб чақирмайди, овоз қилади. Мен унинг ўрнида бўлсам, роса қичқириб
ёлғондан йиғлардим, катталарни қўрқитворардим. Ҳамма ёнимга югуриб келарди.
Мазза-ку. Опам Одилни олиб чиқди. Ёнимга ўтирғизган эдиям, дадам Муҳайёни
етаклаб кириб келдилар. Югурдим. Дадам матиматика ўқитадилар. Қўлтиғидаги
китоб-дафтарни олиб, жойига қўйдим. Бу ишни уйимизда битта мен қиламан.
Менга қараб, “яшасин”, дедилар.
Акам ҳам келди. Дадам аямнинг олдига кириб кетдилар. Шунда бувим
чиқиб келдилар. Мундоқ қарасам, бувимнинг елкаси кичкина бўлиб кетибди.
Ие, дарровдами? Бетлариям кичкина. Бизга қарамадилар ҳам. “Худойим, дам
ўткизганингга шукур”, деб сўри чеккасида ариққа тикилиб ўтирдилар. Кейин
Мукаррам опам билан гаплашдилар. Уларга қанча қулоқ солсам ҳам, овози
эшитилмади. Битта гапни тушуниб қолдим. “Ҳабибани ўқишига идорадан телефон
қилдириб чақирайлик. Дадангга сенам айтгин”.
Бувим аям ётган уй эшигига қараб-қараб қўйдилар. Нега бувим дадам аямнинг
олдига кирганда кўчага чиқиб олдилар-а.
Дадам билан кириб кетсам бўларкан. Мазза қилдилар. Аям билан гаплашяптилар.
Бўлди, эшик очилди, чиқиб келдилар. Бувим дарров аямнинг олдига кириб кетдилар. – Нима овқат қилдинг, Муқаддас?
Мукар опамдан олдин мен жавоб бердим. – Макарон, қуюғи.
Опам менга ўгирилди. – Сен кўрмадинг-ку, қаёқдан биласан?
Дадам билан акам ҳам менга қарашди. Кулгим қистади. Овқатни ҳидидан билиб
олишмайди-ю, яна “каттаман” дейишади.
Ҳаммамиз дастурхон ёнида ўтирдик. Ана, сариқ товоғимда овқат. Яхши-ю,
кўп сузиб бериб, кейин “Е, е”, дейишавергани ёқмайди. Қўғирчоғимнинг оғзига
қошиқни обордим, у кўзини юмиб қўймади. Хайрият, бу гал кўп қисташмади.
Бошқа гапларни гапиришди. Мукаррам опам овқат емади, тумтайиб ўтирди.
Қўғирчоғимни олиб ошхонага кирдим. У ердаги стулга боламни ўтирғизиб,
мазза қилиб ўқитгим келди. “Қани, ким ўқиб келди. Сенми? Лолахон, қани ўзинг
айт-чи. Гапириб бер”. “Ўтир, зўр ўқибсан. “Беш” баҳо. Энди дафтарга ёзинглар”.
Қўғирчоғимнинг олдига қоғоз қўйдим. Қалам ушлатдим.
Барибир дарсимиз бузилди. Опам қовоғини солиб, кириб йиғиштиришга тушди.
Чиқиб кетдим.
Яна меҳмонхона уйда эшик-деразани очиб, ухлашга ётдик. Муҳайё дарров ухлаб
қолди. Унга мазза-да. Менинг уйқум келмайди. Ўқишга бормаганимга чарчамасам
керак. Деразага қараб ётдим. Маккапоя тараф қоронғи. Ка-атта ит чиқиб келаётганга
ўхшайди. Ҳовлимизда бир қора шамол у ёқдан-бу ёққа юряпти, шекилли. Укам
яхшиям эшитмайди. Қўрқиб кетарди. У уйқудаям сўрғич сўриб ётади. Ана,
чуқурлатяпти. Вой, қимирлашни бошлаворди. Доим шунақа. Кечаси кўп юмалайди.
Агар ғинғиллаб ғашлик қилса, сийгиси келган бўлади. Кўпинча Мукаррам опам
қараб ётганида Одилнинг қимирлаганини билмай қолиб ухлайверади. Шунда
укам кўрпачасига сийиб қўяди. Дадамни ҳам, опамни ҳам укам тагини ҳўл қилиб
қўймасидан олдин туртиб уйғотай дейман-у, ҳеч уйғотмайман.
Одил яна кўп қимирлаб турди, чулдиратиб тагини ҳўл қилди. Ишини битиргунча
жим турдим. Яна суюниб кетдим. Ундан кейин ётолмай думалайвердим. Ўзимнинг
кўрпачам ҳўл бўлганга ўхшаб кетди. Укам ҳам энди ётолмай ғингиллаяпти. Дадамни
қўлларидан силтадим. – Дада, Одилингиз сийиб қўйди.
Дадам уйқусирамадилар.– Сийдими? Қаёғдан билдинг?– Эшитдим.
Дадамнинг овозлари чарчаган бўлиб чиқди. – Сиймасидан олдин айтмайсанми?
Каттабувим нимага хафа?
Уфф. Сиқилиб кетдим. Дилбар билан уришиб қолдик. Ўзи чизиқ ўйнаётганимизда
уч марта ғирром қилди, энди уни ҳар доим “Ғирром ғир-ғир”, дейман. Роса
чақимчи. Жичча нарсаниям катта қилиб опасига айтиб бераверади. Опаси ҳов бир
куни Неъматни уришган, бетига урган. Неъмат йиғлади. Ўйнагани чиқмай қўйди.
Ҳар куни Неъматни чиқармикин дейман. Чиқса, бетини силаб қўярдим. Дилбар
бўлса ҳар куни чиқади. Ўзи Дилбар билан ўйнамасам бўларкан.
Мукаррам опам мактабдан келди. Югуриб олдига бордим. Сумкасини берса,
обориб, токчага қўйиб қўярдим. Мен ҳам сумка кўтара оламан. Мукаррам опамники
ҳамманикидан чиройли. Ҳали мактабга борсам, шунақасидан олдираман. Ранги
кўкидан. Қандми, бирор нарса опкелдимикин. Мукаррам опам рус тили ўқитувчиси
бўлармиш. Тошкентга бориб ўқийман, деб тайёрланяпти.
Опам менга қараб ҳам қўймади. Кўзлари йилтираб, аям ётган уй дераза-эшигига
тикилди. Тез-тез остонага борди, оёқ кийимини ечиб бир чеккага опқўйди-да,
кириб кетди. Сумкасини деворга тираб қўйди. Ичида коржик бормикин. Бировнинг
сумкасини очса ёмон бўларкан-да. Ўшанда тегмадим. Сеҳргар бўлсам, ҳар хил
ширинкулчалардан уйга анча опкелиб ташлайман. Қоғоз воронкаларда кўп туради.
Токчаларга шишада ширин сувлар териб қўямиз.
Опам бирпасдан кейин йиғлаб, ҳовлига чиқди. Йиғламаса-ку, ҳечам йиғламаса
ку. Ҳали сеҳргар бўлсам, уйимизда ҳаммани кулиб юрадиган қилиб қўяман.
Пешайвонимиздаги катта устун тагига ялпоқ тош қўйилган. Опам ўша тош
четига аччиқланиб, чиртиллаб ўтирди. Қошининг устида чизиқлар кўринди,
бирпасда янаям қаттиқ йиғлашни бошлади. Унга қараганимда менинг ҳам лабим
бурилиб кетди. Қовоғим ачишди. Нимага катталар бунақа кўп йиғлашади? Нимага
салдан салга уришишади? Ўйинлар кўп. Ўйинчоқлар кўп. Шуларни ўйнаб мазза
қилиб юришса бўлмайдими? Майли, ўйнагилари келмаса, бир-бирлари билан
кулишиб гаплашиб ўтиришса бўлмайдими? Боғимизда узум, олма, нок, анорлар бор.
Шулардан еб, ўтиришса бўлмайдими? Бувим бизга ширин нонлар ёпадилар. Катта
нонларнинг орасига кулча, саккизкулча ёпиб берадилар. Тандирнинг олдида ўтириб
олиб, янги патирларни косадаги сувга ивитиб еб, мазза қилишса бўлмайдими?
Қандларни опкелиб, чойга солиб ичишса бўлмайдими? Ёнғоғимизнинг тагига
итузумга ўхшаган ўт чиққан. Ўша ўтнинг уруғи пишганда қўл билан сал сиқса,
сочилиб кетади. Роса зўр ўйин бўлади-да. Биз кимники очилади-очилмайди
ўйнаймиз. Катталар бўлса унга қарашмайди ҳам. Бир-бирларига қа-аттиқ гапириб
уришишаверади, уришишаверади. Ақли йўқ болага ўхшашади.
Ҳа, катталар ўзи бир ғалати. Бўлмаса нимага пешинда ёп-ёруғдаям “Ухла”, деб
ётқизиб қўйишади? Ухлашга қоронғи бор-ку. Нимага “Югурма, югурма, секин юр,
секин юр”, дейишади? Югурмасдан юриб бўларканми?
Опам чўнтагидан сариқ рўмолчасини олаётувди, бувим чақирдилар. У дарров
ўрнидан турди, яна уйга кириб кетди. Мен унинг аям билан жичча гаплашиб, ичкари
хонага кийингани кирганини кўрдим. Деразадан кўринади-да. Кейин уй кийимида
чиқиб келди, ерга қараб олиб, молхона ёққа кетди. Молларга овқат бериб, тинчитяпти.
Энди менга барибир иш чиқади. “Кепакка товоқ ботириб кел”, “Сутпақирни олиб
кел”, “Эшикни ёпиб тур”, “Товуқларни ҳайдаб кел”, “Гўнгқўлқопни опкеббер”,
“Ҳов ана, супурги, айвонга ташлаб қўйгин”. Шуларни буюради ҳар доим. Қачон
қайси ишни буюришиниям биламан. Секин кўчага кетдим. Жуда ёмон кўраман шу
ишларни. Ҳар куни бир хил. Зерикиб кетаман. Мукаррам опамни ҳам, шу ишини
тугатмай юраверса, гапларимга индамаса, ёмон кўраман.
Кўчага бир қараб қўяй-чи, деб чиқаётган эдим, эшигимизнинг темирини энди
ушласам, Равшанби каттабувим ҳасса таяниб кириб келаётган эканлар. Вой-й,
зўр! Қучоқлаб роса эркалатадилар мени. Кўйлак ёқасига тикилган нинатугмада
қалампирмунчоқ бор. Ҳидини-чи. – Пўпалагим! Думалоққина бўлиб юрибсанми?
Қўйинларига кириб кетдим. Шўрва ҳидиям келди. Тугунда бор, шекилли. Бу
сафар кўп қучоқлаб ўтирмадилар. Ҳар доим қурут олиб юрадилар. Ана, қора
камзули чўнтагидан қурут билан печак қанд обердилар. Бувиларим олдига кириб
кетдилар. Бунақа кеч келишидан қараса, ётиб қоладилар, шекилли. Каттабувим
аямнинг олдига кириб кетишлари билан яна битта қариндошимиз келди. Соттиби
хола деган. Йўғон гапиради, бўйи баланд кампир. Уям аямнинг олдига кириб кетди.
Деразадан бориб қарадим. Опам “Нарига бор”, деб уришди. Шу катталар роса кўп
гапиради-да.
Пешайвонимизда палосга думалаб олдим. Тепага қарадим. Тўсин дейдиган ёғоч
ичидан текис терилган кичкина юмалоқ тахтачаларни санадим. Ўша жойда кўзим
чалғиди. Аямнинг юзлари кўринди. О-олдинги кулиб юрганлари. Роса чиройли,
дум-думалоқ. Кўзимни юмиб очгандим, йўқолиб қолди. Токчадан ўйинчоқ
пақирчамни олдим.
Бештошимни ўйнаётганимда бувим билан каттабувим ҳовлига чиқишди. Айвон
чеккасига бориб пичирлашиб роса гаплашишди. Бувим рўмолининг учини қайириб
кўзига босиб йиғладилар. Тағин бизни “Йиғи йиғини чақиради”, деб уришадилар.
Ўзимни тош ўйнаётганга солиб, калишларининг олдига ўтириб олдим. Катталар
гаплашаётганда ёнларига борсанг ҳам кўришмайди. Гапларини эшитиб турсам ҳам
билишмайди. Барибир биттаям гап билолмадим. Уйга кириб кетаётганда бувимнинг
“Пешонам қурсин. Гулдек болам. Биттагина суянганим бўлса. Энди нима қиламан,
она?” деганларини эшитдим, холос.
Барибир бизга мазза. Аям, аямнинг аяси, яна бувимнинг ҳам аяси бор. Равшанби
каттабувим.
Аямнинг овози чиқмай қолди. Бугун олдида меҳмонлар борлигига, шекилли. Аям
оғизларини маҳкам ёпиб чидаётган бўлсалар керак. Ёнларига киргим келди. Дераза
олдида қанча пойлаганим билан хотинлар чиқишмади. Ҳаммаси тенг таҳоратга
чиқади, ўшанда кириб кетаман десам, унақа бўлмади. Бугун ҳам киролмадим. Шу
билан бирортамиз аям ётган уйга яқин келмадик. Дадам, “Борманглар, аянгга ҳозир
ғалва керакмас”, дедилар. Сўрида овқат едик. Дадам менинг ёнимда ўтирдилар.
Суюниб кетдим. Ана, энди гаплашаман.– Дада, нимага ҳамма болалар мактабга боради?– Мактабга бормаса ўқишни билмайди-да. – Ҳамма ўқишни билиши керакми?– Ҳа, ҳамма билиши керак.– Дада, эчкимиз ўн биттайди. Нимага бугун олтитаси подадан келмади?– Ўзинг санадингми?– Ҳа. – Зўр-ку. Нимага келмади деб Мукар опангдан сўрамабсан-да.– Сўрасам, “Ишинг нима, қоқвош”, деди. Аччиғи чиқиб турувди-да.– Содик аканг билан бозорга опчиқиб сотвордик.– Ану каттасиниямми? – Ҳа, униям.– Вой… Энди сўйишадими ё ўт беришадими?– Билмадим. Нима қилса қилади-да. Бу ҳафта яна учтасини обчиқамиз.– Нимага сотамиз? Сотмасак бўлмайдими?– Йўқ-да. – Пулини нима қиламиз?– Керак.
Эчкиларимиз роса чиройли эди. Қаерга кетишди экан бечоралар. Уйимизга
қочиб келолмай хафа бўлиб юришганмикин. Содиқ акам уларни роса уришарди.
Хонасига кирмай токка тикка бўлиб барг еса, тошларни отарди.
Дастурхонни йиғиштириб олишларини ёмон кўраман. Ҳаммалари туриб
кетишади. Сал ўтиришса-ку. Энди гапимни ҳеч ким эшитмайди. Ана, Мукар опам
идиш ювишга тушди. Содиқ акам билан Муҳайё опам сўридаги хонтахтага китоб
дафтарини олиб келиб дарс қилишди. Уларга мазза. Сумкасидаям, токчасидаям кўп
китоби бор. Ҳаммасида расми бор. Токчага бўйим етади-ю, “Китобларга тегмагин”
дейишган. Бўлмаса ҳар куни олиб расмини кўрардим. Содиқ акамникида осмоннинг
расмини кўрсамми. Қанча қарасам, қарагим келаверади шу расмга. Юлдузлар кўп.
Яна бошқа нарсалар ҳам бор.
Муҳайёнинг китоби ҳаммасидан зўр. У барибир битта кўришгаям бермайди.
Қизғанчиқ. Расмларини Мунирага кўрсатаман дейман-у, Муҳайёдан қўрқаман.
Билиб қолса уришади. Ўзи сал қараб қўйсам, аччиғи чиқиб беркитиб олади. Қўли
билан тўсади. “Қоч, кир қиласан”, дейди. Тезроқ катта бўлсам-ку.
Муҳайёга мазза. Унга акам, опам дарс қилишига қарашиб қўйишади. Иккинчи
синфга боради-ку. “Беш” олиб келса, роса мақташади. Содиқ акам унга қўлини
узатиб, “Бешни ташла”, дейди. Мукаррам опам уни елкасидан қучоқлаб эркалатади.
Ўша эркалатгандан кейин опамнинг сўрига келиб ўтиришини пойлаб тураман.
Эркалангим келади. Қўйнига чиқиб оламан, дейман-да. Ана, келди. Қўлимни
узатувдим, итариб қўйди. Китобини очиб олиб ўқишни бошлади. Э-э.
Нима қилсамикин.
Одил йиғлади. Опам дарсиниям ташлаб, уни кўтариб олди. Ана, мени битталари
ҳам яхши кўришмайди. Муҳайё билан Одилни яхши кўришади.
Ўзи мениям дафтар-китобим бор. Дадам битта китоб берганлар. Расмлари,
ёзувлари бор. Кейин битта эски алифбеям бор. Ўшандан ҳарфларни сўраб-сўраб
таниб олдим. Ҳамма ҳарфни кўрсатишса, “С”, “Д”, “Е” деб айтиб берсам, ҳаммалари
ҳайрон қолишади. Ўша алифбейим билан Ҳабиба опамнинг эски дафтарларидан
учтасини сумкамга солиб олганман. Дафтарларнинг ярмигача ёзилган. Ёзилган
жойини йиртмайман. Йиртсам, нарёғидан тоза варағи чиқиб кетади. Тоза жойига
роса ёзаман. Ҳарфларни кўчираман. Содиқ акамга ёзганларимни кўрсатсам, кулади.
Яхшилаб қараганда, чиройли ёзганимни кўрарди. Қарамайди-да. Акамниям дарси
кўп.
Сумкам Адҳам акамнинг эскиси. Адҳам акам билан Шуҳрат акам уйга
китобларини опкелишмайди. Учқўрғон деган жойда соқовлар мактабида ўқишади.
Мана бу сумкани ўша акаларим кичкиналикларида аям олиб берган эканлар. Содиқ
акамнинг эскиси йиртилиб кетган. Кейин қоп-қора бўлганига ёмон кўраман. Содиқ
акам ҳозир бошқача, қадағичи иккиталигини тутади.
Мунира ўртоғим билан “мактаб-мактаб” ўйнаганда қоғозларга роса ёзамиз.
Мунира ҳамма ёққа илон чизади. Илонмиш. Илоннинг боши бўлади, думиям
бўлади. Бу чизгани илонмас-у, тароқдан олган чигал сочга ўхшайди.
Барибир сумкамдаги китоб Муҳайёникига ўхшаган қизиқмас. Унинг китобида
дарахтлар бор, олмахон, тулки, қуён, яна катта, кичкина қушлар. Тоғларнинг расми,
катта шаҳарлар, дўконлар ҳам бор. Кўп бошқа нарсалар. Нималигини билмайман.
Чиройли ака-опаларнинг мактабга кетаётган расми бор. Партада ўтирганиям.
Мактабга борсам, ана шунақа чиройли кийим кияман. Оёғимда оппоқ шиппак
кийволган бўламан.
Мунира ўртоғим яхшилаб санашни билмайди. Билмасаям унга мазза. Дадаси
шаҳарга ишга боради. Ҳар куни автобусдан тушади. Доим бирор нарса опкелади.
Мунирани тоғасиям роса яхши кўради. Кўчада ўйнаб турганимизда “Тоғам” деб
қийқиради. Кейин югуради. Тоғаси уни кўчада кўтариб олиб уйигача опкириб
кетади. Шоколад ё бўлмаса хўрозқанд беради. Тоғасининг уйлари бизнинг уйдан
ўтганда. Токзорда. Арофат опамнинг уйлариданам ўтиб кетади уларникига. Бир
марта борганмиз. Арофат опам урушда ўлиб қолган опоқдадамга жиян бўларкан.
Бувим айтганлар. Бизникидан бошлаб уларникигача тўртта уй бор. Токзор
маҳалланинг бошида уларнинг уйи. Биз ўртоқларим билан ўша уй олдида ўйнашни
яхши кўрамиз. Толлари кўп, битта катта трубаям думалаб ётади. У ёғидан кириб,
бу ёғидан чиқамиз.
Мени уйимизда битта аям яхши кўрадилар. Росаям яхши кўрадилар. Аям
тузалсалар, доим олдиларида ётаман. Билла чой ичиб қандлар еймиз. Ҳар куни
қўйниларида ўтираман ҳали. Олдин, “Шеър айтиб бер”, дердилар. Роса айтардим.
Тўқиб ҳам айтаверардим. Ҳозир олдиларига кирсам, тикилиб ўтирадилар.
Индамайдилар. Инқиллайдилар, холос. Шеър сўрасалар, бувим мени “Кўп
чулдирама”, деб чиқариб юборадилар-да. Бувимнинг бошлари оғриб қолаверади.
Бувим аямни ҳамма-ҳаммадан яхши кўрадилар.
Укам сўрида ўтирибди. Мукаррам опам ўтқизиб кетди. У роса ширин. Ширин-у,
очофат. Овқат унча емайди, сутни яхши кўради. Косада ичгиси келмайди. Шишани
кўрсатади. Шишага қуйиб берсалар, битта қолдирмай ичиб қўяверади. Олдин
жи-ичча бўлсаям қолдирарди, опам менга берарди, сўриб ичардим. Кейин опам
шишани юварди. Энди тугатиб қўйяпти. Ана, қорни тўйди. Кейин яна ҳовлида у
ёқдан-бу ёққа юрди. Ўзи иштонини ечиб қочишни яхши кўради. Оғзида сўрғич
турмаса дод дейишини-и. Опам нарироқ кетса дарров хархаша қилиб йиғлайди.
Шунга опам Одилни кўтариб эркалатиб-эркалатиб ўчоқбошига опкетди.
Зерикдим. Акам билан Муҳай опамнинг очиқ турган китобига қарасам,
иккаласи ҳам, “Қоч, қоронғи қилма”, деди. Муҳайёнинг орқасига чўзилиб олиб,
юлдузларни кўриб ўтирдим. Ҳар доим шунақа қиламан. Осмонга қараб олиб роса
ўйлайман. Нима ўйлаганимни билмайман барибир. Ойда битта мен билан тенг қиз
борга ўхшайди. Ҳа, бор. Ана, кўйлагининг этаги сариқ кўйлагим билан бир хил.
Юлдузлар нимага бунча кўп экан-а.
Меҳмонхонага кирай десам, ўйнайдиган биронта қизиқ нарса йўқ. тепага қараб
ётволдим. Осмон қоронғида зўр. Ҳамма ёғи юлдуз. Битта-биттаси учиб юради. Ие,
яна бири учди. Йўқ, у секин учяпти. Самолёт, шекилли. Ҳа, самолёт экан. Қаерга
бораркин.
Узум токимизга лампичка осилган. Кечқурун ёқамиз. Унга капалаклар, пашша
чивинлар келади. Шулар нимага ёруғга келаркин. Уйларида чироғи йўқлигига
келармикин. Қоронғида ўтириб зерикишса керак-да. Улар чироқ ясолмайди
да. Одамлар қилолади. Олимлар чироқ, телевизор, радио, машиналар ясашади.
Ракеталарда учишади. Пашша-чивинлар ўзи кичкина-ку, қилолмайди-да. Барибир
чироқда айланишни яхши кўришади. Бечоралар. Агар биз чироқ ёқмасак,
қўшниларнинг чироғига борармикин. Ҳамма жойда чироқ ўчиб қолганда улар
нима қилишаркин. Опамдан сўрай дейман-у, барибир айтиб бермайди. Дарси кўп.
Аямнинг олдиларига кирсам сўрардим.
Оёғимга бир нарса чирс этиб тушди. Қўрқиб кетдим. “Вой оёғим, чақиб олади”,
дедим. Дадам олдиларига китоб қўйиб олгани билан, ўзи ёнбошлаб кўзини юмиб
ётган эканлар. Уйғониб кетдилар. Опам ҳайрон бўлиб қараб турган дадамга гапирди:– Уйқунгиз келган бўлса, Маъмурни олиб кириб кетасизми?
Муҳайё ҳам орқамиздан кирди. Меҳмонхонада тағин қатор жой солиб қўйишган.
Дадамнинг ёнларини талашиб-талашиб олдим. Муҳай аразлади. Тилини чиқариб
мени масхара қилди. Кейин туртиб жойига ўтиб кетди. Унга ялиниб ўтиргим
келмади. Жойимни суриб, дадамнинг кўрпачаларига теккиздим-да, ичига кириб
ётдим. Ҳар доим аям ё дадамнинг ёнларига кўрпачамни солдирсам, жойимга
кирганда мазза қилиб оёғимни типирлатаман. Таги кўк, қизил гулли кўрпамни роса
яхши кўраман.
Дадам ёнбошлаб олиб, бетида юлдузи бор ғалати китобни ўқиб ётибдилар.
Бунақа китобдан токчада роса кўп. Ҳабиба опам бу китобни “жўрнал” деган.
Гапирсам ҳеч эшитмадилар. Кўзларининг ўқиганда у ёқдан-бу ёққа юришига
қараб ётдим. Охири китобни тепага ташладилар. Ана, бўлди, энди гапларимни
сўрайман. – Дада, нимага биз бу уйда ётибмиз?– Қайси уйда ётасан бўлмаса?– Аям билан ётсак бўлмайдими?– Аянг тузалиб қолса, ўша уйда ётасан.– Дада, нимага коржик опкемоссиз?– Коржик сотмаяпти.
– Мактабми?– Ҳм.– Ии, Мунирани акаси опкебберди-ку. Сотаркан-ку. – Ман кўрмадим. – Алдавоссиз. – Бўпти, эртага опкеламан. Кўзингни юм.
Дадам қаттиқ гапирдилар. Чарчаганлар, шекилли. Ё мени ёмон кўрармикинлар.
Ухламаяптилар-ку, нима бўпти гаплашсам.– Дада…– Ухла. Бўлмаса айтиб қўяй, ухламаган болаларни Николай келиб опкетади.
Николай деган одам бурни қип-қизил киши. Ана кўзимга келди. Қўлида шиша
кўтарволган. Ҳар доим кийими кир юради. Қоронғи тушгандаям дарвозани
тақиллатиб келиб, пул сўрайди. Ҳозир девордан ошиб келса-я.
Шу билан деразага қарашга қўрқиб, кўрпага бошимни тиқиб олдим.
Ҳа, билдим. Аям касал бўлгани учун бизни шу меҳмонхона уйга чиқаришган.
Ухлаб қолсалар уйғотвормайлик, дейишади. Бўлмаса аям инқиллайдилар. “Касалга
ғалва ёқмайди”, дейишади-ю, аям бизни кўргилари келади. Мени деразадан кўриб
қолсалар, нарироққа кетгунимча қараб турадилар.
Эртаманда шипир-шипир овоздан уйғониб кетдим. Дадам янги шимининг
чўнтагидан пул санаб Мукаррам опамга беряптилар. Кўрпа тагидан секи-ин қараб
турдим. Опамнинг ташқарига чиқишини кутдим. Эшик ёпилиши билан ўрнимдан
турдим. Дадамнинг оёғига осилдим. – Дада, менгаям пул беринг. Иккита танга беринг. И-иккита.– Ухла, нимага туриб олдинг? Ёт! Пул йўқ ҳозир. – Дада…– Йўқ, дедим. Ёт жойингга. Ёш болага пул нимага керак?
Жойимга яна ётдим. Катталар ўзи ғалати. Уларда роса пул кў-ўп. Беришмайди,
холос. Иккита танга нима бўлади. Пуфак билан сақич оламан дегандим. Мунирага
дадаси роса кўп пул беради. Ҳар доим ўйнагани борганимизда Дона ёймадан
нарса олади. Қачон бўлса, сақич чайнаб юради. Кеча янги билагузук тақиб олибди.
Росаям чиройли. Бир марта тақиб кўрай десам бермади. Қизғанчиқ. Катта бўлсам,
қизғанчиқ бўлмайман.
Уйдан чиқдим. Мукаррам опам ҳовли супуряпти. Аямни жудаям кўргим келди.
Чироқ ёнибди. Ии-и, меҳмонлар бор эди-ку. Каттабувим билан Соттиби кампир.
Эсимдан чиқиб кетибди. Майли, бўлишсаям. Аямнинг олдига кираман. Қайта
меҳмонлар олдида опам уришолмайди. Калишларга қарадим. Бувимнинг янги
калишлари йўқ. Меҳмонларники турибди. Эшикни очвордим. Ие!.. Аям жойида
йўқ-ку! Туриб кетибдилар. Бувим ҳам йўқ. Иккала кампир кўрпачада гаплашиб
ўтиришибди. Мени кўриб каттабувим дарров қўлини силтаб чақирдилар. Олдига
солинган дастурхондан қоғозқанд олиб бердилар. – Аям қанилар? – дедим. – Аянгни бувинг бозорга опкетди. – Ии-и.– Ҳа?– Бозорга боролмайдилар-ку. – Боролади, э. Санга пахтақанд опкелади.– Аямнинг кучлари етмайди-ку? Йиқилиб тушадилар-ку?
Улар бир-бирига қарашди. Каттабувим Соттиби холам томонга ўгирилиб олган
бўлса ҳам, лабини тишлаганини билдим. Мукаррам опам икки коса сут опкирди.
– Каттабуви, бунга тўғрисини айтмасангиз, тамом қилади. Алдаб бўлмайди.
Жуда бижилдоқ бўлган. Мениям сўроққа тутиб миямни ачитиб ташлайди. Бор, кўп
сайрамасдан Муҳайни олдига чиқ. – Қўй, ўтираверсин. Тилининг ширинлигини қара. Гаплашиб ўтирамиз. Сут
опке бунгаям. Ҳа, коса берақол. Кўп қуйибсан менга. – Йўқ, қуйиб келаман. Ичинглар. Ўша ёққа чиққани тузук эди.
Каттабувим ёнига мени ўтирғизиб, кейин юзимга эгилиб қарадилар. – Маъмир дўмбоқ. Аянгни бувинг билан Турсунбой опоқдаданг дўхтирга
опкетди. – Қачон келишади?– Келишади. Сен яхши қиз бўлсанг, тезроқ келишади.– Нечта ётиб турганимда?
Каттабувим Соттиби холага бир қараб олди. Кейин менга қўлини кўтариб
кўрсатди. – Бешта ётиб турсанг, келиб қолса керак. – Бешта ётиб турганимда эртаманда келишадими?
Мукаррам опам кирди. Мени каттабувимнинг минжиғидан берига тортди.
Олдимга сочиқ солди, сут опкелиб қўйди. Кейин деди:– Беш кунда бўлмаса, яна уч кун ётиб турганимизда келишади. Яхши дўхтирга
кетишди. – Ҳа, дард берган Худо ўзи нажот берсин, – каттабувим менинг сутимга нон
тўрғаб солди. Қошиқ билан аралаштириб, ўзининг сут косасини қўлига олди. – Каттабуви, ростдан зўр дўхтир экан. Ҳамма тузалиб кетаётганмиш. Зўр бўлиб
келадилар ҳали. – Иннайкейин мен олдиларида ётаманми?– Ҳа-да, – опам бошимни силади.– Каравотларига чиқиб оламанми?– Ҳа-да.
Соттиби хола дўриллаб гапирди: – Марҳаматжон буни роса яхши кўраркан. Кечқурун неччи марта гапирди.
Бояқиш, кўргиси келди, шекилли.
Опам бирам хурсанд. Кўзиям ялтираб турибди. Ана шунақа турганда роса яхши.
Аччиғи чиққанда олдига боришга қўрқаман.
Аям тузалар эканлар. Опам айтяпти-ку. Суюниб кетяпти. Уй ишларини ҳам
оғзида битта ашула айтиб юриб қиляпти.
Чой ичиб бўлиб меҳмонлар кетишди. Каттабувимнинг юзи хафа эди. Мушугимиз
таталаб олдимикин. Ўзи ёмон шу мушугимиз.
Опам мени жазолади
Саккизта ухлаб турдик. “Аям келадими”, деб сўрасам, Содиқ акам елкасини
қисди. Ҳеч ким билмади.
Ўша кундан берисига меҳмонхонада дадамнинг ёнларида ётдим. Бир хилги кун
Муҳайё иккимиз дадамнинг икки ёғидан туриб, “Дада, менга қараб ётинг”, деб
талашамиз. Дадам, “Мана, мана”, дейдилар бизга қараб. У томонга, мен томонга
бошларини ўгирадилар. Кимни кўпроқ яхши кўришни билмайдилар. Охири
иккаламизга тез-тез қарадилар-да, “Энди тепага қараб ётаман, бўлди”, дедилар.
Олдин дадам билан ётмасдик. Шунга жой солинса, дадамнинг тезроқ ҳовлидан
киришларини кутаман.
Бугун ҳам дадам дарров ухлаб қолдилар.
Уйимиз тепасидаги доғлар шерга, думи катта олмахонга ўхшайди. Яна қийшиқ
каравотга ўхшайдигани бор. Битта оёғи қайрилиб ётибди. Боғимиз этагида синиқ
каравот туради. Шунга ўхшаб кетади. Бўрининг калласи каравотга тегиб турибди.
Бўри бўлиб тушиб келса-я… Бошимни кўрпага ўрадим. Кўрпанинг ичида энди
бошқа жойлар кўринди. Кўзимга бувимнинг уйига борганимиз келди. Ҳар хил
нарсалар кўп у ерда. Ертўлада эски жоди, ариғомоч бор. Икки чеккасига арқон
бойланган. Ёруғда борсак. Мазза қилиб ўйнасак эди. Муҳайё билан борсам ё
холабувимникидан Дилфуза чиқса. Кейин ёғоч парраклари кўп чарх бор. Қўл
билан айлантирса бўлади. Роса ғичирлайди. Орада яна бир қизиқ овоз чиқаради.
Дадамнинг хурраклари ўша чарх овозига ўхшайди. Битта мультфильм бор-ку,
ўшандаям чарх ғичирлайди. Ана, чархни қўлимда айлантирдим. Энди уйқум битта
қолмай қочиб кетди. Хуррак санашга тушдим. Жичча адашиб кетмасам, юзгача
санашни биламан. У ёғиниям ўзимча санасам бўлади-ю, зерикиб кетаман. Адашиб
ҳам қоламан. Маккапоя томон шитирлади. Бирон катта нарса макка ичида юрибди,
шекилли. Воей, янаям қўрқдим. Кўрпам ичига яхшилаб ўралиб олдим. Итмикин.
Ҳозир деразадан келиб Одилнинг устига сакраворса, нима қилади. Укам бечора. У
кичкина. Опам нарёққа қараб ётибди. Ҳозир ит кириб келса-чи?
Укамнинг олдига ўтдим. Уни қучоқлаб олдим. Кейин деразага қараб ётдим.
Энди ухлаб қолай деганимда опам турди, чироқ ёқди. Укамнинг тагига қаради.
Менга кулди. “Уйғотвордимми? Бу ёққа ўтвобсан-да. Ухла”, деди. Кейин укамни
кўтариб, чеккадаги чиловчин6 идишга тўсди. Укам сиймади. Ғашлик қилди. Опам
яна ётқизди. Шу билан ўзи чўзилиб ухлади. Чироқ ёниқ қолди яна, яхшиям. Уйнинг
токчаларига, тепадаги сариқ доғларга қараб зўр эртак тўқиса бўлади. Токчага бир
хил чойнаклар қўйишган. Уларнинг тумшуғи ҳаммаси бир томонга қараб туради.
Ўша чойнакларга янги эртагимни айтиб бергим келди. Йўқ, эртагимдан адашиб
кетдим.
Деворда иккита қиз билан аясининг расми бор. Чиройли кийиниб олган.
Қизларнинг тишини санаб кўрдим. Аяси қизларнинг елкасидан ушлаб турибди.
Кўзига қарадим. Ундаям алланарса бор. Ичим жиғиллаб кетди. Ҳамма аяларнинг
кўзида ўшанақа юлдуз бормикин. Аямнинг олдига киритишмайди барибир. Эртага
эртаманда чиқиб, Муниранинг аясиниям кўзига қарай-чи.
Расмнинг тепасидаги катта ҳарфли ёзувлар ҳаммадан ҳам қизиқ. Ҳарфларини
“Г”, “У” деёламан-у, ўқиёлмайман. Эртага шу расмнинг тепасида нима ёзилганини
Мукаррам опамдан сўрайман. Муҳайёга мазза барибир. У китобларини ўқиганда
эшитиб ўтираман. Ўқишни билмаганим билан шеър биламан. Санашнинг
қоғоздагисини ҳам биламан. Ана у суратни уйда ҳамма “калиндар” дейди. Пастида
санайдиган сонлари бор. Ўша суратда осмондаги чумчуқлар ҳам бор. Кейин варрак
кўринади. Аяси билан қизларнинг сурати тагида “1”, “9”, “7”, “8” сонлари бор.
Мукаррам опам айтган: “1” ни ёзиб, орқасидан “0”ни ёзса, “ўн” бўларкан. Ўн
дегани менинг тирноқларим билан тенг бўлишини кичкиналигимда билганман.
Кўп нарсаларниям шу тирноғимда қайтариб-қайтариб санай оламан. Оғзимда
ўн олтита тишим бор. Иккала қўлимдагини қўшганда йигирма саккизта кичкина
бўғимим бор.
Кўчада қизлар билан қувлашмачоқ ўйнадик. Зўр қизиди. Мазза қилаётгандик,
Мунирани опаси чақириб олди. Уларнинг уйига тепа кўчадан кирилсаям,
деворимиз битта. Бошқа ўртоқларим билан ўйинимиз қизимаганидан кейин девор
тагига келиб Мунирани роса чақирдим, барибир чиқмади. Кўчага қайтиб чиқсам,
6 Чиловчин – устига қўл тутиб ювиладиган баркаш.
ўйин бузилиб кетибди. Дилбар билан Матлуба тут тагида ўтириб олиб бир нарса
қилишяпти. Зерикиб нима қилишимни билмай, уйимиз тўғрисидаги ходага чиқиб
ўтириб олдим. Йўл бошида сариқ автобус кўринди. У ўзи бир кунда олти марта
келади. Шунақа десам, бувим: “Йўқ сен ухлаб ётганда, эртаманда, кейин кечқурун
қоронғидаям келади”, дейдилар. Темир устуни бор бекат уйимизнинг тўғрисида.
Ана, етиб келди. Юрагим дукурлаб кетди. Бувим билан аям кетишганига ўн кун
бўлди. Ҳозир келишса…
Одамлар тушди. Чиқадиган одамлар чиқди. Йўқ, келишмади. Янагиси келгунча
шу ерда ўтираман, келишади. Билган шеърларимни, эшитган ашулаларимни айтиб
йўлга қараб кутавердим. Машиналар юрганда куй чалганга ўхшаб овоз чиқаради.
Агар ашула айтаверсам, машиналар ҳаммаси менга қўшилади.
Катта йўлнинг кўринадиган жойигача қараб ўтиравердим. Қанча-қанча машина
ўтди. Қизлар уйларига битта-битта кириб кетишди. Зайнобиддин келиб, “Фозилни
кўрмадингми”, деб сўради. Бошим билан йўқ дедим. Кейин ерга тушиб, ариқ
бўйида ўйнадим. Ундан кейин усталбанинг тагига бориб, чилтоқ ўйнадим. Тағин
келиб, ходага чиқиб олиб, ўзимча ашула айтдим.
Яна а-анча ўтиб автобус кўринди. Ичига қарадим. Ана, ана! Ходадан қандай
қилиб сакраб пастга тушиб олганимни билмай қолдим. Ана, автобус тўхтади. Ҳа,
ана бувим. Аям ҳам. Тикка бўлиб юриб келяптилар. Зўр! Ая! Аяжоним!
Аям билан бувимга югурдим. Чақирдим. Мени кўришмади. Қўлларидаги
тугунини ерга қўйиб, рўмолларини тўғрилашди. Шунда орқадан менга бир
одам қаттиқ бақирди. Қарасам, қоп-қора киши мотоциклини чеккага тўхтатяпти.
Менгаям, “Жойингда тўхта”, деб пўписа қилди. Югуриб келиб қўлимдан ушлади.
Ие, аллақачон катта йўлга чиққан эканман. Мотоциклли одам бақириб ташлади. – Нима қивоссан йўлнинг ўртасида?
Гапираман десам, овозим чиқмади. Нафасим ичимга тушиб қолибди. Жуда ёмон
одам экан. Юзига қарашга қўрқиб кетдим.– Кимнинг қизисан? Домланингми?
Бошимни қимирлатиб, “Ҳа”, дедим. Одам қаттиқ жеркиб берди. Яна олдимга
келиб қўлимдан силтаб уйимиз томонга судради. Мен аям билан бувимга қарадим.
Улар нимагадир Токзор кўча тарафга юришаётганди. Аввал амакимникига
киришармикин? Ҳа, шунақага ўхшайди. Тоштемир акам тоғда йиқилиб тушган
экан. Ўшани кўриб чиқишади, шекилли. Уйимиз эшиги очиқ турибди. Қарашмайди
ҳам. – Ким бор уйингларда? Катталар йўқми? – Опам бор. – Мошина йўлига нимага чиқиб юрибсан? Пақ этиб уриб кетса, оғзингдан
қонинг келиб ўласан-қоласан, биласанми шуни?!
Қора кишини ёмон кўрдим. Ёш боламанми? Ҳар куни шу ерда ўйнаймиз-ку.
Ўзимизнинг кўчамиз-ку.– Қўйворинг, аямга бораман. Ая-а-а!
Киши қўлимни сал бўшатиб орқага қайрилди. Токзор йўлига кетаётган бувим
билан аямни кўрди. Кейин тиришган бетини баттар хунук қилиб, хахолаб кулди.
Тишлари жуда катта экан.– Аянгмас-ку! Кимни ая деяпсан? Ўз онангниям танимайсанми? Саламат-ку,
қайнонаси билан бозордан келяпти.
Қўлимни тортиб оламан десам, чиқмади. Аччиғим келиб кетди. Бу одам
жинними? Индамаса аямнинг олдига қўймайди. Токзор йўлига ўгирилиб, аяларимни
яна чақирдим.
Қарасам, улар ростдан ҳам бошқа хотинлар экан.
Кўча эшигимиз катта очиқ экан. Ҳовли ўртасида юрган опам у одамнинг мени
қаттиқ ушлаб олиб келаётганини кўриб қолди. Югуриб кўчага чиқди. – Кичкиналарга ҳушёр қайнаб туради-да, домламнинг қизи. Йўлнинг ўртасидан
зўрға олиб улгурдим. Машина босиб кетишига озгина қолувди. Янаям келиб
қолдим, Худо асради.
Опам қора кишига раҳмат айтди. Мени чимчилаб ҳовлига олиб кириб уришди.
Кейин ичкарига судради. “Қўйворинг”, деб бақирдим. Қўлимни янаям ёмон сиқди.
Чимчилаган опалар жуда ёмон! Қўлимдан тортганига елкам оғриди. Кучим кўп
эди-ю, барибир қўлимни силтасам, чиқмади.
Катта уйга киритиб қамаб қўйди. Овозимни борича йиғлайман десам, йиғлагим
қочиб кетди. Катта уйда кўп қизиқ-қизиқ нарсалар бор, шуларни томоша қиламан
да. Ўзимнинг доим киргим келади. Додлашни тўхтатиб туриб, уйимизнинг
токчаларига қарадим. Аям бу уйнинг ташқисида каравотида ётганидан бери
ичкарига кирмаймиз. Телевизоримизни ҳам бу уйга опкириб қўйишган. Касал
бўлмасларидан олдин дадам, аям, опаларим, акам кечқурун роса кўп телевизор
кўришарди. Маҳалладан ҳам ҳамма чиқарди. Дилбар аяси билан энг кўп чиқиб
келарди. Ҳинд кинолари бўлган куни бўлсами. Пешайвонимизгача одам тўлиб
кетарди. Эртасига ўртоқларимга телевизор кўргани кўп одам келганини айтиб
мақтанардим. Энди ўзимиз ҳам кўрмай қўйдик.
Ана, кийим жавон устида қотирилган гул турибди. Четлари ялтироқ. Яна бир
гулни симга қизил, сариқ, яшил ип тортиб ясалган. Барги кўк ипдан қилинган. Зўр
да шу. Ипларнинг тортилишини битталаб кўриб чиққим келади. Бирорта жойида
адашиб кетмаган. “Қўлимга олиб беринг”, деб неча марта сўраганман. Беришмайди.
Ҳабиба опам ўқишдан келгандаям, яхши гапиргани билан, обермаган. Ёнида
жигарранг от. У анча оғир. Аям чангини артишга ерга олганда билганман. Оғир-у,
роса чиройли. Ерга қўйиб беришса, бошини, ёлини силардим. Кейин шунга қараб
туриб эртак тўқирдим. Ўзим қанча эртак тўқиганман. Зўр тўқийман.
Токча ёнидаги илгакда аямнинг мактабга киядиган кийимлари осиғлиқ турибди.
Кейинги илгакда дадамники. Аямнинг кўйлаги тугмаси роса чиройли. Шишадан
қилинган, ичида кичкинагина гули борга ўхшайди.
Жавон тагида Содиқ акамнинг бўёқ қутичаси билан чўткаси турибди. Токчада
турган чойнакни қарасам, ичида сув бор экан. Ўшандан ҳалиги қутичанинг бир
четидаги бўёқ тайёрлайдиган чуқурчасига озгина сув қуйдим. Чўткани ботириб,
энг олдин қора бўёқ билан ойнага чиздим. Акам чизганда қараб туриб, “Осон экан,
мен бундан зўр чизаман”, дердим. Қош-кўз, қулоқ билан соч чиздим. Кейин эгнини
чиздим. Кўйлагига бошқа рангларниям кўп ишлатдим. Нимагадир чизганларим
битта ҳам ўхшамади. Ғалати нарса чиқиб қолди. Булоқ тарафдаги Эрали амакининг
боғи қуёш энди ботаман деганда шунақа кўринади.
Ойнада ўзимни кўролмай қолдим. Шунақа қилиб ойнанинг баландроқ ерига
ортилиб қараб турувдим, опам дераза тагига келди. Қулоқ солдим. Менга қарармикин
деб шкафнинг орқасига беркиндим. Йўқ, қарамади. Супургини тўқиллатиб, сопини
текислади. Деворимиз тагидан бошлаб ҳовли супуришга тушди. Ёлғондан йиғи
бошладим. Бўлди-да, қўйиб юборсин. Шунча қамайдими? Кўчада ўртоқларим
билан қиладиган ишим бор мениям. Ўртоғимни чақириб келаман. Ёнғоқ тагида
Мунира билан қўғирчоқларимизни ўқитамиз.
Ҳали ойнани кўрса, роса уришади. Артиб тозалаб олишиям керак. Мана, мени
кўрсатмаяпти. Ана у тепароғига бўйим етмайди, бўёқ теккизмаганман. Катталарни
кўрсатади-ку, деб артмасаям керак.
Опамни чақирдим, йиғлаганга ўхшаб қичқирдим. “А-а-а”, деб тўхтамай овоз
чиқардим. Йўқ, эшикни очмади, ишини қилиб юраверди. Менга эшиттириб атай
товуқларга гапиряпти. Ўшаларни эркалатяпти. Товуқлар ақллироқ экан. Кўчага
ҳадеб ўйнагани чиқмас экан. Чиқсаям ариқ бўйида юриб қайтиб кираркан.
Яна кўчага чиққим келаётганди. Эшикни темир кулдонимиз билан роса
тақиллатдим. Деразаниям тақиллатардим-у, синиб қолса, дадам уришадилар-да.
Опам оғзида ғинғиллаб ашула айтаверди. Тақиллатганимдан кейин янаям баланд
айтди. Қўрқитгим келди, уй ичига қараб, бирор иш топай дедим. Деразанинг
токчасида катта сариқ қўшқулоқ бор. Ҳов аввал ичида қовурилган гўшт бор эди.
Ҳозир тугаган. Тозалаб ювиб қўйишган. Ҳали қараб турсин опам. Шу қўшқулоқни
очаман-да, ичига тушиб оламан. Ҳовлини супуриб бўлиши билан катта уйга
киради. Қидиради, тополмайди. Кейин, “Яланбуви опкетибди”, деб йиғлайди.
Акам келганда унгаям айтади. Дадамга йиғлайди. Дадам уни қаттиқ уришадилар.
Ҳаммалари нима қилишни билмай туришганида “Ва-а-а” деб чиқиб келаман. Опам
югуриб келиб қучоқлайди. Кўтариб олади. Кейин акам кўчага чиқиб марожний
олиб келиб беради. Опам иккинчи бунақа қилиб қамаб қўймайди.
Қопқоқни тарақлатмай секин ёпиб олсам бўлди.
Токчага чиқиб, қўшқулоқ ичига тушдим. Муздек. Қопқоқни секин ёпдим.
Опамнинг овози эчки қазноқ ёнидан келди. Энди эчкиларга гапиряпти, шекилли.
Қопқоқни ёпганимда идишдан ғалати ҳид чиқди. Шунга бир чеккага сал суриб
очиб қўйдим. Идиш ичида роса ўтирдим. Қўшқулоқнинг чизиғини санадим.
Зерикдим. Биладиган ҳамма ашулаларимни секи-ин айтдим. Ҳозир киради, мана
энди киради, шекилли.
Йўқ-ку. Ҳеч кирмаяпти-ку. Ҳамма ёғим музлаб кетди.
Бир маҳал қопқоқнинг устидан қитирлаган овоз келди. Бир юрадиган нарса
қопқоқ устида айланиб-айланиб анча қитирлатди. Токчада катта чумоли кўринган
эди. Оёғидан шунақа қаттиқ овоз чиқарканми, дедим. Бирданига олдимга сассиқ
қорақўнғиз тушиб келди. Орқаси билан тушди-ю, дарров ўнгланиб менга қараб
юрди. Ана, оёғимга юряпти! “Войдод!” Қопқоқни бошим билан кўтариб ўрнимдан
турдим. Ўзим точкага чиқаман дегандим, қўшқулоқ ағдарилиб кетди. Бошимни ерга
қаттиқ уриб олдим. Палос устида уч-тўрт марта юмалаб кетдим. Қўнғиз бўйнимга
ёпишди. Додлаб уни қўлим билан уриб юбордим, ўрнимдан турдим. Эшик шарақ
шуруқ қилди, очилди. Опам чопиб кирди. – Ҳа, Маъмир, нима бўлди?
Опам ҳам ёмон қўрқиб кетди. Мени етаклаб ҳовлига олиб чиқди. Лабим
ачишди. Оғзимга бир нарса оқиб кирди. Қон экан! Кўйлагимгаям қон тегибди.
Опам шошилиб пахта топиб босганида билдим. Лабим ёрилиб, қонаб кетаётган
экан. Қонни кўрганимдан кейин лабим қаттиқ оғриб қолди. – Токчага чиқдингми? Жиннивой. Чақирдингми мени? Шошмасанг очардим-ку.
Лабимдан қон тўхтамай оқяпти, шекилли. Лўқиллашини-и. Опам ишини ташлаб
менга қаради. – Энди нима қиламан? Нимага бунақа шўх экансан-а, – деди.
Кейин ҳовли ўртасидаги сўрига олиб келиб ётқизиб қўйди. Ўзи катталар шунақа
ақли йўқ бўлишади. Ишнинг ёмонини қилиб қўйгандан кейин дарров яхши бўлиб
олишади.
Сал ўтиб кўчадан Содиқ акам кирди. Сўрига қараб мени кўрди.– Ҳа, нима бўлди? Йиқилдингми?
Йиғлагим келди. Акам шошилаётган экан. Гапимни эшитмади.– Шунақа қилиб мушукка ўхшаб сапчийверсанг, нима бўларди, – деди-да,
кийингани кириб кетди.
Опам ёнимда туриб, унга иш тайинлади. – Полвон амаким Ғова уйига кўчаркан. Темирали акамнинг аравасини олиб
далауйига бораркансан.
Акам тўнғиллади. – Бошқа ишим йўқми? Кечаси сув қилади, деб қўявермадингми?– Йўқ, деб қўявермадим. Сенга улар ёш болами? Сув Зангга бугун ўтмаслигини
билмайдими?– Очимдан ўламан ҳозир. Э-э. Бўпти, кетдим.– Чой ичвол бўлмаса!– Йўқ, келаман.
Ана, буларнинг иши тугамайди. Мени яхши кўришмайди. Лабим қонади,
ётибман, булар бўлса қарамайдиям. Аям бўлганларидами.
Лабим ишиб кетган, шекилли. Қўлимни теккизолмаяпман. Сочимнинг тагидаям
ғурра бор. Ҳалиги сассиқ қўнғиз бўлса кўзимдан кетмаяпти. Уйда қолдимикин.
Эгнимга ёпишиб олган бўлса-чи. Ҳозир ёқамдан чиқиб келса-чи.
Кўйлагимнинг у-бу ёғини силкитиб тургандим, Муҳайёни етаклаб дадам
келдилар. – Ие, ҳа, нима бўлди?
Олдинига гапиролмадим. Лабим титраб овозим ичимдн чиқмади. Мукаррам
опам югуриб келди. – Ану, катта уйнинг токчасидан йиқилиб кетди. – Катта уйнинг токчасидан? У уйда нима қилади? Нимага кирди? Сен қаёққа
қарадинг?
Опам алдамасин, деб ундан олдин шартта айтдим: – Мени қамаб, эшикни очмади. Иннайкейин… – Ақлсиз бўлдингми, Муқаддас? Ҳеч оламда қамаб ҳам қўядими? У токчадаги
телевизор юмаласа портлайди, биласанми шуни?
Дадам ёнимга ўтирдилар.
Мукар опам менга олайиб қаради, қошини чимирди. – Ўзи кўчага чиқиб бало ейдими? Мошина уриб кетай, деди. Соймат ака
опкебберди. – Мошина? – “Асфалтга ёпиштириб кетарди, яхшиям кепқолдим”, деди. – Ҳа, опаси, яшанг! Катта уйга эшигини ёпиб қамагунча, дарвозани ёпиб ҳовлига
қамаш керак. Шунга қанча ақл кетади?
Опам йиғлаб, молхона томонга кетди. Дадам менга қаради. – Опангни қийнамасанг нима қилади? Уям қайси биттасига югурсин?– Дада, ҳеч нарса қилмадим… – Бўлди, айтганини қил! Ҳар доим сенга овқат пишириб беради, эгнингни
ювади. Ўйнатади. – Энди ўйнолмийман. Лабим оғривотти-ку. Ёрилиб кетди-ку!
Дадам кулдилар.
Тўқилмаган эртак– Тузалади. Опанг ўйин топиб ўйнатади. Гапирмай ўйнайдиганидан. – Қани ўйнатгани? Ўзи опам бир мартаям мен билан ўйнамайди. Гаплашмайдиям. – Иши кўп-да. – Қўчада ўртоқлари билан а-анча гаплашади-ку?– Энди, сен билан гаплашай деса, ҳали кичкинасан. – Ўртоғи билан ҳар куни гаплашаверадими?– Гаплашади-да, ўртоғи-ку. – Ҳамма нарсани билишади-ку? Бир-биридан нимани шунча кўп сўрашади?
Дадам тағин кулдилар. – Катта бўлсанг, билиб оласан.
Кейин бошқа гаплашмай уйга кириб кетдилар.
Кўча эшик тарақ-туруқ қилиб очилди. Туриб ҳовлига чиқдим. Иккита одам
кўчадан замбил кўтариб кириб келяпти. Бири оқ кийимда. Ие! Аям келибдилар!
Аяжоним. Ана!
Олдиларига чопдим. Замбилда ётибдилар. Устлари ёпиқ. Бувим ёнларида,
алланарса деб келяптилар. Аям менга қарадилар. Шу билан бувимнинг гапини
эшитмай қўйдилар. Бувим менга, “Йўлдан қочиб тур”, деганлари учун, яқин
бормасам ҳам, ҳовлида аям билан тенгма-тенг юрдим. Ҳалиги икки одам
бувимнинг орқасидан ичкарига юришди. Дадам ичкарида каравот олдида жой
тўғрилаётган эканлар. Келганлар билан аямни жойга олишди. Аям ўшанда ҳам
менга қарайвердилар. – Лабингга нима қилди? Йиқилдингми? – дедилар.
Бошимни силкиб, йўқ дедим. Аям кишиларга секингина “Раҳмат” дедилар.
Овозлари хириллаяпти. Келганлар замбилни йиғиб олиб, чиқиб кетишди. Орқасидан
дадам чиқдилар. Аямга югурдим. Қучоқлаб олиб, кўйлагимга кўзларини босиб
олиб роса йиғладилар. Юзлари думалоқ бўлибди. Қўллариям дўмбоқ. Дўхтир яхши
тузатибди-ю, кўзларининг таги қорайиб қолибди. Ҳидлари ўша-ўша. Дорининг
ҳидиям сал қўшилибди.
Барибир жойдан туролмас эканлар.
Уйимизда ҳамма баттар хафа бўлиб олди. Опам ҳам овқат қилгунча бирор нарса
демади.
Кечқурун ҳамма яна сўрига келди. Дадам бир нуқтага қараб ўтирдилар. Мукаррам
опам билан дадам гаплашишди. Иккалалариям овқатдан унча ейишмади.– Шиш келиб қолибди-да.
Дадам шундай дегандилар, Мукар опам юзини рўмолчаси билан тўсиб йиғлади.
Ҳамма йиғласаям чидайман, Мукаррам опам билан аям йиғлаганига қарагим
келмайди. Опам ўзи роса чиройли. Йиғласа, чиройли бўлмай қолади. Тезроқ
сеҳргар бўлсам, аямни тузатаман. Ўшанда ҳеч ким йиғламайди. Ҳеч ким. Мукар
опам доим кулиб юради. Кулиб юрса шунақаям яхшики.
Аям ишиб қолибдилар, шекилли. Ҳа, шунақа дейишяпти-ку.
Келганлари кунининг эртаси бўлди. Эртаманда холабувим, Қурбонжон янгам,
тағин аммам келиб кўриб кетишди. Зерикиб кўчага чиқаман, деб тургандим, бувим
деразадан мени чақирдилар. – Келақол, аянгга “ҳа” де.
Зўр-ку! Ана!
Кирдим. Аям қўлимдан ушлаб каравотига ўтирғиздилар. Роса гап сўрадилар.
Ўртоқларим билан ўйнаганимниям, дафтарга ёзаётганимниям. Ҳабиба опам
бир марта келиб, бир кун ҳам ётмай кетганиниям – ҳаммасини айтдим. Муҳайё
китобини бермаганини, Фозил сочимдан тортганини. Ҳамма гапимни кулиб
эшитдилар. Кулганларида кўзлари қисилиб кетди. Молимизни боқиб берадиган
қирғиз кишининг хотинига ўхшаб қолдилар.
Ҳабиба опам бу ердан аямнинг олдига борган экан. Икки кун ётиб кетибди.– Энди битта ашула айтиб бер, – дедилар. – Қайсинисини?– Бирортасини. – “Учала қиз”ни айтайми?– Айт.
Ўрнимдан туриб, ўйинигаям тушиб “Учала қиз”ни айтдим. Аям билан бувим
чапак чалишди. Аям кулиб яна деди:– Энди ўрисчасидан айтиб бер.
Ўрисча шеър билмайман-да. Ҳа-я. Эсимга “Аям ўрисчани барибир
тушунмайдилар-ку”, деган гап келди. Ўрисчани радиода эшитганман. Ўхшатиб
айтавердим. Аям кулиб эшитдилар. Кўзлари ухлайдиганга ўхшаб қолибди. – Энди қозоқча.
Мен яна айтдим. Аям қозоқчаниям билмайдилар. Аллақанақа қилиб айтавердим.
Роса ёқди. Бошларини тебратиб ётдилар. Салгина кулдилар. Шунақа қилиб
қирғизча ҳам, тожикча ҳам айтдим. Аям жуда суюндилар. Касал бўлиб ётса ҳам, аям
ҳаммадан яхшилар. Ҳали тузалсалар, яна мени ўпиб қучоқлаб кўтариб оладилар.
Кўчага чиқамиз, Юқори маҳаллага, Шўракка, Чусткўприкка қариндошларимизнинг
тўйларига борамиз. – Маъмуражон, менга қарагин. Ана у Токзорнинг этагидаги Марҳамат опангни
танийсанми? Менинг адашим. Кеча тўйи бўлди. – Ҳа, танийман.– Ўқувчим эди. Жуда чиройли қиз. Биласан-ку.– Ҳа!– Ўша ҳозир ёпинчиқ ёпиниб шу ердан уйига қудачақирдига ўтади. Эшикда
пойлаб тургин. Яқин келганда айтасан. “Аям сизни бир кўрай”, деяптилар, дейсан.
Майлими?– Хўп.
Кўчага чопдим. Ҳозир келинчак бизникига кираркан-да. Ўтиб кетиб
қолмадимикин.
Ана, бирпас ўтиргандим, ростдан ҳам келин ёпинчиқ ёпинган ўша қиз, кейин
бир тўп хотинлар кўринди.
Югуриб бориб келинчакка айтдим. Келинчак хотинларга қаради. Хотинлар кетма
кет, “Кирамиз, салом қиламиз”, “Бизниям ўқитганлар, кўрганиям келолмагандим”,
дейишди.
Ҳаммалари аям ётган уйга киришди. Келинчак остонада уч марта салом қилди.
Ростданам роса чиройли келинчак бўлибди. Атлас кўйлагининг олдида ялтироғи
бор экан. Ёпинчиғи оппоқ. Шокиласи бор. Аям ёстиққа суяниб ўтириб олдилар.
Йиғлаб қўлларини узатдилар. Келинчак ҳиқиллаб йиғлаб, олдиларига келди.
Қучоқлашишди. Ҳамма хотинлар йиғлади. Бир-бир кўришишди. Аям бўлса дарров
кулиб:– Вой бўйларингдан. Худди шунақа чиройли келинчак бўлганингни билувдим.
Кечадан бери кўзимдан ўтасан. Гўзал қиз бўлдинг-да ўзинг. Синфдошларингнинг
олди эдинг. Энгилларинг ярашганини қара! Бахтингни берсин! Туф-туф, кўз
тегмасин, – дедилар.
Кейин бувимга айтиб, келинга токчадан кичкина атир олиб бердилар.
Бошқа хотинларгаям роса яхши қизни келин қилишганини айтдилар. Ташқарига
қарасам, Мукаррам опам йиғлайвериб шишиб кетибди.
Келинчак билан хотинлар хайрлашиб чиқиб кетишди.
Шу билан дўхтир келадиган бўлди, менгаям “Чиқ” дейишиб, уйни тўғрилашди.
Иккита дўхтир келиб укол қилиб кетди.
Кечқурун аям мени тағин уйга чақирдилар. – Яша, она қизим. Зеҳнинг бор. Дастёр бўлиб қолдинг, – дедилар.
Бувим мени чиқариб юбораётган эдилар, аям бувимга ялиниб қарадилар:– Буви, шу бугун менинг олдимда ётсин. – Майли, болам.
Урре!
Кечки овқат сузилгунча қорним тўйиб қолди. Тезроқ қоронғи тушса, кириб
кетсам.
Аям доғ сув ичиб бўлиб, яна ёстиққа бош қўйдилар. Мен Мукаррам опамга
қизил гулли кўрпачамни солиб беришини айтдим. – Юр, бошқа солиб бераман. Унингда Одил ухлаб қолди.
Росаям аччиғим чиқди. Нега менинг кўрпачамда Одилни ухлатади? Ўзи сўлакайи
оқиб ётса. Кўк кўрпачамни аям тикиб берганлари учун ўзларининг олдида солиб
ётаман, дегандим-да. Аямнинг ёнига ердаги катта кўрпачага ётдим.
Роса гаплашдик. Аям уришиб бермайдилар. Нима десам ҳам эшитадилар. – Ая, ўқишни ўрганиб олдим. Дафтаримга “она”, “ота” деб ёздим. – Вой аълочи қизим. Ҳали мактабга бормасдан ўқишни билади-да бу. – Ая, меҳмонхона уйда девордаги расмни устида “Гулистон” деб ёзилган экан.– Ие! Ўзинг ўқидингми?– Йўқ, мен “гул” деган жойини ўқувдим, кейин Мукар опам қолганини ўқиб
берди. Иннайкейин охиригача билволдим. – Айнаниб кетайин. Яшасин.– Ая, ўқишга борсам, менга оқ шиппак оберасизми?– Обераман, асалим мани, обераман. – Кейин варроқ кўйлак оберинг. Оппоғидан.– Обераман. Нима қиласан, ўйин тушасанми?– Ҳа.– Бўпти. Чиройлигидан обераман. – Ая, катта бўлсам, дўхтир бўламан.– Зўр-ку. Ҳабиба опангга ўхшабми? – Ҳа.
Аям кулиб-кулиб қўйдилар. Бувим аямга: “Бўлди, энди ухла, чарчаб қолма”,
деганларидан кейин тепага қараб жим ётдилар. Анчагача ухламаганларини билдим.
Давоми бор
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 4-сон