Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

“ЯШАСИН, ШЕЪРИЯТ!” ёхуд бир шеър таҳлили

Тўлқин МУҲИДДИН – 1940 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тамомлаган. «Журналистика асослари»,
«Муҳаррирлик маҳорати» номли ўқув қўлланма ва дарсликлар, “Саодатнинг жасорати”
номли драмалар тўплами, “Меҳрибонларим” каби автобиографик ва йигирмага яқин
ҳикоялар тўплами чоп этилган.


Айтмоқчи бўлаётган дил сўзларим севимли нашримиз “Шарқ юлдузи”
журналининг 2022 йил 1-сонида эълон қилинган бир тақриз хусусидадир.
Ушбу мақолага Сайёр шеърлари (шоир билан “Ишонч” газетасида бирга
ишлаган йилларим эсга келди), Сирожиддин Рауфнинг “Муҳаррир минбари”
рукнида чоп этилган “Шарқ юлдузи”нинг юлдузли фаолияти” мақоласи ва бошқа
азиз инсонларнинг бир-биридан гўзал ижод намуналари оралаб етиб бордим.
“Бир шеър таҳлили” рукнида ёритилган ва Бальзакнинг “Ғоя далилдан устун”
ҳикматидан иқтибос олинган ушбу мақола юқоридагилардан қолишмасди. Номи
ҳам тезгина диққатингизни тортади: “Ҳангома зимнида панднома ёхуд от ва эшак
қиссаси”.
Муаллифни танийман. Кўришиб қолсак саломлашиб, сўрашиб юрамиз. Хуллас,
бир-биримизга жиндай оқибатимиз бор. У Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори, ажойиб китобларга
муаллифлик қилган яхши ижодкор ва яхши шахматчи Сувон Мелидир.
Ўзи дилбар, адолатли бўлган одамгина адолатли ҳукм чиқаришга қодир,
ҳақиқатни ёза олади. Сувон Мели Абдулла Орифнинг битта шеърига шунчалик
қайноқ қалб билан ёндашганлиги бу гапимнинг исботи. Тақризни ўқирканман,
менда шеъриятга ҳам, унинг ижодкорларига ҳам катта меҳр уйғонди. Ахир,
муаллиф ўз қарашларини шундай усталик, синчилик билан ёзганки, уни ўқиган
одам шу сониядаёқ адабиётга ошиқ бўлмай қолмайди.
Бир даврада ижодкор бошқа ижодкор ҳақида қандай ёзиши керак, деб берилган
саволга, “Сувон Мелидек ёзиш керак” деб жавоб берган эдим. Эсласам, ҳозир ҳам
кулиб қўяман. Ўшанда бу гап тилимга тасодифан келган эса-да, хато айтилмаган.
Сувон Мели бу борада ҳақиқатан катта маҳорат эгаси. У ушбу мақоласида ҳам
менга ўхшаган шеърият сирларига унча тушунмайдиган, ўқишни-да айтарли
қотирмайдиган бир одамга шеърни қандай тушуниш кераклигини яққол кўрсатиб
берибди. Қанийди шунақа дилбар шеърларни Сувон Мелидай дилбар олимларимиз
тез-тез шарҳлаб турсалар. Бу менга ўхшаган шеърият борасида чала савод
(кечирингу, учта олий маълумот эгаси бўлсам ҳам) одамга ёнғоқни чақиб, мағзини
олиб беришдай гап-да.
Тан оламан, сўз бойлигим кам. Русча ҳукмрон, ўзбекча ёрдамчи бўлиб ўтган
ҳаётим натижасида чала саводлик туғилган даврдан энди ўтяпман, лекин
тўлалигича ўтолганим йўқ. Афсус! Хуллас, шарҳга қайтай. Уни икки-уч марта ўқиб
маза қилдим, роҳатландим, ўзим учун кўп янгиликлар топдим.
“Ҳангома” ҳақида фан докторининг ўзлари ёзганларидек, “Абдулла Орипов
бундан роса эллик йил олдин ёзган ушбу шеърнинг ботиний маъноси, рамзини
тушунган тушунади, оддий китобхон эса кулгили бир воқеа тарзида қабул қилади”.
Тўғри, масалан, мен уни оддий ҳангома деб юраверган эканман.
Бугун, ёшим минг ойга яқинлашиб қолган бир пайтда, камчиликларимни кўриб,
тан оларканман, ёшларимиз менга ўхшаб қолмасликларини истайман. Йўқ, бугунги
ёшлар шеърият сеҳрини тушунишади, уларни ёд олиб, хотираларини мустаҳкам
қилиб боришади, деб умид қиламан ҳам.
Ҳа-я, тақриз борасида. Бундай тақризларга оддий кишиларнинг шеърият сеҳрини
тушуниши учун фойдали дарс сифатида қаралиши ва улар дарслик адабиётларига
киритилишини истардим. Ахир, ўзим англаб етдим-ку, Абдуллажоннинг “Ҳанго
ма”си оддий шеър эмас, долзарб давр “об-ҳавосини” адабиётга санъаткорона
муҳрлаган ноёб яратиқ экан. Яъни, шеър муаллифи бежиз “буюк” деган
эътирофларга лойиқ кўрилмаган экан…
Абдулла Ориповни эллик йилдан бери билардим. Ўта қалин бўлмасак-да, бегона
эмас эдик. Уйида ҳам кўп бўлганман. Кўпчилик тушуниб-тушунмай, лекин маза
қилиб ўқиб юрадиган ижод намуналари – “Мустақиллик қўшиғи”, “Мен нечун
севаман Ўзбекистонни”, “Биринчи муҳаббатим” сингари шеърларини мен ҳам
севиб ўқиганман. Аммо бошқа шеърларини ўқимаган тақдиримда ҳам, Сувон Мели
шарҳлаб берган биргина шу ”Ҳангома” шеърини тушуниш орқали унинг ҳақиқатда
улуғ шоирлигига амин бўлдим.
Сувон Мелидан ошириб мақтай олмаганим учун, қуйида унинг Абдулла Орипов
ҳақдаги сўзларини айнан келтирмоқчиман: “Қувноқ ҳангома шунчалик моҳирлик
билан баён этилган, ҳар бир детал, чизги нақ ўрнига қўйилганки, шеърий воқеа
ўзининг турар маконини гўё тарк этиб, бошқа ўлчамлар томон интилаётгани,
ўзининг янги қиёфасини намоён эта бошлагани яққол сезилади”.
Албатта, сиз аввалига шеърни, кейин олимимизнинг тақризини ўқинг. Ишонинг,
вақтингиз бекор кетмаганига, маънавий озуқа олганингизга амин бўласиз. Ҳам
шоирга, ҳам тақризчи олимга меҳрингиз ортади. Эҳтимол, ўзингиз сезмаган ҳолда
“Яшасин, шеърият!” деб бақириб ҳам юборарсиз.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 2-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil