Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Мен каби ҳайратда бу кўҳна дунё

Ойгул СУЮНДИҚОВА – 1957 йилда туғилган. Москва Адабиёт институтини
тамомлаган. Шоиранинг “Уфқлар ёнганда”, “Умр куйлари”, “Эътиқод”, “Мен туғилган
юрт”, “Мулланафас”, “Зумрад томчилар”, “Кўнгил кенгликлари” номли китоблари нашр
этилган.


* * *
Бир куй ҳавосида саҳар айландим,
Самода чарх уриб хабар айланди.
Қушлар чуғурлашиб, пар-пар айланди,
Димоғимда мушку анбар айланди.


Турибман хотира қояларида –
Отам эккан толлар сояларида…

Соғинчларим ҳамон оташ, мафтункор
Онам кулгусида дунё ҳаваси.
Отам меҳри абад беминнат, бисёр,
Мен туғилган уйда севинчлар саси…


Турибман хотира қояларида
Отам эккан толлар сояларида…


Бу куй ҳаволари тоза, мулойим,
Бағримда куну тун яйраб кезади.
Йилларки, соғинчим кўзимда лим-лим,
Отам ҳам, онам ҳам буни сезади…


Турибман хотира қояларида –
Отам эккан толлар сояларида…


* * *
Мен йўлдаман, ҳамон йўлдаман,
Билмам, йўллар қачон яралди?
Балки тоғда, балки чўлдаман,
Тонг ислари майин таралди.


Кўп йўл босдим… Сокин, бепардоз
Дарахтлардай чиқармай овоз,
Ё қушлардай энг олис парвоз –
Қиш олдидан тин олай, бироз…


Болалигим – тоза йўлларим,
Юлдузлари чароғон осмон.
Шамол, ёмғир тортар қўлларим,
Кенгликларим бепоён, алвон.


Эртак тугар дея ўйлайсан,
Лек барини эслайсан бир-бир.
Уфқларга боқиб куйлайсан,
Товланади бир дунё сеҳр.


Қани, гули майда кўйлагинг,
Сочинг ўрар майдалаб онанг.
Отанг боғи бўйлаб бўйлагин,
Китоб жавонлари, дарсхонанг…


Қўлларимдан тушмас китоблар,
Ҳар сўзида қуёш меҳри бор.
Ойдин тунлар сочиб ўтар зар,
Муҳаббати бир олам дилдор…


Йўл олис, неларни сойларга
Гул каби оқиздим бағримдан.
Шамоллар ғувлади қайларда,
Донг қотиб қаҳратон бағрида.


Кўз ўнгингдан ўтар бекадар
Хотиралар бебаҳо, тиниқ.
Юрагингдан йўлларинг қадар
Сочилади юлдузлар ёниқ.


На оташин бир сўз айтмайин
Меҳр деб атадим умримни.
Бу ҳисдан бир зум ҳам қайтмайин,
Сеҳр деб атадим умримни.


Етиб келдим сенга ҳам, уйим,
Соғинчданми, кўзим ёшланди.
Ҳовлим бўйлаб янграр бахт куйи,
Йўл туганмас – энди бошланди!


Қўшработ тоғлари


Қўшработ тоғлари бурканди қорга,
Кумуш зарбоф тўнлар кийди чўққилар.
Бу ерда кенг олам ўхшамас торга,
Мен каби ҳайратда бу кўҳна дунё
Қорли кенгликларга сочилади зар.
Ярқирайди чексиз осмон шишадай,
Шамол силаб ўтса кетгудай синиб.
Бу улуғвор тоғлар ўша-ўшадай,
Тикилсанг, кўзларинг кетади тиниб.
Тоғлар қучоғида яшнаган кўклам,
Ойдин оқшомларда оташин нафас.
Кузги оҳангларда бир нафис олам
Кўнгилга солади ҳаловат, ҳавас.
Пангат сойининг тинч тўлқинларида
Онам соғинчлари оқади ҳамон.
Энаётган шафақ ёлқинларида
Чорбоғлар, қишлоқлар, йўллар нурафшон.
Тоғлар этагида паст-баланд қирлар
Ястаниб ётибди сокин, тиниқиб.
Юқорилаб борар вазмин адирлар
Қорлар қўшиғидан сархуш, ёниқиб.
Чор-атроф шу қадар жимжит, жилвагар,
Сим-сим жимирлайди муаттар ҳаво.
Айтинг, яна қайда топилса агар –
Бу – қишки тароват, бебаҳо маъво!
Кўзим узолмайман, виқорли тоғлар
Тангри ато этган мўъжиза каби.
Мағрур, яна мағрур, эй, қорли тоғлар,
Бирга туғилгандир Сиз билан қалбим!


Минг йиллик тошларда ўқийман ҳамон:
Асрлар, замонлар – олис, муаззам.
Минг ёшли чинорлар варақлар ҳар он
Тарих китобини қадам-бақадам.
Гарчанд чўнгдир, қаттиқ ер етти қават,
Булоқлар кўз очар тотли, мафтункор.
Жаранглаб кетади сеҳрли баёт,
Бетакрор лаҳзалар, боғлар фусункор.
Аллалар тебратган бу ерни мунис,
Севгидан гуллаган юрак боғлари.
Мени ҳам титратар бу азалий ҳис,
Ҳеч ким севолмайди Сиздай, тоғларим!
Қанча улуғласам, шунча тил ожиз,
Қанчалик боқмайин, тўймайди кўзим.
Кошки, шу тупроқда қолдирсам бир из,
Онамдай меҳрли товланса сўзим!..
Бу – беқиёс чирой, бемисл жило,
Бу тоғлар тимсолдир ғурурга, орга.
Мен каби ҳайратда бу кўҳна дунё,
Қўшработ тоғлари бурканди қорга…

Самарқанд соғинчи
Туркум


1
Умрим бўйи хушбўй шамоллар эсса,
Қорлар, ёмғирлар ҳам ёғса шиғирлаб.
Юрагимда ажиб бир оташ сезсам,
Йилларимга айтсам такрор шивирлаб:
Она Самарқандга қайтгим келади….


Дарахтлар қадди тик, ҳаволар енгил
Мовий осмон эрта кўклам кутади.
Бунча кенг яралган экан бу кўнгил!
Йўллар ҳамон сенга гуллар тутади, –
Она Самарқандга қайтгим келади…


2
Минорлар жилваси, кўзим қамашди,
Қадим пойтахт аро сўзим қалашди.
Минг-минг асрлардан бир онда ошдим,
Кўкдан марваридлар товланиб тошди,
Минорлар жилваси, кўзим қамашди…


Кенг шаҳар ярқирар ёмғир остида,
Кўк тубидан оққан шивир остида,
Зарафшон тўлқини ҳар сир остида,
Мозийни варақлаб кўр нур остида,
Кенг шаҳар ярқирар ёмғир остида…


3
Не-не маликалар, хонзодалару
Шаҳзодалар киндик қони тўкилмиш.
Қисмати, жонлари, ишқидан ёғду
Шу муқаддас тупроқ ҳаққи тикилмиш.
Не-не маликалар, хонзодалару…


Самарқанд! Самарқанд – султонлар шаҳри,
Самарқанд – азалий тарихим менинг.
Олмос даврлару замонлар шаҳри,
Самарқанд – туганмас таърифим менинг.
Самарқанд! Самарқанд – султонлар шаҳри…


4
Мен каби ҳайратда бу кўҳна дунё
Келаётир яқин-йироқдан Ҳазрат
Навоий кезади ҳар бир кўчада.
Самода ярақлар тубсиз сукунат
Ғазал янграётган узун кечада
Келаётир яқин-йироқдан Ҳазрат…


Регистон бағрига тўкилар юлдуз,
Ҳазрат қаламидан ғазал кечалар.
Дунё таъзимдадир кечаю кундуз
Сизга – Навоийни кўрган кўчалар!
Регистон бағрига тўкилар юлдуз…


5
Кўрдим ҳар қадамда бир зиёратгоҳ,
Бағрикенг кентимсан! – гарчанд шаҳзода
Падаркуш ётибди – Абдулатиф, оҳ!..
Уфқлар ботмоқда – қонталаш бода.
Кўрдим ҳар қадамда бир зиёратгоҳ.


Кўксимни ўртайди не алам, армон,
Жаҳон саҳни бўйлаб замонлар гардин
Минг-минг асрларким, ювар Зарафшон,
Бағрида жимирлар оташин дардим.
Кўксимни ўртайди не алам, армон…


6
Шаҳар чеккасида, кўча устида
Кичик қабристон бор беном, қаровсиз.
Дунё паст-баланди, кун-тун устидан
Гўё еру осмон бўйи сўровсиз…
Самарқанд. Самарқанд. Даҳбед кўчаси.


Абдулатиф қабри совуқ ва мунгли,
Ғариб, яна ғариб қабртошлари.
Аччиқ изтиробдан симиллаб кўнглим,
Қариб, қариб борар кўзим ёшлари…
Самарқанд. Самарқанд. Даҳбед кўчаси.


7
Қабристон ёнидан ўтар одамлар,
Ким тиловат ўқир, кимдир бепарво.
Ўтар қанча қувонч, ўтар на ғамлар,
Падаркуш ётибди, – сабоқ ол, дунё!
Қабристон ёнидан ўтар одамлар…


Шовуллаб оқади азим Самарқанд,
Минг-минг асрлару сирлар бағридан.
Нима бор дунёда бу ердан баланд!
Жилвагар коинот, замин бағрида
Шовуллаб оқади азим Самарқанд.


8
Ёмғир томчилайди тиниқ ва хушбўй,
Йўл бўйи дарахтлар пурвиқор, хушқад.
Умримни, қалбимни тарк этмас бир куй
Шу тупроқ бебаҳо, улуғвор абад.
Ёмғир томчилайди тиниқ ва хушбўй…


Самарқанд ҳавоси сингари майин
Туйғулар тўкилар дилга саҳардан.
Бу мангу соғинчдай вақт ўтган сайин
Қайта туғиламан ҳар бир саҳарда.
Самарқанд ҳавоси сингари майин…


9
Дарахтлар экдим мен дарахт бўлай деб,
Шу дарахтда ўсган бут бахт бўлай деб.
Томирим тупроққа туташиб кетса,
Бўйларим осмонга бўйлашиб етса,
Дарахтлар экдим мен дарахт бўлай деб…


Эй, кўҳна дунёнинг мумтоз навоси,
Минг битта ташбеҳлар ичра гуллайман.
Айтгин, кимнинг менга келмас ҳаваси,
Бағрингдан дунёга салом йўллайман!
Эй, кўҳна дунёнинг мумтоз навоси…


10
Энг гўзал кунларнинг бирида яна
Мен йўлга тушаман, она Самарқанд.
Меҳримдан, юрагим қўридан ёна
Йўлга йўл қўшаман, она Самарқанд.
Энг гўзал кунларнинг бирида…


Бир фарзандинг каби, шоиранг каби
Яшаб ўтсам эди ардоқларингда.
Сен билан абадул абаддир қалбим,
Тупроғим қўшилгай тупроқларингга
Бир фарзандинг каби, шоиранг каби!

«Шарқ юлдузи» юлдузи журнали 2025-йил 2-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil