Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Артар асрларнинг чангин ҳар сулув

ФЕРУЗШОҲ – 1998 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети талабаси.
Ижодкорнинг “Кабиса” номли шеърий тўплами нашр этилган.

Гоголь


Дипломат… Фрак…
Eтим ўғридай
Деворлар оралаб келар бир садо.
Ўт кетган саҳфаларнинг чўғидан
Ўзини Худо деб билар бир гадой.


Зиналар… Таянчиқ…
Эркак ишваси
Ақлдан оздириб борар саводни.
Дипломат – фаришта cингари хасис,
Фрак – Яратганнинг ўзидек одми.


Ариқлар… Парилар…
Тортар домига
Қўнждаги қафаснинг тилини тишлаб.
Фалак – иркитликнинг дастурхонида
Ўзини ўлдириб ем қилган қушлар.


Қўрқувлар… Ғоялар…
Ўзидан нари
Занжирли қалбини тутар васваса.
Насронийнинг улуғ, бокир поплари
Шаҳватнинг кафтида улкан хоч ясар…


Ясалар… Нарсалар…
Нодир буюмлар
Тутунда вабодек жавоб қайтарар.
Ҳавода муаллақ ҳар бир куюнди
Жон сақлар бутларнинг сочларин тараб.

Тун кирар… Дуолар…
Фаразлар эрка
Нозик бармоқлардан тилангай ижод;
Черков қучоғида яланғоч эркак
Яланғоч эркакка қилар илтижо…


Юқори лаҳзага саёҳат


Деразам деворга урилиб синди,
тобора синди у урилавериб.
Руҳимда панагоҳ тилаб юкинди
деразамнинг синмаган ери…


Қуёш ҳам бостириб кирар, тўхтамас
беҳаё аёлнинг – ойнинг назари.
Шира томаётган лабларинг эмас,
синган деразалар мазали…


(Ҳар ким очлик учун сипқоради сув,
ҳар ким очлик учун қорин тўқлайди.
Артар асрларнинг чангин ҳар сулув,
синган деразани ким ҳам йўқлайди?)


Шамол – ўқ, нафснинг мезони – камон,
ҳар қандай тўшакни қирмоқда бузиб…
Эркаланиб ётган, эҳтимол,
синган деразанинг ҳар битта кўзи.


Қоғозлар осийдир, буюмлар – осий,
осий – хона ичра бўлган барча сир.
Энди вужудимда ҳирсини босар
синган деразанинг ҳар бир парчаси…


* * *
Тошкент. Бир ўзим
Тонгни кутиб олгани чиқдим.
Кўчалардан излайди кўзим
Боғичи йўқ бирор кучукни.


Шамол ўйнатади кўйлаги
Баданига қўнган баданни.
Фикрим қарта ўйнаган
Тикиб тўлдирилмаган камни.


Нарироқда очилиб қолган
Эшик – дўстларимнинг қучоғи.
Уйсиз ўйлар ёпишиб олган,
Булут чўнтакларимни соғар.


Қуёш. Кўзлар… Буришар бетим
Абадият жисмини зичлаб.
Кўча. Йўлни тўлдириб ўтар
Кучуги бўлмаган боғичлар…


Даллол


Тош бор
Сотилади.
Билмадим сифат ва оғирлигини.
Асосийси, отилади.
Тоғларникидир балки…
Қабрникими?..


Сотиб олсангиз бас, харидор,
Миннатдор бўламиз
батамом.
У ҳали яшайди
Қарийди…
“Тош” сўзи шунчаки атама.


Одамнинг бошини ёради,
Шайтонга отади оломон.
Кўргани
ЖАДИДЛАР боради.
Мен…
Исодек михланиб қоламан…


Хизматига лол қоласиз, ҳа!
У миннат қилмайди –
Сўзлайди.
Тошнинг тарихидан бўзлайди…
Бошингизга минади
Ва


Семурғдек
патини рангга ботириб,
Манглайга чизади буғдой, пахтани.
Қўл кераксиз.
Ўзи отилар
Юрмагайсиз душман ахтариб…


* * *
Қимматлик қилади ҳаво бир куни,
Солиқлар шундоқ ҳам бошни қотирган.
Мен эса келажак дардин тушуниб,
Кўкариб қоламан ўпкамни тергаб.


Артар асрларнинг чангин ҳар сулув
Бу аҳвол қанчага чўзилар?
Билмам
Қанча текин ҳаво қилади насиб.
Иккимизга кифоядек кўринар,
Муаззин, кўзимга олган нафасинг.


Руҳимни танингдан қувма, уринма,
Жой кўп, бошим бўлар сенинг болишинг…
Ўйлама, ҳеч кимга хунук кўринмас
Сенинг бурнинг билан нафас олишим.


* * *
Иссиғи иситма этади
Вужудимга қўнмаган ёзнинг.
Вақтим ҳам, бахтим ҳам етади,
Фақат бахтсиз кунларим оздек…


Китоблар сиғдирмас бағрига
Улканлашиб кетган жасадни.
Шеър ёзиб – на тулпор, на эгар
Бир жонга минг ўлим ясабман.


Дўппилар айланиб қўнади
Барибир бир бошга – бари бир…
Волидам қўғирчоқ ўйнади…
Мен эса…
Туғилмай қаридим…


Кутганин топмагай ғул басар,
Иқтисодим – тешилган кема.
Гар очлик илоҳий бўлмаса,
Ризқлантиргувчи илоҳ эмас…


* * *
Пулингни санасанг, йўқдир охири,
Душманни санасанг, бармоқлар кўпдир.
Гўё чўнтагингда улғайган фириб
Миянгга қўнади: “Бир бора ўптир…”


Токи йўл якуни келгунча яқин
Қилиб кетаверсанг пулинг ҳисобин.
Тунни ёритмаса лаҳзалик чақин,
Гуноҳларни ювса бир парча совун.

Қайтаётган пайтинг бегона уйга
Қулоғинг қайнатса ўзга қулоғи.
Толмай кетаверсанг – ошқозон тўйган,
Толмай кетаверсанг миянгни соғиб.


Келиб тутганинг ҳам эшик тутқичи
Руҳий хасталарни беркитган тахта.
Ухлатгани қўймас – чўнтакни қучиб,
Очлар даврасида пулдорлик бахти.


Э.М.Рeмарк


Эй қул, сиғин, қўлларимдан тут,
Сўз илдиздир – ўзар сарсари.
Муҳаббат – дил инъом этган бут,
Бутхона – ул жирканч қўлларим.


Излаганни топдим, топмадим,
Тишламадим тишланганларни.
Қўлларимни нeга чопади
Қўлларимнинг қолган тeнг ярми?


Эътиқодим – ҳужжат!
Шахс эмас,
Ғурур эмас янграган гимн.
Эскилик сарқити бўлган кас
Тиқиштирар доим янгини…


Қурол – кўксим узра бeмажол
Дод солади – тўрт камeрали.
Инсоният – ҳайвоний ҳалол,
Инсоният – илоҳий палид.


Ўзим қотил, ўзим нишонда,
Ўзим бунёд, ўзим хароба.
Яратган яратган инсонлар
Иркит қўлим билан баробар.


Кeзим кeзар, кeзар ҳeч томон,
Тинчлик – дўзах, уруш – бу жаннат!
Қўлларимга бахш этади жон
Қўлларимга сиғинмаганлар.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 3-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil