
Салим АШУР – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. 1964
йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факультетида таҳсил олган. «Атиргул», «Сиз эртага келасиз», «Аталган кунлар», «Дарз»,
«Муҳаббат китоби», «Титроқ» каби китоблари нашр этилган.
* * *
Кетаяпман, яхши қол, жаҳон,
Рангларинг ҳеч кўчмасин, айвон.
Мени олиб ўтган зиналар,
Сўнгги марта яна синалар.
Юрагимнинг парчаси у тош,
Илитолмас минг йиллик қуёш.
Деразамнинг ошиғигача,
Шабаданинг қўшиғигача,
Чумолилар каби юлдузлар,
Орасида адашган кузлар,
Қиш, баҳордан токи ёзгача,
Капалакдан кийик, ғозгача,
Хайр, ортда қолмоқда бари,
Йўлга тушдим мен Худо сари.
Бирга йўлга чиққан дўстлар
Адиб Собир Ўнар хотирасига
Бирга йўлга чиққан дўстлар, қайдасиз,
Қаёққача бориб, қайдан қайтасиз?
Ватан тақдири ҳал бўлар пайтда сиз,
Виждон буюрганин ёниб айтасиз.
Баъзан сайёддасиз, баъзан сайддасиз,
Бугун йўлга чиққан дўстлар, қайдасиз,
Қайга бориб, яна қайдан қайтасиз?
Олдда бораётган Собир Ўнарми,
Ўз устухонини ўзи йўнарми,
Асл маслакдошлар аввал жўнарми,
Миллат деб ўлимга шартта кўнарми,
Ҳар кеча юлдуздек кўкда унарми,
Қабрини кўрганда қуёш сўнарми,
Олдда кетаётган Собир Ўнарми?
Курашларга кетиб борар одамлар,
Йўлларда эргашар оғир қадамлар,
Оталар, оналар, азиз оламлар,
Орзулар, мақсадлар ҳаммани жамлар,
Сиёҳи қуримас ёзиб қаламлар,
Ўртаб чин тарихни гуллатган дамлар
Курашларга кетиб борар одамлар.
Кўргани борарлар Собир Ўнарни,
У ёзиб бўлмади сўнгги асарни,
Кимларга қолдирди ҳаёт – гуҳарни,
Орзулар, армонлар тўлдирар жарни,
Енгиб бу дунёда хавфни, хатарни,
Умрга кўчириб шомни, саҳарни,
Кўргани борамиз Собир Ўнарни.
Шамолни куйдириб дилдирар шамлар,
Шамларнинг тагига томар шабнамлар…
Икир-фикрлар
Толе деган улуғвор тоғни
Майдалади икир-чикирлар.
Эслайсанми ул ёруғ чоғни,
Кипригингдан томди фикрлар…
Ва фикрингда сўзлар тиқирлар…
Ва кўзларга сўзлар тиқилар…
Она
Кулиб гапиради бир гап сўрасам,
Ўзи чой қўяди, дастурхон ёзар.
Унинг бир кунига агар ярасам,
Исириқ тутатар, отамдан сўзлар.
Барглар орасида, кўздан панада
Мен учун қишгача асрайди узум.
Ахир, нима қилай, она – она-да,
Уни ташлаб кетган ноқобил ўзим.
Ўзим ўсган уйга бориб меҳмондай,
Меҳмондай қайтаман уч-тўрт кун ўтиб.
Кимни кутаркин ой – ёпилган нондай…
Онам кун санайди фарзандин кутиб…
Хулоса
Орзулар ошмади амалга,
саврга, жавзога, ҳамалга
тушдилар фасллар қамалга –
орзулар ошмади амалга.
орзулар ошмади амалга,
юз тутиб энг оғир заволга,
соврилиб энг совуқ шамолда,
тўздилар жанубда, шимолда –
орзулар ошмади амалга.
Орзусиз яшаган оз эмас,
уларнинг овози соз эмас,
тоғларнинг қомати ғоз эмас,
орзусиз аёзинг ёз эмас,
орзулар ошмади амалга.
Ҳаётнинг энг оддий удуми
ва унинг энг қаттиқ тутуми,
қисматнинг энг аччиқ ютуми –
орзулар ошмади амалга.
Фожиа дейдилар, ёлғон бу,
орзусиз яшамак – осон бу,
бошимда орзусиз осмон бу –
орзулар ошмади амалга.
Кўп ношуд умрдан кет, тақдир,
берган ҳам, олган ҳам ул ҳақдир,
мени кўп чорлаган юлдузни
умрнинг сўнггида бир балқтир –
орзулар ошмади амалга.
Жоним чиқадур
Жоним чиқадур…
Алишер Навоий
Жоним чиқадур сени кўрай деб,
Жонимни жонинга ўрай деб,
Лабларингдан бир сўз сўрай деб,
Чиқса чиқсин шу жон йўлингга,
Фақат олиб кўргил қўлингга.
Сенга муштоқ бўлган шу жонни,
Сенга боққан ҳар тўрт томонни,
Сомеъ турган Еру Осмонни,
Қиё боқиб бахтиёр этгил,
Сўнг ўзинг ҳам бахтингга етгил.
Беркитдим мен жонни қафасга,
Кўрмасин деб сени ҳавасга,
Лекин келди сўнгги нафасга.
Чиқса чиқсин шу жон… йўлингдан,
Фақат олиб… қўйма қўлингдан.
Жоним чиқадур сени кўрай деб…
Сўнгги хат
“Қанча умрим қолди, билмадим…”
Деб ёзганди сўнгги хатида.
Мен бу гапга парво қилмадим,
Билмадим не бор қисматида.
Қисматида не бор, билмасдан,
Ҳар кун янги ҳаёт бошлади.
Кўп қоқилиб ё қоқилмасдан
Қай соҳилда лангар ташлади.
Олисларда қолган туйғулар
Вужудимни этмадилар тарк.
Тарк этмади содиқ қайғулар,
Илк муҳаббат – емирилмас арк.
Аҳду паймон бўлмаган бизда,
Бўлмаганди ваъда ва вафо.
Умр кечган паст-баланд изда
Бирга кезди жабр ва жафо.
Бу дунёда унинг борлиги
Юрагимга билинди ҳар кун.
Ўз-ўзича бахтиёрлиги
Толе эди асли мен учун.
Қўли теккан шох турар синмай,
Қўлларимни мен бериб қайтдим.
Кўнглимдаги гапни тортинмай
Уни кўрган гулларга айтдим.
Ошириб ё тоширолмайман,
Сувга оққан кўзёшларимни.
Бугун эса яширолмайман,
Нима қилай сўзёшларимни?
Бор экан-да шўр қисматида,
Негаям мен парво қилмадим.
Ёзган эди сўнгги хатида:
“Қанча умрим қолди, билмадим…”
Биринчи дарс
Автобус бекатга келди кечикиб,
Сен кечикар эдинг биринчи дарсга.
Мен четда кутардим, четда… ичикиб,
Чўнтагимда пул бор – олинган қарзга.
Шунда яхши бўлди, биз сиғмай қолдик,
Автобус шарт ёпди эшикларини.
Менимча, сезардинг, гарчи йўқолдик,
Кўнглимнинг тирқишу тешикларини.
Гарчи йўқолгандик издиҳом аро,
Тонгдан ниятларнинг бўларди акси.
Э, Салим, толеинг бунчалар қаро,
Тўхтамасди бизга сариқ ранг такси.
Дединг, борарканмиз дорилфунунга:
“Сиз мени кимларга, хўш, ўхшатдингиз?
Бу тўғри келади қайси қонунга,
Шу эски мошинни, бўш, тўхтатдингиз?..”
Билмайман, қонунда борми шундай дўқ,
Биламан, қўйнимни куйдиради қарз.
Биринчи дарсингиз… ҳеч хабарим йўқ,
Менинг ҳаётимда шу биринчи дарс.
Учинчи қаватнинг деразаси
Учинчи қаватнинг деразасига
Қуёш салом берар, салом берар ой.
Учинчи қаватнинг деразасидан
Ер-кўкка ёйилар бокира чирой.
Учинчи қаватнинг деразасига
Шохлари – қўлларин чўзганча чинор,
Куз, қишни ўтказар, маъюс танида
Менинг кўзларимнинг хоналари бор.
Учинчи қаватнинг деразасига
Гоҳ мусича қўнар, гоҳ қўнар каптар.
Қушларнинг беғараз “ку-ку”ларини
Энг оқ варағига кўчирар дафтар.
Учинчи қаватнинг деразасига
Ипакдек нақшланиб ўсади хаёл.
Хаёлнинг зимистон кўчаларидан
Ҳар лаҳза югуриб ўтади шамол.
Учинчи қаватнинг деразасига
Бунча ўралашар хира шабада.
Шабадага хушбўй бағрини очиб,
Гоҳ ўнгга, гоҳ чапга сурилар парда.
Учинчи қаватнинг деразасида
Тунда капалакдек қанот қоқар нур.
Учинчи қаватнинг деразасига
Бир юлдуз қўнади – кўзимдаги дур.
Учинчи қаватнинг деразасида
Қароғимдек эриб ёнаётир шам.
Учинчи қаватнинг деразасида
Шу шамдек чарсиллаб ёнсайдим мен ҳам…
Учинчи қаватнинг деразасини
Назарлардан тўсиб сузади булут.
Учинчи қаватнинг деразасига
Мушукдек суйкалиб, мўралар сукут.
Учинчи қаватнинг деразасига
Қалбим яраларин чўзади гилос.
Учинчи қаватнинг деразасида
Кечалар, кундузлар қилади пардоз.
Учинчи қаватнинг деразасини
Ҳаётин бағишлаб қўриқлайди гул.
Учинчи қаватнинг деразасига
Қўнса гар маст бўлиб йиқилар булбул.
Учинчи қаватнинг деразасига
Туроқ сочиб ўтар сарбаст ёмғирлар.
Учинчи қаватнинг деразасини
Тушида кўради мен ўсган қирлар.
Учинчи қаватнинг деразасига
Фалакдан хушхабар келтиради қор.
Тентирар фонарлар сояларида
Қат-қат совуқларга ўранган изҳор…
Баҳор, баҳоржоним, қалбимни олиб,
Учинчи қаватдан боққил ичкари.
Сен кўрган нарсалар – мағлуб ва ғолиб,
Менга азиз эрур барчаси, бари.
Учинчи қаватнинг деразасида
Қордек оқ чойшабга чўзилади ёз.
Атласлар, адраслар, ипаклар… Ёзсам
Юракдек ловуллаб ёнади қоғоз.
Учинчи қаватнинг деразасига
Гуллар, гулдасталар, севгилар тутдим.
Гавжум бекатларда, сийрак йўлакда
Қадам товушларин соғиниб кутдим.
Учинчи қаватда олов сўз айтдим!!!
(Занжирларин узди қадим занжилар!)
Эшикларнинг жағи зумда қулфланди,
Зиналар қоғоздек ғижимландилар.
Қисматдан нарини излаб кетдим сўнг,
Ичдим ҳажр майин энг тозасидан.
Кўриниб туради Унга ўнг ва сўл,
Учинчи қаватнинг даразасидан.
Учинчи қаватнинг деразасида
Юрак қолиб кетди. Юрак урар бонг.
Учинчи қаватнинг деразасидан
Оламга ёйила бошлар оппоқ тонг.
* * *
Ҳаво тез ўзгарди.
Қадаҳ бўшади.
Айвоннинг четида юлдуз ўчади,
Ярим ой кўнглимга ярим кўчади,
Кеча қадаминга қорлар тўшади, –
Энди бор.
Энди бор.
Энди бор.
Худо – ёр.
Х
удо – ёр.
Х
удо – ёр.
Тайёра ўтади кўк қирғоғидан,
Балки қувилгандир ўз аймоғидан,
Нурлар томчилайди нурчироғидан,
Шаҳарлар ўтади сўлу соғидан,
Сен ҳам бор.
С ен ҳам бор.
С ен ҳам бор.
Худо – ёр.
Худо – ёр.
Худо – ёр.
***
Кўзларимдан қувиб уйқуни,
кўзларимга қуйдим ёғдуни.
Юрагимдан юлиб қайғуни,
шудгорларга сочдим туйғуни.
Юрагимнинг ярми гул бўлди,
ярми эса куйиб кул бўлди.
* * *
Қушлар чирқиллайди – кўкси чок:
Боғ оралаб ўтиб борасан.
Зард япроқлар бўлади ҳалок,
Севги деган улкан ярасан.
Кафтларингнинг ҳароратига
Таниш кўриндими ўриндиқ?
Қойил боғнинг жасоратига:
Ўриндиққа таниш кўриндик.
Қизил ёнган тўп-тўп атиргул –
Шу ерларда ўқилган шеърлар…
Қарамасдан ўтмоқлик мушкул,
Қараб турса ҳар қарич ерлар.
Юрагимни кўрган майсалар,
Юрагимни жазиллатади.
Юрагимга агар айтсалар,
Юрагимни изиллатади.
Бизни жуда яхши танийди,
Оғир, босиқ, вазмин манзара.
Таний олмай қолса қанийди,
Севги деган энг улкан яра!
Қиш чўзилди
Қиш чўзилди. Яна бир ой бор.
Қор йўқ. Совуқ… Совуқ мудрайди.
Одамларга бепарво анҳор
тирик балиқларни дудлайди.
Ишқ чўзилди. Борми давоми
ё қорлардек сийрак тортдими?
Яқин келиб тириклик шоми,
ҳаёт ҳарорати ортдими?
Малолланиб кечмоқда бу гал
кўчаларда шамоллаган қиш.
Об-ҳавода минг битта амал…
садоқатга топилмайди иш.
Нега фалак чаппа айланди,
қадим ўқдан чиқиб кетди из.
Қуёш – ранги ўчган қандил,
домига тортмоқда дунё – денгиз.
Одам билан қиш ўртасида
қанча-қанча масофа, ҳудуд.
Кўнгил билан ишқ эртасида
булут каби қоп-қора сукут.
Қиш чўзилди.
Кимду у
Қайроқтошдек қизмиду,
Юлдузлардан измиду
Ё қиздек юлдузмиду,
Ё ойдан илдизмиду –
Кимду у?
Тунлардан қуюлганму,
Тонглардан уюлганму,
Чархларда туюлганму,
Олтиндек суюлганму,
Юзидан томди ёғду –
Кимду у?
Йўлдан урди қараши,
Ҳисларини тараши,
Шундай кунда яраши
Меҳрму,
Меҳрибонму –
Кимду у?
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 2-сон