
Турсун АЛИ – 1952 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги
ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Зангори дарвоза”,
“Юракдаги сўзлар”, “Ёруғ кунлар”, “Изтироб остонаси”, “Тун товуши”, “Ёлғизим”,
“Уйғоқ сукунат”, “Ой япроғи”, “Қор шуъласи”, “Қуш пати” каби кўплаб китоблари чоп
этилган.
Азиза МУРАТОВА – 1990 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
филология факультетини тамомлаган. Республика матбуотида мақолалари чоп
этилган.
Боғ ранг-баранг гуллари билан ифор сочгандек, адабиётимиз боғи ҳам турфа
истеъдодлари ила муаттар бўй таратаётир. Айниқса, шеъриятга ўз овози, ростгўй
сўзи, рангин шакллари билан кириб келаётган ёш ижодкорлар тобора “Митти
юлдуз” каби нур сочмоқда.
Зомин семинари қатнашчиси, истеъдодли шоира, фалсафа фанлари номзоди
олима Ситорабону Ҳошим қизининг “Иқрорман” номли шеърий китоби Ўзбекистон
Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашр этилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Хосият
Бобомуродованинг: “Мен Ситорабону Ҳошим қизини таниганимга, топганимга
йигирма йилдан ошди. Олис Ургутнинг чекка бир қишлоғида кўзларида чўғ бор
бу қизча мени ўзига тортганди. Мана, йиллар ўтиб унинг кўзларидаги чўғ ижод
оловига айланди”, деб ёзган сўзлари билан китоб очилади.
Ватан – бу ҳар бир ижодкор учун илҳом булоғи. Зотан, туғилган юрт тупроғи,
боғу майсалари, шарқираб оқаётган сувлари, тоғу тошлари, кўм-кўк кенгликлари,
қушлар чуғур-чуғури, булбул наволари ёш юракни сайратиши табиий. Хусусан,
Ситорабону ҳам: “Менга азиз ҳар гиёҳ даланг, Ва азиз ҳар кўзмунчоқ боланг”, дея
“Ўзбекистон” номли шеърида Ватанни ва заҳматкаш халқни улуғлайди.
Ҳа, озод Ватани, ҳар қарич тупроғи, меҳнаткаш халқини куйлаш ҳар бир
ижодкорнинг бурчи, меҳр-муҳаббати.
Ватан ҳамда Она гўё эгизак. Шундан она-Ватан дея иккисини қўшиб айтамиз.
Ситора ижодида она образига кўп бор дуч келамиз. Унинг “Онамга” туркуми
фикримиз далили. Ситорабону онага муражаат қиларкан, она дарди ва заҳматини
юрагида туюб, ўз изтиробини рўй-рост очишга интилади:
Анча бўлди кўнглинг йўқламай қўйдим,
Гоҳ китоб, гоҳи шеър бўлар баҳона.
Сендан бошқасини сен каби суйдим,
Аммо у сендайин севмади, она.
Шеър гарчи оддий туюлса-да, изтироб, ўкинч, алам мужассам. Шуниси билан
ўқувчи қалбига руҳ бахш этади:
Кун ва ой ёлғиздир, сен ва мен ёлғиз,
Шон излаб қайларга бўлдим равона?
Гар кўзга кўринса афсус, бу менман,
Гар кўзга кўринса меҳр – сен, она!
дея онани баландпарвоз ҳайқириқда эмас, балки
ўтаётган турмуш орқали улуғлаши табиийлиги
билан гўзал туюлади ўқувчига.
Шоиранинг яна бир она ҳақидаги шеърига
эътибор қаратамиз.
Онам, менинг онам – энг нозик хилқат,
Шабнамдай титраган кўнгли бор унинг.
Нафис юрагида ўлчаб бўлмас дард,
Сочларида йиллар мунги бор унинг.
Ҳақиқатдан онанинг кўнгли шабнамга қиёсланиши чиройли топилма. У
боласининг иссиқ-совуғида, гарчи боласи олисда бўлса-да, безовта соғинч,
хавотирда қалби титраши рост.
Ситорабону шеърларида она қалби, оналик туйғуси шу қадар ёниқ, боласига
меҳр-муҳаббати сув юзидаги ойдек балқиб туради. “Болаларимга” шеърининг
айрим сатрларига нигоҳ ташласак:
Исломбегим,
Зулфияжон,
совқотмангиз,
қучоғим бор –
Сизга паноҳ.
Бир тукингиз оғриши
Менга гуноҳ.
Совқотмангиз, қучиб ётай,
Юзларингиз нафасим-ла
Илитарман.
Юзлари кўп одамлардан қайга қочай?
Сизнинг дўмбоқ юзларингиз менга дармон.
Ҳаётнинг аччиқ-чучуклари, оғриқлари, баъзи бир одамларнинг юзсизлиги,
турфа ниқобларда бир-бирини алдаб, қаллоблик йўлида яшаётганликлари аччиқ
ўкинч-ла очиб берилган шеърда. Шундай юзсизлар туфайли, кимларнингдир ҳаёти
қиш совуғида кечса-да, бироқ шоира қишдан сўнг баҳор келишини образлар орқали
очади. Шеър қаҳрамони ҳаётга бўлган ишончи, саъй-ҳаракатлари билан ҳар қандай
қийинчиликларни енгиб яшашга тайёр.
Ситорабону “Регистон…” деб бошланадиган шеърида тасвир ва ҳолат орқали
Регистонни ўқувчи кўз ўнгида гавдалантиради:
Регистон…
Рангин шакллар
Кийикни қувлаётган шер,
Тикилган нигоҳга не ҳикоят дер,
Ялангтўш кўксининг тасвирими бу?
Ёзила-ёзила тугалланмас шеър!
Регистон…
Олтинлар сочилар бошдан,
Тиллакорими бу тилла конми бу?
Гумбазми
ё фалак, каҳкашонми бу?
Мутолаа жараёнида ўқувчи кўз ўнгида қадимий Регистон ранг-рўйи, салобати,
узоқ тарихи билан тобора жилоланиб боради.
Шеърни давом эттирарканмиз:
Регистон…
Уч бурчли туморсан,
юртим бўйнида
Ҳар кеч зулмат аро таратиб зиё.
Ер юзи ашула айтар қўйнингда,
Ўзингсан дунёлар ичра дунё.
дея Регистон юрт бўйнидаги туморга қиёслангани нақадар ажиб ўхшатиш эканига
гувоҳ бўламиз. Бу ҳолатнинг дунёлар ичра ўзи бир дунёлиги шеър якунида асосли
якунланади…
Шоиранинг “Зоминда ёзилган шеър” ва “Манзара” номли шеърлари Зомин
манзараларидан илҳомланиб қоғозга тўкилган. Манзара шоир юрагига кириб, унга
руҳ бахш этиб, туйғулари ажиб сатрларга айланади:
Сукунат
соғинчни уйғотиб,
Чап кўксимга
қурадир базм.
Чиндан ҳам жимлик инсон руҳиятига таъсир кўрсатиб, кимларнидир,
нималарнидир эслатади, чексиз хаёлларга толдиради.
Эркаланиб
осмон қўйнида
Янги ой
булутни ўроқлар.
Ушбу парчада янги ой келинчак образига айланган. У эркаланиб, йўлдаги
тўсиқ – булутни йўқ этади. Бир парча манзара орқали ҳаётни туяди ўқувчи:
Борлиқни уйғотар
сукунат
Ва
Ургутга келади кетгим…
дея шеър якунланаркан, лирик қаҳрамон беихтиёр ўзи туғилган Ургут тоғлари
қучоғини қумсаб, талпиниб қолади. Тасвирнинг жонлилиги сўз ранглари орқали
ўқувчи руҳиятига таъсир кўрсатади.
Ситорабону шеърда шакл рангинлигига интилади. Унинг ижодида бармоқ, аруз,
эркин, ҳатто уч қаторли шеърлар мужассам. Бу қувонарли ҳол, албатта. “Сирли
тонглар” бўлимида бир нечта ғазаллар жам бўлган. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ
шоири Эркин Воҳидов ғазалларини, Мир Алишер Навоий ижодига таққослаб,
илмий ишини ёқлаб, фалсафа фанлари доктори бўлди у. Бу албатта, ғазал жанрида
ижод қилишга катта мактаб бўлган, китобдаги ғазалларда ўз таъсири самарасини
берган:
Бағрим тилим-тилимдир, зўр душманим тилимдир,
Ғам сўнгги йўқ билимдир ҳам бежавоб саволим!
Шу икки бандда, айтмоқчи бўлган фикрлари халқона, мумтоз руҳда баён
этилаётир. Шоира ишқда муддом ёнишликка, бир лаҳза бўлса ҳам тиниб қолмаслик
ёки ёнишдан ўчмасликка ишора қила туриб, “зўр душманим тилимдир” деб
ҳикматона лутф қилади.
Шоира ғазалларидаги мана бундай ўтли сатрлар ўқувчи руҳини алғов-далғов
этиб бағрини ўртайди:
Азал кўнглимга жойлабдир таваллуддин бу ишқингни,
Ўшал кундин дилим чўғдир, ўшандин кўз кўлобимдир.
Бошқа бир ғазалда:
Бу ғамистон ичра кўнглим бир сени истар, нетай,
Сен дея бўғзимда тиғ, бошимда дор, ўлдим-ку, кел…
каби ёниқ, ўтли мисралар орқали ўқувчига руҳ ва жон бахш этади. Ғазалларнинг
аксарияти Аллоҳга муҳаббат, юкуниш ва илтижо.
Шоира шеърларида аёл изтироби, ўтинч-армонлари шу қадар ёниқки, ўқувчи
беихтиёр маъюс тортади. “Сен доғсан” деб бошланадиган, эркин вазндаги ушбу
сатрлар фикримизга асосдир:
Ҳаммадан яширган дилдаги доғим,
Бир бор қучоғига кирмаган боғим,
Қадамим етмаган, эй, юксак тоғим,
Мени соғин,
Мени соғин,
Мени соғин…
Яна шу руҳдаги “Иқрорман” деб номланган шеърда ҳам аёлнинг ёлғизликда
ҳоли забун, бағри ҳувуллаб қолиши: “Муҳаббат – бир қўшиқ, умрлик, сўнгсиз,
сизга боқиб тинчланади кўзим” каби сатрларда ўз акси-қиёфасини топади.
Шеърнинг давомида: Мен – чап қовурғангиз ҳув субҳи аласт – Чоғида йўқотиб
қўйган қисмингиз, – дея иқрор бўлиши шеърга алоҳида қудрат бағишлайди.
Аёл эркакнинг чап қовурғасидан яралган деган ҳикматдан ниҳоятда ўринли
фойдаланилганини кўрамиз.
Бизга яна ёққан шеърлардан бири “Автобус ва Бекат ҳақидаги баллада”. Шеър
образга қурилган. Зеро, шеърият образлар билан гўзал. Шоира “Ранжимай ҳам
қўяман бир кун”, деб бошланадиган шеърида уни ҳеч қачон севмаган, севгилисига
юрагини рўй-рост очиши, изтироблари, кўзёшлари, чап кўксини симиллаб оғриши
бир кун ниҳоя топишини изҳор этади. “Фақатгина… Изн бер… Унгача севишга,
қўмсаш ва ранжишга”, дея Худодан тўзим сўраш билан шеър якун топади.
Ситорабонунинг “Орзу ҳақидаги шеър” номли битигида икки севишганнинг
висол онларига чорлаши гўзал ифодаланган:
Куйлаб чарчамасак, толмасак ёзиб,
Бир умр шеър битсанг фақат мен дея.
Лабингдан чиқмаса ўзга бир исм,
Кўзларинг ўзгага боқмаса қиё…
Шеър икки севишганнинг дийдорлашиш орзуси, эрк ва аёл рашки, бадиий етук
сатрларда меъёрига етган.
Шоиранинг ижодда рангин шаклларга интилиши, изланишларига эътиборни
қаратсак:
Бу дунёга ўлгани келдим,
Энди эса кетаяпман жим
Яшагани.
Ушбу учликдаги фавқулотда фикр, теранлик, шоирона туйғу нақадар гўзал,
жозибали. Беихтиёр ҳайратландик.
Қани китобда шундай учлик ва жажжи шеърлар кўп бўлса деган истак кечди
кўнглимиздан.
Афсус… Унинг “Ёлғизликнинг сурати” номли бўлимдаги тўрт, беш мисрали
шеърлар оддий гаплардан иборат:
Ҳижрон бир изғирин
Келмасдан жунжитар танимни.
Дил қурғир тинмайди
Кўрай деб санамни.
Кўриниб турибди “келмасдан” сўзи ортиқча. Кейинги икки мисра юқорига
боғланмаган. Яна бир шеърга эътибор қаратсак:
Қушга айлансайдим,
Фақат сенинг қўлларингдан
Терар эдим дон.
Деразангдан мўлтираб
Бахтли ҳаётингга бермай деб ҳалал
Сендан кетиб қайтарман ҳар тонг…
Ушбу оддий сўзлардан иборат мисраларда оҳанг йўқ. Фақат, орзунинг ўзи шеър
бўлмайди ахир. Фалсафий фикр, теранлик, шоирона кашфиётлар бўлмагач ўқувчи
ҳайратланмайди.
Китобда ишланиши керак бўлган ошиқча сўз ва сатрлар талайгина. Шу маънода,
тўпламни бадиий жиҳатдан пухта тайёрлашда масъул муҳаррирнинг ўрни катта.
Муҳаррирлар ишга лоқайд қарамай, шеърлар яхши сараланганда, тўплам анча
беками кўст яралган бўлар эди. Қолаверса, шоирнинг ўзи ҳам шеър саралашда
зукко, ўзига талабчан бўлиши шарт.
Истеъдодли шоира Ситорабону Ҳошим қизининг кейинги китоблари беками
кўст нашр этилишига ишонамиз.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 2-сон