Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ОҲАНГЛАР ОҒУШИДА ҚОЛГАН УМР

Сирожиддин РАУФ -1967 йили туғилган.

Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида таҳсил олган.

“Йиғлаётган ой”, “Кўк гумбаз”, “Сиз менга кераксиз”, “Муаллақ чексизлик”, “Нилий нақшлар” шунингдек, болаларга бағишланган “Ғалати мусобақа”, «Мен бир фуқаро…» каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

ОҲАНГЛАР ОҒУШИДА ҚОЛГАН УМР

– Эшитдингизларми, энди “Таржима назарияси”га шоир Тилак Жўра кирар экан!

– Эй, шоир ҳам дарс ўтадими?

  • Ўтганда қандоқ, фан номзоди, илмий даражаси бор…

Оғиздан-оғизга кўчган бу янгилик бир зумда талабаларгагина хос мулоҳазаларга ҳам сабаб бўлади:

– “Юқори курс”дагилардан сўраш керак. Ишқилиб, имтиҳону синовларда жуда қаттиққўл эмасмикан!..

Қорачадан келган, озғин, бироз бўйчан Тилак Жўра ўша кезлари (ўтган асрнинг саксон бешинчи йили) қирқ ёшлар атрофида эди. Илк дарсдаёқ ўртадаги бегоналик ҳиссини “қувиб юбориш” учун бўлса керак, ўзига ярашган жарангдос овозда шеър ўқий бошлади:

От чоптириб чиқдинг уйингдан,

От чоптириб қайтгин, илоҳим!

Қўлингдаги жиловинг каби

Эркинг бўлсин ўзингда доим.

Майли, мени ўйлама, болам,

Топганингни сарф қил ўзингга.

Лек бировга бўлмагин қарам,

Нам тегмасин сира тизингга.

Улғайтирдим полвоним дея,

Толиққанда дармоним дея.

Шамол каби елиб борасан,

Олисдаги осмоним дея.

Осмонингни олиб қайт, болам,

Қолиб кетма осмон васлида.

Отанг қурган бу кичик ҳужра

Осмондан ҳам кенгдир аслида.

От чоптириб чиқдинг уйингдан,

От чоптириб қайтгин, илоҳим!

Қўлингдаги жиловинг каби

Эркинг бўлсин ўзингда доим.

     Ўзбекистон ва қўшни республикаларнинг турли бурчакларидан асосан, “Шоир бўламан”, “Ёзувчи бўламан” деган орзу-ниятлар билан Тошкентга келиб, Университетнинг журналистика факультетига ўқишга кирган биз ёшларга тақдирнинг бебаҳо инояти эди бу ҳолат. Кириш имтиҳонларида, ундан аввалроқ ҳам – ҳужжат топшираётганимизда қабулдагилар, ўқитувчилар ижодий ишларимиз билан танишиб, “Бу ерда шоир ёки ёзувчи эмас, фақат журналист тайёрланади, буни яхшилаб уқиб олинглар” деб қайта-қайта таъкидлашган эди. Шунгами, ўқиш давомида умуман бадиий ижод ҳақида гаплашмасак керак деб ўйлаб, кўникиб ҳам қолгандик. Айни пайтда эса олисларда қолган ота-оналаримизнинг ичкин орзу-ниятлари  қуйма ифодасини топган “Она нияти” деб номланган шеър – бадиий ижод намунаси шахсан университет ўқитувчиси томонидан айтилиб,  қулоқларимиз остида жаранглаб турганига бир ишониб, бир ишонолмай турардик.

– Хўш, ораларингизда кимлар шеър, кимлар ҳикоя ёзади? Қани яхшилаб танишиб оламиз. Ў-ҳў, ҳали қисса, драма ёзганлар ҳам борми? Яхши, вақти билан ҳаммасини ўқиймиз, муҳокама қиламиз, албатта. Ҳозир эса шоирлар биттадан шеър айтсин, шунга нима дейсизлар?

Тилак Жўра аудиторияга синчков кўз ташлади ва сабоқдошларининг қистовига бўйин бермаётган “шоирлар”ни минбарга чорлади.

– Қани-қани, тортинманглар, минбарга марҳамат. Биттадан  энг яхши шеъримизни ўқиймиз!

Бундай самимий мулоқот аудиторияга ўз таъсирини ўтказмай қолмади.  Кимдир тортиниб, кимдир ҳайқириб шеър ўқишга киришиб кетди. Бугун ўйлаб қарасам, талабаликнинг биринчи босқичида аксарият сабоқдошларимиз шеърлар машқ қилган экан. Ҳозирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси, у вақтда талаба Исажон Султон Ўлжас Сулаймондан  таржимасини ўқиди. Шеърнинг номи янглишмасам “Қиз қувиш” эди:

    “Мени қувиб ет, йигит,

     Қучоқлагин, ўп, йигит…”

     Бир покиза, бир дилга яқин даврлар экан. Бир оила болаларидай бир-биримизнинг ютуқларимиздан қувонардик. Устозларнинг “О, ажойиб!” деган бир калима олқиши дунёнинг бор эътирофларидан баланд эди.

Нурли одам давраларга нур олиб киради дейишади. Тилак Жўра биз толиби илмлар бегонасираб турган дорилфунунни ана шундай нурлантириб берди. Журналистлар “бешиги”да шоир, ёзувчи ёки драматург ҳам вояга етиши мумкин деган қарашни ҳамиша ҳимоя қилди. Бугун бу гапларим кимларгадир ғалати, ҳатто эриш туюлса, ажаб эмас. Гап шундаки, ўтган асрнинг 80-90-йилларида “Журналистика факультетига фақат мақола, хабар, очерк, лавҳа сингари матбуот жанрларига оид материаллари чоп этилган абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш керак. Бадиий ижод билан шуғулланаётганлар филология факультетига борсин!” деган мулоҳазалар устувор эди. Кейинчалик ана шундай баҳс-мунозараларнинг бирида забардаст олим, матбуот илмининг нуктадон билимдони Очил Тоғаев сўз олиб, бу масалага узил-кесил нуқта қўйганларини ҳам яхши эслайман. “Бадиий ижод намуналарини тақдим этган ёшларнинг ҳужжатларини қайтариш катта хато, – деганди ўшанда Очил Тоғаев. – Ўспиринлик чоғида ҳаммаям шеър, ҳикоя ёзади. Лекин уларнинг барчаси ҳам шоир ёки ёзувчи бўлавермайди. Ораларидан ҳаёлот оламини эмас, борлиқ ҳаётни тадқиқ қилишга қизиқувчилар албатта кўплаб чиқади. Ана шулар кейинчалик ҳақиқий журналист, журналистиканинг чин устуни бўладилар. Шунинг учун бу масалага узоқни кўзлаб, бағрикенглик билан ёндашиш керак!”

     Булар “лирик чекиниш”лар эмас. Тилак Жўра шахсиятини ёрқинроқ тасаввур этиш учун айрим воқеликлар ҳақида батафсил тўхталиш жоиз менимча. Шундай қилиб, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, кўнгилларимиз тусаган суҳбатларга аржумандлик насиб этиб турган бир паллада мен ҳарбий хизматга чақирув қоғози олдим. Тақдир экан, собиқ совет иттифоқи қўшинлари таркибида Украина республикаси ҳудудида икки йил ҳарбий хизматда бўлдим. Ўша йиллари шўроларнинг Афғон заминида босқинчилик уруши давом этаётгани учун бизларни шарт-шароити бир бирига яқин деган мақсадда Қрим тоғларида жанговар ҳаракатларни ўрганишга ташлашди. Машғулотлар “Машқда қийин бўлса, жангда осон кечади” нақлига ҳамоҳанг эди. Замонавий қурол-яроғларни тоғ шароитида қўллаш ўқув дарслари ва жисмоний тайёргарликларнинг ниҳоятда тиғизлигидан шеър, адабиёт ҳақида ўйлашга деярли бўш вақт бўлмади. Булар камлик қилгандай двизия ҳарбийларининг ёзги мусобақаларида самарали қатнашиш учун бизнинг қисм аскарлари ўртасида саралаш ўтказилди-ю мен алоҳида спорт-бўлинмасига тушдим. Спорт бўлинмаси таомномасида аскарлар тушидаям кўрмайдиган шоколад, кун тартибида эса тушлик уйқу кўзда тутилган бўлса-да, тинимсиз югур-югурлар ҳисобига барибир аввалги умумий хизмат кўзларимизга “арзанда” бўлиб кўринарди. Бу қийинчиликлар-ку ўз йўлига, аммо бизларнинг охир-оқибат Афғонга “йўлланишимиз” ва бу хабар ота-оналаримиз учун нечоғлик афғон бўлишини ўйлаб сиқилганларимиз ҳаммасидан ўтиб тушарди. Йўқ, Оллоҳнинг инояти, биз бегуноҳ диндошларимизнинг умри-жонига зомин бўлмадик. Ўша йили совет қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш борасида қарор қабул қилинди ва ҳамма бирдай енгил нафас олди. Билмадим, балки бу қарордан норози зобитлар бўлгандир, лекин аскарлар қувончининг чеки йўқ эди.

     Гапнинг индаллоси, Николаев, Одесса, Қрим ҳарбий машқ майдонларида, денгиз флоти аскарлари билан ҳамкорликдаги қўшма ўқув амалиётларида “чиниқиб” Тошкентга қайтганимдан сўнг сокин ҳаётга кўникишим, ижодий кайфиятга  киришиб кетишим анча вақтгача қийин кечди. Ана шундай руҳсиз юрган кунларимнинг бирида Тилак Жўрага дуч келдим. Домла сокин қадамлар билан факультетимиз биноси томон борарди. Бор-йўғи бир неча соат дарсларида қатнашган бўлсам-да, кўнгилларда олам-олам таассурот уйғота олган бу етук олим, таржимон, шеъриятда ўз йўлини топган таниқли шоирга салом бериб, хиёл йўлак четига тисландим. Саломга алик олиш маъносида бошини қимирлатиб, мен томонга шунчаки кўз ташлаган Тилак Жўра дафъатан таққа тўхтади ва ҳозиргача қулоғим остида ўз жарангини йўқотмаган, ўша лаҳзада эса умуман кутилмаган жонбахш сўзлар янгради:

– Ваалайкум ассалом. Эй, шоир, эсон-омон бормисиз? Қалай, хизматлар яхши ўтдими? Сабоқдошларингиздан сўрагандим: “Нега кўринмай қолди” деб… Дуруст-дуруст, бир мажбуриятдан қутилиб олибсиз. Энди ҳеч нарсага чалғимай ўқинг, изланинг, асло бўшашманг. Хўш, ижодлар қандай кетяпти, янги шеърлар ёзилаяптими?

Жавобимнинг бир қадар мужмал ва сустлиги, шаштим ҳам анчагина пастлиги назардан  холи бўлмади шекилли устоз ортиқча гап-сўзга ўрин қолдирмайдиган бир алфозда топшириқ берди:

– Ҳозир журналистикада дарсим кам. Шунга ҳафтанинг  ҳар чоршанба кунлари факультетга келяпман, холос. Сизга икки ҳафта муҳлат, шу вақт ичида 20 та шеърни машинкада тердириб менга олиб келасиз. Кўрайликчи, бу икки йилнинг таъсири қанақа бўлибди ижодингизга. Эсдан чиқмасин, икки ҳафта муҳлат!..

     Бугун ўйлаб қарасам, йигирмата шеърни саралаб олиш учун уларни қайта-қайта ишлаб, эринмай оққа кўчиришларим менга нимадир қоралаш ва уни оммага асар деб тақдим этиш – шунчаки кўнгил иши эмас, адабиётга, сўз санъатига дахлдор ҳодиса эканини англашимга туртки бўлди. Ахир, кимсан буюк турк шоири Нозим Ҳикмат ижоди ва фаолиятини тадқиқ этиб, катта рисола ёзган, илм қилган, қолаверса, дунё адабиётининг етук билимдонларидан бири бўлмиш ижодкор-олимга хом-хатала машқларимни шундай тақдим этишим мумкинмиди?

Айтилган вақтда, анча заҳматлар билан бўлса-да, “топшириқ” бекаму кўст адо этилди. Лекин шундан кейинги ҳафтанинг чоршанбасида сабоқдошларимдан бири Тилак Жўра мени йўқлаётганини айтиб қолди. Танаффус пайти “юрак ҳовучлаб” минг бир истиҳола билан домла дарс ўтаётган  аудитория эшиги олдида ҳозир бўлиб турдим. Тилак Жўра вақт тиғизлиги боис қисқагина салом-аликдан сўнг дарров қўлимга иккита хат тутқазиб, мақсадга кўчди:

– Мана бу туркумни “Шарқ юлдузи” журналига, унисини эса “Ёшлик”ка элтиб беринг!

     Хаёлимга биринчи келган фикр: ”Шундай таниқли шоир мени  ўзига яқин олиб иш буюраяпти. Талабалигидан таҳририятлар эшигини танисин, эрта дипломни қўлга олганда иш излаб қийналмайди деб ғамхўрлик қилаяпти” деган ўй кечди. Хатлар муҳрланмаган, ҳар бирининг ичида беш-ўнтадан варақ чиройли буклаб солинган эди. Ётоқхонага келибоқ хатларни тайинли жойга қўйиб, таҳририятларга ўтишни ўзимча жума кунига режалаштирдим. Устознинг шеърларим ҳақида ҳеч нарса демаганига эса хурсанд эдим. Аслида танқид эшитишга ҳам зимдан тайёрланиб тургандим, айтадилар-ку, танқид –келажак меваси. Худо хоҳласа, пайт келиб мен ҳам қораламаларимни сира тараддудланмасдан таҳрирриятларга жўнатавераман: униси буёққа, буниси уёққа деб! Шу хаёлда Тилак Жўранинг менга берган “омонатлари”га қизиқиб қолдим: нима бўлса экан, шеърларми ё мақолами? Бир кўрсам, “Эълон қилинишидан олдин ўқиганман” деб мақтаниб юрардим…  

     Хат жилддан қоғозларни авайлаб чиқардим. Фараз қилганимдек,  беш-олтита шеър туркум қилиб жамланган экан. Устидаги қоғозга бир банд  сўз ёзиб, имзо қўйилибди. Беихтиёр ўқий бошладим:

     “Сирожиддин Рауф шеърларида нозик руҳий кечинмалар борлиқ баҳри билан ошуфта ҳолда ифода этилади. Бу ҳол ижодкорнинг дунёни ўзига хос идрок қилишидан, ўзига хос ҳис қилишидан далолат берадики, шоир учун бу салоҳият ўзлигини англашда ва   англатишда асосий омил бўлади. “Бир кун менга туҳфа этади сени, Ўжар нигоҳларим михланган эшик”, дейди шоир. Унинг шеърларида некбинлик оҳанглари, умид ва ишонч туйғулари дард ва алам  ҳислари билан уйғунлашиб кетади. Бу туйғу, бу ҳис эса борлиқ, ватан, муҳаббат ришталари билан чирмашиб, қуюқ бўёқларда бўй чўзади.

                                                                                       “Тилак ЖЎРА”  

     Кутилмаган бир ҳиммат! Шу пайтдаги ҳолатимни бугун тасвирлаб беришим жуда мушкул. Лекин Тилак ака бунга ҳиммат деб қарамаган. Кейинчалик ўзим бевосита гувоҳ бўлган қисқа, лекин ибратли ҳаёти мисолида айтсам, шоир қаламкаш дўстлари, яқинлари, ҳамкасблари, талабалар – атрофида ким бўлса, ҳаммага қўлидан келганча кўмаклашган, маслаҳатини аямаган. Нафсиламрини айтганда, у замонда ҳалол ризқ билан рўзғорини амал-тақал ўтказиб юрган ижод одамига атайлаб кимнингдир кўнглини оламан дейдиган имконият бўлмаган…

Шу ўринда талабалик давримизнинг сўнгги ойларидаги бир воқеани айтиб ўтгим келди. Сўнгги босқич битирувчиларининг жиддий муаммоси – “диплом иши” айни кун тартибига чиққан кезлар. Талабалар ётоқхонасида ўтадиган анъанавий ижодий кечалардан бирига ўзим ташаббусни қўлга олиб, Тилак Жўрани таклиф қилганман.  Ўша куни ҳамма бир овоздан эътироф этгандек, учрашув жуда зўр ўтди. Ёшлар томонидан берилган саволларга самимий жавоблар, фикр-мулоҳазалар, айниқса, матбуотда кўриниши даргумон бўлган исёнкор руҳдаги шеърларни муаллифнинг ўз оғзидан эшитиш жудаям завқли ва ўша кунлар (бир минг тўққиз юз тўқсонинчи йиллар, истиқлол арафаси) кайфиятига вобаста эди. Қиссадан ҳисса шуки, битта учрашув баҳона самимий, камтар ва дангал устоз шоир раҳбарлигида беш нафар битирувчи “диплом иши”ни ёқлайдиган бўлди-қўйди. Кейинчалик домланинг илм жараёнида бу талабгорларга кўрсатган муруввати, куйди-пишдилиги оғизларда достон бўлиб, ҳаммани ҳавасини келтирди. Мен эса мавзуни сал аввалроқ тасдиқлатиб қўйганим учун фикримдан қайтолмадим ва беш нафарнинг олтинчиси бўлолмадим.

Орадан шунча йиллар ўтиб, озми-кўпми оқ-қорани англадим-ку дегандай бир ҳолда бугун унинг шахсиятига тўхталсам, яхшилик Тилак Жўра  учун худди нафас олишдай бир ҳаётий эҳтиёж бўлган экан. Ҳа-ҳа, у худди шундай яхшилик деб яшади, асарларида эзгуликни, озод ва эркин ҳаётни  соғиниб тараннум этди.

Тасвирий санъатда “Автопортрет” деган жанр бор. Мўйқалам усталарининг аксарияти бу жанрдан жуда қойилмақом қилиб фойдаланган. Энг муҳими, ана шу ижод маҳсули ҳамма замонларда мусаввирнинг сурат ва сийрати ҳақида бафуржа маълумот бера олади. Бу эса мусаввир шахси ва фаолияти билан қизиққан мухлислар, умуман, санъат  ишқибозлари учун  айни муддаодир.  Хўш, бу ҳолатнинг мазкур кечинмаларга нима алоқаси бор дейсизми? Жуда тўғри савол. Гап шундаки, Тилак Жўра сўз санъати орқали ўз автопортретини – ҳасби ҳолини ярата олган камёб ижодкорлар сирасига киради. Шеърият ихлосмандлари шоирнинг “Сандувоч” шеърини яхши эслайдилар. “Сайраб учмоққа осмонинг йўқдир,  Яйраб қучмоққа ошёнинг йўқдир, Ташлаб кетмоққа маконинг йўқдир, Осмони оғули, макони доғули қушчам, Туркий титроғингда бунчалар ситам!” – бу истибдод даври шоирининг иқрори, оҳи-фиғони эмасми? Дарҳақиқат, шоир қамчисидан қон томиб турган сиёсат кўзларини шамғалат қилиб, ўз ҳолини, дардини, орзу-аламларини турфа образ, истиораю ташбеҳлар воситасида айтишга ҳаракат қилган. Ҳар сафар унинг “Исириқчи чол” шеърини ўқисам, кўз олдимга муаллиф қиёфаси бор бўйича намоён бўлади. Ҳали қирқ ёшниям  қораламаган Тилак Жўра ўзининг асл сийратини донишманд қария сувратида гавдалантира олган:

Яйрайди таним:

Исириқнинг бўйидан,

Эзгуликнинг ўйидан

Яйрайди таним…

Мен бир умр розиман

Белим букчайиб,

Исириқ тутатмоққа

Ер шаримиз узра!

Ер шаримиз узра!

     Шоирни ҳаёт чоғида кўрган, ҳамсуҳбат бўлганлар ҳозир шу шеърни яна бир бора қайта ўқиб, фикримга албатта қўшиладилар деб ўйлайман. Тилак Жўра некбин шоир эди. Истибдод исканжасида ҳам эркинликни кўра олди, озодликни авж пардаларда куйлади: “Қачонлардир отилмаган тош, Лахча чўғдай ерга тўкилар!” Ажаб, ўқувчи наздида ҳар бир шеър келажакдан фол очгандай таассурот уйғотади. Гўёки, Оллоҳнинг мўмин ва хокисор шоир бандаси қалам тебратаётганда фаришталар “Омин!” деб тургандай. Тилак Жўранинг устози Ғайбулла ас Саломга бағишловидаги мазкур сатрлар сўзларимизнинг айни исботига ўхшайди:

Оҳанглар оғушида қолажак менинг умрим,

Гўзаллик товушида қолажак менинг умрим.

Умримни куйга ўраб, нурга ўраб яратдим,

Шу қуёш шуъласида қолажак менинг умрим.

    Ҳа, ҳеч шубҳасиз шундай бўлажак. Оҳанглар оғушида қолган умр қуёш шуъласида ял-ял ёнажак. Шоирнинг ўзи катта ишонч билан таъкидлаб айтганидек, завол ундан жуда ҳам йироқ:

Соғиниб ўларман, соғиниб… бироқ –

Ўлим мендан жуда ҳам йироқ!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil